×
Мана, улуғ Рамазон ойи кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Инсон доимо эслатмага эҳтиёж сезиб турар экан, бир нарсани билиб турсада, эслатилиши унга далда бўлар экан, қилмоқчи бўлган эзгу ишини бажаришига туртки керак бўлиб турар экан. Шунинг учун бу муборак ой ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчи эдим. (Муаллиф муқаддимаси)

    РАМАЗОН ОЙИГА ТАЙЁРМИЗМИ?

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Шайх Сайфуллоҳ Носир

    —™


    Нашрга тайёрлади: Абу Абдуллоҳ Шоший

    هل نحن مسـتعـدون لشهر رمضــان؟

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    الشيخ سيف الله ناصر

    —™

    مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

    Бисмиллаҳ..

    Мана, улуғ Рамазон ойи кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Рамазон ойи фазилати ҳақида айтилмаган сўз қолмади ҳисоб. Ҳаммага бу қутлуғ ойнинг фазилатлари етиб борган. Лекин инсон доимо эслатмага эҳтиёж сезиб турар экан, бир нарсани билиб турсада, эслатилиши унга далда бўлар экан, қилмоқчи бўлган эзгу ишини бажаришига туртки керак бўлиб турар экан. Шунинг учун бу муборак ой ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчи эдим.

    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ҳақида ҳадислардан бирида шундай дейдилар:
    "Сизларга Рамазон ойи келди. Бу шундай барака ойики, Оллоҳ таоло сизларни яхшиликка буркайди: раҳматини индириб, гуноҳларни ювади, дуоларни мустажоб этади. Сизларнинг бу ойда бир-бирингиздан ўзишга ҳаракат қилаётганингизга қараб, фариштала-рига мақтайди. Шундай экан, ўзингиздан Оллоҳга яхшилик кўрсатинг. Зеро, бундай ойда яхшиликдан маҳрум қолган кимса энг бахтсиз кимсадир". (Табароний ривояти). Бу каби ҳадислар билан саҳобаларни тарғиб қилган зот Рамазонда тоат-ибодатга қандай енг шимаришни ўзлари амалий равишда кўрсатиб берган эдилар.

    Пайғамбар алайҳиссаломдан ўрнак олган саҳоба-лар умрларида Рамазон ойини бир ўзгача шавқ билан кутиб олар, кундузларини рўза, кечаларини тунги намоз билан ўтказар эдилар. Кўпчилик сийрат ва тарих аҳли ривоят қилишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида Рамазонга алоҳида тайёргарлик кўрар, масжидларни бунга тайёрлаб, одамларни ҳам тайёргарлик кўришга ундар эдилар. Абу Исҳоқ Ҳамдоний шундай ривоят қилади: "Рамазон ойининг биринчи кечаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу чиқиб келди. Масжидларда қандил-лар чарақлаб нур таратиб турар, Оллоҳнинг каломи тиловат қилинар эди. Уларга қараб турар экан: Эй Ибн Хаттоб, Оллоҳнинг масжидларини Қуръон билан нурли қилганингдек қабрингни ҳам Оллоҳ ўзи мунаввар қилсин, деди". (Муснадул фаруқ, ал Ибона ва бошқа китоблар).

    Муалло ибн Фазл шундай дейди: "Улар олти ой Рамазонга етказ, деб дуо қилар, яна олти ой эса қабул этгил, деб ёлворар эдилар".

    Яҳё ибн Абу Касир: "Эй Оллоҳ, бизни Рамазонга саломат етказ, Рамазонни ҳам биз учун саломат қил (яъни, унда солиҳ амал қилишга муяссар қил, гуноҳдан сақла), биздан мақбул ҳолда қабул қилиб олғил", дер эди.

    Улар учун Рамазон кундузлари бошқа ойларда ҳам рўза тутиш учун бир мадраса вазифасини ўтар, тунлари эса бошқа тунлар ҳам тик туриб Оллоҳга муножот қилишни ўргатувчи даргоҳ ишини бажарар эди. Шунингдек, Рамазонда улар чинакам очликни ҳис қилиш учун ифторлигу саҳарликда ўзларини овқатга урмас, белларини тутиб туришга етарлигина емак ер эдилар. Оғизларини ичмоқ-емоқдан тийишлари баробарида турли ҳаром гап-сўзлардан ҳам доимо, айниқса бу ойда қаттиқ эҳтиёт қилар эдилар. Шунинг учун ҳам улар Рамазондан ўзгача бир шуур, ўзгача бир шукуҳ, ўзгача бир ҳолат ила чиқар эдилар. Бу қутлуғ ой уларнинг қолган вақтларига ҳам қаттиқ таъсир этиб, барча ойларда гуноҳлардан мутлақ чекинишга, нафл ибодатларга ўрганишга одатланар эдилар. Натижада, уларда бир руҳий юксалиш вужудга келар эди. Дунёга боғлиқ бўлган турли гап-сўзлар, ишлар улар учун бир пастлик, ҳақирлик кўриниб қоларди. Албатта, бунга сабаб уларнинг руҳиятининг покланиб, ўзлари одамлар орасида бўлсалар-да, қалблари, хоҳиш-истаклари, руҳлари Оллоҳга, у зот ваъда этган нарсаларга боғлиқ бўлиб қолгани бўларди. Бу нарса уларнинг ҳатто ташқи кўринишларига ҳам таъсир этмай қолмасди.

    Тобеинлар саййиди Саид ибн Мусаййиб шундай дейди: "Киши тунда намоз ўқишга одатланар экан, Оллоҳ таоло унинг юзига бир нур юборади, шу нур сабабли уни барча мусулмон яхши кўриб қолади. Ҳеч қачон кўрмаган одам ҳам бир кўриши билан: мен шу одамни яхши кўраман, дейди".

    Ҳасан Басрийдан сўрадилар: "Нега тунда намоз ўқийдиганларнинг юзлари чиройли?" У киши жавоб берди: "Чунки улар тунда Раҳмон таоло билан холи қолдилар, Раҳмон уларга ўз нуридан кийгизиб қўйди".

    Бу ҳақиқатларни чин юракдан идрок этган салаф-ларимиз Рамазон кириб келиши билан бошқа ишларни йиғиштириб, Қуръон тиловатига, намозга, зикру тас-беҳга киришиб кетар эдилар.

    Бу табаррук ойда орамизда имкони борлар салаф-лардек бор вақтларини тоат-ибодатга сарф эта олсалар, уларга яқин ибодат қилишга имкон топсалар қандай яхши, қандай бахт. Имкон топмасалар, қўлларидан келганича Оллоҳ таоло раҳматидан насиба олишга киришсалар, турли гуноҳ ишлардан, беҳуда сафсаталардан, умр-вақт эгови бўлган ортиқча ишлардан узоқ бўлсалар ўзлари учун фойда бўлади.

    Оллоҳ таоло барчамизни ушбу улуғ ойни манфа-атли ўтказишга муяссар қилсин, гуноҳларимизни кеч-син, ўзининг суйган бандалари қаторидан қилсин. Омин.

    Мақола фейсбук саҳифасидан олинди.

    1)