×
Ушбу мақолада сувнинг турлари, идишлар, нажосатлар, нажосатлардан покланиш каби шаръий покланишга тааллуқли ҳукмлар баён қилинади.

Покланишга доир ҳукмлар

«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

أحكام الطهارة
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

محمد بن إبراهيم التويجري

—™

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

 Покланишга доир ҳукмлар

Покланиш — ҳиссий ва маънавий нопоклик, ифлосликлардан пок ва тоза бўлмоқдир.

Шариат нуқтаи назаридан покланишнинг турлари иккитадир:

Биринчи: Ташқи(зоҳирий) поклик: таҳорат ва ғусл қилиш ҳамда кийим, бадан ва ердаги нажосатларни сув билан тозалаш билан амалга оширилади.

Иккинчи: Ички(ботиний) поклик: қалбни ширк, куфр, кибр, ўзига бино қўйиш, гина, ҳасад, нифоқ, риё ва шунга ўхшаш ёмон сифатлардан халос қилиб, тавҳид, иймон, ростгўйлик, ихлос, яқийн, таваккул ва шу каби яхши сифатлар билан тўлдириш билан амалга оширилади. Бу эса, тавба ва истиғфорни кўпайтириш, Оллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш, (Оллоҳнинг якка яратувчи эканлига далолат қилувчи) коинотдаги оят-аломатларга ва шаръий оят-далилларга назар солиш ва тафаккур қилиш билан мукаммал бўлади.

Покланиш бобидаги тозалик деганда икки нарса назарда тутилади:

Биринчи: Шаръан тозаланиши керак бўлган нарсалар. Унга тирноқларни олиш, мўйлабни қисқартириш, қўлтиқ ости тукларини юлиш ва чов соҳасидаги тукларни олиш каби фитратдаги суннатларни қилиш киради.

Иккинчи: Табиатан тозаланиши керак бўлган нарсалар. Унга тер, ёмон ҳид, сийдик ва ахлат қолдиқларини кетказиш кабилар киради.

 Энг чиркин нажосат:

Энг чиркин нажосат Оллоҳга ширк келтиришдир. Ҳар бир мушрик ҳам ҳиссий, ҳам маънавий нажасдир.

Мушрик кимса манавий жиҳатдан нажасдир, чунки унинг Оллоҳга келтирган ширки энг бадбўй, энг қабиҳ, энг ифлос, энг чиркин нарсадир. Зеро маънавий нопоклик ҳиссий нопокликдан минг чандон батардир.

Шунингдек, мушрик кимса ҳиссий жиҳатдан ҳам нажасдир. Чунки у на таҳорат қилади, на жунубликдан, на сийдигу нажосатдан тозаланади, на нажас ва чиркин нарсалардан узоқ юради: ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва бошқа ҳаром нарсаларни ейди.

Мушрик шунчалар қаттиқ маънавий ва ҳиссий нопоклигидан Оллоҳ таоло уни Масжидул Ҳаромга киритилмаслиги ва унга яқинлаштирилмаслигини фармон берди:

“Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, (улар) бу йилдан сўнг Масжид-ал-Ҳаромга яқин келмасинлар! Агар сизлар (мушриклар ҳаж мавсумида Маккага келтирадиган озиқ-овқатлар ва бошқа нарсалар тўхтаб қолиши сабабли) камбағалликдан қўрқсангизлар, (билингки) яқинда (Оллоҳ) хоҳласа, Ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Оллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир” (Тавба сураси, 28).

Оллоҳ таоло инсонни ўлганидан кейин ширкидан бошқа барча гуноҳларини кечириши мумкин:

“Албатта Оллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Оллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо сураси, 48).

 Роббисига муножот қилувчи банданинг ҳолати:

Қалб ва бадан поклиги ҳар бир банданинг дунёю охиратда нажот топиши учун лозим бўлган нарсалардир.

