×
Ушбу мақола "Тавҳид ақидаси" китобининг биринчи бўлими бўлиб, ақида маъноси, унинг дин биносининг пойдевори сифатидаги аҳамияти, соғлом ақида манбалари ва ақидани қабул қилишдаги салафлар манҳажи, ақидадан оғиб кетиш ва ундан сақланиш йўллари ҳақида баҳс юритади.

 Ақида илмига кириш

 مدخل لدراسة العقيدة الاسلامية

“Тавҳид ақидаси” китобидан иқтибос


 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Робби Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг содиқу амийн Пайғамбарига ва у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар бўлсин...

Бу китобнинг мавзуси тавҳид ҳақида бўлиб, уни мухтасар шаклда ва ибораларини енгил ва тушунарли бўлишига аҳамият қаратдим. Унда бир қанча манбалардан, хусусан буюк алломалар — шайхулислом Ибн Таймия, аллома Ибн Қаййим, шайхулислом Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳоб ва унинг шогирдлари бўлмиш муборак даъват имомлари китобларидан иқтибослар келтирдим.

Шубҳасиз, исломий ақида хусусидаги илм барча илмлар ичида энг асосийси бўлиб, амаллар тўғри, Аллоҳ ҳузурида мақбул ва эгаларига фойдали бўлиши учун бу илмни ўрганиш, ўргатиш ва унга амал қилишга қаттиқ аҳамият бериш зарурдир. Хусусан, бугунгидек динсизлик, тасаввуф, таркидунёчилик, мозорларга сиғиниш, пайғамбар йўлига зид бўлган бидъатлар каби ҳар хил оқимлар кенг тарқалган замонда яшаб турар эканмиз, унинг аҳамияти янада яққол кўзга ташланади. Бу оқимлар ғоят хатарли бўлиб, мусулмон киши улар қаршисида Китоб, Суннат ва салафи солиҳ йўллари асосига қурилган соғлом ақида қуроли билан қуролланмоғи лозим. Акс ҳолда, йўлдан оздирувчи бу оқимлар уни ўз домига тортиб кетиши мумкин. Бу эса мусулмонларнинг фарзанд-ларига соғлом ақидани асл манбаларидан ўргатишга қаттиқ аҳамият беришни тақозо қилади.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловот ва саломлар йўлласин.

  

 Ақида илмига кириш

Бу боб қуйидаги бўлимларни ўзи ичига олади:

Биринчи бўлим: Ақида маъноси, унинг дин биносининг пойдевори сифатидаги аҳамияти.

Иккинчи бўлим: Соғлом ақида манбалари ва ақидани қабул қилишдаги салафлар манҳажи. 

Учинчи бўлим: Ақидадан оғиб кетиш ва ундан сақланиш йўллари.

 Биринчи бўлим: Ақида маъноси, унинг дин биносининг пойдевори сифатидаги аҳамияти

 Ақиданинг луғавий маъноси

Ақида ва эътиқод сўзлари «боғлаш» маъносидаги «ақд» (عقد) сўзидан олинган бўлиб, «фалон нарсага эътиқод қилдим» дегани, унга дилимни ва қалбимни боғладим, деганидир. Инсон ақида билан диндорга айланади. Ақида қалб амали бўлиб, у қалбнинг бир нарсага ишониши ва тасдиқлашидир.

 Ақиданинг шаръий маъноси

Ақида Аллоҳга, малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришдир, буларни иймоннинг рукнлари деб аталади.

Шариат икки қисмга — эътиқодий ва амалий ишларга бўлинади.

Эътиқодий ишлар амалнинг кайфиятига (шакли шамойилига) тааллуқли бўлмаган, Аллоҳнинг рубубиятига, Унга ибодатнинг вожиблигига эътиқод қилиш, шунингдек юқорида айтилган барча иймон рукнларига эътиқод қилиш каби ишлардир. Уларни асллар деб номланади.

Амалий ишлар амалнинг кайфиятига тааллуқли бўлган, намоз, закот, рўза ва бошқа амалий ҳукмларга ўхшаган ишлардир. Уларни фарълар (тармоқлар) деб номланади. Чунки, булар яроқлилик ва яроқсизлик жиҳатидан унисига (яъни аслларга) бино қилинади.

Соғлом ақида — дин унинг устига қуриладиган ва амаллар у билан саҳиҳ-яроқли бўладиган асосдир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ким Роббига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин!» (Каҳф: 110).

«Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!» (Зумар: 65).

«Бас, сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис килган ҳолда ибодат қилинг! (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 2, 3).

