Тавҳид ва иймон 09
Категориялар
Full Description
- Қиёматнинг аломатлари
- Қиёмат қоим бўлиш вақтини билиш
- Қиёматнинг аломатлари
- Қиёматнинг катта аломатлари
- Дажжолнинг фитнаси
- Дажжолнинг сифатлари
- Дажжолнинг чиқадиган жойи
- Дажжол киролмайдиган ерлар
- Дажжолга эргашувчилар
- Дажжол фитнасидан сақланиш
- 2. Исо ибн Марямнинг тушиши
- 3. Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши
- 4, 5, 6. Уч марта ер ютиши
- 7. Тутун
- 8. Қуёшнинг мағрибдан чиқиши
- 9. Инсонларнинг мўмин ва кофирга ажратиб, гапирадиган дабба (махлуқ)нинг чиқиши.
- 10. Одамларни маҳшарга жамлайдиган ўтнинг чиқиши
Тавҳид ва иймон 09
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
Таржимон: Абдуллоҳ Солиҳ Насафий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
2014 - 1436
التوحيد والإيمان 09
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
« باللغة الأوزبكية «
محمد بن إبراهيم التويجري
مترجم: عبد الله صالح النسفي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2014 - 1436
Қиёматнинг аломатлари
Қиёмат қоим бўлиш вақтини билиш
Қиёматнинг қоим бўлиш вақтини Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. “Одамлар сиздан (қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) билиш ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир”.
Қиёматнинг аломатлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматнинг аломатлари ҳақида хабар берганлар. Улар иккига бўлинади: катта ва кичкик аломатлар.
Қиёматнинг кичик аломатлари:
Улар учга бўлинади:
— Содир бўлиб ўтганлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлиб юборилишлари ва вафотлари; Ойнинг иккига бўлиниши (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муъжиза қилиб берилди); Байтул-Мақдиснинг фатҳ қилиниши; Ҳижоз еридан буюк ўтнинг чиқиши. Авф бин Малик разияллоҳу анҳу дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Қиёмат қоим бўлишидан олдин беш нарсани сананг: Менинг вафотим, Байтул-Мақдиснинг фатҳ қилиниши...” (Бухорий тахриж қилган).[1]
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳижоз еридан Бусродаги туяларнинг бўйинларини ёритадиган ўт чиқмагунича қиёмат қоим бўлмайди”. (Муттафақун алайҳи).[2]
— Зоҳир бўлган ва зоҳир бўлишда давом этаётган аломатлар: Фитналарнинг зоҳир бўлиши, пайғамбарликни даъво қилувчиларнинг чиқиши, омонликнинг тарқалиши, ер юзидан шариат илмининг кўтарилиши, илмсизликнинг тарқалиши, шурталарнинг (милицияларнинг) ва золим бошлиқларни ёрдамчиларининг кўпайиши, мусиқаларнинг ёйлиши ва уни ҳалол деб ҳукм қилиниши, зинонинг авж олиши, ароқ ичишнинг кўпайиши ва уни ҳалол деб ҳукм қилиниши, ялангоёқ қўй боқувчиларнинг баланд уйлар қуришда мусобақалашиши, одамларнинг масжидлар билан фахрланиши ва масжидларни зийнатлашлари, одам ўлдиришнинг кўпайиши, вақтнинг тез ўтиши, ишнинг ноаҳл кишига топширилиши, яхши инсонлар пастга урилиб, ёмонларнинг устун бўлиши, кўп гапириб, оз амал қилиниши, бозорларнинг бир-бирига яқин бўлиши, Ислом умматида ширкнинг зоҳир бўлиши, бахиллик ва ёлғоннинг кўпайиши, тижорат кенгайиб, мол-дунёнинг кўпайиши, зилзилаларнинг кўпайиши, омонатдор инсонни хиёнаткор қилиниб, хиёнаткор кишиларни омонатдор қилиб кўрсатилиши, фаҳш ишларнинг очиқчасига бўлиши, қариндош уруғчилик алоқасининг узилиши, ёмон қўшничилик, ҳукмни сотиш, танийдиган кишиларгагина салом бериш, беамал, заифлардан илмни талаб қилиш, ярим ялонғочларнинг кўпайиши, ёлғон гувоҳлик беришнинг кўпайиши, тўсатдан ўладиганларнинг ортиши, ҳалол йўл билан касб қилмаслик, араб ерларининг сувли, кўкаламзорга айланиши, ваҳший ҳайвонларнинг одамларга гапириши, Ироқнинг қамал қилиниши ҳамда унга таом ва пул киришининг ман қилиниши, ундан кейин Шомнинг қамал қилиниши ҳамда унга таом ва пул киришининг ман қилиниши, мусулмонлар билан Румнинг ўртасида сулҳ тузилиши ва Румнинг мусулмонларга хиёнат қилиши.
