×
Ушбу мақолада таҳоратнинг фарз ва суннатлари, таҳоратни бузувчи нарсалар, ҳар намозга янги таҳорат олиш масаласи, аёллардаги таҳоратга тааллуқли баъзи ҳукмлар каби таҳорат аҳкомлари баён қилинади.

Таҳорат аҳкомлари

«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

أحكام الوضوء
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

محمد بن إبراهيم التويجري

—™

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

مراجعة: أبو محمد علي البخاري

 Таҳорат китоби.
Таҳорат аҳкомлари

Таҳорат — инсон муайян аъзоларига покиза сувни ўзига хос тарзда ишлатиш орқали Оллоҳ таолога ибодат қилмоқдир.

 Таҳоратнинг фазилати:

1- Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозида Билолга “Эй Билол, Исломда қилган амалингдан энг умидвор бўлганингни менга айтасанми, чунки мен жаннатда олд томонимда сенинг кавушларинг товушини эшитдим”, дедилар. “Менинг ундай умидвор бўлган бирор амалим йўқ, фақат мен кечанинг ёки кундузнинг қайси соатида таҳорат олсам, албатта, ўша таҳоратим билан менга насиб қилган намозни ўқийман”, деди” (Муттафақун алайҳи).[1]

2- Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳорат оларкан юзини ювса, кўзлари билан қараб содир этган барча гуноҳлари юзидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади, икки қўлини ювса, қўллари билан ушлаб орттирган барча гуноҳлари қўлларидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади, икки оёғини ювса, оёқлари билан юриб содир этган барча гуноҳлари сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади, ҳатто (таҳорат қилиб бўлганда) гуноҳлардан топ-тоза бўлган ҳолда чиқади”, дедилар” (Муслим ривояти).[2]

 Таҳоратнинг фарзлари:

Таҳоратнинг фарзлари олтитадир. Улар тартибига кўра қуйидагичадир:

1. Юзни ювмоқ. Оғиз ва бурунга сув олиб ювиш ҳам бунга дохилдир;

2. Қўлларни чиғаноқлари билан қўшиб ювмоқ;

3. Бошга масҳ тортмоқ. Қулоқларга масҳ тортиш ҳам бунга дохилдир;

4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювмоқ;

5. Мазкур аъзоларни ювишдаги тартиб;

6. Аъзоларни ювишда узлуксизлик.

* Таҳорат аъзолари[3]дан бирини йўқотган киши зиммасидан фарз соқит бўлади, яъни ўша аъзони ювмайди ҳам, таяммум ҳам қилмайди. Чунки фарз бўлган ўрин йўқдир. Йўқ бўлган аъзо ўрнига сунъий мослама қўйилган тақдирда ҳам уни ювиш ҳам, унга масҳ тортиш ҳам, таяммум қилиш ҳам вожиб бўлмайди.

* Лаклар, бўёқлар ва ясама тирноқлар сингари баданга сув тегишини тўсадиган ҳар қандай нарсалар билан олинган таҳорат ҳам, ғусл ҳам саҳиҳ, дуруст бўлмайди. Балки уларни кетказишлик вожиб бўлади.

 Таҳоратнинг суннатлари:

Таҳоратнинг суннатларидан қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин: мисвок ишлатиш, юзни ювишдан олдин оғизни, сўнгра бурунни чаймоқ, бармоқлар орасини тахлил қилмоқ, ўнг томондан бошламоқ, аъзоларни икки ва уч мартадан ювмоқ, таҳоратдан кейин дуо қилмоқ ва икки ракаат намоз ўқимоқ.

 Таҳоратга ишлатиладиган сув миқдори:

Аъзоларни уч мартадан кўп ювмаслик, бир муд[4] сувга таҳорат қилмоқ ва сувни исроф қилмаслик суннатдир. Ким аъзоларни ювишни уч мартадан кўпайтирса, батаҳқиқ, ҳаддидан ошган, зулм қилган ва ёмонлаштирган бўлади.

* Кимдир тилла бармоқ ёки бурун қўйдиришга, ёхуд олинадиган тиш протезига муҳтож бўлиб қўйдирган ва таҳорат ёки ғусл қилмоқчи бўлса, уларни тахлил қилиши ёки қимирлатиши машруъ эмас. Узук ва соат ҳам шу жумладандир.

