×
Ушбу мақолада Пайғамбаримизнинг жанозада, ўликни дафн қилиш ва таъзияда тутган йўллари қандай бўлганлиги қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

Пайғамбаримизнинг жанозага тааллуқли суннатлари

«Ҳадю Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фи ибадатиҳи ва муъамалатиҳи ва ахлақиҳи» китобидан иқтибос

هدي النبي صلى الله عليه وسلم في تجهيز الميت
مقالة مقتبسة من كتاب هدي محمد صلى الله عليه وسلم في عبادته ومعاملاته وأخلاقه

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд

د. أحمد بن عثمان المزيد

—™

Таржима: Абу Абдуллоҳ Шоший

Таҳрир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

مراجعة: أبو محمد علي البخاري

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
маййитни дафнга ҳозирлашда тутган йўллари
[1]

1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жанозага тааллуқли ишларда тутган йўллари энг мукаммал йўл бўлиб, бошқа умматларнинг йўлидан тубдан фарқ қиларди. Ул зот алайҳиссалоту вассаламнинг суннатлари ҳам маййитга, ҳам унинг оиласи ва қариндошларига эҳсонни ўз ичига олган эди. Биринчи навбатда киши касал бўлса, кўргани борар, унга охиратни эслатар ва тавба қилишга ҳамда васият этишга буюрар, бордию жон берадиган бўлса, охирги айтган сўзи тавҳид калимаси бўлиши учун у ерда ҳозир бўлганлар унга “Лаа илаҳа иллаллоҳ"ни айт, деб талқин қилишларига чақирар эдилар.

2- Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг Оллоҳнинг қазои қадаридан энг рози бўлувчиси ва Оллоҳга ҳамд айтиб улуғловчироғи эдилар. Ўғиллари Иброҳим вафот этганда унга раҳми келгани, меҳрибонлиги ва шафқатидан йиғладилар. Қалблари эса Оллоҳдан рози бўлиш ва Унга шукр қилиш билан тўла, тиллари Оллоҳнинг зикри ва ҳамди билан машғул эди. Ўшанда шундай деган эдилар: “Кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади. Бироқ биз, фақат Оллоҳ рози бўладиган сўзларнигина айтамиз" (Муттафақун алайҳи).

3- Ўлик учун юзига уриб, бақириб гирёна бўлишдан қайтарар эдилар.

4- Маййитни Оллоҳнинг ҳузурига ҳозирлашда шошилиш, уни ювиб-поклаш ва оқ мато билан кафанлаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир.

5- Маййитнинг юзи ва баданини ўраб қўйиш ва кўзларини ёпиб қўйиш ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир.

6- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан ўлган кишини(нг пешонасидан) ўпиб қўяр эдилар.

7- Ғассолга маййитни ё уч, ё беш мартадан ёки эҳтиёж бўлганда бундан кўпроқ ювишга ва охирида кафур[2] билан ювишга буюрар эдилар.

8- Жанг майдонида ўлдирилган шаҳидларни ювдирмас эдилар. Устидаги тери ва темирдан бўлган нарсаларни ечтирар, устиларидаги кийимида данф эттирар ва уларга жаноза намози ўқимас эдилар.

9- Эҳромдаги киши вафот этса, уни сув ва сидр[3] билан ювиб, эҳром либосида кафанлашга буюрар ҳамда хушбўйлаш ва бошини ёпишдан қайтарар эдилар.

10- Маййит эгаларига чиройли кафан олиб, маййитни оқ кафанга кафанлашларига буюрар, исроф ва ҳаддан ошишдан қайтарар эдилар.

11- Агар кафан маййитнинг бутун баданини ёпишга қисқалик қилса, бадани билан қўшиб бошини ёпар, оёқларига бирор ўсимлик баргларини ташлаб қўяр эдилар.

А) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жаноза намозидаги суннатлари[4]:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда жанозани масжид ташқарисида ўқир эдилар. Баъзан масжид ичида ҳам ўқиганлар, лекин бу ул зот алайҳиссалоту вассаломнинг доимий қилган одатлари эмасди.

2. Агар маййит олиб келинса, “Унинг қарзи борми?" деб сўрар, агар қарзи бўлмаса жанозасини ўқирдилар. Бордию қарзи бор бўлса, унга жаноза ўқимас, саҳобаларига унинг жанозасини ўқиб қўйишларини амр этардилар.

Оллоҳ ул зотга фатҳларни бергандан кейин (яъни, ғаниматлар келиб, моддий аҳвол яхшилангандан кейин), қарздор кишининг жанозасини ўқир ва қарзини тўлар ҳамда ўлган кишининг молини меросхўрларига берар эдилар.

