30 одимда фарзанд тарбияси “13, 14 - одимлар”
Категориялар
Full Description
- Ўн учинчи одим
- Фарзандингизнинг кийимига эътибор беринг
- Ўн тўртинчи одим
- Фарзандингизнинг ҳис-ҳаёжонини тартибга солинг
30 одимда фарзанд тарбияси
13, 14 - одимлар
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозий
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
2015 - 1436
ثلاثون خطوة عملية لتربية الأبناء
على العمل لهذا الدين
الخطوة «13، 14»
« باللغة الأوزبكية »
سالم صالح أحمد بن ماضي
مترجم: أبو عبد الله الشاشي
2015 - 1436
Ўн учинчи одим
Фарзандингизнинг кийимига эътибор беринг
Болажонларнинг шахсиятларини шакллани-шида кийимнинг муҳим ўрни бор. Шундай экан биз шариатнинг бу масалада қўйган очиқ меъёрларига ҳаддан ошмаган ва нуқсонга йўл қўймаган ҳолда риоя қилишимиз даркор. Шунинг учун салафи солиҳлар бу масалага аҳамият берганлар ва ғофил бўлмаганлар.
Болажонларнинг шахсиятининг шаклланишида кийимнинг аҳамиятига доир қисса ва
амалий мисоллар:
1. Молик (Оллоҳ уни раҳматига олсин) айтади:
“Онамга “Илм ўрганиш учун кетмоқчиман”, дедим. Шунда онам: “Кел, унда илм либосини кийиб ол”, деди. Кейин эгнимга енглари шимарилган либос кийдирди, бошимга дўппи қўйиб устидан салла ўради, сўнгра “Энди илм ўрганишинг мумкин”, деди.
Онам менга: “Рабиънинг олдига бор ва илмидан олдин унинг одобини ўрган!” — дер эди”.[1]
2. Муҳаммад ибн Авф (Оллоҳ уни раҳматига олсин) айтади:
“Мен ёш бола пайтимда черковда копток ўйнардим. Бир пайт копток бориб Муофо билан Имрон ибн Ҳимсийнинг яқинига тушди. Мен коптокни олгани бордим, шунда “Сен кимнинг ўғлисан?” — деб сўраб қолди. Мен: “Авф ибн Суфённинг ўғлиман”, дедим. Шунда у: “Отанг бизнинг биродаримиз бўлиб, илм ўрганадиган ва ҳадис ёзадиган(таълим оладиган) киши эди. Сенга ўхшаган болага отасининг изидан бориш ярашади”, деди.
Сўнгра онамнинг олдига келиб, бўлган воқеани айтиб бердим. Шунда онам: “Тўғри айтибди, у отангнинг дўсти эди”, деди ва энгимга кўйлак ва изор кийдирди. Шундан сўнг мен қўлимга сиёҳдон ва қоғоз олиб Муофонинг олдига илм олиш учун равона бўлдим”.[2]
* * *
Ўн тўртинчи одим
Фарзандингизнинг ҳис-ҳаёжонини тартибга солинг
Болажонлар ҳаётларининг илк болалик даврларида хоҳ муҳим, хоҳ арзимас нарсаларга нисбатан бир хил таъсир кўрсатадилар. Бунда эътибор бериш керак бўлган энг муҳим масалалар қуйидагилардир:
1. Қўрқув:
Кўпчилик ота-оналар йўл қўядиган хатолардан кенг тарқалганларидан бири, болаларини қоронғуликдан ёки ўғрилардан қўрқитишидир[3]. Ҳолбуки, бу иш хатодир. Болаларни бу тарзда қўрқитиш ярамайди. Чунки у ёмон оқибатларга олиб боради ҳамда руҳий нотурғунлик, кечқурун тагини ҳўллатиб қўйиш, юраксизлик ва одамовилик каби хасталикларга гирифтор қилади. Аксинча, фарзандларимизга биз билан бўлганда омонликни ҳис қилдириш ва фақат Оллоҳдан қўриш кераклигини ўргатиш зиммамиздаги бурчимиздир.
2. Ғазаб:
Болажонлар баъзан ота-оналарига аччиқ қилишлари мумкин. Овқат емай қўйишлик, бу аччиқланиш кўринишларидан биридир. Уларни маломат ва танқид қилиш ғазабланишларининг сабабларидан бўлиши мумкин. Улар ҳали тамйиз (оқ-қорани ажратиш) ёшига етмаганлари учун бу билан ота-онасига оқ бўлди, деб эътибор қилинмайди.
Шундай экан, ўғлингиз ёки қизингиз аччиқланган пайт бироз муддат ўз ҳолига қўйинг ва индаманг. Бироқ, унинг аччиқланиши сизга барча айтганларини қилдиришига олиб келмасинки, бу улкан хатодир. Фарзандингиз бироз аччиғидан тушгандан кейин, унга қилган хатосини соддагина қилиб тушунтиринг. Шунингдек, фарзандларимизга бордию ғазаблансак ҳам Оллоҳнинг ҳақларидан бири поймол қилинганда ғазабланишимиз мумкинлигини ҳис қилдиришимиз керак. Масалан, бир мункар ишни кўрсаг-у, уни тилимиз ёки қўлимиз билан тузата олмасак, важоҳатимизни ўзгартириш билан ғазабимизни билдирганга ўхшаш уларга ўрнак бўлишимиз лозим.
3. Қизғанч, ғайирлик
Қизғанч, ғайирлик инсонларга табиат қилиб берилган бир хислатдир. Катта фарзанд, отам кичик укамни мендан кўра кўпроқ яхши кўради, дейиши мана шу қизғанч кўринишларидан ҳисобланади.
Шу сабабли ота-она фарзандларига ҳамма ҳақларини тўла бериш ва бирини бошқасидан ажратмаслик билан бу масалага ўта эътиборли бўлиши лозимки, то ака-укалар орасида гина-кудурат ва ҳасад уйғонмасин.
Бу мавзуга доир қисса:
Абдулазиз ибн Марвон ўғли Умарни Мадинага таълим-тарбия олиши учун жўнатди. Солиҳ ибн Кайсонга кўз-қулоқ бўлиб туришини тайинлаб мактуб йўллади. Солиҳ ибн Кайсон Умарга намозларни жамоат билан адо қилдирар эди. Иттифоқо бир куни Умар намозга кечикиб қолди, шунда “Нимага кеч қолдинг?” дея сўради мураббий Солиҳ. “Соч таровчим сочимни тузатаётган (қотираётган) эди”, деди Умар. Шунда Солиҳ ибн Кайсон: “Сочингни тузатишинг намоздан ҳам муҳим бўлдими?!” деди-да, отаси Абдулазизга бу ҳақида мактуб йўллади. Мактубни ўқиган Абдулазиз, ўғли Умарга таъзир бериб қўйиш мақсадида одам жунатади. Отаси юборган элчи Умардан сўраб ўтирмасдан унинг сочини тагидан олиб ташлади.[4]
* * *