Исломда шумланиш ҳукми
Категориялар
- Кичик ширк << Ширкнинг қисмлари << Шикр << Ақида
Full Description
Исломда шумланиш ҳукми
«Фатҳул мажид шарҳу китабит-тавҳид» китобидан иқтибос
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Абдурраҳмон ибн Ҳасан Оли Шайх
Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший
Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий
حكم التطيُّر في الاسلام
مقالة مقتبسة من كتاب « فتح المجيد شرح كتاب التوحيد «
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ عبد الرحمن بن حسن آل الشيخ
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
مراجعة: أبو محمد علي البخاري
Шумланиш ҳақида келган ҳужжатлар ҳақидаги бўлим
Яъни, шумланишдан қатарилганлиги ва ундаги ваъид-таҳдидлар ҳақидаги бўлим.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
«Татоййур», «тияратун» ва «тийратун» сўзи татоййара, ятатоййару феълининг масдаридир. Татоййур (бадбинлик) «саниҳ» ва «бариҳ» маъносида бўлиб, қуш, кийик ва уларга ўхшаш ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатидан маънолар чиқа-риб, уни яхшиликка ёки ёмонликка йўйиб, натижада олдига қўйган мақсадларидан қайтиш, тўхташдир. Шориъ (Аллоҳ ва Расули) ундан қайтарди ва уни бекор қилди ҳамда шумланишнинг бирор фойдани келтиришда ёки зарарни кетказишда ҳеч қандай таъсирга эга эмаслигини билдирди.
Мадоиний айтади: Руъбаҳ ибн Ажжождан «Ас-саниҳ нима?», деб сўрадим. У: «Сени ўнг томонга йўналтирган нарсадир (яъни, сенга барака келтирган нарсадир)», деди. Мен: «Ал-бариҳ нима?» дедим. У: «Сени чап томонга йўналтирган нарсадир (яъни, сенга бахтсизлик келтирган нарсадир)», деди. Олди тарафингдан келадигани эса «ан-нотиҳ»дир (яъни, сузиб ўлдирилган — сени ҳалок қиладиган), орқа тарафингдан келадигани эса «ал-қоид»дир (яъни, сени тўшакка михлайдиган нарсадир), деди.
Шумланиш вожиб бўлган тавҳиднинг комиллигига зид бўлган ширк жумласидан бўлиб, шайтоннинг талқини, қўрқитуви ва васвасаларидан ҳисобланади. Мусанниф раҳимаҳуллоҳ уни вожиб бўлган тавҳиднинг камолига рахна солгани учун ундан огоҳлантириб «Тавҳид китоби»да зикр қилди.
Аллоҳ таоло айтади:
اَلَا اِنَّمَا طَائِرُهُمْ عِنْدَ اللّٰهِ وَلٰكِنَّ اَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ
«Яхши билингларки, уларнинг шумланишлари (бахтсизликлари) Аллоҳнинг ҳузуридандир. Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (Аъроф: 131).
Оллоҳ таоло ушбу оятни шу сўзининг оқимида зикр қилди: «Шундан кейин ҳам қачон уларга яхшилик (осойишта ҳаёт, унумдорлик) келса: «Бунга ўзимиз ҳақдормиз», дейишди. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга (унга иймон келтирган) кишилардан бадгумон бўлдилар».
Мужоҳид ва бошқаларнинг тафсирига кўра, Фиръавн хонадони-одамлари ўзларига бирон яхшилик — мол-кўлчилик, кенгчилик ва офият-фаровонлик етса, бу биз учундир, яъни биз шунга лойиқмиз, биз ҳақдормиз, бунга ўзимиз муносибмиз, дер эдилар. Агар уларга бирон ёмонлик — бало-мусибат, қаҳатчилик етса, Мусо ва унга иймон келтирганлардан бадгумон бўлиб, бунга Мусо ва унинг ҳамроҳлари сабабчи, уларнинг шумқадамлигидан бизга бу бало-мусибатлар келди, дер эдилар. Уларга жавобан Аллоҳ таоло шундай деди: «Яхши билингларки, уларнинг шумланишлари (бахтсизликлари) Аллоҳнинг ҳузуридандир».
Ибн Аббос айтади: Яъни, бу (бахтсизликлари) уларга ҳукм ва тақдир қилинган нарсадир.
Бошқа бир ривоятда: Уларнинг шумланишлари Аллоҳ ҳузуридан ва Аллоҳ тарафидандир. Яъни, улар Аллоҳнинг оятларини ва пайғамбарларини ёлғон деб, инкор қилган-ликлари учун уларга Аллоҳ тарафидан бахтсизлик келди.
«Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар», яъни уларнинг аксарияти билмайдиган жоҳиллардир. Агар улар фаҳмлаб, ақлларини ишлатганларида эди, Мусо алайҳиссалом олиб келган нарсада унга иймон келтириб, эргашганлар учун фақат яхшилик, барака, саодат ва нажот борлигини мутлақо билган бўлардилар.
قَالُوا طَائِرُكُمْ مَعَكُمْ
«(Элчилар) айтдилар: «Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни, бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг куфрларингиздан бадгумон қилинглар)» (Ёсин: 19).
Бу оятнинг маъноси, Аллоҳу аълам, сизнинг насибан-гиз ва бошингизга келган бало-мусибатлар қилмишларин-гиз, куфрларингиз ва насиҳатгўйларга қулоқ осмаганликла-рингиз сабаблидир. Бунга бизнинг ҳеч қандай дахлимиз йўқ, бунинг бирдан-бир сабаби сизнинг туғёнингиз ва тажовузкорлигингиздир. Зеро, тажовузкор золимнинг бад-бахтлиги ўзи билан биргадирки, унга келган ҳар қандай ёмонликнинг сабабчиси фақат ўзидир. Бу нарса Аллоҳнинг қазои қадари, ҳикмати ва адолатидир. Аллоҳ таоло айтади: «Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимса-ларга баробар қилурмизми?! (Яъни, ҳаргиз ундай қилмаймиз), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35-36).