Ушбу ояти карималар ва шу маънодаги бошқа кўплаб оятларда амаллар фақат ширкдан холи бўлсагина мақбул бўлишига далил бордир. Шунинг учун пайғамбарлар — уларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин — энг аввало ақидани тузатишга аҳамият қаратганлар. Улар ҳамма нарсадан аввал қавмларини ягона Аллоҳгагина ибодат қилишга ва Ундан ўзгага ибодатни тарк қилишга даъват қилардилар.

Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

Ҳар бир пайғамбарнинг қавмига айтадиган биринчи сўзлари шундай эди:

«Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир» (Аъроф: 59, 65, 73, 85).

Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва бошқа пайғамбарлар ўз қавмларига шундай хитоб қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликнинг илк даврида, Маккада ўн уч йил мунтазам равишда одамларни тавҳидга ва ақидани тузатишга чақирдилар. Чунки, дин биносининг асосий пойдевори шудир. Барча замонларда даъват эгалари ва ислоҳга чорловчилар пайғамбарлар изидан бориб, биринчи навбатда даъватларини тавҳидга чорлаш ва ақидани тузатишга чақиришдан бошлардилар, шундан кейингина диндаги бошқа буюрилган ишларга ўтардилар. 


 Иккинчи бўлим: Соғлом ақида манбалари ва ақидани қабул қилишдаги салафлар манҳажи

Ақида тавқифий (далилга боғлиқ) бўлиб, фақат шариат соҳиби томонидан келган далил билангина собит бўлади ва унда рай (фикр) ва ижтиҳодга ўрин йўқдир. Шундан келиб чиқиб, унинг манбалари ҳам Китоб ва Суннатда келган далилларга чеклангандир. Чунки, Аллоҳни ва Унга нисбатан эътиқод қилиниши вожиб бўлган ва Уни поклаш лозим бўлган нарсаларни ҳеч ким Унинг ўзидан кўра яхшироқ билмайди, Аллоҳни Унинг Ўзидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра яхшироқ билувчи йўқдир. Шунинг учун салафи солиҳнинг ва уларга эргаш-ганларнинг ақидани қабул қилишдаги манҳажи Китоб ва Суннатга чекланган эди.

Аллоҳ таоло ҳаққида Китоб ва Суннат нимага далолат қилган бўлса, улар ўша нарсага иймон келтирдилар, эътиқод қилдилар ва унга амал қилдилар. Нима нарсага Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг Суннатида далолат келмаган бўлса, ўша нарсани Аллоҳ ҳаққида ножоиз санадилар ва уни рад қилдилар. Шунинг учун улар ўртасида эътиқод борасида ихтилоф бўлмади, барчаларининг ақидалари битта ва жамоатлари бир бўлди. Чунки, Аллоҳ таоло Унинг Китобини ва Пайғамбарининг Суннатини маҳкам тутган кишиларни жамулжам ва иттифоқ қилишга, эътиқодларини тўғрилаб қўйишга ва манҳажларини бирлаштириб қўйишга Ўзи кафил бўлган.

Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (Қуръон ва Суннатни) маҳкам тутингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103).

Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас» (Тоҳа: 123).

Шунинг учун улар нажот топувчи фирқа деб номланганлар. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши, барчаси дўзахга кетиши ва фақат биргина фирқа ундан нажот топиши ҳақида хабар берган ҳадисларида айни уларнинг нажот топишларига гувоҳлик берганлар, ўша битта фирқанинг кимлиги ҳақидаги саволга жавобан: «Улар бугунда мен ва асҳобларим тутган йўлни ушлаган кишилардир», деганлар (Ҳадисни Имом Аҳмад ривоят қилган).

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсанинг тасдиқи кўринди. Айрим инсонлар ақидаларини Китоб ва Суннатдан бошқа, илми калом ва юнон файласуфларидан қолган мантиқ қоидалари устига қуришгач, эътиқодда тойилиш ва фирқаларга бўлиниш ҳосил бўлди ва бу ўз навбатида бирлик ва бирдамликнинг йўқолишига, жамоатнинг бўлиниши ва ислом жамиятининг парчаланишига олиб келди.

