×
Қаршингиздаги ушбу китоб Шайх ибн Усаймийн қаламларига мансуб бўлиб унда Рамазон ойига алоқадор бўлган муҳим масалалар кунлик дарс шаклида баён қилинади. Китобнинг ўзбек тилига таржимаси 29 рамазон 1428 ҳижрий (11.10.2007) йил тугалланди. Таржима «Ислом нури» веб саҳифаси қошида амалга оширилди. Қуръон оятлари таржимасида Алоуддин Мансурнинг изоҳли таржимасидан фойдаланилди.

Рамазон Суҳбатлари

Биринчи суҳбат:Рамазон ойининг фазилатлари

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Азиз биродарлар! Дарҳақиқат, бизларга улуғ ой, қимматли фурсат ташриф буюрди. Бу ой чексиз ажр-мукофотлар бериладиган, ҳар бир яхшилик истовчига яхшилик эшиклари очиладиган, хайр-баракот ойидир. «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас сизлардан Ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Токи сизлар бу саноқни тўлдирингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз (Бақара-185).

Бу ой раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлишдек неъматлар билан ўралган бўлиб, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлишдир. Бу ой фазилати хақида хабарлар машҳур, асарлар мутавотирдир. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазон ойи келганда Жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади». Бу ойда солиҳ амаллар кўп бўлиши ва амал қилувчиларга тарғиб бўлиши учун жаннат эшиклари очилади, аҳли иймон тарафидан гуноҳлар кам содир этилиши боис дўзах эшиклари беркилади ва шайтонлар ҳам занжирбанд қилиниб, бошқа ойларда эга бўлган эркинликларга бу ойда эга бўла олмайдилар.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«Менинг умматимга Рамазон ойида аввалги умматларга берилмаган беш хислат берилади:

1) Рўзадор оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида миск (мушки анбар) ҳидидан ҳам хушбўйроқдир;

2) Ифтор қилгунларига қадар малоикалар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар;

3) Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб унга айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар»;

4) Бу ойда шайтонларнинг катталари занжирбанд қилиниб, бошқа ойлардаги эркинликларига эга бўлолмайдилар;

5) Охирги кечада уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади».

«Эй Росулуллоҳ! У кеча Қадр кечасими?», деб сўралди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, қачон амал қилувчи амалини тугатгач, шунда унинг ажри (иш ҳақи) тўлиқ қилиб берилади».

Азиз биродарлар! Бу беш хислатни Аллоҳ сизлар учун сақлаб, бошқа умматлар орасидан сизларни улар билан хослаб, неъматини сизларга тўлиқ қилиб берди. Аллоҳнинг неъмати ва фазли сизларга нақадар кўп!! «(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалга буюрасиз, исён-гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли Китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан (Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирган) мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир» (Ол-и Имрон: 110).

Биринчи хислат: Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мискдан ҳам хушбўйроқ. Рўзадорнинг ошқозони таомдан холи бўлгани учун, унинг оғзидан келаётган ҳид одамлар наздида кариҳ-ёқимсиз бўлса ҳам, у Аллоҳнинг ҳузурида мискнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқ, чунки у Аллоҳ таолога тоат-ибодат натижасида пайдо бўлгандир. Аллоҳга бўлган тоат-ибодат туфайли пайдо бўлган ҳар бир нарса Аллоҳ субҳанаҳуга маҳбубдир ва У бунинг эвазига ундан кўра яхшироқ ва афзалроғини ато этади. Аллоҳнинг калимаси олий бўлишини истаб, Унинг йўлида қатл қилинган шаҳидни кўринг! Қиёмат куни жароҳатидан оқаётган қоннинг ранги қон рангида, ҳиди эса миск ҳидида бўлган ҳолда келади. Ҳажда ҳам Аллоҳ таоло Арафот аҳли билан малоикаларга фахрланиб, айтади: «Ана бу бандаларимга қаранглар, Менинг ҳузуримга сочлари тўзиган, чанг босган ҳолда келдилар» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти). Сочлар тўзиб, чангга беланиш ҳолати бу ўринда Аллоҳ таолога маҳбубдир, чунки бу ҳолат Аллоҳга тоат ва эҳромда ман қилинган нарсалардан сақланиш ҳамда зийнатни тарк қилишдан пайдо бўлган.

Иккинчи хислат: Ифтор қилгунларига қадар малоикалар уларнинг хақларига истиғфор айтиб турадилар. Малоикалар Аллоҳнинг хузурида хурматли, «Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган» (Таҳрим-6) бандалардир. Аллоҳнинг изни билан уларнинг рўзадорлар ҳаққига қилган дуолари Аллоҳ ҳузурида ижобат қилинишга лойиқдир. Аллоҳ таоло малоикаларга бу уммат рўзадорлари ҳақларига истиғфор айтишга изн бергани, уларнинг шаънларини улуғлаш, номларини кўтариш ва рўзаларининг фазилатини баён қилиш учундир.

Истиғфор – мағфират талаб қилиш. Мағфират эса дунёю охиратда гуноҳларни яшириш ва кечиб юборишдир. Бу энг олий талаб ва мақсаддир, зеро ҳар бир инсон хатокор, ўз жонига зулм қилувчи бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг мағфиратига муҳтождир.

Учинчи хислат: Аллоҳ ҳар куни жаннатини зийнатлаб, унга айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан халос бўлиб, сенга келадилар». Солиҳ бандаларининг жаннатга эришишларига тарғиб ўлароқ, ҳар куни Аллоҳ улар учун жаннатини зийнатлайди ва айтади: «Яқинда Менинг солиҳ бандаларим машаққат ва озордан халос бўладилар». Яъни дунёнинг машаққат, озор ва қийинчиликларидан халос бўлиб, дунё ва охират саодати, жаннатга элтувчи бўлмиш солиҳ амалларга киришадилар.

Тўртинчи хислат: Шайтонларнинг катталари занжиру кишанлар билан занжирбанд қилиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандаларини ҳақдан адаштириш ва яхшиликдан тўсишдек мақсадларига етолмайдилар. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз суюкли бандаларига душманларини кишанлаш билан берган ёрдамидир. Шунинг учун ҳам солиҳ кишиларни бу ойда бошқа ойларга қараганда яхшиликка рағбатлари ва ёмонликка нафратлари ортганини кўрасиз.

Бешинчи хислат: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бу муборак ойда кундузлари рўза тутиш ва кечалари намозда қоим бўлиш каби мажбуриятларини адо этсалар, эвазига Аллоҳ таоло Ўзининг фазли карами билан бу ойнинг охирги кечаси, амалларининг интиҳосида ажр-мукофотларини тўлиқ қилиб, уларнинг гуноҳларини кечириб юборади. Зеро, мардикор ҳам ҳақини ишни тугатгач олади.

Аллоҳ таоло бандаларини бундай мукофот билан сийлашининг учта сабаби бор.

Биринчи сабаб: Аллоҳ таоло бандаларига уларнинг гуноҳлари кечирилишига ва даражотлари кўтарилишига сабаб бўладиган солиҳ амалларни фарз қилди. Агар Аллоҳ буни фарз қилмаганида бандалар бу билан Аллоҳга ибодат қила олмасдилар. Ибодат фақатгина Аллоҳнинг пайғамбарларига юборган ваҳийси орқали олинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ваҳийсиз ўзларича шариат қуриб олганларни инкор қилиб, хатто буни ширк эканлигини эълон қилди: «Балки улар учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз аламли азоб бордир» (Шўро-21).

Иккинчи сабаб: Аллоҳ таоло уларни кўпчилик инсонлар тарк қилган солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилди, агар уларга Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи бўлмаганда эди, солиҳ амалларни қоим қила олмасдилар. Бу неъмати учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. «Улар сизга мусулмон бўлганларини миннат қилурлар. Айтинг: «Сизлар менга мусулмон бўлганларингизни миннат қилманглар. Балки агар (иймонингларда) содиқ бўлсангизлар Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилур» (Ҳужурот-17).

Учинчи сабаб: Аллоҳ таоло улуғ ажрларни ато этди. Бир ҳасана ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтирилди. Амалга тавфиқ ҳам, унга ажр ҳам Аллоҳнинг фазлидир. Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин.

Азиз биродар, Маъсиятдан тоатга, ғафлатдан зикрга ҳамда Аллоҳ таолога юзланиш каби рамазон хақларини ўтаган ҳолда рамазонга етишлик буюк бир неъматдир!

Эй инсон! Ражаб ойини гуноҳ билан ўтказганинг етмагандек, Шаъбон ойида ҳам гуноҳга ботдинг. Мана энди ҳузуринга рўза ойи келди, уни ҳам гуноҳ ойига айлантирмагин. Бу ойда Қуръон ўқи, кўп-кўп тасбеҳлар айт, зеро бу ой Қуръон ва тасбеҳ ойидир. Ўтган йил сен билан бирга рўза тутган қанча-қанча қариндошларинг, қўшниларинг ҳамда биродарларингни ўлим боқий дунёга олиб кетди, сени эса вақтинча қолдириб турибди, буни ғанимат бил!

Аллоҳим, Ўзинг бизларни ғафлат уйқусидан уйғот, боқий дунёга сафаримиздан олдин бизларни тақво билан озуқалантир, вақтинча берилган вақтни ғанимат билишимизни насиб эт, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматингга ол.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, ҳамда У кишининг оила аҳиллари ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.


Иккинчи суҳбат

Рўзанинг фазилати хақида

Азиз биродар, Рўза тоат-ибодатларнинг энг афзали ва улуғларидан. Унинг фазилати хақида кўплаб оят-хадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло уни ўтган барча умматларга фарз қилгани ҳам рўзанинг фазилатларидан саналади: « Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Рамазон рўзасининг фазилатларидан: Рўза гуноҳларга каффорот ва мағфират этилишга сабабдир. Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари албатта мағфират қилинади».

Яъни Аллоҳга иймон келтирган ҳолда, рўза унинг зиммасидаги фарз эканини хис қилиб, унинг савоб ва мукофотидан умидвор бўлиб, уни ёмон кўрмасдан, савоб ва мукофотида шубҳаланмасдан тутса, Аллоҳ таоло унинг ўтган гуноҳларини албатта кечиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган яна бир ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазонгача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади».

Рўзанинг фазилатларидан: Унинг савоби муайян саноқ билан чекланмаган, балки рўзадорга беҳисоб ажр-мукофотлар берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман». Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки қувончи бор, бири ифтори олдида, иккинчиси Парвардигорига йўлиққанида» (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслим ривоятида: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, (қилинган) ҳар бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача (мукофотланади), Аллоҳ таоло айтади: Фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман, шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади».

Бу ҳадиси шариф бир неча жиҳатдан рўзанинг фазилатига далолат қилади:

1) Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги шарафи, унга бўлган муҳаббати ва унда Ўзига банда томонидан бўлган ихлос зоҳир бўлгани учун ҳам бошқа амаллар орасидан рўзани Ўзи учун хослаб олди. Чунки рўза банда билан Парвардигори ўртасидаги сир, уни Аллоҳдан бошқа хеч ким билмайди. Рўзадор рўза сабабли ўзига ман этилган нарсаларни одамлардан холи ўринларда бемалол тановул қилиш имконига эга бўлса-да, ундан тийилади, чунки хилватда ҳам уни кўриб турувчи, унга буни ҳаром қилган Парвардигори борлигини билади ва Унинг азобидан қўрқиб, савобини умид қилганидан буни тарк қилади. Мана шу ихлоснинг мукофоти ўлароқ Аллоҳ таоло рўзани бошқа амаллар орасидан Ўзи учун хослаб олди. Бу хослашнинг фойдаси Қиёмат кунида билинади. Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Қиёмат куни Аллоҳ бандасини ҳисоб-китоб қилади. Агар бандаси зулм ўтказган бўлса, қилган ибодатларининг савобидан зулм қилган кишиларига олиб берилаверади. Ҳатто унинг ўзи учун ҳеч нарса қолмайди. Фақат рўзасининг савоби қолади. Кейин Аллоҳ уни рўзаси сабабли жаннатга киритади».

2) Аллоҳ таоло рўза ҳақида: «Унинг мукофотини Мен Ўзим бераман», деб, рўзага бериладиган мукофотни Ўзига нисбатлади. Маълумки, солиҳ амалларнинг савоби ададларга зиёда қилинади, бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача ва ундан ҳам зиёда кўпайтирилади. Аммо рўзага бериладиган мукофотни адад эътиборисиз Аллоҳ таоло Ўзига нисбатлади. Аллоҳ таоло энг Карамли ва энг Сахий Зотдир. Ҳадя ҳам уни берувчисига қараб бўлади. Демак, рўзадорга бериладиган мукофот беҳисоб даражада кўп.

Рўза (1) Аллоҳнинг тоати узра сабр қилиш, (2) Унинг қайтариқларига сабр қилиш, (3) очлик, ташналик ва бадан заифлигидан иборат Аллоҳнинг аламли қадарига сабр қилишдир. Рўзада мазкур сабр турларининг учаласи ҳам жамланганидан рўзадор сабр қилувчилар жумласидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтди: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур». (Зумар: 10)

3) Рўза қалқондир, яъни рўза ўз эгасини лағв ва фаҳш сўзу ишлардан тўсувчи воситадир, шунинг учун ҳам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутган ҳолда бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин», мана шундагина рўзаси уни дўзахдан сақлайди. Шунинг учун ҳам Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза - банда у билан дўзахдан сақланадиган қалқондир». (Имом Аҳмад ривояти).

4) Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳнинг хузурида мушкдан ҳам хушбўйроқ, чунки у рўза туфайли пайдо бўлган бўлиб, Аллоҳнинг хузурида хушбўй ва маҳбубдир. Одамлар орасида кариҳ ва ёқимсиз бўлган ҳид рўзадек тоат-ибодатдан ҳосил бўлгани учун Аллоҳ таолога ёқимли бўлиши рўзанинг Аллоҳ таоло хузуридаги шаънининг буюклигига далолат қилади.

5) Рўзадорга икки хурсандлик бор, бири ифтор вақтида, яна бири Парвардигорига йўлиққанда. Ифтор вақтида хурсанд бўлиши: Аллоҳ таоло унга солиҳ амалларнинг энг афзалларидан бўлмиш рўза ибодатини адо этиш неъматини ато қилганидандир. Чунки қанча-қанча инсонлар рўза тутмай, бу неъматдан маҳрумдирлар. Яна, рўзадорлик вақтида ман қилинган емоқ, ичмоқ ва қўшилмоқ каби неъматларни Аллоҳ таоло унга оғиз очгандан кейин мубоҳ қилганидан қувонади.

Парвардигорига йўлиққандаги хурсандлиги эса: савобга муҳтож бўлиб турган дамда, тутган рўзасининг мукофотини Аллоҳ таоло хузурида тўлиқ олиб, «Рўзадорлар қани, улардан ўзгаси кирмайдиган Райён эшикларидан жаннатга кирсинлар» деган нидони эшитганида қувонади.

Бу ҳадиси шарифда рўзадорларга кўрсатмалар бор: Агар рўзадорни бирон кимса сўкса ёки уришса, шунга яраша жавоб қайтармасин, чунки бу уриш-жанжалнинг зўрайишига сабаб бўлади. Лекин шу билан бирга, сукут сақлаш билан унинг олдида ожиздек кўриниб қолмаслик учун «мен рўзадорман» деб, огоҳлантириш лозим. Бу «сенинг жоҳиллигингга яраша жавоб қайтармаётганим заифлигимдан эмас, рўзанинг эҳтиромидан» деганга ишора бўлади ва мана шу билан уриш-жанжалнинг олди олинади: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришадилар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» ( Фуссилат: 34-35).

Рўза Қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам айтдилар:

«Рўза ва Қуръон Қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Раббим, мен уни таом ва шаҳватидан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!», дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!», дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).

Азиз биродар! Юқоридаги фазилатларга фақатгина рўзанинг одобларига риоя қилинганда эришилади. Шунинг учун тутаётган рўзангизни асраб-авайланг, ҳудудларини сақланг, ундаги камчиликлар учун Аллоҳ таолога тавба қилинг!

Парвардигоро, рўзаларимизни муҳофаза қилгин, уни бизларга шафоатгўй қилгин, ўзимиз, ота-оналаримиз ва барча мусулмонларни мағфират қилгин!

Пайғамбаримизга, у кишининг оилаларига ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин.


Учинчи суҳбат

Рамазон рўзасининг хукмлари

Азиз биродар! Рамазон рўзаси динимиз арконларидан ва унинг устунларидан биридир. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз. Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 183-185).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ислом беш нарса устига бино қилинган: Аллоҳдан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Байтуллоҳни Ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» ( Бухорий ва Муслим ривояти).

Рамазон рўзаси фарз эканига мусулмонлар қатъан ижмоъ қилишган, ким буни инкор қилса кофир бўлиб диндан чиқади, агар тавба қилмай шу ҳолда вафот этса, уни ювиб кафанланмайди, жаноза ҳам ўқилмайди, Аллоҳ раҳмат қилсин дейилмайди, мусулмонларнинг қабристонига кўмилмайди.

Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз йил рўза тутганлар. Рўзанинг фарзлиги икки босқичдан иборат бўлган. Биринчиси, киши рўза тутиш билан муҳтожларга таом бериш ўртасида ихтиёрли бўлган. Иккинчиси, ихтиёрсиз, рўзанинг фарзлиги тайин қилинган. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Салама ибн Акваъ розияллоҳу айтганлар: «Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир» ояти нозил бўлганда, ким хоҳласа рўза тутмай, унинг ўрнига мискин-бечорани бир кунлик таоми миқдорида эваз тўларди, сўнг кейинги оят нозил бўлиб ихтиёрлик бекор қилинди: «Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз», шу билан рўза тутиш ихтиёрсиз фарз қилинди».

Рамазон ойи кирмагунча рамазон рўзаси вожиб бўлмайди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ой кирмасидан аввал ҳам рўза тутилмайди: «Сизлардан биронтангиз Рамазондан бир кун ёки икки кун олдин рўза тутмасин, аммо кимнинг одатий рўза тутадиган куни бўлса, ўша куни тутсин» (Бухорий ривояти).

Қуйидаги икки ишнинг бири билан Рамазон ойининг кирганига ҳукм қилинади. Биринчиси: Ойни кўришлик. Аллоҳ таоло деди: «Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қачон ойни кўрсангиз рўза тутинглар» (Муттафақун алайҳ). Ойни ҳар бир кишининг ўзи кўриши шарт эмас, балки гувоҳлиги қабул қилинадиган бир кишининг кўриши билан барчага вожиб бўлади. Ойни кўрганлигига гувоҳлик берувчи шоҳид балоғатга етган, оқил, кўзи равшан ва омонатли мусулмон бўлиши шарт. Балоғатга етмаган ёш бола ҳамда мажнуннинг гувоҳлиги билан ойнинг кирганига ҳукм қилинмайди. Ушбу ҳадисга кўра кофирнинг гувоҳлиги билан ҳам Рамазоннинг кирганлигига ҳукм қилинмайди: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: «Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига келиб: «Мен Рамазон ойини кўрдим» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик берасанми?» дедилар. У: «Ҳа», деди. «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берасанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. «Эй Билол, одамларга эшиттир, эртадан рўза тутсинлар» дедилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмаддан бошқа етти имом ривоят қилишган).

Ёлғон билан танилган, шошқалоқ ёки ойни кўришга қодир бўла олмайдиган даражада кўзи ожиз кишиларнинг гувоҳликлари билан ҳам ойнинг кирганига хукм қилинмайди.

Аммо бир кишининг гувоҳлиги билан собит бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар: «Одамлар Рамазон ойини кўргани чиқдилар, мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ойни кўрганим хақида хабар берган эдим, ўзлари ҳам рўза тутдилар, одамларни ҳам тутишга буюрдилар» (Абу Довуд, Ҳоким ривояти).

Рамазон ойини аниқ кўрган киши бу ҳақда мусулмонларнинг раҳбарларига хабар бермоғи вожибдир, шу каби шаввол ва зул-ҳижжа ойлари ҳам, чунки бу билан рўза, фитр ва ҳаж каби вожиблар келиб чиқади. Вожиб нима билан мукаммал бўлса, у ҳам вожибдир. Агар бирон киши узоқ ерда ёлғиз ўзи рамазон ойини кўрса, аммо бу хақда мусулмонларга хабар етказа олмаса, ўзи рўза тутади ва имкон қадар бунинг хабарини етказишга ҳаракат қилади.

Рамазон ойининг бошлангани ёки тугагани хақидаги хабар ҳукумат тарафидан радио ва шунга ўхшаш воситалар орқали эълон қилинса, шунга кўра амал қилиш вожиб бўлади. Чунки буни ҳукумат тарафидан эълон қилиниши, амал қилиш вожиб бўлган шаръий ҳужжат хисобланади. Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларида рамазон ойининг бошланганлиги тўғрисида хужжат собит бўлгач, Билол розияллоҳу анҳуга рамазон ойининг кирганини эълон қилишни буюрдилар. Ва бу эълонга кўра барча мусулмонлар рўза тутишларини вожиб қилдилар.

Рамазон ойининг кирганлиги шаръий далил билан собит бўлгач, ойнинг манзилига эътибор берилмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам хукмни ойни кўришга тааллуқли қилганлар, унинг манзилига эмас: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)(Муттафақун алайҳ). Ва яна айтганлар: «Агар икки мусулмон гувоҳлик берса, рўза тутинглар ва рўзани тугатинглар» (Имом Аҳмад ривояти).

Иккинчи: Рамазондан аввалги ойни тўлиқ 30 кун қилиш билан ҳам Рамазон ойининг кирганлигига хукм қилинади. Сабаби, қамарий ойлар 30 кундан кўп ва 29 кундан кам бўлмайди. Аксар ҳолларда бир ёки икки ой комил бўлиб, учинчи ой ноқис бўлади. Энди қачон ой ўттиз кун бўлгач, гарчи ойнинг ўзи кўринмаса ҳам, шаръан кейинги ой кирганлигига ҳукм қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг ушбу сўзлари бунга далил бўлади: «(Рамазон ойининг) ҳилол(ини) кўриб рўза тутинглар, (шаввол ойининг) ҳилол(ини) кўриб оғзингизни очинглар (яъни рўзани тугатинглар)! Агар сизларга булутли бўлса, (ойни) ўттиз кун қилинглар!» (Имом Муслим ривояти).

Имом Бухорийнинг ривоятида: «Агар ой кўринмаса, Шаъбонни ўттиз кун қилиб тўлиқ ўтказинглар».

Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойини бошқа ойларга нисбатан жуда ғанимат билиб ўтказардилар, рамазон ойини кўргач рўза тутардилар, агар булутли бўлиб қолса ўттиз кун қилиб, сўнг рўза тутардилар» (Абу Довуд, Дору Қутний ривояти).

Ушбу ҳадислардан рамазон рўзаси ойни кўрмай тутилмаслиги, агар булутли бўлиб ой кўринмаса, шаъбон ойини ўттиз кун қилиниши маълум бўлади. Шаъбон ойининг ўттизинчи куни кун очиқ ёки булутли бўлишидан қатъий назар, рўза тутилмайди. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтганлар: «Шак куни ким рўза тутса Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлибди». (Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).

Парвардигор! Ҳидоятга эргашишни бизларга насиб эт, бахтсизлик ва ҳалокат сабабларидан бизларни узоқ қил, Рамазон ойини бизларга яхшилик ва баракот ойи қилиб, бу ойда Ўзинга итоатда бўлишимизга бизларга ёрдам бер, гуноҳ йўллардан Ўзинг сақла, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират эт, эй Раҳмли ва Меҳрибон Зот!

Пайғамбаримизга, у зотнинг оилалари, асҳоблари ва уларга эргашганларга салавот ва саломлар бўлсин.


Тўртинчи суҳбат

Таровеҳ намозининг ҳукми

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло бандаларига турли ибодатларни буюрди, бу ибодатлар ичида бажармаслик ёки камайтириш жоиз бўлмаган фарз ибодатлар бор, Аллоҳ таолога яқинликни ҳосил қиладиган нафллари бор. Бандалар буларнинг ҳар биридан ўз улушларини олишлари, бирини бажариб бошқасини ташлашлари мумкин эмас.

Намоз мана шулар жумласидан бўлиб, Аллоҳ таоло бандаларига бир кеча ва кундузда беш вақт намоз ўқишни фарз қилди. Амалда беш вақт бўлса ҳам, тарозуда эллик вақт бўлиб эътибор қилинишини ваъда қилди. Бу фарз намозларни комил бўлиши ҳамда Ўзига яқинликни янада зиёда бўлиши учун нафл намозларни жорий қилди. Булардан беш вақт намознинг суннатлари: бомдодда икки ракъат, пешин намозидан аввал тўрт, кейин икки ракъат, шом намозидан кейин икки ракъат ва хуфтондан кейинги икки ракъат суннат намозлардир. Булардан ташқари қиёмул-лайл, таҳажжуд деб номланган тунда ўқиладиган намозлар бўлиб, Аллоҳ таоло буларни қоим қилувчиларни Ўз Китобида мақтаб ёд этган:

«Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб — бедор ўтказадиган кишилардир» (Фурқон:64).

«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда:16-17).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фарз намозларидан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир» (Муслим ривояти).

Яна айтганлар: «Эй инсонлар! Саломни ёйинглар, таом едиринглар, қариндошлар билан борди-келди қилинглар ва тунда одамлар ухлаётган пайт намоз ўқинглар, жаннатга саломат кирасизлар». (Термизий ривояти).

Витр намози ҳам тунги намозлар жумласидан бўлиб, ози бир ракъат, кўпи ўн бир ракъатдан иборатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ёлғиз бир ракъат қилиб ўқиса ҳам, уч ракъат ўқиса ҳам бўлади: «Ким витрни бир ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин», «Ким витрни уч ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин».(Абу Довуд, Насоий ривояти).

Уч ракъатни бир бир ташаҳҳуд ва бир салом билан ўқишни истаса, бу ҳам жоиз. Таҳовий Умар ибн Хаттобни бир салом билан уч ракъат ўқиганларини ривоят қилган. Хоҳласа икки ракъатдан сўнг салом бериб, сўнг учинчи ракъатни алоҳида ўқийди. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо икки ракъат билан бир ракъат орасида салом берардилар, ҳатто баъзи хожатларига буюрардилар ҳам. Беш ракъатни бирин-кетин ўқиб охирида ташаҳҳудга ўтириш сўнгра салом билан тугатиш ҳам мумкин. Ушбу ҳадислар бунга далил бўлади: «Ким витрни беш ракъат ўқишни яхши кўрса, ўқисин» (Абу Довуд, Насоий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам тунда ўн уч ракъат намоз ўқирдилар, булардан беш ракъатини витр қилиб, охирги ракъатдан бошқа ракъатларда (ташаҳҳудга) ўтирмасдан ўқирдилар» (Муттафақун алайҳ).

