Толиби илм безаги
Бу материал ... таржима қилинган
Категориялар
Full Description
Толиби илм безаги
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд
Таржимон: Муқим Маҳмуд
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
МУҚАДДИМА
Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аммо баъд:
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу муборак «Безак» белгиларини ёзиш вақтим ҳижрий сананинг 1408 йили — мусулмонларнинг илмий уйғониш даврига тўғри келяпти. Бу уйғониш тараққиёт ва етуклик сари илдамлар экан, тобора ўзининг майдонини кенгайтириб, Ислом уммати ёшлари қалбида жонлилигини, яшовчанлигини кучайтириб бормоқда. Зеро, ўзларини илм қучоғига отиб, унинг бўйларидан баҳраманд бўлиш илинжида кетма-кет келаётган ёшлар гуруҳининг адоғи кўринмаяпти. Уларда рўй бераётган ҳайратланарли даражадаги илмга чанқоқлик, атрофлича билимдонлик, ўқиб тўймаслик, илм сирлари уммонига шўнғиш муваффақият гарови ўлароқ, мусулмонларга қувонч бахш этмоқда. Қалбларни Ўлдирувчи ҳам, Тирилтирувчи ҳам Ўзи бўлган Аллоҳга тасбеҳ айтаман!
Лекин бу навниҳолни суғориб, парваришлаб турмоқ лозим. Токи, у илму амал сўқмоқларида билиб-билмай тойиб кетмасин ҳамда фикру ақидадаги, маслагу йўналишдаги беқарорликлар, тоифачилигу гуруҳбозликлар домига тушиб қолмасин.
Шундай одамлар борки, толиблар орасига писиб кирадилар-да, уларни ҳалокат сари судрайдилар, ишларини барбод қилиб, илм излаш йўлларини парокандаликка дучор қиладилар. Олдинроқ ана шундай нусхаларнинг кирдикорларини очиб ташлайдиган «Таолум»[1] номли бир рисола ёзиб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилгандим.
Бугун эса камина биродарингиз сизнинг безагингизни кўрсатиб берувчи яна бир рисола битиб, қўлингизга тутқазмоқчи бўлиб турибди. Мана, учланган қаламим қоғоз узра кеза бошлади. Сизга атаб ёзаётган бу битигимни ўқинг, биродар! Токи Аллоҳ сиз ила дилларни яшнатиб, кўзларни қувонтирсин.
Мусулмон одамнинг бошқалардан ажралиб турадиган белгиси унинг гўзал хулқу одоби, энг тўғри йўлни танлай олиши ва ҳар қандай вазиятда ўзини муносиб тута билиши ҳақида ҳамда покиза шариат тожидаги энг қимматбаҳо гавҳар бўлмиш илмга унинг одоблари ила безана олган ва офатларидан тийила билган кишигина эриша олиши борасида шаръий ҳужжатлар бисёрдир. Шунга кўра, олимлар бу ишга эътибор қаратиб, умумий тарзда ҳам, хусусий тарзда ҳам бир қанча китоблар ёзганлар. Қуръон ҳофизи одоблари, муҳаддис одоблари, муфтий одоблари, қози одоблари ва муҳтасиб одоблари каби китоблар хусусий тарзда битилган асарлар жумласидандир. Камина битаётган бу рисола эса шаръий таълим йўлини тутган толибга аталган бўлиб, умумий одоблар ҳақида баҳс юритади.
Ўтмишдаги уламолар илмий давраларда олиб борилган дарслар мобайнида ўқувчиларга илм олиш одобларини ҳам алоҳида бир дарслик қилиб ўргатиб борардилар. Шундай давраларнинг охиргисига қатнашиш каминага Пайғамбар алайҳиссаломнинг масжидларида муяссар бўлганди. Ўшанда бир мударрис ўқувчиларига 593 ҳижрийда вафот этган раҳматли Зарнужийнинг «Таълимул-мутааллими тарииқат-тааллуми», яъни, «Ўқувчига ўрганиш йўлини ўргатиш» номли китобидан дарс берарди.
Энг тўғри йўлга элтувчи мана шу пухта услуб масжидлардаги дарсларда ҳам, давлат таълим тизимида ҳам асосий фанлар қаторида ўқитилиши йўлга қўйилса, қанийди. Ёзаётган китобим шу фаннинг ўқитилиши қайта тикланишига бир яхши туртки бўлар, деган умиддаман. Зеро, бу фан ўқувчи қалбини поклайди, ахлоқини гўзаллаштиради, илм излаш ва илм тарқатишда салафлар юрган равон йўлга бошлайди, ўзи, устози, дўстлари, китоби ва дарси билан бўладиган муносабатини, борингки, ҳаётининг ҳар бир босқичини изга солади.
Мана сизга одоблар мажмуасидан тузилган «Безак». Одоблар мажмуасининг муқобили офатлар мажмуасидир. Одоб қўлдан бой берилгани сари офатга йўл очилаверади. Ўқувчи қанчалик бепарво бўлса, шунчалик одобни ютқазиб, офатга йўлиқаверади. Одоблар юксалгандан юксалиб, суннатгача ва ҳатто фарзгача юқорилагани каби, офатлар ҳам тобора тубанлашиб, макруҳгача ва ҳатто ҳаромгача пастлайди.
Одоблар турличадир. Жумладан, умуминсоний одоблар ва толиби илмларга хос одоблар, шаръий одоблар ва табиий одоблар. Ҳатто табиий одоблар ҳам шариатга асосланади. Зеро, чиройли одоблару гўзал хулқларга чорлаш шариатнинг умумий қоидаларидандир. Мен бу мавзуни тўла ёритиб бердим, дея олмайман. Китобни ёзишда мисоллар келтириш услубини танлаб, ўқувчини шу фан тақозо қилувчи вазифаларга ундашни кўзладим. Бу қисқа ва лўнда битиклар ўқувчининг таъбига тўғри келса, уни шарҳлайди, кенгайтиради. Уни ўқиган одам ўзи ҳам баҳра олади, ўзгаларга ҳам улашади. Ўз навбатида шуни ҳам таъкидлаб ўтишим лозимки, китобдаги мисоллар илмларига Аллоҳ таоло барака бериб, умматнинг пешволарига айланган зотларнинг одобларидан олинди. Аллоҳ барчамизни жаннати наимда ўша зотлар билан бирга қилсин! Омин!
БИРИНЧИ БЎЛИМ
ТОЛИБНИНГ ШАХСИГА ОИД ОДОБЛАР
1. Илм ибодатдир
Илмнинг ибодатлигини англамоқ «Безак»нинг ва умуман ҳар бир ишнинг асосий негизидир. Олимлар: «Илм ички намоздир, қалб ибодатидир», деб бежиз айтишмаган. Ибодатнинг биринчи шарти эса ниятни холис Аллоҳ таоло учун қилмоқдир. «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга... буюрилган эдилар». (Баййина сураси, 5 - оятдан Алоуддин Мансур таржимаси)
Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб ривоят қилган машҳур ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Амаллар ниятга қараб ўлчанади», дейдилар.
Агар илм ният холислигидан ажралиб қолса, энг афзал тоатдан энг мудҳиш маъсиятга айланади. Риёкорлик, обрўпарастлик ва шуҳратпарастлик каби иллатлар илмни вайрон қилади. Бас, модомики, толиби илм бўлишга азм айлаб, шу йўлга қадам босган экансиз, аввало, ниятингизни шуҳрат қозониш, тенгдошлардан устун бўлиш каби офатлардан халос этинг! Илмни мол-дунё, обрў-эътибор, шон-шуҳрат, олқишлару қарсаклар каби арзимас нарсаларга қурбон қилиб юборманг! Бундай иллатлар, мағзавалар илмни булғаб, баракасини ўчириб юборишини ҳар он ёдингингизда тутинг! Ниятингингизнинг холис Аллоҳ таоло учун бўлишини ҳимоя қилиш йўлида ҳормай-толмай курашинг!
Уламоларнинг бу борада айтган гаплари ва тутган мавқелари бўлиб, уларнинг айримларига «Таолум» китобининг биринчи бўлимида тўхталиб ўтгандим. Шунга олимларнинг «ноғора қоқиш»дан ҳам қайтарганларини қўшиб ўтмоқчиман. «Олим қоқилдими, тамом, ноғора ҳам қоқилади», деган гап бор. Яъни, олим одам бирон жойда хато қилиб, қоқилиб кетгудек бўлса, чаласаводлар ўзларича унинг хатосини топган киши бўлиб, машҳур бўлиш ғаразида шу хатони ҳамма жойда гапириб, ноғора қоқадилар.
Суфён (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) айтади: «Менга Қуръонни тушуниш неъмати берилганди. Ҳамённи (совға-саломни) олганимдан кейин бу неъмат қайтариб олинди».
Азиз ўқувчим, Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, бу иллатлардан сақлагувчи мустаҳкам дастани маҳкам ушланг! Бор эътиборингизни ихлосга қаратиб, уни ушлаб қолиш учун тинмай курашинг! Унинг кушандаларидан ўта эҳтиёт бўлинг! Аллоҳ таолодан ялиниб, илтижо қилиб сўрашни канда қилманг!
Суфён ибн Саид Саврий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин): «Ниятимни ўнглашдан кўра оғирроқ ишни бошдан кечирмадим», деган эканлар.
Умар ибн Зар оталаридан, отажон, нима учун сиз ваъз қилганингизда одамлар йиғлайдилару, бошқалар ваъз қилганларида йиғламайдилар, деб сўраганларида оталари, ўғлим, боласидан айрилиб қолган онанинг йиғиси билан йиғичи[2]нинг йиғиси баробар эмас, деб жавоб берган эканлар.
Аллоҳ сизни рушду ҳидоятга муваффақ айласин, омин!
Ибодатнинг иккинчи шарти эса дунёю охират саодатига элтувчи хислат бўлмиш Аллоҳ таолога ва Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббатдир. Бу муҳаббат ҳар қадам ва ҳар нафасда у зотнинг изидан бормоқлик ила намоён бўлур.
Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади…» («Оли Имрон» сураси, 31-оят)
Хуллас, «Безак»нинг асли мана шу, яъни, ихлос ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг изларидан бориш. Шариатни бир шоҳона либосга ўхшатадиган бўлсак, бу икки иш ундаги тождир.
Азиз ўқувчилар! Мана сизлар илм излаш аталмиш бебаҳо дур ишқида дарсга ўтирар экансизлар, аввало, сизларга ҳам, ўзимга ҳам ботиндаю зоҳирда Аллоҳ таолодан тақво қилишни тавсия этаман. Зеро, охиратга дастурхон, фазилатларга ошён, мақтовларга макон, динга қувват ва имкон, юксакликка элтувчи нарвон, фитналардан асровчи қалқон ТАҚВОдир. Бас, бепарво бўлманглар!
2. САЛАФИ СОЛИҲИНЛАРНИНГ КEНГ ВА РАВОН ЙЎЛЛАРИ[3]ДАН БОРИНГ!
Салафи солиҳинларнинг — саҳобаларнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) ҳамда диннинг ҳар бир жабҳасида — тавҳидда ҳам, ибодатда ҳам ва бошқа амалларда ҳам уларнинг изидан юрганларнинг кенг ва равон йўлларидан боринг! Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига оғишмай амал қилиш, у зотнинг суннатларини ўзингизга вазифа қилиб олиш, талашиб-тортишишлардан узоқ юриш, калом илми[4]га берилиб кетмаслик, гуноҳга олиб борадиган ва шариатдан чалғитадиган ишлардан тийилиш каби сифатлар ила бошқалардан ажралиб туринг!
Имом Заҳабий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) шундай дейдилар: «Дорақутнийдан: «Мен учун калом илмидан кўра ёқимсизроқ нарса йўқ», деган сўз собитдир. Ҳа, у киши ҳеч қачон калом илмига аралашмасдилар, талашиб-тортишишлардан узоқ юрардилар, чин маънода салаф уламолари каби эдилар».
Ана ўшалар Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига қараб юрадиган аҳли сунна валжамоадир. Улар ҳақида шайхул-ислом Ибн Таймия шундай дейди: «Аҳли сунна асл мусулмонлардир, одамлар учун юборилган сара инсонлардир». «Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр». (6-153, Алоуддин Мансур таржимаси)
3. АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ҚЎРҚУВ АЖРАЛМАС
ҲАМРОҲИНГИЗ БЎЛСИН!
Зоҳирда ҳам, ботинда ҳам Аллоҳ таолодан қўрқув ила безанинг! Ислом кўрсатмаларига сўзсиз бўйсунинг! Суннатга амал қилиш ва унга чорлаш ила унинг яшовчанлигини таъминлашга ўз ҳиссангизни қўшинг! Ўз илмингиз, амалингиз ва хулқингиз ила одамларни Аллоҳ сари етакланг! Мардлик, олийжаноблик, гўзал исломий юриш-туриш сизни асло тарк этмасин!
Бу нарсаларга эришиш Аллоҳдан қўрқиш орқали бўлади. Шунинг учун Имом Аҳмад (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин), илмнинг асоси Аллоҳ таолодан қўрқишдир, деганлар. Шундай экан, ошкора ҳам, хуфёна ҳам Аллоҳдан қўрқув этагини маҳкам ушланг! Зеро, энг яхши одам Аллоҳдан қўрққан одамдир. Аллоҳдан эса фақат олим қўрқади. Демак, энг яхши одам олимдир. Шуни ҳам унутмангки, олим то илмига амал қилмагунича олим ҳисобланмайди. Илмига амал қилиши учун эса Аллоҳдан қўрқув унинг доимий ҳамроҳи бўлмоғи лозим.
Хатиб Бағдодий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) тўққиз ота иштирок этган ажойиб бир санадли ривоят қиладиларки, Абулфараж Абдулваҳҳоб ибн Абдулазиз ибн Ҳорис ибн Асад ибн Лайс ибн Сулаймон ибн Асвад ибн Суфён ибн Зайд ибн Укайна ибн Абдуллоҳ Тамимий ёддан айтиб берган хабарда бир сулоладаги шу тўққиз фарзанднинг ҳар бири ўз отасидан эшитгани ва охирги отанинг Али ибн Абутолибнинг шундай деганларини эшитгани келтирилади: «Илм амални чорлайди, келса келди, келмаса, қайтиб кетади».
Шунга ўхшаш гап Суфён Саврий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин)дан ҳам ривоят қилинган.
4. ПАРВАРДИГОРИНГИЗ СИЗНИ КУЗАТИБ ТУРГАНИНИ ҲАР ЛАҲЗА ҲИС ЭТИБ ТУРИНГ!
Одамлар орасида ҳам, кимсасиз жойда ҳам Аллоҳ таоло сизни кузатиб турганини мудом ҳис этиш безаги ҳуснингизга ҳусн қўшсин! Парвардигорингиз сари хавфу ражо (У Зотнинг азобидан қўрқиш ва раҳматидан умидвор бўлиш) қанотлари ила парвоз айланг! Жисму жонингиз ила Аллоҳга юзланинг! Қалбингиз У Зотнинг муҳаббати ила тўлиб-тошсин! Тилингиз У Зотнинг номини айтишдан толмасин! У Зотнинг ҳукмларию ҳикматларидан мамнун, шод-хуррам бўлиш туйғуси доимий ҳамроҳингиз бўлсин!
5. КИБРУ ҲАВОНИ УЛОҚТИРИБ, ҚАНОТИНГИЗНИ ПАСТ ТУТИНГ, КАМТАР БЎЛИНГ!
Иффат, ҳалимлик, сабр, ҳаққа эгилиш, оғир-босиқлик, камтарлик каби ички безакларга бурканинг! Илм аталмиш иззат ва шараф йўлида таълим олиш заҳматини, хору зорлигини кўтаринг! Ҳаққа эгилишда бардавом бўлинг!
Бунинг учун мазкур хислатларнинг кушандаларидан сақланинг! Зеро, улар фақат гуноҳгина бўлиб қолмай, ақлингизда бир нуқсон борлигини, илмдан ҳам, амалдан ҳам маҳрумлигингизни тасдиқловчи гувоҳ ҳамдирлар. Каттазангликдан эҳтиёт бўлинг! Каттазанглик мунофиқлик ва кибрдир. Салафлар бу иллатлардан ҳимояланиш йўлида энг охирги кучларини ҳам сарфлаганлар.
Масалан, имом Заҳабий ўз санади билан Абдулмалик ибн Марвон халифалиги даврида вафот этган Амр ибн Асвад Ансийнинг таржимаи ҳолларида мана бу ажойиб, нозик ҳолатни ҳикоя қиладилар: «Ансий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) масжиддан чиқаётганларида ўнг қўллари билан чап қўлларини ушлаб олардилар. У кишидан, нега бундай қиласиз, деб сўрашганида, қўлларим мунофиқлик қилиб қўйишидан қўрқиб, деб жавоб берган эканлар. Ҳа, у киши қўлларини ёйиб юришдан ва бу билан кибр қилиб қўйишдан хавфсираб шундай қилардилар».
Бу Ансийгагина хос бир кўринишдир. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин. (Яъни, қўлини ёйиб юрган ҳар бир киши мутакаббир ҳисобланавермайди. Ҳикоя салафларнинг мазкур иллатлардан сақланишга нечоғли аҳамият берганларига мисол тариқасида келтирилди. Изоҳ таржимондан)
ЗЎРАВОНЛАР ДАРДИ — КИБРДАН ТИЙИЛИНГ!
Кибр, очкўзлик ва ҳасад Аллоҳ таолога қилинган илк исёндир. Ўзингизни устоздан устун қўйишингиз кибрдир. Ўзингиздан қуйи мартабадаги кишининг таълимидан орланишингиз кибрдир. Илмга амал қилмаслигингиз эса кибр чоҳидир, маҳрумлик қароргоҳидир.
Ёмғир сингмас экилмаган чигитга,
Илм юқмас эгилмаган йигитга.
