Андалус фатҳи (08)
Категориялар
Full Description
Андалус фатҳи Қисм 8
“Балатуш-шуҳадо” жангидан сўнг
“Балатуш-шуҳадо” жангида мусулмон аскар мағлуб бўлиб, амирлари Абдурраҳмон Ғофиқий шаҳид бўлгандан сўнг, мусулмон аскар орқага чекинди. Бу минтақаларда ҳарбий юриш-лар тўхтади. Ушбу мағлубиятдан кейинги ҳоди-саларга ўтишдан олдин эътиборга лойиқ баъзи масалаларга тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Биринчи: Нима учун Андалус халқи юртларига бостириб келган мусулмонларга қарши бош кўтармади, қўзғолон қилмади? Ҳолбуки, Андалусга кирган мусулмонлар 30 минг атрофида эди. Ториқ ибн Зиёднинг аскари 12 минг бўлиб[1], улардан 3 мингги Барбат водийсидаги жангда қурбон бўлган эди. Сўнгра Толедо шаҳрига боргунча урушларда яна 3 минг йўқотиш бўлган, 6 минг қолган, кейин Мусо ибн Нусайр билан келган аскар сони 18 минг бўлиб,[2] Андалус ўлкасида жами 24 минг мусулмон аскар мавжуд эди. Сўнгра шу 24 минг мусулмон аскар ҳарбий амалиётлар бажариш асносида Андалус вилоятларига ва Пиреней тоғи ортига тақсим-ланиб кетди. Яъни саноғи минтақа аҳолисига қараганда жуда оз бўлган, у ҳам етмагандай ҳар тарафга тарқалиб кетган аскар, ўртага олиб янчиб ташланиши мумкин бўлган ҳолатда эди. Лекин нима учун андалусликлар уларга қарши-лик қилмади?
Бу ҳақиқатан ҳам ажабланарли савол. Бу саволга жавоб беришдан олдин, ўтган кунларни ёдга олишимиз лозим. Андалусга Ислом кириб келишидан илгари бу халқлар зулм, истибдод, муросасизлик, танг бир аҳволда бўлиб, ҳокимлар оддий халқни қора ишчи, ҳатто қул қилиб олган, деҳқонлар меҳнат қилиб, тер тўкиб экин етиштирар, ҳузурини зодагонлар кўрар эди. Шундай экан, халқ нима учун ва нима сабабдан қўзғолон қилсин?! Яна олдинги ҳолатларига қайтиш учун, ёки ўша золим ҳокимларни тарафини олиш учун, ёда яна меҳнат қилган бошқа, ҳузурини кўрган бошқа бўлган “ўрмон қонуни” ҳукм сурган жамиятларини қайта тиклаш учун бош кўтарадими?! Ваҳолангки, Ислом келиб, уларнинг ҳуқуқлари қайтариб берилган, зулму истибдодга чек қўйилиб, ҳокиму маҳкум, мусулмону ғайримусулмон қози олдида бир хил манзилатга қўйилган эди. Яъни Ислом дини бу мазлум халқларнинг халоскори бўлган эди. Улар Ислом динини билган онлари уни маҳкам ушлаб, ардоқлай бошладилар.
Иккинчи: Андалус халқининг ҳаммаси Исломдан таъсирландими? Улар орасида бир киши бўлса ҳам салтанат суриш ёки илгариги ҳукумат ҳукмрон бўлиши ёки шахсий ман-фаатини истаганлар йўқмиди? Ҳа, албатта. Халқ орасида эски тузум тарафдорлари бўлган бой-лар, зодагонлар ва ер эгалари анча-мунча бор эди. Улар мамлакатда Ислом ҳукми жорий бўлишини истамасдилар. Шундай экан, уларни бош кўтаришдан тўсган нарса нима эди? Бу ҳолатни қуйидаги ояти карима замирида баён қиламиз:
«(Эй мўминлар), аниқки, сизлар (уларнинг) қалбларида Оллоҳдан кўра қўр-қинчлироқдирсизлар. Бунга сабаб, улар (Оллоҳнинг қудратини) англамайдиган қавм эканликларидир»[3].