Етти ракъатни ҳам худди беш ракъат каби ўқиш мумкин. Умми Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам етти ва беш ракъат витр ўқирдилар ва буларнинг орасини на салом ва на калом билан бўлмасдилар» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Тўққиз ракъат қилиб ўқиса ҳам бўлади. Саккиз ракъатни ташаҳҳудга ўтирмасдан ўқиб, саккизинчи ракъатда ўтириб ташаҳҳудни ўқийди ва дуо қилади, сўнг салом бермасдан туриб тўққизинчи ракъатни ўқийди ва ташаҳҳуд, дуо ва салом билан тугатади. Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрлари хақида шундай деганлар: «Тўққиз ракъат ўқирдилар, саккизинчи ракъатдан бошқасида ўтирмасдилар, Аллоҳни ёд этиб, Унга ҳамд айтиб, дуо қилардилар, сўнг туриб салом бермасдан тўққизинчи ракъатни ўқиб, сўнг ўтирардилар ва Аллоҳни ёд этиб, Унга ҳамд айтиб, дуо қилардилар, сўнг салом берганларини биз ҳам эшитардик» (Аҳмад, Муслим ривоятлари).

Ўн бир ракъат ўқиса ҳам бўлади. Хоҳласа ҳар икки ракъатда салом бериб, бир ракъат билан витр қилади. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозидан фориғ бўлгач бомдод намозигача бўлган оралиқда ўн бир ракъат намоз ўқирдилар, ҳар икки ракъатда салом бериб, бир ракъат билан витр қилардилар».(Термизийдан бошқа барча имомлар ривоят қилган).

Агар хохласа тўрт ракъат, сўнг тўрт ракъат, сўнг уч ракъат қилиб ўқийди. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам тунги намозни 11 ракъатдан оширмас эдилар. Аввал 4 ракъат ўқир эдилар. Сиз унинг гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг яна 4 ракъат ўқир эдилар. Сиз буларнинг ҳам гўзаллигию узунлиги ҳақида сўрамай қўя қолинг. Сўнг 3 ракъат ўқир эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Беш, етти, тўққиз ракъатни бўлмасдан бир салом билан ўқиш, ўзи якка холда ўқиганда ёки шуни ихтиёр қилган хос жамоатда мумкин. Аммо умумий масжидларда кўпчиликка машаққат бўлмаслиги учун имом ҳар икки ракъатда салом бермоғи афзал, чунки жамоатга мана шу енгилроқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам айтганлар: «Қайси бирингиз одамларга имомликка ўтса, намозни енгил ўқисин, чунки унинг орқасида кексалар, заифлар ва хожатмандлар бўлиши мумкин». Бошқа бир лафзда: «Ўзи ёлғиз ўқиса хоҳлаганича ўқийверсин». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан юқоридаги кайфиятларда витрни ўқиганликлари ривоят қилинмаган, ўзлари ёлғиз шундай ўқиганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан Рамазондаги тунги намозни бошқа ойдагиларга қараганда имтиёзи ва фазилати борлиги билинади: «Рамазон (кечаларида) иймон билан ва савоб умидида бедор бўлиб намоз ўқиган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ). «Иймон билан» сўзининг маъноси – Аллоҳга ҳамда Ул Зот рамазон кечаларида қоим бўлганларга хозирлаб қўйган савобга иймон келтириб, демакдир. «Савоб умидида» сўзининг маъноси эса – риё, сумъа ёки мол-дунё ва обрў умидида эмас, балки ёлғиз Аллоҳ таолонинг савобини умид қилиб деганидир. Рамазон кечаларида қоим туриш деганда, кечанинг бошидаги намозлар ҳам, охиридаги намозлар ҳам эътибор қилинади. Мана шунга биноан таровеҳ намози ҳам Рамазоннинг тунги ибодати бўлгани учун Аллоҳдан ажр-савоб умид қилиб, бу ибодатга ҳарис бўлиш ва эътибор бериш лозим. Ақлли мўмин киши жуда оз муддатда ўтиб кетадиган бу саноқли кечаларни қўлдан бой бермай ҳаракат қилади албатта!

Таровеҳ деб номланишига сабаб - одамлар уни узун қилиб ўқишар ва ҳар тўрт ракъатдан кейин бир оз ором олиб ўтиришар эди, шунинг учун ҳам таровеҳ-ором олишлар деб номланган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таровеҳ намозини жамоат билан масжидда ўқишни биринчи бўлиб йўлга қўйганлар, кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб бу ишни тарк этганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча намозни масжидда ўқидилар, одамлар ҳам У зотга эргашиб ўқидилар, сўнг кейинги кечада ҳам ўқидилар, одамлар кўпайиб кетди, сўнг учинчи ёки тўртинчи кечада ҳам йиғилдилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига чиқмадилар. Тонг отгач: «Кечаси йиғилганингизни кўрдим, сизларга фарз бўлиб қолиши кейин эса тоқат қила олмаслигингиздан қўрққанлигим олдингизга чиқишдан мени тўсди», дедилар. Бу Рамазонда бўлганди (Саҳиҳайнда келган).

Абу Зар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам билан бирга рўза тутдик, Рамазондан етти кун қолгунича биз билан (тунда) намоз ўқимадилар. Кейин (етти кун қолганда) биз билан кечанинг учдан бири қолгунча намоз ўқидилар. Олти кун қолганда биз билан ўқимадилар. Сўнг беш кун қолганда биз билан кечанинг ярми кетгунча намоз ўқидилар. Биз: «Эй Расулуллоҳ, бу кечамизнинг қолганида ҳам бизларга ўқиб берсангиз», деган эдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки (Рамазонда) имоми тугатгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганнинг савоби ёзилади» дедилар.(Сунан соҳиблари ривоят қилган).

Салафи солиҳлар таровеҳ намозини витр билан бирга неча ракъат эканлиги ҳақида турли хил фикр билдиришган. Баъзилар 11 ракъат, баъзилар 13 ракъат, баъзилар 19 ракъат, баъзилар 21 ракъат, баъзилар 23 ракъат, баъзилар 29 ракъат, баъзилар 39 ракъат, баъзилар эса бундан бошқа фикрларни ҳам билдиришган. Буларнинг ичидаги рожиҳроқ фикр 11 ёки 13 ракъат эканидир. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда айтилишича, Оиша розияллоҳу анҳо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазондаги намозлари ҳақида сўралганларида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракъатдан зиёда ўқимаганлар», деб жавоб берганлар (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намозлари ўн уч ракъат эди» (Бухорий ривояти).

Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу дедилар: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорийни одамларга 11 ракъат намоз ўқиб беришга буюрдилар» («Муватто»да келган).

Салафи солиҳлар таровеҳ намозини жуда узун ўқирдилар. Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу айтадилар: «Имом юз оятлаб ўқир эди, қиёмнинг узунлигидан асоларимизга суяниб қолардик». Бу ҳозирги кундаги аксар мусулмонларнинг таровеҳ намозини шошиб, ҳар бир рукнни тўла бажармай ўқишларига зиддир. Хусусан, намозни ўқиб бераётганлар ўзларининг тез ўқишлари билан орқаларида турган заифлар, касаллар ва кексаларни қийнаб, ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам гуноҳга қўйишмоқда. Уламолар: «Имом унга эргашганларга бирон суннат амални бажаришларига имкон бермайдиган даражада намозни шошиб ўқиши макруҳдир», дейишган, шундай экан, энди вожиб амални бажаришларига имкон бермасликка нима дейсиз? Аллоҳ бундан асрасин.

Ҳар бир киши таровеҳнинг савобидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун уни масжидда ўқишдан қолмасин. Агар таровеҳни имом билан бошлаган бўлса, то имом витрни ўқиб тугатмагунича кетиб колмасин. Чунки, имоми билан таровеҳнинг охиригача бирга бўлган киши кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганлик ажрига эга бўлади.

Аёллар фитнадан омон бўлишса, таровеҳ намозини ўқиш учун масжидларга келишлари жоиздир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг аёл бандаларини Аллоҳнинг масжидларидан тўсманглар». Чунки бу салафи солиҳ розияллоҳу анҳумнинг амалларидандир. Лекин аёллар ҳижобда, авратларини бекитиб, хушбўйланмаган, товушларини кўтармаган ва зийнатларини кўрсатмаган холда келишлари шарт.

Аллоҳ таоло деди: «Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

Яъни рўмол ва ёпинчиқ каби яшириб бўлмайдиган, кўриниб турадиган либослари мустасно, чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни ҳайит намозига чиқишга буюрганларида Умму Атийя: «Эй Росулуллоҳ, баъзиларимизда ёпинчиқ йўқ», деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларга опа-сингиллари ўз ёпинчиқларидан кийдирсинлар», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Аёллар эркаклардан орқада, улардан узоқ бўлиб, эркакларнинг аксича, сафни энг орқадан бошлайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам айтганлар: «Эркаклар сафларининг яхшиси аввали ва ёмони уларнинг охиридир. Аёллар сафларининг яхшиси охири ва ёмони уларнинг аввалидир» (Муслим ривояти).

Имом салом бериши билан аёллар кечикмасдан дарҳол масжиддан чиқиб кетадилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом беришлари билан аёллар туриб кетардилар ва У Зот турмасдан бир оз жойларида қолардилар». Умму Салама айтдилар: «Валлоҳу аълам, билишимизча бу — аёллар эркакларга тўқнаш келмасдан аввал тарқаб кетишлари учун бўлса керак» (Бухорий ривояти).

Парвардигор! Салафи солиҳларга ато этган яхшиликларга бизларни ҳам муваффақ эт. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг ила мағфират қил.

Пайғамбаримизга, оилаларига ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.


Бешинчи суҳбат

Қуръон ўқишнинг фазилати

Азиз биродар, Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-соттидан (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)» (Фотир: 29-30).

Қуръон тиловати икки турлидир:

Биринчи тури: Ҳукмий тиловат бўлиб, Қуръон хабарларини тасдиқлаш, буйруқларини қилиш ва қайтариқларидан сақланиш билан ҳукмларини бажаришга айтилади. Қуйироқда бу хақда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Иккинчи тури: Лафзий тиловат бўлиб, бу Қуръонни ўқишдир. Қуръон ўқишнинг фазилати хақида Қуръоннинг сура ва оятларида кўплаб нусуслар (далиллар) келган. «Саҳиҳ Бухорий»да Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганларингиздир».

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонга моҳир киши улуғ фаришталар билан бирга бўлур. Қуръонни ҳижжалаб, қийналиб ўқиётган кишига эса икки ажр бўлур». Яъни, бири Қуръон ўқиётганига бўлса, иккинчиси уни ўқишдаги машаққатигадир.

Яна «Саҳиҳайн»да Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Қуръон ўқийдиган мўминнинг мисоли утружжа (цитрус меваларидан бири)га ўхшайди, ҳиди хушбўй, мазаси ҳам ширин. Қуръон ўқимайдиган мўминнинг мисоли хурмога ўхшайди, хиди йўқ, мазаси эса ширин».

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Умома розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам бундай деганлар: «Қуръонни ўқинглар, чунки у Қиёмат Куни Қуръон ўқувчига шафоатчи бўлади».

Яна «Саҳиҳ Муслим»да Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан биронтангиз масжидга бориб, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан икки оят ўрганиши ёки икки оят ўқиши икки туядан яхшидир. Учтаси учтасидан, тўрттаси тўрттасидан ва қанча оят бўлса шунча адад туялардан яхшидир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда тўпланишиб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилиб ўрганишса, улар устига Аллоҳ томонидан сокинлик туширилади ва уларни раҳмат ўраб олади ҳамда фаришталар уларни қуршаб оладилар ва Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги зотларга уларни зикр қилади» (Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: «Қуръонни қайтариб туринглар, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Қуръоннинг ёддан чиқиши туя арқонидан чиқиб кетишидан кўра тезроқдир» (Муттафақун алайҳ).

«Бирорталарингиз Қуръоннинг фалон ва фалон оятларини унутдим демасин, балки у унуттирилгандир» (Муслим ривояти). Чунки унинг унутдим деган сўзи Қуръондан ёдлаганларини то унутиб юборгунича қайтармаганлигини билдириб қўяди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана бўлади. Бу бир ҳасана ўзига ўхшаган ўнта ҳасана билан бирга бўлади. Мен «Алиф, лам, мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Термизий ривояти).

Яна Ибн Масъуд айтади: Мана бу Қуръон Аллоҳнинг зиёфати, Унинг зиёфатини иложи борича қабул қилинглар. Бу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони, Ёрқин нур ва фойда берувчи шифодир. Уни ушлаган кишига саломатлик, унга эргашган кишига нажотдир. Унинг ажойиботлари туганмас, кўп такрорлаш билан эскирмас. Уни ўқинглар Аллоҳ сизларга унинг ҳар бир ҳарфига ўнтадан ҳасанот беради. Мен «Алиф, лам, мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир (Ҳоким ривояти).

Азиз биродар! Бу айтилганлар Қуръон ўқишнинг фазилатлари ва Аллоҳдан ажру розилик истаб ўқиган кишига бериладиган савоблардир. Оз ишга кўпдан-кўп ажрлар! Бунда сусткашлик қилган одам ютқазувчи, фойдани қўлдан бой берган киши зиёнкордир! Ушбу фазилатлар Қуръоннинг барчасини ўз ичига олади. Муайян сураларнинг фазилатлари ҳақида ҳам ҳадислар келган. Мазкур суралардан бири «Фотиҳа» сурасидир.

«Саҳиҳ Бухорий»да Абу Саид ибн Муалло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар: «Мен сизга Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатаман: «Алҳамду» сураси, «الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ» у такрорланувчи еттилик ва менга берилган Қуръони азиймдир».

Фазилати улуғлигидан уни қироат қилиш намознинг рукнларидан бири қилинди, усиз намоз саҳиҳ бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фотиҳатул Китоб»ни ўқимаган кишининг намози намоз эмасдир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким сураи Фотиҳа ўқимасдан намоз ўқиса, у намоз нуқсонлидир» деб уч марта такрорладилар (Муслим ривояти).