 Учинчи бўлим: Ақидадан оғиб кетиш ва ундан сақланиш йўллари

Соғлом ақидадан оғиб кетиш йўқлик ва ҳалокатга юзланиш демакдир. Зеро, соғлом ақидагина инсонни фойдали амал сари ҳаракатлантирувчи энг катта кучдир. Соғлом ақидада бўлмаган киши ўзига ёпирилиб келаётган шак-шубҳа ва гумон уюмлари гирдобида қолади ва бахтли ҳаёт йўлларини тўғри кўра олмай қолади. Оқибатда, ҳаётида ҳаловат йўқолиб, танг-тор ҳаётга гирифтор бўлади ва бу тангликдан қутулиш учун ўзини ҳар тарафга уради, охир-оқибат баъзан ўзини ўлдиришдан бошқа чора тополмайди. Бу ҳозирда соғлом ақида йўлидан маҳрум бўлган жуда кўп халқларда гувоҳ бўлиб турилган воқеликдир. Соғлом ақида ҳукм сурмаган жамият бахтли ҳаёт кечириш омилларидан буткул маҳрум бўлган ҳайвоний жамиятдир. Гарчи, унда моддий ҳаёт воситалари ва тириклик омилларидан жуда кўп нарса муҳайё бўлсада, булар унинг учун бахтли ҳаёт кечиришга етарли бўлмасдан, бу нарса кофир жамиятларда кўриб турилганидек, аксар ҳолларда вайроналик ва ҳалокат сари етакламоқда. Чунки, моддий факторлар уларнинг хусусиятлари ва манфаатларидан истифода этиш учун тўғри йўл-йўриқ ва йўлланмаларга муҳтождир. Йўл-йўриқни эса фақат соғлом ақидагина бера олади.

Аллоҳ таоло айтди: «(Юборган барча пай-ғамбарларимизга шундай дедик): Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни билувчидирман» (Муъминун: 51).

Аллоҳ таоло айтди: «Аниқки Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик «Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчидирман». Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Роббининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни — ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. «(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг шукронаси учун) амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир» (Сабаъ: 10-13).

Бинобарин, моддий қувват ақида қуввати билан чамбарчас боғланган бўлмоғи лозим. Қачон ботил ақидаларга оғиб кетиш билан ундан ажралиб қолса, у ҳолда моддий куч-қувват вайронагарчилик ва бузғунчилик воситасига айланиб қолади. Бунинг исботини ҳозирда моддий куч-қудратга эга, бироқ соғлом ақидага эга бўлмаган кофир давлатларда кўриб турилибди.

Соғлом ақидадан оғиб кетишнинг бир неча сабаблари бўлиб, уларни билиб олиш зарурдир. Улар ичида энг муҳимлари қуйидагилар:

1.      Саҳиҳ ақидани ўрганиш ва ўргатишдан юз ўгирилиши ёки унга етарлича аҳамият бермаслик туфайли уни билмаслик. Бунинг оқибатида, саҳиҳ ақидани ҳам, унинг зиддида бўлган бошқа мафкураларни ҳам билмайдиган, натижада ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ деб эътиқод қиладиган авлод вужудга келади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Агар жоҳилиятни танимайдиган одам Исломда улғайса, Исломнинг ҳалқалари бирма-бир бузилаверади».

2.      Ота-боболар йўлига таассуб қилиш ва гарчи ботил бўлса-да, улар тутумини маҳкам тутиш, унга хилоф келувчи нарсани, гарчи ҳақ бўлса-да, тарк қилиш. Аллоҳ таоло айтганидек: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинг», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар, ҳам-а?» (Бақара: 170).

3.      Одамларнинг ақида хусусидаги сўзларини уларнинг далилларини билмаган ҳолда, ё далилларининг саҳиҳлиги даражасини билма-ган ҳолда олиш билан кўр-кўрона тақлид қилиш. Жаҳмийлар, муътазилийлар, ашъарий-лар, сўфийлар ва бошқа мухолиф фирқалар-нинг воқелиги бунга мисол бўладики, улар ўзларидан илгариги залолат пешволарига кўр-кўрона тақлид қилиб, адашдилар ва соғлом эътиқоддан бурилиб кетдилар.

4.      Азиз-авлиёлар шахсида ғулув кетиш, уларни ўз даражаларидан юқори қўйиш, чунончи уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган, манфаат келтириш ва зарарни даф қилиш каби ишларга қодир деб эътиқод қилиш, уларни ҳожатларни ўташ ва дуоларни ижобат қилишида Аллоҳ билан халқлари ўртасида воситачи қилиб олиш. Охир-оқибат иш Аллоҳни қўйиб, уларга ибодат қилишга етиб боради, бу эса уларнинг мозорларига сиғиниш, уларга атаб қон чиқариш ва назрлар келтириш билан, уларга дуо қилиш, улардан ёрдам ва мадад тилаш кўринишида содир бўлади. Солиҳлар хусусида Нуҳ қавмидан айни шу қабилдаги сиғиниш содир бўлган эди: «Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимса-ларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар!» «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 23). Бундай ҳолатлар ҳозирда ҳам кўплаб ўлкаларда қабрпастлардан содир бўлиб турибди.

