Андалус фатҳи (05)
Категориялар
Full Description
- Андалус фатҳи қисм 5
- Ишбилия[1], Эсиха ва бошқа шаҳарлар фатҳи
- Мусо ибн Нусайр Андалусда
- Мусо ибн Нусайрнинг юришлари
- Абдулазиз ибн Мусонинг юришлари
- Икки қаҳрамон — Мусо ва Ториқнинг учрашуви
Андалус фатҳи қисм 5
Ишбилия[1], Эсиха ва бошқа шаҳарлар фатҳи
Ўтган суҳбатимизда Ислом тарихининг энг чароғон кунлари, энг бахтиёр онлари бўлган тарих саҳифалари узра сайр қилган бўлдик. Ториқ ибн Зиёд Андалус насронийлари устидан бемисл, беназр ғалаба қозонди. Бу жангда мусулмон аскар уч минг шаҳид берган бўлсада, бу Ториқ ибн Зиёднинг ҳам, мусулмон аскарнинг ҳам шаштини пасайтирмаган эди. Билъакс мусулмон аскар фурсатни қочирмай, шаҳар ортидан шаҳарларни бирин-кетин фатҳ қилиш-да давом этди. Улар Ишбилия шаҳрига йўнал-дилар, бу шаҳар Андалуснинг жанубида жой-лашган шаҳарларнинг энг каттаси эди. Бу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бир ойлик масофадан (душманла-рим қалбига тушажак) қўрқув билан нусрат-ландим»[2], деб хабар берган ҳадисларининг натижаси кўрилди. Ишбилия халқи жангу-жадалсиз шаҳар дарвозаларини очиб бериб, жизя тўлашни зиммаларига олишди.
Шундан сўнг, Ториқ ибн Зиёд Эсиха шаҳрига қараб йўл олди. Бу минтақа ҳам Андалуснинг жанубида жойлашган шаҳарлардан биридир. Эсиха халқи ҳимояланиш йўлини танлаб, уруш учун қўшин ҳозирлай бошлади[3]. Мусулмонлар Эсиха сари юришлари давомида олдиларидан чиққан бир қатор шаҳарларни фатҳ қилдилар. Жумладан, Сидония[4] шаҳри бир муддат қамалдан сўнг фатҳ қилинди, сўнгра Морон[5] ва Кармона шаҳри ишғол қилинди[6]. Сўнгра мусулмонлар Эсихада насронийлар қуввати билан тўқнашди. Улар ўртасида ашаддий жанг содир бўлди. Бу уруш гарчи Барбате водийсида юз берган жангга нисбатан кичикроқ бўлсада, анча ашаддий тус олган ва уруш авжига чиққан эди. Тарихшунослар хабар беришича, мусулмонлар бу жанг маъракасидан кейин унинг каби қаршиликка учрамадилар[7]. Урушда насронийлар енгила бошлади ва уруш ниҳоясига етар-етмас мусулмонлардан омонлик сўраб, сулҳ тузиш ва жизя тўлашни маъқул топишди[8].
Мусулмонларга қарши туриб, уруш йўли-ни танлаган халқнинг оқибати билан, шаҳарни сулҳ ва жизя бериш эвазига таслим қилганнинг оқибати айрича бўлади. Мусулмонлар маълум бир жойни урушиб фатҳ қилсалар, ўша шаҳар ёки мамлакатдаги нарсаларга эга бўлиш билан ҳукуматни ҳам қўлга оладилар. Бордию, шаҳар ёки мамлакат сулҳ тузиб, жизя бериш йўлини ихтиёр қилса, мусулмонлар фақат жизянигина олиб, мамлакат ва ҳукуматни шаҳар аҳлига топшириб кетадилар.
Ториқ ибн Зиёд Эсиха шаҳрининг ишини ҳал қилиб бўлгандан сўнг, асосий аскарни олиб ўша пайтларда Андалуснинг пойтахти бўлган Толедо шаҳрига йўналди. Ториқ айни замонда жанубий минтақадаги бир нечта шаҳарларга сарийялар сафарбар қилди[9]. Жумладан, Қур-туба[10] шаҳрига Муғис Румий бошчилигида етти юз суворийдан иборат сарийя жўнатилди[11]. Муғис бошлиқ сарийя оз бўлишига қарамай, Қуртубадек қувватли шаҳрини ортиқча машақ-қатсиз фатҳ қилишга муяссар бўлди[12]. Қуртуба шаҳри 711 йил август (ҳижрий 92 йил шаввол) ойида фатҳ қилинди[13].
