Эътикоф ва унинг аҳкомлари
Категориялар
Full Description
Эътикоф ва аҳкомлари
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
الإعتكاف وأحكامه
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
محمد بن إبراهيم التويجري
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
Эътикоф ва аҳкомлари
Эътикоф: хоҳ эркак, хоҳ аёл кишининг Оллоҳ таолога ибодат қилиш учун ўзига хос тарзда масжидни лозим тутиб ўтиришидир.
Эътикоф тушунчаси:
Эътикоф — нафсни тийиш ва жиловлашдир. Оллоҳ таолога ибодат қилишда, Ул зот билан дардлашишда, халойиқ билан муносабатни узишда ҳамда Оллоҳ азза ва жалланинг зикридан чалғитадиган барча нарсалардан қалбни холи қилишда нафсни жиловлашдир.
Эътикофнинг ҳукми:
Эътикоф қилиш барча вақтларда суннат бўлиб, рўзасиз ҳам саҳиҳ бўлади. Назр қилиш билан эса, вожиб бўлади.
Рамазонда эътикоф қилиш суннатдир. Қадр кечасини топиш учун охириги ўн кунликда қилиш афзал ва таъкидлироқдир. Шунингдек, Масжидул-Ҳаромда, ёки Масжидун-Набавийда, ёки Масжидул-Ақсода эътикоф қилиш бошқа масжидларда қилишгандан афзалдир. Масжидул-Ҳаром каби буюк масжидларда эътикоф ўтириш қасд қилинса, ундан мартабаси паст масжидларда эътикоф қилиш жоиз бўлмайди. Агар оддий масжидда эътикоф ўтириш қасд қилинган бўлса, оддий масжидда ҳам, буюк масжидда ҳам эътикоф қилиш жоиздир.
Оллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Эсланг: «... Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша ерда ибодат қилиб (эътикофда) турувчилар, руку ва сажда қилувчилар учун пок тутинг», деб буюрдик” (Бақара сураси, 125).
Эътикофнинг саҳиҳ бўлиш шартлари:
Эътикофнинг мақбул бўлиш шартлари қуйидагилардир:
— Мусулмон бўлиш;
— Эътикоф учун ният қилиш;
— Жамоат намози ўқиладиган масжид бўлиши.
Эътикоф қилувчи рўзадор бўлиши афзалдир.
Аёл кишининг масжидда эътикоф қилишининг ҳукми:
Аёл киши эркак киши сингари масжидда эътикоф қилиши мумкиндир. У хоҳ пок бўлсин, хоҳ истиҳозали бўлсин баробардир. Фақат масжидни нопок қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлмоғи лозимдир.
Эътикоф қилмоқчи бўлган аёлга қуйидаги шартлар қўйилади:
— Валийсидан рухсат олмоғи;
— Ўзини ва бошқаларни фитнага солмаслиги;
— Эркаклардан алоҳида аёллар учун махсус жойда ўтирмоғи.
Энг афзал масжидлар:
Энг афзал масжид Масжидул-Ҳаром бўлиб, унда ўқилган намоз бошқа масжидлардагига нисбатан юз минг марта афзалдир. Сўнгра Масжидун-Набавий бўлиб, унда ўқилган намоз бошқа масжидлардагига нисбатан минг марта афзалдир. Сўнгра Масжидул-Ақсо бўлиб, унда ўқилган намоз бошқа масжидлардагига нисбатан икки юз эллик марта афзалдир. Сўнгра ер юзидаги қолган масжидлар туради. Уларда ўқилган намоз масжиддан бошқа жойларда ўқилгандан ўн марта афзалдир.
Назр эътикофининг ҳукми:
Ким мазкур уч масжидда намоз ўқишни ёки этикоф қилишни назр қилган бўлса, юқорида айтганимиздек, ўша масжиддагина адо қилиши шартдир. Энди ким булардан бошқа бирор масжидда намоз ўқишни ёки эътикоф қилишни ният қилган бўлса, агар у масжиднинг бирор шаръий ортиқлиги бўлмаса, унга ўша масжиддагина қилиши шарт бўлмайди, истаган масжидида назр қилган намозини ўқийди, эътикофини қилади.
