Таҳорат китоби: Таҳорат олиш кайфияти ва фазилати
Категориялар
Full Description
Таҳорат китоби: Таҳорат олиш кайфияти ва фазилати
Еттинчи ҳадис
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мавлоси (озод қилган қули) Ҳумрондан ривоят қилинади. У қуйидагилар-ни кўрганини айтади:
«Усмон розияллоҳу анҳу таҳоратга сув келтиришни сўради. Кейин идишдан икки қўлига сув қуйиб, уларни уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини идишга солиб, оғзини чайди ва бурнига сув олиб, қоқиб ташлади. Сўнг юзи ва икки қўлини тирсаклари билан бирга уч марта ювиб, сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин оёқларини тўпиқлари билан уч мартадан ювди. Сўнгра бундай деди: «Мен Набий соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг худди шундай таҳорат қилган-ларини кўрганман. У зот: «Ким мен таҳорат қилгандай таҳорат қилиб, кейин икки ракаат намоз ўқиса ва унда ўзи билан ўзи гаплашмаса (яъни, ўй-хаёли турли дунёвий ишлар билан машғул бўлмаса), Аллоҳ унинг ўтган гуноҳларини мағфират қилади», деганлар».
Шарҳ:
Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратларининг комил кўриниши зикр қилин-ган. Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қай тарзда таҳорат қилганларини тўлиқ тасаввур қилишлари ва яхши тушунишлари учун Усмон розияллоҳу анҳу у зотнинг таҳоратларини амалий суратда кўрсатиб берди. Бу Усмон розияллоҳу анҳунинг ўргатиш ва тушунтиришда нақадар гўзал йўл тутганини кўрсатади.
Усмон розияллоҳу анҳу идишда сув олиб келишга буюрди. Идишга қўлини ботириб, сувни ифлос қилмаслик учун дастлаб қўлига идишдан уч бор сув қуйиб, тозалаб ювди. Сўнгра ўнг қўлини идишга солди ва ундан сув олиб, оғиз ҳамда бурнини чайқади. Сўнг юзи ва икки қўлини тирсаклари билан уч марта ювиб, сўнгра бошининг барча қисмига бир марта масҳ тортди. Кейин оёқларини тўпиқлари билан уч мартадан ювди. Таҳоратни мазкур комил суратда олиб бўлгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шундай таҳорат олганлари ва юқорида келтирилган сўзларни айтганлари ҳақида хабар берди. Унда айтилишича, ким худди шу кўринишда таҳорат олса, сўнг сергак қалб билан икки ракаат намоз ўқиса, Аллоҳ таоло фазли марҳамати ила унинг қилган ушбу комил таҳорати ва ўқиган холис намози эвазига ўтган гуноҳларини кечиради.
Уламолар ихтилофи:
Таҳоратда бурунни чайиш ҳукми
1) Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий, Суфён ва бошқа уламолар таҳоратда бурунни чайиш мустаҳаб (ёхуд суннат), дейишган.
2) Имом Аҳмаддан ривоят қилинган машҳур фикрга кўра, таҳоратда бурунни чайиш фарз саналади ва усиз таҳорат дуруст бўлмайди. Бу Ибн Абу Лайло, Исҳоқ ва бошқа олимларнинг ҳам фикридир.
Биринчи фикр эгалари қуйидаги ҳадисни далил қилиш-ган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўнта иш пайғамбарлар суннатидан», дея бурун чайишни ҳам шулар жумласидан зикр қилинганлар.
Иккинчи фикр эгалари: «Эй мўминлар, намозга турга-нингизда юзларингизни… ювингиз» [Моида: 6], оятини далил қиладилар. Уларнинг айтишларича, оятдан бурун юзнинг бир қисми экани тушунилади. Шунга биноан бурунни чайиш фарз. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бурунларини чайганлари ва уни чайишга буюрганлари ҳақида талай саҳиҳ ҳадислар келган. Улар таҳоратда бурунни чайиш фарз эмас, деган уламолар келтирган юқоридаги ҳадисга қуйидагича жавоб беришган: «Ҳадисдаги «Пайғамбарлар суннати», деган сўздан «Пайғамбарлар йўли», деган маъно назарда тутилган. Негаки, фарздан бошқа амалларни суннат деб аташ кейинги давларда яшаб ўтган фуқаҳолар истилоҳидир. Қолаверса, мазкур ҳадиснинг аксар бошқа ривоятларида: «Ўнта иш фитратдан», деган лафз билан келган»[1].
