Келинг иймонлашайлик!
Категориялар
Full Description
Келинг иймонлашайлик!
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Шайх Саид Абдулазийм
Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2013 - 1434
هيا بنا نؤمن ساعة
« باللغة الأوزبكية »
الشيخ سعيد عبد العظيم
ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2013 - 1434
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Оллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга, Унинг оиласи, асҳоблари ва Уни дўстлари деб ҳисоблаганларга салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг ...
«Келинглар, бир оз иймонлашайлик! Чунки қалб, ичида бошланган қайнаш сабабли ўзгараётган қозондан кўра тезроқ ўзгариб туради». Бу гапларни Абдуллоҳ ибн Равоҳа разияллоҳу анҳу Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу учун айтди. Унинг гаплари «Даврамизга қўшилинг, бир оз иймонлашайлик!» деб дўстига айтган Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг гапларига ўхшайди.
Билим ўз эгаларида экан, бизнинг ҳам бу гапларни қулоқларимизга қуйишимиз ва атрофимиздаги дунёга татбиқ этишимиз лозимдир.
Динимизга мурожаат этадиган, Роббимизнинг, одамларнинг ва нафсимизнинг ҳаққини адо этадиган «бир оз вақтимиз» бўлсин!
Бу вақт кечикмасин! Чунки, дунё томирларимизда оқмоқда ва унинг муҳаббати қалбларимизга жо бўлди! Айримларимиз динимизни, бақоси ва ва вафоси бўлмаган дунё, айримларимиз эса бошқаларнинг қўлидаги дунё бадалига сотиб юборди. Натижада, Дунё билан Охират, Ер билан Осмон, биров билан бошқалар, бир соат билан бошқа вақтлар ҳатто айрим ибодатлар билан бошқалари орасида катта айрилиқ пайдо бўлди, билим амалдан ажради. Агар дунё ишқи маст қилган, дунё муҳаббати ўлдирган ёхуд «Менга насиҳат қил, Оллоҳни эслат!» деган одамни кўрсангиз, унга: «Келинг, бир оз иймонлашайлик!» ва ичингизда:
«Мен эса Сен рози бўлишинг учун шошдим, Парвардигорим!» (Тоҳа: 84) деб айтинг!
Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Абдуллоҳ ибн Умму Мактум разияллоҳу анҳу сабабли қандай дашном берилганидан бохабарсиз:
«У (пайғамбар алайҳиссалом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз қаердан билурсиз, эҳтимол у (сиздан ўрганадиган илму маърифати ёрдамида ўз гуноҳларидан) покланар. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар?!» (Абаса: 1-4).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитганларидан кейин шошилдилар... Чўкаётган ёки охирги нафасларини бераётган кишилар томон уларга «тез ёрдам» кўрсатиш, қутқариш белбоғини узатиш учун шошилинг! Қалб ва руҳлар ҳаётини қутқариш бундан кўра муҳим ва зарурроқдир.
Айрим одамлар: Танаси ўлган одам учун йиғлаб, ундан кўра қаттиқроқ – қалби ўлганларга йиғламаган одамларга ҳайрон қоламан! – дейишган.
«Ёсин» сурасидаги «ўғил бола» бўлган одамдек иш қилинг. Унутманг, «ўғил болалар» жуда ҳам оз бўлади! У шаҳарнинг четидан югуриб келди ва:
«Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар! Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар! У айтди: «Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин? Сизлар ҳам (дунёдан ўтгач) ёлғиз Унгагина қайтарилур- сизлар», – деди (Ёсин: 20, 22). Уни қўлга олиб, тезлик билан қатл қилганларида, тириклигида насиҳат қилганидек ўлганидан кейин ҳам насиҳат қилди:
«Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени иззат-икромли кишилардан қилганини билсалар эди» (Ёсин: 26-27).