Шунингдек, Ториқ ибн Зиёд Малага шаҳрига бошқа, Эльвирияга яна бошқа бир сарийя жўнатди. Мусулмон сарийя Гранада шаҳ-рини қуршаб олиб, охир оқибат фатҳ қилди[14]. Мурсия шаҳри ҳам фатҳ қилинди, Ориуэла шаҳри эса, сулҳ йўлини тутди[15]. Малага минтақа-сига юборилган сарийя уни фатҳ қилиб, Эльвирияга йўлланган гуруҳ билан бирлашиб, Ориуэла минтақасидаги Тудмир шаҳрига йўнал-ди. Яъни бундан маълум бўладики, Ториқ ибн Зиёд жанубий шаҳарларга уч гуруҳ сарийя жўнатган эди[16].
Ториқ ибн Зиёд пойтахт Толедога қараб кетиш асносида зўр қўрғонли Жайян[17] шаҳрини фатҳ қилди[18].
Мусо ибн Нусайр Ториқ ибн Зиёдга Жайян ва Қуртуба шаҳарларидан ўтмасликни ва пойтахт Толедони фатҳ қилишга шошилмас-лигини тайинлаган эди. Сабаби, Мусо ибн Нусайр адади тўққиз мингдан кўп бўлмаган мусулмон аскарнинг насронийлар қуршовида қолиб кетишидан ҳадиксираган эди[19].
Толедо шаҳри ўша пайтлар Готларнинг пойтахти бўлиб, Иберия яриморолининг мар-казида жойлашган шаҳар эди. У ҳозирги кундаги Испаниянинг пойтахти Мадриддан 91км жануби-ғарбда жойлашган бўлиб, бир сўз билан айтганда насронийларнинг шаҳарлари орасида энг мустаҳкам қўрғонлиси эди. Бу шаҳар шимол, шарқ ва ғарбдан тоғлар билан ўралган бўлиб, бир жануб томонигина очиқ, бироқ шаҳарга кириш қисми бўлган бу тарафда улкан қўрғон бор эди. Ториқ ибн Зиёд Мусо ибн Нусайрнинг амрига хилоф ўлароқ ўз райига эргашиб, Толедони фатҳ қилишга бел боғлади. У Толедо сафарини тўсувчи бирор ғовни ёки муаммони кўрмади ва насронийларнинг заифлик давридан фойдаланмаса, бундай зўр «тиш-тирноғигача» зирҳланган шаҳарни фатҳ қилиш ўта машаққатли эканини тушуниб етган Ториқ ибн Зиёд, Толедо сари ҳужумга ўтди. Тўғри бу ўринда Ториқ ўз амири Мусога итоат қилмай хато қилди. У кўриб, билиб тургани учун вазиятни Мусодан кўра тўғри баҳолаган бўлсада, бу ҳақда амири Мусо билан маслаҳат қилиши лозим эди. Лекин, бахтга қарши ундай бўлмади, Ториқ ўз фикри билан Толедога юришни маъқул кўрди. Бу хабар Мусо ибн Нусайрга етиб келди, бироқ у масофанинг узоқлиги сабаб Ториқни дастаклай олмасди. Ториқ Толедога етиб келган-да Оллоҳнинг марҳамати илоҳийси унга кулиб боқди, мустаҳкам қўрғонли Толедо халқи шаҳар дарвозаларини ланг очиб бериб, жизя беришни зиммаларига олишди. Ториқ ибн Зиёд жангу-жадалсиз шаҳарга кирди[20].
Сўнгра Ториқ ибн Зиёд шимолга юришда давом эттирди. У қочиб қолган насронийлар ортидан Кастилия, Леон минтақаларидан ўтиб, шимоли-ғарбий ҳудудда жойлашган Галисия тоғларига қадар етиб борди. Астурия тоғларини ошиб ўтиб, Бискай кўрфазигача етиб борди, бу минтақа Ториқ фатҳ қилган ерларнинг сўнгиси бўлган эди[21]. Сўнгра Ториқ Толедога қайтди[22].
