×
Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозда тутган йўллари қандай бўлганлиги қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

Пайғамбаримизнинг намоздаги суннатлари

«Ҳадю Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фи ибадатиҳи ва муъамалатиҳи ва ахлақиҳи» китобидан иқтибос

هدي النبي - صلى الله عليه وسلم - في الصلاة
مقالة مقتبسة من كتاب "هدي محمد صلى الله عليه وسلم في عبادته ومعاملاته وأخلاقه"

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд

د. أحمد بن عثمان المزيد

—™

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

 2- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
намоздаги суннатлари
[1]

А) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозни очувчи дуо ва қироатда тутган йўллари:

1- Намозга турсалар, “Оллоҳу акбар” деб бошлар, ундан олдин ҳеч нарса демас эдилар. Ниятда ҳеч қачон талаффуз қилмаганлар.

2- Такбир айтаркан, қўл бармоқларини очган ва қиблага тўғри қилган ҳолда қулоқлари ёки елкалари баробарида кўтарар, сўнгра ўнг қўлларини чап қўлларининг устига қўяр эдилар.

3- Намозни баъзан қуйидаги дуони ўқиш билан бошласалар:

 "اللَّهُمَّ بَاعِدْ بَيْنِي وَبَيْنَ خَطَايَايَ كَمَا بَاعَدْتَ بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ، اللَّهُمَّ نَقِّنِي مِنْ خَطَايَايَ كَمَا يُنَقَّى الثَّوْبُ الْأَبْيَضُ مِنَ الدَّنَسِ، اللَّهُمَّ اغْسِلْني مِنْ خَطَايَايَ، بِالثَّلْجِ وَالْماءِ وَالْبَرَدِ"

Маъноси: “Эй Оллоҳ, мен билан хатоларим ўртасини машриқ билан мағрибнинг ўртасини йироқ қилганингдек узоқ қилгин. Эй Оллоҳ, мени хатоларимдан худди оппоқ либос кирлардан поклангандек пок қилгин. Эй Оллоҳ, мени хатоларимдан қор, сув ва дўл билан ювгин-поклагин” (Муттафақун алайҳи).

Баъзан эса, ушбу дуони ўқирдилар:

 "وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضَ حَنِيفَاً وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ، إِنَّ صَلاَتِي، وَنُسُكِي، وَمَحْيَايَ، وَمَمَاتِي لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ، لاَ شَرِيكَ لَهُ وَبِذَلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ"

Маъноси: “Осмонлару Ерни яратган Зотга ихлос ила юзимни қаратдим ва мен Унга шерик келтирувчилардан эмасман. Намозим, қурбонлигим, ҳаётим ва мамотим бутун оламлар Роббиси, шериги йўқ Оллоҳ учундир. Мен шунга буюрилганман ва мен мусулмонларданман” (Муслим ривояти).

4- Мазкур дуолардан бирини ўқиганларидан кейин, “Аъувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожим”[2] дер ва Фотиҳа сурасини ўқир эдилар.

5- Намозда икки ўринда сукут қилардилар: биринчиси, такбир билан қироат орасида бўлса, иккинчиси қачон бўлгани ҳақида ихтилоф бор, Фотиҳадан кейин бўлгани ҳам, рукуъдан олдин бўлгани ҳам ривоят қилинган.

6- Фотиҳани ўқиб бўлганларидан кейин, бошқа бир сура ўқирдирлар. Зам сурани гоҳида узун, гоҳида сафар ёки бошқа сабаблар туфайли қисқа қилардилар. Кўпинча ўртача узунликдаги сураларни ўқирдилар.

7- Бомдод намозида олтмиш оятдан юз оятгача бўлган сураларни ўқир эдилар. Қоф сурасини, Рум сурасини, Таквир сурасини, ҳар икки ракаатда ҳам Залзала сурасини, сафарда бўлганларида Фалақ ва Нас сураларини ўқиганликлари ворид бўлган.

Бир сафар биринчи ракаатда Мўминун сурасини бошлаб, то Мусо ва Ҳорунлар зикри келган жойга келганларида йўтал тутиб, рукуъга кетганликлари ривоят қилинади.

8- Жумъа куни бомдодда эса, Сажда ва Инсон сураларини ўқирдилар.

9- Пешин намозига келсак, баъзан унда қироатни узун қилардилар. Асрда эса узун қироат қилганларида пешин қироатининг ярми қадар, қисқа қилганларида эса пешинни қисқа ўқиганларидаги қадар қироат қилар эдилар.

