Андалус фатҳи (06)
Категориялар
Full Description
Андалус фатҳи Қисм 6
Сарагоса ва бошқа шаҳарлар фатҳи
Андалусдаги мусулмонлар армияси қишда ҳордиқ чиқаргандан сўнг, баҳорда шимоли-шарққа томон юришни бошлади. Мусулмон аскарнинг қачон қўзғалгани ҳақида аниқ маълумот ворид бўлмаган. Агар баҳорда юришни бошлаган, деб эътибор қилсак, бу 714 йил март (ҳижрий 95 йил жумодул-охир) ойига тўғри келади[1]...
Мусулмон аскар Иберия яриморолининг шимоли-шарқи томон йўналиб, “Ас-Сағрул-аъла” деган минтақага етиб келди. Сўнгра Сарагоса шаҳрини (Оқ шаҳарни)[2] қийинчиликсиз фатҳ қилди[3]. Бу шаҳар Андалуснинг шимоли-шарқий минтақасидаги энг катта шаҳарлардан бири эди. Мусо ибн Нусайр бу шаҳарда бир муддат қолиб, қўшин сафларни тартиблади, масжид бино қилди. Масжиднинг қурилиш режаси ва қибла-сини машҳур муҳандис тобеин Ҳанаш ибн Абдуллоҳ Санъоний раҳимаҳуллоҳ чизди[4]. У Андалусга Мусо ибн Нусайр билан бирга келган эди[5].
Сўнгра Мусо Сарагоса шаҳрининг атро-фидаги минтақаларни фатҳ қилишга киришди. Жумладан, Уэска, Лерида, Таррагона ва Барселона шаҳарларини фатҳ қилди[6]. Баъзи мусулмон футбол ишқибозлари кўз ўнгида Барселона деганда “Барселона” футбол жамоаси гавдаланса-да, бироқ бир замонлар Мусо ибн Нусайр ва Ториқ ибн Зиёддек мусулмон ўғлон-лари бу шаҳарни фатҳ қилиб, у ерда Ислом билан ҳукм қилгани уларнинг хаёлига ҳам келмайди, десак муболаға бўлмас!
Кейин Франция билан Испанияни иккига айириб турган Пиреней тоғи ортига юриш бошланди. У жойларга Мусонинг ўзи борди[7] ёки сарийя (қўшин) жўнатди. Мусулмон аскар Франциянинг жанубий минтақаларини қўлга киритди. Жумладан, Каркасон, Нарбонна, Авиньон ва Рона водийсида жойлашган Лион шаҳри фатҳ қилинди[8]. Сўнгра Мусо ибн Нусайр Сарагосанинг шимоли-ғарбий томонида жой-лашган Памплона[9] минтақасини фатҳ қилди. Фатҳ жараёнида тобеинлардан Ҳанаш Санъоний ва Али ибн Рабоҳлар шаҳид бўлишди[10].
Ибн Изарий ва Ҳимярий сингари тарих-чиларнинг хабар беришича, бу минтақада чорва ҳайвонлари сингари гап-сўзни тушунмайдиган халқлар бор эди[11].
Мусулмон аскар Памплона минтақасидан Кастилияга йўналди, уни ҳам ишғол этиб, Галисия минтақаси сари одим қўйди. Кейин Асторга шаҳрига етиб келди, бу жойда Мусо ибн Нусайр Сарагоса шаҳри фатҳидан кейин шимоли-ғарбга томон йўл олган Ториқ ибн Зиёд билан учрашиб, сўнгра яна ажралишди. Ториқ ибн Зиёд шимолга — Леон шаҳрига, ундан кейин Ас-Сағрул-аълага йўл олди. Мусо эса ушбу минтақадаги Баро қўрғонини ҳамда Луго шаҳри ва қўрғонини фатҳ қилди. Хихон шаҳрини Мусонинг ўзи ёки у жўнатган сарийя фатҳ қилди. Халифанинг фатҳни тўхтатиб, ортга қайтиш тўғрисидаги буйруғининг ижроси Луго шаҳридан бошланади, яъни келажакда Мусо Луго шаҳридан Дамашқ сари йўлга чиқади[12].