 Уйқудан турганда қиланадиган амаллар:

Ким уйқудан турса ва таҳорат олмоқчи бўлса, дастлаб қўлларини уч марта ювиши лозим.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз уйқусидан турса, қўлларини уч марта ювмасдан туриб (сув) идишга қўлини солмасин. Чунки у, қўли тунни қаерда ўтказганини билмайди”, дедилар” (Муттафақун алайҳи).[5]

 Фарз бажарилишига етарли таҳорат кайфияти:

Мусулмон киши дастлаб қалби билан таҳорат олишликни ният қилади, сўнгра оғиз ва бурнига сув олиб чайқайди ва юзини ювади, сўнгра бармоқ учларидан то тирсакларигача ювади, сўнгра қулоқлари билан бирга бошига масҳ тортиб, оёқларини тўпиқлари билан ювади. Бу аъзоларни ҳар бирини бир мартадан ювади.

 Мукаммал таҳорат кайфияти:

Мусулмон киши дастлаб қалби билан таҳорат олишликни ният қилади, сўнгра қўлларини уч марта ювади, сўнгра бир қўл ҳовучи (бир сиқим) сувнинг ярмини оғзига, қолган ярмини бурнига олиб, оғиз ва бурнини чайқайди. Буни уч ҳовуч сув билан уч марта қилади. Сўнгра юзини уч марта ювади, кейин ўнг қўлини тирсаклари билан уч марта, сўнгра чап қўлини тирсаклари билан уч марта ювади. Сўнгра икки қўли билан пешонадан бошлаб энсага тўғри бошига бир марта масҳ тортади ва қўлларини масҳни бошлаган жойгача қайтариб келади. Сўнгра кўрсаткич бармоқларини қулоқларининг ички қисмига киргизиб, бош бармоқни ташқи қисмига қилиб масҳ тортади. Сўнгра дастлаб ўнг, кейин чап оёғини тўпиғи билан уч марта ювади. Ва таҳоратни ниҳоясига етказиб, бармоқлари орасини тахлил қилади ва ворид бўлган дуоларни айтади. Қуйида бу дуолар айтиб ўтилади, иншаоллоҳ.

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратининг кайфияти:

Усмон разияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Ҳумрондан ривоят қилинади. У Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳунинг таҳорат олганини кўрганини шундай тасвирлаб беради: “Усмон разияллоҳу анҳу бир идишда сув келтиришларини хоҳлади, кейин идишдан қўлларига сув қуйиб, уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини идишга ботириб, сув олдида оғиз ва бурнига сув олиб чайқади. Сўнгра юзини уч марта ва қўлларини тирсаклари билан уч марта ювди. Сўнгра бошига масҳ тортиб, оёқларини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра шундай деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшаш таҳорат олса, сўнгра ўзи билан ўзи гаплашмаган ҳолда икки ракаат намоз ўқиса, олдин содир этган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар” (Муттафақун алайҳи).[6]

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратининг турлари:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат аъзоларини бир мартадан, икки мартадан ва уч мартадан ювиб таҳорат олганликлари собит бўлган. Шунинг учун таҳоратнинг бу уч кўринишининг ҳаммаси суннатдир.

1- Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилиб айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (таҳорат аъзоларини) бир марта-бир марта ювиб таҳорат қилдилар” (Бухорий ривояти).[7]

2- Абдуллоҳ ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (таҳорат аъзоларини) икки марта-икки марта ювиб таҳорат қилдилар” (Бухорий ривояти).[8]

 Ҳар намозга таҳорат олиш ҳукми:

Бетаҳорат киши намоз ўқимоқчи бўлганда таҳорат олиши вожибдир. Ҳар фарз намози учун таҳоратни янгилаш эса суннатдир. Шу билан бир қаторда битта таҳорат билан бир неча намозни ўқиш жоиздир.

1- Оллоҳ таоло айтади:

“Эй мўминлар, намоз ўқимоқчи бўлганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқлари билан ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювингиз!” (Моида сураси, 6).

2- Амр ибн Омир Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Анас разияллоҳу анҳу: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар намозга таҳорат олар эдилар”, деди. “Унда сиз нима қилар эдингиз?”, дея Анасдан сўрадим. Анас разияллоҳу анҳу: “Бирортамизнинг модомики таҳорати бузилмас экан, ўша таҳорат (бир неча намозни ўқишга) кифоя қиларди” (Бухорий ривояти).[9]

3- Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳи куни бир неча намозларни битта таҳорат билан ўқидилар ва пойабзалларига масҳ тортдилар. Шунда Умар разияллоҳу анҳу у зотга: “Дарҳақиқат, бугун олдин қилмаган нарсаларни қилдингиз”, деди. “Эй Умар, буларни қасддан, атайлаб қилдим”, дедилар” (Бухорий ривояти).[10]

 Таҳорат олиб бўлгандан кейин айтиладиган дуо:

1- Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким таҳорат олса ва “Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ”[11], деса, албатта у учун жаннатнинг саккиз эшиги очилади, улардан истаганидан киради”, дедилар (Муслим ривояти).[12]

2- Абу Саид разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким таҳорат олиб, сўнгра: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик, лаа илаҳа илла анта, астағфирука ва атувбу илайка”[13], деса, (бу калималар) оқ қоғозга (ёки нафис терига) ёзилиб, бир узукка муҳрланади ва қиёмат кунигача синдирилмайди”, дедилар” (Насоий “Амалул явм ва лайла”да ва Табароний “Авсат”да ривоят қилган).[14]

 Таҳоратни бузувчи нарсалар:

Таҳоратни бузувчи нарсалар олтитадир:

Биринчи: Сийдик, ахлат, ел, маний, мазий, қон ва шуларга ўхшаш сабилайн — олд ва орқа чиқарув йўлидан чиқувчи нарсалар;

Аммо икки чиқарув йўлига кирувчи дори шамчалар (суппозиторий) каби нарсалар таҳоратни синдирмайди ва рўзани очмайди.

Иккинчи: Чуқур уйқу (кома), ҳушдан кетиш, мастлик ва мажнунлик каби ақлнинг кетиши;

Учинчи: Воситасиз фарж (жинсий аъзо)ни ушлаш;

Тўртинчи: Жунублик, ҳайз ва нифос каби ғуслни вожиб қилувчи нарсалар;

Бешинчи: Исломдан чиқиб муртад бўлиш;

Олтинчи: Туя гўштини ейиш. Шунингдек, туянинг туёғига ўхшаган ҳар қандай ҳайвон гўштини ейиш таҳоратни синдиради.

1- Бусра разияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким фаржини ушласа, таҳорат олсин!”, дедилар” (Аҳмад ва Насоий ривояти).[15]

2- Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қўй гўшти(ни ейиш) сабабли таҳорат оламанми?”, деб сўради. “Истасанг таҳорат ол, истасанг олма”, дедилар. “Туя гўшти(ни ейиш) сабабли таҳорат оламанми?”, деб сўради. “Ҳа, туя гушти(ни ейиш) сабабли таҳорат ол!”, дедилар (Муслим ривояти).[16]

 Таҳоратида шубҳа қилган киши қачон таҳорат қилади?

Киши таҳоратли эканлигини аниқ билса ва таҳорати синган ёки синмаганлигида шубҳа қилиб қолса, ишончи комил бўлган ҳолат, яъни таҳоратли эканлигига қайтади. Бунинг акси, киши бетаҳорат эканлигини аниқ билсаю, таҳорат олган ёки олмаганлигига шубҳа қилиб қолса, ишончи комил бўлган ҳолат, яъни бетаҳорат эканлигига қайтади ва таҳорат олади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз қорнида бир нарсани ҳис қилса ва нимадир чиқдими ёки чиқмадими, дея иккиланиб қолса, бирор товушни эшитмагунича, ёки қандайдир ҳидни сезмагунича масжиддан чиқмасин!” дедилар” (Муслим ривояти).[17]

* Ҳар таҳорат кетганда ва ҳар намоздан олдин таҳорат олмоқ мустаҳабдир. Намоздан олдин бетаҳорат бўлса, унда таҳорат олмоқ фарз бўлади.

Киши хотинини агарчи шаҳват билан ўпса ҳам, модомики фаржидан бирор нарса чиқмас экан, таҳорати синмайди.

 Таҳорат аъзоларида қолган ёғларнинг ҳукми:

Кремлар (мазлар) ва ёғларнинг баданда фақат ранги ёки намлиги ёки ёғлилиги қолган бўлса, улар баданга сув тегишини тўсмайди. Шундай экан, буларнинг қолиши жоиздир.

Зич, қуюқ ёғ ёки шам қатлами ва шунга ўхшаш моддалар бўлса, улар баданга сув тегишини тўсади. Шунинг учун таҳорат ва ғуслда уларнинг кетказиш вожибдир, чунки сув бу моддалардан ўта олмайди.

 Доимий бетаҳорат ҳолатида бўлган киши таҳоратининг ҳукми:

Сийдикнинг ажралиши учун қўйилган ва сийдикнинг ташқи бир идишга қуйилиб туришини таъминлаган пластик найлар (катетерлар)га, ёки ахлатни чиқариш учун қилинган сунъий орқа чиқарув йўлини қўйдиришга мажбур бўлган беморларга, ёки тутиб туриш имконсиз бўлган кучли қабзияти бор кишиларга ўхшаган ҳолатдагилар доимий бетаҳорат ҳисобланадилар.