«Бақара» ва «Оли Имрон» суралари ҳам мазкур суралардандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки нур сочувчини - «Бақара» ва ««Оли Имрон»ни ўқинглар. Чунки, у иккаласи қиёмат куни иккита булутдек ёки саф тортиб келувчи икки гала қушлар каби ўз эгаларини ҳимоя қилиб келади. «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди», дедилар (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сураи Бақара» ўқиладиган уйга шайтон кирмайди» (Муслим ривояти). Чунки, унинг ичида «Оятал-курсий» бор бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда уни кечасида ўқиган одамга Аллоҳ томонидан бир асровчи бўлиши ва то тонггача унга шайтон яқинлаша олмаслиги айтилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Жибрил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида туриб дедилар: «Осмондан бир эшик очилдики, илгари ҳеч очилмаган эди. Ундан бир фаришта тушиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва: «Сизга берилган, сиздан аввал бирон пайғамбарга берилмаган иккита нур билан хурсанд бўлинг – Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охирги оятлари, улардан бир ҳарф ўқисангиз ҳам (у далолат қилган маънодаги тилагингиз) албатта берилади», деди» (Муслим ривояти).

Мазкур фазилатли суралардан яна бири - «قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ» (Ихлос) сурасидир. «Саҳиҳ Бухорий»да Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сура ҳақида айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенгдир». Фазилатда тенг бўлиши унинг ўрнига ўтади дегани эмас. Шунинг учун ҳам бу сурани намозда уч марта ўқилса ҳам Фотиҳанинг ўрнига ўтмайди. Бир нарсанинг бошқасига фазилатда тенг бўлиши унинг ўрнига ўтишини лозим тутмайди. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодир" деса, Исмоил фарзандларидан тўрттасини қулликдан озод қилган кишининг ажридек савобга эришади» дедилар. Демак бир кишининг зиммасида тўртта қулни озод қилиш каффороти бор бўлиб ушбу зикрни айтса, унинг зиммасидаги каффорот соқит бўлмайди, гарчи у фазилатда унга тенг бўлса ҳам.

«Муъаввизатони» - «Ал-Фалақ» ва «Ан-Нос» суралари ҳам мазкур фазилатли суралардан. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу кеча менга уларга ўхшаши ҳеч кўрилмаган оятлар нозил қилинди: «قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَق» ва «قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ»» (Муслим ривояти).

Насоий ривоятида: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уқбани ушбу икки сурани ўқишга буюриб, сўнгра дедилар: «Бирон бир сўровчи бу иккисига ўхшагани билан сўраган эмас, бирон паноҳланувчи бу иккисига ўхшагани билан паноҳланмаган».

Азиз биродарим! Шундай экан, муборак Қуръони карим тиловатига, хусусан у нозил қилинган ушбу муборак ойда кўпроқ жидду-жаҳд қилинг. Зеро, ушбу ойда Қуръон ўқишнинг айрича хусусиятлари бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда Қуръонни тўлиқ ҳолда Жаброил алайҳис-салом назарларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Аллоҳнинг китобини бу улуғ фаришта назоратларидан икки марта ўтказиб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини маҳкам ушлаган салаф уламолар Рамазонда намозларда ва намоздан ташқарида кўп Қуръон ўқир эдилар. Улардан айримлари хатмни ҳар беш кунда тугатсалар, айримлари ҳар уч кунда хатм қилардилар

Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кирса: «Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир»- деб айтардилар.

Ибн Абдулҳакам айтади: «Имом Молик Рамазон ойи кирганида ҳадис ўқишни ва илм аҳли давраларини тарк қилиб, мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга киришар эдилар».

Қатода раҳимаҳуллоҳ ҳар доим етти кунда, Рамазонда эса уч кунда хатм қилардилар. Охирги ўн кунлигида ҳар кеча хатм қилардилар.

Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ Рамазонда ҳар уч кечада, охирги ўн кунликда эса ҳар икки кечада хатм қилардилар.

Асвад раҳимаҳуллоҳ ҳар доим Қуръонни икки кечада ўқиб чиқардилар.

Сиз ҳам ана шу зотларга эргашинг, уларнинг йўлларига йўлланинг, солиҳлар даврасига қўшиласиз. Туну кунларингиздан Азиз ва Ғаффор зотга яқинлаштирадиган ишлар билан фойдаланиб қолинг. Зеро, умрлар шошқин сойдек ортга қайтмас бўлиб ўтиб бормоқда.

Парвардигор! Ўз Китобингни Ўзинг рози бўладиган кўринишда тиловат қилишимизга муваффақ айла. Бизларни Қуръон воситасида тўғри йўлга йўлла. У билан зулматлардан нурга чиқар. Уни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат қил. У сабабли даражаларимизни юксалтир. У сабабли бизларни ҳалокат чоҳларидан қутқар. Ўз раҳматинг билан бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират айла.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва ва асҳобига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.


Олтинчи суҳбат

Рўза тутиш-тутмаслик борасида одамлар бир неча қисмга бўлинишлари ҳақида

Азиз биродар, учинчи суҳбатда айтиб ўтилганидек, аввал бошда рўзанинг фарзлиги икки босқичда бўлган ва кейинроқ рўзанинг аҳкомлари барқарор бўлиб, у тўғрида одамлар ўн қисмга бўлиндилар:

Биринчи қисм: Балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида, мусофир эмас, рўза тутишга қодир, монеълардан саломат киши бўлиб, унга Рамазоннинг рўзасини ўз вақтида тутиш фарз бўлади. Китобу Суннат ҳамда ижмоъ шунга далолат қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳилолни кўрсангиз рўза тутинглар!» (Муттафақун алайҳ).

Юқорида васфи ўтган кишиларга рўзанинг фарз эканига мусулмонлар ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

Аммо кофир кимсага рўза тутиш вожиб эмас, тутса ҳам дуруст саналмайди. Чунки у ибодат аҳлидан эмас. Агар Рамазон ойи асносида Исломни қабул қилса, ўтган кунларнинг қазоси унга лозим бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур» (Анфол: 38). Агар Рамазон ойининг кундузида Исломни қабул қилса, шу куннинг қолган қисмида рўза тутиши лозим. Чунки у Исломга кириши билан рўза фарз бўлган кишилардан бўлиб қолди. Шу куннинг қазосини тутиши лозим эмас. Чунки оғизни бекитиш пайтида унга рўза фарз бўлмаган эди.

Иккинчи қисм: Ёш болага то балоғатга етмагунича рўза фарз бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қалам (яъни савоб ё гуноҳ ёзилиши) уч кишидан кўтарилган: ухловчидан то уйғонгунига қадар; гўдак боладан то балоғатга етгунига қадар; мажнундан то ақли жойига келгунига қадар» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган).

Лекин унинг валийси (яъни ундан масъул одам, ота каби) уни рўза тутишга қодир деб билса, тоат-ибодатга чиниқиб бориши ва балоғатга етганидан сўнг бу нарса унга оғир кўринмаслиги учун, салафи солиҳлар қилганидек, болани рўзага буюради. Саҳобалар розияллоҳу анҳум ёш болаларига ҳам рўза туттирар, овқат сўраб йиғлашса, жундан ўйинчоқ ясаб бериб, шу билан овутар эдилар.

Кўп кишилар бугунда бунга бепарво қарайди, болаларини рўзага буюришмайди. Аксинча, айримлар болаларини – гарчи болаларнинг ўзлари рўза тутишни истасалар-да – бундан ман қилишади ва буни уларга нисбатан меҳрибонлик деб ўйлашади. Аслида, уларни Исломнинг анъаналари ва юксак таълимотлари асосида тарбиялаб, ўстиришлари уларга нисбатан ҳақиқий меҳрибонлик бўлур эди. Ким уларни бундан ман қилса ёки бу борада бепарволикка йўл қўйса, ҳам уларга, ҳам ўзига зулм қилган бўлади. Аммо, қачонки ёш болалар рўза тутиб кўриб, қийналишлари аниқ бўлгач, шундагина уларни бундан ман қилишнинг зарари йўқ.

Ўғил боланинг балоғатга етиши қуйидаги уч ишдан бири билан ҳосил бўлади:

1) Эҳтилом ёки бошқа сабаб билан маний (уруғ суви) ташқарига чиқиши;

Аллоҳ таоло айтади: «Қачон гўдакларингиз балоғатга етсалар, бас улар ҳам худди улардан илгари (балоғатга етганлар) каби (киришдан олдин) изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Нур: 59).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жума куни ғусл қилиш ҳар бир эҳтилом ёшига етган кишига вожибдир» (Муттафақун алайҳ).

2) Жинсий аъзо атрофида дағал тук ўсиши;

Атийя ал-Қурозий розияллоҳу анҳу айтади: «Биз (Бану Қурайза яҳудлари) Қурайза жанги куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара қилиндик. Ким эҳтилом ёшига етган ёки қовуғида тук ўсиб чиққан бўлса қатл қилинди, ундай эмаслар қолдирилди» (Аҳмад, Насоий ривояти, саҳиҳ).

3) Ўн беш ёшга тўлган бўлиши;

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Мен Уҳуд жанги куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга рўпара қилиндим, ўн тўрт ёшда эдим, (жангга чиқишимга) изн бермадилар. (Байҳақий ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ санад билан: «Мени балоғатга етган деб кўрмадилар» деб зиёда қилганлар). Хандақ жанги куни у зотга рўпара қилиндим, ўн беш ёшда эдим, ижозат бердилар» (Байҳақий ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ санад билан: «Мени балоғатга етган деб кўрдилар» деб зиёда қилганлар). (Муттафақун алайҳ).

Ибн Нофеъ айтади: «Мен Умар ибн Абдулазиз халифалик пайтида унинг ҳузурига бориб, ушбу ҳадисни айтиб берган эдим, у: «Бу – ёш бола билан катта киши ўртасидаги ҳад-чегара», деди ва омилларига ўн беш ёшга етганларга (лашкарга бериладиган маошдан) тайин қилиш ҳақида ёзиб юборди» (Бухорий ривояти).

Қиз боланинг балоғатга етиши ҳам ўғил боланинг балоғатга етишидаги нарсалар билан ҳосил бўлади. Бироқ, қизларда бунга қўшимча равишда, ҳайз кўриши шарт қилинади. Аёл киши қачон ҳайз кўришни бошласа, гарчи ўн ёшга етмаган бўлса ҳам, балоғатга етган ҳисобланади ва унга рўза тутиш фарз бўлади.

Агар балоғатга етиш Рамазоннинг кундуз кунида содир бўлса, балоғатга етган киши рўзадор бўлса, рўзасини охирига етказади. Агар рўзадор бўлмаса, куннинг қолган қисмида рўза тутади ва шу куннинг қазосини тутиш лозим бўлмайди.

Учинчи қисм: Мажнун – ақли ожиз бўлган одамга рўза фарз бўлмайди, бунга юқорида ўтган «Қалам (яъни савоб ё гуноҳ ёзилиши) уч кишидан кўтарилган: ухловчидан то уйғонгунига қадар; гўдак боладан то балоғатга етгунига қадар; мажнундан то ақли жойига келгунига қадар» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган) ҳадиси далил бўлади. Мажнун кишининг рўзаси яроқли ҳисобланмайди. Чунки унинг ибодатни англайдиган ва уни ният қиладиган ақли бўлмайди. Ибодат эса фақатгина ният билан яроқли бўлади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар фақатгина ниятлар билан (эътибор қилинади) ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсасигина (бўлади)», деганлар (Бухорий ривояти).

Гоҳ жунуни тутиб, гоҳ ўзига келиб қоладиган кишига эс-ҳуши жойидалик ҳолида рўза тутиш лозим бўлиб, жунуни тутган пайтда рўза лозим бўлмайди. Агар кундуз асносида жунуни тутиб қолса, худди касаллик ёки бошқа сабаб билан ҳушини йўқотганда бўлгани каби рўзаси ботил бўлмайди. Чунки у ақли жойида пайтида саҳиҳ ният билан ният қилган эди. Хусусан, жунуни маълум соатларда тутиши маълум бўлса, унинг рўзаси ботил бўлишига далил йўқ. Бинобарин, мажнунлик ҳосил бўлган куннинг рўзасини қазо қилиш лозим бўлмайди. Агар мажнун Рамазоннинг кундузида ўзига келиб қолса, ўша куннинг қолган қисмида рўза тутиши лозим. Чунки у вожиблик аҳлига айланди. Худди ёш бола балоғатга етиб қолганда ёки кофир мусулмон бўлганда қазо лозим бўлмагани каби унга ҳам қазо лозим бўлмайди.

Тўртинчи қисм: Алжираб қолган, тамйизи (одамни таниши, ажратиши) йўқолган ўта кекса кишига рўза тутиш ҳам, унинг номидан таом бериш ҳам вожиб бўлмайди. Чунки тамйизини йўқотиб, гўдак болага ўхшаб қолгани учун ундан фарзлик соқит бўлади. Агар баъзан одам таниб, баъзан алжираб қоладиган бўлса, тамйизи бор пайтда рўза фарз бўлиб, алжираши ҳолатида рўза фарз бўлмайди. Намоз ҳам худди шундай.

Бешинчи қисм: Рўза тутишдан давомий суратда ожиз бўлган, ожизлиги кетиши умид қилинмайдиган кекса одамга ёки тузалишидан умид йўқ бўлган саратон (рак) каби касалликка чалинган кишига рўза тутиш вожиб эмас. Чунки рўза тутишга унинг кучи етмайди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчидирлар» (Тағобун: 16).

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» (Бақара: 286).

