Тавҳид ва иймон 03
Категориялар
Full Description
- 6. Ислом
- 7. Ислом рукнлари
- 8. Иймон
- 9. Иймоннинг хислатлари
- 10. Иймон рукнлари
- Оллоҳга иймон келтириш, тўрт нарсани ўз ичига олади:
- 1. Оллоҳнинг борлигига иймон келтирмоқ.
- 2. Раб таолонинг шериксиз, ёлғиз эканига иймон келтирмоқ.
- 3. Оллоҳ таолонинг улуҳиятига иймон келтирмоқ.
- 4. Оллоҳнинг исм ва сифатларига иймон келтирмоқ
- Оллоҳ таолонинг исм ва сифатларига иймон келтиришнинг рукнлари
Тавҳид ва иймон 03
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
Таржимон: Абдуллоҳ Солиҳ Насафий
Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший
2014 - 1435
التوحيد والإيمان 03
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
« باللغة الأوزبكية «
محمد بن إبراهيم التويجري
مترجم: عبد الله صالح النسفي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2014 - 1435
6. Ислом
Инсониятнинг ислом динига эҳтиёжи
Инсоният дунё ва охиратнинг саодатини Исломдангина топади. Шунинг учун ҳам одамзотнинг Ислом динига бўлган эҳтиёжи емоқ-ичмоқ ва ҳавога бўлган эҳтиёжидан ҳам каттароқдир. Чунки, инсонга манфаат келтириб, зиёндан сақлайдиган қонунлар фақат Исломда-гина мужассамдир.
Ислом дини уч мартабада бўлиб, улар: Ислом, Иймон ва Эҳсон.
Ислом, Иймон ва Эҳсоннинг ўртасидаги фарқ:
1. Ислом деганда, намоз, рўза, ҳаж ва закот каби зоҳирий амаллар тушунилса, иймон деганда, Оллоҳга, фаришталари, самовий китоблар, пайғамбарлар, қиёмат куни ва тақдирга иймон келтириш каби ботиний амаллар эътибор қилинади.
2. Эҳсоннинг доираси иймон доирасидан кенгроқ бўлганидек, иймон доираси ҳам ўз навбатида исломнинг доирасидан кенгроқ. Эҳсон бир тарафдан умумий бўлиб, иймонни ҳам ўз ичига олади. Инсон агар мўмин бўлмаса, муҳсин бўла олмайди. Бошқа тарафдан эса хосроқ, чунки эҳсон аҳли иймон аҳлининг бир қисмидир. Ҳар қандай муҳсин мўминдир, лекин ҳамма мўмин ҳам муҳсин бўлавермайди.
3. Шунингдек, иймон ҳам исломни ўз ичига олгани учун бир тарафдан умумийдир. Инсон муслим бўлмагунича мўмин бўла олмайди. Бошқа тарафдан эса хосроқдир, чунки иймон аҳли ислом аҳлининг бир қисми ҳисобланади.
Қоида: Ҳар бир мўмин мусулмон ҳисоб-ланади, лекин ҳамма мусулмон ҳам мўмин бўлавермайди.
Ислом, куфр ва ширкнинг ўртасидаги фарқ
Ислом — Оллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига тоат ва ибодат билан бўйсунмоқ, ширк ва ширк аҳлидан юз ўгирмоқдир. Ким Оллоҳнинг ёлғиз Ўзига бўйсунса, у муслимдир. Ким Оллоҳ билан бирга яна бошқага ҳам бўйсунса, у мушрикдир. Ким умуман бўйсунмаса, у мутакаббир, кофир-дир.
Куфр — Оллоҳ таолони бутунлай инкор қилмоқдир.
Ширк — Оллоҳ билан бирга Оллоҳдан бошқа нарсаларга ҳам ибодат қилмоқдир. Куфрнинг жинояти ширкникидан кўра буюкроқ-дир. Чунки мушрик Оллоҳни инкор қилмайди, кофир эса инкор қилади.
Энг буюк неъмат
Ислом дини, Оллоҳнинг башариятга берган энг буюк неъматидир. Қуръони Карим эса, Оллоҳ таоло томонидан танланган банда-ларига мерос қилиб берилган энг буюк китобдир.
“Сўнгра Биз бу Китобга бандалари-миздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас, уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмайдиган) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Оллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни Қуръонга ворис бўлиш Оллоҳнинг) катта марҳаматидир”. (Фотир, 32).