Ҳа, одамларга эзгу ишларни қилиш мўминнинг қонида бор. Шунинг учун ҳам, унинг ҳол тили ва гаплари, доимо, Фиръавн хонадонидан чиққан мўмин такрорлаган сўзларни такрорлайди:
«Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, сизлар менга эргашинглар, мен сизларни Тўғри йўлга етаклайман. Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матоъдир. Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир. Ким бирон ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жозо берилиши аниқдир. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур. Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга — жаннатга чорласам, сизлар мени дўзахга чақирмоқдасизлар-а? Сизлар мени Оллоҳга кофир бўлишга ва (ўзим илоҳ эканлигини) билмайдиган нарсаларни У зотга шерик қилишга чақирмоқдасизлар. Мен эса сизларни қудратли, бениҳоя мағфиратли зотга чорламоқдаман. Шак-шубҳа йўқки, албатта сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган бутларингиз (жонсиз нарсалар бўлгани сабабли) на дунёда ва на охиратда (бирон кимсани ўзларига ибодат қилиш учун)даъват қила олмас. Ва албатта (барчаларимизнинг) Оллоҳга қайтишимиз бордир. Дарҳақиқат ҳаддан ошувчи кимсаларгина дўзах эгаларидир. Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Оллоҳга топширурман. Зеро, Оллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир» (Ғофир: 38-44).
Очиқ ҳужжат ёки ҳидоятловчи суннат ёхуд мақсадли ҳикояни тилга олишингизга нима монеъ бўлиши мумкин? Балки ўша он қиёматингиз ёки айрилишингизнинг ёхуд эшитган одамнинг вафот лаҳзаси бўлиши мумкин ва сиз шу билан пайғомни етказиш вазифасини адо этган, омонатни жойига қўйган, Умматга насиҳат қилган ва етказиш билан Роббингиз ҳузурида узрни барпо қилган бўласиз. Шояд у лаҳзалар, ижобат лаҳзаларидир. Ҳолбуки, бир яхшиликка восита бўлган одам, уни қилгандек ҳисобланади. Оллоҳ таолонинг сиз сабабли бир кишини ҳидоят қилиши, қизил юнгли туялар сизники бўлишидан кўра яхшироқдир. Сизнинг даъват мақомида бўлишингиз ва пайғамбару расуллар йўлида юришингиз етарлидир:
«Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Оллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг! Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мен сизлардан бунинг учун (яъни Қуръон учун) ҳақ сўрамайман. Бу (Китоб)бутун оламлар учун эслатма (ҳужжат)дир, холос»» (Анъом: 90).
Ҳуқуқларни зое қилишдан эҳтиёт бўлинг! Шу ондан бошлаб бахиллик қилманг! Чунки, Оллоҳ таологина итоат этиш, гуноҳкор бўлмаслик, зикр қилиниб унутилмаслик, шукр этилиб нонкўрлик қилинмасликка лойиқ Зотдир. Сиз гўштларингиз пичоқлар билан қиймаланса ҳам, бошингиздан арра тортилса ҳам, Ер юзида Оллоҳга итоат қилинишини, Оллоҳга итоат этаётганларнинг сонларини кўпайишини суйган кишилар қаторидасиз. Шундай экан, даъват учун бел боғланг ва кечаю кундуз одамларни Исломга чорланг! Сиз учун Оллоҳнинг пайғамбари Нуҳ алайҳиссалоту вассаломда чиройли намуналар бор:
«(Нуҳнинг бу даъватлари уларга кор қилмагач), у деди: «Парвардигорим, албатта мен қавмимни кечаю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (иймондан) қочишни зиёда қилди, холос. Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар. Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим» (Нуҳ: 5-9).
Агар одамларнинг эътирозлари ва қаршиликларига дуч келсангиз, халойиқни айблашдан илгари ўзингизни айбланг ва: «Шояд мен одамларга ақлларига кўра гапирмагандирман. Балки, шубҳаларига шубҳаларни орттирган ва бу билан Шайтоннинг уларнинг нафсларига ғолиб бўлишига сабабчи бўлгандирман. Бинобарин, уларга Оллоҳга итоат қилишларида ёрдамчи бўлмаган ёки ўша лаҳзада Оллоҳ учун ихлос қилмагандирман ва назарда тутилган ижобат рўй бермагандир», – денг!
Қалбингизни тилингиз билан бирга қилинг ва Еру Осмонлар Холиқи сари дуо билан йўналинг! Бу оламдан бошқа оламга кўчинг! Ҳаётингизни устиворлик йўлига вақф қилинг! Сизнинг нафасларингиз саналади, уловларингиз боғланади, берган нарсаларингиз қайтарилади, тупроқ эса танани кутиб туради. Катталарнинг ортидан кичиклар ҳам етиб боради. Аждодларнинг оқибати кейингиларникидан фарқ қилиши мумкин. Ҳозир олдимизда ё алдамчи орзу ва ёки ёзилган ажал бордир:
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Оллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйинсунгувчи- ларнинг аввали — пешқадамиман»» (Анъом: 162, 163).
