×
Ушбу мақолада ғусл, ғуслни вожиб қиладиган нарсалар, жунуб ҳолатида мумкин бўлмаган ишлар, ғусл аҳкомлари, ғусл олиш тартиби ва жума куни учун ғусл қилиш ҳақида сўз боради.

    Ғусл ва унинг аҳкомлари

    «Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Муҳаммад ибн Иброҳим
    ат-Тувайжирий

    —™

    Таржима: Абу Абдуллоҳ Шоший

    Таҳрир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

    الغسل وأحكامه

    مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    محمد بن إبراهيم التويجري

    —™

    ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

    مراجعة: أبو محمد علي البخاري


    Ғусл ва унинг аҳкомлари

    Ғусл — бутун баданни покиза сув билан махсус сифатда ювиш орқали Оллоҳ таолога ибодат қилишдир.

    Ғуслни вожиб қиладиган нарсалар:

    Ғуслни вожиб-шарт қиладиган нарсалар олтитадир:

    Биринчи: Эркак ёки аёлдан истимно ёки жимоъ ёхуд иҳтилом[1] сабабли манийнинг лаззат билан отилиб чиқиши.

    Иккинчи: Эркаклик жинсий аъзо бошининг фаржга кириши. Бунда агар маний тўкилмаса ҳам ғусл шарт бўлади.

    Учинчи: Мусулмон киши вафот этса, ғусл қилдириш вожиб бўлади. Бундан Оллоҳ йўлидаги жиҳодда шаҳид бўлганлар мустасно.

    Тўртинчи: Кофир мусулмон бўлганда.

    Бешинчи: Ҳайз.

    Олтинчи: Нифос.

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилиб деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир киши аёлнинг тўрт бўлими (қўл-оёқлари) орасига ўтириб ҳаракат қилса (жимоъдан киноя), шубҳасиз, ғусл вожиб-шарт бўлибди”, дедилар (Муттафақун алайҳи).[2]

    Етарли ғусл сифати:

    Ғусл қилишга ният қилиб, бутун баданини бир марта ювиш билан ғусл тамомига етади.

    Комил ғусл сифати:

    Ғусл қилишга ният қилиб, дастлаб қўлларини уч марта ювади, сўнгра жинсий аъзосини ва ифлосланган жойларни ювиб ташлайди. Кейин мукаммал таҳорат олади, сўнгра бошига уч марта сув қуйиб, сочларининг тагига қўллари билан сув етказади. Сўнгра ўнг томонидан бошлаб баданининг қолган қисмини бир марта ишқалаб ювади ва сувни исроф қилмайди.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғуслининг сифати:

    Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилиб деди: Холам Маймуна разияллоҳу анҳо менга шуни айтиб берганди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобат сабабли ғусл қилаётганларида ҳузурларида турсам, у зот кафтларини икки ёки уч марта ювиб, қўлларини идишга солдилар ва олатларига сув қуйиб чап қўллари билан ювдилар. Сўнгра чап қўлларини ерга уриб, қаттиқ ишқадилар. Сўнгра намозга таҳорат қилгандек таҳорат олиб, кейин бошларидан кафтларини тўлдириб уч ҳовуч сув қуйдилар-да, сўнгра баданларининг бошқа жойларини ювдилар. Кейин ювинган маконларидан ўзларини четга олиб, оёқларини ювдилар. Мен (артиниш учун) сочиқ олиб борсам, уни олмадилар” (Муттафақун алайҳи).[3]

    Ғуслдан олдин намозга таҳорат олгандек, таҳорат қилиш суннатдир. Агар ғуслдан олдин таҳорат қилмаган, ёки ғусл қилишдан олдин таҳорати бўлган ва таҳорат учун ният қилган бўлса, ғуслдан кейин таҳорат қилиши шарт эмас.

    Жунуб[4] кишига ҳаром бўлган нарсалар:

    Намоз ўқиш, Каъбани тавоф қилиш ва масжидда ўтириш.

    Оллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, то гапираётган гапларингизни билмагунингизча, маст ҳолингизда намозга яқин келманглар ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманглар) (Нисо: 43).