3. Жаноза намозини ўқисалар, такбир билан бошлар, Оллоҳга ҳамду сано айтар ва дуо қилар эдилар. Тўрт ёки беш такбир айтарди.

4. Ўлик учун холис дуо қилишга буюрар эдилар. Ушбулар ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган дуолар жумласидан:

"اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا، وَشَاهِدِنَا وَغَائِبِنَا، وَصَغِيرِنَا وَكَبِيرِنَا، وَذَكَرِنَا وَأُنْثَانَا، اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الإِسْلامِ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوَّفَهُ عَلَى الإِيمَانِ، اللَّهُمَّ لاَ تَحْرِمْنَا أَجْرَهُ وَلاَ تَفْتِنَّا بَعْدَهُ"

Маъноси: “Эй Оллоҳ! Бизнинг тиригу ўликларимизни, ҳозиру ғойиблари-мизни, каттаю кичигимизни ҳамда эркагу аёлимизни (гуноҳларини) мағфират эт. Эй Оллоҳ! Агар биздан биронтамизни яшатадиган бўлсанг, уни Исломда яшат. Жонини оладиган бўлсанг, иймони билан ол. Эй Оллоҳ! Бунинг ажр-савобидан бизни маҳрум айлама ва (ундан) кейин бизни фитналарга гирифтор қилма" (Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

"اللَّهُمَّ اغْفِرْ لَهُ وَارْحَمْهُ، وَعَافِهِ، وَاعْفُ عَنْهُ، وَأَكْرِمْ نُزُلَهُ، وَوَسِّعْ مُدْخَلَهُ، وَاغْسِلْهُ بِالْمَاءِ وَالثَّلْجِ وَالْبَرَدِ، وَنَقِّهِ مِنَ الْخَطَايَا كَمَا نَقَّيْتَ الثَّوْبَ الأَبْيَضَ مِنَ الدَّنَسِ، وَأَبْدِلْهُ دَاراً خَيْراً مِنْ دَارِهِ، وَأَهْلاً خَيْراً مِنْ أَهْلِهِ، وَزَوْجاً خَيْراً مِنْ زَوْجِهِ، وَأَدْخِلْهُ الْجَنَّةَ، وَأَعِذْهُ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ وَعَذَابِ النَّارِ"

Маъноси: “Эй Оллоҳ! Уни мағфират эт, раҳм қил. Унга офият ато эт, кечир. Унинг насибасини (чиройли) улуғ қил. Кирар жойини кенг қил. Уни сув, қор ва дўл билан юв. Оппоқ либосни кирлигидан тозалаганинг каби уни хатолардан покла. Унга ўз уйидан яхшироқ бўлган уй, аҳлидан ҳам яхшироқ аҳл ва аёлидан яхшироқ аёл-жуфт ато қил. Уни жаннатга киргиз ва қабр ва дўзах азобидан асра" (Муслим ривояти).

5. Жаноза намозини ўқиганда эркак киши бўлса, унинг бошининг тўғрисида, аёл киши бўлса, жасадининг ўртасининг қаршисида турар эдилар.

6. Гўдакка ҳам жаноза ўқирдилар. Ўз жонига қасд қилганга ва ғанимат тақсимланмасдан олдин яширинча олганларга жаноза ўқимас эдилар.

7. Зино қилиб, кейин тош-бўрон қилиб ўлдирилган жуҳайнийялик аёлнинг жанозасини ҳам ўқиган эдилар.

8. Нажошийга (Ҳабашистонда вафот этганда, Мадинада туриб) жаноза намозини ўқиган эдилар. Лекин ҳар ғойиб кишининг жанозасини ўқишлик ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эмас эди.

9. Кимнингдир жаноза намозига иштирок этмаган бўлсалар, унинг қабрига келиб жанозасини ўқишлик ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эди.

Б) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дафн ва дафндан кейинги ишлардаги суннатлари[5]:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кимнингдир жанозасини ўқисалар, кейин қабристонгача унинг олдида юриб борар эдилар. Жанозага эргашувчи уловда бўлса, тобутнинг орқасида, яёв бўлса унга яқин бир жойда: ё орқасида, ё олдида, ёки ўнг тарафида, ёхуд чап тарафида юриб бориши суннатдир.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни қабристонга тезроқ олиб боришга амр этардилар.

2. Тобут елкалардан ерга қўйилмагунича ўтирмас эдилар.

3. Жаноза[6] олиб ўтиб қолинса, тикка туришга буюрар эдилар. Шунингдек, у зот жаноза олиб ўтилганда ўтирган ўринларидан турмаганликлари ҳам саҳиҳ ривоятларда келган.