Мусулмонлар фатҳ қилиб келган замонда Оллоҳ мўминларга қудрат, иззат ва ҳайбат берган, бунинг натижаси ўлароқ насронийлар, яҳудийлар ва мушриклар қалбига қўрқув жо бўлган эди. Ўшанда мусулмонлар ҳайбати яқину узоқдаги яҳудий, насроний, мушрикларни ларза-га солган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Бир ойлик масофадан (душманларим қалбига тушажак) қўрқув билан нусратлан-дим»[4], деб хабар берганлар.
Яна Оллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Бас, Оллоҳ(нинг азоби) улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди»[5]. «Мен кофир бўлган кимсаларнинг дилларига қўрқув солажак-ман»[6].
Бу қўрқув жангдаги бешафқатлилик ёки куч-қувват ёки жангчилар саноғининг кўплиги сабаб эмас, балки бу Оллоҳнинг қўшини ва Унинг дўстларига инъом қилинган раббоний неъматдир. Исломий урушлар доимо барча одамларга раҳм-шафқатдан бошқача кўринишда бўлмаган. Бу Пайғамбаримизнинг қуйидаги сўзларида яққол намоён бўлади, Сулаймон ибн Бурайда отаси (Бурайда ал-Асламий) разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон лашкар ёки кичикроқ гуруҳга амир тайинласалар, уни Оллоҳдан тақво қилишга ва қўли остидаги мусулмонларга яхшилик қилишга буюрардилар, сўнг айтардилар:
«Оллоҳнинг исми билан Унинг йўлида жанг қилинглар! Оллоҳга кофир бўлган кимсаларга қарши урушинглар! Жанг қилинглар, лекин хиёнат қилманглар, (ўлжалардан тақсимланмай туриб) билдирмай олманглар, мусла қилманглар (яъни қулоқ-бурун каби аъзоларни кесманглар) ва ёш болани ўлдирманглар!»[7] Бошқа ривоятда: «Ёши улуғ кекса, ёш бола ва аёл кишини ўлдирманглар!», деганлар[8].
Кофирлар қалбига тушган бу қўрқув нафақат мусулмонлар, ҳатто кофирлар учун ҳам раҳматдир, «Оллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқар-маган кимсалардан — уларга яхшилик қи-лишларингиздан ва уларга адолатли бўлиш-ларингизда қайтармас. Албатта, Оллоҳ адолат қилгувчиларни севар»[9].
Яҳудий ва насронийларнинг ибодатхона-лари ўзларига берилди, улар билан мусулмонлар қози ҳузурида тенг ҳуқуқли бўлдилар. Шунда ҳам уларнинг Ислом ҳукмига рози бўлмаслик-лари жуда ажабланарлидир.
Учинчи: “Балатуш-шуҳадо” кунидаги мағ-лубият сабаблари ҳақида савол ўртага таш-ланади: Андалус фотиҳлари Оллоҳ розилиги учун ўшал минтақаларга борган, камига саодат асри замонида бўлсалар, яъни улар тобеин ёки табаъ тобеиндан бўлсалар-у, қандай қилиб ғаниматларга, яъни дунёга фитналандилар? Шунингдек, улар ўртасида миллатчилик, унсу-рий қабилапарастлик юзага келганини қандай изоҳлаш мумкин?
Саволнинг биринчи қисмидан бошласак, улар ўртасида ғанимат устидаги фитна 114/732 йилда юз берган бўлса, бундай жараён 3/625 санада ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ўртасида кузатилган эди. Уҳуд кунида бўлган бу ҳодиса ҳақида Оллоҳ таоло шундай деган:
«(Ўша кунда) Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди»[10].