Агар инсон баданининг ташқи томонини сув билан, ички томонини эса тавҳид ва иймон билан покласа, руҳи мусаффо, нафси бахтиёр, қалби хотиржам бўлади ва Роббининг муножотига покиза бадан ва қалб, тоза либос ва маконда энг яхши кўринишда хозирланган бўлади. Бу оламлар Роббисига бўлган юксак одоб, етук улуғлаш ва таъзим қилишдирки, шу билан поклик иймоннинг ярмига тенг бўлди ва Оллоҳ покиза инсонни яхши кўрди:

Оллоҳ таоло айтади: “Албатта Оллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади” (Бақара сураси, 222).

Абу Молик Ашъарий разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Поклик иймоннинг ярмидир. Алҳамдулиллаҳ мезонни тўлдиради”, дедилар” (Муслим ривояти).

 Бадан ва руҳнинг офияти:

Оллоҳ таоло инсонни бадан ва руҳдан иборат қилиб яратди. Баданда икки томондан келган кирлар йиғилади: тер сингари ичкаридан ажралиб чиққан, чанг-ғубор каби ташқаридан келган кирлар тўпланади. Унинг офият ичра соғлом бўлиши учун такор-такрор ювиб туриш керак бўлади.

Руҳ ҳам икки жиҳатдан таъсирланади: қалбда бўладиган ҳасад ва кибр сингари касалликлардан ва инсон содир этадиган зулм ва зино каби ташқи гуноҳлардан. Руҳнинг офиятда саломат бўлиши учун тавба ва истиғфорни кўпайтириш лозим бўлади.

Покланиш Ислом гўзалликларидан бўлиб, пок сувни бетаҳоратликни ва нажосатни кетказишда шариатга мувофиқ тарзда ишлатишдир. Бу бўлимда кўзланган мақсад ҳам шудир.

 Сувнинг турлари:

Сувлар икки қисмга бўлинади:

Биринчи: Пок (тоҳир) сув. Бу сув ёмғир, денгиз, дарё, ер остидан ўзи қайнаб чиққан ёки асбоб билан чиқарилган булоқ суви каби асл табиатида қолган сувдир. У хоҳ чучук, хоҳ шўр, хоҳ иссиқ, хоҳ совуқ бўлсин баробар. Мана шу сув таҳоратга яроқли покиза сувдир. Сув қувурларининг занглаши ёки сув ҳавзаларида туриши ва шунга ўхшаш сабаблар билан баъзи хислатлари ўзгарган сув ҳам покиза сув туркумига киритилади.

Агар сувга хина, сиёҳ, бўёқ, совун ва шу каби нарсалар тушиши натижасида ўзгарган ва бу ўзгариш қисман бўлса ҳамда мутлақ сув исмидан чиқармаган ва унинг барча қисмларини эгаллаб олмаган бўлса, бундай сув покиза ҳисобланади ва бетаҳоратликни кетказиб, нажосатни аритади.

Бордию, мутлақ сув исмидан чиқарган ва унинг барча қисмларини эгаллаб олган бўлса, бундай сув бетаҳоратликни кетказмасада нажосатдан покланишда ишлатилаверади. Чунки нажосатни кетказиш бетаҳоратликни кўтаришдан кенгроқдир.

Иккинчи: Нопок (нажас) сув. Бу сув нажосат тушиши оқибатида ранги ёки таъми ёда ҳиди ўзгарган сувдир. Сув хоҳ оз, хоҳ кўп бўлсин баробардир. Бу сувнинг ҳукми: у билан покланиб бўлмайди.