10- Шом намозида бир марта Тур сурасини, бир марта Мурсалот сурасини ўқиганликлари нақл қилинади.

11- Хуфтон намозида эса, Тийн сурасини ўқиганлар. Муоз ибн Жабалга Шамс, Аъло ва Лайл каби сураларини ўқишни тавсия қилиб, Бақара сурасини ўқиганини инкор қилган эдилар.

12- Пайғамбаримизнинг суннатлари сурани тўлиқ ўқишлик эди. Гоҳида битта сурани икки ракаатда ўқирдилар. Гоҳида эса битта суранинг бошини ўқирдилар. Суранинг охирини ёки ўртасини ўқишга келсак, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинмаган.

Иккита сурани бир ракаатда ўқиганликлари нафл намозларида бўлган. Ҳар икки ракаатда ҳам айни сурани ўқиганликлари нодир кўрилган. Шунингдек, ҳайит ва жумъа намозларидан бошқа намозларда бирор сурани муайян намоздагина ўқишга хослаб олмаган эдилар.

13- Бомдод намозида рукуъдан кейин бир ой мобайнида қунут дуосини ўқидилар, кейин тарк қилдилар. Қунутни бирор фавқулотдаги ҳолат сабабли ўқирдилар, бу ҳолат ўтгандан кейин қунут ўқимасдилар. Фавқулотдаги ҳолат юзага келганда нафақат бомдод намозида, балки бошқа намозларда ҳам қунут ўқир эдилар.

Б) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг кайфияти[3]:

1- Ҳамма намозларда биринчи ракаатни иккинчи ракаатга кўра узунроқ қилардилар.

2- Қироат қилиб бўлганларидан сўнг, янгидан нафас олгунчалик муддат жим турар, сўнгра икки қўлларини кўтариб, такбир айтиб рукуъга борардилар. Рукуъда қўлларини худди чангаллаб олгандай тиззаларининг устига қўярдилар ва қўлларини камон ипидек тўғри ва текис қилиб, ёнларидан узоқлаштирар эдилар. Орқалари (беллари ва кўкрак қафасининг орқа томони)ни теп-текис қилиб турар, бошларини энгаштириб ҳам, кўтариб ҳам юбормас, балки орқалари билан бир хил текисликда тутар эдилар.

3- Рукуъда “Субҳана роббиял азийм”[4], дер эдилар. Баъзан қуйидаги дуоларни айтар эдилар:

 "سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي"

Маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Эй Роббимиз, Сенинг ҳидоятинг ила тасбеҳ айтдим. Эй Оллоҳ, мени мағфират қилгин” (Муттафақун алайҳи).

 "سُبُّوُحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ المَلاَئِكَةِ وَالرُّوحِ"

Маъноси: “Оллоҳ ҳар қандай айб-нуқсонлардан пок ва муқаддасдир. Фаришталар ва Руҳ (— Жибрийл)нинг Роббисидир” (Муттафақун алайҳи).

4- Рукуълари ва саждалари одатда ўн марта тасбеҳ айтганчалик миқдорда бўларди. Баъзан рукуъ ва саждалари қиёмлари (қироатлари) қадар бўлар, лекин буни тунги намозларида, ёлғиз бўлганларида қилардилар. Аксарият ҳолларда (қиём, рукуъ, саждалари) бир-бирига яқин ва мутаносиб бўлиши у зотнинг намоздаги суннатлари эди.

5- Рукуъдан “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”[5], деб қўлларини кўтариб рукуъдан турар ва белларини текислар эдилар. Шунингдек, саждалардан бошларини кўтарганларида ҳам белларини текис қилар ва “Рукуъ ва саждаларида белини тўғриламаган кишининг намози намоз эмас”, дер эдилар (Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

Рукуъдан турганларидан кейин, баъзан “Роббана ва лакал ҳамд”[6], баъзан “Роббана лакал ҳамд”, баъзан “Оллоҳумма роббана лакал ҳамд”, дер эдилар.