    Жунуб киши Қуръон ўқиши ва ушлаши жоиздир. Буни таҳорат билан қилиши афзалдир.

    Жунуб ҳолатда ухлаш:

    1- Жимоъдан кейин ғусл қилиш суннатдир.

    Жунуб ҳолатда ухлаш жоиздир. Афзали эса, фаржини ювиб ташлаб, таҳорат қилиб ухлашидир.

    Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилиб деди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб ҳолида ухламоқчи бўлсалар, олатини ювар ва намозга таҳорат олгандек таҳорат олардилар” (Муттафақун алайҳи).[5]

    2- Эркак киши хотини билан битта идишдан айни пайтда ғусл қилиши жоиз. Бир-бирининг авратига кўзи тушишининг зарари йўқ.

    Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилиб деди: “Мен ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунублик сабабли битта идишдан ғусл қилар эдик” (Муттафақун алайҳи).[6]

    3- Такрор жимоъ қилганда ғусл қилиш сифати:

    Хотини билан жимоъ қилган, сўнгра яна жимоъ қилмоқчи бўлган ёки бошқа хотинларига ҳам бормоқчи бўлган киши икки қўшилишининг орасида ғусл қилиши мустаҳабдир. Агар ғусл қила олмаса, таҳорат қилади ва бу уни фаоллаштиради.

    Битта ёки бир нечта хотини билан икки ёки бир неча марта қўшилишни хоҳлаган киши охирида бир марта ғусл қилса, етарли бўлади.

    Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларини бир ғусл билан айланиб чиқар эдилар (яъни охирида бир марта ғусл қилардилар) (Муттафақун алайҳи).[7]

    Мустаҳаб ғусллар:

    Мустаҳаб ғусллар жумласига қуйидагилар киради: Ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда, ўликни ювганда, мажнунлик ёки ҳушдан кетган киши ўзига келганда, Маккага кирганда, такрор жимоъ қилмоқчи бўлса, ҳар жимоъ учун, мушрикни дафн қилганда ғусл қилишлик.

    Ғусл аҳкомлари:

    1. Ғусл асносида одамлардан тўсилиш вожиб. Агар ҳеч ким бўлмаган ҳаммом ёки шунга ўхшаш жойлар бўлса, ялонғоч ҳолда ғусл қилиш жоиздир. Лекин, ёлғиз бўлса-да тўсилиш афзалдир, зеро Оллоҳ одамлардан кўра ҳаё қилинишга ҳақлироқдир.

    2. Ҳайз ва жунублик ёки жунублик ва жума каби ҳолатларда битта ғусл етарлидир.

    3. Аёл кишининг ғусли эркакники кабидир. Шундан келиб чиқиб, аёл киши жунубликдан ғусл қилганда сочини ёйиши шарт ҳисобланмайди.

    4. Ҳайз ва нифос учун ғусл қилиш жунубликдан ғусл қилиш кабидир. Фақат ҳайз ва нифосда сув ва сидр билан ювиниш ва сочларни ёйиб, бошни яхшилаб ишқалаш ҳамда фаржга хушбўй нарса суртиш мустаҳабдир.

    5. Шампун ва тук тўкувчи воситалар каби таркибида бир миқдор таом бўлган ҳар қандай тозаловчи воситаларни қўлланиш жоиз. Фақат битта шарти бор, асли таом бўлган нарсалар саноат йўли билан суюқ ва қаттиқ совун каби бошқа шаклга киритилиши керак. Масалан, совуннинг ҳам асли ёғдир.

    6. Бир аёл амалиёт йўли билан туғдирилган ва фаржидан қон келмаган бўлса, унга ғусл қилишлик вожиб бўлмайди. Табиий йўл билан туққан аёл эса, поклангандан кейин ғусл қилиши вожибдир.

    Ғуслнинг суннатлари:

    Ғуслдан олдин таҳорат қилиш, ифлосликларни кетказиш, бошдан уч марта сув қуйиш ва ўнг томондан бошлаш.

    Ғусл сувининг миқдори:

    1 соъдан 5 мудгача[8] бўлган сувга ғусл қилиш суннатдир.