Ториқ ибн Зиёднинг ҳамласи 711 йил 2 май (ҳижрий 92 йил 5 ражаб) ойидан бошлаб, 713 (94 ҳижрий) йилда Мусо ибн Нусайр билан учрашгунича давом этди. Келинг бу даврни хотирлаб олайлик:
Ториқ дастлаб Мағрибдаги Сеута портидан йўлга чиқиб, Жабал Ториқ бўғозидан ўтиб, Жабал Ториқ тоғига келиб тушди ва Жазиратул Хазрода Тудмирнинг қўшини устидан, Барбате водийсида Родерикнинг лашкари устидан (ҳижрий 92 йил рамазон-шаввол ойиларида) ғолиб бўлди. Сидония, Морон, Кармонани фатҳ қилиб, Ишбилияда сулҳ тузди ва Эсихада готлар устидан ғалаба қозонгандан сўнг, шу ердан: Қуртуба, Гранада, Малага, Эльвирия, Ориуэла минтақасига сарийя-лар йўллади. Сўнгра Ториқ ибн Зиёд Жайян, Толедо, Кастилия, Леон, Галисия, Астурия минтақаларини фатҳ қилиб, 93/711 сананинг охирларида яна Толедога қайтди[23].
Ториқнинг Мусо ибн Нусайр билан кўришгунича бўлган фатҳлари бир йил ичида, ҳатто бир йил ҳам эмас, бир неча ойларда содир бўлганди. Унинг Толедо шаҳрини зулқаъда ойида фатҳ қилганлигини эътиборга олсак, қолган минтақаларга кетган муддатни билиб олсак бўлади[24].
Шу аснода Ториққа Мусонинг хабари келди. Унда Мусо ибн Нусайр Толедо шаҳрига етиб келгунига қадар, ҳарбий юришни тўхтатиб, кутиб туриши уқтирилган эди. Мусо ибн Нусайр Ториққа ҳасад қилгани ва Андалус фатҳини Ториққагина нисбатланиб қолишидан қўрққани учун Ториқни тўхтатмаган эди[25]. Балки у Ториқнинг ёнига тезроқ ёрдамга бориш керак, деб билди. Чунки Ториқ қисқа замон ичида бегона юртда катта ҳудудларни ишғол қилган ва анчагина ичкарига кириб борган эди, лекин орқада қолган минтақалар бехавотир ҳамда барқарор эмасди. Насронийлар мусулмонлар-нинг озлигидан ва мадад келмаётганидан фойдаланиб, уларни ўртага олиб қириб ташлашлари эҳтимоли йўқ эмасди[26]. Моҳир саркарда, тажрибали қўмондон Мусо бу каби ҳолатни Шимолий Африка ерларини фатҳ қилиш жараёнида кўрган ва тажриба ҳосил қилган эди. У Ториқнинг янги жойларни фатҳ қила олмаслигидан эмас, орқада қолган минта-қалардан кўнгли хотиржам бўлмаганидан уни ҳамладан тўхташига буйруқ берган эди. Шунингдек, Ториқнинг иймонига Мусо ибн Нусайр сабаб бўлган эди. Бошқа жиҳатдан қараганда Ториқ ибн Зиёд Мусонинг хизматида эди, шундай экан Ториқнинг хайрли ишларида Мусо ибн Нусайр тенг шерик (Ториқ не қадар савобга эга бўлса, Мусо ҳам ўшанчалик ажр олар) эди[27].
Ториқ ибн Зиёд билан Мусо ибн Нусайр ўртасидаги воқеаларни тарихшунос ал-Ҳажжий қуйидагича хабар беради: Ториқ ибн Зиёд ҳар бир ишни бошлиғи Мусодан сўраб, бамаслаҳат қилиб, унинг кўрсатмасига биноан амалга оширар эди. Ториқнинг Барбате водийсидаги жангдан олдин Мусодан мадад сўраганини ёдингизга олинг. Ториқ фатҳ қилган жойлари ва юриш қилмоқчи бўлган минтақалари ҳақидаги маълумотларни Мусога хабар бериб турганини тарихшунос Ибн Кардабус шундай баён қилади: «Мусога Ториқнинг мактуби етиб келди, Мусо (ўша пайтдаги халифа) Валидга у ҳақда мактуб йўллади»[28].
Андалус ўлкасига борганидан чамаси бир йилдан сўнг, Ториқнинг аскарлари фатҳ қилган шаҳар ва қишлоқларга тарқалиб кетди, бир қисми эса шаҳид бўлди. Шунда Ториқ аскари-нинг озлигидан фойдаланиб насронийлар ҳамла қилишидан ва мағлуб бўлишидан чўчиб, Мусодан ёрдам сўраб мактуб йўллади[29]. Бу хабарни олган Мусо ибн Нусайр Ториқни огоҳлантириб, фатҳ қилишда шошилмасликни таъкидлаб, Толедо шаҳридан ёки ундан кейин тўхтаб, кутиб туришни амр қилди[30].