5.      Аллоҳнинг борлиқдаги оят-аломатларини ва Қуръондги оятларини тафаккур қилишдан ғофиллик ҳамда моддий маданият тараққиёти меваларига мафтун бўлиб қолиш оқибатида, уларнинг барини фақатгина инсон қўли маҳсули деб ўйлаб қолдилар, инсонни улуғлай бошладилар ва бу самараларни ёлғиз инсон куч-ҳаракати ва ихтиросигагина нисбатлай бошладилар. Аллоҳ таоло илгари Қорун ҳақида айтганидек: «У: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди» (Қасас: 78).

Яна инсон айтганидекки, «Биз Ўз томонимиз-дан бўлган бирон марҳаматни тотдирсак албатта у «Бу ёлғиз ўзимнинг (донолигим ва саъй-ҳаракатим билан бўлди), дер» (Фуссилат: 50).

«Қачон Биз Ўз томонимиздан унга бирон неъмат ато этсак, у «Ҳеч шак-шубҳасиз бу (неъмат) менга ўзимнинг билимдонлигим сабабли берилди», дер» (Зумар: 49).

Улар бутун борлиқни (коинотни) пайдо қилган ва унга ушбу ҳайратомуз хусусиятларни жойлаб қўйган, инсонни йўқдан бор қилган ва унга ўша хусусиятларни чиқариб олиш ва улардан фойдаланиш қобилиятини ва малака-сини бериб қўйган Зотнинг  буюклиги ҳақида фикр юритмадилар.

«Ҳолбуки сизларни ҳам, қилаётган амалла-рингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Ас-Соффат: 96).

«Самовот ва Ер мамлакатлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида... ўйламайдиларми?!» (Аъроф: 185).

«Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган мевалар-ни чиқарган зотдир. У Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйсундирди. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна кеча ва кундузни сизлар учун бўйсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарса-ларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар» (Иброҳим: 32-34).

6.      Кўп ҳолларда хонадонлар тўғри йўлланма ва йўл-йўриқлардан холи бўлиб қолди. Дарҳа-қиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ҳар бир туғилажак бола фитрат устида туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди» (Бухорий ва Муслим ривоят-лари). Демак, ота-онанинг болани тўғри йўлга йўллашда жуда катта роли бор экан.

7.      Ислом оламининг аксарида таълим-тарбия ва оммавий ахборот воситалари ўз вазифаларини тўғри адо этмаслиги. Дарҳақиқат, аксарият таълим-тарбия йўналишлари диний жиҳатга унча аҳамият қаратмаяпти ёки бунга умуман лоқайд қарамоқдаки, оммавий ахборот воситалари — телевидения, радио, газета-журналлар ёшлар онгини бузиш ва йўлдан оздириш воситасига айланиб қолди, ёки моддий, олди-қочди ва кўнгилочар нарсалар-гагина эътибор қаратиб, ахлоқни тузатадиган, соғлом ақидани шакллантирадиган, адашган оқимларга қарши турадиган маънавий йўна-лишларга эътибор қаратмаяпти, натижада куфр ва динсизлик армияси қаршисида уларга қарши ҳеч нарса қилиш қўлидан келмайдиган нўноқ бир авлод улғаймоқда.

 Соғлом ақидадан оғиб кетишдан сақланиш йўллари:

1.      Салафи солиҳларимиз қилганлари каби, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатла-рига қайтиш, соғлом ақидани шу икки манбадан олиш. Бу умматнинг охирини унинг аввалини ислоҳ қилган нарсагина ислоҳ қилади. Адашган тоифаларнинг ақидаларини ва шубҳаларини уларга жавоб айтиш ва улардан огоҳлантириш учун ўқиб-ўрганиш. Чунки, ёмонликни танимайдиган одам унга тушиб қолиши эҳтимоли каттадир.

2.      Таълим-тарбиянинг ҳар бир босқичида соғлом ақидани — салафи солиҳ ақидасини — ўқитиш ва ўргатишга аҳамият қаратиш ва ушбу фан учун етарлича дарс соатлари ажратиш, ушбу модда бўйича синов ва имтиҳонларни кучайтиришга аҳамият бериш.

3.      Соф салаф китобларини ўқитишни йўлга қўйиш ва адашган тоифаларнинг — сўфийлар, бидъатчилар, жаҳмийлар, муътазилийлар, ашъарийлар, мотуридийлар ва бошқаларнинг китобларидан сақланиш, уларни фақатгина ботилларидан огоҳлантириш ва уларга раддия бериш нуқтаи назаридан ўқиб ўрганиш.

Одамларга салафлар ақидасини бот-бот эслатиб турадиган ва соғлом ақидадан оғувчиларнинг залолатларига раддия берадиган ислоҳчи даъват соҳибларининг бўлиши.