Шундай қилиб, Мусо ибн Нусайр Фран-циянинг жануби-шарқий минтақаларини ҳамда Андалуснинг шимоли-ғарбий минтақаларини, яъни Галисия минтақаларини забт этди, фақат биргина «Саҳро Биладий» деб номланган, ҳозирги кунда Лос Пикос номи билан аталади-ган минтақани фатҳ қилиш унга насиб қилмади. Бу минтақа Кантабрия тоғ тизмаси ҳудудида жойлашган бўлиб, Бискай кўрфазининг Атлантика океанига қўшилиш жойи қаршиси-даги ҳудуддир[13].
Тарихчи Мақаррий Ибн Ҳайёндан шундай нақл қилади: «Мусо Ториққа ўз ҳамроҳлари билан олдинда юришни амр қилиб, ўзи эса аскари билан унинг ортидан борди. Улар Ас-Сағрул-аълага кўтарилиб, Сарагосани ва унинг ёнверидаги жойларини эгалладилар. Улар янги минтақаларга кириб борар ва Ториқ олдинда ҳаракат қилар ҳамда борган жойларини фатҳ қилиб ўтардилар. Оллоҳ уларга ўша жойлардаги нарсаларни ғанимат қилиб берди. Оллоҳ кофирларнинг қалбига қўрқувни жо қилганидан уларнинг ақлларига сулҳдан бошқа чора келмас эди. Мусулмонлар ўша минтақаларни фатҳ қилиб бўлгандан кейин, Францияга йўл олишди. Уни фатҳ қилиб, ғаниматларини қўлга кирит-дилар. Улар Франциянинг то Рона водийсига қадар етиб бордилар»[14].
Мусулмонлар Андалус фатҳини бошлаган-ларига уч ярим йил бўлди. Яъни ҳижрий 92–95/милодий 711–714 йиллар орасидаги вақтда биргина ўлканинг шимоли-ғарбий қисмидаги Лос Пикос минтақаси ҳисобга олинмаса, Андалус тўлиқ фатҳ бўлган эди...
Мусо ибн Нусайр ва Ториқ ибн Зиёднинг Дамашққа чақирилиши
Мусо ибн Нусайр Лос Пикос минтақасига яқин масофада эди ва уни ҳам фатҳ қилишга ҳаракатни бошлаш арафасида турганида Дамашқдан халифа Валид ибн Адбулмаликдан мактуб келди. Мактубда икки фотиҳ: Мусо ва Ториқ олдинга юришни (яъни ҳужумни) тўхта-тиб, тезда Дамашққа қайтишларига буйруқ берилган эди[15].
Халифанинг мактубини Муғис Румий исмли чопар келтирди[16]. Муғис Андалус ўлкасига ғозий бўлиб кирган, Қуртуба фатҳида иштирок этгандан сўнг Дамашққа қайтган ва Андалусдаги вазият ҳақида халифага хабар берган эди. Сўнгра халифа уни Мусонинг олдига элчи қилиб жўнатди[17]. Ўша дамда Мусо Галисия минтақасига ҳужум уюштираётган эди. У шу минтақага юришни охирига етказиб, бир неча кундан кейин қайтишга изн сўраб, амалиётини давом эттиради[18]. Мусо Галисия минтақасидаги кўп-гина жойларни фатҳ қилди, бу орада халифадан иккинчи элчи Абу Наср келди. Бу сафар халифа Валид ибн Абдулмалик Мусонинг зудлик билан қайтишини қаттиқ уқтирган эди. Шундан сўнг, Мусо ибн Нусайр ноилож итоат қилиб, ортга қайтадиган бўлди[19].