Мусо ибн Нусайр Андалусда
Мусо сафар тайёргарлигини бошлаб юборди. Андалус ўлкасида Оллоҳ йўлида жанг бўлишини эшитган мусулмонлар машриқу-мағрибдан етиб келишни бошлади, Мусо ибн Нусайр 18 минг қўшин тўплади[31]. Ториқнинг аскари асосан барбарлардан иборат бўлган бўлса, бу 18 минг аскар Яман, Ҳижоз, Шом, Ироқ ва бошқа жойлардан келган араблардан ташкил топган эди.
Мусо катта ўғли Абдуллоҳни Шимолий Африкага (пойтахт Қайравонга) волий этиб тайинлаб, ўзи 18 минг аскар билан 712 йил апрел (ҳижрий 93 йил ражаб) ойида Африкадан Андалус сари йўлга чиқди[32]. У Жабал Ториқ бўғозини шу йилнинг рамазон ойида кесиб ўтди[33]. Аммо унинг Жабал Ториқ бўғозининг қайси қисмидан ўтганлиги борасида тарихчилар орасида ихтилоф бор. Улардан кўпчилиги Сеутадан, яъни унинг яқинидаги «Жабал Мусо» деб аталган жойдан Жабал Ториқ томон кесиб ўтган, дейдилар[34]. Бу мантиқан тўғри, чунки бу жой бўғознинг энг тор қисмидир. Яна баъзилар Танжердан Жазиратул Хазрога томон кесиб ўтган, дейдилар[35].
Мусо ибн Нусайр аскарларни денгиздан олиб ўтишда фойдаланган кемаларнинг барчаси мусулмонларники бўлган, бу эса юқорида зикри ўтган Ториқнинг кемалари мусулмонларга тегишли бўлган ва бир қисминигина ижарага олган, дегaн фикримизга яна бир далилдир.
Мусонинг қўшини сафида араблар ҳам, барбарлар ҳам, шунингдек, Мунайзир Ифриқий исмли бир саҳобий[36] ва бир қанча тобеъинлар ҳам бор эди[37]. Мусо ибн Нусайр катта ўғли Абдуллоҳни Африкага волий қилиб қолдирган ва икки ўғли Абдулазиз ва Абдулаълони ўзи билан олган эди[38]. У Андалус ўлкасига ўтиб, кемаларни муносиб ерга жойлаштирди, бу жой шундан эътиборан «Марса Мусо» номи билан аталиб қолди[39].
Мусо ибн Нусайрнинг юришлари
Мусо Жазиратул Хазрога келиб, ҳарбий режани чизмасдан ва масжид бино қилмасдан бурун юришни бошламади[40]. Бу масжид денгиз соҳилига яқин ерда жойлашган бўлиб, масжидул-ройаат номи билан аталди[41]. Мусонинг йигирмадан ортиқ байроғи бўлгани зикр қилинади[42]. Андалусга етиб келган Мусо, юз беришини тахмин қилган ҳодисага гувоҳ бўлди. Жангу-жадалсиз сулҳ йўлини танлаб, жизя беришга рози бўлган Ишбилия шаҳри Ториқ ибн Зиёд Толедога йўл олиши билан аҳдларини бузиб, Ториқнинг ортидан зарба бериш учун тайёргарликни бошлаб юборган эди. Мусо Ишбилияга йўл олди. У йўл асносида Сидонияни янгидан фатҳ қилди ва бу Мусо ибн Нусайрнинг Андалус ўлкасидаги дастлабки фатҳ қилган шаҳри эди[43]. Сўнгра мусулмон аскар Кармона шаҳрига йўл олди, бунинг сингари мустаҳкам қўрғонли ва қамал ёки уруш қилиш ноқулай бўлган шаҳар йўқ эди. Мусо зўр ҳийла ишлатди, насроний Жулианнинг одамларини гўё талофат кўрган лашкарнинг қолган қисми қиёфасида шаҳарга киргизди. Кечаси улар шаҳар давоза-сини Мусо ибн Нусайрга очиб бердилар. Мусо аскари билан шаҳарга кириб, уни фатҳ қилди[44].