Гўё Уҳуд воқеаси “Балатуш-шуҳадо” куни такрорланган эди. Уҳуд кунида тоғ устида туриб, вазиятни кузатиб туриш вазифаси юкланган камонкаш саҳобалар мушриклар устидан ғалабага эришдик, дея ғаниматлар ортидан кетиб, Расулуллоҳнинг буйруқларига хилоф қилган эдилар. Натижада ғалабага эришиб турган ҳолатларида мағлубиятга юз тутдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд бу ҳақда шундай дейди: «Мен орамизда дунёни истаганлар бўлмаса керак, деб ўйлагандим, ҳатто ушбу оят нозил бўлди:
«Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди».[11]
“Балатуш-шуҳадо” куни жанг тўққиз кун узлуксиз давом этди, мусулмонлар сабр-матонат билан собитқадам турдилар, бироқ насроний-лардан бир гуруҳи ғаниматларига яқинлаш-ганини кўрган мусулмонлар ғанимат сари ортга қайтишлари оқибатида мағлубиятга юз тутди-лар.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларни (устидан ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонга) буриб юборди. Энди гуноҳларингизни афв қилди. Оллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган зотдир»[12], ояти карима тафси-рида шундай дейди: «Энди гуноҳларингизни афв қилди», яъни Оллоҳ бу жангда сизларни бутунлай йўқ қилмади ва янгидан оёққа туришларингизга фурсат берди»[13].
Уҳуд кунидан ҳам бироз олдинга — Бадр ғазотига қайтайлик, ҳатто ўша кунда ҳам нусратга эришган саҳобалар ўртасида “Балатуш-шуҳадо” кунида содир бўлган ғанимат масала-сининг баъзи кўринишлари юз бергандики, Оллоҳ таоло уни Ўзининг Карим Китобида зикр қилди:
«(Эй Муҳаммад), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Оллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Оллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Оллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!».[14]
Бу оят саҳобаларга қаратилган бўлсада, бу иш содир бўлиши тайин бўлган ва одамзот нафсига табиат қилингандир.
Булардан кўринадики, “Балатуш-шуҳадо” куни содир бўлган ғанимат масаласи янгилик эмас экан, балки бу одамзот нуқсонларидан ҳисобланганидан ҳатто пайғамбарлардан кейин-ги ўринни тутган саҳобалар орасида ҳам юз берган экан. Лекин бу икки ҳодиса, яъни Уҳуд билан “Балатуш-шуҳадо” орасида ўхшашлик бўлганидек, баъзи фарқ ҳам бор. Уҳуд жангидан кейин Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зудлик билан аҳволни ўнгладилар, мусулмон-ларни Оллоҳ йўлида курашишга қизиқтириб, охиратни эслатдилар, сўнгра улар мушриклар-нинг ортидан тушиб, «Ҳамро ал-Асад» деган жойга келдилар[15]. Мусулмонларнинг ортларидан таъқиб қилиб келаётганидан хабар топган мушриклар жанг қилиш эмас, тезроқ Макка сари қочиб қолишни лозим кўрдилар. Мусулмонлар уч кун ўша минтақада қолиб, сўнгра ғолиб, ҳайбат-у эътиборларини қайтариб олган ҳолат-да Мадинага қайтган эдилар. “Балатуш-шуҳадо” жангида эса, маълум вақт ўтгандан кейингина Уқба ибн Ҳажжож исмли саркарда мусулмон-ларни жангга қизиқтириб, шижоатлантирди, лекин бевосита “Балатуш-шуҳадо” жангидан кейин «Ҳамро ал-Асад» ғазотидек мусулмон-ларга ўзларига бўлган ишончни, ҳайбат-у эътиборни қайтариб берган юриш (ғазот) содир бўлмади. Шунингдек, Балатуш-шуҳадода мусул-мон аскарнинг катта қисми дунёга бўлган муҳаббати ва қизиқишларидан қайтмадилар, Уҳуд кунида эса, саҳобалар хатоларини англа-ганлари заҳоти Оллоҳга қайтган эдилар.
“Балатуш-шуҳадо” жангини Уҳуд жангига жуда ўхшаш томонларидан яна бири — Пайғамбаримизнинг ўлдирилгани ҳақидаги сохта хабарнинг тарқалиши билан мусулмонлар енгила бошладилар ва ортга чекиндилар[16]. “Балатуш-шуҳадо” жангида ҳам Абдурраҳмон Ғофиқий ўлдирилгандан кейин мусулмонлар мағлубият сари юз тутиб, ортга чекиндилар. Тарихдаги ҳодисаларнинг ўхшашлиги ва такрорида биз учун улкан ибрат ва мавъизалар бор...
