Рўзани бузувчи амаллар
Категориялар
Full Description
- (1) Қасддан еб-ичиш:
- (2) Қасддан қусиш:
- (3) Ҳайз ва нифос:
- 3. Рўзадорнинг истимно қилишининг ҳукми[11]:
- 4. Мазий:
- 5. Жанобат:
- 6. Сурма қўйиш, кўз, қулоқ ва бурунга дори томизиш ва ҳоказо ишлар:
- 7. Ғусл қилиш:
- 8. Оғиз ва бурунга сув олиш:
- 9. Ҳижома қилдириш:
- 10. Бадандан қон чиқиши:
- 11. Укол олиш:
- 12. Мисвок ишлатиш:
- 13. Ҳидли нарсаларни ҳидлаш:
- 14. Сўлак ва балғам (қақириқ)ни ютиш:
- 15. Сақланиш имконсиз нарсалар:
- 16. Таомни татиб кўриш:
- 17. Рўза ва оғир меҳнат:
- Эслатма:
- 18. Муолажа таблеткалари:
РЎЗАНИ БУЗУВЧИ АМАЛЛАР
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Саидаҳмад Самарқандий
Нашрга тайёрлади: Абу Абдуллоҳ Шоший
مبطلات الصيام
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ سعيد أحمد السمرقندي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Бисмиллаҳ..
Рўзани бузувчи амалларни икки қисмга ажратиш мумкин:
Рўзани бузувчи ҳамда қазо ва каффоратни вожиб қилувчи амаллар.
Рўзани бузувчи ҳамда фақат каффоратни вожиб қилувчи амаллар.
Биринчидан: рўзани бузувчи ҳамда қазо ва каффоратни вожиб қилувчи амаллар:
Бундай амал биргина жинсий яқинликдир. Агар рўзадор рамазон кундузида билатуриб қасддан аёлининг олд ёки орқасига[1] жинсий яқинлик қилса, маний тўкиш ёки тўкмаслигидан қатъий назар гуноҳкор бўлади ҳамда рўзаси бузилиб, қазо ва каффорат вожиб бўлади.
Рўзадор фарз рўзани бузгани сабаб қазо вожиб бўлади.
Қуйидаги ҳадисга биноан ушбу ҳолатда каффорат ҳам вожибдир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб шундай деди:
— Шўрим қуриди, эй Расулуллоҳ!
— Нега шўринг қурийди?
— Рамазон кундузида аёлим билан қўшилиб қўй-дим.
— Бир қул озод қилишга маблағинг борми?
— Йўқ.
— Кетма-кет икки ой рўза тутишга қодирмисан?
— Йўқ.
— Олтмиш нафар мискинга таом беришга имко-нинг борми?
— Йўқ.
Шундан сўнг ҳалиги киши бир четда ўтирди. Бу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олди-ларига катта бир саватда хурмо келтирилди.
— Мана буни олиб садақа қил, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
— Ўзимдан камбағалроқ кишигами? Мадинанинг икки тошлоғи ўртасида (яъни Мадинада) бу хурмога мендан кўра муҳтожроқ кимса йўқ.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто қозиқ тишлари кўриниб кетди.
— Бор, хурмони олиб, оилангга едир, дедилар у зот”[2].
Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қай тарзда каффорат бериш тартибини баён қилдилар. Аввало қул озод қилиш лозим. Қул озод қилишга қурби етмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиш керак. Борди-ю, бунга ҳам қодир бўлмаса, у ҳолда олтмиш нафар мискинга таом беради. Ҳадисда зикр қилинган ушбу тартибга риоя қилиш вожиб. Бу жумҳур уламоларнинг фикридир.
Мавзуга оид масала ва мулоҳазалар:
(1) Юқоридаги ҳадисда кўрсатилганидек, каффорат рўзаси кетма-кет икки ой бўлиши лозим. Икки ой милодий тақвим билан эмас, балки ҳижрий тақвим билан ҳисобланади.
(2) Агар рамазон рўзасидан бошқа бир фарз рўза ёки нафл рўза асносида жинсий яқинлик қилса, рўзаси бузилсада каффорат бериши шарт эмас. Жумҳур уламоларнинг кескин фикри шундан иборат.