Шубҳасиз, иккинчи фикр, яъни таҳоратда оғиз билан бурунни чайиш фарз деган уламоларнинг фикри тўғри-роқдир. Чунки уларнинг далиллари кучли бўлиб, мазкур далилларга зид келадиган бирон далилни билмайман, валлоҳу аълам.
Бошнинг баъзи қисмига масҳ тортиш ҳукми
Уламолар бошга масҳ тортиш фарз эканига, шунингдек, унинг барча қисмига масҳ тортиш мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган. Бироқ бошнинг баъзи қисмига масҳ тортиш кифоя қиладими-йўқми ёки бошнинг барча ерига масҳ тортиш фарзлиги борасида ихтилоф қилишган.
1) Имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий, Суфён Саврий ва Авзоий роҳимаҳумуллоҳлар таҳоратда бошнинг баъзи қисмига масҳ тортиш кифоя, деган фикрни билдиришган. Бироқ бошдаги баъзи қисмнинг энг оз миқдори борасида турли фикрларни айтишган.
2) Имом Молик ва имом Аҳмаднинг фикрига кўра бошнинг барча ерига масҳ тортиш фарз.
Биринчи фикр эгалари таҳорат оятидаги: «…ва бошларингизга масҳ тортингиз…», деган сўзидаги «бо» ҳарфи «баъзисига» деган маънода келган. Шунга кўра оят «…бошларингизнинг баъзи ерига масҳ тортингиз…», деган мазмунда бўлади. Бу фикрни Муғийра розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам қўллайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олдилар ва пешона устидаги соч ҳамда саллаларига масҳ тортдилар» [Муслим: 261, Абу Довуд: 53, Термизий: 2757, Насоий: 5040 ва бошқалар].
Бошнинг барча қисмига масҳ тортиш фарз, деган уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратларини васфлаб келган кўп ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Юқорида Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шулар жумласидандир. Шунингдек, «жамоат»[2] ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини васфлаган. У бошига масҳ тортар экан икки қўлини бошининг олд қисмига қўйиб, сўнг гардани томонга қараб масҳ тортади. Сўнгра қўллари билан олд томонга қараб масҳ тортади»[3].
Бу фикр эгалари бошнинг баъзи қисмига масҳ тортиш кифоя, деган уламоларнинг далилларига бундай жавоб беришган: «Араб тилидаги «бо» ҳарфи «баъзи» деган маънода қўлланилмайди. Балки у ёпиштириш, бирлаш-тириш маъносида қўлланилади. Яъни ушбу оят «…бошла-рингизга қўлингизни ёпиштириб масҳ торинглар…» деган мазмунда айтилган. Зеро, «бо» ҳарфининг ҳақиқий маъноси ёпиштириш, бирлаштиришдир. Араб тили уламоларидан Нифтовайҳ ва Ибн Дурайддан «бо» ҳарфи «баъзи» маъносида қўлланиши хусусида сўралганда, араблар «бо» ҳарфини бундай маънода қўллашганини билмасликларини айтишган. Ибн Бурҳон шундай деган: «Ким «бо» ҳарфи «баъзи» маъносида қўлланилади деса, батаҳқиқ, араб тили уламолари айтмаган сўзни айтган бўлади».
Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам таҳоратда бошларининг баъзи қисмига масҳ тортганлари ҳақида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган».
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1- Таҳоратда идишга қўлни ботиришдан олдин уларни уч бор ювиш.
2- Таҳорат аъзоларини ўнг томондан бошлаб ювиш.
3- Ҳадисда зикр қилинган тартибга биноан аввал оғизни чайиб, кейин бурунга сув олиб, қоқиб ташлаш лозим. Таҳоратда оғиз ва бурунни чайиш борасида уламолар ўртасида бирон хилоф йўқ. Бироқ уларни чайиш фарзлиги хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Бу масалада оғиз ва бурунни чайиш фарз, деган уламоларнинг фикри тўғри экани зикр қилинди.