Эй мусофир, тўхта ва кимлигинг ҳақида ўйлаб кўр! Қаёққа кетаяпсан?! Сен бу ерда қоласанми ёки кетасанми?! Агар кетсанг, қаёққа кетасан?! Жаннатгами ёки жаҳаннамгами?! Оллоҳсиз ўтказилаётган ҳаёт – саробдир!
«Ташна одам уни сув деб ўйлар, токи қачон унинг (яъни, қилган амалининг)олдида топур. Бас У зот унинг ҳисоб-китобини комил қилур. Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир» (Нур: 39).
Ҳаёт, биз бандалик вазифасини адо этадиган лаҳзадан бошқа нарса эмас. Биз шунинг учун яралдик ва ҳаётда ибодат замонини яшаймиз. Оллоҳ учун итоат ва ибодат бўлмаган ҳаёт ва умрнинг баракаси йўқ! Оллоҳ учун ибодат ва итоат бўлган онлар зое ҳам бўлмайди, инсонларга ноумидлик ҳам келтирмайди! Оллоҳ билан муомала қилган одам на зое бўлади ва на ноумид!
Шаддод ибн Авс разияллоҳу анҳу айтди:
– «Бировнинг Оллоҳга итоат билан шуғулланаётганини кўрсанг, билгинки, у итоатнинг ўртоқлари ҳам бор. Агар бировнинг Оллоҳнинг маъсияти билан шуғулланаётганини кўрсанг, билгинки, у гуноҳнинг ҳам ўртоқлари бор. Ибодат ҳам, маъсият ҳам ўртоғи борлигига далолат қилади:
«Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Оллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Оллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Оллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Оллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган)оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Лайл: 5-10)».
Солиҳ аждодимиз охират васли, нафслар нажоти ва Раҳмоннинг ризоси учун гапиришган бўлса, биз дунёнинг васли, нафснинг иззати ва махлуқнинг ризоси учун гапирмоқдамиз. Шунинг учун ҳам уларнинг гаплари бизникидан кўра баракали эди. Чунки уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юрган йўлдан насибалари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзларнинг пурмаъноси, муҳри, очқичлари берилган ва оз гапирар эдилар. Шундай бўлсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапирган гаплар кўп ва кенг маъноларни ўз ичига олар эди. (Айтингчи), сизнинг ўша гапларнинг айримларини тилга олиб, гапириб беришингизга бирон нарса ғов бўлаяптими?!
Ўша гаплардан бирини Ҳишом ибн Урва раҳимаҳуллоҳ отасидан нақл қилган: «Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа бўлгач одамларга хутба қилиб, Оллоҳ таолога лойиқ бўлганидек ҳамду сано айтди ва шундай деди: Ҳой одамлар, ичингиздаги яхшиларингиздан бўлмасамда, ишларингизга раҳбар бўлдим. Бироқ, Қуръон нозил бўлди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларни жорий қилдилар ва биз унга амал қилдик. Унутмангларки, энг оқиллик – тақводорлик, энг аҳмоқлик – гуноҳкорликдир. Ҳузуримдаги энг кучли бўлганингиз ҳам ундан ҳақни олгунимча кучсиздир. Ҳузуримдаги энг кучсизингиз эса, унга ҳақни олиб бергунимча кучлидир. Мен бидъатчи эмас, издошман! Шунинг учун ҳам яхшилик қилсам ёрдам беринглар, (Тўғри йўлдан) оғсам тўғрилаб қўйинглар!».
Аҳнаф ибн Қайс разияллоҳу анҳу айтди: «Менга Умар разияллоҳу анҳу шундай деди: «Эй Аҳнаф, кимнинг кулгуси кўпайса ҳайбати йўқолади! Кимнинг ҳазили кўпайса, эътибори йўқолади! Ким бир ишни кўп қилса, ўша иши билан номи кетади! Ким сергап бўлса тойилиши кўпаяди, тойилиши кўпайганнинг эса ҳаёси камаяди! Ҳаёси камайганнинг тақвоси озаяди! Тақвоси озайганнинг қалби ўлади (қотади)».