 Чиқинди сувларни ишлатишнинг ҳукми:

Одамларнинг сийдик ва ахлатларидан йиғилган сувлар ифлос, зарарли, нажасдирки, тозаланган тақдирда ҳам таҳоратда, тозалик ишларида ва ҳайвонлар ва экинларни суғоришда ишлатиб бўлмайди. Агарда тиндириш, фильтрлаш ва шунга ўхшаш йўллар билан унинг ранги, таъми ва ҳиди тозаланса ҳам, ундаги касалликлару зарарли микроблар сақланиб қолаверади. Чунки у сийдик ва ахлатдан ажратиб олингандир. Уни ерга ёки денгизга оқизиш мумкин эмас, чунки тупроқ ва денгиз суви таҳоратда ишлатиладиган покловчидир.

 Покланишга доир ҳукмлар:

1- Агар киши сувнинг пок ёки нопоклигида шубҳа қилиб қолса, аслга кўра иш кўради, яъни сувни пок деб қабул қилади;

2- Икки идишдан бирига нажас тушган, лекин қайси бири покиза сув эканлигида шубҳа қилган ва булардан бошқа суви бўлмаган киши, мана шуниси покиза сув бўлиши керак, деб гумони ғолиб бўлганига таҳорат қилади;

3- Нажас сув, ундаги ўзгарган қисмни ўзини олиб ташлаш билан, ёки нажасни олиб ташлаш билан, ёки ўзгаргариш батамом йўқолгунича устига сув қўшиш билан покланиши мумкин;

4- Кичик ёки катта бетаҳоратликдан покланиш сув билан бўлади. Агар сув топилмаса, ёки сувни ишлата олмаса, ёки сув қўлланганда зарар бўлишидан қўрққанда таяммум қилинади.

5- Баданга ёки кийимга теккан ёхуд ерга тушган нажосат сув билан, ёки бирор покиза суюқлик билан, ёки (тупроқ, тош, қоғоз, латта каби) покиза қаттиқ жисм билан покланади.

6- Кичик ва катта бетаҳоратлик сув бор бўлганда фақат сув билан, йўқ бўлганда эса таяммум билан кетказилади. Таҳорат ва ғусл бензин, суюқ газ ва шунга ўхшаш нефть маҳсулотлари билан қилинмайди. Улар нажосатни тозалашлари мумкин, лекин бетаҳоратликни кетказмайди.

7- Қуёш нурида ёки қуёш энергиясида исиган сув, покизадир ва бетаҳоратликни ҳам, нажосатни ҳам кетказади. Чунки сувлардаги асл, уларнинг покизалигидир.

8- Кийим, тўшак ва шунга ўхшаш нарсаларга нажосат тегса, сув билан ювиш уни бузса ёки зарар берса, уни қуруқ йўл (химявий тозалаш) билан покланади. Яъни унда сув ўрнига буғ билан тозаланади. Агар бу ҳам имконсиз бўлса, ишқалаб ташлаш билан покланади.

9- Агар икки кийимдан бирига нажас ёки ҳаром нарса теккану, қайси бирига текканини билолмаса ва шу икки кийимидан бошқа кийими бўлмаса, мана шуниси тоза деб гумони ғолиб бўлганини кийиб намозини ўқийди ва намози саҳиҳ-мақбулдир, иншаоллоҳ.

10- Гушти истеъмол қилинадиган ҳайвонларнинг сийдиги, тезаги, манийси ва инсон манийси покдир. Мушукдан қолган (сув, сут ва шулар каби) нарсалар ҳам покдир.

11- Таҳоратда ҳар қандай покиза идишни ишлатса бўлади. Фақат тортиб олинган ёки тилла ва кумуш идишларни ишлатиш ҳаромдир. Кимдир бундай идишлардан бирида таҳорат қилса, таҳорати саҳиҳ-мақбул бўлиши билан бирга гуноҳкор ҳам бўлади.

12- Кофирларнинг идишлари ва кийимларини ҳолати (нажас теккан ёки тегмаганлиги) номаълум бўлса ҳам ишлатиш мубоҳдир, чунки аслида покизадир. Агар уларга нажосат теккани маълум бўлиб қолса, сув билан ювиб ташлаб, ишлатаверади.