Миллатчилик ва ирқчилик масаласига келсак, бу юқоридаги саволнинг иккинчи қисмидир. Бу масала Расулуллоҳ даврларида ҳам содир бўлган эди. Бу қусур ҳам одамзот нафсига табиат қилиб берилган, лекин Яратувчисига қайтиб, Уни таниган нафс билан, гумроҳлигида улоқиб юрган нафс орасида катта фарқ бор. Бу ўринда Абу Зарр билан Билол ибн Рабоҳ разияллоҳу анҳумо орасидаги машҳур воқеани зикр қилиш муносиб бўлса керак. Абу Зарр Ғифорий оқтанли, Билол ибн Рабоҳ эса қоратанли ҳабаш эди. Ҳар иккаласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба эдилар. Бир куни улар ўртасида гап қочиб, низо чиқди ва жанжал кескин тус олди. Шунда Абу Зарр Билолни: «Эй қора хотиннинг боласи», деб ҳақорат қилди. Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ғазабнок ҳолатда бориб, бўлган гапни айтиб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ ғазаблан-дилар ва Абу Заррга қараб: «Эй Абу Зарр, уни онаси билан ҳақорат қилдингми?! Сен жоҳилият (феъл-атвори) бор киши экансан! Сизларнинг қулларингиз биродарларингиздир — Оллоҳ улар-ни сизнинг қўл остингизда қилиб қўйган. Кимнинг қўли остида биродари бўлса, унга ўзи ейдиган таомдан едирсин, ўзи киядиган кийимлардан кийинтирсин. Ҳамда уларга оғир келадиган ишларни буюрманг. Борди-ю, буюришга тўғри келиб қолса, ўзларинг ҳам ёрдам беринглар», дедилар[17].
Миллатчилик, ирқчиликнинг қанчалар хунук ва катта гуноҳлигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ ғазабландилар. Абу Зарр катта хатога йўл қўйганини қалби билан чуқур ҳис қилароқ айтган гапига пушаймон бўлиб, йиғлади. Қаранг, бу пушаймонлик Абу Заррни неқадар юқори чўққиларга кўтарди! У юзини ерга қўйиб, қасам ичиб, Билолдан юзини оёғи билан босишини ёлворди. Билолнинг бунга жавоби бундан ҳам олижаноброқ бўлди, у Абу Заррни ҳақиқий маънода кечириб, унинг юзини босишдан бош тортди. Пайғамбарона тарбия натижаси ўлароқ миллатчилик уруғи таг-туби билан янчиб ташланди.
Худди шунга ўхшаш ҳодиса Авс ва Ҳазраж қабилалари орасида ҳам юз берди. Шос ибн Қайс исмли яҳудий улар ўртасида фитна уясини қўзғаб қўйди. Шунда иккала тараф ҳам ғазаб отига минди, жанжал қилич ялонғочлаш даражасига бориб етди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу воқеанинг хабари етгач, муҳожирлардан бўлган асҳоблари ҳамроҳлигида уларнинг ёнига чиқиб бордилар. Тўпланиб туришган жойга етиб боргач: «Эй мусулмонлар жамоаси! Оллоҳдан қўрқсангиз бўлмайдими?! Мен ҳали орангизда бўлатуриб, сизлар жоҳилият чақириқларига чорлайсизми?! Оллоҳ сизларни Исломга ҳидоятлаб қўйганидан ва у билан сизларни мукаррам қилганидан, у сабабли сизлардан барча жоҳилият ишларини узиб ташлаганидан, сизларни куфрдан қутқариб, дилларингизни бир-бирига ошно қилганидан сўнг-а?!», дедилар.
