×
Ушбу мақола шайх Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозийнинг “Саласуна хутватун амалийятун литарбиятил абнаи алал амали лиҳазад-дин” китобидан таржима қилинган бўлиб, “учинчи ва тўртинчи одимлар” бўлган зарурий шаръий ишларни ўргатиш ва болажонларга ёшлигидан бошлаб таълим бериш ҳақидаги мавзуни ўз ичига олади.

30 одимда фарзанд тарбияси

3, 4 - одимлар

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозий

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

2014 - 1436

ثلاثون خطوة عملية لتربية الأبناء
على العمل لهذا الدين

الخطوة «3 ، 4»

« باللغة الأوزبكية »

سالم صالح أحمد بن ماضي

مترجم: أبو عبد الله الشاشي

2014 - 1436

 Учинчи одим

 Зарурий шаръий ишларни ўргатмоқ

Болажонлар солиҳ инсон бўлиб етишишлари учун ёшликлариданоқ намоз, рўза ва шунга ўхшаган зарурий шаръий ишларни ўргатиб бориш лозим. Мана шу сабабдан “Ёшликда таълим олиш, тошга ўйилиб ёзилган нақш кабидир”, дейилади.

 Амалий мисол:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзандларингизни етти ёш бўлганларида намозга буюринглар. Энди ўн ёш бўлганларида (намозга бепарво бўлсалар) намоз сабабли уринглар! Ва (шу ёшда ўғил-қизларни) ётоқ ўринларини ажратинглар!” — дедилар.[1]

 * * *
Тўртинчи одим

 Фарзандингизга ёшлигида
таълим беринг!

Болажонлар ҳаётларининг дастлабки босқичларида ўткир хотирали бўлиш билан ажралиб турадилар. Бундан унумли фойдаланган ҳолда уларни илм олишга ва Қуръони Каримни ва Суннати мутоҳҳарани ёд олиш ҳамда саҳиҳ ақидани пухта эгаллаш каби шаръий билимларни ўрганишга йўллантиришимиз керак.

Зеро Ислом уммати кучли олимларга ва Қуръон ва Суннат нури билан фикр юритувчи даъватчиларга муҳтождир. Бу эса, фақат ёшликдан бошлаб таълим олиш билангина бўлади...

Бу иш қийин ва имконсиз дея кўрманг!

Мана Ибн Муфлиҳ шундай дейди: “Ёшликда олинган илм мустаҳкам, барқарор бўлади. Шундай экан, ёш толиби илмларга, айниқса зукко, ҳушёр ва имл олишга ҳавасманд бўлганларига алоҳида эътибор бериш керак. Шунингдек, уларнинг ёш, ночор, ёки кучсиз бўлишлари, улар билан шуғулланишдан ва уларга алоҳида эътибор беришдан тўсмаслиги керак”.[2]

 Ёшликдан илм олишнинг ва бунинг киши шахсиятнинг шаклланишидаги аҳамиятига доир амалий мисоллар:

1. Ибн Аббосдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг, Ансорлардан бир кишига:

“Юр, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ҳадис ўрганамиз. Зеро бугун улар кўпдир”, дедим. У эса:

“Қизиқсана, эй Ибн Аббос! Одамлар орасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бор бўлатуриб, уларнинг сенга эҳтиёжи бўлишини ўйлаяпсанми?” деди.

Мен эса унга эътибор бермай, ҳадис ўрганишга киришдим. Агар менга бир кишидан ҳадис етиб келса, шу заҳоти унинг олдига борардим. У қайлула (кундузги уйқу)да бўлса, ридомни тагимга тўшаб эшигининг остонасида кутардим. Шамол чанг-тўзонни устимга учирарди. У уйидан чиқиб, мени кўрганда: “Эй Расулуллоҳнинг жиянлари, бу нима қилганингиз? Одам жўнатсангиз, олдингизга ўзим борардим”, дерди. Шунда мен: “Менинг ҳузурингизга келиб, сиздан ҳадис ўрганишим мақсадга мувофиқроқ”, дер эдим...

Ибн Аббос (Оллоҳ ундан рози бўлсин) айтади: “Бир куни ҳалиги Ансорий киши атрофимда одамларнинг (ҳадис ўрганиш учун) тўпланиб турганини кўриб: “Бу йигитча мендан ақиллироқ”, деганди”.[3]

2. Маъмардан (Оллоҳ уни раҳмат қилсин) ривоят қилинади: “Мен ўн тўрт ёшлигимда Қатодан ҳадис эшитдим. Ўша пайтлар нимаики эшитган бўлсам, худди кўксимга битилгандекдир”.[4]

3. Умму Дардо (Оллоҳ ундан рози бўлсин) шундай дейди: “Ёшлигингизда илм талаб қилингларки, катта бўлганингизда унга амал қиласизлар. Зеро ҳар бир ҳосил йиғувчининг (ҳосил йиғишдан олдин) экиб қўйган нарсаси бўлади”.[5]

* * *

[1] Сунан Аби Довуд, “Бола қачон намозга буюрилиши ҳақидаги боб” (495).

[2] “Ал-Одобуш-шаръийя” (1/244).

[3] Сияру аълам ан-нубала (3/343).

[4] Сияру аълам ан-нубала (7/5-18).

[5] Сияру аълам ан-нубала (12/615).