    Агар камлик қилса, ёки уч соъ ва унда кўпроқ сувга эҳтиёж бўлса, керагича сувни ишлатиш жоиздир. Таҳорат, ғусл ва тозалик учун қўлланиладиган сувни исроф қилиш мумкин эмас.

    Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир соъдан беш мудгача бўлган сув билан ғусл, бир муд сув билан таҳорат қилар эдилар” (Муттафақун алайҳи).[9]

    Ҳожатхоналарда ғусл қилишнинг ҳукми:

    Мусулмон киши ҳаммом ва шунга ўхшаш покиза жойларда ғусл қилиши суннат, ҳожатхоналарда ғусл қилиши эса макруҳдир. Чунки ҳожатхоналар ҳожат чиқариладиган маконлар бўлиб, нажосат ўрнидир. Ундай жойларда ғусл қилиш васвасага олиб боради. Бир маконга сийиб, кейин нажасланмаслик учун ўша ерда ғусл қилинмайди.

    Ғусл қилгандан кейин маний чиқишининг ҳукми:

    Бир киши ғусл қилганидан кейин маний шаҳватсиз ва отилмасдан ажралса, қайта ғусл қилиши шарт эмас, лекин намоз ўқимоқчи бўлса, манийни ювиб ташлаши ва таҳорат олиши шарт бўлади.

    Иҳтилом ғуслининг ҳукми:

    Уйқудан турганда либосида намлик кўрса, учта ҳолат бўлади:

    1- Маний эканлиги аниқ бўлса, ғусл қилиш вожиб бўлади.

    2- Маний эмаслиги аниқ бўлса, сийдик ҳукмида бўлади, нам бўлган жой ювиб ташланади.

    3- Ҳолат ноаниқ бўлади. Агар иҳтилом бўлгани эсига тушса, ғусл вожиб бўлади. Агар эслолмаса, у мазийдир, ҳукми сийдик ҳукмидадир.

    Ғусл қилолмаган кишининг ҳукми:

    Жунуб киши сув тополмаслиги ёки сув ишлатса зарар қилиши туфайли ғусл қилиш имконсиз бўлса, таяммум қилади. Сув топилганда ғусл қилади ва таяммум билан ўқиган намозларини қайта ўқимайди.

    Жунуб ҳолидаги аёл киши сув тополмаса, ёки сув ишлатса касал бўлишидан ёки касаллигининг кучайишидан қўрқса, таяммум қилади. Кейин таяммумни вожиб қилган нарсалар кетиши билан ғусл қилади.

    Жума куни ғусл қилишнинг ҳукми:

    Жума куни ғусл қилиш жума намозига бориш вожиб бўлган ҳар бир мусулмон киши учун суннати муаккададир.

    Намозхонларга ва фаришталарга озор берадиган ёқимсиз ҳиди бўлган кишига жума куни ғусл қилиш вожибдир.

    Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилиб деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жума куни ғусл қилиш ҳар бир балоғатга етган кишига вожибдир”, дедилар (Муттафақун алайҳи).[10]

    [1] Истимно — ҳар қандай йўл билан манийни чиқариш.

    Жимоъ — эр-хотиннинг яқинлик қилиши.

    Иҳтилом — уйқуда туш кўриб, маний ажралиши.

    [2] Бухорий (291) ва бу унинг лафзидир, Муслим (348).

    [3] Бухорий (276) ва Муслим (317), бу унинг лафзидир.

    [4] Ғусл шарт ҳолатдаги киши.

    [5] Бухорий (288) ва бу унинг лафзидир, Муслим (305).

    [6] Бухорий (263) ва бу унинг лафзидир, Муслим (321).

    [7] Бухорий (268) ва Муслим (309), бу унинг лафзидир.

    [8] Бир муд — катта кишининг бир ҳовучи қадар ҳажм бўлиб, тақрибан: 628-786 мл. Бир соъ эса тўрт мудга тенг бўлиб, тақрибан: 2,5-3 л.

    [9] Бухорий (263) ва бу унинг лафзидир, Муслим (321).

    [10] Бухорий (858) ва бу унинг лафзидир, Муслим (846).