30 одимда фарзанд тарбияси “9 - одим”
Категориялар
Full Description
30 одимда фарзанд тарбияси
9 - одим
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозий
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
2015 - 1436
ثلاثون خطوة عملية لتربية الأبناء
على العمل لهذا الدين
الخطوة «9»
« باللغة الأوزبكية »
سالم صالح أحمد بن ماضي
مترجم: أبو عبد الله الشاشي
2015 - 1436
Хатони дарҳол тузатмоқ
Болажонлар илк болалик даврларида кўп нарсаларни билмасликлари ва маълумотларининг озилиги сабабли оқ-қорани ажрата олмайдилар. Шунинг учун хато қилиб қўйсалар, уларга тўғри йўл кўрсатишимиз ҳамда уларни “ғоявий ва маданий ҳужумлар” каби баъзи қора ниятлилардан ҳимоя қилишимиз даркор. Дин душманларининг бутун дунёда олиб бораётган мана шу қаҳрли ҳамлалари остида ҳам фарзандларимиз учун динга хизмат бўладиган ўрнини босувчи муносиб нарсаларни ўйлаб топишимиз керак.
Танбеҳ. Хатони тузатишда эътибор қаратилиши керак бўлган хусуслар:
1. Хато қилиб қўйган фарзандимизга меҳр ва шафқат билан ёндошиш;
2. Хатони тўғрилаш асносида танбеҳ берар эканмиз фарзандимизнинг нафсониятига тегмаслигимиз лозимки, бу нарса тескари натижага олиб келиши мумкин;
3. Агар фарзандимиз оқ-қорани таниган ёшда бўлса, дастлаб уни мақтаб қўйишимиз, ана ундан кейин танбеҳ беришимиз лозимки, бу нарса танбеҳни қабул қилишини осонлаштиради.
Хатони дарҳол тушатишга доир мисол ва қиссалар:
1. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳасан ибн Али разияллоҳу анҳумо садақа хурмоларидан бирини олиб оғзига солди. Буни кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қих, қих! (ташла уни), биз (яъни Пайғамбар хонадони) садақа емаслигимизни билмайсанми?!” дедилар.[1]
2. Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг хулқи энг гўзали эдилар. У зот бир куни мени бир юмуш билан жўнатдилар. Мен (ўзимга ўзим): Қасамки бормайман, дедим. Лекин ичимдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган жойга бориш ўтарди. Кўчага чиқиб, йўлга равона бўлдим. Кетаётиб бозорда ўйнаётган болаларни учратдим (ва уларга қўшилиб ўйнаб қолдим).
Бир пайт орқамдан бир киши келиб энсамдан ушлади, қарасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жилмайиб турардилар. У зот: “Эй Анасча! Мен буюрган юмуш учун бордингми?” дедилар, мен: “Ҳа, мана кетяпман, эй Оллоҳнинг расули”, дедим.
Анас айтади: “Оллоҳга қасамки, у зотга тўққиз йил хизмат қилган бўлсам, бирор марта қилган ишим учун “буни ёки уни нимага қилдинг”, ёки қилмаган ишим учун “буни шундай-шундай қилсанг бўлмасмиди?” демадилар”.[2]
3. Умар ибн Абу Саламадан ривоят қилинади: “Ёшлигимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоқларида эканимда[3], (у зот бирга таомланарканман) қўлим лаганнинг ҳар томонига бориб келарди, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй болакай, бисмиллаҳ дегин, ўнг қўлинг билан, олдингдан егин!” дедилар.
Бундан кейин, таомланганимда ҳар доим шундай қилдим, дейди Умар ибн Абу Салама.[4]
4. Саид ибн Жубайрнинг хўрози бўлиб, унинг қичқириғи билан кечаси намозга уйғонар эди. Хўроз бир сафар кечқурун то тонг отгунига довур қичқирмади. Саид ҳам ўша кеча намоз ўқий олмади. Бу унга оғир ботганидан “Унга нима бўлди экан? Оллоҳ овозини ўчиргур!” деди. Шу-шу бу хўрознинг овози чиқмади. Шунда Саиднинг онаси: “Болам, бундан кейин бирор нарсани дуойи бад қилмагин”, деди.[5]
* * *
[1] Бухорий ривояти, “Закот китоби” (1491).
[2] Муслим ривояти, (Расулуллоҳ одамларнинг хулқи энг гўзали эдилар деган боб) (2309-2310).
[3] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўгай ўғиллари бўлган, яъни оилалари Умму Саламанинг ўғли эди. (Таржимон)
[4] Бухорий ривояти, “Китабул атъима” (Таомдан олдин бисмиллаҳ дейиш ва ўнг қўл билан ейиш боби) (5376).
[5] Сияру аъламин нубала (4/323).