(3) Агар мусофир ёки касал каби рамазон ойида рўза тутмаслик рухсат берилган киши кундузи жинсий яқинлик қилса гуноҳкор бўлмайди ва унга каффорат ҳам вожиб эмас. Бунинг учун аёлининг ҳам рўза тутмасликка рухсати бўлиши ёки кундузи ҳайздан покланган бўлиши каби узрли бўлиши керак. Аммо аёли рўзадор бўлса, унинг рўзасини бузиши ҳаромдир.
(4) Агар инсон бир кунда бир-неча бор жинсий яқинлик қилган бўлса, у ҳолда рожиҳ фикрга кўра, бир бор каффорат бериши кифоя. Бу ўринда биринчи жинсий яқинликдан каффорат берган ёки бермаган-лигининг аҳамияти йўқ.
Агар рамазонда бир неча кун жинсий яқинлик қилган бўлса, рожиҳ фикрга кўра жинсий яқинлик қилган ҳар бир кун учун алоҳида каффорат беради. Чунки ҳар бир кун алоҳида ибодатдир.
(5) Агар унутиб ёки рўзадорга жинсий яқинлик қилиш ҳаромлигини билмасдан жинсий яқинлик қилса, унга бирон нарса вожиб бўлмайди, маъзур тутилади. Агар у бу ишнинг ҳаромлигини билса-ю, лекин каф-форат бериш лозимлигидан бехабар бўлса, у ҳолда каффорат бериши лозим бўлади.
(6) Жумҳур уламоларнинг фикрича, аёл киши эрининг жинсий яқинлик қилишига рози бўлса, у ҳолда аёлга ҳам каффорат бериш вожиб бўлади. Негаки, модомики фақат эркакларга тегишли экани тўғрисида кўрсатма бўлмас экан, шаръий аҳкомлар ҳар иккисига баравар тегишлидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аёллар эркак-ларнинг туғишганлари (тенгдошлари)дирлар (яъни улар шаръий аҳкомларда баробардирлар)”[3].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда аёл кишига ҳам каффорат беришни айтмаганлари ундан каффоратни соқит қилишга далолат қилмайди. Сабаби қуйидагича:
Биринчидан, аёл киши келиб, фатво сўрагани йўқ. Фатвода бошқа инсонларнинг ҳолатини суриштириш шарт эмас. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Ғомид қабиласидан бўлмиш аёл зино қилганига иқрор бўлиб келганида, ундан зинокор эркак тўғрисида сўрамадилар.
Иккинчидан, аёл киши узрли бўлиши ва унга рўза тутмаслик жоиз бўлиши мумкин. Айтайлик, аёл киши кундузи ҳайздан покланса ёки сафардан қайтса ёки рўза тутишга қодир бўлмайдиган касал бўлса, унга ўша кун рўзаси вожиб бўлмайди. Мазкур сабабларга биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг аёлига каффорат вожиблигини айтмаган бўлишлари мумкин.
Учинчидан, эркак кишига ҳукмни баён қилиш кифоя, чунки бу ҳукм аёлни ҳам ўз ичига олади. Шунга кўра, аёл эри томонидан жинсий яқинликка мажбур-ланса ёки рўза тутмасликка узри бўлса, унга ҳеч нарса вожиб бўлмайди.
(7) Уламолар юқорида зикр қилинган каффоратда мискинларга бериладиган таом миқдорида ихтилоф-лашганлар. Имом Молик, Шофеий ва Аҳмад ҳар бир мискинга бир ҳовуч миқдорда таом берилади деганлар. Ҳанафий мазҳабига биноан эса ҳар бир мискинга икки ҳовуч миқдорда таом бериш лозим. Биринчи фикр – жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳроқ. Негаки, ҳадиснинг баъзи ривоятларида келишича, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурига келтирилган хурмо тўла саватнинг сиғими ўн беш соъдан иборат бўлган. Маълумки, бир соъ тўрт ҳовучга тенг келади. Шунда ўн беш соъ хурмо олтмиш нафар мискинга тақсимланса, ҳар бир мискиннинг улуши чорак соъ, яъни бир ҳовучга тенг келади.
(8) Агар инсон камбағаллашиб, каффорат беришга қодир бўлмаса, то каффоратга етарли маблағ топгунга қадар унинг зиммасида қолаверади. Мазкур фикр шайхулислом Ибн Таймия қўллаб-қувватлаган ва Ибн Дақиқул Ийд рожиҳ деб билган фикрдир. Шунингдек, бу фикр Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик роҳи-маҳумаллоҳ мазҳабларидир.