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бир одамга насиҳат қилар экан шундай деди: «Ўзингизга фойда бермайдиган нарсалар ҳақида оғиз очманг! Душманингизни танинг! Омонатдор дўстдангина хотиржам, бошқа дўстлардан ҳушёр бўлинг! Фосиқ одамлар билан бирга юрманг, фосиқликларини юқтирмасинлар ва ундай одамларни сирингиздан воқиф қилманг! Ишларингизда Оллоҳдан қўрққан одамлар билангина маслаҳат қилинг!».
Усмон разияллоҳу анҳу хутбасида шундай деди: «Кучингиз етган амалларни қилиш билан ажалингиз сари шошингиз! Унутмангларки, Дунё алдамчи нарсаларга тўла:
«Бас ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё (ўзининг ўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни ғурур (яъни шайтон) Оллоҳ (ҳар ҳандай гуноҳни кечаверади деган алдов) билан алдаб қўймасин!» (Луқмон: 33). Оламдан ўтган одамлардан ибрат олингиз! Сўнгра, тиришингиз ва ғафлатда қолмангиз! Чунки сизларни доимо кузатилмоқда! Дунёнинг қуллари ва Дунёни афзал кўрган, обод қилган ва у билан узоқ замон фойдаланган одамлар қани?! Дунё уларни отмадими?! Сизлар ҳам Дунёни Оллоҳ отган жойга отинглар ва Охиратни қидиринглар! Чунки Оллоҳ таоло Охират учун: «У – яхшироқ!» дея зурбулмасал қилди ва айтди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг, (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдириб (аввал — киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Оллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир)» (Каҳф: 45, 46)».
Алий разияллоҳу анҳу айтди: «Билингларки, фақиҳ – одамларни Оллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаган, Оллоҳнинг азобидан огоҳлантирган ва Оллоҳнинг маъсиятига рухсат бермаган одамдир. Қуръондан бошқа нарсага рағбат қилиб воз кечманг! Билимсиз ибодатда, тушунилмаган билимда, тадаббурсиз қироатда яхшилик йўқдир!».
Алий разияллоҳу анҳу бир куни шундай деди: «... Сўнг... Одамзотни идрок эта олмайдиган нарсага эриша олмаслиги қайғуга солса, ўзи эриша олмайдиган нарсага эришиши қувонтиради. Сизнинг қувончингиз эришганингиз охират ишлари, пушаймонингиз эса етиша олмаганингиз охират ишларингиз бўлсин! Дунёдан эришган нарсангизга кўп қувонманг, ундан эриша олмаган нарсангизга қайғуриб пушаймон бўлманг! Қайғуларингизни ўлимдан кейинги нарсалар учун асранг!».
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу зикр учун ўтирса шундай дер эди: «Сизлар кеча ва кундузнинг кесишган нуқтасида, камайган ажаллар ва ёзилган амаллар ичидасизлар. Ўлим кутилмаганда келади. Яхшиликни эккан одам рағбатни, ёмонликни эккан одам эса надоматни маҳсул қилиб олади. Ҳар бир эккан одам деҳқон сингари насибасиз қолмай, ҳирсли инсон ўзига тақдир қилинмаган нарсани қўлга кирита олмайди. Кимга яхшилик берилган бўлса, уни Оллоҳ берган. Ким ёмонликдан сақланган бўлса, уни Оллоҳ асраган. Тақводорлар – сардор, фуқаҳолар – етакчи ва уларнинг суҳбатлари баракаларнинг зиёдасидир».
У яна шундай деди: «Одамларни Оллоҳнинг ғазаби билан рози қилмаслигингиз, иймондандир. Оллоҳ берган ризқ туфайли бошқаларга ҳамду сано айтманг! Оллоҳ сизга бермаган нарса туфайли бошқаларни маломат қилманг! Чунки Оллоҳнинг ризқини ҳарис одамнинг ҳирси олиб кела олмаганидек, ёқтирмаган одамнинг нафрати ҳам тўхтата олмайди. Оллоҳ таоло ўзининг адолати, ҳукми ва илми билан қувонч ва лаззатни иймон ва (тақдирга) рози бўлишга, қайғу ва ғамни эса шубҳа ва (тақдирга) норози бўлишга мужассам қилди».