6- Бу рукнни рукуъда турган миқдорда узун қилар ва шундай дер эдилар:

 "رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ مِلْءَ السَّمَوَاتِ وَمِلْءَ الأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا، وَمِلْءَ مَا شِئْتَ مِنْ شَيْءٍ بَعْدُ، أَهْلَ الثَّنَاءِ وَالْمَجْدِ، أَحَقُّ مَا قَالَ الْعَبْدُ، وَكُلُّنَا لَكَ عَبْدٌ، اللَّهُمَّ لاَ مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ، وَلاَ مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلاَ يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الْجَدُّ"

Маъноси: “Эй Роббимиз, Сенга ҳамд бўлсин. Осмонлару Ер ва улар ўртасидаги нарсалар миқдорича, яна Ўзинг хоҳлаган нарса миқдорича ҳамд бўлсин. Мақтов ва улуғлик соҳибисан. Қулинг айтган нарсага энг ҳақли Зотсан. Барчамиз Сенга қулмиз. Эй Оллоҳ, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқдир. Сенинг олдингда улуғлик эгасига улуғлиги фойда бермайди” (Муслим ривояти).

7- Сўнгра қўлларини кўтармасдан такбир айтиб саждага борар, аввал тиззаларини, кейин қўлларини, охирида пешона ва бурунларини ерга қўяр эдилар. Пешона ва бурунлари билан сажда қилар, салланинг гардиши билан сажда қилмас эдилар. Аксарият пайтлар ерга сажда қилганлар. Шунингдек, лойга, хурма япроқларидан қилинган кичик шолчага, бўйрага ва ошланган терига сажда қилганлар.

8- Сажда қилганда пешона ва бурунларини ерга ўрнаштириб қўяр, қўлларини эса ёнларидан қўлтиқлари остининг оқлиги кўринадиган даражада узоқлаштирар эдилар.

9- Саждада қўлларини елкалари ва қулоқларининг рўпарасига қўйиб, мўътадил турар эдилар. Оёқ бармоқларининг учларини қиблага қаратган, қўл бармоқларини орасини очмасдан, мушт қилмасдан, бармоқларини ёзган ҳолатда сажда қилар эдилар.

10- Саждада қуйидаги дуоларни айтар эдилар:

 "سُبْحَانَ رَبِّيَ الأَعْلَى"

Маъноси: “Буюк Роббимни айбу нуқсондан поклайман”

 "سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَبِحَمْدِكَ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي"

Маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Эй Роббимиз, Сенинг ҳидоятинг ила тасбеҳ айтдим. Эй Оллоҳ, мени мағфират қилгин” (Муттафақун алайҳи).

 "سُبُّوُحٌ قُدُّوسٌ رَبُّ المَلاَئِكَةِ وَالرُّوحِ"

Маъноси: “Оллоҳ ҳар қандай айб-нуқсонлардан пок ва муқаддасдир. Фаришталар ва Руҳ (— Жибрийл)нинг Роббисидир” (Муслим ривояти).

11- Сўнгра такбир айтиб, қўлларини кўтармасдан саждадан бошларини кўтарар, муфтариш ҳолатида: чап оёқларини тўшаб, устига ўтирар ва ўнг оёқларини тик қилиб ўтирарди. Қўлларини сонларининг устига қўйганларида тирсаклари сонларининг устида бўлса, бармоқ учлари тиззаларининг устида турарди. Ўнг қўлини мушт қилиб, икки бармоғини (бош ва ўрта бармоқларини) ҳалқа қилар ва кўрсаткич бармоғини кўтариб, ҳаракатлантирар ва у билан дуо қиларди. Сўнгра шундай дер эдилар:

 "اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَاجْبُرْنِي، وَاهْدِنِي، وَارْزُقْنِي "

Маъноси: “Эй Оллоҳ, мени мағфират эт. Менга раҳм эт. Мени ўнгла, ҳидоят қил ва менга ризқ бер. (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти).

12- Бу рукнни саждада турган муддатча чўзишлик у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари эди.

13- Сўнгра сонларига таяниб оёқларининг олдинги қисми билан ўринларидан турардилар. Тик турганларидан кейин намозни очувчи дуони ўқиганларидаги сукутларини қилмасдан бирдан қироатни бошлар эдилар. Иккинчи ракаатни ҳам биринчи ракаат каби ўқирдилар. Иккинчи ракаатда биринчи ракаатга хос бўлган қуйидаги тўрт нарсани қилмасдилар: биринчи такбир (такбиротул иҳром), сукут қилиш, намозни очувчи дуони ўқиш ва узун қироат қилиш. Биринчи ракаатда баъзан кейин келганларнинг оёқ товушлари эшитилмай қоладиган даражада узун қироат қилардилар.