Иккинчидан: рўзани бузадиган ва фақат қазони вожиб қиладиган амаллар
(1) Қасддан еб-ичиш:
Бундан кўзда тутилган нарса оғиз орқали еб-ичишдир[4]. Оғиз орқали кирган нарсанинг сув ва гўшт каби фойдали ёки заҳар ва қон сингари зарарли нарсалар бўлишининг аҳамияти йўқ. Ким қасддан ва рўзадорлигини хотирлаган ҳолда ҳалқумига бирон егулик киритса рўзаси бузилади. Аллоҳ таоло айтади: “Ва то тонгдан бўлмиш оқ ип қора ипдан ажра-ладиган пайтгача еб-ичаверинглар” [Бақара: 187]. У рўзани бузиш билан қасддан Аллоҳга осийлик қилгани учун гуноҳкор бўлади ва гуноҳидан тавба қилиб, ўша кунги рўзасининг қазосини тутиб бериши лозим.
Унутиб бирон нарса еб-ичган кишининг рўзаси бузилмайди, балки рўзасини давом эттираверади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким рўзадор ҳолатида унутиб бирон нарса еб-ичса, рўзасини давом эттираверсин. Зеро, уни Аллоҳ едириб-ичирибди”[5].
Ушбу ҳукм далил умумий айтилгани боис фарз ва нафл рўзанинг ҳар иккисига тегишлидир.
Агар инсон рамазон ойида кундузи еб-ичиш ҳаромлигини билмасдан еб-ичиб қўйса, унинг ҳолатига қаралади. Борди-ю, у мусулмон мамлакатларидан узоқ-да ўсиб-улғайгани ёки яқинда исломни қабул қилгани боис бу ишнинг ҳаромлигидан бехабар бўлса, у ҳолда маъзур саналиб, рўзаси бузилмайди. Агар у мусул-монлар билан аралашиб юрган, рамазон ойида кундузи еб-ичиш ҳаромлигини билмаслиги эҳтимолдан йироқ бўлса, у ҳолда рўзаси бузилади ва қазосини тутиш вожиб бўлади.
(2) Қасддан қусиш:
Бу ўринда оз ёки кўп қусиш ўртасида фарқ йўқ, ҳар икки ҳолатда ҳам рўза бузилади. Абу Ҳурайра розиял-лоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким рўзадор бўлган ҳолатида беихтиёр қусса, унга қазо йўқ. Ким атайлаб қусса, қазо тутсин”[6].
Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар қасддан қусган кишининг рўзаси бузилишига ижмо қилишган”.
Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қусиш хусусида жумҳур уламолар бехосдан қусиш билан қасддан қусиш ўртасини ажратганлар. Бехосдан қусиш рўзани бузмайди, қасддан қусган кишининг рўзаси бузилади”[7].
(3) Ҳайз ва нифос:
Аёл кишининг кун ботишидан бир лаҳза бўлсада олдин ҳайз ёки нифос кўриши рўзасини бузади. Бу ҳолатда рўзанинг бузилиши ва қазо вожиблигида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ.
Мавзуга оид масала ва мулоҳазалар:
1. Агар инсон тупроқ каби озуқаликка яроқсиз нарса ёки сигаретга ўхшаш зарар ва азият берадиган нарса истеъмол қилса, рўзаси бузилади. Чунки рўзадор бу нарсаларни таом йўли бўлмиш оғзи билан истеъмол қилди.
2. Рўзадор киши аёлини ўпиши, қучоқлаши ва у билан жинсий яқинлик қилмасдан баданини ушлаши рўзани бузмайди. Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор бўлган ҳолларида хотинларини ўпар, рўзадор бўлган ҳол-ларида хотинларининг баданларини ушлар эдилар. У зот сиз эркаклар ичида энг шаҳватини тиювчироқ (яъни эҳтирослари устидан ғолиб) эдилар”[8].
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Кун-лардан бирида рўзадор ҳолимда қоним юришиб (аёлимни) ўпдим. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Бугун катта бир ножўя ишни қилиб қўйдим: рўзадор ҳолатимда (аёлимни) ўпдим” – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айтчи, рўзадор ҳолингда оғзингга сув олиб ғарғара қилсанг нима бўлади?”. Мен: “Зиёни йўқ” – дедим. Шунда у зот айтдилар: “Шундай экан, ўпишнинг нима зиёни бор?”[9].