Биринчи элчи билан иккинчисининг келиш орасида тўрт ой атрофида замон кечди[20]. Мусо Андалус тўлиқ фатҳ бўлмасдан олдин ортга қайтишга мажбур бўлаётганидан қаттиқ маҳзун бўлди, кўнглига чироқ ёқса ёришмай қолди. Чунки у Андалусдан кейин то Қустан-тиниягача (ҳозирги кундаги Туркиягача) бутун Европани забт этиб, охир-оқибат шарқда мусулмонларга тўсиқ бўлиб турган Қустан-тинияни ҳам мусулмонларнинг ҳукмига бўйсундиришни фикр қилган эди. Яъни Андалусни, ундан кейин Франция, Италия, Югославия, Руминия ва Болгарияни эгаллаб, ундан сўнг Туркияни фатҳ қилишни режа қилганди.
Халифанинг бу қарорга келишининг асосий сабаблари қуйидагилар эди:
— Мусулмонларнинг бегона юртда узоқ замон бирор мадад ва иртиботсиз (алоқасиз) қолгани. Уларга қўшимча куч йўллашга бир неча ой, ҳатто йиллар кетиши аниқ эди. Чунки ўртадаги масофа узун ва зўр табиий ғов — денгиз бор эди. Дарҳақиқат, мусулмонлар бу ўлкада устун бўлиб турган бўлсаларда, айни пайтда Андалусдаги насронийларга қараганда бир неча баробар оз эдилар, насронийлар бир ёқадан бош чиқариб, ҳужумга ўтгудек бўлса, мусулмонлар катта талофат кўришлари мумкин эди. Халифа Валид мана шундан чўчиганди[21].
— Шунингдек, Мусо ибн Нусайрнинг Европанинг қолган жойларини, сўнгра Қустан-тинияни фатҳ қилишни режа қилганидан хабар топган халифа Валид ибн Абдулмалик уни Дамашққа қайтариш қарорида қатъий туриб олди[22]. Чунки халифани уларнинг Андалус ўлкасида қисқа вақт ичида анча ичкарига кириб кетганларининг ўзиёқ хавотирга солган эди. Бу аскарнинг Европанинг қолган минтақаларига қараб юриш қилишлари жуда таҳликали эди. Алҳол, халифанинг қарори қатъий, шикоят ва эътирозларга ўрин қолмаган эди.
Олиҳиммат инсон
Бу ўринда қаҳрамонимиз ҳаётига бир назар солишни лозим кўрдик. Доҳий инсонлар-дангина олиҳиммат фикр ва ғоялар чиқади. Мусо ибн Нусайр раҳимаҳуллоҳ Европани ва ундан кейин Туркияни фатҳ қилишни фикр қилган чоғида 75 ёшда эди[23]. Унинг ушбу ҳимматига қойил қолмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Бир тасаввур қилинг, 75 ёшли киши тилга олинса, ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган, мункайиб қолган, кекса чол кўз ўнгимизда гавдаланади. Бу ёшдаги инсон ёшликда елиб-югуриб, қариганда масжидда хотиржам ибодат қилиб, зикр ва тиловатлар билан машғул бўлишни ёки икки оёғини чўзиб чойхонада ёки тинч-сокин жойда сўри узра чойхўрлик қилишни, фарзандлари ва неваралари роҳатини кўришни, ёда томорқаси бўлса, эккан экинларини парвариш қилишни кўнгли тусайди. Лекин қаҳрамонимиз Мусо ибн Нусайр эса, ўз манфаатидан дин манфаатини устун қўйиб, залолати, куфр-ширки, бузуқ ахлоқлари билан улоқиб юрган одамларга ҳидоят неъматини улашишга ҳарис бўлиб, гўё бундан маҳрум қилаётган халифадан хафа бўлган эди. Чунки халифа Валид ибн Абдулмалик уни Дамашққа чақиртирган эди. 75 ёшли Мусо Оллоҳ йўлида курашишдан маҳрум бўлганидан қаттиқ ғамгин бўлди. Шу ёшда бўлсада, жанг майдонида, нафс роҳатидан кечиб, дунёдан зоҳид юрибди. Отга миниб, жанг қилаяпти, ўрни келса шаҳарларни қамал қилиб, совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай, Оллоҳ йўлида юрибди, “машаоллоҳ”, демасликнинг иложи йўқ! Бугунги кунимиздаги қарияларини қўятурайлик, «тоғни урса, талқон қилгудек» ёшларимиз ҳам нафс роҳати, ўзи ва оиласининг фаровон ҳаётидан бошқа нарсани ўйламай қўйганлар, Оллоҳ сақлаганлар бундан мустасно, албатта.