Сўнгра Мусо Ишбилияга етиб келиб, уни қуршаб олди. Бу шаҳар Андалусдаги энг катта шаҳарлар жумласидан бўлиб, муҳташам бино-лари, қадрият ва ёдгорликлари билан машҳур эди. Готлар замонида подшоҳнинг қасри шу шаҳарда жойлашган бўлиб, Барбате водийси-даги мағлубиятларидан сўнг, подшоҳ аъёнлари Толедо шаҳрига кўчган эди. Лекин дин арбоб-лари ҳануз Ишбилияда эдилар. Улар қаттиқ қаршилик қилдилар, қамал ҳам бир неча ой давом этди. Сўнгра Оллоҳ таоло бу шаҳар фатҳини Мусога ҳадя қилди. Шаҳарнинг нотавон кишилари Бага шаҳрига қочиб қолишди. У ерда бир талай яҳудийлар ҳам бор эди. Мусо уларни ўртага йиғиб, уларга бир неча кишини бошлиқ қилди[45].
Сўнгра Мусо шимолга қараб юрди, маълумингизки Ториқ шимоли-ғарбга юрган эди. Мусо Андалус фатҳини том қилишни қасд қилган эди. У Мерида шаҳрига йўл олди[46]. Мерида шаҳри тарихий шаҳар бўлиб, милоддан олдин 25-санада румликлар томонидан бунёд қилинган[47] ва Андалуснинг пойдевори бўлган шаҳарлардан бири эди. Шунингдек, аввалги подшоҳларнинг баъзилари бу шаҳарни ўзларига макон тутган ҳамда тарихий ёдгорликлар, қасрлар, фабрикалар ва ҳашаматли канисалари бўлган шаҳар эди[48]. Шаҳар қўрғонини тарих-шунослар таъбири билан айтганда: «Девор-лардан иборат бўлиб, унга ўхшаши қурил-маган»[49] эди. Шаҳарнинг ҳамма томони шу девор билан ўралган бўлиб, бир нечта миноралари бор эди. Деворнинг эни, ўша пайтлар 12 зироъ (яъни 6,5 м), баландлиги 18 зироъ (яъни 9,75 м) эди[50]. Готлар мағлубиятга учрагандан сўнг, турли минтақалардан бу шаҳарга тўпланган ва анча-гина қувватга эга бўлган ҳамда ҳимоя ва эҳтиёт чораларини кўриб қўйишган эди[51].
Мусо ибн Нусайр Мерида шаҳрини қамал қилди. Готлар жон-жаҳдлари билан қаршилик қилишди, улар мустаҳкам девор ортидан бир мил ёки ундан ҳам узоқроқ масофадан мусулмонларни қарши олиб, шиддатли жанг қилишди[52]. Шаҳар қамали ва икки тараф орасидаги жанг бир неча ой, яъни 713 йил 30 июн (ҳижрий 94 йил рамазон) ойигача давом этди, сўнгра Мусо билан Гот ҳарбийлари орасида сулҳ мулоқоти бошланди[53]. Готлар таслим бўламиз ва жизя берамиз, дея таклиф қилдилар. Мусо таклифни қабул қилиб, шаҳар халқига ҳақиқий омонлик берди[54]. Шу йилнинг рамазон ҳайити (ийдул-фитр) куни шаҳар дарвозалари очиб берилди[55]. Мусулмонларга бу кун қўшалоқ байрам бўлган эди. Мусулмонлар бултурги рамазон ҳайитини Барбате водийси ғалабаси билан қаршилаган бўлсалар, бу санани Андалус пойдеворларидан бири бўлган мустаҳкам қўр-ғонли шаҳар фатҳи билан кутиб олдилар, субҳоналлоҳ! Қамалнинг қанча муддат давом этганлиги тарих китобларида аниқ зикр қилинмаган, лекин тарихчи ал-Ҳажжий: Мерида шаҳри 6 ой атрофида қамал қилинган бўлиши керак, дейди[56].
Абдулазиз ибн Мусонинг юришлари
Мусо ибн Нусайр Мерида шаҳрини қамал қилиб турган онда ўғли Абдулазизни бир гуруҳ аскар билан Ишбилия сари сафарбар қилди. Бунинг сабаби, Мусога Ньебла ва Бага шаҳар-ларида жон сақлаб қолган Гот аскарлари бир-лашиб, Мусонинг Мерида қамали билан банд-лигидан фойдаланиб, Ишбилия шаҳридаги мусулмон гуруҳга ҳужум қилгани ва у ердаги мусулмонлар устидан ғолиб бўлгани хабари келган эди[57].