14- Ташаҳҳудда ўтирганларида чап қўлларини чап, ўнг қўлларини ўнг сонларининг устига қўяр ва ўнг қўл кўрсаткич бармоғи билан ишора қилардилар. Ишора қилганда кўрсаткич бармоқни тип-тикка қилмас, бўшаштирмас ҳам эдилар. Балки бироз буккан ҳолатда ҳаракатлантирар эдилар. Жимжилоқ ва номсиз бармоқларини йиғар, ўрта ва бош бармоқларини ҳалқа қилиб туташтирар, кўрсаткич бармоғини кўтариб у билан дуо қилиб ҳаракатлантирар ва нигоҳларини унга қаратиб турар эдилар.

15- Ташаҳҳудда ҳар доим шу кўринишда ўтирар ва саҳобаларига қуйидагича ташаҳҳуд ўқишни ўргатар эдилар:

 "التَّحِيَّاتُ لِلَّهِ، وَالصَّلَوَاتُ وَالطَّيِّبَاتُ، اَلسَّلامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ، اَلسَّلامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِاللهِ الصَّالِحِينَ، أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ، وأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّداً عبْدُهُ وَرَسُولُهُ"

Маъноси: “Саломлару олқишлар, дуолару намозлар ва покиза сўзлару амаллар Оллоҳ учундир. Эй Пайғамбар, сизга Оллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотлари бўлсин. Бизга ҳамда Оллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Оллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад Унинг қули ҳамда расулидир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу илк ташаҳҳудни худди қизиган тош устида ўтиргандай жуда қисқа қилар, сўнгра такбир айтиб, сонларига таянар, оёқларининг олдинги қисми ва тиззалари билан ўринларидан турар эдилар. Бу ўринда, яъни учинчи ракаатга турганларида қўлларини ҳам кўтарар эдилар. Сўнгра фақат Фотиҳа сурасини ўқир эдилар. Баъзан охириги икки ракаатда Фотиҳадан ташқари Қуръондан бирор нарса ҳам ўқирдилар.

16- У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам охириги ташаҳҳудда таваррук ҳолатида ўтирардилар: сонини ерга теккизиб, оёқларини бир томонга чиқариб ўтирардилар (Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, чап оёғини ўнг болдири ва сонининг остидан чиқарар ва ўнг оёқни тик қилардилар, баъзан уни ҳам тўшаб ўтирардилар.

Ўнг қўлини ўнг сони устига қўйиб, учта бармоқларини йиғар ва кўрсаткич бармоғини кўтарар эдилар.

Намозларида қуйидаги дуони айтар эдилар:

 "اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوْذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ، وأَعُوْذُ بِكَ مِنْ فِتْنَةِ الْمَسِيحِ الدَّجَّالِ، وأَعُوْذُ بِكَ مِنْ فِتْنَةِ الْمَحْيَا وَالْمَمَاتِ، اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوْذُ بِكَ مِنَ الْمَأْثَمِ وَالْمَغْرَمِ"

Маъноси: “Эй Оллоҳ, мен Сендан қабр азобидан, масиҳи Дажжол фитнасидан, ҳаёт ва мамот фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Эй Оллоҳ, мен Сендан гуноҳ ва (тўлашнинг имкони бўлмайдиган) қарздан паноҳ беришингни сўрайман” (Бухорий ривояти).

17- Намоз ўқувчи кишини бир камон ўқини ёки асони бўлса ҳам сутра қилиб олишига буюрар эдилар. Ўзлари сафарда ёки саҳрода бўлсалар, бир найзани ерга қадаб сутра қилар ва ўшанга қараб намоз ўқирдилар. Шунингдек, туяларини кўндаланг турғизиб, унга қараб намоз ўқиганлар. Эгарни ерга қўйиб унга қараб намоз ўқиганлар.

18- Агар деворга қараб намоз ўқисалар, девор билан ўзлари ўртасида бир қўй ўтадиган даражада жой қолдирар эдилар. Сутрадан узоқ турмас, билакс сутрага яқин туришга буюрар эдилар.

В) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоздаги амаллари[7]:

1- Намозда ўнгу сўлга қарамасдилар.

2- Намоз ўқиркан кўзларини юмиб олмасдилар.

3- Намозга турсалар бошларини энгаштириб турардилар. Баъзан намозни узун қироат қилиш ниятида бошлар, кейин гўдак йиғисини эшитиб, онасига оғир ботмасин, дея қироатни қисқа қилар эдилар.