«Бадгумонингиз ўзларингиз биландир» оятининг маъноси шундай бўлиши ҳам мумкин: «Бадгумоннингиз ўзингизга қайтгувчидир». Сизларда пайдо бўлган бадгумон албатта ўзингизга қайтади. Бу, гапдаги қасос бобидандир. Бунинг ўрнагини Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг ушбу сўзларида кўрамиз: «Агар аҳли китоб(дан бири) сизга салом берса, «ва алайкум» (яъни, сизларга ҳам айтганингиз бўлсин!), денглар!».
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг «Сизларга ваъз-насиҳат қилинса (қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб, дўқ-пўписа қилурмисиз)» сўзи ҳақида шундай дейди: Биз сизга эслатсак, панд-насиҳат қилсак ва Аллоҳнинг тавҳидига буюрсак, бунинг эвазига сизлар: «Ҳақиқатан бизлар сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар (бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар, албатта сизларни тошбўрон қилурмиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етар», дейсизларми?! «Албатта, сизлар бузғунчи, ҳаддан ошган қавмдир-сизлар».
Қатода бу оят ҳақида шундай деди: «Биз сизларга Аллоҳни эслатсак, биздан бадгумонда бўляпсизларми?!»
Юқоридаги икки оятнинг бу бўлимга муносабати, шумланиш жоҳилият аҳли ва мушрикларнинг амалларидан эканлигидирки, Аллоҳ таоло бу амаллари туфайли уларни ёмонлади ва қоралади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шумланишдан қайтардилар ва унинг ширк эканини билдирдилар. Ҳали қуйида бу бўлимга тегишли ҳадислар келади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Касал-лик юқиши йўқ, шумланишлик (бадгумон бўлиш) йўқ, бўйўғлидан ва Сафар ойидан шумланишлик йўқдир» (Бухорий (4/47) ва Муслим (4/1743)).
Имом Муслимнинг ривоятида шу зиёдалар ҳам бор: «Юлдузлар(нинг чиқиши ва ботиши)дан ва ажина-шайтон-лардан шумланишлик йўқдир».
Касаллик юқиши
Абу Саодат шундай деди: «Адво-юқишлик иъдоъ-юқтирмоқ сўзидан олинган исмдир». Араблар касал юқишини шу сўз билан ифодайлайдилар.
Баъзиларнинг айтишича: «Адво-юқишлик иъдод сўзидан олинган бўлиб, касалликнинг касал кишидан бошқасига ўтишидир. Бундаги инкор иллат-касалликнинг кўчиши ёки кўчишнинг касалликка изофа қилиниши-дадир». Биринчи фикр очиқроқдир.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу «Касаллик юқиши йўқдир», ҳадисини айтиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Касаллан-ган киши соғлом кишиларнинг олдига бормайди», деган-ларини айтади. Сўнгра эса ҳадисни қисқартириб: «Касалланган киши соғлом кишиларнинг олдига бормай-ди», қисмини айтиб, «Касаллик юқиши йўқдир» ҳадисини айтмайди. Шунда одамлар унинг ёнига бориб: «Олдин сиздан шу ҳадисни (юқоридаги биринчи ҳадисни) эшитган-дик», десалар, у эътироф қилишдан бош тортди.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилган Абу Маслама айтади: «Абу Ҳурайра эсидан чиқардими, ёки айтган икки ҳадисдан бири наригисини насх-ҳукмини бекор қилдими? Билма-дим».
«Юқиш йўқдир» ҳадисини саҳобалардан бир гуруҳи ривоят қилганлар, жумладан, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ, Соиб ибн Язид, Ибн Умар ва бошқалар.
Бу ҳадиснинг баъзи ривоятларида: «Моховдан шердан қочгандек қочинглар!» (Бухорий ривояти) қисми ҳам бор.
Уламо бу масалада ихтилоф қилдилар. Бу ҳақда айтилган сўзларнинг энг маъқули ва яхшиси Байҳақийнинг сўзи бўлиб, Ибн Салоҳ, Ибнул Қаййим, Ибн Ражаб, Ибн Муфлиҳ ва бошқалар унга қўшилгандирлар.
Байҳақийнинг сўзи қуйидагича: Жоҳилият аҳли юқишлик ишини Аллоҳ таолодан бошқага нисбатлаб, бу ишлар ўз табиати билан, ўзида бор хусусият билан ўзича юқади, деб эътиқод қилишлари жиҳатидан юқишлик инкор қилингандир. Йўқса, Аллоҳ ўз хоҳиши билан соғлом кишининг баъзи ҳасталиклар билан касалланган одам билан кўришиши ва унинг ёнида бўлишини касаллик юзага келишига сабаб қилиши мумкин. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Моховдан шердан қочган-дек қочинглар!», «Касал киши соғлом кишиларнинг олдига бормайди», деганлар. Вабо-ўлат ҳақида эса: «Ким бир жойда вабо-ўлат тарқалганини эшитса, у ерга бормасин!», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг тақдири билан келади, албатта.
Имом Аҳмад ва Термизий Ибн Масъуддан марфуъ ҳолда ривоят қилади: «Ҳеч нарса юқмайди», дея уч марта айтдилар. Шунда бир аъробий: «Эй Аллоҳнинг расули, қўтир касаллиги дастлаб катта туя подаси ичидаги бир туянинг лабида ёки думида пайдо бўлади, кейин эса бутун туяларга тарқалади-ку?!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам: «Биринчи туяни ким қўтир қилди? (Яъни, биринчисига қаердан келди?) Касаллик юқиши йўқ, шумланишлик (бадгумон бўлиш) йўқ, бўйўғлидан ва Сафар ойидан шумланишлик йўқдир. Аллоҳ ҳар бир жонни яратди, унинг ҳаётини, унга етадиган нарсаларни ва ризқини битиб қўйди», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қазои қадари билан юз берганини хабар бердилар. Банда агар офиятда-саломатликда бўлса, ёмонлик (касаллик, бало) сабабларидан узоқ туришликка ўзини сувга ёки ўтга ташламасликка буюрилганидек маъмурдир. Зеро, ўзини сувга ёки ўтга ташлаш ўз жонига қасд қилишда одат тусига кирган ишлардандир.