4. Маййитни қуёш чиқаётган, ботаётган ва тиккага келган вақтда дафн қилмаслик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эди.

5. Лаҳад[7] тарзида қабр қазиш, қабрни чуқур қилиб, маййитнинг бош ва оёқлари турадиган жойларни кенгайтириш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эди.

6. Маййит дафн қилиниш асносида бош тарафидан қўллари билан уч марта тупроқ ташлар эдилар.

7. Маййит дафн қилингач, қабри тепасида туриб, унга собитқадамлик тилаб дуо қилар ва асҳобини ҳам шунга амр этардилар.

8. Қабр тепасида ўтириб, Қуръон ҳам ўқимас, ўликка талқин ҳам қилмас эдилар.

9. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одати шарифалари ўлик учун гирёна бўлиш (дод-вой солиш)ни тарк қилиш, балки бундан қайтариш эди.

В) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъзия ва қабрлар хусусидаги суннатлари[8]:

1- Қабрларни баланд қилиш, устига бино қуриш ва гумбаз қилиш ҳамда қабрни суваш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эмасди.

2- Али разияллоҳу анҳуни Яманга жўнатганларида, бирор ҳайкални қўймай йўқ қилишга ва бирор юксак қабрни қўймай ер билан баробар қилиб текислаш-ликка буюрдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари барча юксак қабрларни ер билан баробар қилиб текислашлик эди.

3- Қабрни гипслаш, устига бирор нарса (мақбара, гумбаз, мармар тош, ҳайкал ва ҳоказо) қуриб қўйиш ва бирор нарса (расм чизиш, суратини қўйиш, мақтов сўзлари, оят, ҳадис ва ҳоказо) ёзишдан қайтарар эдилар.

4- Яқинларидан бирининг қабрини билишни истаганларга белги сифатида каттароқ бир тошни қўйиб қўйишни ўргатган эдилар.

5- Қабрларни масжид (ибодат қиладиган жой) қилиб олишдан ва қабр устига чироқ ёқишдан қайтарар ва шундай ишларни қилувчиларни лаънатлар эдилар.

6- Қабрга қараб намоз ўқишдан ва ўз қабрларини байрам қилинадиган жой қилиб олишдан қайтарар эдилар.

7- У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан қабрларни оёқ ости қилиб топтамаслик, қабр устига ўтирмаслик, унга суянмаслик ва таъзим қилмаслик эди.

8- Асҳобларининг қабрларини уларнинг ҳаққига дуо қилиш ва истиғфор сўраш учун зиёрат қилар эдилар. Қабрларни зиёрат қилувчи киши қуйидаги дуони айтиши суннатдир:

"السَّلامُ عَلَيْكُمْ، أَهْلَ الدِّيَارِ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ بِكُمْ لاَحِقُونَ، نَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمُ الْعَافِيَةَ"

Маъноси: “Мўмин ва муслимлардан иборат бўлган эй диёр (қабристон) аҳли, сизларга салом бўлсин! Биз Оллоҳ хоҳласа, (бир куни) сизларнинг ёнинггизга келамиз. Оллоҳдан ўзимизга ҳам, сизларга ҳам офият тилаймиз" (Муслим ривояти).

9- Маййит хонадонига таъзия билдириш у зот алайҳиссалоту вассаломнинг суннатларидан эди. Таъзия учун йиғилиш ва на қабр тепасида ва на бошқа жойда ўлик учун Қуръон ўқиш у зот алайҳиссалоту вассаломнинг суннатларидан эмасди.

10- Маййит хонадони таъзия учун келувчи одамларга таом тайёрлаши эмас, балки қўни-қўшнилар мотамхонага таом ҳозирлаб, олиб чиқишлари у зот алайҳиссалоту вассаломнинг суннатларидан эди.

[1] Зодул Маод (1/479).

[2] Гул ёки камфара дарахтидан олинган хушбўй модда. (Таржимон)

[3] Лотус ўсимлиги, тиконли бутасимон ўсимлик бўлиб, хушбўй ҳиди бўлгани учун ўликларни ювишда кенг қўлланилади. (Таржимон)

[4] Зодул Маод (1/485).

[5] Зодул Маод (1/498, 502).

[6] Ювиб кафанланган ва дафнга ҳозирланган маййит. (Таржимон)

[7] Лаҳад — қабрни тўғри қилиб қазиб, сўнгра унинг қибла тарафидан (тандир мисоли) чуқур қазилади ва у ерга маййитни қўйилади. Бу қаттиқ жойларда мумкин бўлган қабр қазиш тарзи бўлиб, юмшоқ жойларда лаҳад қазишнинг имкони йўқ. (Таржимон)

[8] Зодул Маод (1/504).