4- Юзни уч марта ювиш. Юз чегараси: узунасига бошнинг соч ўсадиган қисмидан то иякгача, энига эса икки қулоқ оралиғидир. Оғиз ва бурунни ҳам уч мартадан чайиш лозим. Чунки оғиз билан бурун юзнинг бир қисми саналади. Араблар икки инсон бир-бирига юзланган пайтда кўз тушадиган жойга «важҳ», яъни юз дейишади.
5- Икки қўлни тирсаклар билан қўшиб уч марта ювиш.
6- Бошнинг барча қисмига юқорида баён қилинган суратда бир марта масҳ тортиш.
7- Оёқларни тўпиқлар билан бирга уч марта ювиш.
8- Ҳадисда кўрсатилган тартибга кўра таҳорат олиш фарз. Негаки, таҳорат оятида ювишга буюрилган аъзолар ўртасида масҳ тортиладиган аъзо зикр қилиниши мазкур тартиб фарзлигига далолат қилади. Оятда шундай дейилади: «Эй мўминлар, агар намоз ўқимоқчи бўлсан-гиз юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқлари-гача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни, нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни тўпиқларигача ювингиз!» [Моида: 6]. Кўриб турганин-гиздек, оятда бошга масҳ тортиш қўллар билан оёқларни ювиш ўртасида зикр қилинган.
9- Мазкур кўринишда таҳорат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил таҳоратларидир.
10- Таҳоратдан кейин намоз ўқиш.
11- Аллоҳ таолога сергак қалб билан юзланиб намоз ўқиш намознинг тўла-тўкис ва комил бўлишига сабабчи бўлади. Ҳадисда намозни ихлос билан ўқишга тарғиб қилинган ва намозда дунёвий ишларни кўп ўйлаш туфайли намоз қабул бўлмай қолишидан огоҳлантирилган. Намоз ўқиётганда хаёлига дунёвий ишлар келиб, сўнг уни дарҳол даф қилган киши ҳам ҳадисда зикр қилинган буюк мукофотга эришади, деб умид қиламиз.
12- Комил суратда таҳорат олиш фазилати ва унинг гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлиши.
13- Ҳадисда зикр қилинган ваъда, яъни ўтган гуноҳ-ларнинг мағфират қилиниши ҳадисда кўрсатилган тарзда таҳорат олган ва намоз ўқиган кишига насиб қилади. Бироқ комил таҳорат қилиб, сергак қалб билан намоз ўқимаган ёки аксинча, комил таҳорат олмай сергак қалб билан намоз ўқиган киши мазкур ваъдага дохил бўлмайди. Дарҳақиқат, уламолар ҳадисда зикр қилинган гуноҳлардан мурод кичик гуноҳлар дейишган. Аммо катта гуноҳлар бўлса, улар мағфират қилиниши учун тавба қилиш шарт бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлар ман этилган катта гуноҳлар-дан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритурмиз» [Нисо: 31].
Саккизинчи ҳадис
Амр ибн Яҳё Мозиний отасидан ривоят қилишича, отаси шундай дейди: «Мен Амр ибн Абу Ҳасан роҳимаҳуллоҳ саҳобий Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари ҳақида сўраганига гувоҳ бўлдим. Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини кўрсатиш мақсадида тоғорада сув келти-ришни сўради. Сўнг тоғорадан икки қўлига сув қуйиб, уларни уч марта ювди. Сўнгра тоғорага қўлини солиб, уч ҳовуч сув билан уч марта оғиз ва бурнини чайқади. Сўнгра яна қўлини тоғорага солиб, уч марта юзини ювди. Кейин икки қўлини солиб, икки марта қўлларини тирсаклари билан қўшиб ювди. Шундан сўнг қўлини сувга ботириб, қўлини бошининг орқасидан олдига, сўнг олдидан орқасига бир марта юргизиб, бошига масҳ тортди. Сўнгра оёғини ювди» [Бухорий: 185 ва Муслим: 235].
Бошқа бир ривоятда: «…У бошига масҳ тортар экан икки қўлини бошининг олд қисмига қўйиб, гардани томонга қараб масҳ тортди. Сўнгра қўллари билан олд томонга қараб масҳ тортди…».
Яна бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ҳузуримизга келдилар. У зотга мис тоғорада сув олиб келдик» [Муттафақун алайҳ].