Лекин бундай киши рўза тутиш ўрнига ҳар кунига бир мискинга таом бериши лозим. Чунки рўза илк фарз бўлган пайтда Аллоҳ таоло рўза тутиш билан таом бериш ўртасини ихтиёрли қилиб, ҳар иккисини баробар санаган, кейинроқ рўза тутишдан ожиз одам учун рўза ўрнига мискинга таом бериши тайин топган.

Таом беришда уни дон-дун (яъни пиширилмаган, хом) ҳолида мискинларга тарқатиш билан таом ҳозирлаб, рўза тутолмаган кунлари миқдорда мискинларни чақириб, едириши ўртасида ихтиёрлидир. Дон-дун ҳолида тарқатганда ҳар бир мискинга бир муд, чорак набавий соъ миқдорида – муднинг вазни 510 граммга тенг – яхши буғдой (ёки гуруч) тарқатади.

Бухорий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кекса мўйсафид рўза тутишга қодир бўлмаса (таом беради), Анас розияллоҳу анҳу кексайиб қолгач, бир ё икки йил ҳар бир куни учун бир мискинга нон ва гўшт бериб, рўза тутмаган эдилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қари чол-кампирлар рўза тутишга қодир бўлмасалар, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни тўйдирадилар, деганлар (Бухорий ривояти).

Азиз биродар, Шариат Аллоҳ таоло томонидан келган ҳикмат ва бандаларига юборган раҳматдир. У енгиллик ва қулайликка, пишиқ-пухталик ва ҳикмат устига қурилган. Аллоҳ таоло уни ҳар бир мукаллафга унинг ҳолига қараб вожиб қилди. Токи ҳар ким ўз зиммасига юкланган вазифани кўнгилдан чиқариб, ўзи рози бўлиб, Аллоҳни Роб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб рози бўлган ҳолда адо этсин.

Эй мўминлар! Сизларга ушбу ҳақ динга ҳидоятланиш неъматини ато этгани учун Аллоҳга ҳамду санолар айтингиз, сизларни то ўлгунча шу неъмат устида барқарор қилишини сўрангиз, зеро қанча-қанча одамлар ушбу неъматдан бенасиб қолишган.

Эй Парвардигор! Сендан ўзга илоҳ йўқ, фақат ёлғиз Сен ўзинг ягона, беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, бирон тенги бўлмаган Зот эканингга гувоҳлик бериб, Саховатли ва еру-осмонларни Яратувчи бўлган Сендан ўзга илоҳ йўқ эканини восита қилиб Сендан сўрайман, эй улуғлик ва буюклик Эгаси, эй абадий Барҳаёт ва мангу Тирик Зот, бизларни Ўзинг яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилгин, Сени Роб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб рози бўлган кишилардан қилгин ва то ўлгунимизча шунда барқарор қилгин, хато ва гуноҳларимизни Ўзинг кечиргин, Ўз тарафингдан бизларга раҳмат ато этгин, албатта Сен Ваҳҳобдирсан.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига, то қиёмат уларга эргашган кишиларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Еттинчи суҳбат

Рўза тутиш-тутмаслик борасида одамлар бир неча қисмга бўлинишлари ҳақида (давоми)

Азиз биродарлар! Аввалги суҳбатимизда рўзанинг ҳукмлари борасида одамлар бўлинган қисмларнинг бештаси ҳақида сўз юритган эдик. Ушбу суҳбатимизда шу мавзуни давом эттирамиз.

Олтинчи қисм: Мусофир одам, агар сафари билан рўзага нисбатан ҳийла қилишни қасд қилмаган бўлса рўза тутиш-тутмасликда ихтиёрлидир (агар қасд қилган бўлса, рўза тутмаслик унга ҳаром бўлади ва албатта рўза тутиши вожиб бўлади), сафари муддати хоҳ узоқ бўлсин, хоҳ яқин бўлсин, хоҳ бирон иш билан сафарга чиққан бўлсин, хоҳ тоира учувчилари ва автобус ҳайдовчилари каби давомий сафарда юрадиган киши бўлсин, фарқсиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185).

«Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафар қилардик, шунда рўза тутган киши тутмаганни, тутмаган киши тутганни айб қилмасди».

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «(Саҳобалар) кимда-ким ўзини қувватли билиб рўза тутса, бу яхши иш деб кўришар, ким ўзини заиф билиб рўза тутмаса, буни ҳам яхши иш деб кўришарди».

«Сунан Аби Довуд»да Ҳамза ибн Амр ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У: «Ё Расулуллоҳ, менинг маркабим (уловим) бор, мен уни (тирикчиликка) ишлатаман, унда сафар қиламан ва кирага бераман. Кўпинча ушбу ой – яъни Рамазон – менга (сафарда) тўғри келади. Мен ёш йигитман, қувватим бор, рўза тутишим уни кечиктириб, бўйнимда қарз бўлиб қолишидан кўра мен учун енгилроқ деб топаяпман. Ё Расулуллоҳ, рўза тутсам улуғроқ ажрга эга бўламанми, тутмасамми?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бирини истасанг қилавер, эй Ҳамза», дедилар.

Агар автобус ё такси ҳайдовчиси Рамазонда сафарда, масалан, иссиқ туфайли рўза тутишга қийналса, ҳаво салқинлашадиган ва рўза тутишга қийналмайдиган вақтгача кечиктириб, кейин тутади. Мусофир учун афзали – ўзи учун енгилини қилишдир. Агар рўза тутиш билан тутмаслик баробар бўлса, тутиши афзал бўлади. Чунки, зиммасидаги қарзидан тезроқ қутулади, одамлар рўза тутган пайтда тутиб олиши енгилроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Рамазонда қаттиқ иссиқда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқдик. Баъзилармиз иссиқнинг зўридан қўлини бошига қўйиб оларди. Ичимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва Абдуллоҳ ибн Равоҳадан бошқа рўзадор йўқ эди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутиш асҳобларини қийнаб қўйганини билганларида уларни риоя қилиб рўзаларини очганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳ йилида Маккага қараб йўлга чиқдилар ва рўза тутдилар. Одамлар ҳам у киши билан рўза тутдилар. Куроъ ал-Ғамимга етиб борганларида у зотга: «Рўза тутиш одамларни қийнаб қўйди, улар сиз нима қилишингизга қараб туришибди», дейилди. Шунда, асрдан сўнг, бир коса сув чақиртириб одамларга кўрсатиб ичдилар» (Муслим ривояти).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир сувидан ҳосил бўлган бир жилғадан ўтдилар. Кун иссиқ, одамлар яёв ҳолда, рўза тутишган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса хачирга минган ҳолда эдилар. Шунда у зот: «Эй одамлар, ичинглар!», дедилар. Одамлар кўнишмади. «Мен сизлар каби эмасман, менинг аҳволим енгил, мен отлиқман», дедилар. Одамлар шунда ҳам ичишга кўнмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушиб ичдилар, одамлар ҳам ичдилар. У зот ўзлари ичмоқчи эмасдилар». (Аҳмад ривояти).

Агар мусофирга рўза тутиш оғирлик қилса, рўза тутмайди. Юқорида ўтган Жобирнинг ҳадиси давомида айтилади: «Рўза тутиш одамларни қийнаб қўйгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғизларини очганларидан сўнг у зотга: «Баъзи кишилар рўзаларини бузишмади», дейилди. Шунда у зот: «Улар осийлардир, улар осийлардир!», дедилар (Муслим ривояти).

«Саҳиҳайн»да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эканларида тўпланиб турган одамларни кўрдилар, бир кишига соя қилиб қўйилган эди. «Нима бўлди?», дедилар. «Рўза тутган», деб жавоб беришди. Шунда: «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», дедилар.

Агар рўза тутган киши кундуз асносида сафарга жўнаса ва рўзани охирига етказишга қийналса, шаҳридан чиққач оғзини очиши (яъни рўзасини бузиши) жоиз бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутдилар, одамлар ҳам рўза тутишди. Куроъ ал-Ғамимга етиб борганларида рўза тутиш одамларни қийнаб қўйганини билгач, оғизларини очдилар, одамлар ҳам у киши билан бирга оғизларини очишди. Куроъ ал-Ғамим – Ҳарранинг бир тарафида, Усфон ва Марруз-Заҳрон оралиғидаги Ғамим водийсигача чўзилган қора тоғнинг исмидир.

Сафардаги киши Рамазоннинг кундузида ўз шаҳрига рўза тутмаган ҳолда кириб келса, куннинг давомида рўза тутиши рўзага ҳисоб бўлмайди. Чунки у куннинг аввалида рўзадор эмас эди. Фарз рўза тонг отганидан бошлаб тутилсагина яроқли ҳисобланади. Лекин, куннинг қолган қисмида имсок (оғзи берк ҳолда юриши) лозимми, йўқми? Уламолар бу ҳақда якдил фикрда бўлмаганлар. Баъзилари: «Вақтнинг ҳурматидан куннинг қолган қисмида оғзи берк юриши лозим, шу куннинг рўзаси яроқли бўлмагани учун кейин қазосини ҳам тутади», деганлар. Бу имом Аҳмаднинг мазҳабида машҳур бўлган гапдир. Баъзи уламолар эса: «Шу куннинг қолган қисмида оғзини берк тутиши лозим эмас. Чунки барибир қазо лозим бўлгани боис бундан бирон фойда олмайди, вақтнинг ҳурмати эса куннинг аввалида у учун мубоҳ бўлган оғзи очиқлик билан кетган», дейдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким куннинг аввалида еган бўлса, охирида ҳам еяверсин». Яъни, кимга куннинг аввалида бирон узр билан ейиш ҳалол бўлса, охирида ҳам ейиши дуруст бўлади. Бу имом Молик, Шофеийнинг мазҳаби ва имом Аҳмаддан бир ривоятдир. Лекин, рўза тутмаганлиги сабаби махфий бўлгани учун ейиш-ичишини ошкор қилмасинки, одамлар нотўғри тушуниб қолишлари ва унга эргашишлари мумкин.

Еттинчи қисм: Касали тузалишига умид бўлган бемор учун уч хил ҳолат мавжуд:

1) Рўза тутиш оғирлик қилмаса ва соғлигига зарар етказмаса, унга рўза тутиш вожиб. Чунки, унинг рўза тутмасликка рухсат берувчи узри йўқ.

2) Рўза тутишга қийналса, лекин рўза зарар бермаса, рўза тутмайди. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185). Машаққат билан, қийналиб рўза тутиши макруҳ. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг рухсатидан чиқиш ва ўзни қийнашдир. Ҳадисда келганки: «Албатта Аллоҳ Ўзига осийлик қилинишини ёмон кўргани каби, Ўзи берган рухсатларнинг қилинишини яхши кўради» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма ривоятлари).

3) Агар рўза тутиш зарар қилса, тутмаслиги вожиб, тутиши жоиз эмас. Чунки, Аллоҳ таоло айтади: «Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 29), «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади» (Бақара: 195). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўз нафсингнинг ҳам сенда ҳаққи бор» (Бухорий ривояти). Аллоҳ субҳанаҳунинг рухсати бўлган ҳолда нафсга зарар етказмаслик унинг ҳаққидан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Ўзига зарар бериш ҳам, бировга зарар бериш ҳам (динда) йўқ» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).

Агар киши Рамазон асносида рўзадор ҳолида касал бўлиб қолса ва рўзасини охирига етказишга қийналиб қолса, оғзини очиши жоиз. Агар Рамазоннинг кундузида рўзадор бўлмаган ҳолатда касалидан тузалиб қолса, ўша куни рўза тутиши рўзага ҳисоб бўлмайди. Чунки у куннинг аввалида рўзадор эмас эди. Фарз рўза тонг отганидан бошлаб тутилсагина яроқли ҳисобланади. Лекин, куннинг қолган қисмида имсок (оғзи берк ҳолда юриши) лозимми, йўқми? Бу ҳақда уламолар ўртасида хилоф мавжуд бўлиб, юқорида оғзи очиқ ҳолда шаҳрига келган мусофир масаласида зикри ўтди.

Рўза тутиш касални қўзғаши ёки тузалишни кечиктириши тиббий йўл билан исботини топган бўлса, бундай одам саломатлигини сақлаш ва касалликдан сақланиш учун рўза тутмаслиги жоиз. Агар мазкур хавфнинг кетишига умид бўлса, кетишини кутади ва кейин қазосини тутади. Агар умид бўлмаса, унинг ҳукми бешинчи қисмда айтилган ҳукмдир, яъни рўза тутмайди ва бир кунига бир мискинга таом беради.

Эй Парвардигор! Ўзингни рози қиладиган ишларга бизларни муваффақ айла, ғазабинг ва маъсиятинг сабабларидан бизларни узоқ қил. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айла, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Саккизинчи суҳбат

Одамларнинг рўза борасидаги қисмларининг давоми ва рўзанинг қазоси тўғрисидаги ҳукмлар

Азиз биродарлар! Юқорида одамларнинг рўза борасидаги қисмларини айтиб келаётган эдик. Қуйида уларни давом эттирамиз.

Саккизинчи қисм: Ҳайзли аёл рўза тутиши мумкин эмас, тутса ҳам рўзаси яроқли ҳисобланмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга хитоб қилиб: «Сизларнинг бировингиздан кўра ҳар қандай эсли­ҳушли эркакнинг ақлини кетказувчироқ бирор ақлу­дини ноқис кимсани кўрмадим», дедилар. «Динимиз ва ақлимизнинг нуқсони нима, ё Расулуллоҳ?» дейишди. «Аёл кишининг гувоҳлиги эркак киши гувоҳлигининг ярмича эмасми?!» дедилар. «Шундай», дейишди. «Бу унинг ақлининг нуқсонидандир. Аёл киши ҳайз кўрганида намоз ўқимайди, рўза тутмайди, шундай эмасми?!» дедилар. «Шундай», дейишди. «Бу унинг динининг нуқсонидандир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳайз – аёл кишидан маълум кунларда келиб турадиган табиий қондир.

