30 одимда фарзанд тарбияси “17-20 - одимлар”
Категориялар
Full Description
- Ўн еттинчи одим
- Тил бойлигини ошириш
- Ўн саккизинчи одим
- Кичик ихтирочи
- Ўн тўққизинчи одим
- Болажонларга севги ва эътибор бермоқ
- Йигирманчи одим
- Ютуқни ҳис эттирмоқ
30 одимда фарзанд тарбияси (17-20 - одимлар)
ثلاثون خطوة عملية لتربية الأبناء على العمل لهذا الدين الخطوة
«20-17»
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозий
سالم صالح أحمد بن ماضي
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
Ўн еттинчи одим
Тил бойлигини ошириш
Болажонлар илк болалик даврларида ота-оналари улар билан гаплашганда қўлланган сўзларни жуда тез ўзлаштириб оладилар. Шунинг учун, ота-она хоҳ ўзаро суҳбатларида бўлсин, хоҳ адабий тилда ёзилган исломий қиссаларни айтиб бериш билан бўлсин, фарзандининг тил бойлигини оширишга ҳарис бўлмоқлари даркор. Араб тили мана шу жиҳатга беэътиборлик натижасидагина зое бўлди.[1]
Болажонларнинг араб тилини билишлари, уларнинг Қуръон ва Суннат маъноларини тушунишларига кўмак беради. Демак, биз фарзанд тарбиясидаги бу одимга катта эътибор қаратишимиз керак экан.
* * *
Ўн саккизинчи одим
Кичик ихтирочи
Болажонлар илк болалик даврларида нарсаларни бузиб, тузишни яхши кўрадилар. Бу ихтирочиларнинг ҳолатига ўхшайди. Буни билишимиз, болажонлар бирор нарсани бузиб ёки яроқсиз ҳолга келтириб қўйганда уларга аччиқланмаслигимизга чақиради ҳамда биз уларга муносиб ўрнини босувчи нарса беролмаганимизни кўрсатади.
Болажонларнинг ўзбошимчалик билан нарсларни бузиб, тузишлари уларнинг ақлларини ва қобилиятларни ўстиради ҳамда ўзларига бўлган ишончларини орттиради.
Шундай экан, биз уларнинг бу қизиқувчанлигидан келиб чиқиб, уларни баъзи муҳим ишларга, масалан, масжидларга мунтазам бориш каби ишларга жалб қилишимиз керак.
Бу мавзуга тааллуқли амалий мисол:
Фарзандимизга масжид шаклидаги ўйинчоқ олиб берамиз. Бола ўша масжидни қуриб ўйнайди ва бу орада унинг қалбида Оллоҳнинг уйларига бўлган муҳаббат ўрнашиб боради. Чунки болажонлар ўйинчоқларини яхши кўриш табиати билан яратилгандирлар. Шунингдек, “Туз-буз” ўйинчоқлари ҳам бу ўринда яхши натижа беради. Шу тариқа белвосита йўл билан болажонларнинг таълимлари йўлга қўйилади.
* * *
Ўн тўққизинчи одим
Болажонларга севги ва эътибор бермоқ
Болажонларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари томонидан бўлган эътиборга эҳтиёжлари бор. Шу сабабдан ота-онаси, оиласи ва ўқитувчилари у билан фахрланишларини, қувонишларини унга ҳис эттиришлари керак бўлади. Бола гапирса, ҳамма жим бўлиб уни эшитиши ва унга катта аҳамият беришлари керак. Бу эса, болага унинг эътибори, қадри бор эканини ва ота-онаси уни яхши кўришини ҳис эттиради.
Севги ва эътиборнинг аҳамиятига тааллуқли
қисса ва мисоллар:
1. Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни (яъни Усомани) ва (неваралари) Ҳасанни олдига олиб, шундай дедилар: “Эй Оллоҳ! Мен бу иккисини яхши кўраман, Сен ҳам уларни яхши кўр”.[2]
2. Ибн Журайж, Атонинг шундай деганини ривоят қилади:
“Бир киши менга бир ҳадис ривоят қилиб беради. Мен ҳам худди биринчи марта эшитаётгандай жим қулоқ соламан. Ҳолбуки, мен у ҳадисни унинг туғилишидан олдин эшитган бўламан”.[3]
Катта кишига шундай муомала қилинган бўлса, энди ёш болага ёки фарзандга қандай муомала қилиниши мумкин? Албатта, болага шундай муаомала қилиш янада авлороқдир.