4- Бир сафар фарз намозини қизининг қизчаси (яъни невараси) Умомани елкаларида кўтариб олган ҳолда ўқидилар. Рукуъ ва сажда қилсалар, уни ерга қўяр, турсалар яна кўтариб олар эдилар.

5- Бир сафар намоз ўқиётганларида саждада турганларида (неваралари) Ҳасан ёки Ҳусайн келиб, устларига чиқиб олди. Устларидан итқитиб юборишни ёқтирмасдан (ўз истаги билан пастга тушгунигача) саждани узайтирдилар.

6- Бир сафар намоз ўқиб турганларида (завжалари) Оиша келиб қолди, шунда у зот юриб бориб унга эшикни очдилар, сўнгра ортларига қайтиб намозларини давом эттирдилар.

7- Намозда турганларида саломга ишора билан алик олар эдилар.

8- Намозда баъзан хўрсинар, йиғлар, эҳтиёж бўлганда томоқ қирар эдилар.

9- Гоҳида оёқ яланг, гоҳида оёқ кийим билан намоз ўқир эдилар ва яҳудийларга мухолиф йўл тутиш бобидан оёқ кийим билан намоз ўқишга буюрар эдилар.

10- Баъзан битта кийимда, баъзан эса иккита кийимда намоз ўқирдилар. Иккита кийимда намоз ўқиганликлари кўпроқдир.

Г) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоздан кейинги амаллари[8]:

1- Намозда салом бергандан кейин, уч марта “Астағфируллоҳ”[9], дер, сўнгра қуйидаги зикрни айтар эдилар:

 "اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلامُ، ومِنْكَ السَّلامُ، تَبَارَكْتَ يَاذَا الجَلالِ وَالإِكْرَامِ"

Маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен Саломдирсан. Салом Сендандир. Эй улуғлик ва икром соҳиби, Сен айбу нуқсондан пок ва муқаддасдирсан” (Муслим ривояти).

Мана шу зикрни айтганчалик муддат қиблага юзланган ҳолатда ўтирар, кейин дарҳол жамоатга юзланар эдилар. Жамоатга томон бурилар экан ўнг томон билан ҳам, чап томон билан ҳам бурилаверар эдилар.

2- Бомдод намози бўлса, қуёш чиққунга довур намозгоҳларида (яъни намоз ўқиган жойларида) (зикр қилиб) ўтирар эдилар.

3- Ҳар фарз намози кетидан қуйидагиларни айтар эдилар:

 "لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ، وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، اللَّهُمَّ لاَ مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ، وَلاَ مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلاَ يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الجَدُّ"

Маъноси: “Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У ёлғиз ҳам шериксиз зотдир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир. У барча нарсага қодирдир. Эй Оллоҳ, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқ. Сенинг ҳузурингда улуғлик-бойлик эгасига улуғлиги-бойлиги фойда бермайди” (Бухорий ва Муслим ривояти).

 "لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللَّهِ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ، وَلاَ نَعْبُدُ إِلاَّ إِيَّاهُ، لَهُ النِّعْمَةُ وَلَهُ الْفَضْلُ وَلَهُ الثَّنَاءُ الْحَسَنُ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ"

Маъноси: “Ҳаракат ва қувват ёлғиз Оллоҳ мадади биландир. Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Биз фақат Унгагина ибодат қиламиз. Неъмат ҳам, фазл ҳам, гўзал ҳамду сано ҳам Уникидир. Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да динни У учун холис қилувчилармиз” (Муслим ривояти).

4- Ҳар фарз намозидан кейин 33 марта “субҳаналлоҳ”, 33 марта “алҳамдулиллаҳ”, 33 марта “Оллоҳу акбар” ва юзинчисида “лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодир”[10], дейишни умматларига таълим берганлар.

Д) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафл ва тунги намоздаги суннатлари[11]:

1- (Таҳоратдан кейинги, масжидга киргандаги, Байтни тавоф қилгандан кейинги намозлар каби) Бирор сабабга боғланмаган суннат ва нафл намозларни ҳаммасини, алалхусус шом намозининг суннатини уйларида ўқиганлар.

2- Муқим бўлган пайтлари ўн ракаат намозни ҳеч канда қилмасдилар. Улар қуйидагилардир: пешин намозидан олдин ва кейин икки ракаат, шомдан кейин икки ракаат, хуфтондан кейин икки ракаат уйларида ва бомдоддан олдин икки ракаат.

