Байтул Ҳаромнинг ҳурмати
Категориялар
Full Description
Байтул Ҳаромнинг ҳурмати
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Аллома Муҳаммад Солиҳ Усаймин
Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2013 - 1434
التوضيح والبيان في حرمة البيت الحرام
« باللغة الأوزبكية »
الشيخ محمد بن صالح العثيمين
ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2013 - 1434
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Биринчи хутба
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ
Барча ҳамдлар Оллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Оллоҳ Унга, Унинг асҳоблари ва уларга Қиёматгача яхши ишларда издош бўлганларга беадад салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг ...
Ҳой одамлар, Оллоҳ таолодан тақво қилингиз ва Оллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган ҳадларни билиб, зиммангиздаги Оллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам улуғлаган аҳкомларни татбиқ қилиш учун Оллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам улуғлаган макон ва замонларнинг улуғлигини билингиз! Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Оллоҳга шу кунлардан кўра суюклироқ бўлган бошқа солиҳ амал куни йўқдир», деганлари нақл қилинган. (Имом Аҳмад (1867); Термизий (688); Абу Довуд (2082); Доримий (1708); Ибн Можа (1717)).
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулҳижжа ойининг биринчи даҳасини назарда тутдилар. Чунки бу даҳада ҳожилар талайгина ибодатлар қиладилар. Бу кунлар ҳаж ибодатлари қилинадиган айёмлар бўлиб, Оллоҳ таолога қилинадиган солиҳ амалларнинг энг суюкли кунларидир. Бу кунларда қилинган солиҳ амаллар Оллоҳ таолога, бошқа кунлари қилинган амаллардан кўра суюклироқдир. Чунки бу амаллар, ҳаж ибодатларини қилиш замонини улуғлашдир. Ҳаж ибодатлари адо этиладиган маконни улуғлаш ҳақида эса Оллоҳ таолонинг ушбу оятларига қулоқ беринг:
«Эсланг: «Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша ерда ибодат қилиб турувчилар, руку — сужуд эгалари учун пок тутинг», деб буюрдик». (Бақара: 125);
«Оллоҳ Каъба — Байт ул-ҳаромни, ... одамлар учун тўғрилик асоси қилиб қўйди». (Моида: 97).
Каъба – одамлар турли жойлар ва Ер юзининг турли бурчакларидан ҳаж ибодатларини қилиш учун отланиб келишадиган зиёратгоҳдир. Улар Каъбага намозларида йўналадилар. Каъба – одамлар жонлари ва моллари омонда бўладиган макондир. Бу ҳақда Оллоҳ таоло шундай дейди:
«Улар ўзларининг атрофларидан одамлар талон-торожга дучор бўлаётгани ҳолда Биз Ҳарамни (яъни Маккани) тинч-осойишта қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?!» (Анкабут: 67).
Каъба – инсон каби ҳис этмайдиган жамодот – жонсиз нарсалар учун ҳам омонлик ери бўлиб, дарахтлари кесилмайди, ўт-ўланлари юлинмайди, йўқолган тақинчоқлар, пуллар ва бошқа нарсалар эълон қилаётган одамдан бошқаси тарафидан олинмайди. Умри давомида уларни эълон қилиб, олишга аҳд қилган тақволи одамгагина уларни олиш ҳалолдир. Акси тақдирда, уни ўз мулки ичида бўлса ҳам бирон кимса ола олмайди. Нега?! Чунки унинг мулкидан нарсанинг ўз эгаси олиши керак!!
Оллоҳнинг бандалари, ушбу катта омонликка қаранг! Ҳатто дарахтлар, ўт-ўланлар ва молу мулкларга ҳам омонлик бор! Байтул Ҳаром одамлар учун тўғрилик асосидирки, бу билан одамларнинг ўзлари, динлари ва дунёлари тик туради. Оллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Ва одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенга (яъни сенинг даъватингга жавобан) яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Оллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Оллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)». (Ҳаж: 27, 28).
Оллоҳ таоло ушбу осуда Байтул Ҳаромни улуғлаб, ҳимоялаб ва эътиборли ҳисоблаб Ўзига изофа қилди. Шунинг учун унинг ҳурматига қўл узатган ҳар қандай золимни яксон қилди. Шу боис Макка шаҳрининг номларидан бири «Бакка»дир. Оллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Албатта одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Баккадаги ...». (Оли Имрон: 96).
Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳумо: «Макка шаҳрининг «Бакка» деб номланишидан мақсад, бирон золим унга ёмонлик билан қўл узатар экан, унинг бўйни синади яъни Оллоҳ таоло уни яксон қилади», – деди. Буни Бағавий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида баён қилди. Агар бирон шоҳид изласангиз, бу ҳақда Оллоҳ таоло Қуръон Каримда тўла бир Фил сурасини нозил қилди. Уни ўқингиз:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? У зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб. Уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!» (Фил: 1-5).
Оллоҳ таолонинг Еру Осмонларни яратган кунда ҳурматли қилиб қўйган ва ҳар бир қодир инсонга Уни ҳаж қилишни фарз қилган, талайгина илм аҳллари: «Мусулмонларнинг ҳар йили ҳаж қилишлари фарзи кифоядир», – деб айтганидек умуман ҳар йили ҳаж қилишларини фарз қилган, арбобларнинг эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган ҳадисда баён қилинганидек бир марта ҳаж қилишлари фарз қилинди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳой одамлар, сизларга ҳаж қилиш фарз қилинди!»– дедилар. Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳу ўрнидан туриб: Ҳар йилими, ё Расулуллоҳ?,– деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавобан: «Агар: (Ҳа), десам фарз бўлиб қолади. Фарз бўлгач амал қила олмайсизлар. Агар уни қилишга кучингиз етмаса (умрингизда) бир марта ҳаж қилингиз. Ундан кўп қилган одамга ҳажи нафл бўлади», – дедилар». (Имом Аҳмад (2510); Абу Довуд (1664); Доримий (1722)).
Оллоҳ таоло бандаларни намозларида қаерда ва қайси замонда бўлишларидан қатъий назар Каъбага юзланишларига амр қилди ва айтди:
«Қайси тарафдан чиқсангиз, юзингизни Масжид-ал-Ҳаром томонга буринг! Ва қаерда бўлсангизлар (эй мўминлар), юзларингизни ўша томонга буринг!» (Бақара: 150).
Ҳатто мусулмонларнинг маййитларини ҳам қабрларида қиблага юзлантириб қўйилади.
Ҳой мусулмонлар, Оллоҳ таоло Каъбада уруш қилишни таъқиқлади. Ўзини ҳимоя қилиб урушиш бундан мустаснодир. Оллоҳ таоло айтди:
«Ўзлари уруш бошлагунча улар билан Масжид-ал-Ҳаром олдида урушмангиз! Бас, агар ўзлари уруш бошласалар, у ҳолда уларни ўлдиринглар!» (Бақара: 191).
Эй мусулмон, Оллоҳ таоло шартли гап, шарт феъли ва шартнинг жавоби ўртасини қандай айирганига диққат этинг! Оллоҳ таоло:
«Бас, агар ўзлари уруш бошласалар, у ҳолда уларни ўлдиринглар!» – деди. (Бақара: 191).
Оллоҳ таоло: «Улар билан урушинглар!»– демади, балки: «Ўлдиринглар!» – деди. Бу – ўта фасоҳатли ва пурмаънолидир. Абу Шурайҳ Хузоъий разияллоҳу анҳу Маккага лашкар жўнатаётган Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуга шундай деди: «Ҳой амир, сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳининг эртаси куни қилган ишни айтиб берайми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мана шу кўзларим кўрган ва айтган гапларини шу қулоқларим эшитган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳга ҳамду сано айтгач шундай давом этдилар: «Маккани одамлар эмас, Оллоҳ Ер ва осмонларни яратган кунида ҳурматли қилган. Оллоҳ ва охират кунига иймон келтирган одамнинг Маккада қон тўкиши ва дарахтни кесиши ҳалол эмасдир. Агар бирон кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган уруш сабабли ўзига рухсат олмоқчи бўлса унга: «Оллоҳ Расулига рухсат берди, сизларга эмас», – денглар. Чунки Оллоҳ Менга ҳам кундузнинг бир соатига рухсат берди ва унинг бугунги ҳурмати яна кечаги ҳурматига қайтди. Бас, шоҳид бўлганлар бу ерда бўлмаганларга етказсинлар!»» (Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривояти. Имом Бухорий 1701; Имом Муслим 2413).
Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисида эса шундай дейилган: «Макка Оллоҳнинг ҳаром қилиши билан Қиёмат кунигача ҳурматлидир: унинг тиконлари синдирилмайди, овини қўрқитилмайди ва ўтлари юлинмайди». (Имом Бухорий (1703); Имом Муслим (2412)).
Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада қурол кўтариб юришни таъқиқлаганлари ҳам вориддир. Буларнинг барчаси хавфсизликни таъминлаш, қуролни кўргач одамлар қалбида заррача ҳам қўрқув бўлмаслигини ифодалаш учун эди. Қуролни фақатгина, хавфсизликни таъминлаш учун кўтариб юрса бўлади. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумо: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бирон кимсанинг Маккада қурол кўтариб юриши ҳалол эмас», – деганларини эшитганман», – деди. (Имом Муслим, 2416). Ҳой мусулмонлар, нега?! Чунки ушбу осуда шаҳарда хавфсизлик таъминлансин, хатар йўқолсин ва одамлар Оллоҳ қуйидаги оятда фарз қилган ибодатларни адо этишнинггина пешида бўлишсин:
«Одамлар зиммасида Оллоҳ учун Каъбани ҳаж қилиш масъулияти бор». (Оли Имрон: 97).
Демак, ҳаждаги тавоф, Сафо ва Марва орасидаги саъй, тошларни отиш ва бошқа барча ибодатлар бошқа бирон кимса учун эмас, Оллоҳ таоло учунгина қилинади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Уйни тавоф қилиш, Сафо ва Марва (орасидаги) саъй ҳамда тошларни отиш, Оллоҳнинг зикрини қоим қилиш учун (жорий) қилинди». (Мўминлар онаси Оиша разияллоҳу анҳо ривояти. Имом Аҳмад (23415); Абу Довуд (1612); Доримий (1780)).
Ҳой одамлар, Байтул Ҳаром олдида ва ҳаром ойда Каъбани ва Каъба хавфсизлигини таъминлаётган қўриқчиларни қасд қилиб қурол кўтариш Оллоҳ ва Расулининг амрлари ва иймонга зид бўлиб, Оллоҳ таоло Каъбанинг хусусиятларидан қилган хавфсизликни бузишдир. Ундай одам дунё ва охиратда жазога лойиқдир. Оллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Эй мўминлар, Оллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Оллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни ўлдиришни ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини узиб ташлашни ҳамда парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтулҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз!» (Моида: 2);
«Сиздан «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир». (Бақара: 217).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурбон ҳайити куни Минода хутба ўқидилар ва: «Сизларнинг қонларингиз(ни тўкишингиз) ва молларингиз(ни ноҳақ олишингиз) сизларга шу шаҳрингиздаги ва шу ойингиздаги шу кунингизнинг ҳаромлиги каби Роббингизга дуч келгунингизча ҳаромдир. Огоҳ бўлинглар, Мен етказдимми?!» – дедилар. Одамлар: Ҳа,– деб жавоб беришгач: «Оллоҳим, шоҳид бўл! Бу ерда шоҳид бўлганлар ғойибларга етказсин! Кўплаб етказувчилар борки, эшитгандан кўра яхшироқ англайди!» – дедилар. (Абу Бакра разияллоҳу анҳу ривояти. Имом Бухорий (1625); Имом Аҳмад (19594)).
Ҳой мусулмонлар, Ҳарамда бузғунчилик ёки даҳрийликка нийят қилишнинг ўзи, гарчи амалга оширилмаса ҳам, аламли азобга лойиқликдир. Оллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«... кимки у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса (буларнинг ҳар бирига) аламли азобдан тотдириб қўюрмиз». (Ҳаж: 25).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «У – Оллоҳ таоло сизга ҳаром қилган ёмонлик қилиш ва қотиллик каби ишларни ҳалол ҳисоблаб, сизга зулм қилмаган одамга зулм қилишингиз, сизни ўлдиришга ҳаракат қилмаган одамни ўлдиришингиздир. Агар шундай ишни қилган одам бўлса, унга аламли азоб бериш лозимдир».