Оллоҳ таоло Қуръон мерос қилиб берил-ган бу умматни уч қисмга тақсим қилди: ўз жонига жабр қилувчи, ўртача амал қилувчи ва яхшиликларга шошилувчи.
Ўз жонига жабр қилувчи Парвардигорига гоҳида итоат, гоҳида исён қилади, яхши амал-ларни ёмон амаллар билан аралаштиради. Оллоҳ таоло айнан шу тоифадан бошлади, чунки улар Оллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмасликлари ва Ўзининг фазлини уларга изҳор қилиш учун. Зеро, бу тоифа жаннат аҳлининг аксар қисми-дир.
Ўртача амал қилувчи тоифадагилар ўз зиммаларидаги вожибларни адо қилиб, ҳаром-лардан узоқ бўладиганлардир.
Яхшиликларга шошилувчилар. Бу тоифа зиммаларидаги вожибларни адо қилиб, ҳаром-лардан узоқ бўладилар ва нафл ибодатлар билан Раббиларига яқин бўладилар. Бу тоифа амал-лари билан фахрланиб, алданиб қолмасликлари учун энг сўнг зикр қилинди.
“Улар олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанган ҳолларида мангу (турадиган) жаннатларга кирурлар. У жойда уларнинг либослари ҳарир-ипак бўлур. Ва улар (жаннатга кирган чоғларида) дедилар: «Бизлардан ғам-қайғуни кетказган зот — Оллоҳга ҳамду-сано бўлсин. Дарҳақиқат, Парвардигоримиз мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир” (Фотир, 33, 34).
7. Ислом рукнлари
Исломнинг рукнлари бештадир
Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ислом беш нарсанинг устига қурилгандир: “Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бермоқ, намозни барпо қилмоқ, закотни адо қилмоқ, рамазонда бир ой рўза тутмоқ ва ҳаж ибодатини адо қилмоқ”. (Муттафақун алайҳи).[1]
“Ла илаҳа иллаллоҳ” нинг маъноси
Инсон қалби ва тили билан Оллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ зот йўқ ва Ундан бошқасининг илоҳлиги ва ибодати ботил эканини тан олмоқдир. Оллоҳ таоло Ўзидан бошқа ибодат қилинадиган барча маъбудларни инкор қилиб, ботилга чиқарди ва якка Ўзигагина ибодат қилишга буюрди.
“Муҳаммадур-Расулуллоҳ” нинг маъноси
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг буйруқларига итоат қилмоқ, айтган барча сўзларини тасдиқ қилмоқ, қайтарган нарсалари-дан қайтмоқ ва Оллоҳ таолога у зот кўрсатган-ларидек ибодат қилмоқ.
8. Иймон
Иймон: Оллоҳга, фаришталари, самовий китоблари, элчилари, қиёмат куни ва тақдир-нинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоқдир.
Иймон ҳам сўз, ҳам амалда бўлади. Яъни тил ва қалб билан нутқ қилмоқ, тил, қалб ва аъзолар билан амалда кўрсатмоқдир. Иймон тоат ва ибодат билан зиёда бўлади, маъсият (гуноҳ ишлар) билан заифлашади.
Иймоннинг шаҳобчалари
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Иймоннинг етмиш нечта, ёки олтмиш нечта шаҳобчалари бор. Уларнинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” сўзидир. Ва энг кичиги йўлдан одамларга озор берадиган нарсани олиб ташламоқдир. Ҳаё иймондандир”. (Имом Муслим тахриж қилган).[2]
Иймоннинг даражалари
Иймоннинг тоти, ҳаловати ва ҳақиқати бор.
1. Иймоннинг тоти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки Оллоҳни Рабб эканига, Исломни дин эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар эканига рози бўлса, иймоннинг тотини тотади” (Муслим тахриж қилган).[3]
2. Иймоннинг ҳаловати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч хислат борки, кимда шу хислатлар бўлса, иймоннинг ҳаловатини топади: Оллоҳ ва Расули у учун бошқа ҳар қандай нарсадан севимли бўлса, бирор кишини фақатгина Оллоҳ учун севса, куфрга қайтишни, ўтга улоқтирилгани каби ёмон кўрса”. (Муттафақун алайҳи).[4]
3. Иймоннинг ҳақиқати
Иймоннинг ҳақиқатини дин йўлидаги даъват, ибодат, ҳижрат, нусрат, жиҳод ва инфоқларга сабр қилиб, туриб берган кишилар-гина ҳис қилишади.
“Фақат Оллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оят-лари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суяна-диган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир” (Анфол, 2-4).
“Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Оллоҳ йўлида курашган зотлар ва (муҳожир-ларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир” (Анфол, 74).
“Ҳақиқий мўминлар фақат Оллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Оллоҳ йўлида курашган зот-лардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир” (Ҳужурот, 15).
Киши тақдирига битилган нарсанинг шубҳасиз бўлишига ва ёзилмаган нарсанинг келмаслигига ишонмагунича иймоннинг ҳақи-қатига ета олмайди.
Комил иймон
Оллоҳ ва Расулини яхши кўрмоқ, Оллоҳ учун яхши кўриб, Оллоҳ учун ёмон кўрмоқ, қалб амалидир. Молини яхши йўлларда Оллоҳ учун инфоқ қилиб, ёмон йўлларда инфоқ қилмаслик, бадан амали ҳисобланади. Бу нарсалар иймон-нинг мукаммал эканига далолат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки Оллоҳ учун яхши кўриб, Оллоҳ учун ёмон кўрса, Оллоҳ учун инфоқ қилиб, Оллоҳ учун инфоқдан тийилса, шаксиз иймони комил бўлибди”. (Абу Довуд тахриж қилган).[5]
Иймоннинг энг юксак даражаси
Иймоннинг лафзи, сурати ва ҳақиқати бордир. Имоннинг энг юксак даражаси яқийн-дир. Яқийннинг маъноси: Оллоҳ таолонинг Ўзи, исм ва сифатлари, фаришталари, китоблари, пайғамбарлари ва қиёмат кунига тааллуқли бўлган ғайбий хабарларга, кўриб тургандай иккиланмасдан ишонмоқдир. Мўмин киши сабр ва яқийн билан динда пешқадамлик даражасига етади.
“Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улар-дан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволар-ни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар” (Сажда, 24).
9. Иймоннинг хислатлари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўрмоқ
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилин-ган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Сизлардан ҳеч бир киши то мен унга боласидан ҳам, ота-онасидан ҳам ва барча одамлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча иймони комил бўлмайди”. (Муттафақун алайҳи).[6]
Ансорларни яхши кўрмоқ
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилин-ган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Иймоннинг аломати ансорларни яхши кўрмоқ. Нифоқнинг аломати ансорларни ёмон кўрмоқдир” (Муттафақун алай-ҳи).[7]
Мўминларни яхши кўрмоқ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Иймон келтирмагун-ча жаннатга киролмайсиз, бир-бирларингизни яхши кўрмагунча комил иймонли бўлолмайсиз, сизларга бир нарсани ўргатайми, агар шуни қилсангизлар, бир-бирларингизни яхши кўрасиз-лар: Ўзаро саломни кенг ёйинглар”. (Муслим тахриж қилган).[8]
Мўмин биродарини яхши кўрмоқ
Анас бин Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Сизларнинг бирорталарингизниннг иймони токи ўзи учун яхши кўрган нарсани мўмин биродарига ҳам, ёки қўшнисига ҳам яхши кўрмагунича комил бўлмайди”. (Муттафақун алайҳи).[9]
Қўшни ва меҳмонни ҳурмат қилмоқ, яхшиликдан бошқа ҳар қандай нарсада сукут сақламоқ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким Оллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса, яхши гапни гапирсин ёки жим турсин. Ким Оллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса, қўшнисини ҳурмат қилсин. Ким Оллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса, меҳмонини икром қилсин”. (Муттафақун алайҳи).[10]
Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармоқ
Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳис-саллом шундай дейдилар: “Ким мункар ишни кўрса, дарҳол уни қўли билан тузатсин, агар қўли билан қодир бўлмаса, тили билан ислоҳ қилсин, агар тили билан ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ёмон кўрсин ва бу (қалби билангина ёмон кўрмоқ) иймоннинг энг заифлигидир”. (Муслим тахриж қилган).[11]
Холислик
Тамим Ад-Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Дин холисликдир!”
— “Кимга?”, деб сўрадик биз.
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳга, китоби, элчилари, мусулмон-ларнинг имомлари ва омма мусулмонларга”, дедилар (Муслим тахриж қилган).[12]
Амалларнинг энг афзали иймондир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: “Амалларнинг қайси бири афзал?”
— У зот дедилар: “Оллоҳга ва расулига иймон келтирмоқ”.
— Сўрадилар: “Ундан кейин қайси амал афзал?”