3- Нафл намозлари ичида бомдоднинг суннатига қаттиқ эътибор берар ва сафарда ҳам, муқимликда ҳам тарк қилмас эдилар. Витр намози ҳам шу жумладандир. Сафарда бўлганларида бомдоднинг суннати ва витрдан бошқа бирор ротиба суннат намози ўқиганлиги нақл қилинмагандир.

4- Бомдоднинг суннатини ўқиганларидан кейин ўнг томонларига узаниб ётар эдилар.

5- Баъзида пешин намозидан олдин тўрт ракаат намоз ўқирдилар. Иттифоқо пешиндан кейинги икки ракаатни ўқий олмасалар, аср намозидан кейин қазосини ўқир эдилар.

6- Тунги намозларида аксарият ҳолатларда тикка туриб, баъзан ўтириб ўқир эдилар. Баъзан намозни ўтириб бошлар, қироатларидан озроқ қолганда туриб давом эттирар, сўнгра рукуъ қилар эдилар.

7- Тунги намозда (таҳажжуд намозида) ҳар икки ракаатда салом бериб саккиз ракаат ўқир, сўнгра беш ракаатни битта қилиб, фақат охириги ракаатдагина ташаҳҳудга ўтирадиган тарзда витр ўқирдилар.

Гоҳида тўққиз ракаатни битта қилиб ўқир, саккизинчи ракаатдагина ташаҳҳудга ўтирар, кейин салом бермасдан тўққизинчи ракаатга турар, сўнгра ташаҳҳуд ўқир ва охирида салом берардилар. Сўнгра яна икки ракаат ўқирдилар.

Баъзан эса юқоридаги тўққиз ракаатнинг тарзида етти ракаат витр ўқир ва салом берардилар. Сўнгра ўтирган ҳолларида икки ракаат ўқирдилар.

8- Кечанинг биринчи қисмида ҳам, ярмида ҳам, охирида ҳам витр ўқиган пайтлари бўларди ва “Кечқурунги намозларингизнинг охиригисини витр қилинглар!”, дер эдилар (Муттафақун алайҳи).

9- Витрдан кейин гоҳо ўтириб икки ракаат ўқисалар, гоҳо икки ракаатда ўтириб қироат қилар, фақат рукуъ қилмоқчи бўлсалар, ўринларидан туриб рукуъ қилар эдилар.

10- Иттифоқо уйқу ғолиб келса, ёки бетоб бўлсалар, кундузи (қазосини пешингача оралиқда) ўн икки ракаат қилиб ўқир эдилар.

11- Баъзан тунги намозда то саҳар вақтигача битта оятни такрор-такрор ўқиб чиқардилар.

12- Тунги намозда гоҳида овозларини чиқармай ўқисалар, гоҳида жаҳрий ўқирдилар. Баъзан қиёмни (яъни қироатни) узун қилсалар, баъзан қисқароқ қилардилар.

13- Витр намозида (биринчи ракаатда) “Саббиҳисма” Аъло сурасини, (иккинчи ракаатда) “Қул йа айюҳал кафирун” Кафирун сурасини ва (учинчи ракаатда) “Қул ҳуваллоҳу аҳад” Ихлос сурасини ўқир, салом бергандан кейин эса “Субҳанал маликул қуддус”[12], деб уч марта айтар, учинчисини чўзиброқ ва овозини чиқариб айтардилар (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

[1] Зодул Маод (1/193).

[2] Маъноси: “Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Оллоҳдан паноҳ сўрайман”.

[3] Зодул Маод (1/208).

[4] Маъноси: “Улуғ Роббим айбу нуқсонлардан покдир”.

[5] Маъноси: “Оллоҳ Ўзига ҳамд айтувчининг ҳамдини эшитди, қабул қилди”.

[6] Маъноси: “Эй Роббимиз, Сенга ҳамд бўлсин”.

[7] Зодул Маод (1/241).

[8] Зодул Маод (1/285).

[9] Маъноси: “Оллоҳдан истиғфор тилайман”.

[10] Маъноси: “Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У ёлғиз ҳам шериксиз зотдир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир. У барча нарсага қодирдир”.

[11] Зодул Маод (1/311).

[12] (Айбу нуқсондан пок) Қуддус, Малик (Подшоҳ барча айбу нуқсондан) покдир.