Шунингдек, мохов, вабо, ўлат каби касалликларга яқинлашишдан узоқ бўлиш лозим. Чунки буларнинг бари касалланиш ва ҳалокатга олиб борадиган сабаблардир. Сабабларни ҳам, сабабчиларни ҳам яратувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Ундан ўзга яратувчи, Ундан бошқа қодир зот йўқ.
Аммо кимнинг Аллоҳга таваккули ва Аллоҳнинг қазои қадарига бўлган иймони кучли бўлса, Аллоҳга суянгани ва зарар ҳосил бўлмаслигига Аллоҳдан умидвор бўлгани учун бу бало, офат, касаллик сабабларидан баъзилари билан қаршилашганда уларни енгиши мумкин. Мана шундай ҳолларда, айниқса, агар бунда умумий ёки хос манфаат бўлса, улар (касалликка ёки ҳалокатга сабаб бўладиган нарсалар) билан қаршилашиши жоиздир. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадис бунга ишорадир: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мохов (билан оғриган) кишининг қўлини ушлаб, уни (овқат солинган) товоққа қўйиб, дедилар: «Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳга ишонган ва таваккул қилган ҳолда егин!», дедилар».
Бу ҳадис Ибн Умар, Ибн Умарнинг ўғли ва Салмон разияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган. Имом Аҳмад шу ҳадисга кўра амал қилди.
Бунинг ўхшашини саҳобаларда кўришимиз мумкин, Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ (Латоиф ал-маориф китобида) айтади: Холид ибн Валид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у била туриб заҳарни едилар. Яна Саъд ибн Аби Ваққос ва Абу Муслим Хавлонийлар денгиз (дарё) сатҳида (қўшини билан) юра олганлар.
Шумланиш
Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг «Шумланиш йўқдир», деган сўзлари ҳақида Ибнул Қаййим раҳимаҳул-лоҳ шундай дейди: «Бу жумла нафий-инкорни ҳам, наҳий-қайтариқни ҳам ифода қилиши мумкин, яъни қайтариқ маъносига кўра, «шумланманглар! (бадгумон бўлманг-лар!)», демакдир. Фақат ҳадисда: Юқиш йўқ, Сафар (ойи)дан, бойўғлидан шумланиш йўқдир, деб келган. Бу эса инкорни далолат қилиб, жоҳилият даврида амалда бўлган бу ишларнинг барчасини бекор қилинганини кўрсатади. Бундан кўринадики, бу лафздаги инкор маъноси қайтариқ маъносидан балоғатлироқ, муносиброқдир. Чунки инкор маъноси бу ишларнинг ботиллигига ва таъсирининг йўқлигига далолат қилади. Қайтариқ маъноси эса, бу ишлардан ман қилинганини ифодалайди, холос».
«Саҳиҳи Муслим»да Муовия ибн Ҳакамдан ривоят қилинди, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизнинг орамизда (баъзи бир нарсалардан) шумланадиган-бадгумон бўладиган одамлар бор-ку», деди. У зот: «У шундай нарсаки, сизлар уни ўзингизда топасиз (яъни, у сизнинг кўнглинггизга келади), фақат у сизни (қилмоқчи бўлган ишингиздан) ҳаргиз тўхтатмасин!», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишининг шумланиш сабабли зарар кўриши ёки умидсизланиши шумланилган нарсадан эмас, балки кўнглига келган бадбинликка эътиқод қилиши сабабли эканлигини хабар бердилар. Кишини бадгумонликка етаклаган ва қилмоқчи бўлган ишидан тўсган нарса — ўзининг гумони, қўрқуви ва ширкидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига уни тушунтириб бердилар ва уммат Аллоҳ субҳонаҳу таоло бандаларининг кўнгиллари хотиржам бўлиши ва улар Унинг ваҳдонияти-тавҳиди билан яшашлари учун бадбинликка бирон аломат, унга етакловчи бирон далолат, ундан қўрқиб, ҳазир бўлиш керак бўлган бирон сабаб қилмаганини билсинлар, дея шумланишликнинг ботиллиги, бекорлигини баён қилдилар. Зеро, Аллоҳ таоло тавҳид Ер юзида ҳоким бўлиши учун пайғамбарларини жўнатди, китобларини нозил қилди, осмонлару Ерни ҳамда икки ҳовли бўлмиш жаннат ва дўзахни яратди. Шундай экан, ким тавҳиднинг мустаҳкам ҳалқасини ва пишиқ арқонини тутса ва Аллоҳга таваккул қилса, бадбинлик фикрлари миясига ўрнашиб олмасидан уларни узиб ташлайди, уларнинг тўғри фикрлар зимнига беркиниб олишидан олдин ақлини йиғиб олади.
Икрима айтади: «Биз Ибн Аббоснинг олдида ўтирган эдик, бир қуш қичқирганича ўтиб кетди. Шунда орамиздан бир киши: «Яхшилик бўлади, яхшилик», деди. Ибн Аббос унга: «Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бўлмайди», деди. Ибн Аббос у киши қушнинг яхшилик ва ёмонликда таъсири бор деб эътиқод қилиб қолмасин, дея зудлик билан уни инкор қилди».
Товус раҳимаҳуллоҳ бир ҳамроҳи билан сафарга чиқди. Бир пайт қарға қағиллади. Ҳамроҳи: «Яхшилик бўлади», деди. Товус: «Бунинг ҳузурида қанақасига яхшилик бўлсин?! Буёғига менга ҳамроҳлик қилма!», деди.
