Дин ва ибодат
Категориялар
Манба
Full Description
﴾Дин ва ибодат ﴿
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Шайх Сайфуллоҳ Носир
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2013 - 1435
﴿الدين والعبادة﴾
« باللغة الأوزبكية »
الشيخ سيف الله ناصر
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2013 - 1435
Ҳозирги пайтда мусулмонлар оламидаги муаммолардан бири – термин-истилоҳлардаги муаммо бўлиб, кўп ўринларда терминлар (Исломга оид терминлар) ғарбий назариялар, таълимлар натижасида оммага ноаниқ, баъзан эса бутунлай ёт ўлароқ таърифлар билан талқин этилмоқда. Албатта, бу нарса ғарб маданияти (фалсафаси, қадриятлари, яшаш тарзлари)нинг чуқур таъсирига бориб тақалади. Негаки, бу таъсир ҳаётнинг биргина жабҳасига чекланиб қолмай, балки мусулмон дунёсини беистисно барча томондан худди пилла ғумбагидек ўраб, чирмаб олишга ҳаракат қилмоқда, десак муболаға қилмаган бўламиз. Глобаллашувдан асосий мақсад бўлган айни шу нуқтада ғарбликлар жуда жонбозлик кўрсатишмоқда. Бинобарин, мусулмон психологиясига, руҳиятига ҳам ўз таъсирини ўтказиб, Ислом ўргатган маданиятни, таълимотлар моҳиятини маълум даражада сиқиб чиқаришга ҳам улгурмоқда.
Ана шундай терминлардан бири ДИН ва ИБОДАТ термини бўлиб, ҳозирда бунга “Дин – илоҳий кучга, Худога ишонишга асосланган дунёқараш, тасаввур, урф-одат ва маросимлар мажмуи”, “Ибодат – қуллуқ қилиш, сиғиниш, топиниш ва унинг амали; намоз” (Ўзбек тили изоҳли луғатига қаранг) деб таъриф берилмоқда. Рус ва инглиз тилидаги таърифлар ҳам шу доирадан ташқарига чиқмайди.
Кўриб турганингиздек, бу ва бу каби таърифлар ДИНнинг таъсир доираси кишининг ўзига чекланиши, ўзи ва яратган Рабби орасидаги алоқа билангина якун топиши, жамиятга, инсонлар бошқарувига умуман дахлдор бўлмаслиги лозим, деган ўша ғарбий ғоядан келиб чиққан.
Ҳолбуки, Исломда Дин ва Ибодат тушунчалари тамомила бошқа – у инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олади: кишининг ўз Раббига бўлган эътиқодидан, ғайб оламига бўлган ишончидан бошланиб, унинг кундалик ибодатлари, одамлар билан муомаласи, савдо-сотиғи, никоҳ-талоғигача, давлатлар ўртасидига уруш ва тинчлик, сулҳ ва иттифоқлар, ҳарбий ва маданий муомалалар, барча-барчасини ўз ичига олади.
Бир куни Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу (бизда Ҳотамтой номи билан машҳур Ҳотими Тоийнинг ўғли) Пайғамбаримизга мусулмон бўлиб кириб келди. У киши бурун насронийликни қабул қилган бўлиб, уларнинг динидан анча хабардор эди. Пайғамбаримиз у кишига Тавба сурасидаги келган оятни ўқидилар: “Улар Оллоҳни қўйиб, ўзларининг аҳбор (донишманд)ларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга ИБОДАТ қилишга маъмур (буюрилган) эдилар”.
Адий ибн Ҳотим шундай ҳикоя қилади:
“Мен пайғамбаримизга “биз улар (аҳбор (уламо)лар ва роҳиблар)га ибодат қилганимиз йўқ”, дедим. Пайғамбаримиз “улар сизларга бир нарсани ҳаром деб (Оллоҳ ҳаром қилмаган бўлса ҳам), яна бирини ҳалол дейишса, уларга эргашиб, айтганларини қилар эдингларми?”, дедилар. “Ҳа”, дедим. “Ана шу ИБОДАТ ҳисобланади”, дедилар.
ДИН тушунчаси Исломда ана шундай кенгқамровли бўлгани учун ундаги Фиқҳ барча соҳаларни ўзида жамлаган. Буни яхши англаш учун мазкур фиқҳ китобларининг мундарижасидаги фақатгина катта бобларига бирров назар ташлаб чиқиш кифоя, унинг инсон ҳаётини қамраб олган барча масалаларни ўз ичига олганини кўради.
Шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло Қуръони каримда ДИНни мукаммал қилганини айтиб, ўз неъматини тўлиқ қилиб берганини марҳамат қилди. Моида сурасидаги машҳур оятда шундай “Бугун сизларга ДИНингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим”, дейиши айни шу маънони тақозо қилади. Зеро, неъмат тўкис, бенуқсон бўлиши учун Оллоҳ таоло келтирган ДИН ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олиши, ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилиб, ечим топиб бериши, уларнинг барча ҳаракатларига бош-қош бўлиши лозим бўлади.
Бу борада ўнлаб оят-ҳадислар келган бўлиб, уларга ишора сифатида юқоридагиларга тўхталиб ўтдим, холос.
Исломнинг бу қадар кенгқамровли бўлиши, барча соҳаларни ўз ичига олиши унинг ҳаёт жабҳалари татбиқининг осон кечишини таъминлаши билан бирга, одамлар ҳаётига улар йўқота бошлаган ҳақиқий руҳий бахт-саодатни, қалб осойишталигини олиб келади. Негаки, Оллоҳ юборган қонунлар, буйруқлар асосида яшаш, уларни ҳаётга татбиқ қилиш инсон ҳаётида унга зулм қилиш олдини олади, барчага адолатли муомала қилиш йўлга қўйилади. Шунингдек, одамлар руҳий, психологик жиҳатдан ҳам хотиржам бўладилар: улар ўзларидек инсонлар кўрсатмаларига, буйруқларига кўра эмас, башариятни яратган ягона Оллоҳга бўйсунаётганларини, унинг буйруқларини бажараётганларини ич-ичдан англаб қувонадилар, диллари таскин топади, ўзгалар буйруғи остида яшаяпман, деган аламзадалик бўлмайди. Хуллас, биз Оллоҳ буйруқларини ерига келтириш орқали барча томондан ютамиз.
Оллоҳ таоло ҳаммамизни ўзининг тўғри йўли бўлмиш Ислом йўлида собитқадам қилсин, омин.