Шарҳ:
Бу ҳадис шарҳи хусусида ўтган Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида батафсил сўз юритилди. Зеро, иккала ҳадисда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил таҳоратлари васфланган. Бироқ ушбу ҳадисда Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда зикр қилинмаган бир қанча қўшимча ҳукм ва фойдалар бор. Қуйида уларни қисқача баён қиламиз:
1- Оғиз ва бурунни уч мартадан уч ҳовуч сув билан чайиш.
2- Ўтган Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида икки қўлни тирсак билан қўшиб уч марта ювилгани айтилган бўлса, ушбу ҳадисда улар икки мартадан ювилгани зикр қилинган.
3- Бухорийнинг аксар ривоятларида, шунингдек, Муслим ривоятида: «…Сўнгра яна қўлини тоғорага солиб, уч марта юзини ювди…», деган лафз билан ривоят қилинган. Бундан эса юзни бир қўл билан ювиш тушунилади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ иккала ривоятни келтиргандан сўнг шундай деган: «Ушбу ривоят юзни бир қўл билан ювиш суннат эканига далолат қилади. Бироқ жумҳур уламоларнинг фикри бўлмиш машҳур фикрга кўра, юзни икки қўл билан ювиш мустаҳаб саналади. Зеро, юзни икки қўл билан ювиш осонроқ бўлиб, юзнинг барча ерига тўлиқ сув етишини таъминлайди».
4- Собиқ ҳадисда: «…сўнгра бошига масҳ тортди…», дейилган эди. Мазкур ривоятни «…ва бошларингизга масҳ тортингиз…», оятини «бошнинг баъзисига масҳ тортиш», дея изоҳ қилгандек изоҳлаш мумкин. Аммо Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ҳадисида бошининг барча қисмига масҳ тортгани очиқ айтилган ва масҳ тортиш услуби ҳам батафсил зикр қилинган. Маълумки, шариатдаги далиллар бир бирини изоҳлаб келади. Шунга кўра, бошнинг барча қисмига масҳ тортиш фарз бўлади.
5- Усмон ва Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳар икки ҳадисда уларнинг идишга бир қўлини солиб, оғиз ва бурунларини чайгани айтилган. Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадисида икки қўлини ювар экан ҳар икки қўлини тоғорага ботиргани ва икки қўллаб бошига масҳ тортгани: уларни бошининг орқасидан олдига, сўнг олдидан орқасига бир марта юргизиб, бошига масҳ тортгани зикр қилинган. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ айтади: «Барча саҳиҳ ҳадисларда бошга бир марта масҳ тортилиши айтилган». Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлишича, бошга бир марта масҳ тортилади».
6- Таҳоратда баъзи аъзоларни бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўп ёки оз саноқда ювиш жоиз. Таҳорат аъзола-рининг барчасини уч мартадан ювиш таҳоратнинг комил кўринишидир. Таҳоратда аъзоларни уч мартадан оз ювиш жоиз экани саҳиҳ ҳадисларда келган.
7- Уламолар бошнинг қай қисмидан бошлаб масҳ тортиш кераклиги борасида ихтилоф қилишган. Ибн Дақиқул Ийд ва Санъонийнинг фикрига кўра, бошнинг олд қисмидан бошлаб, орт — гардан томонга қарата масҳ тортилади. Баъзи уламолар бошнинг ортки қисми — гардандан бошлаб олд томонга, сўнг қайта гардан томонга қаратиб масҳ тортилади, дейишган.
Тўққизинчи ҳадис
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пояфзал кийиш, соч-соқолларни тараш, покланиш ва барча ишларда ўнг томон-дан бошлашни хуш кўрар эдилар» [Бухорий: 168, 5854 ва Муслим: 268].
Шарҳ:
Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ишларни ўнг томондан бошлашни афзал кўриши айтилмоқда. Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ ва Унинг расули яхши кўрган иш вожиб ёки мустаҳаб бўлади».
Ҳадисдаги «покланиш» деган сўз таҳорат ва ғусл қилиш, шунингдек, нажосатларни кетказишни ўз ичига олади.
Ҳадисдаги «барча ишлар» деган сўздан пояфзал кийиш, соч-соқолларни тараш ва покланиш каби яхши ишлар назарда тутилган. Шайх Тақийюддин айтади: ««барча ишлар» дегани умумий сўз бўлиб, ундан ҳожатхонага кириш, масжиддан чиқиш ва шу каби чапдан бошланадиган ишлар мустасно қилинади».