Азиз ўқувчим, Аллоҳ сизга раҳм айласин, ерда яшанг, осмонга ўрламанг! Илмни маҳв этадиган, нурини ўчирадиган, ҳайбатини кетказадиган кибру ҳаво, манманлик, шуҳратпарастлик ва обрўпарастлик каби иллатларга интилаётган нафсингизни тийинг, қўл-оёғига кишан солинг, бурнини ерга ишқанг! Илм бобида юқорилаганингиз сари бу ишингиз ҳам кучайиб бораверсин! Шу ишнинг уддасидан чиқа олсангиз, буюк саодатга, ҳамма ҳавас қиладиган мақомга ноил бўласиз.
Олти китобда (олти машҳур ҳадис китобларида) ривоят қилиб, муҳаддислар томонидан ҳужжат, деган номга сазовор бўлган имом Бакр ибн Абдуллоҳ Музанийнинг ўғиллари Абдуллоҳ (Аллоҳ ҳар иккисини раҳмат қилсин) айтадиларки, бир одамнинг отам ҳақида шундай ҳикоя қилганларини эшитгандим: «У киши Арафотда турганларида кўнгиллари юмшаб, агар уларнинг орасида мен бўлмаганимда ҳаммасининг гуноҳи мағфират қилинган бўлармиди, дегандилар». Бу воқеани ривоят қилган Заҳабий, ҳа, бандага ўзини мана шундай айблаш ва камситиш ярашади, деганлар.
6. ҚАНОАТ ВА ЗОҲИДЛИК
Қаноат ва зоҳидлик ила безанинг! Хўш, зоҳидлик ўзи нима? Зоҳидлик бу ҳаромдан юз ўгириш, унинг остонасига ҳам қадам босмаслик, шубҳали ишлардан, шубҳали нарсалардан, тамагирликдан ва бировлар мулкига кўз олайтиришдан тийилишдир. Нақл қилинишича, имом Шофеий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) шундай деган эканлар:
«Кимдир ўзининг мол-мулкини энг ақлли одамга берилсин, деб васият қилса, бу мол-мулк зоҳидларга берилади».
Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин), зоҳидлик ҳақида бир китоб ёзмайсизми, дейилганида савдо ҳақида бир китоб ёздим-ку, деган эканлар. Яъни, савдода, шунингдек, бошқа муомалалар ва касб-корларда шубҳалар ва макруҳлардан тийила билиш зоҳидликдир.
Шунга кўра, ўзингиз ва қарамоғингиздагиларни зориқтирмайдиган, бировларга хор-зор қилиб қўймайдиган мўътадил ҳаёт тарзини танланг!
1393 ҳижрийнинг 12 зулҳижжасида вафот этган устозимиз Муҳаммад Амин Шинқитий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) ўта камтарона ҳаёт кечирардилар. Ҳатто пул бирликларини бир-биридан ажратолмасдилар. У зотнинг мана бу гапларини ўз оғизларидан эшитганман: «Мен Шинқит диёрларидан келганман. Менда камдан-кам одамда учрайдиган бир хазина бор. У қаноатдир. Мансабни истаганимда эди, унинг йўлларини жуда яхши билардим. Лекин мен дунёни охиратдан устун қўймайман, илмни дунёвий мақсадлар йўлида қурбон қилмайман». Аллоҳ таоло у кишини ғариқи раҳмат айласин. Омин!
7. ИЛМ ТАРОВАТИ ИЛА БЕЗАНИНГ!
Тўғрилик, ахлоқийлик, оғир-босиқлик, хокисорлик, тавозелик, сурату сийратни обод этишда шариатдан оғишмаслик каби хислатлардан иборат бўлган илм таровати ила безанинг! Уни кўз қорачиғидек асранг! Токи у кушандаларига ем бўлмасин!
Ибн Сирин (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин), олдингилар илмни қандай ўргансалар, юриш-туришни ҳам худди шундай ўрганардилар, деган эдилар.
Ражо ибн Ҳайва (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) бир кишига: «Бизга сўзланг, лекин ўликнамолару дилозорлар ҳақида бўлмасин», деган эканлар.
Юқоридаги икки хабарни «Жомеъ»да ривоят қилган Хатиб шундай дейди: Ҳадис талабидаги одам эзмалик, тутуруқсизлик, бемаънилик, ўринли-ўринсиз ҳазиллар ила қаҳқаҳа отиб кулавериш, аскияга берилиб кетиш, масхарабозлик каби майнавозчиликлардан тийилмоғи лозим. Гоҳ-гоҳида одоб ҳудудидан чиқмасдан, илм йўлидан оғмасдан, енгилгина, нуктадонлик билан қилинган ҳазил маъқул-манзур ҳазилдир. Дилга озор берадиган, ёмон оқибатларга олиб борадиган, одобсизларча, безбетлик билан тинимсиз қилинаверадиган ҳазил эса мазмум-манфур ҳазилдир. Меъёрдан ошган кулгу ва ҳазил одамнинг қадрини тушириб, обрўсини кетказади.
Ким нимани кўп қилса, ўша билан танилади, деган гап бор. Шундай экан, издиҳомлардаги суҳбатларда бундай тойилишлардан ўзингизни эҳтиёт қилинг! Тилига ортиқча эрк беришни кўнгли очиқлик, деб атайдиганлар нодонлардир.
Ривоят қилинишича, Аҳнаф ибн Қайс, ўтиришларимизда аёллар ва таомни тилга олаверманглар, мен қорнини ва олдини мақтайверадиган кишини ёмон кўраман, деган эканлар.
Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) илҳом билан гапирардилар. Қозилик ҳақида ёзган бир мактубларида, ўзида йўқ фазилатни бор қилиб кўрсатган одамни Аллоҳ шарманда қилади, дегандилар. Бу гапнинг шарҳи борасида Ибн Қаййим (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин)га мурожаат қилинг.
8. ОЛИМ БЎЛИШДАН ОЛДИН ОДАМ БЎЛИНГ!
Одамгарчилик ва унга ундовчи гўзал хулқ, очиқ юзлилик, cерсаломлик, бағрикенглик, кибр аралашмаган мағрурлик, зулм аралашмаган ғолиблик, тарафкашлик аралашмаган жасорат ва жоҳилият аралашмаган ҳамият ила безанинг. Табиатингизда бўладими, cўзингиз ёки амалингизда бўладими, одамгарчилигингизни бузадиган ишлардан йироқ юринг! Тирикчилик, деган баҳона ила ўзингизни хорлик чоҳига улоқтирманг! Мутакаббирлик, риёкорлик, манманлик, ўзгаларни менсимаслик, шубҳали ишларга шўнғиш каби тубан хислатларга яқин йўламанг!
9. МАРД БЎЛИНГ!
Шижоат, олийжаноблик, ҳақ ишдаги кескинлик, эзгулик йўлидаги фидокорлик каби мардлик хислатлари ила шундай безанингки, сизга етиш орзусида мардларнинг жони ҳалак бўлсин! Журъатсизлик, сабрсизлик, бадхулқлик ва қўрқоқлик каби мардлик кушандаларига бўй берманг! Акс ҳолда илм биллури чил-чил синиб, ҳақ гапни айтишга тил айланмай қолади ва шу билан душман сизни ўз измига солиб, бунинг касофати ўзингизгагина эмас, бошқа солиҳ бандаларга ҳам уради.
10. ДАБДАБАГА БEРИЛМАНГ!
Тўкинлик ва фаровонликка учманг! Зеро, «соддалик, бежиримлик иймондандир». Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) васиятларига амал қилинг. У киши ўзининг ўша машҳур мактубларида жумладан шундай дегандилар: «Фаровонликдан қочинг ва бегоналар кепатасига кириб кетманг! Маъад (қабиласи каби қишлоқироқ), қўполроқ, дағалроқ бўлинг!…»
Бунинг учун сохта маданиятдан эҳтиёт бўлинг! Сохта маданият сизни хотинчалишга айлантиради. Мушакларингизни майинлаштириб, фикру хаёлингизни орзу-ҳавас занжирлари ила кишанлайди. Қарабсизки, сиз кийинишдаги дидлилик билан овора бўлиб, қотиб турган пайтингизда қунтли шерикларингиз аллақачон мақсадларига эришиб бўлган бўладилар. Дабдабанинг айрим турлари ҳаром ёки макруҳ бўлмаса-да, толиби илм учун яхши андоза эмаслиги шубҳасиздир. Унутмангки, ўзга оро беришнинг ҳар бир тури, масалан, кийинишнинг ўзи сизнинг кимлигингизни, қайси тоифага мансублигингизни кўрсатиб туради.
Кийиниш тарзингизга эътиборли бўлинг! Зеро, қайси гуруҳга мансублигингиз, қандай шаклланганингиз ва қандай дид соҳиби эканингиз шу билан ойдинлашади. «Сиртқи безак ички тезак», деган гап бор. Одамлар сизга кийимингизга қараб баҳо берадилар. Унутмангки, кийиниш тарзингиз сизнинг сермулоҳаза ёки енгилтаклигингиздан, ҳақиқий билимдон ёки сохта билимдонлигингиздан, катталардек ёки гўдаксифат иш қилишингиздан дарак бериб туради.
Бас, шундай экан, сизни айбли эмас, фазилатли қилиб кўрсатадиган, одамларни гапириб, масхара қилиб юрадиган бетайинларга баҳона бўлмайдиган тарзда кийининг! Кийимингиз ва кийиниш тарзингиз шаръий билимингизга муносиб бўлса, эл орасида ҳурмат қозонишингиз ва одамларга маърифат улашишингиз учун янада кенгроқ йўл очилади. Бунга яхши ният ҳам қўшилса, кийиниш ҳам ибодатга айланади. Зеро, бу ҳам халқни ҳаққа етаклaшнинг бир тарзидир.
Нақл қилинишича, мўминлар амири Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин), қори[5] одамнинг оппоқ кийимда бўлишини ёқтираман, деганлар. Токи, аввало, қорининг ўзи, ортидан эса ундаги ҳақиқат одамлар учун виқорли бўлиб кўринсин.
Одамлар шайхулислом Ибн Таймия (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) айтганларидек, қушлар тўдасига ўхшаб, табиатан бир-бирларига ўхшашга интиладилар.
Болаларча кийинишдан ўта эҳтиёт бўлинг! Европача кийинишнинг ҳукми эса сизга сир эмас. Бу билан беўхшов кийининг, демоқчи эмасман. Кийиниш тарзингиздан шариатнинг, гўзал ахлоқнинг, ўзингизни муносиб тута билишингизнинг бўйи келиб турсин!
Бу гапимга далиллар суннат китобларида ва рақоиқ[6]ларда, хусусан, Хатибнинг «Ал-жомеъ»ида бисёрдир. Бас, бу насиҳатимни инкор қила кўрманг! Зеро, аҳли илмлар одоб-ахлоққа, кийиниш тарзига оид китобларда ва рақоиқларда унга алоҳида эътибор қаратганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.
11. ШУБҲАЛИ ЖОЙЛАРГА ЯҚИНЛАШМАНГ!
Гуноҳ иш қилинаётган, одоб пардалари йиртилаётган йиғинларга ўзингизни билмаганга олиб қатнаша кўрманг! Акс ҳолда илм ва илм аҳлига қарши оғир жиноят содир этган ҳисобланурсиз.
12. ШОВҚИНДАН, ОЛОМОНДАН ЎЗИНГИЗНИ ОЛИБ ҚОЧИНГ!
Шовқинлардан, фитналардан узоқ юринг! Ғавғо бор жойда хато бор. Бундай жойларни танлаш толиблик одобига тўғри келмайди.
Шу ўринда «Муъжамул-маожим» китобида нақл қилинган «Ал-васит фий удабои Шинқит» асарининг муаллифи келтирган бир қисса ёдимга тушди:
Икки қабила ўртасида низо чиқиб, уларни яраштириш учун учинчи қабила орага тушди. Ҳаммалари шаръий ҳукмга рози бўлиб, бир олим кишини ҳакам қилиб сайладилар. У бир қабиладан ўлдирилган тўрт киши учун нариги қабиладан ҳам тўрт киши ўлдирилсин, деб ҳукм қилди. Шунда шайх Боб ибн Аҳмад шундай деди:
— Бундай ҳолатда қасос олинмайди. (Хун тўланади, холос)
— Биронта ҳам китобда бундай гап йўқ.
— Аксинча, бу гап айтилмаган биронта ҳам китоб йўқ.
Шунда қози шайхнинг олдига, бу ҳам китоб, дегандек луғат китобини қўйди. Шайх эса бамайлихотир китобни олиб, биринчи кўзлари тушган жойини ўқидилар. Унда шундай дейилган эди: «Ҳайша: ғалва, фитна, қуртнинг бир тури. Тўполонда қасос йўқ, яъни, қотилни аниқлаш мумкин бўлмаган фитна ҳолатида (қасос олинмайди)».
Одамлар мана шундай таранг ҳолатда бу қадар топқирлик билан айтилган жавобга лол қолдилар.
13. ҲАЛИМЛИК ИЛА БEЗАНИНГ!
Мулойим гапиринг! Қўпол сўзлардан фойдаланманг! Ҳалимлик ҳуркак, ўжар одамларни ҳам ўзига жалб қилади. Қуръон ва суннатда бунга далиллар кўп.
14. ЎЙЛАБ ГАПИРИНГ, ЎЙЛАБ ИШ ҚИЛИНГ!
Ҳар бир ишни ўйлаб қилинг! Ҳар бир гапни ўйлаб гапиринг! Ўйлаб иш қилган одам муродига етади. «Олдин ўйла, кейин сўйла», деб бежиз айтилмаган. Оғзингиздан чиқаётган гапни ва унинг қандай натижаларга олиб келиши мумкинлигини ўйланг! Фикрингизни ифодалашда қайсарлик ёки билағонлик, олифталик қилишдан эҳтиёт бўлинг! Музокара чоғида мақсадга муносиб услубни танланг! Берилган саволни кўзланган маънода тушунинг! Ундан ўзгача маъно ахтарманг!
15. БАРҚАРОР БЎЛИНГ, ИШОНЧ ВА АНИҚЛИК БИЛАН ИШ ҚИЛИНГ!
Айниқса, вазифаларни бажаришда пухталик ва мусибатлар чоғида сабот ила безанинг! Таҳсил олишда қунт ила ҳаракат қилинг! Устозлардан ўрганиш имкониятларидан тўла фойдаланинг! Бу ишда қосирлик қила кўрманг! Унутмангки, «Дарахт бир жойда кўкаради».
ИККИНЧИ БЎЛИМ
ТАҲСИЛ ОЛИШ ТАРЗИ
16. ТАҲСИЛ ОЛИШ ТАРЗИ ВА УНИНГ БОСҚИЧЛАРИ
«Ким аслни пухта этмас, муродига сира етмас», «Илм истасанг ёппасига, кетар ишинг чаппасига», «Ёппасига олинган илм ёппасига кетар», «Қулоқ остонасида турли фанларнинг тирбанд туриши фаҳмни тойдирар (нотўғри фаҳмлашга олиб келур)», деган гаплар бор.
Бас, шундай экан, қайси бир фанни ўрганмоқчи бўлсангиз, аслидан ва асосидан бошланг! Бир моҳир устознинг қўлида унинг мухтасарини (ихчамлаштирилган тарзини) таҳсил олинг! Ўзим мустақил ўргана оламан, деган хом хаёлдан йироқ бўлинг! Илм чўққисига даражама-даража, зинама-зина кўтарилиб боринг!
Аллоҳ таоло айтади: «Қуръонни одамларга бардош билан (аста) ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик». (17-106, Алоуддин Мансур таржимаси)
Яна айтади:
«Куфрда бўлган кимсалар: «(Нега бу Қуръон унга пайғамбарга) яхлит бир тўплам ҳолида нозил қилинмади?» — дедилар. (Эй, Муҳаммад) Биз у (Қуръон) билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан ўқиб бердик». (25-32, Алоуддин Мансур таржимаси)
Яна айтади:
«Биз китоб (Таврот, Инжил ёки Қуръон) берган кишилар (мўминлар) уни тўғри (бузмай) тиловат қиладилар». (2-121, Алоуддин Мансур таржимаси)
Қайси бир фанни ўрганмоқчи бўлишингиздан қатъий назар, қуйидаги қоидаларга риоя қилинг:
1. Фаннинг мухтасарини (ихчамлаштирилган тарзини) ёдлаш;
2. Уни моҳир устоздан таҳсил олиш;
3. Аслини тўла ўзлаштириб бўлмасдан олдин тафсилотларига киришмаслик;
4. Бир мухтасардан иккинчисига кўчиб юрмаслик. Чунки бу иш таҳсилдан безишга олиб боради;
5. Таҳсил асносида учраб қоладиган муҳим қоидаларни ён дафтарга қайд этиб бориш;
6. Таҳсил олишда қунт билан, ўта диққат билан, берилиб, ёниб ҳаракат қилиш, юқорига интилиш. Токи, кейинги босқич — тафсилотлар сари ишончли қадамлар ташлансин.
Моликий мазҳабидаги Ибн Арабийнинг фикрига кўра, ўқувчи таҳсил олишда икки фанни аралаштириб юбормаслиги ҳамда дастлаб араб тили, шеър ва ҳисобни ўрганиб, кейин қуръонни ўрганишга киришмоғи лозим.
Ибн Халдун бу фикрга эътироз билдирар экан, одатда бундай эмаслигини, болага аввало Қуръони каримни ўргатиш ва ёдлатиш лозимлигини уқтиради. Чунки ота-она қарамоғидаги боланинг бўйсуниши осон бўлиб, балоғатга етганидан кейин уни мажбурлаш оғирлашади.
Бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ фанни ўқитиш масаласига келсак, бу иш ўқувчининг қунти ва тушунишига қараб ўзгаради.
Ҳанбалий мазҳабидаги фиқҳни ўргатадиган аҳли илмлар янги бошловчиларга «Зодул-мустақниъ»ни, кейинги босқичдаги мазҳаб ичидаги ихтилофни ўрганувчиларга «Муқниъ»ни, учинчи босқичдаги мазҳаблараро ихтилофларни ўрганувчиларга эса «Муғний»ни ўқитардилар. Ўқувчи чалғимаслиги учун биринчи босқичдагилар иккинчи босқичнинг, иккинчи босқичдагилар эса учинчи босқичнинг дарсларига қўйилмас эди.