Ҳа, умматимиз ичидаги Мусо ибн Нусайр каби жонкуярларимиз сабаб Ислом дини оламга тарқалиб, олий бўлиб келган...
Мусо ибн Нусайр Ториқ ибн Зиёд билан Дамашқ сари отланиб, 714 йил март (ҳижрий 95 йил, жумодул-охир) ойида ёки сал олдин Толедодан шимолга қараб юришни бошлаган, деб эътибор қилсак, уларнинг Дамашққа қай-тиши, аниқроғи Жабал Ториқ бўғозидан Мағрибга ўтишлари шу йилнинг зулҳижжа (сентябр) ойига тўғри келди[24]. Шунда ўрта ҳисобда етти ёки саккиз ой мобайнида Иберия яриморолининг шимоли, шимоли-ғарбини ва Франциянинг жануби-шарқий минтақаларини эгаллади. Мусо Дамашққа қайтаркан, Луго шаҳридан Фажжуга келди ва шу ерда Ториқ билан учрашиб, Толедога, сўнгра Қуртубага, кейин Ишбилияга келишди. Мусо Ишбилияга келиб, ишларни тартибга солди ва Андалусга ўғли Абдулазизни волий этиб, Ишбилияни пойтахт деб эълон қилди[25]. Сўнгра жанубга Жабал Ториқ сари йўлга отланди. Мусо, Ториқ ва уларнинг ҳамроҳлари шу йилнинг зулҳижжа (сентябр) ойида Жабал Ториқни кесиб ўтдилар...
Мусо ибн Нусайр Андалусда икки йилу тўрт ой давомида ҳарбий амалиёт олиб борди[26]. Андалус фатҳи Ториф ибн Моликнинг разведка қилиб, қайтгани ҳисобга олинмаса, уч ярим йил давом этган эди.
Андалус фотиҳлари Жабал Ториқ бўғози-дан Сеутага кесиб ўтиб, Шимолий Африка сари йўл юриб, унинг пойтахти Қайравонга боришди. Мусо ибн Нусайр ўғли Абдулмаликни юқори Мағриб — Танжерга, катта ўғли Абдуллоҳни Африка — Қайравонга волий этиб тайинлади[27].
Мусо Қайравонда бошқарув ишларини йўлга қўйиб, Мисрга томон йўл олди ва 714 йил ноябр (ҳижрий 96 йил, рабиъулаввал) ойида Қоҳира яқинидаги Ал-Фустот минтақасига етиб келди ва у ердан Дамашқ томон жўнади. Улар 715 йил январ (ҳижрий 96 сана, жумодул-аввал) ойида Дамашққа етиб келишди. Бу дамда халифа Валид ибн Абдулмалик касал бўлиб, тўшакка михланиб қолган эди. Валид ибн Абдулмалик шу йилнинг жумодул-охир ойининг ўрталарида, яъни Мусо ибн Нусайр келганидан 40 кундан кейин фоний дунёни тарк қилди[28].
Валид ибн Абдулмаликдан кейин, укаси Сулаймон ибн Абдулмалик Умавийлар халифаси тахтига ўтирди (ҳижрий 96–99- йиллар). Баъзи ривоятларда келишича, янги халифа Сулаймон-нинг Мусо ибн Нусайрга ёмон муомала қилгани зикр қилинади[29]. Агар бу ҳодиса жиддий бўлганида эди, халифа Мусонинг уч ўғлини ҳокимият тепасида қолдирмаган бўларди. Халифа Сулаймон Мусонинг Дамашққа келгунча ғаниматларни тақсим қилганини инкор қилган бўлиши мумкин, дейди муассир тарихчи Ҳусайн Муънис[30]. Халифа дастлаб Мусога дарғазаб бўлган бўлса ҳам, кейин ундан рози бўлган ва уни кечирган. Бу унинг ҳижрий 97 (милодий 716) санада ҳаж сафарига отланганда Мусони ҳам таклиф қилганидан маълум бўлади[31].