Ушбу ҳадисдан мўминларнинг оналари, айниқса, ҳофиза[4] ва олима Сиддиқа бинти Сиддиқ, яъни Ойша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг фазилатини кўришимиз мумкин. Дарҳақиқат, мўминларнинг оналари — Пайғамба-римизнинг завжаи мутаҳҳаралари ислом умматига у зотнинг амалларини, хоссатан, аҳли оиласидан бошқа инсонлар кўрмайдиган уй ичидаги амалларини ва бундан бошқа талай илмларни етказдилар. Мазкур ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг яхши кўрган одатлари: пояфзал кийиш, сочни тараш ва тартибга солиш, бетаҳоратликдан покланиш ва шу каби ишларда ўнг томондан бошлашни хуш кўришликлари ҳақида хабар бермоқда. Мазкур ишларга кийим кийиш, ухлаш, еб-ичиш ва ҳоказо ишларни ҳам қўшиш мумкин. Бу каби ишларда ўнгдан бошлаш бир жиҳатдан некбинлик (оптимизм) қабилидан бўлса, бошқа бир жиҳатдан ўнг томонни чап томондан устун қўйишдир. Нопок ишларни эса чапдан бошлаш ёхуд чап қўл билан бажариш афзал. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўл билан истинжо қилиш ва жинсий олатни ушлашдан қайтарганлар. Зеро, ўнг томон ёхуд ўнг қўл пок ишлар учун, чап қўл ёхуд чап томон эса бундан бошқа ишлар учун қўлланилади.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Тоза ва яхши ишларни ўнг томондан бошлаш ҳам шариат, ҳам ақл ва ҳам соғлиқ томонидан афзал. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Шариатдаги умумий қоидага кўра ҳурмат-эҳтиром ва зийнат қабилидан бўлган яхши ишларни ўнгдан бошлаш, бунинг акси бўлган ишларни эса чапдан бошлашлик мустаҳаб саналади».
2 – Ифлос ва нопок ишларни чапдан бошлаш ҳам шариат, ҳам ақл нуқтаи назаридан муносиброқдир.
3 – Муборак шариатимиз инсонларни ислоҳ қилиш, тарбиялаш ва турли зарарлардан ҳимоя қилиш учун келган.
4 – Таҳорат аъзоларини ювишда ўнг тарафдан бошлаш афзал. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Уламолар таҳорат аъзоларини ўнг томондан бошлаб ювиш суннат эканига ижмо қилишган. Ким бунга хилоф иш тутиб, (чап томондан бошлаб) ювса, таҳорати дуруст саналади. Бироқ ўнгдан бошлаш фазилати — савобидан маҳрум бўлади». Имом Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Таҳорат аъзоларини ўнг томондан бошлаб ювиш фарз эмаслиги хусусида уламолар ўртасида хилоф йўқ».
Ўнинчи ҳадис
Нуайм Мужмир роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Умматим қиёмат куни пешона ва қўл-оёқларидан нур таралиб турган ҳолларида (маҳшарга) чақириладилар. Ким пешона ва қўл-оёқларидаги нурини узайтиришни истаса, узайтириб қолсин (яъни, пешона ва қўл-оёқларини буюрилган жойдан ошириб ювсин)» [Бухорий: 136 ва Муслим: 246, 250].
Бошқа бир ривоятда Нуайм Мужмир шундай дейди: «Мен Абу Ҳурайрани таҳорат олганини кўрдим. У юзи ва икки қўлини қарийб то елкасига қадар ювди. Сўнг оёғини то болдиригача ювди ва шундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Албатта, умматим қиёмат куни таҳорат олиш сабабидан пешона ва қўл-оёқларидан нур таралиб тур-ган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким пешона-си ва оёқ-қўлларидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, узайтирсин (яъни, пешона ва қўл-оёқларини буюрилган жойдан ошириб ювсин)» [Муслим: 246].
Муслимга оид бошқа бир ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Халилим (Расулуллоҳ) соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўминнинг (жаннат-даги) зеб-зийнати таҳорат (суви) етадиган ергачадир», деганларини эшитганман» [Муслим: 250].