— Ҳали ҳануз рўй бермаган аломатлар: Фурот дарёсида тилло тоғининг чиқиши, Қустантиния (ҳозирги Туркия)нинг қуролсиз фатҳ қилиниши, турклар билан уруш бўлиши, яҳуд билан мусулмонларнинг ўртасида жанг бўлиб, мусулмонларнинг ғолиб бўлиши, Қаҳтондан бир кишининг чиқиши, ҳассаси билан одамларни бошқариши ва одамларнинг унга итоат қилишлари, эркаклар озайиб, аёлларнинг кўпайиши ва эллик аёлга бир эркакнинг тўғри келиши, Мадина ўзидан ёмонларни чиқариши.
Юқорида зикр қилинган барча аломатлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадислар билан собит бўлгандир.
Қиёматнинг катта аломатлари
Ҳузайфа разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Биз суҳбатлашиб турганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар ва:
— “Нима мавзуда гаплашаяпсизлар?” деб сўрадилар. Биз:
— “Қиёматни эслаяпмиз”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— “Ундан олдин ўнта аломатнинг гувоҳи бўлмагунингизгача қиёмат ҳаргиз қоим бўлмайди”, дедилар ва қуйидагиларни зикр қилдилар: “Тутун, Дажжол, дабба (махлуқ), қуёшнинг ботар тарафидан чиқиши, Исо ибн Марямнинг тушиши, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, уч марта ер ютиши: бириси машриқда, иккинчиси мағрибда, учинчиси Араб Яриморолида, бу аломатларнинг энг охиргиси: Ямандан ўт чиқиши ва одамларни Маҳшар майдонига ҳайдаб боришидир”. (Муслим тахриж қилган).[3]
1. Дажжолнинг чиқиши
Дажжол одам авлодидан бўлган бир инсондир. У охирзамонда кун чиқар тарафдан — Хуросондан чиқади ва мен “Худо”ман деб даъво қилади. У Макка, Мадина, Тур ва Масжидул-Мақдисдан бошқа барча шаҳарлару қишлоқларга кириб чиқади. Чунки, бу тўрт ерни фаришталар ундан ҳимоя қилади. Дажжол Мадинанинг чегарасидаги “Сабха” деган ерга киради. Мадина уч марта силкингач, Мадинадан барча кофирлар ва мунофиқлар Дажжолнинг ёнига чиқади. Абдуллоҳ бин Умар разияллоҳу анҳумо шундай дейдилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик, у зот фитна ҳақида кўп сўз юритдилар ва “Аҳлос” фитнасини зикр қилдилар. Бир киши сўради: “Ё Расулаллоҳ! “Аҳлос” фитнаси нимадир?[4] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ““Аҳлос” фитнаси шуки, унда одамлар ўзаро ўртасида бўлган адовоти сабабли бир-бирларидан қочадилар ва бири бошқасининг молини ва аҳлини ноҳақ босиб олади. Ундан кейин “Сарроъ” фитнаси бўлади.[5] Бу фитнанинг тутуни менинг аҳли байтимдан бўлган кишининг икки оёғининг остидан чиқади, у ўзини мендан деб ўйлайди, лекин аслида у мендан эмасдир. Менинг дўстларим фақатгина тақволилардир. Ундан кейин одамлар қовурғанинг устига сонни қўйгани каби[6] бир кишига байъат бериш учун жамланишади. Ундан кейин “Дуҳаймаъ” фитнаси бўлади.[7] Бу фитна умматнинг бирортасини қолдирмасдан ҳаммасига етади ва у фитна тугади деган сари давом этаверади. Бунда киши эрталаб мўмин бўлса, оқшом кофир бўлади, одамлар икки гуруҳга бўлиниб қолади, бириси нифоқдан холи бўлган тоза иймонликлар, иккинчиси иймондан холи бўлган холис мунофиқлар. Агар шу кунларга етсангизлар, ўша куннинг ўзида ёки кейинги кунида Дажжол чиқишини кутаверинглар”. (Аҳмад ва Абу Довуд тахриж қилган).[8]
Дажжолнинг фитнаси
Дажжолнинг фитнаси инсоният тарихидаги энг катта фитна ҳисобланади. Оллоҳ таоло инсониятни имтиҳон қилиш учун Дажжолнинг қўлида ғайриоддий ишларни содир қилади. Ҳадисларда келганидек, Дажжолнинг ўзига хос жаннати ва жаҳаннами бўлиб, асли жаннати жаҳаннам ва жаҳаннами жаннат бўлади. У осмонга буюрса, ёмғир ёғдиради, ерга буюрса, ўсимликларини ўстиради. Дажжол кучли шамол суриб келаётган сел каби ер юзини кезиб чиқади. У ер юзида қирқ кун қолади. Биринчи куни бир йил, иккинчи куни бир ой, учинчи куни бир ҳафта ва қолган кунлари оддий кунлар каби бўлади. Ундан кейин Исо алайҳиссалом тушади ва Дажжолни Фаластиндаги “Луд” деган шаҳарнинг дарвозасида ўлдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини, Дажжолни тасдиқ қилиб, унга эргашишдан қайтардилар.