Мусо ибн Нусайр халифа Сулаймоннинг таклифи билан ҳажга отланаркан, Оллоҳ таолога дуо қилиб, ё Ўзининг йўлида шаҳид қилишини ёки Пайғамбарининг шаҳри Мадинада жонини олишини сўради. Оллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди:[32] ҳижрий 97 сананинг охирида ҳаж ибодатини бажариб қайтаркан, мужоҳид бандаси Мусо ибн Нусайрнинг руҳини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳри Мадинада олди ва у саҳобалар разияллоҳу анҳум ёнига дафн қилинди[33]. Қалбларнинг Оллоҳга боғлиқлигини қаранг, дуо қилса ижобат қилинди, субҳоналлоҳ! Мусо ибн Нусайр раҳимаҳуллоҳ ўшанда 78 ёшни қора-лаган эди[34].
Андалус фатҳи хусоласи
Бу беназир ва бебаҳо фатҳ Ислом тарихи саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилишига арзигуликдир. Мусулмонлар қисқа муддатда ва сон жиҳатдан кам бўлган аскар билан буюк ғалабага эришдилар. Бу ғалаба ҳақиқатда улуғ зафар бўлганди. Андалус ўлкасига кирган мусулмонлар атиги 30 минг киши эди, шунга қарамай, ўзларидан бир неча марта кўп ва тайёргарликда устун бўлган қўшин устидан ғолиб бўлди. Мустаҳкам қўрғонли шаҳарлар ва қалъаларни фатҳ қилдилар. Мусулмонлар бундай муваффақиятга Оллоҳга бўлган иймон-ларининг қуввати, тақволарининг самараси ўлароқ эришдилар. Улар қўлларидан келгунича тайёргарлик кўриб, Оллоҳгагина таваккул қилдилар. Оллоҳ таоло ҳам Ўз нусратини инъом қилди. Мусулмон киши модомики иймонан қувватли бўлар экан, жанг майдонида мағлуб бўлса ҳам, ғолиб саналади. Ҳақиқий мағлубият руҳиятнинг енгилишидир. Мусулмонлар эса, ҳар доим икки яхшиликдан бирига эришадилар: ё шаҳидлик, ё зафар қучиш.
«(Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизлар биз учун фақат икки яхшилик (яъни, ё шаҳид бўлишимиз ёки ғалаба қилишимиз)дан бирини кутмоқдасиз»[35].
Шундай экан, мусулмонлар ҳар томон-лама ҳам ғолибдир. Мана олдимизда собиқ Ислом тарихи ва воқеий тарихимиз, улар айни кўринишда такрорланиб, ўзгармас қонунни таъкидлаб келмоқда...
Исломий фатҳнинг мақсади, ҳарбий юришнинг вақтинчалик тўхташи ёки тугаши билан тамомига етмайди, балки ўша нуқтадан бошланади, десак тўғри бўлади. Исломни баён қилиш, унга даъват қилиш фатҳдан кейин бошланадиган асосий мақсаддир. Ширк ва залолатни йўқотиб, Ислом ва адолатни барпо қилиш ҳақиқий фатҳдир. Андалус ўлкасининг фатҳи мўъжизанинг ўзидир. Ёдга олайлик, 30 минг мусулмон аскар Андалусга бир вақтда келмаган, дастлаб Ториқ ибн Зиёд бошлиқ 12 минг (7 минг, сўнгра 5 минг) аскар келган ва урушда бу аскарнинг ҳам 1/4 бўлаги йўқотилган эди. 3/4 қисми, яъни 9 мингги қолиб, у ҳам шаҳар ва қишлоқларга тарқалиб кетди. Лекин улар мустаҳкам ва қувватли шаҳарларга қарши курашиб, буюк фатҳни амалга оширдилар, бу мўъжизанинг ўзидир.