Тудмир, Ишбилия ва бошқа шаҳарлар фатҳи
Абдулазиз ибн Мусо Ишбилиядан олдин Тудмир минтақасини ишғол қилди. Тудмир минтақаси номи унинг ҳокими Теодомиро Эргобадо шарафига қўйилган эди[58]. Дастлаб бу минтақа ҳокими Тудмир ибн Абдус Абдулазиз ибн Мусога бўйсунмай, уруш эълон қилди. Икки тараф ўртасида Ўртаер денгизи соҳилида Картахена деган жойда уруш бошланди, бу уруш мусулмонларнинг фойдасига ҳал бўлиб, насро-ний ҳоким Тудмир айни минтақадаги Ориуэла шаҳрига қочиб қолди[59]. Ва охир оқибат Тудмир минтақаси 713 йил апрел (ҳижрий 94 йил ражаб) ойида сулҳ йўли билан фатҳ қилинди. Сўнгра Абдуазиз ибн Мусо Ишбилияни янгидан фатҳ қилди, сўнгра Бага ва Ньебла шаҳарларини фатҳ қилди[60]. Бундан кейин у Андалуснинг ғарбига, яъни ҳозирги кундаги Португалия сари равона бўлди[61]. У Лиссабон шаҳрига етиб келиб, уни ҳам фатҳ қилди. Абудазиз ибн Мусо саноқли муддатда Иберия яриморолининг ғарбини тўлиқ ўз ҳукмига бўйсундирди. Шунга кўра, Португалиянинг фотиҳи Абдулазиз ибн Мусо ибн Нусайр ҳисобланади[62].
Мусо ибн Нусайрнинг босиб ўтган йўли (ҳижрий 93–94 йил рамазондан зулқаъдагача): Сеутадан Жабал Ториқ бўғозини кесиб ўтиб, Жазитарул Хазрога, ундан Сидония, Кармона, Ишбилия, Леванта, Меридани фатҳ қилиб, (Мерида қамали асносида) шу ердан ўғли Абдуазизни Ньебла, Бага, Ишбилия, Альпера, Малага, Картахена, Ориуэла ва бошқа жойларга жўнатди, у мазкур жойларни ва Иберия ярим-оролининг ғарбини фатҳ қилди. Сўнгра Мусо Талавера[63]га, ундан кейин Толедога келди.
Икки қаҳрамон — Мусо ва Ториқнинг учрашуви
Мусо ибн Нусайр 713 йил август (ҳижрий 94 йил зулқаъда) ойининг бошларида Толедо шаҳрига қараб йўлга чиқди. У эҳтиёт шарти Ториққа мактуб йўллади, унга кўра Ториқ бир гуруҳ аскари билан Мусони кутиб олишга чиқиши керак эди. Мусо Талавера шаҳри яқинида ал-Маъраз деб аталган водийга келиб, шу кенг водийга лагер қурди. Ториқ ибн Зиёд билан ўша ерда учрашди[64]. Талавера шаҳри Толедо шаҳридан 150км ғарбда жойлашган. Улар учрашгандан сўнг, Мерида-Саламанка йўлидан тўғри Толедога йўл олишди[65].
Бу ўринда баъзи тарихчилар Мусо ибн Нусайр Ториққа нисбатан қўпол муомалада бўлиб, уни қаттиқ койиганини, ҳатто қамчи билан ургани-ю, қамаб қўйиб ўлдиришга ҳаракат қилгани[66] каби мантиққа тўғри келмайдиган сўзларни айтишган. Аслини олганда бу воқеа содир бўлмаган, дейди доктор Сиржоний[67].
Биз эса, юқоридаги воқеага бир тарафдан қўшилмасак, бошқа жиҳатдан барча ривоят-ларни тўлиқ инкор ҳам қилмаймиз. Маълумин-гизки, Мусо Ториққа шошилмасликни ва Қурту-бадан ёки Жайяндан ўтмаслигини маслаҳат бериб, қаттиқ тайинлаган эди. Ториқ эса, Толедо ва ундан нарига ўтиб кетиб, амирига итоат-сизлик қилган эди. Мусо унинг мана шу иши сабабли унга танбеҳ берган, холос, десак шояд муносиб бўлса. Бу борада тарихчи Ибн Шаббот шундай дейди: «Ториқ Мусога пешвоз чиқиб, уни кутиб олди. Мусо уни айблаб: Нима учун менинг кўрсатмамсиз бунча ичкарига кириб кетдинг, деди»[68]. Шунда Ториқ ўша пайтдаги вазиятни, қилиниши лозим деб билган ишларни қилганини айтиб, узрини баён қилди. Мусо ибн Нусайр унинг узрини қабул қилди[69].