Дажжолнинг сифатлари
Дажжол қизил танли, бир кўзи кўр киши бўлиб, наслсиз бўлади ва пешонасида “كفر” (кофир) деб ёзилган бўлади, уни ҳар бир мусулмон ўқий олади.
Убода бин Сомит ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Масиҳуд-Дажжол бўйи қисқа, жингалак соч, бир кўзи кўр, кўзи ботиқ ҳам, туртиб чиқмаган. Агар Дажжол сизларни иккилантириб қўйса, билингларки, буюк Раббиларингиз кўр эмасдир”. (Аҳмад ва Абу Довуд тахриж қилган).[9]
Дажжолнинг чиқадиган жойи
Наввос бин Самъан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжол ҳақида сўз юритиб, шундай дейдилар: “... Дажжол Шом билан Ироқнинг ўртасидаги бир ердан чиқади ва ҳар тарафга фасод тарқатади...” (Муслим тахриж қилган).[10]
Дажжол киролмайдиган ерлар
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Дажжолнинг Макка ва Мадинадан бошқа қадам босмаган жойи қолмайди”. (Муттафақун алайҳи).[11]
Имом Аҳмад тахриж қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжол ҳақида гапириб, шундай дейдилар: “...Дажжол тўртта масжидга кира олмайди: Масжидул-Ҳаром, Масжидун-Набавий, Масжидут-Тур ва Масжидул-Ақсо”. [12]
Дажжолга эргашувчилар
Дажжолга эргашувчиларнинг энг катта қисми яҳудлардан бўлади. Ундан кейин ҳар хил миллат инсонлар, бадавий халқлар ва хотинлар бўлади.
Анас бин Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Исфаҳондан етмиш мингта яҳудий Дажжолга эргашади, уларнинг устида Тойласон бўлади”. (Муслим тахриж қилган).[13]
Дажжол фитнасидан сақланиш
Оллоҳга иймон келтирмоқ ва Дажжолнинг фитнасидан Оллоҳдан мунтазам паноҳ сўрамоқ.
Имом Муслим тахриж қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким “Каҳф” сурасининг аввалидан ўнта оятни ёд билса, Дажжолнинг фитнасидан омонда бўлади”. Бошқа лафзда: “Сизлардан кимки Дажжол чиқадиган замонга етса, “Каҳф” сурасининг аввалги ўн оятларини ўқисин”, дейилган.[14]
2. Исо ибн Марямнинг тушиши
Дажжол чиқиб, ер юзида фасод тарқатгандан кейин, Оллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни юборади. Исо алайҳиссалом Дамашқнинг шарқидаги оқ миноранинг ёнида, икки фариштанинг қанотига икки қўлини қўйган ҳолда тушади. Исо алайҳиссалом тушиб, Қуръон билан ҳукм қилади, хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни кўтаради, кейин мўл-кўлчилик бўлади ва бахиллик ер юзидан кўтарилади. Исо алайҳиссалом етти йил ҳаёт кечиради, кейин вафот қилади ва мусулмонлар у кишига жаноза ўқишади.