Шумланиш ҳақида баъзи ҳадислар ворид бўлган. Айрим одамлар бу ҳадислар шумланишнинг жоизлигига далолат қилади, деб ўйлайдилар. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари: «Шумланиш уч нарсада бўлади: аёл кишида, уловда ва ҳовлида». Ва шунга ўхшаш ҳадислар бор...
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу уч нарсада бахтсизлик бордир, деб хабар беришларида Аллоҳ таоло инкор қилган бадбинликни исботлаш, бор дейиш келиб чиқмайди. Бундан мақсад, Аллоҳ таоло улардан шундай машъумларни яратганки, унга яқинлашган ёки у билан бирга яшаганларга унинг зарари, шумқадамлиги тегади. Яна шундай баракали-ларини яратганки, унинг яқинидагиларга бахтсизлик ҳам, ёмонлик ҳам келмайди. Бу худди шунга ўхшайди, Аллоҳ субҳонаҳу бир ота-онага муборак фарзанд берганки, улар унинг юзида яхшиликни кўриб турадилар, бошқа бирларига эса машъум фарзанд берганки, улар унинг юзида ёмонликни кўриб турадилар. Бандага берилган ҳокимият ва бошқалар ҳам, ҳовли, хотин ва от ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ субҳонаҳу яхшилик ва ёмонликни, бахт ва бахтсизликни яратди. Аллоҳ баъзи кишиларни баракали, бахтли қилиб яратади ва унга яқин бўлганларга бахт-саодатни насиб қилади, натижада унда барака ва омад ҳосил бўлади. Баъзи кишиларни эса бадбахт қилиб яратадики, унга яқин бўлганлар бахтсизликдан насибала-рини олади (яъни, «қозонга яқин юрсанг — қораси юқар, ёмонга яқин юрсанг — балоси юқар», дегандай). Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қазои қадари билан бўлади. Бу яна шунга ўхшайди, Аллоҳ турли хил сабабларни яратди ва уларни ўзаро зид ва турфа мусаббабларга боғлади. Покиза руҳлардан мушк-анбар ва бошқа нарсаларни яратди, уларга яқин келган инсонлар улардан лаззат оладилар, бунинг акси ўлароқ бадбўй нарсаларни ҳам яратди ҳамда уларга яқин келган одамларнинг ундан озорланишига сабаб қилди. Бу иккисининг ўртасидаги фарқ ҳис қилиш билан билинади. Ҳовлилар, аёллар ва отлардаги фарқ ҳам шундай. Демак, бу бошқа нарса, ширк бўлган шумланиш бошқа нарса экан». Иқтибос тугади.
Бойўғлидан шумланиш
«Бойўғлидан шумланиш йўқдир».
Ал-Фароъ айтади: ««Ҳомма» — бойўғлига ўхшаган кеча қушлари туркумидан бир қушдир».
Ибнул Аъробий айтади: «Ўша қуш бир кишининг уйига қўнса, ундан бадгумонланиб, менинг ёки хонадоним-дан бирининг ўлим хабарини олиб келди, дер эди. Ҳадис бу тушунчани инкор қилиб, ботилга чиқарди».
Сафар ойидан шумланиш
«Сафар билан шумланиш йўқдир».
«Ғарибул ҳадис»да Абу Убайда Рўъбадан ривоят қилди: ««Сафар» — ҳайвонларда ҳам, инсонларда ҳам учрайдиган, ичакларда яшовчи, қичимадан ҳам зарарли бўлган паразит қуртдир. Бунга кўра, ҳадисда кўзланган нарса — одамларнинг бу қуртни юқувчан деб эътиқод қилишлари инкор қилингандир. Буни Суфён ибн Уяйна, имом Аҳмад, Бухорий ва Ибн Жарирлар айтишган».
Бошқа олимлар шундай дейдилар: «Ҳадисдаги сафардан мурод, Сафар ойидир. Бу ерда тилга олинган инкор эса, жоҳилият давридаги одамларнинг насий қилиш-лари, яъни ҳаром қилинган ойларни орқага суришларидир. Улар Муҳаррам ойини ҳалол санаб, унинг ўрнига Сафар ойини ҳаром ой қилиб олишарди». Бу имом Моликнинг фикридир.
Абу Довуд Муҳаммад ибн Рошиддан, у эса бир кишидан эшитганини айтиб беради: «Жоҳилият даври одамлари Сафар ойидан бадгумонда бўлиб, «у машъум-бахтсизлик келтирадиган ойдир», дейишар эди. Ана ўшани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бекор қилдилар». Ибн Ражаб айтади: «Мана шу фикр бу ҳақда айтилган қавлларнинг энг тўғрироғи бўлса керак. Сафар ойидан шумланишлик, қайтарилган бадбинлик жинсидандир. Шунингдек, чоршанба кунидан бадгумон бўлиш сингари ҳар қайси бир кундан шумланишлик ҳам, жоҳилият аҳлининг Шаввол ойидан, хоссатан, бу ойда никоҳ қилишдан шумланишлари ҳам қайтарилган бадбинлик жумласидандир».
Юлдузлардан ва ажиналардан шумланишлик
«Наво, яъни юлдузларнинг чиқиши ва ботиши сабабли бадгумон бўлиш йўқдир».
«Навъ» калимаси «Анвоъ» калимасининг бирлик ҳолатидир. У ҳақида олдинда ўзининг бўлимида маълумот берилади, иншаоллоҳ.
«Ажина ва шайтонлардан шумланишлик йўқдир».
Бундаги «ғовл» сўзининг кўплиги «ағвол ва ғайлон» бўлиб, бу ерда кўзланган мақсад «ғайлон»дир.