Аёлини ўпиш, қучоқлаш ва жинсий алоқа қилмас-дан баданини ушлаш аслида жоиз. Бироқ шаҳвати қўзғалиб, маний тўкишидан ёки аёли билан қўшилиб қўйишдан қўрқса, у ҳолда уламолар рўзадор учун бу ишларни макруҳ деганлар.
Шу боис, бу каби ишлар кексаларга жоиз, ёш йигит-ларга макруҳдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, “бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан рўзадор аёлининг баданини ушлаши тўғрисида сўраганда у зот рухсат берадилар. Бошқа бир киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айнан шу масалани сўраганида у зот бундан қайтарадилар. Қарасалар, Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам рухсат берган киши кекса, бу ишдан қайтарган киши ёш йигит экан”[10].
3. Рўзадорнинг истимно қилишининг ҳукми[11]:
Истимно – қўл ёрдамида маний чиқариш демак. Агар рўзадор истимно қилиб, маний тўкса, тўрт мазҳаббоши имомлар ва бошқа уламоларнинг фикрига кўра, рўзаси бузилади. Шайх Ибн Усаймийн[12] роҳима-ҳуллоҳ ушбу ҳукмга қуйидаги ҳадиси қудсийни далил қилади: “Мен учун таоми, ичимлиги ва шаҳватини тарк қилади” [Муттафақун алайҳ].
Маний чиқариш шаҳватдир. Агар инсон бу шаҳват-ни тарк қилмаса, аксинча уни қондириш пайида бўлса, демак унинг рўзаси бузилади. Бироқ шаҳвоний нарсалар ҳақида хаёл суриш натижасида маний чиқиб кетса, рўзаси бузилмайди. Чунки хаёл суриш ички кечинма бўлиб, инсон бунинг учун жавобгар бўлмай-ди[13].
4. Мазий:
Агар инсон аёли билан жинсий яқинлик қилмасдан қучоқлашиши ёки жинсий яқинлик тўғрисида хаёл қилиши ёки аёлининг баданини ушлаши натижасида олатидан мазий чиқса, рўзаси дуруст бўлиб, бу билан рўзаси бузилмайди. Бу Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофеийнинг мазҳаби ва шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ[14] ихтиёр қилган фикрдир.
Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазий чиқиши билан рўза бузилмаслигига далил бу ҳақда бирон далил-ҳужжат йўқлигидир. Негаки, рўза шариат баён қилган тарзда муайян нарсалардан тийилиш лозим бўлган ибодатдир. Бу ибодат бузилиши учун эса бирон далил бўлиши лозим”[15].
Шунга қарамай, банда Раббисига ибодат қилар экан, комил савобга эришиш учун ибодатига путур еткизадиган ишлардан четланиши лозим. Чунки ибодатни дуруст бўлиши билан унинг қабул бўлиши ўртасида фарқ бор. Шундай амаллар борки, фиқҳий ҳукм нуқтаи назаридан дуруст бўлсада, бироқ уни ботил қиладиган ва савобини зое қиладиган ишлар билан аралашиб қолади.
5. Жанобат:
Агар инсон кечаси аёли билан қўшилиши ёки эҳтилом бўлиши сабаб жунуб ҳолида тонг оттирса ёки кундузи рўзадор ҳолида эҳтилом бўлиб қолса, рўзаси дуруст бўлиб, бу унинг рўзасига таъсир қилмайди. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида жунуб бўлиб тонг оттирар, сўнг ғусл қилиб, рўзани давом эттирар эди-лар”[16]. Бу жанобат тўғрисида, энди уйқусида эҳтилом бўлган кишига келсак, собиқ мақолаларимизда келтир-ган ҳадисга[17] биноан уйқудаги одамга гуноҳ ёзилмай-ди.
6. Сурма қўйиш, кўз, қулоқ ва бурунга дори томизиш ва ҳоказо ишлар:
Кўзга сурма қўйиш ёки дори томизиш билан рўза бузилмайди. Кўзига дори томизар экан дори таъми томоғига етиб борса ҳам зиёни йўқ. Чунки кўз одатий овқатланиш канали эмас. Қолаверса, сурма қўйиш рўзани бузиши хусусида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Ҳолбуки, рўза ибодатдир, уни бузилади, дейиш учун далил керак.
Мазкур ҳукмни қулоқ ва бурунга томизиладиган дори тўғрисида ҳам айтиш мумкин. Бироқ бурунга дори томизишдан сақланган афзал. Чунки Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор таҳоратда бурун чаяр экан, бурунга чуқур сув олишдан қайтарганлар. Ушбу ҳадис қуйида зикр қилинади, иншааллоҳ.