3. Мўминлар онаси Оиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳнинг қизлари Фотима ҳақида айтиб бераркан шуни ривоят қилади: “Фотима Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрниларидан турар, уни ўпар ва хуш келибсан, дер эдилар. Фотима ҳам у зотга худди шундай муомала қилар эди”.[4]
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Биз Пайғамбар аёллари бир кун у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида йиғилдик. Биздан келмай қолган бирортаси йўқ эди. Бир пайт Фотима ёнимизга юриб келди. Унинг юриши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юришларидан ҳеч фарқ қилмасди. Уни кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Марҳабо, хуш келибсан қизим”, дедилар ва уни ўнг тарафларига ўтирғиздилар”.[5]
Йигирманчи одим
Ютуқни ҳис эттирмоқ
Ота-оналар ўз олдиларига бир мақсад қўйиб олишлари лозим. Бу мақсад, фарзандларининг шу ҳаёти дунёда муваффақиятга эришишлари ва уларнинг бор бўлишларининг энг катта ғоясини рўёбга чиқаришдир. Яъни Қуръон ва Суннатга кўра Оламлар Роббиси Оллоҳга убудият (ҳақиқий қуллик)ни рўёбга чиқаришдир. Бу эса, дунёвий ишларни четга суриб қўйиш дегани эмас. Зеро Оллоҳ таоло шундай деган:
“Ва уларнинг орасида шундай зотлар ҳам борки, «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилган, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар” (Бақара: 201).
Шунингдек, Ислом дини руҳ ва жасад эҳтиёжларини қондириш ўртасида ўрта йўлни тутгандир. Мутлақ таркидунёчилик ҳам, соф дунёпарастлик ҳам йўқ. Билъакс, Ислом инсоннинг руҳий ва жисмий озуқасини мувозанатли тарзда бергандир.
Болажонлар мақсадларига етиб боргунларича муваффақиятни ҳис қилишга эҳтиёжманддирлар. Ва яна бу масалада болалар орасидаги қобилиятларнинг бир хил эмаслиги каби ўзига хосликларга ўхшаган айрим муаммолар ўртага чиқиши мумкин. Бу вазиятда ота-оналарнинг зиммасига тушадиган нарса, бу ҳолатни эътиборга олиб, фарзандларига тоқатлари етмайдиган вазифаларни юкламасликларидир.
Шунинг учун, болажонларга уларнинг савияларидан устун бўлган, эплай олмайдиган даражадаги қийин ишларни топшириш ҳечам ярамайди. Бу ўз навбатида ўзларини ожизлик, муваффақиятсизлик ва кучсизликни ҳис қилишларига олиб келади ҳамда қўлларидан келадиган ишлардан ҳам қўрқиб ўзларини тортишларига, қўл урмасликларига сабаб бўлади.
* * *
[1] Муаллиф араб бўлгани ва китобни илк ўқувчилар ҳам араблар бўлгани учун араб тилининг зое бўлиши ҳақида гапириб ўтди. Бошқа тиллар ҳам худди шундай унутилади ва зое бўлади. Ўзбек тили ҳам адабий бой тилдир. Уни фарзандлармизга ўргатишимиз керак. Зеро киши она тилини мукаммал билмас экан, бошқа тилларни пухта эгаллай олмайди. Шунингдек, иккинчи тил ўлароқ аввало араб тилини ўргатишга ҳарис бўлмоқ керак (Таржимон).
[2] Саҳиҳи Бухорий, Китабу фазоилун-набий, Ҳасан ва Ҳусайннинг маноқиби боби (3747).
[3] Сияру аъламин-нубала (5/78-88).
[4] Сияру аъламин-нубала (2/18-134).
[5] Сияру аъламин-нубала (2/18-134).