Бир одам Миқдод разияллоҳу анҳунинг олдидан ўтар экан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган шу икки кўзларга муждалар бўлсин! Кошки биз ҳам сиз кўрган нарсаларни кўрсак ва сиз шоҳид бўлган нарсаларга шоҳид бўлсак! – деди. Жубайр ибн Нуфайр раҳимаҳуллоҳнинг айтишича, бу гапларни эшитган Миқдод разияллоҳу анҳу аччиқланди. Мен эса: У одам ёмон гап гапирмади-ку!, деб ҳайратга тушдим. Миқдод разияллоҳу анҳу унга ўгирилиб, шундай деди: «Бандани Оллоҳ яшириб тайёр қилиб қўйган нарсани умид қилишга нима ундайди?! У билмайдики, агар ўша пайтда ҳозир бўлса ҳоли не кечар эди?! Оллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига Оллоҳ таоло жаҳаннамга юзлари билан улоқтирган кимсалар ҳам келган эди. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини қабул қилмаган ва тасдиқлашмаган эди. Оллоҳ сизларни Роббингизни билган, пайғамбарингиз олиб келган таълимотларни тасдиқлаган ва бошқаларнинг балосига кифоя қилган ҳолатингизда дунёга келтиргани учун ҳамду сано айтмайсизларми?! Оллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа пайғамбарлар юорилмаган энг оғир замонда – пайғамбарлик тўхтаган ва жоҳилият замонида юборилдилар. Одамлар бутларга ибодат қилишдан кўра афзалроқ динни билишмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айирувчи Фурқонни олиб келиб, ҳақиқат билан ботил, ота билан фарзанд ўртасини айирди. Одам ўзининг отаси, боласи ва акасини кофир ўлароқ кўрсада, Оллоҳ унинг қалбини иймонга очган эди. Шунинг учун (қариндошлари) ўлса жаҳаннамга кириши ва яқинининг жаҳаннамда азобланиши билан кўнгли оғришини жуда яхши билар ва кўзлари қуйидаги оятда баён қилинганидек севинар эди:
«Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир» (Фурқон: 74)».
Қайс ибн Ҳозим раҳимаҳуллоҳ айтди: «Биз қорнининг етти жойидан куйдирилган Хаббоб ибн Арат разияллоҳу анҳуни кўргани бордик. У айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тилашни таъқиқламаганларида эди, ўлимни тилар эдим. Чунки, касаллигим узоқ давом этмоқда. Оламдан ўтган дўстларимизнинг дунёлари етарли эди. Улардан кейин бизга шундай (кўп) дунё берилдики, уни сақлаш учун тупроқдан бошқа жойни топа олмадик. Кунларнинг бирида Каъба соясида тўнларини ёстиқ қилиб (узанган) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб: Ё Расулуллоҳ, биз учун мадад тиламайсизми?! – дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (аччиқдан) юзлари қизариб ўтирдилар ва шундай дедилар: «Оллоҳ номига онт ичиб айтаманки, сизлардан аввалгиларни ушлаб, бошидан арра солинар ва иккига айрилса ҳам уни динидан бирон нарса қайтара олмас эди. Оллоҳ , албатта, бу ишни адоғига етказади ва отлиқ Санъо ва Ҳазрамавт оралиғида Оллоҳдан ва қўйига бўридан қўрқибгина юрадиган кун келади!» (Шу мазмундаги лафз билан Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилди).
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу ўлим тўшагида экан: Тонг отдими?, – деди. Уни тикланди ва: Тонг отмади, – дейилди. Озгина вақт ўтгач эса: Тонг отди!, – дейилди. Шунда Муоз разияллоҳу анҳу шундай деди: «Оллоҳга тонгги жаҳаннам бўлган тундан сиғинаман! Камбғаллик ҳолатида келган севимли дўст – ўлим хуш келибди! Оллоҳим, мен Сендан доимо қўрқар эдим, бугун эса тилакда бўлмоқчиман. Оллоҳим, Сен яхши биласанки, мен Дунёни ва унда дарёларини ишлатиш ва кўчатлар экиш учун эмас, аксинча, жазирама (чанқоқлари)ни бостириш, машаққатлар билан курашиш ва зикр ҳалқаларига етишиш учун олимларга ортидан югуриш учун қолишни хоҳладим».