Ундан кейин, Оллоҳ таоло Шом томондан ёқимли, салқин шабада юбориб, қалбида заррадек яхшилик ёки иймони бор кишиларнинг барчасининг жонини олади. Улардан кейин ер юзида эшаклар каби (кўчаларда) бир-бирлари билан жимоъ қиладиган энг ёмон инсонлар қолади, шайтон уларга бутларга ибодат қилишни буюради ва шуларнинг устида қиёмат қоим бўлади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Руҳим қўлида бўлган Зотга қасамки, яқинда Исо алайҳиссалом сизларнинг ораларингизга одил ҳоким бўлиб тушади. Хочни (салибни) синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни кўтаради ва ерда мўл-кўлчилик бўлиб, мол берилса, уни оладиган муҳтож киши топилмайди. Ўша дамда бир марта сажда қилиш, бутун дунё ва ундаги нарсалардан афзал бўлади”. (Муттафақун алайҳи).[15]
3. Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши
Яъжуж ва Маъжуж одам авлодидан бўлган иккита буюк умматдир. Уларнинг чиқиши қиёматнинг катта аломатларидан ҳисобланади. Улар чиқиб, ер юзида фасод тарқатадилар. Исо алайҳиссалом мусулмонлар билан уларга қарши дуо қилади ва Оллоҳ уларнинг ҳаммасини ўлдиради.
“То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва Ҳақ ваъда (яъни қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар”. (Анбиё: 96).
Наввос бин Самъан разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжолнинг чиқишини ва Исо алайҳиссалом тушиб “Луд” дарвозасида уни ўлдиришини айтдилар ва Яъжуж ва Маъжуж ҳақида шундай дедилар: “Оллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилиб, шундай дейди: “Мен бандаларимни (яъни, Яъжуж ва Маъжужларни) чиқардим, уларга урушда ҳеч ким бас кела олмайди. Бандаларим билан (яъни, мусулмонлар билан) Тур тоғига чиқинг. Кейин Оллоҳ таоло Яъжуж ва Маъжужларни чиқаради, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадилар. Улар аввалгилари “Тобария” кўлидан ўтади ва ундаги барча сувни ичиб битиради, охиргилари ўтиб шундай дейди: “Бу кўлда сув бор бўлган экан?!” Оллоҳнинг пайғамбари Исо ва унинг ҳамроҳлари қамалда қоладилар, уларнинг биттаси учун бир ҳўкизнинг боши бугунги сизлар учун юз динордан кўра қийматлироқ бўлади. Оллоҳнинг пайғамбари Исо ва унинг ҳамроҳлари Оллоҳдан дуо қилиб сўрайдилар, Оллоҳ таоло Яъжуж ва Маъжужларнинг бўйнида бир қурт пайда қилади, уларнинг ҳаммаси бир вақтда ўлади. Ундан кейин Оллоҳнинг пайғамбари Исо ва унинг ҳамроҳлари ерга тушадилар”. (Муслим тахриж қилган).[16]
4, 5, 6. Уч марта ер ютиши
Уч марта ер ютиши ҳам қиёматнинг катта аломатларидандир. Улар ҳали содир бўлмади.
7. Тутун
Тутуннинг чиқиши ҳам қиёматнинг катта аломатларидандир.
“Бас, (эй Муҳаммад), сиз осмон очиқ, (яъни барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг! У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир”. (Духон: 10-11).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Олти нарса келишидан олдин амалга шошилинглар: қуёш ботар тарафидан чиқишидан олдин, тутун кўринишидан олдин, Дажжол чиқишидан олдин, инсонларни мўмин ва кофирга ажратадиган дабба (махлуқ) чиқишидан олдин, бир кишига хос нарса[17] ёки оммавий нарса[18] келишидан олдин”. (Муслим тахриж қилган).[19]
8. Қуёшнинг мағрибдан чиқиши
Қуёшнинг кун ботар тарафидан чиқиши ҳам қиёматнинг катта аломатларидандир.