Устозлар қўлида таҳсил олиш учун асос қилиб олинган дарслик сифатидаги мухтасарлар ва шарҳлар мазҳабларга қараб ва олимларнинг дарс беришда ўзи пухтароқ ўрганган китоблар билангина чекланиб қолганига қараб, турли ўлкаларда турлича бўлган[7].
Бу ердаги ҳолат ўқувчининг иқтидори, истеъдоди, ўзлаштириш қобилияти ва зеҳнига қараб ўзгаради.
Диёримизда устозлар масжидлардаги дарсларни тартиблаб, тайёрлов босқичидан ўтиб, қуръони каримни ёдлаган ўқувчиларни уч қисмга — бошланғичлар, ўртамиёналар ва пухта ўрганувчиларга ажратганлар.
Ибодат тавҳиди бўйича дастлаб «Саласатул-усул ва адиллатуҳа», «Алқавоидул-арбаъ», сўнг «Кашфуш-шубуҳот», ундан кейин эса «Китобут-тавҳид» ўқитиларди. Мазкур тўрт китобнинг ҳаммаси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) қаламига мансуб.
Исмлар ва сифатлар тавҳиди бўйича шайхул-ислом Ибн Таймиянинг қаламига мансуб китоблар — олдин «Алақидатул-восития», кейин «Ҳамавия» ва «Тадмурия» ўқитилган. Пировордида эса «Таҳовия»дан шарҳи билан бирга дарс берилган.
Наҳв бўйича аввал «Ожуррумия», кейин Ҳаририйнинг «Мулҳатул-эъроб» асари, ундан сўнг эса Ибн Ҳишомнинг «Қатрун-нада» китоби ва охирида Ибн Моликнинг алфияси Ибн Ақилнинг шарҳи билан ўқитилган.
Ҳадис бўйича олдин Нававийнинг «Ал-арбаин»и, кейин Мақдисийнинг «Умдатул-аҳком»и, ундан сўнг Ибн Ҳажарнинг «Булуғул-маром»и, кейин эса Мажд ибн Таймиянинг «Ал-мунтақо»си ўқитилиб, шулардан кейингина машҳур олти ҳадис китоби ва бошқа асарларнинг таҳсилига киришилган.
Мусталаҳ илмида Ибн Ҳажарнинг «Нухбатул-фикар»и, ундан кейин эса «Алфиятул-ироқий» ўқитилган.
Фиқҳда масалан, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг «Одобул-машйи илас-солати» китоби, ортидан эса Ҳижжовийнинг «Зодул-мустақниъ»и ёки Ибн Қудоманинг «Умдатул-фиқҳ»и, кейин мазҳаб ичидаги ихтилофга оид «Муқниъ» номли китоби, ундан сўнг эса мазҳаблараро ихтилофга доир «Муғни» номли асаридан дарс берилган. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин.
Усули фиқҳда Жувайнийнинг «Варақот»и, кейин эса Ибн Қудоманинг «Равзатун-нозир»и ўқитиларди. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин.
Фароиз соҳасида олдин «Раҳабия», ортидан унинг шарҳи ва «Алфавоидул-жалийя»дан дарс бериларди.
Тафсир борасида «Тафсири Ибн Касир» ўқитиларди. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин.
Усули тафсирда шайхулислом Ибн Таймиянинг «Муқаддима»си ўқитиларди. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин.
Сийрати набавияда Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг «Мухтасар»и, кейин эса Ибн Ҳишом қаламига мансуб унинг асли ҳамда Ибн Қаййимнинг «Зодул-маод»идан дарс бериларди. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин.
Араб тили фани бўйича эса шеърларга, «Алмуаллақотус-сабъ»га эътибор қаратиларди ҳамда Ферузободийнинг «Қомус»и ўқитиларди.
Хуллас, ҳар бир фаннинг ўқитилишида ўзига хос босқичлар бор эди.
Шунингдек, улар Ибн Жарир ва Ибн Касирнинг тарихлари ва тафсирлари каби катта китобларни ҳам бошидан охиригача ўқиб чиқардилар. Шуайхулислом Ибн Таймия ва у кишининг шогирдлари Ибн Қаййим (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин) китобларига, юртимиздаги даъват пешволарининг асарлари ва фатволарига, айниқса, эътиқод бобидаги гапларига алоҳида эътибор қаратардилар.
Ҳа, ажойиб даврлар эди. Бомдод намозидан то чошгоҳга қадар вақтлар илм талаби ва илмий давралар ила безанарди. Пешиндан сал олдин бирозгина мизғиб олинарди. Ҳар намоз ортидан дарслар ташкил қилинарди. Дарсларда устоз ва шогирд орасидаги муносабатнинг салафи солиҳинлар қолипидаги энг гўзал намунаси намоён бўларди. Шунинг учун ҳам уларнинг аксарияти муродига етиб, илмдаги пешволар қаторидан жой олгандилар.
Қанийди, ўша даврлар қайтиб келса! Қанийди, конспектлар билангина чекланмасдан мўътамад мухтасарлардан дарс бериш йўлга қўйилса, тушуниш билангина кифояланмасдан ёдлаш ҳам жорий этилса! Токи, ёдлашга қўшилиб, тушуниш ҳам йўқолиб кетмаса! Ахир салафларимизнинг йўллари илм таҳсилини ёт унсурлардан, лойқалардан, ғуборлардан тозалаб бориш бўлмаганми?!
Аллоҳ мададкоримиз бўлсин!
282 ҳижрийда вафот этган ҳофиз Усмон ибн Хурразод (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) айтадилар: «Ҳадис илми билан шуғулланмоқчи бўлган одамга беш сифат лозимдирки, улардан бирортаси бўлмаса, кемтиклик юзага келур. Улар соғлом ақл, диндорлик, забт[8], ҳадис илмида моҳирлик ва ҳалоллик ила танилмоқдур». Бу гапни ривоят қилаётган Заҳабий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) айтади: «Ҳалоллик диндорлик ичида, забт эса моҳирлик ичида мавжуддир. Ҳадисшунос олим тақводор, зукко, тилшунослик ва луғатшуносликда моҳир, қалби пок, ҳаёли, салафлар йўлидан оғишмайдиган бўлиши лозимдир. Мўътабар китоблардан беш юз жилдини устозларда таҳсил олиб, икки юз жилдини эса ўз қўли билан кўчириб чиқса, етади. Шу билан бирга, ўлгунига қадар холис ният, хоксорлик ила илм излашда давом этсин. Шунинг уддасидан чиқа олса, ишга киришсин, йўқса, ўзини овора қилмагани маъқул».
17. ИЛМ УСТОЗЛАРДАН ОЛИНУР
Талаби илмдаги асл тамойил, асос — илмни китоблардан шундайича ҳайбаракалласига эмас, балки санадлар силсиласи ила устозлар қаршисида чўк тушиб ўтириб, уларнинг ўз оғизларидан олишдир. Бошқа томондан, илм олиш насл-насаб силсиласига ўхшайди. Илм насаби жонли устозлар силсиласи бўлган киши қайдаю, жонсиз китоблар бўлган киши қайда?
«Илм даргоҳига ёлғиз кирган одам ундан ёлғиз чиқар», деган нақл бор. Яъни, илмни устозсиз ўрганмоқчи бўлган одам илмсиз қолур, устозсизлик илмсизликка олиб борур. Зеро, илм ҳунардир. Ҳунарни эса устозсиз эгаллаб бўлмас. Бас, шундай экан, илмни ўзингизча эмас, бир моҳир устоздан ўрганинг!
Бу гапни аҳли илмларнинг деярли ҳаммалари бир овоздан қабул қилганлар. Унга қарши бўлганлар жуда озчиликни ташкил қилиб, улардан бири 453 ҳижрийда вафот этган табиб Али ибн Ризвон Мисрийдир. Лекин унга ўз замонасининг олимлари ҳам, кейингилар ҳам раддия билдирганлар. Масалан, имом Заҳабий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) унинг таржимаи ҳолида шундай дейди: «Унинг устози бўлмаган. Ўзи китоблардан ўқиб, ўрганган. Китоблардан ҳам таҳсил олиш мумкинлиги ва шундай қилиш муваффақиятлироқ бўлиши ҳақида бир китоб ёзган. Бу хатодир».
Сафадий ўзининг «Ал-вофий» номли китобларида анча батафсил раддия билдирган. Забидий «Шарҳул-иҳё»да бир неча олимларнинг раддия учун келтирган сабабларини айтиб ўтади. Қуйида ана шулардан бири Ибн Батлоннинг гапларини келтирамиз:
Олтинчидан: Устозсиз, китобнинг ўзидангина ўрганиб бўлмайдиган нарсалар ҳам кўп. Масалан, ҳарфлар ўхшашлиги[9], кўз тойиши, эъроб[10]ни етарлича билмаслик ёки китобда сўзнинг хато шаклда ёзилиши, китобнинг тузатилганлиги, ўқилмайдиган нарсаларнинг ёзилиши, ёзилмайдиган нарсаларнинг ўқилиши, нусха кўчиришдаги хатолар, нақл қилишдаги камчиликлар, ўқувчининг хат бошилари ва таълим асосларини аралаштириб юбориши, муайян фангагина хос бўлган истилоҳларнинг қўлланиши, манбаи кўрсатилмаган ҳолда «наврўз» каби ёт сўзларнинг ишлатилиши каби ҳолатлар ана шулар жумласидандир. Уларни устозсиз, китобнинг ўзидан ўрганиб бўлмайди. Устоз кўрган шогирд мана шу машаққатлардан халос бўлади. «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомға йўрғалар», деб бежиз айтилмаган. Шундай экан, одамнинг ўзича ўқиб-ўрганганидан кўра бир устоз қўлида таълим олгани маъқул ва афзалдир. Айтмоқчи бўлган гапимиз мана шу эди.
Сафадий айтади: Шунинг учун ҳам олимлар: «илмни мусҳафчидан ҳам, қоғозчидан ҳам олмагин», деганлар. Яъни, қуръонни қуръон китобидан ўқиб-ўрганган одам қўлида ўқимагин, ҳадисни эса қоғозлардан ўқиб-ўрганган одамдан ўрганмагин.
Ибн Ризвон назариясининг нотўғрилигига кўриниб турган далил шуки, замонлару асрлар оша турли соҳа олимларининг таржимаи ҳолларига назар ташласангиз, ҳаммасида озми-кўпми унинг устозлари ва шогирдлари санаб ўтилади. Айримларнинг ҳатто минглаб устозлари қайд этилгани камина қаламига мансуб «Исфор» китобининг «Уззоб» бўлимида айтиб ўтилган.
745 ҳижрийда вафот этган Абу Ҳайён Муҳаммад Юсуф Андалусийнинг олдиларида Ибн Молик ҳақида гапириб қолинса, унинг устозлари борми ўзи, дея эътироз билдирарди.
Авзоий айтади: Бу илм кишилар орасида олди-берди бўлиб юрган пайтида азизу мукаррам эди. Китобларга кўчганидан кейин унинг ичига ёт-бегоналар ҳам кириб олдилар.
Шунга ўхшаш гапни Ибн Муборак ҳам Авзоийдан ривоят қилган.
Қоғозлардан ва ижозат[11] йўли билан илм олишда кемтиклик бўлиши шубҳасиздир. Хусусан, нуқталар ҳам, ҳаракатлар ҳам қўйилмайдиган, бир сўз кўзланган маънодан мутлақо бошқа маънони, ҳатто унинг зиддини англатиб қолиши ҳам мумкин бўлган ўша даврларда бунинг эҳтимоли янада юқори бўлган. Устозларнинг оғизларидан тинглаб илм олишда эса бундай бўлмайди. Шунингдек, ёддан айтилган ҳадисда заифлик бўлади. Устоздан пухта кўчириб олинган китобдан ривоят қилинганда эса бу ҳол юз бермайди.
Ибн Халдун ўзининг «Муқаддима»сида бу борада нозик бир тадқиқот олиб борганлар.
Шоир айтади:
Ким илм даргоҳин тупроғин ялаб,
Устозлар қошида этмаса талаб[12].
Яхшидан айрилиб, ёмонга қолгай,
Яқин[13]дан айрилиб, гумонга қолгай.
Ёки:
Устозга не ҳожат, китоб бўлса бас,
Китобдан топадир илм излаган кас.
Кишиким, онингдир шул тамал тоши,
Тоабад чиқмагай гумондин боши.
Абу Ҳайён кўпинча, мана бу шеърни айтиб қолардилар:
Китобим қўлимда, не керак устоз,
Оқилга шундоқ ҳам бемалолу соз.
Дер, вале, билмас ул нодон, фикри тор,
Оқиллар оқили етмас сирлар бор.
Устозсиз ташласанг қадам, эй инсон,
Йўлинг тополмасдан бўлурсан сарсон.
Ўйларинг бетартиб, ишинг бесамар,
Тумо табиб[14]дан ҳам бўлурсан бадтар.
УЧИНЧИ БЎЛИМ
ТОЛИБНИНГ УСТОЗ ОЛДИДАГИ ОДОБИ
18. УСТОЗНИНГ ҲУРМАТИНИ ЖОЙИГА ҚЎЙИШ
Модомики, илм китоблардан эмас, илм даргоҳининг калитини қўлингизга тутқазадиган, адашишлару тойилишлардан асрайдиган устоздан олинар экан, у зотнинг ҳурматини жойига қўйиш аввало, сизнинг бурчингиздир, қолаверса, муваффақият ва ютуқ, таҳсил ва тавфиқ нишонасидир. Устозни улуғланг, эъзозланг, қадрига етинг, эҳтиром этинг! У билан бирга ўтирганингизда, суҳбатлашганингизда, савол-жавоблар чоғида, китоб тутишу варақлаш онида одобнинг ҳамма қирраларига риоя қилинг! Устоз олдида каттазанглик қилманг, талашиб тортишманг! Устоздан олдинда юрманг, ундан олдин гапирманг, маҳмадоналик қилманг! Устоз сўзлаётганда ёки дарс бераётганда орага гап қўшманг! Ҳадеб савол бераверманг, жавоб бермаса, қистаманг! Айниқса, одамлар олдида ҳаргиз бундай қила кўрманг! Акс ҳолда, сизда ғурурланиш, устозда эса малолланиш ҳолати юзага келур!
Устозга унинг номини ёки лақабини айтиб мурожаат қилманг! Устоз, деб мурожаат қилинг! Устозни сизланг, ҳурматни англатувчи «лар» қўшимчасини зинҳор ёддан чиқарманг! Ўта зарур бўлмаса, узоқдан чақира кўрманг!
Аллоҳ таолонинг бутун инсоният устози Пайғамбар алайҳиссалом олдиларида қандай одоб лозимлигини тавсифловчи мана бу оятига бир назар ташланг:
«(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар)». (Алоуддин Мансур таржимаси)
Инсон тупроқдан яратилган, деган эътибор ила отангиз билан сизни боғловчи ришта тупроқдошликдир. Тупроқдош отагаки, фалончи ёки фалончи ота, деб мурожаат қилиш ярашмас экан, маънавий ота бўлмиш устозга нисбатан бундай мурожаат қилиш қандоқ ярашсин?!
Дарс ўтилаётган пайтларнинг виқорига, салобатига риоя қилинг! Дарсдан хурсанд бўлаётганингиз ва фойдаланаётганингизни изҳор қилиб туринг! Устознинг бирон бир хатога йўл қўйиши у ҳақдаги фикрингизга таъсир қилмасин! Акс ҳолда, унинг илмидан маҳрум бўлиб қолишингизга баҳона топилиб қолур. Хато қилмайдиган одам бор эканми? Устозни безовта қиладиган, ноқулай аҳволга солиб қўядиган ишларни қила кўрманг! Устознинг илмий иқтидори ва бардошини синаб кўриш учун янги чиққан «зиёли»лар ўйлаб топган «асабга ўйнаш» каби қилиқлардан ҳазар қилинг!
Бир устоздан иккинчисига ўтиш чоғида изн сўранг! Шунда устознинг ҳурмати жойига қўйилган бўлиб, унинг қалбидаги сизга нисбатан бўлган муҳаббат ва меҳрибонлик сақланиб қолур.
Аллоҳ ёрлақаган бандалар табиатан англайдиган одобларнинг барчасига риоя қилиб, устозингизнинг «диний оталик» ҳаққини адо этинг! Устоз меҳнатини айрим қонунлар «маънавий эмизиш, озиқлантириш», деб атасалар, баъзи олимлар «диний оталик қилиш», дея номлайдилар. Аслида бу атамалар қўлланмагани маъқул.
Унутмангки, устозни қанчалик ҳурмат қилсангиз, шунчалик ишингиз ўнгидан келиб, муваффақиятга эришасиз. Бу ишга қанчалик бепарво бўлсангиз, шунчалик муваффақиятсизликка учрайсиз.
МУҲИМ ТАНБEҲ:
Бегоналар, тариқатчилар ва бидъатчиларга ўхшаб шариат одобларига тўғри келмайдиган эгилиш, қўлни ялаш, елкани ўпиш, икки қўллаб сўрашиш, эгилиб салом бериш, хизматкорлар ва қуллар ишлатадиган хожам, пирим каби кишининг қадр-қимматини ерга урадиган сўзларни қўллаш каби қилиқлардан Аллоҳ сизга паноҳ берсин![15]
1380 ҳижрийда вафот этган жазоирлик салафий аллома устоз Муҳаммад Башир Иброҳимийнинг «Басоир»даги гапларини бир ўқинг! Жуда ажойиб ёзилган. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин.