Агар Мусонинг Андалусга келишига сабаб Ториққа нисбатан қалбида туйган ҳасади бўлганда эди, биринчидан, Мусо Бартбате водийсидаги беназир ғалабани эшитган заҳоти йўлга отланган бўларди, лекин унинг мақсади Ислом динини тарқатиш ҳамда Ториқни дастаклаш бўлгани учун, бир йил мобайнида қўшин ҳозирлади. Иккинчидан, Мусо Андалусга ўтибоқ тўғри Ториқнинг ёнига борган бўларди, лекин воқеликда эса, у Ториқ фатҳ қилган жойлардаги исёнчиларни бостириб, Ториқ қадам босмаган ерларни фатҳ қилди[70] ва Андалусга келганига бир йилдан ошгандан кейингина Ториқ билан кўришди. Ториқ ҳам бу орада унинг буйруғига биноан Толедо шаҳрида уни кутиб турди. Учинчидан, улар роппа-роса икки йил, яъни 711 йилнинг июл ойидан, 713 йилнинг августи[71]гача кўришмаган эдилар. Бунча айрилиқдан сўнг, яна дийдор кўришиш насиб қилган икки мусулмон биродар орасидаги қайноқ туйғуларни таърифлашнинг ҳожати бўлмаса керак!
Мусо ва Ториқ 713 йил (ҳижрий 94 йил зулқаъда-зулҳижжа ойлари) кузда Толедога етиб келишди. Улар куз ва қиш фаслларида сафларни тартиблаб, ҳарбий режани чиздилар. Бироз ҳордиқ чиқариб, келажак фатҳлар учун куч йиғдилар. Бу орада Мусо ибн Нусайр ўша пайтдаги халифа Валидга вазиятни баён қилиб мактуб йўллади. Баҳор фаслида мусулмон аскар Андалуснинг шимолига қараб юришни бошлади.
Бу ҳақда келажак дарсларда баён қиламиз, иншаоллоҳ...
Валлоҳу таъала аъламу...
[1]Севилья.
[2]Бухорий (2977).
[3]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (63-бет).
[4]Медина-Сидония.
[5]Морон-де-ла-Фронтера.
[6]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (63-бет) Ибн Шабботдан нақл қилган.
[7]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (63-бет).
[8]"Ахбару мажмуъа" (19-бет), Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/8), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/260).
[9]"Ахбару мажмуъа" (19-бет), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/260, 261), Ҳусайн Муънис "Фажрул Андалус" (72-бет), Суҳайл Тоқуш "Тарихул муслимийн фил андалус" (41-бет).
[10]Рус. Кардоба.
[11]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/260–261, 263–264, 3/12).
[12]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/261).
[13]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (3/12).
[14]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/260–261), Ибнул Хотиб "Ал-иҳатоту фи ахбари ғорнато" (1/101).
[15]Абдуллоҳ Анан "Давлатул ислам фил Андалус" (1/50).
[16]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (65-бет).
[17]Рус. Хаэн.
[18]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (65-бет).
[19]Ибн Касир "Ал-бидаяту ван-ниҳоя" (9/99), Ибн Холдун "Тариху Ибн Холдун" (4/117), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/223).
[20]"Ахбару мажмуъа" (23, 24-бет), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/264–265).
[21]Абдуллоҳ Анан "Давлатул ислам фил Андалус" (1/51).
[22]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/264–265), Ҳимярий "Ровзул миътар" (179-бет).
[23]Ҳимярий "Ровзул миътар" (179-бет).
[24]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (66-бет).
[25]"Ахбару мажмуъа" (24-бет), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/269).
[26]Ҳусайн Муънис "Фажрул Андалус" (79-бет).
[27]Сиржоний "Қиссатул-андалус" (70-бет).
[28]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (68-бет) Ибн Кардабусдан нақл қилган. Ибн Холдун "Ал-иъбар" (4/254).
[29]"Ал-имамаҳ вас-сиясаҳ" (фи тарихи ифтитаҳи андалус) (140 -бет), Ҳусайн Муънис "Фажрул Андалус" (89-бет), Суҳайл Тоқуш "Тарихул муслимийн фил андалус" (92-бет).
[30]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (68-бет).
[31]"Ахбару мажмуъа" (24-бет).