Агар аёл киши рўзадор ҳолида ҳайз кўриб қолса, кун ботишидан бир лаҳза илгари бўлса ҳам, ўша куннинг рўзаси бекор бўлиб, қазоси лозим бўлади. Нафл рўза бўлса қазосини тутиш вожиб эмас, балки ихтиёрли бўлади.

Рамазоннинг кундузида ҳайзидан покланса, рўза тутиб олса рўзаси яроқли бўлмайди. Чунки у куннинг аввалида рўзадор эмас эди. Фарз рўза тонг отганидан бошлаб тутилсагина яроқли ҳисобланади. Лекин, куннинг қолган қисмида имсок (оғзи берк ҳолда юриши) лозимми, йўқми? Бу ҳақда уламолар ўртасида хилоф мавжуд бўлиб, юқорида оғзи очиқ ҳолда шаҳрига келган мусофир масаласида зикри ўтди.

Агар Рамазоннинг кечасида ҳайзидан пок бўлса, тонг отишига бир лаҳза қолган бўлса ҳам, рўза тутиши вожиб бўлади. Чунки, рўза тутишидан тўсувчи монеъ кетиб, рўза аҳлига айланди. Гарчи ғусл қилмаган бўлса ва тонг отиб кетганидан кейингина ювиниб покланган бўлса ҳам рўзаси яроқли бўлади. Бунинг мисоли тонг отиб кетганидан кейингина ғусл қилган жунуб кишининг рўзаси яроқли бўлганига ўхшайди. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳтиломдан эмас, жимоъ туфайли жунуб бўлиб тонг оттирар, сўнг Рамазон рўзасини тутар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Нифосли (яъни, кўз ёргандан кейин қон кўраётган) аёл юқорида ўтган барча ҳукмларда ҳайзли аёл билан бир хилдир. Ўтказиб юборган кунлари сонича қазосини тутиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади» (Бақара: 184).

Оиша розияллоҳу анҳодан: «Нима учун ҳайзли аёл рўзасининг қазосини тутади-ю, намозининг қазосини ўқимайди?» деб сўралганида: «Бизга мана шу ҳолат етганида рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилардик», деб жавоб берганлар (Муслим ривояти).

Тўққизинчи қисм: Аёл киши эмизикли ёки ҳомиладор бўлса, рўза тутиш ўзига ёки боласига зиён етказишидан хавф қилса, рўза тутмайди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло мусофирдан намознинг ярмини, мусофир, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани олиб ташлади» (Бешов имом ривоят қилган, бу Ибн Можа лафзи). Имкони бўлган пайт рўза тутмаган кунлари саноғича қазосини тутиши лозим бўлади.

Ўнинчи қисм: Бирон киши бировни чўкишдан ё ёнишдан ё вайрона остидан қутқариш каби бирор зарурат туфайли рўза тутмасликка мажбур бўлиб қолса, қутқаришга қувват ҳосил бўлиши учун еб-ичиши зарур бўлса, рўза тутмаслиги жоиз бўлади, ҳатто бу ҳолда рўза тутмаслик вожиб ҳамдир. Чунки бир бечорани ҳалокатдан қутқариш вожибдир. Вожибни амалга ошириш учун зарур бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир. Тутмаган кунларининг қазосини тутиш лозим бўлади.

Худди шу каби, Аллоҳ йўлида душманга қарши жиҳодга қувват ҳосил бўлиши учун рўза тутмаслика мажбур бўлган киши ҳам кейин қазосини тутади. Бу ҳол хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ўз диёрида душман бостириб келганда мусулмонларни мудофаа қилиш ва Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлсин, фарқсиз.

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга рўзадор ҳолимизда Маккага қараб сафар қилдик. Бир жойга бориб тушганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Душманларингизга яқинлашиб қолдингиз, рўза тутмасангиз қувватлироқ бўласизлар», дедилар. Бу (рўза тутмасликка) рухсат бўлди. Шундан сўнг баъзиларимиз рўза тутиб, баъзиларимиз тутмадик. Яна бир жойга бориб тушганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар тонгда душманларингиз устига кириб борасиз, рўза тутмасангиз қувватлироқ бўласизлар, рўза тутманглар!», дедилар ва бу буйруқ бўлгани учун бизлар рўза тутмадик». Ушбу ҳадисда шунга ишора борки, жангга қувват ҳосил қилиш сафардан ташқари алоҳида сабаб бўлди. Чунки, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутмасликка бўлган буйруқнинг сабабини сафар деб эмас, душманга қарши жангга қувват ҳосил қилиш деб кўрсатдилар. Шу боис биринчи тўхталган манзилда рўза тутмасликка буюрмадилар.

Юқорида зикр этилган сабаблардан бирортаси туфайли рўза тутмаслиги жоиз бўлган киши, агар бемор ёки рўзага қодир бўлмайдиган мўйсафид каби рўза тутмаслигининг сабаби ошкор бўлса, рўза тутмаганини ошкор қилса зарари йўқ. Аммо, ҳайзли аёл ёки бировни ҳалокатдан қутқарувчи киши каби рўза тутмаслик сабаби махфий бўлса, рўза тутмаганини ошкор қилмасдан, махфий равишда еб-ичиши лозим. Акс ҳолда, узрсиз рўза тутмаганлик туҳматига қолиши ва жоҳилларнинг рўзани ташлашларига сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Юқорида санаб ўтилган барча қисмлар ичидаги рўзанинг қазоси лозим бўлган ҳар бир киши рўза тутмаган кунлари сонича қазо тутади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолатда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир» (Бақара: 184).

Агар бир ой тўла рўза тутмаган бўлса, ой ўттиз кун бўлган бўлса, ўттиз кун қазо тутади, йигирма тўққиз кун бўлган бўлса, йигирма тўққиз кун қазо тутади.

Узри кетган пайтидан бошлаб, имкон қадар тезроқ қазосини тутиши афзал. Чунки, яхшиликка шошилган ва зиммасидаги қарзидан тезроқ қутилган бўлади.

Неча кун қазо қилган бўлса, кейинги Рамазонгача ўшанча кун қолгунча кечиктириши ҳам жоиз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади» (Бақара: 184).

Қазосини тутишни кечиктириши ҳам яна қўшимча енгилликдир. Агар зиммасида ўн кун қазоси бўлса, кейинги Рамазонга ўн кун қолгунича кечиктириши жоиз.

Қазони ҳеч қандай узрсиз кейинги Рамазон етиб келгунича кечиктириш жоиз бўлмайди. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Зиммамда Рамазон рўзаси бўлар, мен унинг қазосини Шаъбонга борибгина тутишга қодир бўлардим» (Бухорий ривояти). Чунки, қазони кейинги Рамазонгача ҳам тутмаслик қазоларнинг яна ҳам кўпайиб кетишига олиб келиши, баъзан умуман рўзадан ожиз бўлиб қолиши ва ҳатто вафот этиб кетиши ҳам мумкин. Зеро, рўза ҳам худди намоз каби такрорланиб келувчи ибодатдир, бирини кейингисининг вақтига кечиктириш жоиз эмас.

Бир кишининг узри давомий бўлиб, шу билан вафот этиб кетса, унга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло рўза тутолмаган кунларнинг саноғини бошқа кунларда тутиб беришни вожиб қилган ва бу одам тутишга қодир бўлмагани учун ундан соқит бўлди.

Агар қазосини тутишга қодир бўла туриб, бепарволик билан тутмасдан вафот этиб кетса, унинг қазоларини валийси тутиб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким зиммасида рўза бўлган ҳолда вафот этса, унинг ўрнига валийси тутиб беради» (Муттафақун алайҳ).

Валийси – меросхўри ёки қариндошидир. Қазолари сонича бўлган бир жамоат бир кунда тутиб берса ҳам мумкин. Имом Бухорий айтади: Ҳасан деди: «Агар ўттиз киши бир кун тутса ҳам жоиз». Агар валийси бўлмаса ёки валийси рўза тутиб беришни истамаса, рўзани қазо қилган кунлари миқдорича ўзининг қолдирган меросидан ҳар кунига бир мискинга 510 грамм буғдой миқдорида таом берилади.

Азиз биродарлар! Юқорида рўзанинг аҳкомлари борасида одамлар бўлинган қисмлар санаб ўтилди, Аллоҳ таоло ҳар бир қисмга ўзининг ҳолига муносиб ҳукмларни шаръий қилган. Парвардигорингизнинг ушбу шариатидаги ҳикматларини билинглар, сизларга осон-қулай қилиб қўйганлик неъмати шукронасини бажо келтиринглар, ўлгунча ушбу динда собитқадам қилишини сўранглар.

Эй Парвардигор! Бизларни Сенинг зикрингдан тўсаётган гуноҳларимизни мағфират этгин. Сенинг тоатинг ва шукрингдаги ноқисликларимизни Ўзинг афв этгин. Сенинг розилигингга етказувчи йўлда бардавом қилгин. Бизларга Ўзинг тарафингга йўлланадиган нур ато этгин.

Эй Парвардигор! Бизларга Ўзингга муножот қилиш лаззатини тоттиргин. Бизларни Ўзинг рози бўлган зотлар йўлларига юргизгин.

Эй Парвардигор! Бизларни ҳалокат жарликларидан қутқаргин. Ғафлатларимиздан уйғотгин. Рушду ҳидоятга илҳомлантиргин.

Эй Парвардигор! Бизларни тақводорлар жамоаси ичра тургизгин ва солиҳ бандаларингга қўшгин.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Тўққизинчи суҳбат

Рўзанинг ҳикматлари ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган ва шариат қилган барча нарсаларда У зот учун тўла ҳукм ва етук ҳикматлар мавжуд. У Ўзининг яратиш ва шариатида Ҳакимдир, бандаларини бежиз яратмаган, бепарво ташлаб қўймаган, улар учун шариат-қонунларни беҳуда тузиб бермаган. Балки уларни улуғ иш учун яратди, улкан вазифага тайёрлади, уларга тўғри йўлни баён қилди, у билан иймонлари зиёда бўладиган ва ибодатлари комил бўладиган шариатларни тузиб берди. Аллоҳ бандаларига буюрган ҳар бир ибодат остида албатта етук ҳикматлар мавжудки, уларни билган билади, билмаган билмайди. Ибодатлардан биронтасида бўлган ҳикматни билмаслигимиз унинг беҳикмат эканига далил бўлмайди, аксинча, бизнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматини идрок қилишдаги ожизлигимиз ва ноқислигимизга далолат қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизларга жуда оз илм берилгандир» (Исро: 85).

Аллоҳ таоло бандаларини синаш ва имтиҳон қилиш мақсадида, Хожасига ибодат қилувчилар ҳавои нафсига ибодат қилувчилардан ажралиши учун уларга ибодатларни машруъ қилди, муомалотларни тартиблади. Ким ушбу шариат ва қонун-қоидаларни очиқ кўнгил ва розилик билан қабул қилса, у Хожасига ибодат қилган, Унинг шариатига рози бўлган ва Роббининг тоатини ҳавои нафсидан муқаддам қўйган бўлади. Кимда-ким ибодатлардан фақат ўз хоҳишига тўғри келганини қабул қилса, ўз нафсига ёққан қонун-қоидаларгагина эргашса, у нафсига қул бўлган, Аллоҳнинг шариатини ёқтирмаган ва Роббининг тоатидан юз ўгириб, ҳавосига эргашган, ўзининг қосир илми ва беҳикматлилиги билан Аллоҳнинг шариатини ўзининг рағбатига тобеъ қилишни истаган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Ҳақиқат — Қуръон уларнинг ҳавои нафсларига эргашса эди, албатта осмонлар, ер ва улардаги бор жонзот бузилиб-ҳалок бўлган бўлур эди. Йўқ, Биз улар учун эслатма келтирдик, Улар эса ўзларига (келган) эслатмадан юз ўгиргувчидирлар» (Мўминун: 71).

Аллоҳ субҳанаҳу ибодатларни турли кўринишда қилганлиги У зотнинг ҳикматиданки, қабул қилиб, розилик билан бажарувчилар ажралади, Аллоҳ мўминларни шу билан тозалайди. Чунки айримлар бўладики, ибодатларнинг бир турига рози бўлиб, маҳкам ушлайди, бошқа бир турини эса ёқтирмайди ва бепарво ташлаб қўяди. Аллоҳнинг ибодатлари ичида баданга тааллуқли бўлган намоз каби ибодатлар бор, нафсга суюмли пул-молни сарфлашга тааллуқли бўлган закот каби ибодатлар бор, ҳам бадан ва ҳам мол сарфлашга тааллуқли бўлган ҳаж ва жиҳод каби ибодатлар бор, нафсни у ёқтирган ва хоҳлаган нарсалардан тийишга тааллуқли бўлган рўза каби ибодатлар бор. Банда ушбу ҳар турли ибодатларни рози бўлиб ва кўнгилдан чиқариб, талаб қилинганидек мукаммал суратда адо этса, Парвардигорига итоат қилиб, Унинг амрига бўйсуниб ва Унинг шариатига рози бўлиб, ўзига суюмли бўлган нарсасини сарфлай олса ва нафси истаган нарсалардан тийила олса, бу унинг бандачилиги комил эканига, Парвардигорига муҳаббати, бўйсуниши ва Уни улуғлаши тўла-тўкис эканига далил бўлади, унда Роббул оламийнга бандалик қилиш сифати рўёбга чиққан саналади.

Рўзага келсак, уни Исломдаги фарз ибодатлардан бири ва динимиз рукнларидан бир рукн бўлишини тақозо этган кўплаб ҳикматлари бор.