Абу Саодат айтади: ««Ғовл» сўзи «Ғайлон» сўзининг бирлик ҳолати бўлиб, жин ва шайтонларнинг бир туридир. Араблар чўлу биёбондаги жин-шайтонлар одамларнинг кўзларига турли туман кўринишда кўриниб, уларни йўлларидан адаштириб, ҳалок қиладилар, деб эътиқод қилардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни инкор ва бекор қилдилар.
Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар жин-шайтонлар қаёфасини ўзгартириб сизларни адаштирмоқчи бўлса, азон айтишга шошилинглар!», деганлар-ку, унда бу инкорни қандай тушунамиз?, дейилса, унга шундай жавоб қилинади: Бу илк даврларда бўлган ишдир, кейин Аллоҳ уларни бандаларидан даф қилди. Ёки айтиладики: Бу ердаги инкор, суратини ўзгартириб, зарар берадиган жин-шайтонларнинг мавжудлигига эмас, билакс араблар унинг таъсири бор деб ўйлаган нарсаларигадир.
Ёки ғовл йўқдир, дегани, жин-шайтонлар Аллоҳни ёдида тутган ва Унга таваккул қилган бирон кишини адаштиришга қодир бўлолмайди, демакдир. Буни бошқа бир ҳадис дастаклайди: «Йўлдан оздирувчи ажиналар йўқ, фақат жодугар жинлар бор». Яъни, жинлар орасида одамларни довдиратиб, кўзбўямачилик қиладиган сеҳргар-лари бор. «Агар жин-шайтонлар қаёфасини ўзгартириб сизларни чалғитмоқчи бўлса, азон айтишга шошилинглар!» ҳадиси шу жумладандир. Яъни, уларнинг ёмонликларини Аллоҳни зикр қилиш билан даф қилинглар!
Бундан кўринадики, ҳадис уни (ғовлни, яъни жинларнинг бор-йўқлигини) инкор қилиш ёки қилмаслик маъносида ворид бўлмаган. Абу Айюбдан келган ҳадис ҳам бунга ишора қилади: «Айвонда менинг қуритилган хурмоларим бўлар, ғовл-жин келиб, ундан олар эди».
Шумланишнинг яхшиси некбинликдир
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган Анас разияллоҳу анҳудан келган ҳадисда, Расулуллоҳ соллалло-ҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Касаллик юқиши ҳам, шумланишлик (бадгумон бўлиш) ҳам йўқдир. Менга некбинлик манзур келади». Саҳобалар: «Некбинлик ни-ма?», дедилар. У зот: «Хуш, ёқимли сўз», дедилар (Бухорий (4/46) ва Муслим (4/1745-1746)).
«Менга некбинлик манзур келади», жумласи ҳақида Абу Саодат айтади: ««Фаъл-некбинлик» хушнуд этадиган ҳамда хафа қиладиган нарсаларга истеъмол қилинади. «Тияра-бадбинлик» эса фақат хафа қиладиган нарсаларга қўлланилади, баъзан хушнуд этадиган нарсаларга ҳам ишлатилиши мумкин».
«Фаъл» калимаси «Тафоул», яъни яхшиликка йўйиш, бир нарсани яхшилик аломати деб ҳисоблаш маъноси-дадир, деганлар ҳам бор. Одамлар «фаъл ва тафоъул» калималаридаги ҳамзани талаффузи енгил бўлсин дея ўқимасликка ҳаракат қилишади.
Некбинлик хуш кўрилгандир, чунки одамлар агар ҳар қандай ҳолда: хоҳ заиф, хоҳ кучли сабаб билан бўлсин, бирон манфаатнинг ҳосил бўлиши ва унинг келишини Аллоҳдан орзу, умид қилсалар, яхшиликда бўладилар. Агар Аллоҳ таолодан орзу ва умидларини узсалар, мана шу ёмонлик ҳисобланади.
Бадбинлик эса, хуш кўрилмагандир. Чунки унда Аллоҳдан ёмон гумон қилиш ва балога йўлиқиш бордир.
Яхшиликка йўйиш, касал киши бошқа бирига эшиттириб, «Эй Солим!» (яъни, эй соғлик берувчи Аллоҳ) деса, касалидан соғайишига, ёки бирон нарсасини йўқотган киши бошқа бири эшитттириб, «Эй Вожид!» (яъни, эй йўқотганимни кўрсатиб қўювчи Аллоҳ) деса, йўқотган нарсасини топилишига ишонишидир. «Некбинлик нима ўзи, эй Аллоҳнинг расули?», дейилганда, «Хуш, манзур сўздир», дейишлари шу жумладандир.
Саҳобалар: «Некбинлик нима?», деганларида, у зот: «Хуш, манзур сўздир», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам некбинлик хушнуд қилишини баён қилдилар. Бу эса некбинликнинг қайтарилган бадбинлик-дан эмаслигини кўрсатади.
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Некбинлик сабабли севиниш ва хушнуд бўлишда ҳеч қандай ширк бўлган нарса йўқ. Билъакс у табиат тақозосини ва ўзига мувофиқ ва муносиб бўлган нарсага моил бўлган инсоний фитрат заруратини исботлайди. Худди Пайғамбар соллал-лоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга ўзлари учун дунёдан аёллар ва хушбўйлик суюкли қилинганини билдирганлари каби. Шунингдек, у зот ширинликларни ва асални, Қуръон ва азонни хуш овозда ўқилишини ва уларни бошқалардан эшитишни, гўзал ахлоқлар ва чиройли характерларни яхши кўрар эдилар. Бир сўз билан айтганда, у зот ҳамма етук, комил ва яхши нарсаларни ва уларга олиб борадиган нарсаларни яхши кўрардилар.