Шундагина қавм ўзларига келдилар, ўзларини шайтоннинг тўрига илашиб қолган-ликларини ва душман макрига алданиб қолган-ликларини англаб етдилар, йиғлаб, иккала қабила аъзолари қучоқлашиб, бир-бирларидан кечирим сўрадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ортларига қайтдилар. Шундай қилиб, Оллоҳнинг душмани бўлмиш яҳудий Шос ибн Қайснинг макр оловини Оллоҳнинг Ўзи ўчирди[18].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан кейин одамлар Мусайлима каззоб атрофида ўралашиб, кўпайиб қолди. Мусайлиманинг издошларидан бир кишидан Муҳаммаднинг ростгўйлиги ва Мусайлиманинг эса ёлғончи-каззоб эканлигини биласанми?, дея сўралганда, “Оллоҳга қасамки, Муҳаммаднинг ростгўйлиги-ю, Мусайлиманинг каззоблигини биламан, лекин Бани Робиъадан бўлган каззоб (Мусайлимани назарда тутди), Музорнинг ростгўйига қараганда мен учун суюклироқ, дея жавоб қилди”[19]. Бу кишининг қалбини қабила-парастлик иллати чулғаб олган ва унда хардалнинг уруғича иймони йўқ эди. Агар ўшанча миқдор иймони бўлганда эди, бу сўзларни айтмаган бўларди.
Миллатчилик, ирқчилик Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидан бор эди, лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол бу иллатни йўқотишга ҳаракат қилиб, иймонга, исломга, исломий ухувватга чақирдилар, охиратни эслатдилар. «Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур»[20]. Шунда саҳобалар бу иллатдан узоқ бўлиб, унга такрор қайтмадилар. Улар Пайғамбаримизнинг эслатмаларидан ва Оллоҳ таолонинг ушбу сўзларидан панд-насиҳат олгандилар:
«Бас қачон сур чалинганида ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни ёмонликлари яхши амал-ларини босиб кетса), бас ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолгувчидирлар»[21].
Уқба ибн Ҳажжож Салулий волийлиги (116–121 ёки 123 ҳ.с.[22])
Африка волийси Убайдуллоҳ ибн Ҳабҳаб Андалусга Уқба инб Ҳажжож Салулий исмли арбобни волий қилди. У 734 йил ноябр (ҳижрий 116 йил шаввол) ойидан фаолиятни бошлади ва беш йил давомида Андалусни аъло суратда бошқарди[23]. У салафлари Самҳ, Анбаса, Ғофиқий сингари тақводор, художўй, довюрак, адолат-парвар, ҳақиқий мужоҳид инсон эди. Уқба ибн Ҳажжожга Африка ёки Андалусга волий бўлиш ихтиёри берилганда, у Андалусни танлаган эди[24].
Муаррихларимиз унинг сийратида қуйи-дагиларни айтганлар: Ибн Изарий айтади: «Уқба Андалусда гўзал ва мақтовга лойиқ тарзда ҳаёт кечирди, унда адолатни барпо қилди»[25].
Мақаррий айтади: «Уқба ибн Ҳажжож Салулий Убайдуллоҳ ибн Ҳабҳаб томонидан волий қилинди. Сўнгра у беш йил мобайнида мақтовга арзигулик ва музаффар мужоҳид ҳолатда истиқомат қилди»[26].
Уқбанинг фатҳлари
Уқба ибн Ҳажжож Франциянинг еттидан ортиқ минтақаларига юришлар қилди. Ҳатто Франция ерларида Исломнинг шавкатини ва мусулмонларнинг ҳайбатини юксалтирди. У урушларда қўлга олинган асирлар олдига шахсан ўзи келиб, уларга Исломдан таълим берарди. Ривоятларда зикр қилинишича, унинг саъй-ҳаракатлари натижасида Оллоҳ таоло мингта асирни унинг қўли билан Исломга ҳидоятлаб қўйди[27].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Оллоҳга қасамки, Оллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилмоғи қизил туяга соҳиб бўлишингдан ҳам яхшироқдир»[28]. Бир кишининг ҳидоятига сабаб бўлишнинг савоби шунчалар улуғ бўлса, энди минг кишига берилажак савобни бир тасаввур қилинг.