19. ДАСТМОЯ
Азиз ўқувчи, билингки, устоздан оладиган дастмоянгиз унинг хулқу одобидан, фазилатларидан ўрнак олмоғингиздир. Кўрган таҳсилингиз ва олган билимингиз эса қўшимча даромадингиздир. Бироқ бу ишда ҳаддан ошиб, устознинг ҳар бир овози, имоишораси, юриши, туриши, ҳаракатига тақлид қилиб, ўзлигингизни йўқотиб қўйманг! Акс ҳолда, ўзингиз билмаган ҳолингизда атрофдагиларга кулгу бўлиб қолишингиз мумкин. Чунки бу ишингиз ўзингизга сезилмаса-да, атрофдагиларга билиниб туради. Унутмангки, устозни устоз қилиб турган бу ҳолатлар сизнинг сизлигингизни йўқ қилиб юбориши ҳеч гап эмас.
20. УСТОЗНИНГ ДАРСДАГИ ФАОЛЛИГИ
Устознинг дарсдаги фаоллиги ўқувчининг диққат-эътибори, берилиб тинглаши, устозини нозик ҳис эта билишига қараб бўлади. Бас, шундай экан, дангасалик, бепарволик, лоқайдлик ила қизғин дарснинг белига тепманг!
Хатиб Бағдодий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) айтади:
«Гап ўзининг қизғин харидорига айтилади. Сўзловчи тингловчида беэътиборликни кўрса, дарҳол гапни тўхтатсин. Адиблардан бири: «сўзловчининг ғайрати тингловчининг тушуниш ҳажмига қараб бўлади, деганлар». «Гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга», деб бежиз айтилмаган.
У киши ўз санади билан Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд: «одамлар сизга тикилиб турган пайтларида гапиринг, уларда бепарволикни кўрсангиз, гапдан тўхтанг», деган эканлар.
21. ЁЗИБ БОРИШ
Дарс жараёнида ёки такрорлаш пайтида устознинг гапларини ёзиб бориш турли устозларда турлича бўлади. Айрим устозлар бунга рухсат беради, бошқалари эса бермайди.
Ёзиб боришнинг одоби ва шарти бор.
Одоби шундан иборатки, хоҳ дарс вақтида бўлсин, хоҳ такрорлаш пайтида бўлсин, устозни ёзиб бораётганингиздан хабардор қилиб қўясиз.
Шарти эса дарс пайтида устознинг тилидан ёзиб олганингизни қайд этиб борасиз.
22. БИДЪАТЧИДАН ДАРС ОЛА КЎРМАНГ!
Эътиқод қуёшидан адашиб, хурофот булутлари орасида қолган, ҳавойи нафсига қарам бўлиб, уни ақл, деб биладиган, шаръий далилдан юз ўгирадиган, саҳиҳни қўйиб, заифни оладиган бидъатчидан — нодонлар нодонидан эҳтиёт бўлинг! Шариат ташқарисида ҳам ақл бор эканми?! Уларни «аҳли шубҳалар» (шубҳалилар, шубҳа тарқатувчилар) ва «аҳли ҳаволар» (ҳавойилар, ҳавойи нафсига эргашувчилар) ҳам дейилади. Ибн Муборак (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) уларни «чурвақалар», деб атардилар.
Заҳабий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) айтади:
«Бидъатчи аҳли каломнинг, қуръону ҳадисни қўй, ақлдан гапир, деяётганини кўрсангиз, билингки, у нодонлар нодонидир. Тавҳидий соликнинг, нақлни ҳам, ақлни ҳам қўй, завқу важддан гапир, деяётганини кўрсангиз, билингки, у инсон қиёфасидаги шайтондир. Қўрқсангиз, қочинг. Қўрқмасангиз, уни ерга йиқитиб, кўксига мининг-да, ояталкурсийни ўқиб, иблисни бўғинг».
У киши (Аллоҳ раҳмат қилсин) яна шундай деганлар:
«Устоз Ибн Қудома Аллоҳ ёрлақаган бандалардан эдилар. Бир хатларида шундай ҳикоя қиладилар: Акам Абу Умар билан Ибн Абу Асрундан олаётган дарсимизни тўхтатдик. Бир куни акам у кишининг олдиларига кирган эканлар, нега мендан дарс олишни тўхтатдинглар, деб сўрабдилар. Акам, сизни одамлар ашъарий, дейишяпти, деган эканлар, у киши, Аллоҳга қасамки, мен ашъарий эмасман, деб жавоб берибдилар. Бу гапни акамнинг ўзларидан эшитдим...»
Молик (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) айтганлар: «Тўрт тоифа одамдан илм олинмайди:
1. Ҳар қанча кўп ривоят қилмасин, ошкора аҳмоқгарчилик қиладиган одамдан;
2. Ўзининг ҳавойи нафсига чорловчи бидъатчидан;
3. Ҳадис айтишида ёлғончи, деган гумонга борилмаса-да, одамлар билан муомаласида ёлғон ишлатадиган одамдан;
4. Ўзи солиҳ, фозил, обид одаму лекин айтган гапини ёдлаб юрмайдиган одамдан».
Азиз ўқувчим, агар шароитингиз бемалол бўлиб, устоз танлаш имкониятингиз бўлса, рофизий, хорижий, муржиъий, қадарий ва қубурий каби бидъатчиларни ихтиёр қила кўрманг! Зеро, сиз то бидъатларни ҳам, бидъатчиларни ҳам тарк қилмас экансиз, соғлом эътиқодли, тўғри нуқтаи назарли, Аллоҳ билан алоқаси пухта, салафлар изидан борадиган зотлар мақомига кўтарила олмайсиз.
Сийрат ҳамда Қуръону суннатни маҳкам ушлаш борасидаги китоблар аҳли суннанинг бидъату бидъатчиларни таг-томири билан қўпориб ташлаш йўлидаги ҳаракатлари ва улардан моховдан қочгандек қочганлари ҳақидаги воқеаларга тўла. Ҳозир тафсилотларга киришишнинг мавриди эмас. Уларнинг айрим асосий нуқталарига ишора қилиб ўтиш билан кифояланамиз:
Салафлар бидъатчиларга паст назар билан қараш ва уларни таҳқирлашни савоб, деб билганлар. Бидъатчини ҳам, унинг бидъатини ҳам инкор қилганлар. Улар билан аралашиш, маслаҳатлашиш ва бир дастурхондан овқатланишдан қайтарганлар. Аҳли сунна билан бидъатчининг ўти аралашмаган. Ҳатто бидъатчига жаноза ўқишдан бош тортишгача борганлар.
1389 ҳижрийда вафот этган аллома устоз Муҳаммад ибн Иброҳимнинг (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) бидъатчига жаноза ўқишдан бош тортганларини одамлар кўришган.
Айрим салафлар бидъатчининг ортида (бидъатчига иқтидо қилиб) намоз ўқишдан, бидъатлар ҳақида гап очишдан қайтарардилар. Негаки, қалблар заифдир, шубҳалар эса ҳужумкордир.
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий, бидъатчи ночор вазиятда қолганида ҳам ўлаксани ейиши дуруст эмас, чунки оятда бу иш ҳаддан ошмаганларга рухсат этилган, бидъатчи эса ўзининг бидъати ила ҳаддан ошган ҳисобланур, деганлар. «...Энди кимки золим бўлмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолида ночор вазиятда қолса, гуноҳкор бўлмайди...» (2-173дан, Алоуддин Мансур таржимаси)
Бидъатчиларни мажлисларидан қувиб солардилар. Масалан, имом Молик (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) истиво (кўтарилиш) ҳақида сўралганда ўша машҳур жавобларини айтганлар-да, сўраган одамга, сен бидъатчи бўлсанг керак, деганлар ва уни мажлисдан чиқариб юборишни буюрганлар.
Салафларнинг бидъатчилардан нафратланганлари, улардан ўзларини олиб қочганлари ҳақидаги хабарлар кўп. Бу билан улар бидъатлар ёйилишининг олдини олганлар, уларни ёядиган бидъатчиларнинг кучини кесганлар. Зеро, аҳли сунна билан бидъатчининг аралашиб юрганини кўрган оми ва эндигина Исломга кирган одам, бўлаверади шекилли, деб ўйлаб қолиши тайин. Оми сўзи араб тилида амо (кўрлик) сўзидан олинган бўлиб, бошқалар тарафидан бошқариладиган маъносини англатади.
Мусталаҳ, талаби илм одоблари, жарҳу таъдил каби мавзуларда ёзилган китобларда бунга мисоллар кўп.
Азиз ўқувчим, салафларнинг кенг ва равон йўлидан боринг! Бидъатчилар чангалига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг! Улар сизни йўлдан оздириб, ўз домига тортиш учун ҳар нарса қиладилар. Тилларига бол қўшиб гапирадилар. Фақат у тўнтарилган асал бўлади. Қуйилиб келган кўз ёшлар, кўзни қамаштирадиган либослар, баландпарвоз гаплар, хаёллар, ҳайратлантирадиган кароматлар, қўлларни ялашу елкаларни ўпишлар — ҳаммаси бидъат ботқоғию фитна ўчоғидир. Бу нарсаларга қалбингиздан жой бера кўрманг! Акс ҳолда уларнинг домига тушиб қоласиз. Аллоҳга қасамки, кўр кўрни бошқаришга ярамайди.
Аҳли сунна олимларидан дарс олишда эса узумини енгу боғини суриштирманг, асалини ялангу арисини суриштирманг!
Аллоҳ сизни рушду ҳидоятга бошласин! Ё пайғамбарлик булоғидан қониб ичасиз ва ё динингиз ҳолига маймунлар йиғлар!
Айтиб ўтганларим шароитингиз бемалол ва танлаш имкониятингиз мавжуд бўлган ҳолатларга алоқадордир. Давлат таълим тизимидаги ўқув юртларида таълим олаётган бўлсангиз ва танлаш имкониятингиз бўлмаса, эҳтиёткорлик, огоҳлик ва сергаклик ила иш тутинг! Аллоҳдан паноҳ сўрашни канда қилманг! «Мевасини йиғиб олиб, ўтинини ўтга ташла», деганларидек яхшисини олиб, ёмонини отинг! Ўқитувчининг бетавфиқлигини баҳона қилиб, ўқишдан сустлашманг! Бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдирманг! Бу ишингиз жанг чоғидаги чекинишга ўхшаб қолмасин тағин. Сизнинг вазифангиз бундай ўқитувчининг кимлигини аниқлаш, ёмонлигидан эҳтиёт бўлиш ва кирдикорларини фош этишдан иборатдир.
Шу ўринда бир ажойиб нуктадонлик воқеасини келтириб ўтамиз. Абу Абдураҳмон Муқриъ бир муржиъдан ҳадис ривоят қилдилар. Ундан, нима учун муржиъдан ҳадис нақл қилдингиз, деб сўраганларида, сизларга гўштни суяги билан бирга сотяпман, деб жавоб берган эканлар. Яъни, у киши бу ерда ёлғон гапирмагандилар, гапларида юмуқлик, ноаниқлик ҳам йўқ эди, нақл ортидан, у киши муржиъ эди, деб очиқ айтиб қўйгандилар.
Айтиб ўтганларим эътиқодингизнинг — аҳли сунна валжамоа эътиқодининг пойдеворларидандир. Уларнинг айримлари 449 ҳижрийда вафот этган шайхулислом Абу Усмон Исмоил ибн Абдураҳмон Собунийнинг «Ақидаи салафия» номли асаридан олинди.
Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин, айтадилар:
Динда йўқ нарсани динга олиб кирган бидъатчиларни ёқтирмаслик, суймаслик, улар билан мунозараю мужодала қилмаслик, гапларига қулоқ солмаслик салафи солиҳинларнинг шиори бўлган. Ҳа, улар қулоқларини бидъат аҳлининг тўқималаридан ўта эҳтиёт қилганлар. Негаки, бу тўқималар қулоқдан қалбга ўтиб кетгудек бўлса, унга шикаст етказиши, турли ваҳималару васвасаларни солиши аниқ бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то улар бошқа гапга киришмагунларича Сиз улардан юз ўгиринг!» (6-68, Алоуддин Мансур таржимаси)
Сулаймон ибн Ясордан ривоят қилинишича, Сабиғ номли бир одам Мадинага келиб, Қуръондаги муташобиҳ (бир-бирига ўхшаш) оятлар ҳақида сўрай бошлади. Умар (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) уни олиб келишни буюрдилар. Олиб келгунларича хурмо дарахтининг шохларини тайёрлаб қўйдилар. Келгач, сен кимсан, деб сўрадилар. У, Аллоҳнинг бандаси Сабиғман, деб жавоб берди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу шохлардан бирини олиб, унинг бошига то қонагунича урди. Кейин эса боши тузалгунига қадар уни тек қўйиб, тузалганидан кейин яна шу ишни такрорладилар. Учинчи марта ҳам такрорламоқчи бўлиб турганларида ҳалиги одам, мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли (қийнамай) ўлдиринг, деди. Шундан сўнг унга ўз юртига кетишига изн бердилар-да, ортидан Ямандаги Абу Мусо Ашъарийга хат ёзиб, биронта ҳам мусулмон унга қўшилмасин, деб тайинладилар. Айтишларича, унинг хаворижлардан экани гумон қилинган.
Нававий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) «Ал-азкор» китобининг «Бидъат ва маъсият аҳлидан безор бўлиш» бўлимида Абу Мусонинг (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) мана бу ҳадисини келтирадилар: «Пайғамбар алайҳиссалом (мусибат чоғида) сочларини юлиб, ёқаларини йиртиб, дод соладиган аёллардан безордирлар». Муттафақун алайҳ Ибн Умардан ривоят қилинишича, у киши ўзларининг қадарийлардан безор эканликларини айтганлар. Муслим ривояти.
Бидъатчи билан алоқани узиш шаръий манфаатларни юзага келтириш ёки кўпайтиришга ҳамда зарарларнинг олдини олиш ёки камайтиришга асосланади. Бу ишнинг шаръий ёки ношаръийлиги мана шу ишлардаги натижага қараб бўлади. Бу ҳақда шайхулислом Ибн Таймия (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) бир неча ўринларда тўхталиб ўтганлар.
Бидъатчилик илм камайиб, жаҳолат кенг ёйилган пайтда авж олади. Улар ҳақида шайхулислом Ибн Таймия (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) шундай дейди: «Бу табақа жаҳолат ва жоҳиллар кўпайиб, залолат зулматини маҳв этувчи нубувват нурларини таратадиган ҳамда бўҳтон, ширк ва беҳудалик каби кирдикорларни фош этадиган аҳли илм топилмай қолган пайтда авж олади». Бас, шундай экан, билим билагингиз кучга тўлганда бидъатчини ва унинг бидъатини ҳужжат ва баён тили ила маҳв айланг! Тамом вассалом!
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ
ДЎСТ ТАНЛАШ ОДОБИ
23. ЁМОН ДЎСТДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Одамзод насл-насабига, томирига тортгани каби атрофидагиларга ҳам ўхшаб кетиб қолади. Зеро, одам табиати тақлид (ранг олиш) ва ўзлаштиришга мойилдир. Инсонлар эса табиатан қушмижоз бўлиб, бир-бирларига ўхшашга ҳаракат қиладилар. Шундай экан, ёмон дўстга яқин йўламанг! Акс ҳолда, чоҳга қулайсиз. Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади, деб бежиз айтилмаган. Фалокатнинг олдини олиш юз берганидан кейин даф қилишдан кўра енгилроқдир.
Шунга кўра, орзу-умидларингиз йўлида сизга кўмак берадиган, сизни Парвардигорингизга яқинлаштирадиган, олий мақсадларда ҳамфикр бўладиган дўстни танланг!
Дўстлик ришталари турличадир:
1. Манфаат риштаси;
2. Лаззат риштаси;
3. Фазилат риштаси.
Дастлабки икки ришта муваққатдир, лаҳзаликдир. Манфаат ва лаззат тўхташи билан дўстлик ҳам тўхтар. Учинчисига келсак, мана шунисига орқа қилиш ярашади. Бу ришта боғлаб турган дўстлар иймонлашиш орқали тобора ўзларидаги фазилатларни мустаҳкамлаб бораверадилар.
Бироқ бундай дўст бир ноёб топилмадирки, уни қўлга киритиш осон кечмайди. 125 ҳижрийда вафот этган Ҳишом ибн Абдулмалик айтган мана бу ажойиб гапга бир назар ташланг: «Дунё лаззатларидан ўртамиздаги такаллуф юки олиб ташланган дўстдан бошқа ҳеч нарса қолмади». Кейинги гап эса ундан ҳам ажойиб: «Узлатдан илмнинг айни кетса, заллат (тойиш)га, зуҳднинг зоси кетса эса, иллат (дард)га айланур». (Бу ерда сўз ўйини кетяпти. Ёзувда узлат сўзидаги айн ҳарфи олиб ташланса, заллат сўзига, зо ҳарфи олиб ташланса эса, иллат сўзига айланиб қолади. Изоҳ таржимондан)
عزلة – ع = زلة
عزلة – ز = علة
Узлатким, айнидин айро заллатдур,
Узлатким, зосидин жудо иллатдур.
Узлатким, илм эмас ёри заллатдур,
Узлатким, зуҳд эмас кори иллатдур.
***
БEШИНЧИ БЎЛИМ
ТОЛИБИ ИЛМНИНГ ИЛМИЙ ҲАЁТИДАГИ ОДОБЛАРИ
24. ИЛМДАГИ ОЛИЙҲИММАТЛИК
Олийҳимматлик ила безаниш исломий хулқлардан биридир, барча аъзоларингизни назорат қилиб турувчи тамал тошидир. Бу безак Аллоҳнинг изни ила сизни тинимсиз эзгуликлар сари етаклайди ва сиз камолот чўққилари сари кўтарилиб борасиз. Бу безак ила томирингизда олийжаноблик қони оқади ва ўзингиз илму амал майдонида жавлон урасиз. Одамлар сизни фазилатлар остонасидан бошқа жойда ва улуғ ишлар арафасидан ўзга чоғда учратмайдилар.
Олийҳимматлик сизни тубан орзулару майда ишлардан ҳамда хорлигу лаганбардорлик, суйкалишу ялтоқланиш каби иллатлардан халос этади. Олийҳиммат одам қатъиятли, мард бўлади, ҳар қандай вазиятда ўзини муносиб тута билади. Бу фазилатдан маҳрум эса буюклик нималигини билмайдиган, бир чўқиб, етти қарайдиган қўрқоқдир.
