×
Ушбу мақола "Тавҳид китоби"дан таржима қилинган бўлиб, унда Аллоҳнинг бандалар устидаги ва бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳаққи оят ва ҳадислар асосида ёритиб берилади.

Аллоҳнинг бандалар устидаги ва бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳаққи

«Китабут-тавҳид аллази ҳува ҳаққуллоҳи алал абийд» китобидан иқтибос

[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб
ат-Тамимий

—™


Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший

حق الله على العباد وحق العباد على الله

مقالة مقتبسة من كتاب "كتاب التوحيد الذي هو حق الله على العبيد"

[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

الشيخ محمد بن عبد الوهاب التميمي

—™

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

1-боб: Аллоҳнинг бандалар устидаги ва бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳаққи

قول الله تعالى: (وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ)

♦ Аллоҳ таоло деди: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт: 56).

وقوله: (وَلَقَدْ بَعَثْنَا فِي كُلِّ أُمَّةٍ رَّسُولاً أَنِ اعْبُدُواْ اللّهَ وَاجْتَنِبُواْ الطَّاغُوتَ) الآية.

♦ Аллоҳ таоло деди: “Дарҳақиқат, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут-шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (ўша умматлар) орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар” (Наҳл: 36).

وقوله: (وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا) الآية.

♦ Аллоҳ таоло деди: “Роббингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!

Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!” (Исро: 23-24).

وقوله: (وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئًا) الآية.

♦ Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта, Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни яхши кўрмайди.” (Нисо: 36).

وقوله: (قُلْ تَعَالَوْاْ أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلاَّ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئًا) الآيات

 ♦ Аллоҳ таоло деди: “Айтинг: «Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағал-ликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз — Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз —; бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирман-гиз, магар ҳақ билан (яъни, қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди.

 Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолат қилингиз! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсиз, деб сизларни мана шу нарсага буюрди.

 Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди” (Анъом: 151-153).

1- Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: “Кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (ёзилиб, сўнгра остига) муҳри босилган (яъни, сўнгги) васиятларига назар солмоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг: “Айтинг: “Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарса-ларни тиловат қилиб берай: У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз!...” (Анъом: 151) оятидан “Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир...” (Анъом: 153) оятигача бўлган сўзини ўқисин” (Термизий (3070), Табароний “Ал-Кабир” (10060), Байҳақий “Шуъабул-ийман” (6/7918)).

2- Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу ривоят қилиб деди: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида эшакка мингашиб олган эдим. У зот менга: “Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи нималигини ва бандаларнинг Аллоҳнинг зиммасидаги ҳаққи нималигини биласанми?”, деб сўрадилар.

Мен: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедим.

Айтдиларки: Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи: Аллоҳга ибодат қилишлари ва У зотга ҳеч нарсани шерик қилмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳаққи эса, Унга бирон нарсани шерик қилмаган кимсани азобламаслигидир”, дедилар.

Шунда мен: “Эй Аллоҳнинг расули, одамларга хушхабар берайми?”, дедим. У зот: “Уларга хушхабар берма! Йўқса, (нотўғри тушуниб, амални тарк қилиб, бунга) суяниб қоладилар” (Бухорий (2856) ва Муслим (30)).

Бобдаги масалалар:

1- Жин ва инсонларнинг яратилишидаги ҳикмат.

2- Ибодат — тавҳид демакдир. Зеро, (одамлар ўртаси-даги) хусумат тавҳид — фақат Аллоҳгагина ибодат қилиш борасида содир бўлди.

3- Кимки тавҳид асосида ибодат қилмаса, шубҳасиз, Аллоҳга ибодат қилмабди. Ва буни Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ифодалайди: “Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдир-сизлар” (Кафирун: 3).

4- Пайғамбарларнинг юборилишидаги ҳикмат.

5- Пайғом (пайғамбарлик рисоласи) бутун умматга умумийдир.

6- Пайғамбарларнинг дини бирдир.

7- Энг катта масала шуки, Аллоҳга ибодат қилиш тоғутни инкор қилиш билангина ҳосил бўлади. Буни Аллоҳнинг ушбу сўзи ифодалайди: “Бас, ким тоғут (шайтон)ни инкор қилиб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди” (Бақара: 256).

8- Тоғут — Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган барча нарсани ўз ичига олади.

9- Салафи солиҳ наздида Анъом сурасидаги уч муҳкам (аниқ-муфассал) оятлар аҳамиятининг катта бўлган-лиги.

♦ Мазкур уч оятда ўнта масала бўлиб, уларнинг аввалгиси, ширкдан қайтариқдир.

10- Исро сурасидаги муҳкам оятлар.

♦ Мазкур оятларда ўн саккизта масала бўлиб, Аллоҳ таоло уларни ушбу сўзи билан бошлади: “Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон илоҳ ҳам бор деб, мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг!” (Исро: 22) ва қуйидаги қавли билан якунлади: “Сиз Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор деб, маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг” (Исро: 39).

Аллоҳ субҳонаҳу бизга бу масалаларнинг нақадар улкан аҳамият касб этишини ушбу сўзи ила билдирди: (Эй Муҳаммад), бу оятлар Роббингиз сизга ваҳий қилган ҳикматлардан айримлари-дир” (Исро: 39).

11- Нисо сурасидаги “Ўн ҳақ-ҳуқуқ ояти” деб номланган оят. Аллоҳ таоло уни шу қавли билан бошлади: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!” (Нисо: 36).

12- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлим олдидан қилган васиятларига эътибор қаратиш.

13- Зиммамиздаги Аллоҳнинг ҳаққини билиш.

14- Бандалар Аллоҳнинг ҳаққини адо этсалар, Аллоҳнинг зиммасида бандаларнинг қандай ҳаққи борлигини билиш.

15- Ушбу масаладан саҳобалардан кўпчилигининг бехабарликлари. (Сабаби, Муоз разияллоҳу анҳу ўлим арафасида экан илмни яшириш гуноҳидан қутулиш учун мазкур ҳадисни айтиб кетдилар. Унгача саҳобаларнинг кўпчилиги дунёдан ўтган эди).

16- Бирон манфаатни кўзлаб, илмни яширишнинг жоизлиги.

17- Мусулмонни хушнуд этувчи нарсаларни айтиб, хушхабар беришнинг мустаҳаблиги.

18- Аллоҳнинг раҳмати кенг эканлигига суяниб-ишониб қолишнинг хавфли эканлиги.

19- Билмаган нарса ҳақида саволга тутилганда “Буни Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади”, деб айтиш.

20- Баъзи илмларни одамлардан айримларигагина билдиришнинг жоизлиги.

21- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавозе — камтарликлари. Буни эшак устида экан орқаларига бошқа бир кишини мингаштиришларида кўришимиз мумкин.

22- Уловга минганда орқага одам мингаштиришнинг жоизлиги.

23- Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг фазилати.

24- Ушбу масаланинг улкан аҳамиятга эгалиги.