— “Оллоҳ йўлидаги жиҳод”, — жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
— “Ундан кейин қайси амал афзал?” — деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи ва саллам: “Гуноҳ ва хатолардан узоқ бўлган ҳолда адо қилинган ҳаж”, — деб жавоб берди-лар”. (Муттафақун алайҳи).[13]
Иймон итоат билан зиёда бўлади, маъсият билан заифлашади
“У (Оллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўминларнинг дил-ларига сакинат-ором туширган зотдир. Осмонлар ва Ер қўшинлари (яъни коинотдаги барча жонзот ва кучлар) ёлғиз Оллоҳникидир. Оллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир” (Фатҳ, 4).
“Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни, мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб): «Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?» дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта, зиёда қилур ва улар шод-хуррам бўлурлар” (Тавба, 124).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алай-ҳи ва саллам шундай дейдилар: “Зинокор зино қиларкан мўмин бўлган ҳолида зино қилмайди, ўғри ўғирлик қиларкан мўмин бўлган ҳолида ўғирлик қилмайди, ароқхўр ароқ ичаркан мўмин бўлган ҳолида ароқ ичмайди”. (Муттафақун алайҳи).[14]
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилин-ган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Қалбида арпанинг вазнича яхшилик бўлган ҳолда “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган киши жаҳаннам ўтидан қутилиб чиқади. Қалбида буғдойнинг вазнича яхшилик бўлган ҳолда “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган киши жаҳаннам ўтидан қутилиб чиқади. Қалбида зарранинг вазнича яхшилик бўлган ҳолда “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган киши жаҳаннам ўтидан қутилиб чиқади.
Бошқа ривоятда “зарранинг вазнича яхшилик” лафзининг ўрнида “зарранинг вазнича иймон” дейилган”. (Муттафақун алайҳи).[15]
Исломдан аввал қилинган амалларнинг ҳукми
Исломни қабул қилишдан аввал қилинган ёмон амаллар кечирилади.
“(Эй Муҳаммад), кофир бўлган кимса-ларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўх-тасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Агар яна (кофирликка) қайтсалар, у ҳолда аввалгиларининг суннатлари (яъни, кўргулик-лари) ўтган-ку, (яъни уларнинг ҳам бошларига аввалги кофирларнинг куни тушар). (Анфол, 38).
1) Исломдан аввал қилинган яхши амалларнинг савоби берилади. Ҳаким бин Ҳизом разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Жоҳилиятда яхши амаллар қилар эдим, шу амалларим учун менга бирор нарса ёзиладими?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши амалларинг сабаб-ли исломни қабул қилдинг”, дедилар (Муттафақун алайҳи).[16]
2) Кимки Исломга киргандан кейин ҳам ёмон амалларида давом этса, аввалги ҳамда кейинги гуноҳларининг жазосини олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимки Исломга киргандан кейин яхши амалларда давом этса, жоҳилият-даги гуноҳларидан сўралмайди. Кимки Исломга киргандан кейин ёмон амалларда давом этса, Исломдан аввалги ва кейинги гуноҳлари учун жавобгар бўлади”. (Муттафақун алайҳи).[17]
10. Иймон рукнлари
Иймоннинг рукнлари олтитадир.
Бу рукнлар Жибрийл алайҳиссаломнинг ҳадисларида зикр қилинади.
Жибрийл алайҳиссалом: “Иймон ҳақида хабар беринг”, - дея Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганида у зот: “Оллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарлари-га, қиёмат кунига ва тақдирнинг яхши ва ёмони-га иймон келтирмоғингдир”, дедилар (Муттафа-қун алайҳи).[18]
Иймон боғичининг қуввати
Иймон боғичи энг буюк ва энг қувватли боғловчидир. Чунки у Холиқ билан махлуқларни, Ер билан осмонни, уммат билан Расулини ва дунё билан охиратни боғлаб турган мустаҳкам робитадир.
“Оллоҳ мўминларнинг дўстидир. Улар-ни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса, шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик — нурдан қоронғу —зулматлар-га чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар”. (Бақара, 257).
1. Оллоҳга бўлган иймон
Оллоҳга иймон келтириш, тўрт нарсани ўз ичига олади:
1. Оллоҳнинг борлигига иймон келтирмоқ.
Оллоҳ таоло ҳар бир махлуқни ўзининг яратувчисини тан оладиган фитратда яратган.
“Бас, (эй Муҳаммад), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Оллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Оллоҳнинг яратиши ўзгартирил-мас. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар” (Рум, 30).
Биз яшаб турган коинот ва ундаги мах-луқотлар, ўз-ўзидан пайдо бўлиши, ёки ўзини ўзи яратиб олиши мумкин бўлмаган ишдир. Демак, буларнинг яратгувчиси бор эканини ва у яратгувчи Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло эканини ақл тақозо қилади.
“Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Ярат-гувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимиканлар-а?! Балки осмон-лар ва Ерни ҳам улар яратган-дирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!” (Тур, 35-36).
Кеча ва кундузни алмашиб туриши ва барча махлуқотларнинг давомий ризқланиши, Оллоҳнинг борлигига далолат қилади.
“Оллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибрат бордир” (Нур, 44).
Оллоҳ таоло пайғамбарларига мўъжиза-лар бериб, ўзининг борлигини ва барча пайғам-барлар ўзи тарафдан юборилган элчилар эканини билдирди. Бу мўъжизалар Оллоҳ таолонинг борлигига далолат қиладиган қатъий далиллардир. Иброҳим алайҳиссаломга ўтни совуқ ва зарарсиз қилди. Мусо алайҳиссалом учун денгизни иккига бўлди. Ийсо алайҳиссалом қўли билан ўликларни тирилтирди. Муҳаммад алайҳиссалом Унинг изни ила осмондаги ойни иккига бўлди.
Дуо қилувчи ҳожатманларнинг ва заиф мазлумларнинг дуолари ижобат бўлиши Оллоҳ таолонинг борлигига, илмига ва қудратига шубҳасиз далолат қилади.
“Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минг-лаб фаришталар билан мадад берурман», деди” (Анфол, 9).
“Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг раҳм-лироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг). Бас Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича бола-чақа ато этдик” (Анбиё, 83-84).
Оллоҳ таоло юборган дин, аввалидан ахиригача инсониятнинг фойдаси учун юборил-ганлиги, Оллоҳ таолонинг Ҳикматли, Қодир ва бандалари учун фойда ва зарарни билувчи зот эканига далолат қилади.
2. Раб таолонинг шериксиз, ёлғиз эканига иймон келтирмоқ.
Рубубият, яъни барча махлуқотларни яратиш, бутун коинотга молик бўлиш ва амру-фармон фақат Оллоҳ таологагина хосдир.
“Албатта, Парвардигорингиз — Оллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлин-гизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори — Оллоҳ буюкдир” (Аъроф, 54).
“Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Оллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Оллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам бергувчи бўлмайди” (Моида, 120).
Оллоҳ таоло махлуқотни яратди, Еру осмон, қуёш ва ойни, кеча ва кундузни, денгизлар ва тоғларни яратди.
“У — осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган Зотдир. (Мушриклар) эса У зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар у ёқда турсин, ҳатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойдага эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган «худолар»ни ушладилар (яъни ўшаларга сиғиндилар)” (Фурқон, 2-3).
Оллоҳ таоло барча халоиқни Ўз қудрати ва иродаси билан яратди, Ерни яшаш учун мослаб, текис ва кенг қилди. Оллоҳ таолонинг на вазирга, на маслаҳатчига ва на ёрдамчига эҳтиёжи йўқдир. Оллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир, ҳамма нарсани билгувчи, барча махлуқотларининг устидан қувватли, қудрати-нинг чеки йўқдир. Истаганини ва Ўзи ирода қилган ҳукмни қилади.
“Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур” (Ёсин, 82).
Оллоҳ таоло осмонлару Ердаги барча нарсаларни билади. Тоғларнинг мисқолини, сувларнинг миқдорини, ёмғир томчиларининг ададини, дунёдаги ҳамма дарахлардаги япроқ-ларининг сонини ва Ердаги қум зарраларининг ададигача билади. Унинг илмидан бирор нарса четда қолмайди.
“Ғайб очқичлари Унинг ҳузурида-дирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни Оллоҳнинг илми азалийсида) мавжуд-дир” (Анъом, 59).
Барча нарсаларнинг хазинаси Оллоҳ таолонинг ҳузуридадир. Ҳар қандай нарсани ёлғиз Оллоҳдангина талаб қилинади.
“(Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг асли — манбаи Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчов билан (сизларга) туширурмиз” (Ҳижр, 21).
Агар биз Оллоҳнинг буюклиги ва қудратининг чексиз эканини, илми, хазинаси ва раҳмати бепоён эканини билсак, қалбларимиз Унгагина бурилади, ибодатига мойил бўлиб, аъзоларимиз Унинг тоатида қоим бўлади ва тилларимиз Унинг зикри билан машғул бўлади. Ундангина ёрдам сўраймиз, Унгагина таваккул қиламиз, Ундангина қўрқамиз ва Унгагина ибодат қиламиз.