Олийҳимматлик билан мутакаббирликни аралаштириб юборманг. Улар орасида осмон билан ерча фарқ бор. Олийҳимматлик пайғамбарлар меросхўрларининг безаги бўлса, мутакаббирлик бадбахт зўравонлар чалинган дарддир.
Эй толиби илм, олийҳимматликни ўзингизга шиор қилиб олинг ва шиорингиздан асло воз кечманг! Мана, шариат кундалик ҳаётингизга қоришиб кетган фиқҳий масалаларда ҳам олийҳимматликка ундаган. Ана шулардан бири мукаллафга сув топилмай қолган пайтда таяммум қилишга рухсат этилиши ва шу пайтда таҳорат сувининг пули совға қилинадиган бўлса, уни қабул қилиш шарт эмаслигидир. Зеро, совғада ҳимматга путур етказадиган миннат бор. Қолганларни мана шунга таққослайверинг! Яна Аллоҳ Билгувчироқ!
25. ИЛМГА ЧАНҚОҚЛИК
Халифаи рошид Али ибн Абу Толиб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) айтган мана бу гапга бир қаранг: «Кишининг қадр-қиммати унинг қойиллатган ишидир». Мана шу гапдан кўра талаби илмга ундайдиганроқ гап йўқ, дейишади. «Олдингилар кейингиларга ҳеч нарса қолдирмаган», деган хато гапдан эҳтиёт бўлиб, «Олдингилар кейингиларга қанча нарса қолдирган», деган тўғри гапнинг ортидан боринг!
Пайғамбар алайҳиссаломнинг меросини мумкин қадар кўпроқ ўрганиш ҳамда изланиш ва тадқиқотлар олиб боришга бел боғланг! Илмий даражангиз ҳар қанча юксалмасин, «Олдингилар кейингиларга қанча нарса қолдирган» шиоридан оғиша кўрманг!
Хатиб Бағдодийнинг «Бағдод тарихи» номли асарида келтирилган Аҳмад ибн Абдулжалил таржимаи ҳолида қуйидаги шеър битилган:
Буюк одам асло пас(т)га менгзамас
Оқил киши нодон касга тенг эмас.
Али айтар: ким қадрли кишидир,
Қадри унинг қойиллатган ишидир.
26. ИЛМ ТАЛАБИДА САФАР ҚИЛИШ
«Сиз бормасангиз, сизнинг ҳам олдингизга келишмайди». Кимки илм излаб, устоз қидириб йўлга чиқмаса, сафар қилмаса, унинг ҳам олдига бировнинг келиши даргумон. Зеро, умрларини таълим олишу таълим беришга сафарбар этган олимларнинг ечган чигал масалалари, маҳоратлари, тажрибалари ва илмий нуктадонликларига сафар қилмаган толиб етолмас, китоблар уларнинг ўрнини босолмас.
Бу ишда сустлик қила кўрманг! Баттол сўфинамоларга ўхшаб хирақ илми варақ илмидан афзал, деган сафсатага алданманг! Улардан бирига, юр, Абдураззоқдан дарс оламиз, дейилса, Халлоқдан дарс олиб турган одамга Абдураззоқдан дарс олишнинг нима кераги бор, деб жавоб берган экан.
Яна бири эса мана бу байтни айтган экан:
Варақ илми ила хитоб этсалар,
Хирақ илми ила тору мор этгум.
Уларга яқин йўламанг! Улар на Исломга бир фойда индирдилар ва на куфрни синдирдилар. Аксинча, уларнинг айримлари Ислом учун бир фалокат, офат бўлдилар.
27. ИЛМНИ ЁЗИШ ОРҚАЛИ САҚЛАБ ҚОЛИШ
Илмни сақлаб қолиш учун ёзишдан эринманг. Зеро, ёзиб бориш илмни зое бўлишдан асрайди ва керак пайтда уни қидириб топиш осонлашади. Айниқса, мавзудан ташқаридаги маълумотларни қайд этиб бориш ўта муҳим. Ёшингиз бир жойга бориб, кучингиз кетган дамларда шу ишингиз жуда асқотади. Бирон мавзуни тадқиқ қилиб, тагига етмоқчи бўлсангиз, қўлингизда тайёр манба турган бўлади.
Шунинг учун керакли маълумотларни, мавзудан ташқаридаги гапларни ва мақоллару ҳикматли сўзларни қайд қилиб бориш учун алоҳида бир ёндафтар тутинг. Вақтинча китобнинг ғилофидан фойдаланиб, кейин уни дафтарингизга кўчириб олсангиз ҳам бўлаверади. Мавзу, сарлавҳа, китобнинг номи, қайси мужаллади ва қайси саҳифаси эканини тартиб билан ёзиб боринг. «Кўчирилди», деб ёзиб қўйиш ҳам эсингиздан чиқмасин. Токи, кўчирилгани билан кўчирилмагани аралашиб кетмасин. Ўқиётган китобингизнинг нечанчи бетига келганингизни ҳам қайд қилиб борингки, айрим бетлар ўқилмай қолишининг олди олинсин.
Олимларнинг бу ҳақда ёзган асарлари анчагина. Ибн Қаййимнинг «Бадоиул-фавоид»и, Заркашийнинг «Хабояз-завоё»си ҳамда «Ал-иғфол» ва «Бақоял-хабоё» китоблари ана шулар жумласидандир.
Хуллас, илмни ёзиш билан кишанланг! Айниқса, мавзудан ташқаридаги маълумотларни, дарс онида тезгина қистириб ўтилган нукталарни, унутиб қўйиш хавфи бўлган ҳикматли сўзлар — сочилган дурларни маҳкамроқ боғланг! Ҳа, худди шундай қилинг! Токи, бу ишингиз хотира заифлашган пайтда келадиган унутиш офатини даф этсин!
Шаъбий, бир нарсани эшитсангиз, деворга бўлса ҳам ёзиб қўйинг, деган эканлар. Бу гапни Хайсама ривоят қилганлар.
Аллоҳнинг иродаси ила тўпланиб қолган маълумотларни мавзуларига қараб бирон ёндафтарга ёзиб борсангиз, айрим танг аҳволларда катта-катта олимлар эплолмаган ишларда асқотиб қолади.
28. ИЛМНИ РИОЯ ОРҚАЛИ САҚЛАБ ҚОЛИШ
Илмни риоя орқали сақлаб қолишда кучингизни аяманг! Риоя бўйсуниш ва амал қилишдир. Хатиб Бағдодий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин), ҳадис ўрганаётган одамнинг нияти холис ва мақсади Аллоҳ таолонинг розилиги бўлмоғи лозим, дейдилар.
Эҳтиёт бўлинг! Яна илмдек бебаҳо неъматни арзимас шон-шавкату бир чақалик манфаатга қурбон қилиб юборманг! Илмдан бу каби мақсадларни кўзлаганларга ваъид бордир.
Илм билан фахрланишу керилишдан, уни сўзингизни ўтказиш, ихлосмандларни кўпайтириш, мурид овлаш, анжуманлар ўтказиш каби майда, бачкана мақсадларда қўллашдан ҳазар қилинг!
Ҳадисни ривоят орқали эмас, риоя орқали сақлаб қолинг. Илм ривоятчилари кўп, риоячилари эса оз. Қараб туриб кўрмаётганлар, ўқиб туриб билмаётганлар, ҳадис айтиб туриб ўзи ундан мосуво бўлаётганлар қанча! Зеро, ўзи айтаётган ҳадисга амал қилмаган киши уни билмаган билан баробардир! (Балки унданда бадтардир)
Ҳадис талабидаги ўқувчи ҳамма ишларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига мумкин қадар риоя қилиши билан, суннатларни ўзига вазифа қилиб олиши билан оми одамлардан ажралиб турмоғи лозим. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар) албатта сизлар учун... Аллоҳнинг Пайғамбарида (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқ-атворида) гўзал намуна бордир». (33-21, Алоуддин Мансур таржимаси)
29. ЁДЛАГАНЛАРИНГИЗНИ ТАКРОРЛАБ ТУРИНГ!
Ўрганганларингизни вақти-вақти билан такрорлаб туринг! Зеро, такрорламаслик унутиш нишонасидир. Ибн Умар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дейдилар: «Қуръон ёдлаган одам боғланган туянинг эгасига ўхшайди. Эгаси ундан хабар олиб турса, ушлаб қолади. Бўшатиб юборса, кетиб қолади». Бу ҳадисни Бухорий ва Муслим ҳамда Молик «Муваттаъ»да ривоят қилганлар.
Ҳофиз Ибн Абдулбар (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) айтади: «Бу ҳадис ким бўлишидан қатъи назар, билганларини такрорлаб турмаган одамнинг унутиб юборишига далилдир. Зеро, у пайтларда Қуръондан бошқа илм бўлмаган. Эслаш ўта осон бўлган Қуръонки, такрорланиб турилмаса унутилар экан, бошқа илмларни гапирмасак ҳам бўлар. Энг яхши илм асли-асоси пухта ўзлаштирилган, тафсилотлари эсланиб туриладиган, Аллоҳ таоло сари бошлайдиган ва У Зот рози бўладиган ишларга етаклайдиган илмдир». Бир олим, илмдан қувват олмаган иззатнинг оқибати зиллатдир, деган экан.
30. МАСАЛА ТАФСИЛОТЛАРИНИ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРГА БОҒЛАБ ФИҚҲНИ ЎРГАНИШ (ТАФАҚҚУҲ)
Фиқҳни пухта эгаллаш учун тафаққуҳ (фиқҳий масалаларни теран англашга ҳаракат қилиш) бўлмоғи зарур. Бу эса ҳукмларни шаръий манбаларига боғлаш орқали бўлади. Ибн Масъуд (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Менинг гапимни эшитиб, ёдлаган, англаган, кейин эса бошқаларга худди эшитганидек етказган одамнинг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин! Қанча фиқҳ тарқатиб юрганлар борки, ўзлари фақиҳ эмас. Ўзларидан кўра фақиҳроқ одамларга фиқҳ тарқатиб юрганлар қанча».
Ибн Хайр (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) мазкур ҳадисни шарҳлаб шундай дейди:
Ҳадисда теран тушунишга уриниш орқали гапдан турли маъноларни чиқариб олиш — фиқҳ экани кўрсатилмоқда, шунинг зимнида фиқҳни ўрганишнинг вожиблиги, ҳадис маъноларини тадқиқ этиб, ундаги яширин маъноларни топа билиш, чиқара билишнинг лозимлиги ҳам баён қилиняпти».
Шайхулислом Ибн Таймия ва у кишининг шогирдлари Ибн Қаййим Жавзия (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин) бу борада жуда улкан хизмат қилиб кетганлар. Уларнинг китобларига назар ташлаган одам фиқҳни ўрганишда энг тўғри йўлни топиб олади.
Ибн Таймия (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) фиқҳни ўрганиш учун уюштирилган бир йиғин ҳақида мана бу ажойиб гапни айтган эди:
«Аммо баъд. Биз бир йиғинда бўлгандик. Йиғин диндаги фиқҳни ўрганиш, шаръий ҳукмларнинг манбаларига назар ташлаш, уларни тасвири — ифодаси, тадқиқи, асл-ўзаги ва тафсилотлари билан бирга ўзлаштириш ҳақида эди. Шунда бир масала хусусида гап кетиб қолди. Мен ҳам ўз муносабатимни билдириб, Аллоҳнинг мададисиз ҳеч қандай куч-қудрат йўқдир, бу масала бир асл-ўзак ва икки тафсилотга қурилган, дедим...»
Билингки, Аллоҳ сизни рушду ҳидоятга бошласин, тафаккур қилиш фиқҳни ўрганишнинг таркибий қисмидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг кўп оятларида бандаларини ақлий қобилиятлар дарвозаларини ланг очиб, инсон зотига ва еру осмонлар мамлакатларига чуқур назар ташлашга чорлайди. Токи, иймоннинг кучайиши, ҳукмларнинг илдиз отиши — мустаҳкам ўрнаши ва илмий муваффақиятга эришилсин.
«Шундай қилиб, ақл юргизишингиз учун Оллоҳ сизларга ўз оятларини баён қилади» (2-242, Алоуддин Мансур таржимаси)
«Айтинг: «Кўр билан кўргувчи (яъни, йўлсиз билан Аллоҳнинг Йўлида юргувчи) киши баробар бўлурми?! Ахир тафаккур қилмайсизларми?!» (6-50, Алоуддин Мансур таржимаси)
Шунга кўра, фиқҳни ўрганиш майдони тафаккур қилиш майдонидан кенгроқдир. Зеро, у тафаккурнинг натижаси, ҳосилидир. Тафаккур бўлмаса, одам ҳеч нарсани тушунмайдиган гумроҳга айланади.
«...Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?!» (4-78, Алоуддин Мансур таржимаси)
Шуни ҳам унутмангки, фиқҳни ўрганишда ҳавойи нафсу кўнгил кўчасидан эмас, аниқ далиллар йўлидан юрилади. «Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан Сизга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бўлмайди». (2-120, Алоуддин Мансур таржимаси)
Азиз ўқувчим, тафаккур ва тадаббур қилиш ҳамда фиқҳни ўрганиш ва билиш ила безанинг! Ана шунда ҳукмларни шаръий манбаларига боғлаб, оддий фақиҳлик мартабасидан масалаларни чуқур идрок этадиган, тўғри ечим топадиган чин фақиҳ, етук алломага даражасига етиб борсангиз ажаб эмас.
Ворид бўлган масалаларда ҳар бир фаръий (иккиламчи) масалани асл-ўзак «қолиплари»га боғланг! Мавзу тафсилотларини йиғиб берувчи критерий, қоидаларга қаттиқ эътибор қаратинг!
Жузъий масалани ҳам чуқур ўрганинг! Уни ўрганишда манфаатни жалб қилиш, зарар ва машаққатни даф этиш, қулайлик туғдириш, найрангларга йўл қўймаслик, жиноятларнинг олдини олиш каби шариатнинг умумий қоидаларига асосланинг!
Ҳар доим йўлингиз мана шундай чароғон бўлсин! Шунда ҳар қандай танг аҳволдан чиқиб кета оласиз. Шундай экан, шаръий далилларни пухта ўрганинг, шариатлаштириш жараёнини диққат билан кузатинг, шариатнинг мақсадларига чуқур назар ташланг! Акс ҳолда, зарур билимларни эшитиш ва англашдан қуруқ қолсангиз, вақтингиз зое кетиб, пешонангизга нодонлик тамғаси битилур.
Айнан мана шу хислат — тиришқоқлигингиз сизга билимингиз ва иқтидорингизга қараб, нозик ажрата олиш ва тўғри ўлчай билиш имконини беради. Билингки, шаръий очиқ далили бўлмаган бир янги масалага ҳукм топиб бера олган одам чин фақиҳдир.
Балоғат фанида ҳам унинг турларию бўлимларини қойиллатиб санаб берган киши эмас, балки Аллоҳнинг китобига балоғат кўзи билан назар ташлай олган ва унинг яширин нозик маъноларини илғай билган, ёзганда ҳам, гапирганда ҳам маржондек тизиб қўядиган одам чин балоғат соҳибидир.
Бошқа илмларда ҳам шу йўлни тутинг!
31. ТАЛАБИ ИЛМ ВА ТАҲСИЛ ОЛИШДА АЛЛОҲ
ТАОЛОГА ИЛТИЖО ҚИЛИШ
Қайсидир бир илм сизга муяссар бўлмаса, тушкунликка тушманг! Баъзи илмлар айрим машҳур алломаларга ҳам оғирлик қилган. Таржимаи ҳолларни ўқир экансиз, улардан айримларининг очиқ эътироф этиб ёзганларига ҳам кўзингиз тушади. Масалан, Асмаъий аруз илмида, муҳаддис Руҳовий ҳуснихатда, Ибн Салоҳ мантиқда, Абу Муслим Наҳавий сарф илмида, Суютий ҳисобда заифроқ бўлса, Абу Убайда, Муҳаммад ибн Абдулбоқий Ансорий, Абу Ҳасан Қатиий, Абу Закариё Яҳё ибн Зиёд Фарро ва Абу Ҳомид Ғаззолийлар — бешаласи наҳвни яхши ўзлаштира олмаганлар.
Азиз ўқувчим, қизиқишингиз ҳаргиз сўнмасин! Аксинча, борган сари алангаланиб бораверсин! Аллоҳга синиқ қалб билан илтижо этиб, дуо айлашни канда қилманг!
Шайхулислом Ибн Таймия Аллоҳ таолонинг китобидаги бирон оятни тафсир қилиш оғир келиб қолган пайтларда кўпинча, мана бу дуони қилардилар: «Аллоҳим, Одам ва Иброҳимга ўргатган Зот, менга ҳам ўргатгин, Сулаймонга тушуниш қобилиятини берган Зот, менга ҳам шу қобилиятни бергин!» Шу дуодан кейин очилиб кетардилар.
32. ИЛМИЙ ОМОНАТДОРЛИК
Илм толиби илм талабию таҳсилида, унга амал қилишда, бошқаларга етказишу ҳаққини адо этишда илмий омонатдорликка жуда қаттиқ эътибор қаратмоғи лозим. Илмий омонатдорлик ила шу қадар безанингки, ҳар қанча ўткир танқидчи ҳам нуқсон топа олмасин!
Зеро, умматнинг нажоти солиҳ амалга, амалнинг солиҳ бўлиши соғлом илмга, илмнинг соғлом бўлиши эса илм кишисининг ўзи қилаётган ривоятию тавсифида омонатдор бўлишига боғлиқдир. Илм омонатига бепарво бўлмоқ илмга зарба бермоқ, бинобарин, умматнинг нажот йўлига тўғаноқ бўлмоқдир.