Аллоҳ субҳонаҳу одамларга чиройли бир исмни эшитганда хушнуд бўлиш ва уни яхши кўришни ва кўнгилларнинг унга мойил бўлишини табиат қилди. Шунингдек, нажот, салом, муваффақият, табрик, хушхабар, ютуқ, зафар ва шунга ўхшаган номларни эшитганда хурсанд бўлиш, мамнунлик ва шодланишни табиат қилди. Агар бу исмлар қулоқларга чалингудек бўлса, диллар чоғ бўлади, кўнгиллар ёришиб, қалблар қувватланади. Борди-ю, буларнинг зиддини эшитса, бутунлай тескари аҳвол рўй беради-да маҳзун бўлади. Натижада қилмоқчи бўлинган ва мақсад қилинган ишдан қўрқув, бадбинлик, танглик ва сиқилиш юзага чиқади. Бунинг оқибатида дунёда зарар, иймонда нуқсон ва ширкка яқинлашиш майдонга келади».
Ҳалимий айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга некбинлик-яхшиликка йўйиш манзур келар эди. Чунки бадбинлик-ёмонликка йўйиш бирор аниқ сабабсиз Аллоҳ таолога ёмон гумонда бўлиш бўлса, яхшиликка йўйиш эса Аллоҳга яхши гумонда бўлишдир. Мўмин киши ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолога яхши гумонда бўлишга маъмурдир».
Абу Довуд саҳиҳ санад билан Уқба ибн Омирдан ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида шумланиш-бадгумонлик тилга олинди. Шунда у зот дедилар: «Энг яхшиси некбинлик бўлиб, мусулмон кишини (мақсадидан ортга) қайтармайди. Агар бирортангиз ёмон кўрган нарсасини кўрса, шундай десин:
اللَّهُمَّ لا يَأْتِي بِالْحَسَنَاتِ إِلا أَنْتَ ، وَلا يَدْفَعُ السَّيِّئَاتِ إِلا أَنْتَ ، وَلا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِكَ
Маъноси: «Эй Аллоҳ, яхшиликларни фақат Сен ато этасан ва ёмонликларни фақат Сен кетказасан. Ҳолатни ўзгартириш ва куч-қувват фақат Сендадир» (Абу Довуд (4/235), Насоий (294), Байҳақий (8/139)).
«Тавҳид китоби»нинг нусхаларида Уқба ибн Омирдан ривоят қилинда шаклида ёзилган, тўғриси эса, Урва ибн Омирдан ривоят қилингандир. Буни Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар келтирган. Урва ибн Омир маккалик саҳоба бўлиб, насаби ҳақида ихтилоф бор. Имом Аҳмад: Урва ибн Омир Қурашийдан ривоят, деб Қурашийларга нисбат берса, ундан бошқалар: Жуҳаний бўлганини айтадилар. Шунинг-дек, унинг саҳоба бўлиб-бўлмаганлиги ҳақида ҳам ихтилоф бор. Мовардий унинг саҳоба бўлганини айтса, Ибн Ҳиббон уни тобеинларнинг сиқа-ишончлилари орасида айтиб ўтади. Миззий эса, унинг саҳоба бўлганини кўрсатадиган саҳиҳ далил йўқлигини айтади.
«Энг яхшиси некбинликдир» сўзига тўхталсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга некбинлик манзур келиши айтиб ўтилди.
Термизий саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадисда, Анас разияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар бирон ҳожатлари учун чиқадиган бўлсалар, «Эй Нажиҳ, эй Рошид», деган сўзларни эшитишни яхши кўрар эдилар».
Абу Довуд Бурайдадан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч нарсадан бадгумонда бўлмас эдилар. Агар бир кишини бирон вазифа учун (ёки волийлик учун) жўнатмоқчи бўлсалар, унинг исмини сўрар, агар унинг исми у зотга ёқса, хушнуд бўлардилар. Агар унинг исмини ёқтирмасалар, у исмни ёқтирмаганликлари юзларидан маълум бўларди» (Ҳасан ҳадис). Бу ўринда некбинлик-яхшиликка йўйишнинг мисолини кўрдик.
Ибнул Қаййим айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам некбинликни шумланишнинг бири кўриниши ва энг яхшиси эканлигини хабар бердилар. Шумланишни бекор қилдилар ва некбинликни шумланишнинг жумласига киришини, фақат ундан яхшироқ эканлигини хабар бердилар ва некбинлик билан бадбинлик ўртасини ажратдилар. Уларнинг ўртасида ўзига хос хусусият ва зидликлар бор, бири фойдали бўлса, наригиси зарарлидир. Бунга мисол: ширк бўлган дуохонликдан қайтарилган бўлса, ширк бўлмаган дуохонликка руҳсат берилгандир. Чунки ширк бўлмаган дуо ўқиб даволашда зарардан холи бўлган манфаат бордир».
«Мусулмонни мақсадидан ортга қайтармайди», жумла-си ҳақида Тоййибий айтади: «Бу мусулмонга тааллуқли бўлиб, кофирга бунинг тескариси бўлишига ишора бордир».
«Эй Аллоҳ, яхшиликларни фақат Сен ато этасан ва ёмонликларни фақат Сен кетказасан», яъни шумланиш яхшиликни келтирмаганидек, ёқимсиз нарсаларни ҳам кетказмайди, балки ёлғиз Сенгина яхшиликларни келтира-сан ва ёмонликларни кетказасан, бунда Сенинг бирон шеригинг йўқдир.
Баъзи ўринларда яхшилик неъмат, ёмонлик эса мусибат, деб келади, Аллоҳнинг ушбу сўзидаги каби:
«...Агар уларга (мунофиқларга) бирон яхшилик етса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдилар. Борди-ю бирон ёмонлик етиб қолса, «Бунга сен сабабсан», дейдилар. Айтинг: «Ҳамма нарса Аллоҳ томонидандир». Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?! (Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир...» (Нисо: 78-79). Бу ерда Аллоҳдан бошқаси фойда бериши ёки зарарни кетказишига қалбнинг боғланиши инкор қилинди. Бу — тавҳиддир.