13- Нажас теккан калиш, маҳси, оёқ кийим сув билан ювиш ёки нажосатнинг асари қолмагунча ерга ишқалаб ташлаш билан покланади.

 Тилла ва кумуш идишларни қўлланиш ҳукми:

Эркак ва аёлларга еб-ичишда ҳамда кундалик турмушнинг барча ҳолатларида тилла ва кумуш идишларни ишлатиш ҳаромдир. Фақат аёллар тилла ва кумуш тақинчоқлар билан безанишлари, эркаклар эса кумуш узук қўлланишлари ҳамда зарурат туғилганда тилла тиш қўйдириш мумкиндир.

Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деётганларини эшитдим: “Ипак ва дебож (шоҳи) кийманглар! Тилла ва кумуш идишда ичманглар! Тилла ва кумуш товоқларда еманглар! Чунки, булар бу дунёда улар(кофирлар) учун, охиратда эса биз учундир” (Муттафақун алайҳи).

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кумуш идишда (сув, шарбат, сут ва ҳоказоларни) ичаёган киши, қорнига жаҳаннам ўтини қултиллатиб ютаётган бўлади” (Муттафақун алайҳи).

 Ўнг томонни чап томондан муқаддам қилинадиган ўринлар:

Инсоннинг қилмишлари икки турлидир:

Биринчиси: Ўнг ва чап томон муштарак бўлган ишлар. Таҳорат ва ғусл қилиш, кийим ва пойабзал кийиш, масжидга ва уйга кириш ва шунга ўхшаш эътиборли ишларда ўнг томондан бошлаш афзалдир. Буни акси бўлган масжиддан чиқиш, оёқ кийимни ечиш, ҳожатхонага кириш каби ишларда чап томон муқаддам қилинади.

Иккинчиси: Ўнг ва чап томоннинг биттасига хос бўлган ишлар. Еб-ичиш, кўришиш, олди-берди ва шунга ўхшаш эътиборли ишларда ўнг қўл ишлатилади.

Нажосатни артиш, закар (эркаклик аъзоси)ни ушлаш, бурунни қоқиш ва шунга ўхшаш беэътибор ишларда чап қўл ишлатилади.

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқ кийимни кийишда, соч-соқолни тарашда, таҳорат олишда ва барча ишларида ўнг томондан бошлашни яхши кўрар эдилар” (Муттафақун алайҳи).

 Нажосат турлари:

Мусулмон киши ундан покланиши ва бирор жойига тегадиган бўлса, изи ҳам қолмагунича ювиши вожиб бўлган ҳиссий нажосатлар қуйидагилардир: одамзотнинг сийдиги ва ахлати, отилиб чиққан қон, ҳайз ва нифос қони, вадий ва мазий, балиқ ва чигитканикидан бошқа ўлимтиклар, чўчқа гўшти, хачир ва эшак каби гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг сийдиги ва тезаги, итнинг сўлаги. Итнинг сўлаги теккан жой етти марта ювиб ташланади, биринчиси тупроқ билан.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабрнинг олдидан ўтдилар ва шундай дедилар: “Бу иккиласи азобланяпти, бироқ катта нарса сабабли эмас, биттаси сийдигидан эҳтиёт бўлмасди, наригиси эса чақимчилик қилиб юрарди”. Кейин ҳўл хурмо новдасини олиб, иккига бўлдиларда қабрларга тиқиб қўйдилар. Шунда саҳобалар: “Эй Оллоҳнинг расули! Нега бундай қилдингиз?”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шояд булар қуригунча улардан азоб енгиллатиб турилса”, дедилар” (Муттафақун алайҳи).

Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлган ишлардан, чунки қабрдаги азобни кўриш ғайб ишидир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингизнинг идишини ит ялаган бўлса, биринчисини тупроқ билан ишқалаб, етти марта ювиш билан покланади”, дедилар” (Муттафақун алайҳи).

* * *