Мен эса шундай дейман: Оллоҳ таолонинг «хоҳласа» сўзи ёмонликка қасд қилишнинг ўзинигина ифодалайдиган бўлса, уни амалга ошириш қандай бўлар экан?! Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: «Агар бирон киши Ҳарамда зулм қилиш билан тўғри йўлдан чиқишни Аданда туриб қасд қилса, Оллоҳ таоло унга аламли азобини тоттиради», деди. (Имом Аҳмад 3864, 4089).
Оллоҳим, биз шу турган жойимизда фарзларингдан бирини кутар эканмиз, Сендан бу Ҳарамга ёмон нийятда бўлганларга аламли азобинги тоттиришингни сўраймиз! Оллоҳим, унга аламли азобингни тоттир! Унинг устига жиноятчи қавмлар бошига юборажагинг балоларни ёғдир! Унинг устига жиноятчи қавмлар бошига юборажагинг балоларни ёғдир! Унинг устига жиноятчи қавмлар бошига юборажагинг балоларни ёғдир! Оллоҳим, унинг режаларини буз ва унга қудратингни кўрсат! Унинг лашкарларини яксон эт, иттифоқини буз! Оллоҳим, уни ўзининг олдида ва орқасида турганларга ўрнак қил! Уни Қиёматгача келадиган халқларга ибрат қил ва аламли азобларингни тоттир! Оллоҳим, эй Оламлар Робби, унинг устидан мусулмонларга зафар ато айла! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага қодир бўлган Зотсан!
Оллоҳим, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига йўллаганингдек салавотлар йўлла! Дарҳақиқат, Сен мақтовларга лойиқ ва улуғ Зотсан! Оллоҳим, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига ёғдирганингдек баракалар ёғдир! Дарҳақиқат, Сен мақтовларга лойиқ ва улуғ Зотсан!
Иккинчи хутба
Оллоҳга қилган эҳсонлари учун ҳамдлар бўлсин. Мен Оллоҳга берган муваффақияти ва лутфлари учун шукроналар айтаман ва: «Шаънини улуғлаб шериксиз ва ягона Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Оллоҳ ҳужжатлари билан қувватлаган ва мададлаган Оллоҳнинг бандаси ва элчиси» эканига гувоҳлик бераман. Оллоҳ Унга, Унинг оиласи, асҳоблари ва ёрдамчиларига беадад салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг ...
Ҳой мусулмонлар, Оллоҳдан тақво қилингиз!
Ҳой ҳожилар, Оллоҳ таоло сизларга гуноҳларни мағфират қилиш ва ёмонликларни ювиш лутфини ато этди. Шунинг учун ҳаждан қайтгач гуноҳларга қўл уришдан сақланингиз! Чунки ёмонликлар, худди яхшиликлар ёмонликларни кетказганидек, яхшиликларни кеткизади. Оллоҳ таоло гуноҳлар мағфирати ва қалб жилосига муваффақ қилган одам, Оллоҳга ҳамду санолар айтсин. Оллоҳга ибодатларни мудом қилсин. Оллоҳга қайтганига садоқат кўрсатсин. Қалби, тили ва узвларидаги зикрлар билан Оллоҳ билан бирга бўлсин. Оллоҳ таоло айтди:
«Зотан, Оллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир». (Наҳл: 128).
Ҳой мусулмонлар, банда Оллоҳга самимий тавба қилгач, унинг бу тавбаси қанчалар катта бўлмасин аввалги гуноҳларни қуритади. Оллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни Оллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб), Парвардигорларингизга қайтинглар – Унга бўйинсунинглар! Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари Парвардигорларингиз томонидан сизларга нозил қилинган энг гўзал нарса — Қуръонга эргашинглар! Бирон жон: «Оллоҳ ҳаққида (яъни У зотга тоат-ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга надомат бўлгай! Ростдан ҳам мен Унинг динини ва Қуръонини масхара қилгувчилардан бўлган эдим», деб қолмаслиги учун; «Агар Оллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта тақводорлардан бўлур эдим», деб қолмаслиги учун; Ёки азобни кўрган чоғида: «Қани энди мен учун яна бир карра (яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлсам», деб қолмаслиги учун (Қуръонса эргашинглар!)». (Зумар: 53-58).