Шарҳ:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига башорат беришларича, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қиёмат куни ислом умматига бошқа умматларга бермаган шарафли ва фазилатли аломатни насиб қилади. Улар қиёмат кунида халойиқ ичидан чақирилсалар юз ва оёқ-қўлларидан нур таралган ҳолларида чиқиб келадилар. Албатта, бу буюк ибодат бўлмиш таҳоратдан қолган асоратдир. Улар дунёда Аллоҳ таолонинг розилиги ва савоби умидида мазкур аъзоларни қайта-қайта ювганлари боис охиратда уларга алоҳида улуғ мукофот берилди.
Ҳадис кетидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деди: «Бас, сиздан ким пешонаси ва оёқ-қўлидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, узайтирсин». Чунки таҳорат аъзоларини ювиш ўрни қанча узун бўлса, қиёматда ундан таралувчи нур ҳам шунча узун бўлади. Зеро, қиёматда аъзолардан таралувчи нур таҳорат суви етган жойларгача бўлади.
Уламолар ихтилофи:
Дарҳақиқат, уламолар таҳоратда юз, қўл ва оёқни фарз қилинган жойдан ошириб ювиш борасида ихтилоф қилишган.
Жумҳур уламолар мазкур ҳадисга биноан юз ва қўл-оёқларни фарз қилинган жойдан ошириб ювишни мустаҳаб дейишган. Бироқ улар қаергача ошириб ювиш мустаҳаб экани борасида ихтилоф қилишган.
Имом Моликнинг, шунингдек, имом Аҳмаддан ривоят қилинган бир фикрга кўра, таҳорат аъзоларини фарз қилин-ган жойидан ошириб ювиш мустаҳаб саналмайди. Бу фикрни Ибн Таймия, Ибн Қаййим ва шайхимиз Абдураҳмон ибн Носир Саъдий ҳам ёқлаган. Мазкур фикр эгалари бу фикрни қуйидагилар билан қўллаб-қувватлаш-ган:
1 – Таҳорат аъзоларини фарз қилинган жойдан ошириб ювиш ибодат, яъни мустаҳаб дейиш учун далил керак. Ушбу ҳадис бунга далолат қилмайди. Балки ҳадис қиёмат куни таҳорат аъзоларидан нур таралишини билдиради, холос. Абу Ҳурайранинг амали эса, унинг мазкур ҳадисга нисбатан шахсий тушунчаси маҳсулидир. Унинг фикрига қарши рожиҳ далил турган жойда унга амал қилинмайди.
Ҳадисдаги «Бас, сиздан ким пешонаси ва оёқ-қўлидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, узайтирсин», деган жумла аслида Абу Ҳурайранинг сўзидир. Бироқ ундан ривоят қилган ровийларнинг бири бу жумла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли деган ўйда уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериб ривоят қилган.
2 – Агар таҳорат аъзоларини ювиш фарз қилинган жойидан ошириб ювиш мустаҳаб деб фараз қилсак, у ҳолда юзга қўшиб, сочни ҳам ювишга тўғри келади. Ҳолбуки, бу ҳадисга зиддир. Негаки, соч пешонага кирмайди. Ҳадисда эса «пешонасидан нур таралиб турган ҳолида», дейилган.
3 – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бошқа бирон саҳобий ушбу ҳадисни бу тарзда тушуниб, таҳорат аъзоларини ювиш фарз бўлган ердан ошириб ювгани нақл қилинмаган. Қолаверса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу одамлар унинг бу тарзда таҳорат олганини кўриб, ажаблан-масликлари учун яширинча таҳорат олиши нақл қилинган.
4 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат олиш тарзини васфлаган саҳобийларнинг барчаси у зот таҳоратда фақат юзлари ва қўлларини тирсакларигача, оёқларини эса тўпиқларигача ювганларини айтишган. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар таҳорат олганларида мустаҳаб кўринишни тарк қилишлари мумкин эмас. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўнта саҳобий ривоят қилган. Аммо ундаги: «Бас, сиздан ким пешонаси ва оёқ-қўлидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, узайтирсин», деган жумлани бирон саҳобий ривоят қилгани, шунингдек, ҳадисни Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ровийлар ичида Нуаймдан ўзгаси уни Пайғамба-римизга нисбат берганини ҳам учратмадим».