Бундай ҳолатдаги кишилар таҳорат қилсалар, пок бўладилар. Ҳар намозга таҳорат олишлари вожиб эмасдир. Намоз вақти киргандан кейин таҳорат қилиши афзал бўлади. Доимий бетаҳоратлик ҳолатидан ташқари таҳорати синмагунича таҳорат вожиб бўлмайди. Масалан, сийдигини тута олмайдиган киши катта таҳорат ушатса ёки ел чиқарса, таҳорат қилади.

 Инсондан чиқадиган нарсаларнинг ҳукми:

Инсондан чиқадиган нарсалар икки турга бўлинади:

Биринчи: Пок нарсалар. Бунга кўз ёши, балғам, тупук, сўлак, тер, маний ва бошқалар киради. Булардан манийдан бошқалари таҳоратни бузмайди. Маний чиқиши эса ғуслни вожиб қилади.

Иккинчи: Нопок (нажас) нарсалар. Бунга ахлат, сийдик, вадий[18], мазий[19] ҳамда орқа ва олд чиқарув йўлидан чиққан қон киради. Буларнинг бари таҳоратни бузади.

 Аёл кишининг фаржидан ажраладиган намликнинг ҳукми:

Аёл кишининг фаржидан ажраладиган намликнинг икки ҳолати бор:

Биринчи: Агар намлик бачадондан чиқадиган бўлса, у пок ҳисобланиб, таҳоратни бузмайди. Кўп ҳолатларда мана шу намлик бўлади.

Иккинчи: Агар сийдик йўлидан чиқадиган бўлса, у нажас ҳисобланиб, таҳорат олишни вожиб қилади. Агар бу намлик мунтазам келиб турадиган бўлса, унинг ҳукми сийдик тута олмаслик ҳукмидай бўлади.

 Қон чиқишининг ҳукми:

Инсондан чиқувчи қонларнинг икки тури мавжуд:

Биринчи: Сабилайн — олд ва орқа чиқарув йўлидан чиқувчи қон. Бу таҳоратни бузади.

Иккинчи: Баданнинг қолган: бурун, тиш, жароҳат ва шунга ўхшаш қисмларидан чиқувчи қон. Бу таҳоратни бузмайди. Қоннинг оз ёки кўп чиқишининг фарқи йўқ. Лекин қонни тозалик ва поклик юзасидан ювиб ташлаган яхши.

 Уйқу ва команинг ҳукми:

Чуқур уйқу таҳоратни синдиради. Ўтириб, тик туриб, ёки ёнбошлаб мизғимоқ эса таҳоратни синдирмайди. Кома ҳолатига келсак, агар эс-ҳушини ва сезгисини йўқотмаган енгил кома бўлса, таҳоратни синдирмайди. Касаллик, тутқаноқ ва мастлик каби сезгилар йўқоладиган кома бўлса, у таҳоратни синдиради.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Намозга иқомат айтилди, бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир киши билан хуфия суҳбат қиларди. У зот суҳбатларида давом этаверди, ҳатто саҳобалари ухлаб қолишди. Сўнгра келиб, уларга намоз ўқиб бердилар” (Муттафақун алайҳи).[20]

[1] Бухорий (1149) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (2458).

[2] Муслим (244).

[3] Яъни таҳоратда ювиладиган ёки масҳ тортиладиган аъзолар: юз, икки қўл, бош ва икки оёқ.

[4] Ўртача бир ҳовуч сув. Тақрибан 600-750 мл.

[5] Бухорий (162), Муслим (278) ва бу ҳадис унинг лафзи.

[6] Бухорий (159) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (226).

[7] Бухорий (157).

[8] Бухорий (158).

[9] Бухорий (214).

[10] Бухорий (277).

[11] Дуонинг маъноси: “Гувоҳлик бераманки, ёлғиз Оллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ. У шериксиздир. Ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг қули ва Расулидир”.

[12] Муслим (234).

[13] Дуонинг маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен поксан ва Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳ айтаман. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сендан истиғфор сўрайман ва Сенга тавба қиламан”.

[14] Насоий “Амалул явм ва лайла” (81) ва Табароний “Авсат” (1478).

[15] Аҳмад (28294), Насоий (444).

[16] Муслим (360).

[17] Муслим (362).

[18] Сийдик йўлидан сийдикдан кейин келадиган рангсиз, дағал суюқлик.

[19] Сийдик йўлидан шаҳват қўзғалганда ажраладиган рангсиз, ёпишқоқ суюқлик.

[20] Бухорий (642), Муслим (376) ва бу ҳадис унинг лафзидир.