Минг афсуски, илмлилар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар илмни олий фазилатлар ила безаниш ёки одамларга наф келтириш учун ўрганмайдилар. Бундай виждонсиз кишилар омонат нималигини билмайдилар, уялмасдан, тап тортмасдан эшитмаганини ҳам ривоят қилиб, билмаганини ҳам тавсифлаб юбораверадилар. Шу сабабдан забардаст олимлар ровийларни элакдан ўтказиб, билганинигина гапирадиганларни билмаганини ҳам вайсайверадиганлар орасидан ажратиб олиш учун анчагина тер тўкканлар, махсус асарлар битганлар. Токи, толиби илмлар ўрганаётган билимларининг қадр-қимматидан огоҳ бўлсинлар, ростни ёлғондан ажрата билсинлар, икки хил гаплар келиб қолган пайтда қай бирининг вазни оғирлигини ёки уларнинг вазнда баробарлигини англасинлар.
33. РОСТГЎЙЛИК
Ростгўйлик салобату улуғворлик, оқиллигу олийҳимматлик нишонасидир, софдиллигу самимийлик, баҳамжиҳатлигу бахтлилик кошонасидир, жамоат қувончию диёнат таянчидир. Шунинг учун ҳам у фарзи айндир. Бу фарзга бепарво бўлган одамнинг ўзи ҳам, илми ҳам шикаст топиб, ҳолига маймунлар йиғлар.
Авзоий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) шундай деган экан: «Илм олишдан олдин ростгўйликни ўрганинг!»
Вакиъ (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) шундай деган экан: «Бу ҳунарда (яъни, талаби илмда) фақат ростгўйларгина юксала олурлар».
Бас, шундай экан, барака топгур, илм олишдан олдин ростгўйликни ўрганинг!
Ростгўйлик ҳақиқатга ва эътиқодга мувофиқ тарзда сўзлашдир. Ростгўйлик йўли ягонадир. Унинг зидди ёлғоннинг эса йўлларию сўқмоқлари ҳам, турларию ранглари ҳам жуда кўп бўлиб, ҳаммаси қуйидаги уч турдан бирига дохилдир:
1. Лаганбардорнинг ёлғони. Бу ёлғон ҳақиқатга ҳам, сўзловчининг эътиқодига ҳам тўғри келмайди. Лаганбардор ўзи фосиқ ва бидъатчи деб билган одамини яхши, тўғри йўлдаги одам, дея таърифлаб, ялтоқилик қилади.
2. Мунофиқнинг ёлғони. Бу ёлғон ҳақиқатга тўғри келадию сўзловчининг эътиқодига тўғри келмайди. Мунофиқ ҳидоят топган аҳли суннанинг гапини гапирадию ўзи унга эътиқод ҳам, амал ҳам қилмайди.
3. Нодоннинг ёлғони. Бу ёлғон сўзловчининг эътиқодига тўғри келадию ҳақиқатга тўғри келмайди. Масалан, бир нодон мурид ўзининг пири — бидъатчи сўфини валий, деб тавсифлайди.
Салафларнинг кенг ва равон йўлидан — ростгўйлик йўлидан боринг! Дилингиз билан тилингиз бир бўлсин! Тилингиз, лабларингиз ва оғзингиз фақат дилингиздаги гапларга хизмат қилсин, эшитиш, кўриш, ҳидлаш, таъм билиш ва тегиниш каби сезгиларингиз нимани ҳис этса, ўшани ифодаласин! Ростгўй одам ўзи ёқтирмайдиган одамга, сизни яхши кўраман, деб айтмайди, эшитмаганини эшитдим, демайди.
Бошқаларни ҳар хил гумонлар гирдобига солиб, иродасизлик қилиб, ростгўйликни қўлдан бой бериб қўйишдан ва шу билан каззоблар рўйхатидан жой олиб қолишдан эҳтиёт бўлинг! Бунинг учун ёлғон нафсингизга хуш ёқаётганини сезган заҳотингиз унга қарши ҳужумга ўтиб, ростгўйликнинг иззат ва шарафлигини, каззобликнинг эса разолат ва тубанлик эканини ҳамда ҳар қандай ёлғоннинг миси чиқиши муқаррарлигини ёдга олиш ила уни маҳв айланг!
Аллоҳдан мадад сўранг ва бўшашманг!
Киноя қилиш бобида шариат доирасидан чиқа кўрманг!
Эй толиби илм, ростгўйликдан кинояларга, киноялардан эса ёлғончиликка ўтиб кетманг! Энг ёмони тенгдошларимдан ўтаман, шон-шуҳрат осмонида парвоз этаман, деб илмда ёлғончилик қилишдир.
Кимки ўз ҳаддини билмай, юқори мартабага, обрў-эътиборга интиладиган бўлса, билиб қўйсинки, йўлда шон-шуҳратни мисқол-мисқолигача ўлчай биладиган ўткир назарлару, қаламлар бор. Шундай қилган одам уч ноёб неъматдан жудо бўлади:
1. Одамларнинг унга бўлган ишончи йўқолади;
2. Илми кетиб, қабул қилиш барбод бўлади;
3. Тўғри гапирса ҳам гапи тасдиқланмайдиган бўлиб қолади.
Хуллас, оҳанжама гапирадиган одам сеҳргарнинг бир туридир. «Сеҳргар эса қаерда бўлмасин, зафар топмас». (20-69 Алоуддин Мансур таржимаси) Аллоҳ билгувчироқдир.
Илмни ким воситаи жоҳ этар,
Ўзинию халқини гумроҳ этар.
Олим агар жоҳ учун ўлса залил,
Илми анинг жаҳлиға бўлғай далил. (Навоий)
***
34. ТОЛИБИ ИЛМНИНГ ҚАЛҚОНИ
Олимнинг қалқони билмаганини билмайман, дея очиқ айтишдир. Шу сўзни айтишдан орланиш ва фалонфалон, деган гаплар бор қабилида сўзлаш қалқонни синдиради. Билмайман, дейиш илмнинг ярми бўлса, шундоқ дейиларди, менимча, шундай бўлса керак каби иборалар илмсизликнинг ярмидир.
35. ДАСТМОЯНГИЗНИ — ВАҚТИНГИЗНИ ТEЖАНГ!
Дам бу дамдир, ўзга дамни дам деманг! Ёшлик даври ўрганиш давридир. Шундай экан, дангасалигу такасалтангликнинг эмас, ишнинг-фаолиятнинг иттифоқдоши бўлинг! Маъносиз йиғинлару беҳуда суҳбатларнинг эмас, жўяли бир корхонанинг ходими бўлинг! Вақтни тежаш айниқса, ёшликда қунт билан ҳаракат қилиш, тинимсиз изланиш, устозлардан имкон қадар кўпроқ фойдаланиш, ўқиш, ўқитиш, ёдлаш, тафаккур қилиш, тадқиқ этиш каби ишлар билан бўлади. Ёшлик умрнинг баҳоридир, тўкилмаган оҳоридир. Олахуржун бўйнингизга илиниб, ҳаёт ташвишларига ғарқ бўлишдан олдин мана шу ноёб фурсатни — ўю хаёлни бир жойга тўплай олиш фурсатини ғанимат билиб, илм чўққиларига парвоз айланг!
Эркин қушлар парвоз этар чарх уриб,
Уйланганлар ўлтиради ўй суриб.
***
Бугунги ишни эртага қўйманг! Қолган ишга қор ёғар. Мана шу ишимни охирига етказиб олай, шу юмушимдан бўшаб олай каби тузоқларга чап беринг! Абу Таҳҳон Қайнийнинг мана бу гаплари сизда ўз тасдиғини топиб қолишидан олдин отингизни қамчиланг!
Ови сари борар овчи мисоли,
Кишанли оёқдек қадамлар майда.
Букдику қаддимни вақтнинг қаҳри,
Энди ғоз ва шахдам ул дамлар қайда?!
***
Машҳур амир Усома ибн Мунқиз шундай деган экан:
Келди эшик қоқиб мана саксон ҳам,
Белимда қувват йўқ, оёқда мадор.
Қўрқувдан титраган қўрқоқ мисоли
Ёзай десам, қўлларимда титроқ бор.
Кечагина қилич билан арслонлар
Чопган қўлим қаламни ҳам тутолмас.
Кексаликдан роҳат кутган инсонлар
Бешак билинг, кутганига етолмас.
***
Фурсатни ғанимат билиб, отингизни қамчилашингиз илм бобида олийҳимматлигингиз нишонасидир.
36. ҲОРДИҚ ЧИҚАРИШ
Дарс машаққатларидан чарчаган пайтларингизда бадиий ва маданий-маърифий адабиётлар билан дам ҳам олиб туринг. Зеро, билим бўстонининг гуллари хилма-хилдир. Мўминлар амири Али ибн Абу Толиб (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) шундай деган экан: «Ҳикматли, нуктали ҳазил-мутойибалар ила ақлга ҳам дам бериб туринглар. Зеро, ақл ҳам худди бадан каби толиқур».
Шайхулислом Ибн Таймия (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) тинимсиз нафл ибодат қилаверишдан тақиқлаш остидаги ҳикмат ҳақида шундай дейди: «Айрим пайтларда нафл ибодатлардан тийилиш уйқу ва бошқа оромлар каби ибодатдан толиққан жонни бироз дам олдиради, ҳордиғини чиқаради. Шунинг учун ҳам Муоз, мен бедорликдаги ибодатимдан ҳам, уйқумдаги ҳаловатимдан ҳам бир хил савоб умид қиламан, деган эканлар...»
Шайхулислом гапида давом этади: «Айтишларича, айрим пайтларда нафл ибодатдан қайтаришнинг ҳикматларидан бири жонга дам бериш орқали унинг намозга бўлган фаоллигини оширишдир, чунки жон тақиқланган ишга рухсат этилишидан яйрайди ва унинг дам олгандан кейинги ғайрати кучлироқ бўлади. Аллоҳ билгувчироқдир».
Шунга кўра, толибларга ҳафталик дам олишлар бериш анчадан бери кенг тарқалганди. Кўпинча, пайшанбанинг аср пайтидан бошлаб жума кунлари, айрим пайтларда душанба ва сешанба кунлари ҳам дам олиш куни, деб белгиланган. Рўза ва қурбонлик ҳайитларида ҳам бир кундан уч кунгача дам берилган.
Таълим одоблари ва сийрат китобларида, масалан, Суҳнуннинг «Одобул-муаллимин» (Муаллимлар одоби) китобида, Қобисийнинг «Ар-рисала ал-муфассала» (Муфассал рисола)сида, «Шақоиқи нуъмония»да, «Абжадул-улум»да, Тоҳир ибн Ошурнинг «Алайсас-субҳу биқорийб» (Тонг яқин эмасми) асарида, Рашид Ризонинг фатоволарида, «Муъжамул-булдон»да, шайхулислом Ибн Таймиянинг фатоволарида бунга мисоллар кўп.
37. ХАТОЛАРНИ ТУЗАТИШ ВА ЎҚИГАННИ ПУХТАЛАБ ОЛИШ УЧУН УСТОЗ ОЛДИДА ЎҚИБ ЎТКАЗИШ
Хатоларни ўнглаш ва ўқиганни пухталаш учун бир забардаст устоз олдида ёдлаганларингизни ўтказиб олишга ҳарис бўлинг. Токи, билимингиз ҳарфлар ва сўзлар талаффузидаги нуқсондан, турли хатолар ва мавҳумликдан тозалансин.
Олимларнинг, хусусан, ҳофизларнинг таржимаи ҳолларига назар ташласангиз, уларнинг аксарияти катта-катта китобларни бир неча ўтиришларда, бир неча кунларда бир ўткир устоз олдида ўқиб ўтказиб, билимларини пухталаб, хатоларини ўнглаб олганларининг гувоҳи бўласиз.
Масалан, ҳофиз Ибн Ҳажар (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) «Саҳиҳи Бухорий»ни ўн ўтиришда ўқиб ўтказган. Ҳар бир ўтириш ўн соатдан бўлган. «Саҳиҳи Муслим»ни тўрт ўтиришда тахминан икки ярим кунда ўқиб ўтказган. Якуни 813 ҳижрийнинг арафа кунига — жума кунига тўғри келган. «Сунани Ибн Можа»ни тўрт ўтиришда, «Муъжами Табароний ас-сағир»ни бир ўтиришда пешин билан аср орасида ўқиб ўтказган.
У кишининг устози Ферузободий Дамашқда «Саҳиҳи Муслим»ни устози Ибн Жаҳбалга уч кунда ўқиб ўтказганлар. Хатиб Бағдодий, Муътаман Сожий, Ибн Аббор ва бошқаларнинг бу борада ажойиб ва ғаройиб ишлари борки, уларни айтиб ўтишнинг ҳозир мавриди эмас. Уларни Заҳабийнинг «Сияр»и, Субкийнинг «Табақоти шофиийя»си, Саховийнинг «Жавоҳир ва дурар»и, «Фатҳул муғис», «Шазароти заҳаб», «Хулосати асар» каби китоблар ҳамда Каттонийнинг «Фиҳрисул-фаҳорис»идан ва «Тожи арус» асарларидан топишингиз мумкин.
Бу борадаги ўзингизнинг насибангизни ҳам унутманг!
38. КАТТА КИТОБЛАРНИ БИР ҚАТОР ЎҚИБ ЧИҚИШ
Катта китобларни бир қатор ўқиб чиқиш ўта муҳимдир. Бу билан толибнинг идрок ва маърифат майдони кенгаяди. Яширин маънолар ва бетакрор нукталардан баҳраманд бўлади. Тадқиқ қилиниши керак бўлган ўринлардан хабар топиб, тажрибаси ортади. Ёзувчиларнинг ёзиш услублари ва қўллаган истилоҳлари билан танишади.
Олдингилар айниқса, узоқ муддатда ўқиладиган китобларининг қайси жойига келганларини белгилаб, «шу ерига келдим», деб ёзиб борганлар. Биронта ҳам гапни ўқимасдан ўтказиб юбормаслик учун шундай қилганлар.
39. ОДОБ БИЛАН САВОЛ БEРИШ
Мунозара қоидаларига риоя этиб, одоб билан савол беринг ва жавобни тўғри тушунинг. Фалон устоз менга бундоқ деган эди-ку, дея кўрманг. Акс ҳолда, одобни бузасиз ва аҳли илмларни бир-бирлари билан уриштириб қўясиз. Бундай ишлардан ҳазар қилинг!
Сўрамасликнинг иложи бўлмай қолса, мана бу фатвога қандай қарайсиз, дея очиқ гапиринг, бошқаларнинг номини тилга олманг.
Ибн Қаййим (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) шундай деган экан: «Олимнинг ҳузурида ўтирганингизда мот қилиш учун эмас, ўрганиш учун савол беринг». Бу гаплар ҳам ўша кишидан:
«Илмнинг олти босқичи бор:
1. Одоб билан савол бериш;
2. Одоб билан қулоқ солиш;
3. Одоб билан тушуниш;
4. Ёдлаб олиш;
5. Бошқаларга ўргатиш;
6. Амал қилиш ва ҳадларига риоя этиш, бир сўз билан айтганда илмнинг самараси». Шундан кейин устоз ўзларининг бир муҳим тадқиқотларида бу гапларнинг шарҳига киришганлар.
40. ЖАНЖАЛСИЗ МУНОЗАРА
Ҳақни юзага чиқариш мақсадида қилинган мунозара неъмат бўлса, жанжалга айланиб кетадиган мунозара офатдир. Зеро, моҳиятан мунозарадан мақсад ҳақни ноҳақдан, салмоқли гапни вазнсиз сўзлардан ажратиб олишдир. Шунга кўра, у холислик, ҳалимлик ва илм тарқатишга асосланмоғи лозим. Жанжалга айланиб кетадиган суҳбатлару мунозаралар эса риёкорлигу хатокорлик, ўжарлигу мутакаббирлик, жанжалкашлигу шаллақилик, манманлигу каттазанглик, мот қилишга уринишу аҳмоқларга тенглашишдан бошқа нарса эмасдирки, зинҳор-базинҳор унга яқинлаша кўрманг! Акс ҳолда, бировнинг обрўсини тўкишдек оғир гуноҳга ботурсиз. Ундан юз ўгирсангиз, шу гуноҳдан саломат бўлурсиз.
41. БИЛГАНЛАРИНГИЗНИ ЭСЛАБ, ТАКРОРЛАБ ЮРИНГ!
Билганларингизни ақл кўзи очиқлар билан биргаликда бот-бот такрорлаб, ёдга олиб, музокаралар қилиб туринг. Бу нарса гоҳида мустақил ўқигандан кўра фойдалироқ бўлади, зеҳнни чархлаб, хотирани мустаҳкамлайди. Музокара асносида инсофли ва мулойим бўлинг, тажовузкор ва бақироқ бўлманг, ҳар бир гапингизни ўйлаб гапиринг. Эҳтиёт бўлинг, музокараларда ёлғончининг миси чиқади.
Зеҳни паст чаласавод билан музокара қилиш илмдан безишга олиб борувчи бир дарддир.
Хаёлан ўзингиз билан ўзингиз музокара қилишингиз эса ажралмас ҳамроҳингиз бўлсин!
Илмнинг жонлилиги, яшовчанлиги уни такрорлаб туришдадир, деб бежиз айтилмаган.
42. ТОЛИБИ ИЛМ ҚУРЪОН ВА СУННАТ ҲАМДА УЛАРГА АЛОҚАДОР ИЛМЛАР ҚУЧОҒИДА ЯШАЙДИ
Қуръон ва суннат толибнинг икки қанотидир. Эҳтиёт бўлинг! Қанотингизни қайириб олманг тағин!
43. ҲАР БИР ФАННИНГ ҲАММА БЎЛИМЛАРИНИ МУКАММАЛ ЎЗЛАШТИРИНГ!
Модомики, бирор фанни ҳамма қисмлари билан бирга мукаммал ўзлаштирмас экансиз, то туя игнанинг тешигидан ўтмагунича моҳир толиби илм бўлолмайсиз. (туянинг думи ерга текканда моҳир толиби илм бўласиз) Масалан, фиқҳда фиқҳни ҳам, усули фиқҳни ҳам, ҳадис илмида эса ривояни ҳам, дирояни ҳам тўла ўзлаштиринг! Шундай қилолмасангиз, ўзингизни уринтирмай қўя қолинг!