Салмон Форисий разияллоҳу анҳу айтди: «Мени уч киши ҳайратга солиб, кулдириб юборди: дунёни умид қилган ва ортидан ажал қувлаган одам; доимо назоратда бироқ ғофил бўлган одам; оғзи қулоғига етгунича кулган бирок Оллоҳ ундан безор ёки рози эканини билмаган одам. Уч нарса мени қайғуга солиб, йиғлатиб юборди: Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Унинг гуруҳидан айрилиш, (қабрлардан) чиқиб Роббимнинг ҳузурида туриш ва жаннат ёки жаҳаннамга боришимни билмаслигим».
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳу Каъба олдида оёққа туриб: «Ҳой одамлар, Мен Жундуб Ғифорийман! Шафқатли ва насиҳатгўй биродарингизнинг олдига келинглар!» – деди. Одамлар унинг атрофида тўпланишди. У: «Бировингиз сафарга отланса ўзига етарли ва сафарини охирига етказадиган озиқ олмайдими?!» – дея давом этди. Одамлар: Тўғри, – деб жавоб беришди. Абу Зарр разияллоҳу анҳу: «Қиёмат сафари, чиққан сафарларингизнинг энг узоғидир. Унда ўзингизга фойдали бўлган озиқни олинглар!» – деди. Одамлар: «Бизга фойдали бўлган озиқ нимадир?» – дейишди. Абу Зарр разияллоҳу анҳу: «Буюк ишлар учун ҳаж қилингиз, (маҳшарда) узоқ туриш учун оғир кунларда рўза тутингиз, қабрдаги ёлғизлик даҳшати учун кечанинг қоронғусида икки ракаат намоз ўқингиз! Буюк кунда туриш учун яхши гапларни гапирингиз ёки ёмон гаплар учун оғиз очмангиз! Молингиздан садақа қилингиз, шояд Қиёматнинг даҳшатидан қутиларсиз! Дунё учун икки мажлис қилингиз: бирида охиратни, иккинчисида ҳалол (неъматлар)ни қидирингиз! Учинчи ўтириш сизга фойда эмас, зарар беради. Молингизни икки қисмга бўлингиз: уларнинг бирини бу дунёда оилангиз учун, иккинчисини эса охиратингиз учун харажат қилингиз! Учинчиси эса сизга фойда эмас, зарар беради. Сиз буни хоҳламайсиз», – деб товушини: «Ҳой одамлар, сизларни сиз етиша олмайдиган ҳарислик ҳалок қилди!» – дея кўтарди».
Сиз одамларга савияларига кўра хитоб қилиш ҳамда қадимги ваъзларни соддалаштиришга эҳтиёжни ҳис этасиз.Сиз ишни Бишрул Ҳофий раҳимаҳуллоҳ каби олиб боринг. У: «Бу хонадондаги чумолилардан бири қишга тайёргарлик қилиб, дон тўплар эди. Бир куни донни олиб кетар экан, чумчуқ келиб донни ҳам, чумолини ҳам олиб кетди. Чумоли на ғамлаган нарсасини еди ва на орзусига эришди. Бировингиз сафарга отланса ўзига етарли ва сафарини охирига етказадиган озиқ олмайдими?! – деди. Одамлар: Тўғри, – деб жавоб беришди. Бишрул Ҳофий раҳимаҳуллоҳ: «Қиёмат сафари, чиққан сафарларингизнинг энг узоғидир. Унда ўзингизга фойдали бўлган озиқни олинглар!»,– деди. Одамлар: «Бизга фойдали бўлган озиқ нимадир?»– дейишди. Бишрул Ҳофий раҳимаҳуллоҳ: «Даҳшатли ишлар учун ҳаж қилингиз, (маҳшарда) узоқ туриш учун жазирамали кунда рўза тутингиз, қабрдаги даҳшат(дан қутилиш) учун қоронғу кечаларда икки ракаат намоз ўқингиз, буюк кунда туриш учун яхши гапларни гапирингиз!» – деди.
Сиз йўлда юриб бораяпсиз ва сулукингизни намойиш қилишингиз, гапириб эслатишдан кўра яхшироқдир. Агар шунга муваффақ қилиниб, Тўғри йўлга йўллансангиз, шундай денг:
«Ва (бунга) ёлғиз Оллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман» (Ҳуд: 88).
Сўнгги дуомиз: Барча оламлар Робби бўлган Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин!