×
Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саломлашиш ва изн сўрашдаги суннатлари қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саломлашиш ва изн сўрашдаги суннатлари

    Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд


    Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший

    هدي النبي صلى الله عليه وسلم في السلام والاستئذان

    (باللغة الأوزبكية)

    د. أحمد بن عثمان المزيد

    ترجمة: أبو عبد الله الشاشي


    Ушбу мақола Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяднинг “Ҳадйу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фий ибадатиҳи ва муамалатиҳи ва ахлақиҳ” китобидан таржима қилинган бўлиб, унда китобнинг 24-боби бўлган Пайғамбаримизнинг саломлашиш ва изн сўрашга тааллуқли суннатлари ҳақида баён қилинган.

    24- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саломлашиш ва изн сўрашга тааллуқли суннатлари[1]

    1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жамоа одамлар олдига келганда, уларнинг олдидан айрилиб кетаётганда салом берар ва саломни ёйишликка буюрар эдилар.

    2- У зот шундай деганлар: “Кичиклар катталарга, ўтиб бораётган ўтирганга, уловдаги яёвга, озчилик кўпчи-ликка салом беради”[2].

    3- Бирон кишига йўлиқсалар, биринчи бўлиб салом берардилар. Агар биронтаси у зотга салом берса, ўша заҳоти мислидек ёки ундан яхшироқ шаклда алик олар эдилар (яъни, “ассаламу алайкум”, деса, “ва алайкум ассалом” ёки “ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ”, дер эдилар). Намоз ўқиётган ёки таҳорат ушатаётган бўлсалар, бу ишларини тугатгач алик олардилар.

    4- У зот биринчи бўлиб салом берсалар: “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ”, дер эдилар[3]. Биринчи салом берувчининг “Алайкас-салом”, деб салом бери-шини ёқтирмасдилар. Салом берганга “Ва алайкас-салом”, деб алик олардилар.

    5- Бир салом ҳаммага етиб бормайдиган тўпланиб турган кўпчиликка салом берсалар, уч марта салом бериш у зотнинг суннатлари эди.

    6- Масжидга кирсалар, аввало икки ракаат таҳийятул масжид намозини ўқир, сўнгра у ерда ўтирганлар ёнига келиб, салом берар эдилар.

    7- Саломга қўл билан, бош билан ёки бармоқ билан алик олмас эдилар, фақат намоздагина бунинг каби ишора билан алик олардилар.

    8- У зот ёш болалар ёнидан ўтганда уларга салом бердилар, аёллар ёнидан ўтганда уларга салом бердилар. Саҳобалар жума намозидан қайтаркан йўлларида бир кампирни ёнидан ўтдилар ва унга салом бердилар.

    9- У зот ёнларида бўлмаган бир кишига салом йўллар, ўзлари ҳам бошқаларнинг йўллаган саломини етказар эдилар. У зотга бир киши бошқа бири орқали салом йўллаган бўлса, салом йўллаганга ҳам, саломни етказганга ҳам алик олар эдилар (яъни, “алайка ва алайҳис-салам”, дер эдилар).

    10- У зотдан: “Киши биродарини учратганда унга эгилиб салом берса бўладими?”, деб сўралганда, “Йўқ”, дедилар. “Уни қучоқлаб, ўпиб кўришса бўладими?”, дейилганда, “Йўқ”, дедилар. “У билан қўл бериб кўришса бўладими?”, дейилганда, “Ҳа”, деб жавоб бердилар[4].

    11- У зот аҳли-оиласининг ёнига уларни кузатаётгандай тўсатдан кирмасдилар. Кираркан уларга салом берар ва уларнинг ҳол-аҳволини сўрар эдилар.

    12- Агар кечаси аҳли-оиласининг ёнига кириб келсалар, уйғоқ одам эшитадиган, ухлаётган одамни уйғотиб юбормайдиган тарзда салом берар эдилар[5].

    13- У зот бирон жойга кириш учун изн сўраганларида, хонадон соҳибининг “Сен кимсан?”, деган саволига “Фалончи ўғли фалон”, дер ёки куняларини (Абу фалон), ёда лақабларини айтардилар. “Мен”, демас эдилар.

    14- Бирон жойга кириш учун изн сўрасалар, уч марта сўрар, иттифоқо изн берилмаса, ортларига қайтар эдилар.

    15- Саҳобаларига изн сўрашдан олдин салом беришни таълим берардилар.

    16- Агар бир кишининг эшигига келсалар, эшикнинг қаршисида эмас, балки эшикнинг ўнг ёки сўл томонида турар эдилар.

    17- У зот дедилар: “Зеро, изн сўраш кўз (тушмаслиги) сабабли жорий қилингандир”[6].

    [1] Зодул-маод (2/371).

    [2] Муттафақун алайҳ.

    [3] Бухорий ривояти.

    [4] Термизий ривояти.

    [5] Муслим ривояти.

    [6] Муттафақун алайҳ.