Эътикофнинг бошланиш ва тугаш вақти:
1. Ким муайян бир вақтда эътикоф қилишни назр қилган бўлса, назр қилган дастлабки кечадан, қуёш ботмасдан олдин киради ва охириги кеча, қуёш ботгандан кейин чиқади. Масалан, Рамазон ойида бир ҳафта эътикоф қиламан, деган бўлса, юқоридаги тартибда эътикофга киради ва эътикофдан чиқади.
2. Агар киши Рамазоннинг охириги ўн кунида эътикоф қилишни истаса, эътикофга йигирма биринчи кечанинг қуёши ботмасдан олдин киради ва Рамазоннинг охириги куни қуёш ботгандан кейин чиқади.
Эътикофда ўтирган киши нима билан машғул бўлади?
1. Эътикофда ўтирувчи кишига Қуръон тиловат қилиш, зикр ва дуо қилиш, истиғфор айтиш, нафл намозларини ва таҳажжуд намозини ўқиш каби ибодат турлари билан машғул бўлиши, беҳуда сўз ва амаллардан узоқ туриш, қалбини Роббисига боғлаш, тавба тазарруъ қилиб, йиғлаш суннатдир.
2. Эътикоф қилувчига қазои ҳожати ва таҳорати учун, жумъа намози, еб-ичиши, беморни кўргани бориши, яқин қариндошлари ёки дўстининг жанозасига бориши учун масжиддан чиқиши жоиздир.
3. Аёл киши эътикофда ўтирган эрини кўргани бориши, у билан маълум бир вақт ўтириб гаплашиши жоиздир. Оила аъзолари ва дўстлари ҳам шу жумладан ҳисобланади.
Эътикоф қилишнинг афзал пайтлари:
Эътикоф қилишнинг энг афзал вақти Рамазоннинг охириги ўн кунида қилинганидир. Назр қилмаган бўлса, бу ўн кунни бузиши ёки баъзи кунларида эътикофдан чиқишида ҳараж, гуноҳ йўқдир.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар Рамазоннинг охириги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Ул зотдан сўнгра хотинлари эътикоф қилдилар” (Муттафақун алайҳи).
Эътикофни бузувчи нарсалар:
— Масжиддан заруратсиз чиқиш;
— Хотини билан қўшилиш;
— Диндан қайтиш;
— Мастлик эътикофни бузади.
Оллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилмангиз! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Оллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Оллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади” (Бақара сураси, 187).
Масжидда ухлашнинг ҳукми:
Мусофир, уйи йўқ фақир каби бошпанага муҳтож кишилар баъзан масжидда ухлашлари мумкин, бироқ масжидни ухлайдиган, қайлула (кундузи ухлаш) қиладиган жой қилиб олиш мумкин эмас. Фақат эътикофда ўтирганлар бундан мустасно.
Эътикоф қилувчи киши мунтазам зикр қилиш, ибодатдан баҳра олиш, хотиржамлик ва хушуъ ҳосил қилиш, Роббиси билан муножот лаззатини тотиш мақсадида масжидни макон тутиш суннатдир.
Эътикофнинг муддати:
Хоҳлаган вақт, истаган муддатча, кечами ё кундузми ёки бир неча кунми, эътикоф қилиш жоиздир.
1. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Эй Оллоҳнинг расули! Мен жоҳилиятда Масжидул-Ҳаромда эътикоф қилишни назр қилгандим”, нима қилай деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Назринга вафо қил!”, дедилар. Кейин Умар бир кеча эътикоф қилди” (Муттафақун алайҳи).
2. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар Рамазон ўн кун эътикоф қилар эдилар. Вафот этган йиллари эса, йигирма кун эътикоф қилдилар” (Бухорий ривояти).
Суннат эътикофнинг қазоси:
Ким Рамазонда ёки охириги ўн кунлигида эътикофга кирсаю, охирига етказа олмаган бўлса, эътикофининг қазосини қилиб бериши суннатдир.
* * *