Мазкур дуо қалбига шумланишдан, бадбинликдан бирон нарса келиб қолган киши айтиши керак бўлган муносиб дуодир. Унда шумланишлик на фойда келтириши ва на зарарни кетказиши очиқ-равшан айтилиши билан бирга ким ўшандай эътиқодда бўлса, эсипаст нодон ва мушрик ҳисобланиши билдирилгандир.
«Бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш ва куч-қувват фақат Сендадир», яъни бу жумлада тавваккул қилишда ва макруҳ ишни қилиб, оқибатда қилувчини уқубатга гирифтор бўлишига сабаб бўлган шумланишга эътибор қилмасликда Аллоҳ таолодан мадад сўрашлик бордир. Бу дуо таваккулнинг ҳақиқатидан келиб чиқяптики, у яхшиликларни келтириш ва ёқимсиз нарсаларни кетказиш-да сабабларнинг энг кучлисидир.
«Ҳавл» — бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш, ўзгаришдир. Яъни бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш ва ўшанга яраша куч-қувватнинг бўлиши шериксиз, яккаю ягона Аллоҳдандир. Бунда Аллоҳнинг ҳолатни ўзгарти-риши, куч-қуввати ва хоҳишидан ташқарида бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш, куч-қувват ва хоҳишнинг бўлмас-лиги англашилади. Бу рубубиятдаги тавҳиддир. У эса ўз навбатида бутун ибодат турларини ёлғиз Аллоҳ таолога қилишлик бўлган улуҳият тавҳидига далилдир. Асл мақсад ва ирода қилинган тавҳид улуҳият тавҳидидир. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, унинг баёни ўтди.
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан марфуъ суратда ривоят қилинди: «Шумланиш ширкдир, шумланиш ширк-дир. Бирортамиз(нинг кўнглига шумланиш келишидан) холи эмасмиз. Бироқ Аллоҳ уни таваккул билан кетказади» (Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий (5/337), «ат-Тарғиб» (4/64), Ибнул Қаййим «Мифтаҳ дарус-саъадаҳ» (2/234), «Фатҳул борий» (10/213)).
Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон «Бирортамиз(нинг кўнглига шумланиш келишидан) холи эмасмиз. Бироқ Аллоҳ уни таваккул билан кетказади», деган қисмини Ибн Масъуд-нинг сўзи ўлароқ ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида «Шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир» деб уч марта айтилган. Бу эса шумланишнинг ҳаром амал эканлигига очиқ далилдир. Чунки у ширк жумласидан бўлиб, унда қалбнинг Аллоҳ таолодан бошқасига боғланиши бордир.
Ибн Ҳамдон айтади: «Шумланиш макруҳдир». Буни имом Аҳмаднинг ундан бошқа шогирдлари ҳам айтишган.
Ибн Муфлиф айтади: «Тўғрироғи шумланиш ҳаром амал, чунки у ширкдир. Ширк қанақасига истилоҳий маънода макруҳ бўлсин?!»
«Сунан»нинг шарҳида шориҳ шундай деган: «Албатта, шумланиш ширкдан ҳисобланди, чунки улар шумланган нарсаларига кўра иш қилсалар, у уларга фойда келтири-шига ёки улардан зарарни кетказишига ишонар эдилар. Гўё улар Аллоҳ таолонинг ёнига бир шерик қилгандилар».
«Бирортамиз бундан холи эмасмиз» сўзи ҳақида Абул Қосим Исбаҳоний ва Мунзирий шундай деганлар: «Ҳадис замирида бир жумла бор, у шундай демакдир: Бирорта-мизнинг кўнглига қандайдир бир шумланиш келишидан холи эмасмиз».
Халхоний айтади: «Мустасно қилинган жумла ёқимсиз ҳолатни ўз ичига олгани учун зикр қилинмади. Бу гапириш одобидандир».
«Бироқ Аллоҳ уни таваккул билан кетказади», яъни бироқ биз фойданинг келиши ва зарарнинг кетишида Аллоҳга таваккул қиламиз ва Аллоҳ ёлғиз Унга бўлган таваккулимиз сабабли биздан уни кетказди.
«Ҳадиснинг охирги қисми Ибн Масъднинг сўзидир» жумласи ҳақида Ибнул Қаййим шундай дейди: «Тўғриси ҳам шудир. Чунки шумланиш ширкнинг бир туридир».
Имом Аҳмад ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Амрдан келган ҳадисда шундай дейилган: «Шумланиш кимни бир ҳожатидан (қилмоқчи бўлган ишидан) қайтарса, шубҳасиз, ширк келтирибди». Саҳобалар: «Унинг каффорати бор-ми?», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
اللهم لاَ خَيْرَ إلا خَيْرُكَ وَلاَ طَيْرَ إلا طَيْرُكَ وَلاَ إِلَهَ غَيْرُكَ
«Эй Аллоҳ, Сенинг яхшилигингдан бошқа яхшилик йўқ, Сендан бўлган шумланишдан бошқа шумланиш йўқ ва Сендан ўзга барҳақ илоҳ йўқдир», деб айтишингдир» (Аҳмад «Муснад» (2/220), Ибн Ваҳб «Жомиъ» (110), Табароний «Мажмаъ» (5/105)).
Бу ҳадисни Аҳмад ва Табароний Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилдилар. Ҳадис санадида Ибн Луҳайъа бор, қолган ровийлар сиқа-ишончлидир.
Ибн Амр — у Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ибн Воил Саҳмийдир. Куняси Абу Абдурраҳмон эканлиги ҳам айтилган. У илк мусулмон бўлган, кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан бўлиб, фақиҳ Абодала (Абдуллоҳлар)дан биридир. Зул-ҳижжа ойининг иссиқ кечаларида Тоифда вафот этган.