Ҳой мусулмонлар, Оллоҳ таоло Ўз неъмати билан бизга йўлни кўрсатиб, ёритиб берди. У бизга ёмонлик ва яхшилик йўлларини кўрсатиб, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан огоҳлантириб, қайтарди. Шундай экан, оқил қалблар қаерда?! Синчковлик билан тинглайдиган қулоқлар ва равшан кўрувчи кўзлар қаерда?!
Мен Оллоҳ талодан ўзим ва сизларга англаган қалб, ҳақиқатни тинглаган қулоқ ва ҳақиқатни кўра оладиган кўзни, Ўзи суйган ва рози бўлган нарсаларга муваффақ этишини тилайман! Дарҳақиқат, У – саховатпеша ва жўмард Зотдир.
Унутмангларки, энг яхши сўз Оллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг энг ёмони дин ниқоби остида янги пайдо бўлганлари, дин ниқоби остида янги пайдо бўлган барча нарса – бидъат, барча бидъат – залолат ва барча залолат жаҳаннамга элтгувчидир.
Бас, жамоатдан айрилмангиз! Чунки Оллоҳнинг қўли жамоат узрадир. Ким жамоатдан айрилса жаҳаннамда яккаланиб қолади. Унутмангларки, Оллоҳ таоло сизларни бир ишга буюриб, уни Ўзидан бошлаб берди:
«Албатта Оллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).
Роббимиз ва Холиқимиз бўлган Оллоҳим, лаббай! Амрингни бажо келтирамиз: Оллоҳим, пайғомни етказган, омонатни адо этган ва умматга насиҳат қилган пайғамбаринг Муҳаммадга салавоту саломлар йўлла! Оллоҳим, бизга Уни ва Унинг издошларини ошкора ва хуфёна суюшни насиб айла! Оллоҳим, бизни Униннг миллатида вафот эттир, гуруҳи ичида қайта жон ато эт, Ҳавзининг сувидан қондир, шафоатига муваффақ қил! Оллоҳим, бизни У билан неъмат жаннатларида пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга жамла!
Оллоҳим, эй оламлар Робби! Пайғамбаримизнинг халифалари – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алийлар – пайғамбарларнинг энг афзал издошларидан, пайғамбаримизнинг севимли фарзандларидан, мўминларнинг оналари – рафиқаларидан, барча саҳобалардан ва уларга Қиёмат кунигача издош бўлганлардан жумладан биздан ўз лутфинг ва караминг билан рози бўл!
Оллоҳим, Сенинг йўлингда курашаётганларга барча жойда мададкор бўл! Уларга илм, баён ва қуролларда мададкор бўлиб, уларга душманлари устидан зафар ато эт! Оллоҳим, мусулмондек кўринсада қалбининг тубида куфрни яшириб, Исломга душманлик қилган барчани яксон қил! Оллоҳим, мусулмондек кўринсада қалбининг тубида куфрни яшириб, Исломга душманлик қилган барчани яксон қил! Оллоҳим, мусулмондек кўринсада қалбининг тубида куфрни яшириб, Исломга душманлик қилган барчани яксон қил! Сен барча нарсага Қодир зотсан! Оллоҳим, Ер юзининг ҳар бурчагидаги Ислом душманларини мағлуб қил! Уларни хорла, хўрла ва кулини кўкка совур! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага Қодир зотсан! Роббимиз, бизни ва биздан илгари иймон билан вафот этган биродарларимизни мағфират қил ва қалбимизда Мўминлар учун ғашлик қўйма! Роббимиз, Сен барча нарсага қодирсан!
Оллоҳнинг бандалари!
«Албатта, Оллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур. Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Оллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Оллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Оллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Оллоҳ қилаётган ишларингизни билур». (Наҳл: 90, 91).
Буюк ва улуғ Оллоҳни ёдга олинглар, У ҳам сизларни ёдга олади! Унинг неъматларига шукроналар келтиринглар, неъматларини зиёда қилади! Оллоҳнинг зикри буюк ишдир ва Оллоҳ сизлар қилган ишларни билиб туради.