5 – Таҳорат оятида қўлларни тирсаккача, оёқларни тўпиққача ювилиши белгилаб қўйилган. Маълумки, мазкур оят охирги нозил қилинган оятлардан саналади. Қуйида Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳнинг «Ҳодил арвоҳ» китобида ушбу масала тўрисида айтган сўзини келтирамиз.
Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Бухорий ва Муслим «саҳиҳ ҳадислар тўплами» китобида Абу Ҳозим роҳимаҳуллоҳнинг шундай деганини ривоят қилишган. Абу Ҳозим айтади: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат олаётганида мен унинг ортида турган эдим. У қўлини то қўлтиғигача ювди. Мен: «Эй Абу Ҳурайра, бу қандай таҳорат?», дедим. У деди: «Эй Бану Фаррух, шу ерда эдингларми? Агар сизларнинг шу ерда эканингизни билганимда бу тарзда таҳорат олмас эдим. Мен Халилим соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганини эшитганман: «Мўминнинг (жаннатдаги) зебу зийнати таҳорат (суви) етадиган ергачадир».
Таҳоратда қўлни мускулгача, оёқни болдиргача ювиш мустаҳаб деган уламолар ҳозиргина юқорида келтирилган ҳадисни далил қилишган. Бу баъзи ҳанафийлар, шунингдек, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикридир.
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратда фақат юзларини, қўлларини тирсаккача, оёқла-рини эса тўпиққача ювиб: «Ким шундан ортиғини қилса, ёмон иш ва зулм қилган бўлур», деганлар. Ушбу ҳадис уларнинг фикрлари тўғри эмаслигини кўрсатади. Биноба-рин, бу борадаги тўғри фикр таҳорат аъзоларини фарз қилинган жойидан ошириб ювиш мустаҳаб эмас деган фикрдир. Бу Мадина аҳли уламоларининг фикри бўлиб, имом Аҳмаддан бу хусусда икки хил фикр ривоят қилинган. Абу Ҳурайранинг ҳадиси таҳорат аъзоларини ювиш фарз қилинган жойларидан ошириб ювиш мустаҳаб-лигига далолат қилмайди. Қолаверса, ҳадисда «Мўминнинг (жаннатдаги) зебу зийнати таҳорат (суви) етадиган ергачадир» дейилган. Ҳолбуки, тақинчоқ қўлнинг мускули ёки елка қисмида эмас, балки билакда зебу зийнат бўлади.
Ҳадисдаги «Бас, сиздан ким пешонаси ва оёқ-қўлидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, узайтирсин», деган жумлага келсак, ушбу қўшимча аслида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг сўзи бўлиб, баъзи ровийлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган. Буни бир қанча муҳаддис уламолар баён қилишган.
Имом Аҳмаднинг «Муснад» китобида мазкур ҳадис ровийларидан бири Нуайм шундай деган: «Бас, сиздан ким пешонаси ва оёқ-қўлидаги нурини узайтиришга қодир бўлса, узайтирсин», деган жумла Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларими ёки Абу Ҳурайра айтган сўзми, билмайман». Шайхимиз (Ибн Таймия) шундай дер эди: «Мазкур сўзлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари бўлиши мумкин эмас. Негаки, ғурра қўлдаэмас, балки фақат юзда бўлади. Уни узайтириш эса мумкин эмас. Чунки узайтирилса унга бош ҳам кириб кетади.Ҳолбуки, ғурра бошда бўлмайди» (Иқтибос тугади).
Манба: Ихлос веб саҳифаси
[1] Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Талхисул Ҳабир» (1/77) китобида шундай деган: «Мазкур ҳадис «Ўнта иш суннатдан», деган лафз билан ривоят қилинмаган. Балки «Ўнта иш фитратдан», лафзи билан ворид бўлган».
[2] Жамоа ривоят қилган деб, Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоятларига айтилади.
[3] Бухорий: 158, Муслим: 235, Абу Довуд: 118, Термизий: 32, Насоий: 98, Ибн Можа: 434 ва Аҳмад: 16003 ривояти.
[4] Арабча «ҳофиза» сўзи ўзбек тилида «ёд олувчи, сақловчи» маъноларини ифодалайди. Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадисларни ёд олиб ривоят қилгани боис ҳофиза деб айтилмоқда.