Тавҳид ва иймон 14
Категориялар
Full Description
Тавҳид ва иймон 14
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
التوحيد والإيمان 14
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
محمد بن إبراهيم التويجري
Таржимон: Абдуллоҳ Солиҳ Насафий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: عبد الله صالح النسفي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Охират ҳовлиси
Инсон ҳаётининг босқичлари
Оллоҳ таоло одамни илк бор тупроқдан яратди, унинг наслини эса, нутфадан (манийдан) яратди, шунингдек одам авлоди қиёматга қадар нутфадан яратиладиган бўлди. Оллоҳ таоло нутфани қуюқ қонга, қуюқ қонни лахта гўштга, лахта гўштни эса суякга айлантириб, суякни гўшт билан қоплади.
“(Қасамки), Биз инсонни (яъни Одамни) лойнинг мағзидан яратдик”.
И з о ҳ . «Лойнинг мағзи»дан мурод — лой, ер жинсидаги барча моддалардир. Дарвоқеъ, замонавий тиббиёт ҳам инсон вужудида ер жинсининг барча моддалари мавжуд эканини исботлайди.
“Сўнгра уни (яъни барча инсонларни) аввало мустаҳкам қароргоҳдаги (яъни бачадондаги) нутфа-маний қилдик. Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув — нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас энг гўзал яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Оллоҳ баракотли — буюкдир” (Мўминун: 12-14).
И з о ҳ. Ушбу оятда инсоннинг она қорнидаги бир томчи сувдан то тирик, комил инсонга айлангунигача кечган жараён Яратганнинг Ўз илоҳий қалами билан аниқ-равшан қилиб чизиб берилди.
“Албатта сизлар (эй инсонлар), табақадан табақага минурсизлар (яъни бир ҳолдан иккинчи ҳолга кўчиб турурсизлар)” (Иншиқоқ: 19).
Қароргоҳ ҳовлиси
Дунё ҳаёти амал ҳовлиси бўлса, охират ҳовлиси мукофот ва жазо ҳовлисидир. Инсон вафот қилганидан кейин, жория садақасидан бошқа амаллари тўхтайди, аммо барзах ҳаётидаги ва қиёмат кунидаги савол-жавоблар ва бошқа амру фармонлар, то жаннатга ёки жаҳаннамга кирмагунча тўхтамайди.
“(Барча) қишлоқ-шаҳарлар онаси — пойтахти (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун ва (келишида) шак-шубҳа бўлмаган тўпланиш Кунидан огоҳлантиришингиз учун Биз сизга мана шундай арабий Қуръонни ваҳий қилдик. (У Кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир” (Шўро: 7).
“Ахир улар (яъни Макка мушриклари) ер юзида сайр қилиб-айланмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун доно диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги қалблар кўр бўлур. Улар сиздан (истеҳзо билан Оллоҳ ваъда этган) нақд азобни талаб қиладилар. Ҳолбуки Оллоҳ Ўз ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмас. Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун(лик азоб) сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йилга баробардир” (Ҳаж: 56-57).
“(Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда — ана ўша кунда (мўминлар билан кофирлар) бир-бирларидан ажралурлар. Энди иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар (жаннат) боғида шодланурлар. Аммо куфр йўлини тутган ва Бизнинг оятларимизни ҳамда охират мулоқотини ёлғон деган кимсалар — ана ўшалар (мангу) азобга дучор қилинурлар” (Рум: 14-16).
Жаннатнинг сифати
Жаннат: Оллоҳ таоло мўминлар ва мўминалар учун яратган охиратдаги “Дорус-салом”дир.
Жаннатнинг энг машҳур исмлари:
1. Жаннат: “Мана шу Оллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Ким Оллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар. Ва бу катта зафардир” (Нисо: 13).
2. Фирдавс жаннати: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур” (Каҳф: 107).
3. Адн жаннати: “Бу (Биз сизга сўйлаган қиссалар) бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат — Улар учун барча дарвозалари ланг очиқ мангу жаннатлар (Адн жаннати) бордир” (Сод: 49-50).
4. Хулд жаннати: “(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводор зотларга ваъда қилинган (Жаннатул-Хулд) мангу жаннатми?!» У (яъни жаннат тақводорлар) учун мукофот ва оқибат — борар жой бўлди” (Фурқон: 15).
5. Наим жаннати: “Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун (Жаннатун-Наим) ноз-неъмат боғлари бордир” (Луқмон: 8).
6. Маъво жаннати: “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун қилиб ўтган амаллари сабабли жаннат маъволари манзил бўлур” (Сажда: 19).
7. Дарус-Салом: “Улар учун Парвардигорлари ҳузурида дорус-салом — тинчлик диёри (яъни жаннат) бордир. У зот (Оллоҳ) қилиб ўтган яхши амаллари сабабли уларнинг дўстидир” (Анъом: 127).
Жаннат жойлашган макон
“Осмонда эса сизларнинг ризқу-рўзларингиз (яъни Ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлгувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни жаннат) бордир” (Ваз-зарият: 22).
“Қасамки, (Муҳаммад Жаброил фариштани ўзининг аслий суратида) иккинчи бор (жаннат) четидаги Нилуфар олдида кўрди”.