Рўзанинг ҳикматларидан бири – у банда нафсига суюмли бўлган, кўнгли тилаган емак-ичмак ва жинсий хоҳишларини тарк қилиш билан Парвардигорига яқинлик ҳосил қиладиган ибодат бўлиб, бу билан иймонининг ростлиги, Аллоҳга бандачилигининг тўла-тўкислиги, У зотга муҳаббатининг кучлилиги, Унинг ҳузуридаги ажру-мукофотларни ҳақиқатан умид қилиши зоҳир бўлади. Зотан, инсон ўзига суюмли бўлган нарсани ундан кўра каттароқ нарсани қўлга киритиш умиди бўлгандагина тарк қила олади. Мўмин киши Аллоҳнинг розилиги кўнглига ёқимли бўлган истак-майлларини тарк қилиш билан рўза тутишида эканини билгач, Парвардигорининг розилигини ўз хоҳиш-ҳавосидан устун қўйди ва нафс истаклари ҳар қанча кучли бўлмасин, уларни тарк эта олди. Чунки, лаззати ва кўнгил роҳатини ана шу нарсаларни Аллоҳ учун тарк қилишида кўрди. Шунинг учун ҳам кўпчилик мўминлар Рамазондан бир кун бўлса-да узрсиз рўза тутмаслик эвазига калтаклансалар-да ва ҳатто қамалсалар-да, рўзани тарк қилмаганлари маълум. Ушбу ҳикмат рўзадаги ҳикматларнинг энг етук ва энг улуғларидандир.

Рўзадаги ҳикматлардан бири – у тақво ҳосил бўлишига сабабдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Зеро, рўзадор киши тоат-ибодатларни қилишга ва маъсиятлардан сақланишга буюрилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимки ёлғонни, унга амал қилишни ва жаҳолат (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емак-ичмагини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ» (Имом Бухорий ривояти). Рўзадор киши ҳар қачон кўнгли бирор маъсиятга рағбат қилганида ўзининг рўзадор эканини эсга олади ва ундан тийилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор кишини ўзи билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлган одамга жавобан: «Мен рўзадорман», деб айтишга буюрдилар, бу билан рўзадор киши сўкиш ва ҳақоратли сўзлар айтишдан тийилиши, ўзига ўзи рўзадор эканлигини эслатиши ва шунинг натижасида сўкишга сўкиш билан жавоб қайтармаслиги лозимлигига огоҳлантирдилар.

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири шуки, қалб фикр ва зикрга холи бўлади. Чунки кўнгил истакларига киришиш ғофилликни келтириб чиқаради, кўпинча қалбни қотириб, ҳақдан кўз юмдиради. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ейиш-ичишни енгиллатишга йўллаб, шундай деганлар: «Одамзот қориндан кўра ёмонроқ бирор идишни тўлдирмади. Одам боласига белини тик тутадиган бир неча луқмалар кифоя. Жуда бўлмаса, (қориннинг) учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига, учдан бири нафасига (бўлсин)» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан бири бўлмиш Ҳанзала ал-Усайдий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима бўлди?», деб сўрадилар. У деди: «Ё Расулуллоҳ, сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда бизга дўзах ва жаннатни эслатиб, гўё кўз олдимизга олиб келиб қўясиз. Ҳузурингиздан чиққач, бола-чақа ва тирикчилигимиз билан овора бўлиб, кўп нарсани унутамиз». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар доим менинг ҳузуримдаги ҳолатларингизда бўлганингизда эди, фаришталар тўшакларингизда ҳам, юрган йўлларингизда ҳам сизлар билан қўл бериб кўришадиган бўлиб қолар эди. Лекин, эй Ҳанзала, (инсон) гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ бўлиб туради», дедилар уч бор (Имом Муслим ривояти).

Абу Сулаймон ад-Дороний айтади: «Нафс оч ва ташна бўлганида қалб тозаланиб, мулойимлашади. Нафс тўйгач, қалб кўзи юмилади».

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири – бой-бадавлат одам Аллоҳнинг ўзига ато этган бойлик неъматининг қадрига етади, қанчалаб инсонлар маҳрум бўлган емак-ичмак ва никоҳланиш неъматига уни муяссар этгани учун Аллоҳга шукроналик бажо келтиради. Шу билан, кўпинча тунни оч ва юпун ҳолда ўтказадиган камбағал биродарини ёдга олади, унга инфоқ-эҳсон қилади, едиради, кийдиради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазонда Жибрил билан кўришиб, Қуръонни дарс қилганларида у зотнинг саховатлари яна-да ортар эди.

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири – у нафсни тийиш, унинг устидан ҳукм ўтказиш, унинг тизгинини қўлга олиш учун бир машқ вазифасини ўтайди, шу билан инсон нафсига ҳукмрон бўлишга, уни ўз яхшилиги ва саодати бўлган ишларга буришга ўрганади. Зеро, нафс — агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса — албатта барча ёмонликларга буюрувчидир. Агар инсон нафсининг тизгинини бўш қўйса, нафси уни ҳалокатлар сари етаклайди. Агар нафсига эга бўлса, уни қўлга олса, у нафсини олий рутбалар ва юқори даражаларга олиб чиқиши мумкин.

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири – у нафсни синдириш, унинг зўравонлигини пасайтириб, мулойимлаштириш ва ҳаққа бўйин эгдиришдир. Чунки доимий тўқлик ва жинсий қониққан бўлиш кишини катта гапириш, зўравонлик ва такаббурликка олиб боради. Сабаби, емак-ичмак ва жинсий эҳтиёж бор бўлган пайтда нафс уларга эришиш ҳаракати билан машғул бўлади. Бу нарсаларни қўлга киритгач, ўзини мақсадга эришган деб кўради-да, унда ўз ҳалокатига сабаб бўладиган кибр ва ғурур пайдо бўлади. Аллоҳ сақлаган кишиларгина бундан саломат қолади.

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири шуки, очлик ва ташналик сабабли қон томирлари торайгани боис шайтоннинг инсон баданида юрадиган йўллари ҳам тораяди. Зеро, «Саҳиҳайн»да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганидек, шайтон одам боласининг қон йўллари ичида юради. Рўза туфайли шайтоннинг васвасалари ҳам тиниб, шаҳват ва ғазаб тиғи ўтмаслашади. Шу боис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикишдан, авратни ҳаромдан (зинодан) сақлайди. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин! Чунки, рўза унга (ҳаромга тушиб қолишидан) қалқондир», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Рўзанинг ҳикматларидан яна бири шуки, ейиш-ичишни камайтириш ва овқат ҳазм қилиш органларига муайян муддат дам бериш билан инсон баданда йиғилиб қолган ортиқча намлик ва зарарли чиқиндилардан қутулиб, сиҳат-саломатликка эришади.

Рўзанинг бундан бошқа ҳам ҳикматлари кўп.

Аллоҳнинг ҳикмати нақадар буюк, Унинг шариати инсонларга нақадар манфаатли!!

Эй Парвардигор! Бизларни динингда фақиҳ қилгин, шариатинг сирларини билишга илҳомлантиргин. Дину дунё ишларимизни Ўзинг ислоҳ қилгин.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айла, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўнинчи суҳбат

Рўзанинг вожиб бўлган одоблари ҳақида

Азиз биродарлар! Рўзанинг ўзига хос кўплаб одоблари бўлиб, уларсиз рўза комил ва тўлиқ бўлмайди. Улар икки қисмга бўлинади:

1) Рўзадор риоя этиши ва муҳофаза қилиши шарт бўлган вожиб одоблар;

2) Рўзадор риоя этиши ва муҳофаза қилиши керак бўлган мустаҳаб одоблар.

Аллоҳ таоло фарз қилган қавлий ва феълий ибодатлар (яъни оғзаки ўқиладиган ва жисмоний бажариладиган ибодатлар) рўзадор адо этиши вожиб бўлган одоблар жумласига киради. Улар ичида энг муҳими икки шаҳодатдан сўнг Исломдаги энг катта рукн бўлмиш фарз намозлардир. Фарз намозларни муҳофаза қилиш, рукнларини, вожибларини, шартларини адо этиш ҳамда ўз вақтида масжидда жамоат билан ўқиш билан уларга риоя қилиш лозим. Чунки, рўзанинг машруъ бўлиши ва умматга фарз қилиниши остида кўзда тутилган тақво мана шу билан амалга ошади. Намозни зое қилиш тақвони кетказиб, азоб-уқубатга дучор қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар. Магар иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас» (Марям: 59, 60).

Баъзи рўзадорлар бўладики, жамоат намозларига эътиборсизлик билан қарашади. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида жамоат намозига буюриб, шундай дейди: «(Эй Муҳаммад), қачон сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни намознинг бир ракаатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар. Кофирлар сизлар қурол-яроғ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга бирданига ҳамла қилишни истайдилар. Агар ёғингарчиликдан азият чексангизлар ёки бемор бўлсангизлар, қуролларингизни ечиб қўйишингиз гуноҳ эмас. Аммо эҳтиёт чорангизни кўриб қўйинглар. Албатта Аллоҳ кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 102).

Оятдан маълум бўладики, Аллоҳ таоло уруш ва хавф-хатар ҳолатида ҳам намозни жамоат билан адо этишга буюрди. Шундай экан, тинчлик-хотиржамлик ҳолатида жамоат билан ўқиш албатта лозимдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кўзи ожиз бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мени масжидга етаклаб олиб келадиган кишим йўқ», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жамоатга келмасликка рухсат бердилар. Бурилиб кетгач, орқасидан чақирдилар ва: «Намозга чақириқни эшитасизми?» деб сўрадилар. У: «Ҳа», деди. «Ундай бўлса, ижобат қилинг», дедилар» (Имом Муслим ривояти). Яъни, кўзи ожиз, етаклаб олиб келувчиси йўқ бўлган одамга ҳам жамоатни тарк қилишга изн бермадилар.

Жамоатни тарк қилган одам вожибни тарк қилиши билан бирга ўзини кўп яхшиликдан – бир неча баробар савобдан маҳрум қилади. Зеро, жамоат намозининг савоби ёлғиз ўқилган намоздан бир неча бор кўп бўлади. «Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жамоат намози ёлғиз кишининг намозидан йигирма етти даража ортиқдир». Бундан ташқари, мусулмонларга намоз учун жамланишлари ортидан ҳосил бўладиган ўзаро меҳр-муҳаббат, кўнгил яқинлашуви, билмаганга ўргатиш, муҳтожга ёрдам кўрсатиш каби ижтимоий фойдаларни қўлдан чиқаради. Жамоатни тарк қилиш билан ўзини азобга, мунофиқларга ўхшаб қолишга гирифтор этади. «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мунофиқларга энг оғир намозлар бамдод ва хуфтон намозларидир. Агар бу иккисида бўлган (хайру барака)ни билишганда эди, судралиб бўлса-да келишган бўларди. Буюрсам, намозга иқомат айтилса, сўнг бир кишига буюрсам, у одамларга имом бўлиб намоз ўқиса, сўнг боғ-боғ ўтин кўтарган кишилар билан бирга намозга келмаган одамларнинг уйларига борсам-да, уларни ёқиб юборсам, деб қоламан».

«Саҳиҳ Муслим»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: «Ким эртага Аллоҳга мусулмон ҳолида рўпара келишни истаса, азон чақириладиган мана шу намозларни муҳофаза этсин. Чунки Аллоҳ пайғамбарингизга ҳидоят йўлларини машруъ қилган, мана шу намозлар ҳам ўша ҳидоят йўлларидандир. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида) кўрганманки, у намозлардан фақат нифоқи аниқ бўлган мунофиқлар қоларди. Бир одамни икки томонидан суяб олиб келиб, сафга тургизиб қўйиларди».

Айрим рўзадорлар жамоат намозига бориш у ёқда турсин, намоз вақтларини уйқу билан ўтказиб юборишади. Бу эса энг ёмон мункар ишлардан ва намозни энг ёмон зое қилишдир. Кўп уламолар айтишганки: Кимда-ким намозни шаръий узрсиз ўз вақтидан кечиктирса, кейин юз марта намоз ўқиса ҳам қабул қилинмайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад қилинади», деганлар (Муслим ривояти). Намозни вақти чиққанидан кейин ўқишга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари йўқ, демак у мақбул бўлмайди, рад қилинади.

Рўзадор киши Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган жамики сўз ва ишлардан сақланиши ҳам вожиб бўлган одоблар жумласига киради.

Хусусан ёлғон гапиришдан эҳтиёт бўлиши лозим. Ёлғонларнинг энг каттаси Аллоҳ ва Расули номидан ёлғонлаш, яъни илмсиз равишда ҳаромни ҳалол санаш, ҳалолни ҳаром санаш, сўнг буни Аллоҳ ва Расулига нисбатлашдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаъ­нига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир» (Наҳл: 116, 117).

«Саҳиҳайн» ва бошқаларда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалардан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким менинг номимдан қасддан ёлғонласа, дўзахдан ўз жойини ҳозирлаб олсин».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғон сўзлашдан огоҳлантириб айтганлар: «Ёлғондан сақланинглар! Чунки ёлғон фужурга йўллайди, фужур эса дўзахга йўллайди. Киши доим ёлғон сўзлаб юради ва ёлғон гапиришга қасд қилади, ҳатто у Аллоҳ ҳузурида каззоб-ёлғончи деб ёзиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).

