Тавҳид ва иймон 17
Категориялар
Full Description
Тавҳид ва иймон 17
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
التوحيد والإيمان 17
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
محمد بن إبراهيم التويجري
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
Охират ҳовлиси
Жаннатдаги Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва саллам умматининг миқдори
Оллоҳ таоло бу умматни жаннат аҳлининг ярми қилиш билан сийлади, сўнгра уларни жаннат аҳлининг учдан иккисигача кўпайтириб мурувват қилди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга чодирда ўтирган эдик. Шунда Расулуллоҳ бизга: “Жаннат аҳлининг тўртдан бир қисми бўлишга рози бўласизларми?”, дедилар. Биз: “Ҳа”, дедик. Расулуллоҳ: “Жаннат аҳлининг учдан бир қисми бўлишга рози бўласизларми?”, дедилар. Биз: “Ҳа”, дедик. Расулуллоҳ: “Жаннат аҳлининг ярми бўлишга рози бўласизларми?”, дедилар. Биз: “Ҳа”, дедик. Расулуллоҳ: “Мен сизларнинг жаннат аҳлининг ярмини ташкил қилишингиздан умидворман, чунки жаннатга мусулмон кишидан ўзгаси кирмагайдир. Сизлар мушриклар орасида гўёки қора ҳўкизнинг жунлари аро оқ тук ёки қизил ҳўкизнинг жунлари аро қора тук кабидирсизлар”, дедилар” (Муттафақун алайҳи).[1]
Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннат аҳли бир юз йигирма сафдир, шундан саксонтаси бу умматдан бўлса, қирқтаси қолган умматлардандир” (Термизий ва Ибн Можа ривояти).[2]
Жаннат аҳлининг сифатлари
Оллоҳ таоло айтади:
“Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар эса жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолгувчилардир” (Бақара: 82).
Иёз ибн Ҳимор разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннат аҳли учта қисмдир: Адолатли, хайр-садақа қилувчи, тўғри йўлга муваффақ бўлган султон, қариндош-уруғи ва мусулмонларнинг ҳар бирига меҳрибон, юмшоқ кўнгилли бўлган киши, сўрашдан ўзини тийган, иффатли, серфарзанд киши” (Муслим ривояти).[3]
Ҳориса ибн Ваҳб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга жаннат аҳли кимлар эканини айтайми?”, дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг”, дедилар. “Ҳар бир кучсиз, одамлар менсимайдиган кишидирки, агар Оллоҳга қасам ичса, албатта қасамини рўёбга чиқаради” (Муттафақун алайҳи).[4]
Жаннат аҳли дилларининг саломатлиги
Оллоҳ таоло айтади:
“Остларидан дарёлар оқиб турар экан, уларнинг кўнгилларидан (бир-бирларига нисбатан бўлган) ғиллу ғашликларни суғириб олурмиз ва улар: “Бизларни бу (неъматларга) йўллаган зот — Оллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Оллоҳ ҳидоят қилмаганида, ҳаргиз йўл топа олмас эдик. Ҳақиқатан Раббимизнинг пайғамбарлари ҳақ динни келтирган эканлар”, дейдилар ва уларга: “Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир”, деб нидо қилинур” (Аъроф: 43).
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминлар дўзахдан халос бўлганларидан кейин, жаннат билан дўзахнинг ўртасидаги бир кўприкда тўхтатиладилар. Ана шу ерда бу дунёда содир бўлган ўзаро зулмлардан унисидан бунисига қасос олиб берилади. Ҳамма покланиб, яхши бир ҳолатга келгандан кейингина уларга жаннатга киришга изн берилади. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, уларнинг бири жаннатдаги уйини бу дунёдаги уйидан кўра яхшироқ билади”, дедилар” (Бухорий ривояти).[5]
Жанннат аҳлининг аксарияти кимлар?
Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннатга қараб, унинг аҳлининг аксариятини камбағаллар эканини кўрдим. Дўзахга қараб, унинг аҳлининг аксариятини аёллар эканини кўрдим” (Муттафақун алайҳи).[6]
Жаннатга энг охириги кирувчи киши
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннат аҳлидан жаннатга энг охирида кирувчи ва дўзах аҳлидан[7] дўзахдан энг охирида чиқувчи киши, дўзахдан эмаклаб чиқади. Оллоҳ таоло унга “Бор, жаннатга кир!”, деса, “Эй Раббим, жаннат тўлиб бўлган эканку!”, дейди. Оллоҳ буни унга уч марта айтади, у ҳар сафар “Ахир жаннат тўлиб бўлганку!”, дейди. Шунда Оллоҳ: “Сенга дунёнинг ўн баробари берилади”, дейди” (Муттафақун алайҳи).[8]
Эй Оллоҳ, Ўзинг бизлардан, ота-оналаримиздан ва барча мусулмонлардан рози бўлгин. Эй карамлиларнинг Карамлиси, эй оламларнинг Раббиси, Ўзингнинг раҳматинг билан бизларни Наъим жаннатларига киргизгин.
[1] Бухорий (6528) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (221).
[2] Термизий (2546) ва бу ҳадис унинг лафзи, Ибн Можа (4289).
[3] Муслим (2865).
[4] Бухорий (4918), Муслим (2853) ва бу ҳадис унинг лафзидир.
[5] Бухорий (6535).
[6] Бухорий (3241) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (2737).
[7] Яъни қалбида Оллоҳга иймони бор, фақат гуноҳлари кўп бўлган киши ҳақида гап кетаяпти. Йўқса, кофирлар, мушриклар ва мунофиқлар дўзахдан чиқмайдилар. (Таржимон)
[8] Бухорий (7511) ва бу ҳадис унинг лафзи, Муслим (186).