“Улар фақат ўлим фаришталари келишини ё Парвардигорингизнинг (бирон азоби) келишини, ёки Парвардигорингизнинг оятларидан — Қиёмат аломатларидан айримлари келишини кутмоқдалар, холос. Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутгувчилармиз!» (Анъом: 158).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қиёмат қоим бўлмайди токи қуёш ўз ботадиган еридан қайтиб чиқмагунича. Агар қуёш ботган еридан қайтиб чиқса, одамларнинг ҳаммаси иймон келтирадилар, лекин у кунда иймон келтирувчининг иймони фойда бермайди агар олдиндан иймон келтирмаган бўлса. (Муттафақун алайҳи).[20]
Абдуллоҳ бин Амр разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Қиёматнинг дастлабки аломатлари: қуёшнинг ботар тарафидан чиқиши ва зуҳо вақтида инсонларни мўмин ва кофирга ажратадиган дабба (махлуқнинг) чиқишидир. Буларнинг қайси бири аввал чиқса, иккинчиси унинг орқасиданоқ чиқади”. (Муслим тахриж қилган).[21]
9. Инсонларнинг мўмин ва кофирга ажратиб, гапирадиган дабба (махлуқ)нинг чиқиши.
“Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар”. (Намл: 82).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “(охир замонда чиқадиган) уч аломат бор, шу уч аломат чиққандан кейин илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга иймони фойда бермайди. Қуёшнинг ботар тарафидан чиқиши, Дажжолнинг чиқиши ва ердан одамларга гапирадиган ҳайвоннинг чиқиши”. (Муслим тахриж қилган).[22]
10. Одамларни маҳшарга жамлайдиган ўтнинг чиқиши
Бу ўт Яманнинг “Адн” деган еридан чиқиб, ер юзига тарқалади ва одамларни Шомдаги маҳшар ерига жамлайди. Бу ўтнинг чиқиши катта аломатларининг энг охиргиларидан ҳисобланади.
Ўт одамларни маҳшар майдонига қандай жамлайди?
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Одамлар маҳшар майдонида уч гуруҳ бўлиб жамланадилар: “Раббиларининг ҳузурига рағбат билан борувчилар,[23] Раббиларининг ҳузурига қўрқинч билан умиднинг ўртасида борувчилар,[24] Буларнинг иккитаси бир туяда, учтаси бир туяда ва ўнтаси бир туяда маҳшарга боришади. Қолган инсонларни эса, ўт жамлайди. То маҳшар ерига етгунича, ўт уларнинг орқаларидан ҳайдаб боради”. (Муттафақун алайҳи).[25]
[1] Бухорий (3176).
[2] Бухорий (7118), Муслим (2902).
[3] Муслим (2901).
[4] Мутаржимдан: (Аҳлос: отнинг устига, эгарнинг остидан тўшаладиган латтага “аҳлос” дейилади. Бу фитнанинг “Аҳлос”га ўхшатилишининг сабаби: Аҳлос отнинг устидан айрилмагани каби, фитна ҳам одамлардан узоқ вақт айрилмайди).
[5] Мутаржимдан: (Яъни, ризқда мўл кўлчиликдан келиб чиққан маъсиятлар сабабли фитналарга учрайдилар).
[6] Мутаржимдан: (бу сўзнинг маъноси: сон қовурғанинг устида турмайди ва ўрнашмайди, шунингдек, у киши амирликка лойиқ бўлмаган заиф киши бўлади)
[7] Мутаржимдан: (Дуҳаймаънинг маноси: қоп-қора, қоронғу зулматдир. Бу фитна кўпчиликни адаштирувчи кучли бўлгани учун, қоронғу зулуматга ўхшатилган)
[8] Аҳмад (6168), Абу Довуд (4242).
[9] Аҳмад (23144), Абу Довуд (4320).
[10] Муслим (2937).
[11] Бухорий (1881), Муслим (2943).
[12] Аҳмад (24085), Силсилатус-Саҳиҳа (2934).
[13] Муслим (2944).
[14] Муслим (809, 2937).
[15] Бухорий (3448), Муслим (155).
[16] Муслим (2947).
[17] Мутаржимдан: (яъни, ўлим)
[18] Мутаржимдан: (яъни, қиёмат)
[19] Муслим (2947).
[20] Бухорий (4635), Муслим (157).
[21] Муслим (2941).
[22] Муслим (158).
[23] Мутаржимдан: (булар тақволик солиҳ инсонлардир, булар зотдор отларда ёки зотдор туяларда маҳшарга борадилар)
[24] Мутаржимдан: (булар, яхши амаллари билан хатолари баробар бўлганлардир. Булар оддий туяларда маҳшарга боришади)
[25] Бухорий (6522), Муслим (2861).