Уқба ибн Ҳажжож раҳимаҳуллоҳ бир қанча минтақаларда, хоссатан Франциянинг жануби ва шимоли-шарқида ҳарбий амалиётлар олиб борди. Жумладан, Франциянинг жануби-шарқий, Ўртаер денгизи атрофидаги Септи-мания вилояти, унинг пойтахти Нарбонна шаҳри ва шу минтақадаги Каркасон шаҳри[29]; Септи-мания вилоятининг шимоли-шарқидаги Про-ванс минтақаси[30] ва Рона дарёси бўйидаги пойтахти Авиньон шаҳрини[31]; Прованс вилоя-тининг шимолидаги Бургундия минтақасини[32]; Лион минтақасининг шарқий ҳудудлари ва Сен-Поль-де-Варакс шаҳрини фатҳ қилди[33]. Ўша пайтлар мусулмонлар ҳатто Италиянинг шимолий минтақаси бўлган Пьемонт вилоя-тигача етиб бордилар[34]. Шунингдек, Уқба Салулий Андалусдаги олдин фатҳ қилинмаган минтақалар — Галисия вилоятининг шимоли-ғарбий минтақаларига ҳам ҳарбий юришлар қилди. «Ахбару мажмуъа» китобида хабар берилишича, Уқба ибн Ҳажжож даврида Галисия вилоятида «Сахро» деган жойдан ташқари фатҳ қилинмаган бирорта қишлоқ қолмади[35].
Уқба ибн Ҳажжож Каркасон шаҳри ёни-даги жангларнинг бирида 741 йил январ (ҳижрий 123 йил сафар) ойида шаҳид бўлди, иншаоллоҳ[36]. Оллоҳ таоло шаҳодатини қабул қилсин. Шунга қараганда, Уқба Франция ерларида маълум вақт ҳарбий амалиётларни, фатҳларни амалга оширгандан сўнг, Андалусга қайтган ва у ерда ҳам маълум замон тургандан кейин, яна Пиреней тоғи ортига лашкар тортган ва ўша жойда шаҳид бўлган. Уқбанинг ўлими Андалусдаги волийлик даврининг биринчи босқичи, яъни қувватли босқичига якун ясаб, иккинчи босқичига дебоча бўлди.
Бу ҳақда келажак дарсларда баён қиламиз, иншаоллоҳ... Валлоҳу таъала аъламу...
[1] «Ахбару мажмуъа» (17-бет), Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/6), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/254).
[2] «Ахбару мажмуъа» (24-бет).
[3] Ҳашр: 13.
[4] Бухорий: 2977.
[5] Ҳашр: 2.
[6] Анфол: 12.
[7] Муслим ривояти, жиҳод ва сайр китоби (1731).
[8] Абу Довуд ривояти (2614).
[9] Мумтаҳана: 8.
[10] Оли Имрон: 152.
[11] Табарий «Жомиъул баён» (7/294), Ибн Касир «Тафсирул қуръанил азийм» (2/136).
[12] Оли Имрон: 152.
[13] Ибн Касир «Тафсирул қуръанил азийм» (2/133).
[14] Анфол: 1.
[15] Ибн Абдул Бар Қуртубий «Ад-дурор фи ихтисорил мағози вас-сайр» (1/167), Ибн Касир «Сийратун набавия» (4/52).
[16] Ибн Касир «Сийратун набавия» (1/158).
[17] Бухорий ривояти, иймон китоби (1661).
[18] Бухорий, тафсир китоби, мунофиқун сураси боби (4624), Муслим (2584), Ибн Ҳишом: 1/555, 556.
[19] Табарий «Тарихул умам вал-мулук» (2/277), Ибн Касир «Ал-бидаяту ван-ниҳоя» (6/360).
[20] Зориёт: 55.
[21] Муъминун: 101–103.
[22] «Ахбару мажмуъа» (33, 34-бет), Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/29, 30), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/236).
[23] Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (204-бет).
[24] «Ахбару мажмуъа» (33-бет).
[25] Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/29).
[26] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/236).
[27] Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/29), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (3/19).
[28] Бухорий: 3498, Муслим: 2406.
[29] Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (204-бет).
[30] Прованс — Альпы — Лазурный Берег.
[31] Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (233-бет).
[32] Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (204-бет), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (233-бет).
[33] Шакиб Арслон «Ғазавотул араб» (105–106).
[34] Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (234-бет).
[35] «Ахбару мажмуъа» (34-бет).
[36] Заҳабий «Ал-иъбар» (4/258), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/236, 3/19), Ибн Холдун «Тариху ибн холдун» (3/141). Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/30)да айтилишича, Уқба 121 ҳ.с. ўлган. «Ахбару мажмуъа» (35-бет) да ҳам шунга ўхшаш ривоят зикр қилинади.