«Шумланиш кимни бир ҳожатидан қайтарса, шубҳасиз, ширк келтирибди». Шумланиш, бадбинлик бир нарсани кўриш ёки эшитиш сабабли юзага келиши айтиляпти. Агар у кишини ҳожатидан, яъни сафар қилиш ва шунга ўхшаш ишларни қилишдан қайтарса, қилмоқчи бўлган ишидан тўсса ва эшитган ёки кўрган нарсасини ёмонликка йўйиб, шунга кўра ҳаракат қилса, батаҳқиқ ширкка кирибди. Олдин айтилганидек, киши Аллоҳдан бошқасига илтифот қилиши билан Аллоҳга бўлган таваккули комил бўлмайди ва унда шайтоннинг улуши бўлади.
Саҳобалар: «Унинг каффорати борми?», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Эй Аллоҳ, Сенинг яхшилигингдан бошқа яхшилик йўқ, Сендан бўлган шумланишдан бошқа шумланиш йўқ ва Сендан ўзга барҳақ илоҳ йўқдир», деб айтишингдир».
Агар киши бу дуони айтса ва кўнглига келган нарсадан юз ўгириб, унга эътибор бермаса, Аллоҳ унинг қалбига келган нарсани каффорат қилади, яъни ўзида Аллоҳнинг Ўзигагина суянишни ва Ундан бошқасидан юз ўгиришни ўз ичига олган бу дуо сабабли кўнглига келган васвасадан халос қилади.
Бу ҳадис шумланишни ёқтирмасдан, унга эътибор бермасдан ўз йўлида давом этган кишига унинг зарар бермаслигини кўрсатади. Аммо кимнинг Аллоҳга бўлган таваккули нуқсонли бўлиб, бу ишда бадгумонлари ортидан қувганича шайтонга эргашиб кетса, ёқтирмаган нарсага дучор қилиниш билан жазолантирилади, чунки у Аллоҳга иймон келтиришлик вожибидан юз ўгирди.
Шунингдек, бу ҳадис барча яхшиликлар Аллоҳнинг қўлида эканилигини, бандага хоҳиши ва иродаси билан яхшиликни келтирувчи Унинг ўзи эканлигини ва қудрати, лутфи ва эҳсони билан ундан зарарни даф қилган ҳам Унинг ўзи эканлигини кўрсатади. Демак, яхшилик фақат Ундандир ва бандасидан ёмонликни кетказувчи фақат Удир. Шунингдек, агар бандага бирон ёмонлик етса, ўзининг гуноҳлари сабабидан етади. Аллоҳ таоло айтадики: «(Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир» (Нисо: 79).
Бадбинлик билан некбинлик орасидаги фарқ
Унинг Фазл ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисида: «Шумланишлик — сени (бирор ишни қилишингга) ундаган ёки (бирор мақсадингдан ортга) қайтарган нарсадир» (Аҳмад (1/213)).
Бу ҳадис имом Аҳмад ривоят қилган Фазл ибн Аббоснинг ҳадисидан бир парчадир. Фазл ибн Аббос айтади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан чиқдим ва ярадор беҳол бир кийикни кўриб қолдим, у бир томонга эгилиб қолганди. Мен уни қучоқладимда «Эй Аллоҳнинг расули, кўнглимга бадбинлик келди», дедим. Шунда у зот: «Шумланишлик — сени (бирор ишни қилишга) ундаган ёки (бирор мақсадингдан ортга) қайтарган нарсадир», дедилар». Ҳадиснинг санадида инқитоъ-узилиш бор, яъни Маслама билан Фазлнинг ўртаси узилиб қолган.
Ҳадис ровийси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жиянлари Фазл ибн Аббос ибн Абдулмут-толибдир. Ибн Маъин уни Ярмук жангида ўлдирилганини айтади. Ундан бошқалар эса 13 ҳижрийда содир бўлган «Маржу Суффар» жангида 22 ёшида ўлдирилганини айтишади. Абу Довуд эса, Дамашқда ўлдирилган, ўшанда эгнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг совутлари бўлганлигини айтади.
«Шумланишлик — сени ундаган ёки қайтарган нарсадир». Бу қайтарилган шумланишнинг чегарасидирки, у инсонни хоҳлаган, қасд қилган йўлига ундагани каби, ундан тўсиши ҳам мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрган некбинлик эса, хушхабарнинг бир туридир. Банда у билан хушнуд бўлади, бироқ уни ундовчи ёки қайтарувчи нарсанинг (бадбинликнинг) хилофи ўлароқ унга суянмайди. Чунки қалбнинг бирор нарсага суянишлик сифати бор. Шундай экан, булар орасидаги фарқни тушуниб олинг.
Энг тўғрисини Аллоҳ билади.
Ушбу бўлимдаги масалалар:
1) Аллоҳ таолонинг ушбу икки қавли ҳақида огоҳ бўлишлик:
«Яхши билингларки, уларнинг шумланишлари (шумланган нарсалари) Аллоҳнинг ҳузуридандир» (Аъроф: 131).
«Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни, бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг куфрларингиз-дан бадгумон қилинглар)» (Ёсин: 19).
2) Касаллик юқишининг инкор қилингани.
3) Шумланишнинг инкор қилингани.
4) Бойўғли сабабли шумланишнинг инкор қилингани.
5) Сафар ойи кириши билан шумланишнинг инкор қилингани.
6) Некбинликнинг шумланишдан эмаслиги, билъакс мустаҳаб эканлиги.
7) Некбинликнинг изоҳи.
8) Қалбингизда кечадиган шумланишни ёмон кўришингиз ва Аллоҳ таоло уни таваккул билан кетказиши.
9) Ўзида шумланишни ҳис қилган киши нима дейишининг баёни.
10) Шумланишнинг ширкдан эканининг очиқ баёни.
11) Мазамматланган шумланишнинг изоҳи.