“Мана шу Оллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани Яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил — муҳофаза қилгувчидир” (Анъом, 102).
3. Оллоҳ таолонинг улуҳиятига иймон келтирмоқ.
Оллоҳ таолонинг якка Ўзигина ибодатга ҳақлидир. Биз Оллоҳ буюрган шаклда, тўла муҳаббат ва таъзим билан Унга ибодат қиламиз.
Оллоҳ таоло рубубият тавҳидига ёлғиз Ўзигина ҳақли бўлгани каби, улуҳият тавҳидига ҳам шериксиз, якка Ўзи ҳақлидир.
“Тангрингиз ягона Илоҳдир. У меҳри-бон ва раҳмли Илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир” (Бақара, 163).
Оллоҳ таоло ибодатга ҳақли бўлган ягона илоҳдир. Ундан бошқа олиҳаларнинг улуҳияти ва ибодати ботилдир.
“Бунга сабаб Оллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда шак-шубҳасиз, Оллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир” (Ҳаж, 62).
4. Оллоҳнинг исм ва сифатларига иймон келтирмоқ
Оллоҳ таолонинг исм ва сифатларини ёд олмоқ, маъносини тушунмоқ ва эътироф этмоқ, шу исм ва сифатларнинг тақозоси билан ибодат қилмоқ. Оллоҳнинг улуғ ва буюклигини билган кишининг қалбида Оллоҳга нисбатан ҳайбат ва таъзим бўлади. Оллоҳнинг қудрат, иззат ва кибриё сифатини билган киши ўзини Унинг олдида заиф эканини тушунади. Оллоҳнинг Раҳмон, Раҳийм, Карийм, Ҳалийм ва Латийф сифатларини билган кишининг қалби У зотга бўлган рағбат, муҳаббат ва умидлар билан тўлиб-тошади.
Оллоҳ таоло Ўзи учун исбот қилган ва Пайғамбари Унга исбот қилган исм ва сифатларни биз ҳам исбот қиламиз ва иймон келтирамиз. Масалан, Оллоҳ таоло Раҳиймдир. Бунинг маъноси, Оллоҳ таоло раҳмат эгасидир. Бу сифатнинг асари: Оллоҳ таоло истаган бандасига раҳм қилади. Бошқа сифатлар ҳам шунга ўхшаган бўлади.
“(Оллоҳ) осмонлар ва Ернинг илк яратгувчисидир. У сизлар учун ўзларин-гиздан бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни ўша (жуфтлик воситасида) кўпайтирур. Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир” (Шўро, 11).
Оллоҳ таолонинг ҳамма сифатлари гўзал-дир.
“Оллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазола-нурлар” (Аъроф, 180).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Оллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта, бир кам юзта исми бордир, кимки шуларга маънолари билан билиб, амал қилса, жаннатга киради”. (Муттафақун алайҳи).[19]
Оллоҳ таолонинг исм ва сифатларига иймон келтиришнинг рукнлари
Оллоҳ таолонинг исм ва сифатларига иймон келтириш уч асос устига қурилади:
Биринчиси: Оллоҳ таолонинг зотида, исм ва сифатларида Уни махлуқларига ўхшатмаслик.
Иккинчиси: Оллоҳ таоло Ўзини Ўзи, ҳамда Расули Уни сифатлаган исм ва сифатларга иймон келтирмоқ.
Учинчиси: Оллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг кайфиятини билишга ҳаракат қилишдан тийилмоқ. Оллоҳнинг зоти қандай эканини билмаганимиз каби исм ва сифат-ларининг ҳам моҳиятини билмаймиз.
“Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир” (Шўро, 11).
[1]Бухорий (8), Муслим (16).
[2] Муслим (35).
[3] Муслим (34).
[4] Бухорий (16), Муслим (43).
[5] Абу Довуд (4681), Силсилатус-саҳиҳа (380).
[6] Бухорий (15), Муслим (44).
[7] Бухорий (17), Муслим (74).
[8] Муслим (54).
[9] Бухорий (13), Муслим (45).
[10] Бухорий (6018), Муслим (47).
[11] Муслим (49).
[12] Муслим (55).
[13] Бухорий (26), Муслим (83).
[14] Бухорий (2475), Муслим (57).
[15] Бухорий (44), Муслим (193).
[16] Бухорий (1436), Муслим (123).
[17] Бухорий (6921), Муслим (120).
[18] Бухорий (50), Муслим (8).
[19] Бухорий (7392), Муслим (2677).