Алҳол, Мусо ибн Нусайр шарққа қайтиши билан Андалуснинг шимолида исломий фатҳлар ҳам тўхтади. Андалуснинг биринчи фотиҳи Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳнинг Дамашққа келгандан кейинги тарихи, тарихий манбаларда зикр қилинмагани боис номаълумлигича қола-ди. Тарихчи Мақаррийдан келган бир ривоятда, халифа Сулаймон ибн Абдулмалик Ториқни Андалусга волий қилмоқчи бўлганига ишора қилган[36], холос. Бундан кейинги воқеалар номаълум, у Андалусга кетганми, ёки Мағрибга қайтганми, ҳарқалай тарих китобларида зикри ўтмаган. Лекин унинг номи Андалус тарихи ва Ислом тарихида буюк фотиҳлар қаторига битилди ва ҳамон Оллоҳнинг раҳматини ўз ичига олган хайрли дуолар ила ёдга олиниб келмоқда...
Шу билан Иберия яримороли, яъни Андалус ўлкаси фатҳи ниҳоялаб, Андалус тарихидаги янги давр — волийлар даври (عهد الولاة) саҳифаларига келиб қолдик...
Бу ҳақда келажак дарсларда баён қиламиз, иншаоллоҳ...
Валлоҳу таъала аъламу...
[1] Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (91-бет).
[2] Ҳимярий «Ровзул миътар» (96-бет).
[3] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/273).
[4] Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/96), Ҳимярий «Ровзул миътар» (4, 29, 97-бет), Ибнул Фарозий «Тариху уламаил-андалус» (1/127) (391-рақам), Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (91-бет) Ибн Шабботдан нақл қилган.
[5] Ибнул Фарозий «Тариху уламаил-андалус» (1/125) (391-рақам), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/278, 3/7), Заҳабий «Ал-иъбар» (1/119).
[6] Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (103-бет), Абдуллоҳ Анан «Давлатул ислам фил Андалус» (1/53), Суҳайл Тоқуш «Тарихул муслимийн фил андалус» (101-бет).
[7] Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (92-бет), Ибнул Қутийя «Тариху ифтитаҳул-андалус» (152-бет).
[8] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/273–274).
[9] Наварра минтақаси.
[10] Ибнул Фарозий «Тариху уламаил-андалус» (1/125) (391-рақам), (1/310) (915-рақам).
[11] Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/16), Ҳимярий «Ровзул миътар» (56-бет).
[12] Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (119–120-бет).
[13] Ибнул Асир «Ал-камил фит-тарих» (4/270), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/274–276).
[14] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/273).
[15] Абдуллоҳ Анан «Давлатул ислам фил Андалус» (1/54).
[16] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/275) (3/14).
[17] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (3/14).
[18] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/276).
[19] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/280).
[20] Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (116-бет).
[21] Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (113-бет).
[22] Ибн Холдун «Тариху Ибн Холдун» (4/117–118), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/233–234).
[23] Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (128-бет).
[24] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/277).
[25] Ибн Холдун «Ал-иъбар» (4/255), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/234), «Ал-ҳулал ас-сундусия» (2/203).
[26] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/276–277).
[27] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/277, 279, 286).
[28] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/272, 281), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (107-бет).
[29] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/272, 273, 279–280, 283–285, 286).
[30] Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (107-бет).
[31] Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/22), Заҳабий «Ал-иъбар» (1/115–116), Ибн Халликан «Вафаятул аъйан» (5/329).
[32] Усайдий Ибн Даббағ «Маъалимул ийман» (1/201), Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Моликий «Риязун-нуфус» (1/78).
[33] Ибнул Фарозий «Тариху уламаил-андалус» (2/146) (1456-рақам), Заҳабий «Ал-иъбар» (1/115–116), Заҳабий «Сияру аълам ан-нубула» (4/500), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/272), Ибн Халликан «Вафаятул аъйан» (5/329).
[34] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/283).
[35] Тавба: 52.
[36] Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (3/13).