И з о ҳ. Бу кўриш Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом Жаброил фаришта билан бирга меърожга кўтарилганларида рўй берган эди. Энди қуйидаги оятларда Расулуллоҳнинг ўша меърожда кўрган — гувоҳ бўлган манзаралари тасвирланади.
“Жаннати маъво ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир” (Ван-нажм: 13-15).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимки Оллоҳга ва Расулига иймон келтирса, беш вақт намозни барпо қилса ва Рамазон рўзасини тутса, Оллоҳ уни Жаннатга киргизишига ҳақли бўлади, агарчи у Оллоҳ йўлида ҳижрат қилмасдан, туғилиб ўсган ерида ўтирган бўлса ҳам”. Саҳобалар дедилар: “Эй Оллоҳнинг Расули! Бу ҳушхабарни одамларга билдирайликми?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло Жаннатда, Оллоҳ йўлида жиҳод қилганлар учун юзта даража ҳозирлаб қўйгандир, уларнинг ҳар бирининг ўртасидаги масофа, Ер билан осмоннинг ўртасидаги масофа кабидир. Агар Оллоҳдан Жаннатни сўрасангизлар, “Фирдавс” жаннатини сўранглар. “Фирдавс” жаннати, жаннатнинг ўртаси ва энг юқорисидир, унинг устида Раҳмоннинг Арши бордир, “Фирдавс” жаннатидан барча жаннатларнинг анҳорлари отилиб чиқади” (Бухорий тахриж қилган).[1]
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мўмин киши вафот қилганда, раҳмат фаришталари келадилар ва унинг руҳини олиб, оқ рангли ипак кафанга ўрайдилар ва осмонга кўтарадилар, осмондаги фаришталар унинг хушбўй ҳидидан “Биз бундан кўра яхшироқ ҳидни кўрмаган эдик”, дейдилар” (Ҳоким ва Ибн Ҳиббан тахриж қилган).[2]
Жаннат эшикларининг исмлари
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимки бир жинсдан икки нарсани Оллоҳ йўлида инфоқ қилса, жаннатнинг эшикларидан: “Эй Оллоҳнинг қули! Кел, қилган хайру эҳсонинг эвазига бу сенга яхшиликдир”, деб нидо қилинади. Кимки намоз аҳлидан бўлса, у жаннатнинг намозхонлар учун тайёрланган эшигидан чақирилади. Кимки жиҳод аҳлидан бўлса, жаннатнинг мужоҳидлар учун тайёрланган эшигидан чақирилади. Кимки рўза аҳлидан бўлса, жаннатнинг “Райён” деб номланган эшигидан чақирилади. Кимки садақа аҳлидан бўлса, жаннатнинг садақа аҳли учун ҳозирланган эшигидан чақирилади”.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу деди: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Оллоҳнинг Расули! Бир киши, шу эшикларнинг ҳаммасидан чақирилиши мумкинми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳа, сиз ўшалардан бўлишингизни умид қиламан” (Муттафақун алайҳи).[3]
Жаннат эшикларининг кенглиги
Утба ибн Ғазвон разияллоҳу анҳу дейдилар: “Бизга айтилиндики, жаннат эшикларининг ҳар бирининг кенглиги қирқ йиллик масофа кабидир, бир кун келиб, шу эшиклар одамлар билан тўлажакдир”.[4]
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу дейдилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўшт келтирилди, ... (ҳадиснинг охирида шундай дедилар): Муҳаммаднинг руҳи қўлида бўлган Зотга қасамки, жаннат эшикларининг ҳар бирининг кенглиги, Макка билан Ҳажар шаҳри ёки Макка билан Бусро шаҳрининг ўртасидек” (Муттафақун алайҳи).[5]
Жаннат эшикларининг сони:
“Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга «ҳайдаладилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар)” (Зумар: 73).
Саҳл бин Саъд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Жаннатнинг саккизта эшиги бўлиб, бирисининг номи "Раййон"дир, у эшикдан фақат рўзадорларгина киради” (Муттафақун алайҳи).[6]
Жаннатнинг эшиклари, жаннат аҳли учун очиқдир
“Бу (Биз сизга сўйлаган қиссалар) бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат — Улар учун барча дарвозалари ланг очиқ мангу жаннатлар бордир” (Сод: 49-50).
Жаннат эшиклари очиладиган бу дунёдаги вақтлар
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Душанба ва пайшанба кунларида жаннат эшиклари очилади, бу кунларда Оллоҳга ширк келтирмаган ҳар бир банданинг гуноҳлари кечирилади, магар икки кишининг ўртасида можаро ўтган бўлса, уларнинг гуноҳлари кечирилишидан олдин уч марта шундай дейилади: “Бу икки кишининг гуноҳлари кечирилишини кечиктиринглар, токи улар ўзаро келишиб олмагунларича” (Муслим тахриж қилган).[7]
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар Рамазон кирса, жаннатнинг эшиклари ланг очилади ва жаҳаннамнинг эшиклари зич ёпилади ва шайтонлар кишанланади” (Муттафақун алайҳи).[8]
Умар бин Хаттоб разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким таҳоратини комил ҳолда қилиб: “Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Оллоҳнинг қули ва элчиси эканига гувоҳлик бераман”, деб шаҳодат келтирса, у учун жаннатнинг саккизта эшиги очилади, кейин истаган эшигидан кираверади” (Муслим).[9]