[32]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/277).
[33]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/269), Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/12), Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (69-бет) Ибн Шабботдан нақл қилган.
[34]Ҳимярий "Ровзул миътар" (75-бет) Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/286).
[35]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/271), Ибн Холдун "Ал-иъбар" (4/254).
[36]"Истийъаб" (4/1485) (2571-рақам), Ибнул Абар "Ат-Такмилату ликитаби ас-сила" (2/731) (1847-рақам), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/277–278) (3/ 5-6ет).
[37]Ибнул Фарозий "Тариху уламаил-андалус" (1/122, 125, 212, 310) (383, 391, 633, 915-рақам), Ибнул Абар "Ат-Такмилату ликитаби ас-сила" (1/282) (755-рақам), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/278–279, 287–288, ) (3/ 6–12).
[38]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/277), Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (71-бет) Ибн Шабботдан нақл қилган.
[39]Ибнул Қутийя "Тариху ифтитаҳул-андалус" (35-бет). "مرساة" кема тўхтайдиган ва уни боғлаб қўядиган жой маъносини билдиради. "Ан-наъим" ро ҳарфи боби, (307-бет).
[40]Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Ғассоний "Риҳлатул вазир фи ифтикакил асир" (111-бет), Ҳусайн Муънис "Тарихул жўғрофийя вал жўғрофиййин фил-андалус" (28-бет), Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (73-бет), Ҳусайн Муънис "Фажрул Андалус" (91-бет).
[41]Ҳимярий "Ровзул миътар" (75-бет), Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (73-бет)."رايات" байроқлар деган сўзга нисбатланган.
[42]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (73-бет).
[43]Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/13), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/269).
[44]Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/13), Ал-Мақаррий Ибн Ҳаййондан нақл қилган "Нафҳут-тийб" (1/269), "Ахбару мажмуъа" (15, 16-бет).
[45]Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/14), Ал-Мақаррий Ибн Ҳаййон ва бошқалардан нақл қилган "Нафҳут-тийб" (1/269).
[46]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/269–270), Ҳусайн Муънис "Фажрул Андалус" (92-бет), "Ахбару мажмуъа" (26-бет).
[47]"Ал-ҳулал ас-сундусия" (1/89, 172), "Тарихул муслимин ва асариҳим фил-андалус" (95-бет).
[48]Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/270), (1/138, 139), Ҳимярий "Ровзул миътар" (6, 175–176-бет).
[49]"Сифатул андалус" (182-бет), Ҳимярий "Ровзул миътар" (176-бет), Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (76-бет) Ибн Шабботдан нақл қилган.
[50]Ал-Ҳажжий "Жўғрофийятул андалус ва уврубба" (119-бет) китобидан нақл қилган, "Тарихул андалус" (76-бет).
[51]Ал-Мақаррий Ибн Ҳаййондан нақл қилган "Нафҳут-тийб" (1/270).
[52]"Ахбару мажмуъа" (16-бет).
[53]Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/15).
[54]Ал-Мақаррий Ибн Ҳаййондан нақл қилган "Нафҳут-тийб" (1/270).
[55]"Ахбару мажмуъа" (16-бет), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/270), Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/15), Ҳусайн Муънис "Фажрул Андалус" (93, 442-бет).
[56]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (78-бет).
[57]"Ахбару мажмуъа" (18-бет), Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/15).
[58]Ал-Ҳажжий Ҳимярийдан нақл қилган "Тарихул андалус" (78-бет).
[59]Ал-Ҳажжий Ҳимярийдан нақл қилган "Тарихул андалус" (80-бет).
[60]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (82-бет).
[61]"Тарихул муслимин ва асариҳим фил-андалус" (109-бет).
[62]Сиржоний "Қиссатул андалус" (71-бет).
[63]Талавера де ла Рейна.
[64]Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/16), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/271), "Ахбару мажмуъа" (18-бет).
[65]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (84-бет).
[66]"Ахбару мажмуъа" (26, 27-бет), Ибн Изарий "Ал-баян ал-муғриб" (2/16), Ал-Мақаррий "Нафҳут-тийб" (1/271).
[67]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (86-бет), Сиржоний "Қиссатул-Андалус" (71-бет).
[68]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (90-бет)Ибн Шабботдан нақл қилган.
[69]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (90-бет).
[70]Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (87-бет)Ибн Шабботдан нақл қилган.
[71]Ҳижрий 92-йилнинг рамазон ойидан 94-йилнинг зулқаъдасигача.