Аллоҳ таоло айтади: «Биз Китоб (яъни, Таврот, Инжил) ато этган зотлар (орасида) уни тўғри тиловат қиладиган кишилар (ҳам бор)дир...» (2-121, Алоуддин Мансур таржимаси)
Бу оятдан толибнинг ҳар бир илмни мукаммал ўзлаштириши лозимлиги англашилади.
ОЛТИНЧИ БЎЛИМ
АМАЛ БИЛАН БEЗАНИШ
44. ФОЙДАЛИ ИЛМНИНГ АЙРИМ БEЛГИЛАРИ
Қани, ўзингизни бир сарҳисоб қилиб кўрингчи, фойдали илм белгиларидан қай бири сизда мужассам экан. Улар:
1. Илмга амал қилиш;
2. Мақтанчоқлик, керилиш ва мутакаббирликни ёқтирмаслик;
3. Илм ортгани сайин тавозеънинг ҳам ортиб бориши;
4. Мансаб, шуҳрат ва дунё муҳаббатидан қочиш;
5. Бошқалар хусусида яхши гумонда бўлиб, айбни ўзидан ахтариш ва шу билан ғийбат балчиғидан покланиш.
Абдуллоҳ ибн Муборак салафларнинг хулқлари ҳақида гап очилиб қолса, мана бу шеърни ўқирдилар:
Бизни қўй улуғлар эслангани чоғ,
Оқсоқлар қайдаю қайда юрар соғ.
(Айтишларича, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг саҳобалардан фарқи Пайғамбар алайҳиссаломни кўрмагани бўлган, холос, дейишар экан. Изоҳ таржимондан)
45. ИЛМ ЗАКОТИ
Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ва ҳар амалда фойда-зарар миқдорини ҳисобга олиб, ҳикмат билан иш юритиш, бошга қилич келганда ҳам ҳақни гапириш, илмни тарқатиш, одамларга яхшиликни соғиниш ҳамда обрў-эътиборни ҳақиқат ва эзгулик йўлида мусибатга йўлиққанларни шафоат қилишга сарфлаш каби олийжанобликлар ила илм закотини адо этинг!
Абу Ҳурайра (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ривоят қилишича, Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Инсон вафот этгач, унинг амали якун топиб, фақат уч жиҳатдан давом этаверади:
1. Садақаи жория — давомли садақа (Садақа қилувчининг вафотидан кейин ҳам фойдаланиладиган садақа. Масжид, мадраса, кўприк қуриш каби);
2. Фойдаланиладиган илм (шогирд, китоб каби);
3. Унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд».
Бу ҳадисни Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар.
Аҳли илмлардан бири шундай деган экан:
Бу уч жиҳат илмини сарфлайдиган олимдагина жамланади:
1. Илмини сарфлаши садақа;
2. Айни пайтда у фойдаланиладиган илм;
3. Илм олувчилар олимнинг фарзандидек гап.
Шундай экан, бу безакка ҳарис бўлинг! Зеро, у илмингизнинг бош самарасидир.
Илмнинг шарафи шундаки, у сарфланилгани сари кўпайиб, қизғанилгани сайин камайиб боради. Илмнинг офати уни яширишдир.
Замоннинг бузилгани, фосиқларнинг зўрлиги ва насиҳат кучининг йўқолиб бораётгани каби баҳоналар илм ҳаққини адо этиш ва уни одамларга етказиш вазифасини бажаришдаги ғайратингизни сўндириб қўймасин. Акс ҳолда, фосиқларга олтин тоғ ҳадя этиб, уларнинг фазилатга қарши чиқиб, разолат байроғини баланд кўтаришларига ҳисса қўшган бўлиб қолурсиз.
46. ОЛИМЛАР ИЗЗАТИ
Олимлар иззати ила безаниш илмни улуғлаш, муҳофаза этиш ва шон-шарафини ҳимоя қилиш билан бўлади. Бу борада қанчалик тер тўксангиз, шунчалик фойда кўрасиз ва шунчалик амал қилишга муяссар бўласиз. Қанчалик бепарво бўлсангиз, шунчалик ютқазасиз. Азиз ва Ҳаким Аллоҳнинг мададисиз ҳеч бир куч-қудрат йўқдир.
Шунга кўра, ўта эҳтиёт бўлинг! Катталарнинг ўйинчоғию овсарларнинг овунчоғига айланиб, муфтийлигу қозиликда, тадқиқоту мурожаатда юмшоқ супурги бўлиб қолманг тағин!
Илм билан бойлар олдига чопманг, остоналарида сарғайиб турманг! Илмни илм аҳлига беринг, ҳар қанча юқори мартабали бўлса ҳам бегонага бера кўрманг!
Ўтган пешволарнинг сийратлари ва таржимаи ҳолларини ўқиб, ўз кўзингиз ва қалб кўзингиз нурини кучайтиринг. Улар мана шу ҳимоя йўлида жонларини фидо қилгандилар. Айниқса, Муҳаммад Сулаймоннинг «Ахлоқул-уламо»си, Абдулазиз Бадрийнинг «Ал-ислому байнал уламои вал ҳуккоми» китоби, Форуқ Сомурроийнинг «Маноҳижул уламои филамри билмаъруфи ваннаҳйи анил мункари» асари диққатга сазовордир. Аллоҳ ҳаммаларини ғариқи раҳмат айласин.
«Иззатул уламо» китобида булардан ҳам кўпроқ маълумотлардан баҳраманд бўласиз, деб умид қиламан. Аллоҳ бу китобнинг ниҳояланиши ва чоп этилишини насиб этсин.
392 ҳижрийда вафот этган Али ибн Абдулазиз Журжонийнинг таржимаи ҳолига оид бир қанча асарларда келишича, олимлар ўзларининг ўқувчиларига унинг қасидасини ёдлатар эдилар.
Қасиданинг матлаи қуйидагича:
«Нечун» — дерлар, — «ўзинг тортдинг улусдин?»
Дедим: Хорли ўриндан ўзни кесдим...
Кўрарман: ким яқин борса, ўшал хор,
Гар истиғно этар, иззат анга ёр.
Агар олим илмни айлар иззат,
Илм келтургуси албатта ҳурмат”.
***
47. ИЛМНИ АСРАБ АВАЙЛАНГ!
Бирон бир мансабга эришсангиз, унутмангки, толиби илм бўлганингиз шарофатидан эришгансиз. Аввало, Аллоҳнинг фазли, қолаверса, илм сабабли ўқитувчилик, муфтийлик ёки қозилик соҳасидаги бирон бир раҳбарликка ноил бўласиз. Шундай экан, илмнинг қадрига етинг, ҳурматини жойига қўйинг, амал ила уни асраб авайланг!
Шундай нусхалар борки, уларни Аллоҳнинг салобати босмайди, дарду фикри мансабини ушлаб қолиш бўлиб, қулоқларини кар, тилларини соқов қилиб, лаганбардорлик ва ялтоқилик ботқоғига ботадилар. Бундайларнинг ўзларидан ҳам, тутган йўлларидан ҳам ҳазар қилинг!
Аллоҳ сизга раҳм қилсин, қадрингизни билинг, динингиз, илмингиз ва шарафингизни ҳикмат, изланиш ва гўзал сиёсат ила ҳимоя қилинг! «Аллоҳнинг риоясини қилинг, У Зот ҳам сизнинг риоянгизни қилур». «Кенглик чоғида Аллоҳнинг риоясини қилинг, танглик пайтида У Зот сизнинг риоянгизни қилур».
Илм ҳимояси йўлида мансабингиздан айрилиб қолсангиз, парво қилманг. Зеро, аввало, мансаб қачондир барибир қўлдан кетади, қолаверса, бу иш қадрингизни ерга урмайди, аксинча, кўкка кўтаради.
Ажабо, айрим бетавфиқлар нафақага чиққанларидан кейин Аллоҳга қайтиб, шариатга амал қила бошлайдилар. Гарчи уларнинг тавбаси шаръий бўлса-да, дини кампирлар динидан фарқ қилмайди. Зеро, ундан одамларга ҳеч қандай наф йўқ. Улар мансаб курсисида ўтириб, тили ўтиб, қиличи кесиб турган кезларида бузғунчию зараркунанда ёки энг камида соқов ва бағритош бўлганлар.
Аллоҳ бетавфиқликдан паноҳ берсин!
48. МУРОСА БОШҚА, ЛАГАНБАРДОРЛИК БОШҚА
Лаганбардорлик тубанликдир. Муроса эса ундай эмас. Уларни аралаштириб юборманг. Лаганбардорлик сизни тўппа-тўғри мунофиқлик қўрасига олиб бориб қамайди. Қайси бир муомалада динингизга шикаст етган бўлса, билингки, у лаганбардорликдир.
49. КИТОБ ШАЙДОСИ БЎЛИНГ!
Илм қувватдур. Инсон учун сув ва ҳаводек зарур. Илм иззатдур. Инсон қадр-қиммати у билан ўлчанур. Илм лаззатдур. Эгаллаганингиз сайин қувончингиз ортиб борур. Шунинг учун толиби илмлар илм олишга ва сара китобларни йиғишга шайдо бўлганлар. Бу ҳақда бир-биридан мароқли узундан-узоқ қиссалар бор. «Хабарул китоб»дан анча фойдали маълумотларни топасиз. Аллоҳ бу китобни охирига етказиш ва чоп қилишни насиб этсин.
Шунга кўра, асл китобларни тўпланг. Шуни билиб қўйингки, бир китобнинг ўрнини бошқаси боса олмас. Одамни чалғитадиган, йўлдан урадиган хашаки китобларга кутубхонангиздан жой бера кўрманг. Айниқса, бидъатчиларнинг китобларидан эҳтиёт бўлинг. Зеро, улар заҳарнинг ўзидир.
50. КИТОБ ЖАВОНИНГИЗ САРА КИТОБЛАР
ИЛА БEЗАНСИН!
Далил келтириш, ҳукмларнинг сабабларини ўрганиш ва масалаларнинг яширин сирларигача шўнғиб кириш тариқатига асосланган китобларга ўч бўлинг. Бундай китобларнинг энг аълоси шайхулислом Ибн Таймия ва шогирдлари Ибн Қаййим Жавзияларнинг китобларидир. Аллоҳ уларни ғариқи раҳмат айласин.
51. КИТОБГА МУНОСАБАТ
Бир китобдан то муаллифи қўллайдиган истилоҳлар билан танишмай туриб, фойдалана кўрманг. Бу нарса кўпинча китобнинг муқаддимасида айтиб ўтилади. Шунинг учун китоб ўқишни муқаддимасидан бошланг.
52. КИТОБГА МУНОСАБАТ – 2
Қўлингизга тушган бирон китобни бир сидра ўқиб чиқиб ёки энг камида муқаддимаси, мундарижаси ва айрим ўринлари билан танишганингиздан кейингина китоб жавонингизга қўйинг. Акс ҳолда, унинг бутун умрингиз мобайнида ҳам ўқилмасдан китоб жавонингизда қолиб кетиши эҳтимолдан узоқ эмас.
53. ЁЗУВИНГИЗНИ ЖОНЛАНТИРИНГ
Ёзув тилидаги тугунни ечиб, унга жон беринг. Бунинг учун қуйидаги ишларни бажаринг:
Ёзувингиз очиқ-равшан бўлсин;
Имло қоидаларига риоя қилинг;
Нуқта қўйилиши керак бўлган жойга қўйинг, қўйилмаслиги керак бўлган жойга қўйманг;
Чигал ўринларга ҳаракат (замма, фатҳа, касра) қўйинг;
Оят, ҳадисдан бошқа жумлаларда тиниш белгиларини қўйиб боринг.
Имло ҳақида анчагина дарсликлар битилган. Уларнинг энг эътиборлилари Ҳусайн Волийнинг «Имло китоби», Абдуссалом Муҳаммад Ҳоруннинг «Қоваидул имло» ва Ҳошимийнинг «Ал-муфрад ал-алам» асарларидир. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин.
ЕТТИНЧИ БЎЛИМ
ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
54. ХАЁЛПАРАСТЛИК, ХОМХАЁЛЛИК
Хаёлпарастликдан, хомхаёлликдан эҳтиёт бўлинг! Билмаган нарсангизни биламан, қилолмайдиган ишингизни қила оламан, дея кўрманг! Акс ҳолда, сиз билан илм орасида қалин девор пайдо бўлур.
55. БИР ҚАРИЧ БЎЛИБ ҚОЛМАНГ!
Айтишларича, илм уч қаричдир. Биринчи қаричга етган одам мутакаббир, иккинчи қаричга етган одам эса мутавозеъ бўлиб, учинчи қаричга етган одам ўзининг билмаслигини англайди.
56. ТЎРГА ЛОЙИҚ БЎЛМАЙ ТУРИБ ЎТА КЎРМАНГ!
Тўрга ўтишнинг ўз ўрни ва ўз вақти бор. Ўрни келмай, вақти етмай туриб, унга муносиб бўлмасдан олдин тўрга ўта кўрманг! Зеро, бу нарса илмнинг ҳам, амалнинг ҳам офатидир. Тентак тўрини бермас, деб бежиз айтилмаган.
Ўрни келмай ўтмоқ уйнинг тўрига,
Илинмоқдир манфур хорлик тўрига.[16]
57. ШEРЛИК ҚИЛА КЎРМАНГ!
Битта-иккита масалани билиб олиб, ўзини кўрсатиш учун ҳамма жойда ўшани такрорлайверадиган ва шу билан ўзининг обрўпарастлик чанқоғини бироз қондириб юрадиган қуруқлар бўлади. Бу билан улар одамларга ўзларининг кимлигини танитиб, баттар шарманда бўладилар. Нақадар тубанлик! Шундай кимсалардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинг! Бундай нусхалар хусусида «Таолум» китобида тўхталиб ўтганман. Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
58. ҚОҒОЗ ҚОРАЛАШ
Ёзишда саккизта мақсаддан бири кўзланади. Улардан бирортаси ҳам бўлмаса, қоғоз қоралашнинг ҳам маъноси бўлмайди. Устозларингиз қўлида пишиб-етилиб, ёзувчилик талабларига жавоб бера оладиган даражага кўтарилмай туриб, ёзишга шошилманг. Акс ҳолда шармандаликка юз тутасиз. Мавзуни тўла ўрганиб, қайта-қайта тадқиқ этиб, катта китобларни бир сидра кўриб чиқиб, мухтасарларни эса ёдлаб, ёзиш талабларига жавоб бера оладиган даражага етгандан кейин қоғоз қоралашга киришиш улуғларнинг ва фозилларнинг ишидир. Хатиб Бағдодийнинг мана бу гапини унутманг: «Асар ёзибдими, демак, ўзининг ақлини бир идишга солиб, одамларга намойиш қилибди».
59. ЎТГАН ОЛИМЛАРНИНГ ХАТОЛАРИГА МУНОСАБАТ
Бирон олимнинг хатосини кўриб қолсангиз, унинг хатосини топганингиздан эмас, бир хатони тузатиш савобига ноил бўлганингиздан хурсанд бўлинг. Айниқса, кўп китоб ёзган пешво олимлар орасида хато қилмагани деярли топилмайди. Бир хатони топиб олиб, айюҳаннос солиб, олимни камситмоқчи бўлганлар «тумовни тузатаман, деб моховга айлантирган» сохта табиб қабилидаги «олимчалар»дир. Тўғри, илму фазл уммонида сузаётган пешвонинг ҳам хатосига танбеҳ берилади. Лекин бунинг учун айюҳаннос солиш, уни камситишга уриниш ва бу билан ўзига ўхшаганларни йўлдан уриш асло тўғри эмас.
60. ШУБҲАЛАРНИ ҚУВИБ СОЛИНГ
Қалбингиз ҳар нарсани ўзига шимиб олаверадиган босмага ўхшаб қолмасин. Ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам шубҳага соладиган гапларга, хаёлларга яқин йўламанг. Зеро, шубҳалар ҳужумкордир, қалблар эса заифдир. Энг кўп шубҳага соладиганлар дўзах ўтинини ташувчи бидъатчилардир.
61. ТЎҒРИ ЁЗИНГ ВА ТЎҒРИ ТАЛАФФУЗ ҚИЛИНГ!
Ёзмада ҳам, оғзакида ҳам ҳарф ва товушларни бузманг, жароҳатламанг! Зеро, ёзув ва талаффузнинг соғломлигида улуғворлигу софлик шавқи бор, бешикаст сўзларнинг гўзал маъноларидан воқифлик завқи бор. Ривоят қилинишича, Умар (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) шундай деган экан: «Араб тилини ўрганинглар. Зеро, у одамга кўрк берур». Хабарларда келишича, айрим салафлар болаларини нотўғри талаффузи учун ҳатто урар эканлар. Хаттобий Раҳабийдан ривоят қилади: «Бир биродаримнинг: «Бир бузиб ёзадиган ёзса, кейин ундан яна бир бузиб ёзадиган кўчириб ёзса, ҳадис форсчага айланиб кетади», деганини эшитгандим».
Мубаррид айтади:
Сўзинг созлаб, ўзинг марди жавон эт,
Ки наҳв ила дудуқ тилни равон эт.
Агар истар эсанг олий билимни,
Дегил: ўнглаб олай лафзим-тилимни.
Қосим ибн Мухаймиранинг: «Наҳвни ўрганиш банд бўлишу вақтни зое кетказишдан бошқа нарса эмас», деган гапларига қўшилманг. Бишр Ҳофийнинг гаплари ҳам сизни чалғитмасин. У кишига, наҳвни ўрганинг, дейилганида, адашайми, деб жавоб бергандилар. Мана буниси дарс асносидаги гаплари:
«Устоз: Масалан, Зайд Амирни урди.
Бишр Ҳофий: Биродар, нима учун урди?