7. Ғусл қилиш:
Рўзадор ғусл қилиши ёки салқинлаш мақсадида сувда чўмилиши жоиздир. Юқорида Ойша ва Умму Салама розияллоҳу анумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жунуб ҳолида тонг оттириб, сўнг ғусл қилганларини айтиб ўтган эдик. Шунингдек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳозирдаги ванналарга ўхшаш ўртаси ўйиқ катта тоши бор бўлиб, рўзадор ҳолида ичига кириб чўмилар эди[18].
8. Оғиз ва бурунга сув олиш:
Оғиз ёки бурунга сув олиш рўзани бузмайди. Шундай бўлсада, рўзадорнинг бурунга чуқур сув олиши макруҳдир. “Сунан” асҳоблари Лақийт ибн Сабира розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Бурунга чуқур сув олгин, фақат рўзадор ҳолатинг бундан мустаснодир”[19].
Агар рўзадор бурунга сув олаётиб бехосдан томоғига сув ўтиб кетса, гарчи макруҳ саналмиш бурунга чуқур сув олган пайтда бўлсада, бу билан рўзаси бузилмайди. Чунки у буни қасддан қилмади.
9. Ҳижома қилдириш:
Рўзадорнинг ҳижома қилдириши жоиздир. Рожиҳ фикрга кўра, ҳижома қилдириш рўзани бузмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолатларида, шунингдек, эҳромда бўлган ҳолатларида ҳижома қилдирганлар[20].
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадорга (аёлини) ўпиш ва ҳижома қилдириш учун рухсат бердилар”[21].
Шундай бўлсада, рўзадорнинг жисмоний заифла-шишига сабаб бўлгани боис ҳижома қилдириш мак-руҳдир. Анас розияллоҳу анҳудан: “Рўзадорнинг ҳижо-ма қилдиришини макруҳ деб билармидингиз?”, деб сўралганда: “Йўқ, фақат заифлашишга сабаб бўлгани учун шундай дер эдик”[22] – деб жавоб беради.
Энди “Ҳижома қилувчининг ҳам, қилдирувчининг ҳам рўзаси очилади”, деган ҳадисга келсак, жумҳур уламоларнинг фикрича, ушбу ҳадис қуйидаги сабаб-ларга кўра мансух (яъни ҳукми бекор қилинган)дир:
А) Дорақутний ровийлари ишончли бўлган санад билан Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Рўза-дор учун дастлаб ҳижома макруҳ қилингани қуйида-гича бўлган: Жаъфар ибн Абу Толиб рўзадор ҳолида ҳижома қилдиради. Унинг олдидан ўтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Булар иккиси (яъни ҳижома қилувчи ва қилдирувчи)нинг рўзаси очилди” – дейдилар. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижомага рухсат берадилар”[23].
Б) Юқорида айтиб ўтилган Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижомага рухсат берганлари айтилди. Маълумки, рухсат бери-лиши учун аввал ман қилинган бўлиши лозим.
10. Бадандан қон чиқиши:
Рўзадорнинг баданидан қон чиқиши, бурни ёки тиши қонаши, тиш суғуриш ёки ҳуснбузарни сиқиш сабабли қон чиқиши рўзани бузмайди. Бироқ чиққан қонни ютиб юборишдан эҳтиёт бўлиш лозим.
Шунингдек, лаборатория таҳлили учун ёки ўзга-ларга қон бериш мақсадида шприц билан қон олиш ҳам рўзага таъсир қилмайди.
11. Укол олиш:
Вена қон томирлари ёки мускуллар орқали укол олиш рўзани бузмайди.
Уламолар рўзадорнинг озиқлантирувчи уколлар олиши хусусида ихтилофлашганлар. Айрим уламолар-нинг фикрича, бу тур уколлар инсонга қувват бағиш-лайди ва озуқа ўрнини босади ва шу жиҳатдан рўзани бузади.
Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бундай уколлар рўзага таъсир қилмайди. Чунки инсон оғиз орқали овқатланар экан, таомни чайнаш ва ютиш билан лаззатланади. Озиқлантирувчи уколларда эса бу нарса йўқ.
Менимча, валлоҳу аълам, озиқлантирувчи укол олишга эҳтиёжи бор рўзадорлар, хаста сифатида рўза тутмаслик рухсатидан фойдаланиб, кейинчалик қазоси-ни тутганлари афзалроқдир.