Устоз: Абу Наср, ҳеч ким ҳеч кимни ургани йўқ. Бу шунчаки бир мисол, холос.
Бишр Ҳофий: Бу илм бошиданоқ ёлғон сўзлар экан, менга бундай билимнинг кераги йўқ».
Аллоҳ уларни раҳмат қилсин! Бу икки хабарни Хатиб Бағдодий «Иқтизоу ал-илми ал-амала», «Илмнинг амални тақозо қилиши» номли асарида ривоят қилган.
62. ФИКР МEВАСИНИ ХОМ УЗМАНГ!
Ақл бир дарахт бўлса, фикр унинг мевасидир ва тил воситасида истеъмолчига етказилур. Бу мевани пишмасидан олдин уза кўрманг. Акс ҳолда бозорингиз касодга учраб, хонавайрон бўлурсиз.
63. ЯНГИЧА ИСРОИЛИЁТ
Яҳудий ва насроний шарқшунослар томонидан отилаётган заҳар — янгича исроилиётдан эҳтиёт бўлинг. Ҳозирги исроилийёт қадимги исроилиётдан ҳам хатарлироқ балодир. Қадимги исроилиётни ва унга нисбатан қандай мавқифда бўлишни Пайғамбар алайҳиссалом очиқ-равшан айтиб ўтганлар, кейинги олимлар ҳам уни етарлича баён қилганлар. Маданий инқилоб, дунёнинг яхлитлашуви ва исломий тараққиётнинг бўғилиши ортидан исломий тафаккурга сизиб кирган янгича исроилиёт эса вабою офатдан, балою кулфатдан бошқа нарса эмас. Надоматлар бўлсинким, бир гуруҳ мусулмонлар уни сезмасдан мудраб ётган бўлса, бошқа бир гуруҳи унга ён бериб қўя қолдилар. Сиз ҳам ўшалар каби бу чоҳга қулашдан эҳтиёт бўлинг!
Бу офатдан мусулмонларни Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
64. ВИЗАНТЧА ТОРТИШУВДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Бефойда, майда тортишувдан узоқ бўлинг. Византияликлар душман юрт остонасига келиб қолганда ҳам фаришталарнинг жинси ҳақида мунозара қилардилар. Шу билан душман уларни осонгина босиб олганди. Майда тортишув йўлдан чалғитади. Салафлар ҳадеб талашиб-тортишаверишдан тийилганлар. Зеро, бу иш тақводаги нуқсон нишонасидир. Ҳасан Басрий одамларнинг талашиб-тортишаётганларини кўриб, шундай деган экан: «Анавилар ибодатдан эриниб, (сўзнинг ҳурматини жойига қўймасдан) гапиришни енгил санадилар. Натижада тақволари сусайиб, гапдан бошлари чиқмайдиган бўлиб қолдилар».
Бу хабарни имом Аҳмад «Зуҳд»да ва Абу Нуайм «Ҳиля»да ривоят қилганлар.
65. АҲЛИ ИСЛОМНИНГ ИСЛОМДАН БОШҚА
БEЛГИСИ ЙЎҚ
Мусулмоннинг дўстлиги ҳам, душманлиги ҳам Исломга асосланади. Яъни, у бор дўстлигини Исломга, бор душманлигини эса Ислом ёвларига қаратади. Исломда бошқа дўстлик ва душманликка асос бўладиган ҳеч қандай тоифачилик ва гуруҳбозлик йўқ.
Бас, шундай экан, эй толиби илм, Аллоҳ илмингизга барака берсин, илму амал талабида ҳам, Аллоҳ таолога даъват этишда ҳам салафлар йўлидан боринг!
Турли жамоаларга кириб, кенг йўлингизни торайтириб олманг! Ислом бутунича сизнинг кенг ва равон йўлингиздир. Ҳамма мусулмонлар сизнинг жамоангиздир. Аллоҳнинг қўли жамоа билан биргадир. Исломда ҳеч қандай тоифачилик ва гуруҳбозлик йўқдир.
Аллоҳ сизни парчаланиб кетишдан, турли фирқалару тоифалар, мазҳаблару гуруҳлар талашадиган бир ўлжага айланиб қолишдан асрасин! Шулардан бирортасини дўстлик ва душманликка асос қилиб олишдан паноҳ берсин!
Кенг ва равон йўлдан борадиган, Пайғамбар алайҳиссалом изларидан оғишмайдиган, суннатларига эргашадиган, Аллоҳга онгли тарзда даъват этадиган, фазилат аҳлининг фазилатини тан оладиган, қилган меҳнатларини қадрлайдиган толиб бўлинг!
Янги чиққан гуруҳлару оқимлар салафларда бўлмаган. Улар илмдан тўсадиган офатдир, жамоани парчалайдиган кулфатдир. Улар туфайли Ислом бирлиги қанчалар заифлашди, мусулмонлар бошига кулфатлар етди.
Аллоҳ сизга раҳм қилсин, кимлиги билиниб, ёмонлиги отнинг қашқасидек кўриниб қолган гуруҳлару тоифалардан эҳтиёт бўлинг! Улар лойқа сувни тўплаб, кейин яна бекорга оқизиб юборадиган тарновга ўхшайдилар. Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар изидан борганларгина бу офатдан нажот топурлар.
Ибн Қаййим (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) ҳақиқий бандалик қилувчиларнинг белгилари ҳақида гапириб, жумладан шундай деган экан: «Иккинчи белги уларнинг ўз номлари бўлмаганидир. Яъни, улар бирон ном билан танилмаганлар. Одамлар уларни бирон ном билан бошқалардан ажратиб олмаганлар. Бундан ташқари улар муайян бир амал билан чекланиб, шу амалнинг номи билан машҳур бўлмаганлар. Зеро, бу иш бандалик офатидир, чекланган, кемтик бандаликдир.
Чекланмаган, тўкис бандалик қилувчи эса муайян бир исм билан номланмас, бандаликнинг ҳамма тармоқларига лаббай, дея жавоб берур ва ўз ҳиссасини қўшур. Расм-русумлару турли исмларга, шакл-шамойилу белгиларга, сохта, ясама тариқатга боғланиб қолмас. Савол сўралса, унинг жавоби қуйидагича бўлур:
— Устозинг ким?
— Пайғамбардур.
— Тариқатингчи?
— Эргашмоқдур.
— Либосинг недур?
— Тақводур.
— Мазҳабингчи?
— Суннатни ҳакам этмоқдур.
— Мақсаду матлабинг недур?
— Парвардигорининг Юзини — розилигини истарлар. (Каҳф - 28)
— Борар жойинг, хонақоҳинг қаердур?
— Бир уйлар (масжидлар)ки, Оллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. У (масжидларда) эрта-ю кеч У Зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Оллоҳни зикр қилишдан, намозни нўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас...(Нур - 36, 37)
— Насабинг недур?
— Ани Қайсу Тамимидин дили тўқ,
Мани Исломдин ўзга ҳеч отам йўқ.
— Еб-ичишинг, озуқанг недур?
— У билан сенинг нима ишинг бор? Поябзалию сув идиши ўзи билан бирга бўлса. То эгасининг олдига боргунича сув ичиб, дарахтлардан озуқаланиб юраверади-да. (Ҳадисдан)
Во дариғо, ўтди умрим беқарор,
Нотавонлиғ ҳамда танбалликда хор.
Яхшилар олиб нажот йўлин бу дам,
Дилда таскин бирла қўйдилар қадам.
Ибн Қаййим (Ҳаравийнинг ушбу) (Улар қаерда бўлмасинлар, Аллоҳнинг захираларидир) сўзини шарҳлаб шундай дейди: Подшоҳнинг захиралари яшириб қўйилади. Энг керакли жойигагина ишлатилади. Тўғри келган ишга сарфланавермайди. Оддий инсонниг захираси ҳам шундай. Энг керакли эҳтиёжига ишлатилади. Хўш, нима учун уларни захиралар, деб аталди? Чунки улар одамлардан панада юрадилар, донг таратмайдилар, аллақандай расм-русумлар, тариқату мазҳаблар, пиру либослар билан бошқалардан ажралиб турмайдилар. Улар бошқалардан кўра кўпроқ офатлардан офият топадилар. Зеро, офатларнинг ҳаммаси расм-русумлару уларга боғланиб қолиш, тўқима тариқатлару уларга риоя қилиш, янги чиққан қонун-қоидалару уларга бўйсунишлардан таралади. Бу ишларга берилганларнинг аксарияти ўзлари сезмаган ҳолларида Аллоҳдан узилиб қоладилар.
Энг ажабланарли жойи шундаки, айнан мана шулар Аллоҳни истаётган, Аллоҳни хоҳлаётган, Аллоҳ сари бораётган одамлар бўлиб таниладилар. Ҳолбуки, улар, бир-иккисини истисно қилмаганда, ана шу расм-русумлару урф-одатлар билан Аллоҳдан йироқлашиб бораётган бўладилар. Бир пешводан аҳли сунна ҳақида сўраганларида, уларнинг «суннат»дан бошқа номлари йўқ, деб жавоб берган экан. Яъни, аҳли сунна ўзларигагина мансуб бўлган ва бошқалардан ажратиб турадиган бир номга эга эмаслар. Одамлар орасида қандайдир бир либосга боғланиб, ундан бошқасини киймайдиган, бирон жойга боғланиб, ундан бошқа жойда ўтирмайдиган, қадам ташлашию ташқи қиёфасида ҳам бошқаларга ўхшамайдиган, муайян бир ибодат билан чекланиб, ҳатто олийроқ бўлса ҳам бошқасини қилмайдиган, бир устозга боғланиб, Аллоҳ ва росулига яқинроқ бўлса ҳам бошқасини тан олмайдиган кимсалар бор. Мана шу расм-русумлару урф-одатлар, қонун-қоидалару турли хил атамалар уларни Аллоҳнинг ризосига эришишдек олий мақсаддан чалғитади, йўлларига тўғаноқ бўлади, қўлларига кишан солади. Шу билан улар йўлдан адашиб, ўтлаб кетадилар. Қарабсизки, риёзат, хилватнишинлик, қалбни бўшатиш каби ишларга берилиб кетадилар-да, илмни йўлдан урувчи, чалғитувчи тўсиқ, деб биладилар. Аллоҳ учун дўст бўлиш ва Аллоҳ учун душман бўлиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш каби ишларга эса ортиқча ва зарарли, деб қарайдилар. Шу ишларни қилаётган одамларни кўриб қолсалар, унга ёв қараш қилиб, дарҳол ораларидан чиқариб ташлайдилар. Улар ҳар қанча маълум ва машҳур бўлмасинлар, Аллоҳдан энг узоқ бўлган одамлардир. Аллоҳ билгувчироқдир.
66. «БEЗАК» КУШАНДАЛАРИ
Азиз биродар, Аллоҳ сизни ҳам, бизни ҳам тойиб кетишлардан асрасин! Мана сизга толиби илмнинг безаги ва одобларидан бир қанча лавҳалар тақдим этилди. Унинг офатлари хусусида ҳам бироз тўхталиб ўтилди. Шуни ҳам билингки, бу безаклардан тузилган маржон ипини узиб, доналарини сочиб юборадиган энг ёмон кушандалар қуйидагилардир:
1. Сирни фош этиш;
2. Гап ташиш, чақимчилик қилиш;
3. Шаллақилик;
4. Меъёрдан ортиқ ҳазил;
5. Суҳбатга ноўрин бурун суқиш;
6. Гина-кудурат;
7. Ҳасад;
8. Бадгумонлик;
9. Бидъатчилар билан ҳамтовоқ бўлиш;
10. Ҳаром ишларга қадам ташлаш.
Гуноҳлардан тийилинг, ҳаром ишлардан қўлингизни, қадамингизни тортинг! Акс ҳолда, дину диёнатингиз заифлашиб, вазнингиз енгиллашиб, салобатингиз кетиб, ғаламис ғийбатчига ва чурвақа чақимчига айланиб қоласиз. Кейин толиби илм бўлишдек олий шарафни, илму амал неъматига ноил бўлишдек буюк бахтни тушингизда ҳам кўрмайсиз.
Аллоҳ одимларимизни ўнгласин, ҳаммага тақво ато этсин, барчамизни дунёю охиратдаги гўзал хотима ила сийласин!
Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммадни ҳамда у кишининг оилаларию саҳобаларини раҳмат айлаб, уларга салоту салом йўлласин!
Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд 1408/10/25
[1] Таолум — илм эгалламай туриб олимлик даъвосини қилиш.
[2] Йиғичи — мотамларда йиғлаб бериш учун ёлланган аёл, гўянда.
[3] Араб тилидаги “жодда” сўзи “кенг ва равон йўл”, деб таржима қилинди. Аслида бу сўз салафлар қўллайдиган истилоҳ бўлиб, ундан ҳаётнинг ҳамма жабҳасида амал қилинадиган бир қолип-тутум, жумладан, толиби илмнинг илм чўққиларига мунтазам равишда босқичма-босқич юқорилаб бориши назарда тутилган. Босқичларнинг ҳар бири учун алоҳида муайян китоблар-дарсликлар белгиланган бўлиб, ўқувчи улардан тартиб билан олдинма-кейин таҳсил олиши лозим бўлган.
[4] Илми калом — Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигини, пайғамбарлар ҳақлигини ақлий далиллар (сабаблар ва натижалар) орқали ўргатадиган фан. Аллоҳ, пайғамбар ва шариатни инкор этувчиларнинг иддаоларини ақлий далиллар орқали рад этишга асосланган мазкур фанга берилиб кетишдан, самарасиз тортишувларга чалғиб қолишдан кўпчилик салаф уламолари қайтаришган.
[5] Қори — шариатдан хабардор олим.
[6] Рақоиқ — қалбни юмшатадиган, эритадиган асарлар.
[7] Бизнинг мазҳабда асосан аввал “Мухтасарул виқоя” китоби, кейин “Шарҳул виқоя”, кейин “Ҳидоя” китоби ўқитилади (бу бизнинг диёрларга хос, Ҳиндистон, Покистон, Миср, Шом ва Туркия ўлкаларининг ҳар бирида ўзига хос тартиб мавжуд).
[8] Ровийлар хотирасининг жуда мустаҳкам бўлиши. Мабодо, хотирасида, зеҳнида бироз камчилик бўлса, ривоят қилаётган ҳадисини доим устозидан ёзиб олиб, шогирдларига айтиб бераётганда ҳам ўша ёзиб олган дафтаридан ўқиб бериши шарт. Булар ҳадис илмида “забт” деб аталади.
[9] Яъни, ҳарфлар нуқталарсиз ёзилганда ҳар хил ўқилган. Масалан, иқбал (қабул қил) сўзи билан уқтул (ўлдир) сўзининг ёзилиши бир хил бўлган. Изоҳ таржимондан.
[10] Араб тилида ундошлар ҳарф, унлилар эса ҳаракат, дейилади. Ёзувда унлилар ёзилмайди. Уларнинг қандай ўқилиши наҳв фанининг эъроб бўлимида ўрганилади. Изоҳ таржимондан.
[11] Айрим устозларнинг ўзлари ишонган шогирдларига бир қатор ўқиб ўтилмаган китоблардан ҳам дарс беришга, ривоят қилишга рухсат беришлари ижозат, дейилган.
[12] Талаби илм маъносида.
[13] Аниқ, ишончли, ўз исботини топган маъноларида.
[14] Тумо табиб табибликни отасидан мерос олиб, сохта табиб бўлган. Айтишларича, ҳабба (дон) сўзини ҳайя (илон), деб ўқиб олган... Шу билан илон чақиб ўлган.
[15] (Икки қўллаб саломлашиш баъзи салафлардан ворид бўлган. Айрим уламолар буни ҳатто бир қўллаб сўрашишга қараганда мукаммалроқ ҳам дейдилар ва қуйидаги ҳадисни далил қиладилар: Имом Бухорий саҳиҳларида шундай дейдилар: “Икки қўлни олиш боби. Ҳаммод ибн Зайд Ибн Муборак билан (саломлашганда) икки қўл билан кўришган”.
Шундан сўнг Ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг “ташаҳҳуд” (аттаҳийёт) ҳақидаги ҳадисларини келтириб, ҳадисдан олдин Ибн Масъуднинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлимни икки қўлларига олиб, ташаҳҳуд (дуосини) ўргатдилар...”.
Шайх Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий “Саҳиҳи Бухорий шарҳи”да шундай дейди:
“Билгилки, суннатнинг мукаммали — икки қўл билан кўришишдир, бир қўл билан ҳам суннат ҳосил бўлади. Бухорий ҳам бунга “Икки қўлни олиш боби” деб сарлавҳа қўйган...
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу томонидан қўл узатилиши бирлик кўринишида келганига келсак, у киши бундай қилмаган бўлсалар керак, негаки, ровий шундай айтиб кетган бўлса-да, пайғамбаримиз икки қўлларини чўзиб турганларида Ибн Масъуддек кишининг бир қўлларини чўзиши эҳтимолдан анча узоқ, мавзуга тааллуқли бўлмагани учун ровий пайғамбаримиз билан икки қўллаб кўришганларидан кейинги ҳолатни ҳикоя қилган бўлиши мумкин”. Иқтибос тугади.
Хулоса, бир қўллаб сўрашиш дуруст бўлганидек, икки қўллаб сўрашиш ҳам дуруст.
Муаллиф юқоридаги эътирозида бу ишни хорлик ила бажарадиган баъзи тариқатчиларни танқид қилмоқда, валлоҳу аълам. Таржимондан)
[16] Семурса нафс агар ичмак — емакдин,
Юз онча эт олур яхши демакдин.
Яна юқори ўтмакдин олур баҳр,
Бу нафси жоҳила дунёйи бадқаҳр.
Ўтарман деб, ўтарда бўлмағил шод,
Ўтунг дейдур, ўтунг олғай бу жаллод.
Киши билса ризо шаҳдини завқин,
Билур бирдек мажолис таҳту фавқин.
Турар ўз ҳолида бисёру камда.
Юрушин бузмағай ҳеч шоду ғамда.
(Эшон Сўфи Аллоҳёр)