12. Мисвок ишлатиш:
Рўзадор ҳар қандай вақтда: заволдан олдинми ёки кейинми, шунингдек, қуруқ ёки ҳўл бўлишидан қатъий назар мисвок ишлатиши жоиздир. Бунга мисвок ишла-тиш хусусида келган умумий ҳадислар далил бўлади.
Бухорий роҳимаҳуллоҳ бу борада шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (мисвок ишлатиш хусусида) рўзадорни бошқалардан ажратма-дилар”[24].
Шунингдек, тиш пастасини ишлатиш ҳам жоиз. Бироқ тиш пастасининг ҳиди ва таъми ўткир бўлгани боис, ошқозонга ўтиб кетиш эҳтимоли бўлса, у ҳолда уни ишлатиш макруҳ бўлади. Бироқ ютиб юбормас-ликка ўзига ишонса ва тиш пастасининг ҳиди ва таъми унчалик ўткир бўлмаса ишлатишнинг зиёни йўқ[25].
13. Ҳидли нарсаларни ҳидлаш:
Ҳидли нарсаларни ҳидлаш рўзани бузмайди. Шунга кўра рўзадорнинг атир ва хоҳ суюқ, хоҳ тутатқи бўлсин хушбўйликлардан фойдаланиши жоиз. Рўзадор-нинг хушбўйликлардан фойдаланишини ман қилган-ларнинг бирон мўътабар далили йўқ.
14. Сўлак ва балғам (қақириқ)ни ютиш:
Рўзадор сўлагини ютиши мубоҳдир. Ҳаттоки оғзи-да сўлагини тўплаб, сўнг уни ютиб юборса, модомики оғзидан ташқарига чиқармаган бўлса зиёни йўқ. Агар субҳи содиқдан олдин сув ичса-ю, сўнг субҳи содиқ кириб азон айтилса, оғзидаги сувнинг таъмини кетки-зиш учун тупуриш шартмас. Зеро, бу каби нарсалар динимизда афв этилган ишлардандир.
Балғам (қақириқ) тўғридан-тўғри томоқдан ичга ўтиб кетса рўзага зиёни йўқ. Борди-ю, аввал оғизга тушиб, сўнг ютиб юборилса, рожиҳ фикрга кўра рўзани бузади. Негаки, у бир жиҳатдан таомга ўхшайди. Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ ҳар икки ҳолатда ҳам балғамни ютиш билан рўза очилмаслигини рожиҳ деб билган.
15. Сақланиш имконсиз нарсалар:
Кўча чанги, ун элаганда кўтарилган кепакли ғубор ва тишлар орасидаги таом қолдиқлари сингари сақла-ниш имконсиз ёки машаққатли бўлган нарсалар рўзани бузмайди.
Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар ижмо қилишганки, рўзадор чиқаришга қодир бўлмаган, сўлагига қўшиб ютиб юборадиган тиш орасидаги таом қолдиқларининг рўзага таъсири йўқ”[26].
16. Таомни татиб кўриш:
Рўзадор таомни татиб кўриши жоиз. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Рўзадор харид қилмоқчи бўлган сирка ва шу каби нарсаларни татиб кўришининг зиёни йўқ, томоғига ўтиб кетмаса бўлди”[27].
Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Рўзадор асал, сариёғ ва шу каби нарсалар-нинг таъмини билиш учун татиб кўриши, сўнг тупуриб ташлашининг зиёни йўқ”[28].
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ рўзадор ҳолида нева-расига ёнғоқ чайнаб берарди.
Иброҳим Нахаий ва Икрима (роҳимаҳумаллоҳ) айтадилар: “Рўзадор аёл боласига овқат чайнаб бери-шининг зиёни йўқ”[29].
Рўзадорга таомни татиб кўриш жоиз бўлиши учун томоғига ундан бирон нарса ўтмаслиги зарур.
17. Рўза ва оғир меҳнат:
Новвойхона, шахта (кон) каби оғир меҳнатларда ишловчи кишилар рамазонда рўза тутмаслиги жоиз эмас. Чунки улар ҳам мукаллаф – шариат буйруқлари тааллуқли бўлган шахслардир.
Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Машаққатли меҳнат билан шуғулланувчи шахслар кечаси рўза тутишни ният қилиб тонг оттиришлари вожибдир. Борди-ю, кундуз асносида ҳолдан тойиб, оғиз очишга мажбур бўлсалар, у ҳолда зарурат миқдорида рўзани бузишлари жоиз. Сўнг ўзларига муносиб вақтда рўза тутмаган кунларининг қазосини тутиб берадилар”[30].
Эслатма:
Айрим замонавий муолажа воситалари борки, уларни қўллаш рўзани бузмайди. Ҳижрий 1418-сананинг 23-28 сафар ойида бўлиб ўтган Ислом Фиқҳи Академиясининг навбатдаги кенгаши қуйидагиларни қарор қилади[31]:
18. Муолажа таблеткалари:
Юрак хуружи ва инсульт каби касалликларни муолажа қилиш учун тил остига қўйиладиган таблет-калар модомики ютиб юборилмаса рўзани бузмайди.
19. Аёлларнинг жинсий аъзоларига қўйиладиган дорилар (суппозиторлар, ювувчи воситалар) ёки бу аъзоларга тиббий кўрик учун жарроҳлик асбобларини (пессари, доуче, скоп) ёки табиб бармоқларини солиб кўриши рўзани бузмайди.
20. Бачадонга скоп (кўзгу) киритиш ёки спирал ўрнатиш рўзани бузмайди.
21. Аёл ёки эркакнинг сийдик йўли канали ( ёки анал тешиги)га махсус ингичка найча (ёхуд катетер трубаси) ёки скоп, рентген қилиш учун соя берувчи модда, бирон дори ёки қовуқни ювиш мақсадида махсус эритма суюқлик каби нарсаларни киритиш рўзани бузмайди.
22. Тишларни муолажа қилиш учун ичини ковлаш ёки тиш суғуриш, тишларни тозалаш, мисвок ёки тиш чўткаси ишлатиш башарти оғиздаги нарса томоқдан ўтмас экан рўзани бузмайди.
23. Оғизни чайқаш ёки ғарғара қилиш, шунингдек, оғизга сепиладиган спрей (пуркама дори)лар рўзани бузмайди. Бунинг ичун оғиз бўшлиғидаги нарса томоқдан ичга ўтмаслиги шарт.
24. Хастага кислород бериш рўзани очмайди.
25. Наркоз учун қўлланиладиган газларни ҳидлаш (модомики хастага озиқлантирувчи суюқликлар ичи-рилмаса) рўзага таъсир қилмайди.
26. Терига сингиб кирадиган турли кремлар, ёғлар, доривор ёки кимёвий моддалар билан туйинтирилган пластирларни ишлатиш рўзага таъсир қилмайди.
27. Юрак қон томирлари ёки бошқа ички аъзоларни муолажа қилиш ёки тасвирга олиш мақсадига артерия қон томирларига махсус ингичка найча киритиш рўзани бузмайди.
28. Ичакларни текшириш ёки уларга оид жар-роҳлик амалиёти ўтказиш учун қоринга махсус скоп (кўзгу) киритиш рўзани бузмайди.
29. Жигар ёки бошқа ички аъзолардан лаборатория иши учун намуна олиш (модомики суюқ эритма ичи-рилмаган бўлса) рўзани очмайди.
30. Шунингдек, бош ёки орқа мияга киритилган ҳар қандай тиббий асбоб-ускуна ёки доривор моддалар рўзага таъсир қилмайди.
Мақола “Ихлос орг” веб саҳифасидан олинди.
1)
[1] Аёлнинг орқасига жинсий яқинлик қилиш ҳаромдир. Бу ерда масаланинг рўзага оид жиҳати баён қилинмоқда. Бундан асло бу ишнинг жоизлиги тушунмаслиги керак.
[2] Бухорий (1936, 1937, 2600, 5368, 6087, 6709), Муслим (1111), Абу Довуд (2390), Термизий (724), Насоий “Кубро”да (3117) ва Ибн Можа (1671) ривоят қилишган.
[3] Ҳасан. Абу Довуд (236), Термизий (113) ва Аҳмад (6/256) ривоят қилишган.
[4] Шунингдек, овқатланиш борасида оғиз ўрнини босадиган нарса ҳам оғиз ҳукмида бўлади. Масалан, ҳалқумидан тешик очилган киши ушбу тешик орқали бирон нарса еб-ичса рўзаси бузилади.
[5] Бухорий (1933), Муслим (1155), Абу Довуд (2398), Термизий (721) ва Ибн Можа (1673) ривоят қилишган.
[6] Саҳиҳ. Абу Довуд (2380), Термизий (720), Ибн Можа (1676) ва Ҳоким (1/427) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний (“Ирвоул ғалил”, 930) саҳиҳ деган.
[7] “Фатҳул Борий” (4/206).
[8] Бухорий (1927), Муслим (1106), Абу Довуд (2382), Термизий (729) ва Ибн Можа (1684) ривоят қилишган.
[9] Саҳиҳ. Абу Довуд (2385), Ибн Хузайма (1999) ва Ҳоким (1/21) ривоят қилишган. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг фикрига қўшилган.
[10] Абу Довуд (2387) ривоят қилган, санади ҳасан. Шунингдек, Байҳақий (4/231) ривоят қилган. Ҳадис ҳақида Шайх Албоний ҳасан саҳиҳ деган.
[11] Маълумки, истимно қилиш ҳаромдир. Негаки, истимно қилган киши ўз шаҳватини хотинсиз ёки чўри аёлсиз қондирмоқчи бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бундан бошқа йўл билан шаҳватини қондирмоқчи бўлганларни ҳаддан ошувчилар деб атаган: “Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариатда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошувчилар-дир”[Мўъминун: 6-7].
[12] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/381).
[13] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/390).
[14] “Ал-ихтиёротул фиқҳийя” (108-бет).
[15] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/390).
[16] Бухорий (1925), Муслим (1109) ва Абу Довуд (2388) Ойша ва Умму Салама розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.
[17] Саҳиҳ. Абу Довуд (4398), Термизий (1423) ва Ибн Хузайма (1003) ривоят қилишган. Шайх Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да (3514) саҳиҳ деган.
[18] Бухорий муаллақ ҳолда (4/153) ривоят қилган.
[19] Саҳиҳ. Абу Довуд (142, 143), Термизий (775) ва Аҳмад (4/211) ривоят қилишган.
[20] Бухорий (1939), Абу Довуд (2372), Термизий (775) ва Ибн Можа (1682) ривоят қилишган.
[21] Саҳиҳ. Дорақутний ва Ибн Хузайма (1968) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний саҳиҳ деган.
[22] Бухорий (1940) ривояти.
[23] Байҳақий (4/268) ва Дорақутний (2/182) ривоят қилишган. Ҳадис ҳақида Дорақутний шундай дейди: “Санад ровийларининг барчаси ишончли ровийлар. Ҳадисда бирон иллат борлигини билмайман”. Қолаверса, юқорида келтирилган Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам ушбу ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзадорга аёлини ўпиш ва ҳижома учун рухсат берганлари айтилган эди.
[24] “Фатҳул Борий” (4/158).
[25] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/428-429).
[26] “Ал-ижмоъ” (16-бет), “Фатҳул Борий” (4/160).
[27] Ҳасан. Асарни Бухорий муаллақ ҳолда (4/153) ривоят қилган бўлиб, Ибн Аби Шайба (3/47) унинг Ибн Аббосгача бўлган санадини зикр қилган. Шайх Албоний асар санадини қўллаб-қувватловчи бошқа ривоятлар билан асарга ҳасан деб ҳукм қилган. Қаранг: “Ирвоул ғалил” (937).
[28] Байҳақий (4/261) ва Ибн Аби Шайба (3/47) ривоят қилишган. Мазкур асар собиқ асар санадини қўллаб-қувватлагани боис Албоний унинг санадига ҳасан деб ҳукм қилган (“Ал-ирво”, 4/86).
[29] Ибн Аби Шайба (3/49) ривояти.
[30] “Шайх Ибн Боз фатволари тўплами” (3/233-234). Демак, оғир меҳнат билан шуғулланган кишилар аслида рамазонда рўза тутмасликлари жоиз эмас. Балки рўза тутиш учун бор имкониятларини ишга солишлари вожибдир. Имкон топганлар рамазон ойида бундай оғир меҳнатлардан четланишлари ёки йиллик таътил муддатини рамазон ойига тўғрилашга ҳаракат қилишлари ва ҳоказо чора-тадбирларни кўришлари лозимдир. Бу ойда оғир меҳнатда ишламаслик чорасини топмаганлар имкон қадар рўзани очмасликка интилишлари, ҳолдан тойиб, ишлашга қодир бўлмай қолган кунларда рўзани бузиб, имкон топган пайтларда қазосини тутиб беришлари вожибдир.
[31] Доктор Али Солуснинг “Замонавий фиқҳий масалалар қомуси” китобидан олинди.