Шунингдек, ғийбатдан эҳтиёт бўлиши керак. Ғийбат – биродарингизни ўзи йўқлигида у ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилишингиздир. Хоҳ унинг баданида бўлган чўлоқлик, ғилайлик, кўзи ожизлик каби нуқсонини айтишингиз бўлар, хоҳ хулқ-атворида бўлган ақлсизлик, бефаҳмлик, фосиқлик каби нуқсонини айтишингиз бўлар, шунингдек, сиз айтаётган гап унда бор бўлар ё йўқ бўлар, фарқи йўқ. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ғийбат ҳақида сўралганда у зот: «Биродарингни у ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилишинг», деб жавоб бердилар. «Агар мен айтаётган нарса биродаримда бўлса-чи?», дейилди. «Агар сен айтаётган нарса унда бўлса, сен уни ғийбат қилган бўласан. Агар айтаётган нарсанг унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръонда ғийбатдан қайтарган ва уни қабиҳ суртда ташбеҳ қилган. Яъни, уни ўлган биродарининг гўштини ейишга ўхшатган: «Айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир» (Ҳужурот: 12).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки, у зот меърож кечасида бир қавм ёнидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, у билан юзларини ва кўкракларини тирнардилар. «Булар кимлар, эй Жибрил?» деб сўраганларида Жибрил алайҳиссалом: «Улар одамларнинг гўштларини (ғийбат билан) ейдиган ва обрўларига чанг соладиган кимсалар», деб жавоб бердилар. (Абу Довуд ривояти).

Чақимчиликдан ҳам сақланиши лозим. Чақимчилик – икки кишининг ўртасини бузиш мақсадида бирининг гапини иккинчисига етказиш бўлиб, у гуноҳи кабиралардан саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар (Муттафақун алайҳ).

«Саҳиҳайн»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка ёки Мадина (қўрғонлари) деворларидан бир девор ёнидан ўтаётиб қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иккиси азобланаяпти ва (лекин) гуноҳи кабира хусусида азобланишаётгани йўқ» дедилар. Кейин: «Йўқ, (гуноҳи кабира хусусида,) улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрарди» дедилар.

Чақимчилик шахс ва жамиятни бузиш, мусулмонлар ўртасига тафриқа ва адоват солишдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи... кимсага итоат этманг!» (Қалам: 10, 11). Ким сизга гап кўтариб келса, сизнинг гапингизни ҳам бошқаларга албатта етказади, буни унутманг!

Олди-сотди, ижара, касб-ҳунар, гаровга қўйиш каби барча муомалаларда, маслаҳат ва фикр алмашиш каби жамики ишларларда алдов ва хиёнатдан сақланиши лозим. Чунки, алдов ва хиёнат гуноҳи кабиралардан бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан безорлик эълон қилганлар: «Ким бизга хиёнат қилса, у биздан эмас». Бир лафзда: «Ким хиёнат қилса, у мендан эмас» (Имом Муслим ривояти).

Хиёнат – алдов, омонатни зое қилиш, одамлар ўртасида ишончнинг йўқолиши демакдир. Алдов ва хиёнатдан топилган пул-мол ифлос ва ҳаром саналиб, ўз эгасига фақат Аллоҳдан узоқлашувни зиёда қилади.

Барча турдаги мусиқа ва куй-қўшиқ асбобларидан – уд, рубоб, доира, танбур, дутор, камон, пианино ва бошқалардан узоқлашиши лозим. Чунки булар ҳаммаси ҳаром. Мусиқага чиройли овозлардаги куй-қўшиқлар, эҳтиросларни жунбушга келтирувчи лапарлар қўшилса, ҳаромлик ва гуноҳ яна-да ортади.

Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир» (Луқмон: 6).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ушбу оятда айтилган «беҳуда сўз» ҳақида сўралганда: «Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, у қўшиқдир», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳам шундай деганлари ривоят қилинган.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Жобир, Икрима, Саид ибн Жубайр ва Мужоҳиддан шуни ривоят қилган.

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ: «Бу оят куй-қўшиқ ҳақида тушган», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам маъозиф (мусиқа асбоблари)дан огоҳлантирганлар ва уни зинога тенглаштирганлар: «Умматим ичида ҳали шундай қавмлар бўладики, улар зинони, ипакни, маст қилувчи ичимликни ва маъозифни ўзларига ҳалол қилиб олишади» (Имом Бухорий ривояти).

Замонамиз воқелигида бугун айни шу нарсани кўриш мумкин, кўпчилик мусиқа асбобларини худди ҳалол нарса каби ишлатадиган ё эшитадиган бўлиб кетди. Бу эса Ислом душманларининг мусулмонларга қилган найрангларининг муваффақияти белгиларидан бўлиб, шу сабаб уларни Аллоҳнинг зикридан, дину дунёларига муҳим бўлган нарсалардан тўса олишди. Натижада кўпчилик мусулмонлар Қуръон тиловати, ҳадислар, уламоларнинг шариат аҳкомлари ва ҳикматлари ҳақидаги сўзларини тинглаш ўрнига куй-қўшиқлар эшитишни афзал санайдиган бўлиб қолдилар.

Мусулмон биродар! Рўзани нуқсонли қилувчи ва бузувчи нарсалардан эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўз ва ишлардан рўзангизни сақланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимки, ёлғонни, унга амал қилишни ва жаҳолат (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емак-ичмагини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ» (Имом Бухорий ривояти). Жобир розияллоҳу анҳу айтганлар: «Рўза тутсанг, қулоғинг, кўзинг ва тилинг ёлғон ва ҳаром ишлардан рўза тутсин, қўшнига озор беришни тарк қил, виқорли ва оғир-босиқ бўл, рўза тутган кунинг тутмаган кунинг билан бир хил бўлиб қолмасин».

Эй Парвардигор! Динимизни Ўзинг асра, аъзоларимизни Сени ғазаблантирадиган ишлардан сақла.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айла, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўн биринчи суҳбат

Рўзанинг мустаҳаб бўлган одоблари ҳақида

Азиз биродарлар, ушбу суҳбатимизда рўза одобларидан иккинчи қисми – мустаҳаб (яъни, мажбурий бўлмаган, бироқ риоя этиш билан мўл ажру савобга эришиладиган) одоблар ҳақида сўз юритамиз.

Мазкур одоблардан бири – саҳарлик қилиш, яъни кечанинг охирги қисмида таомланиш бўлиб, саҳар пайтида ейиладиган таом бўлгани учун саҳарлик деб номланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ).

«Саҳиҳ Муслим»да Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биз билан аҳли китобларнинг рўзаси ўртасидаги фарқ – саҳарлик тановул қилишдир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо билан саҳарлик қилишни мақтаб: «Хурмо мўминнинг нақадар яхши саҳарлигидир», деганлар (Абу Довуд ривояти).

Яна бир ҳадисларида: «Ҳар қандай саҳарлик таоми баракадир. Сизлардан бирингиз гарчи бир қултум сув билан саҳарлик қилса-да, саҳарликни тарк қилманглар! Чунки Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтиб туради», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳарлик қилувчи саҳарлик қилиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини амалга ошириш ва у зотнинг қилган феълларига эргашишни ният қилиши керак. Шунда унинг саҳарлиги ибодатга айланади. Шунингдек, саҳарлиги билан рўзага қувват ҳосил қилишни ният қилсинки, бу билан ажрга эга бўлади. Саҳарликни субҳга қадар давом эттириш суннатдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собит билан бирга саҳарлик қилдилар. Саҳарликдан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, намоз ўқидилар». Анас розияллоҳу анҳудан: «Саҳарликдан фориғ бўлишлари билан намозга киришишлари ўртасида қанча вақт бор эди?» деб сўралганда: «Бир киши эллик оят қироат қилиши миқдорича», деб жавоб бердилар (Бухорий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Билол тунда (яъни саҳарликка уйғотиш учун) азон айтарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар то Ибн Умми Мактум азон айтгунича еб-ичаверинглар, чунки у тонг отмагунича азон айтмайди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарликни кечиктириш рўзадорнинг ҳолати учун фойдалироқ бўлади, шунингдек уни бомдод намозидан ухлаб қолишдан сақлайди. Рўза тутувчи киши саҳарликни тамомлаб, ният қилиб олганидан кейин ҳам то тонг отганига ишонч ҳосил қилмагунича еб-ичиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: «Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).

Уфқда кўринган оқариш билан ёки азон ва шу каби ишончли бир хабар билан тонг отганлигига ҳукм қилинади. Тонг отиши билан ейиш-ичишдан тўхтайди ва дили билан рўзага ният қилади. Ниятни тил билан талаффуз қилмайди, чунки бундай қилиш бидъатдир.

Рўзанинг мустаҳаб бўлган одобларидан бири – кун ботиши билан ифтор қилишга (яъни оғиз очишга) шошилишдир. Куннинг ботгани кўз билан кўриш ёки азон ва шу каби ишончли хабар билан билинади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар модомики ифтор қилишга шошилар эканлар, яхшилик узра бўлаверадилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор азза ва жалладан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай дейилади: «Бандаларим ичида Менга энг суюкли бўлганлари ифтор қилишга шошилувчироқларидир» (Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти).

Ифтордаги суннат – оғизни рутоб (янги пишган хурмо) билан очишдир. Агар рутоб бўлмаса тамр (қуруқ хурмо) билан, у ҳам бўлмаса сув билан очилади. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан аввал бир неча рутоб билан ифтор қилар эдилар. Агар у бўлмаса тамр билан, у ҳам бўлмаса бир неча қултум сув билан ифтор қилар эдилар» (Имом Аҳмад, имом Абу Довуд ва имом Термизий ривоятлари).

Агар рутоб ҳам, тамр ҳам, сув ҳам бўлмаса, топган ҳалол таом ё ичимлиги билан ифтор қилаверади. Агар ейиш-ичишга ҳеч нарсаси бўлмаса, дили билан ифторга ният қилади, баъзи авом кишилар қилганидек бармоғини сўрмайди ёки тупугини тўплаб ютмайди.

Оғиз очиш пайтида ўзи истаган дуоларини қилиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзадорнинг ифтори пайтида рад қилинмас дуоси бўлади», деганлар (Ибн Можа ривояти, исноди саҳиҳ).

Муоз ибн Зуҳрадан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлари пайтида: «Эй Парвардигор, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан ифтор қилдим», дердилар (Абу Довуд ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилган пайтларида: «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ», дердилар (Абу Довуд ривояти).

Рўзанинг мустаҳаб бўлган одобларидан – қироат, зикр, дуо, намоз ва садақани кўпайтириш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Уч кишининг дуоси рад қилинмайди: адолатли ҳокимнинг, рўзадорнинг оғиз очгунча қилган дуоси ва мазлумнинг дуоси. Аллоҳ мазлумнинг дуосини булутлар узра кўтаради, унга осмон дарвозалари очилади. Парвардигор азза ва жалла: «Иззатим ва Улуғлигимга қасамки, бироз кейин бўлса ҳам, албатта сенга ёрдам бераман!», дейди. (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва у билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саховатлари илм бериш, Аллоҳ азза ва жалланинг динини ғолиб қилиш ва бандаларнинг ҳидоятланиши йўлида молу жонларини сарфлаш, ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқариш, очларни тўйдириш каби имкони борки ҳар қандай йўл билан инсонларга манфаат етказишдек барча турдаги саховатни ўзига жамлаган эди. Рамазон ойи шарафли ой бўлгани ва унда ажрлар бир неча бор зиёда бўлгани учун ҳамда жаннатга кириш сабабларидан бўлмиш рўза ва таом бериш унда жамлангани учун ҳам у зотнинг саховатлари ушбу ойда яна-да ортиб кетарди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ичларингизда ким бугун рўза тутди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун жанозада қатнашди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун мискинни таомлантирди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун беморни бориб кўрди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ушбу ишлар қай бир кишида жамланса, у албатта жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Рўзанинг мустаҳаб бўлган одобларидан бири – рўзадор Аллоҳ уни рўзага етказганлиги, рўза тутишга муваффақ қилиб, рўзани унга муяссар қилгани неъматини қадрлаши лозим. Зотан, кўп кишилар Рамазонга етиб келолмай вафот этиб кетишди, етиб келганлар ичида айримлар заиф-ожизлиги, айримлар залолатда бўлгани туфайли уни адо этиш шарафига муяссар бўлишмади. Шундай экан, рўзадор Парвардигори ҳузурида ўзининг гуноҳлари кечирилиб, даражалари юксалишига сабаб бўлган ушбу улуғ неъмат учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтмоғи лозим.

Азиз биродарим! Рўзанинг одобларига риоя қилинг, ғазаб ва азоб сабабларидан узоқлашинг. Буюк аждодларимизнинг сифатлари билан безанинг. Зеро, ушбу умматнинг охири унинг аввалини ислоҳ этган тоат-ибодат ва гуноҳлардан сақланиш билангина тузалади.

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: Рўзадорлар икки табақа бўлади. Улардан бири шундай кишики, емак-ичмаги ва майл-истагини Аллоҳ учун тарк қилади, бунинг эвазига У зот ҳузуридаги жаннатни умид қилади. Бу киши Аллоҳ билан тижорат қилди, У билан ҳамкорлик қилди. Аллоҳ гўзал амал қилувчиларнинг ажрларини зое қилмайди. У билан ҳамкорлик қилган киши ноумид қайтмайди. Аксинча, жуда катта фойдага эришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига: «Сен бир нарсани Аллоҳдан тақво қилиб тарк қилар экансан, Аллоҳ сенга албатта ундан яхшисини беради» дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Бундай рўзадорга жаннатда кўнгли тилаганча таом, шароб, аёллар ато этилади. Аллоҳ таоло айтади: «(Жаннат аҳлига:) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур)» (Ал-Ҳааққа: 24). Мужоҳид ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оят рўзадорлар ҳақида нозил бўлган», деганлар.

Абдурраҳмон ибн Самурадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушларида кўрган нарсани баён қилиб дедилар: «Умматимдан бир кишини кўрдимки, ташналикдан ҳансираб қолган, ҳар гал ҳовузга яқинлашганда ман қилинар ва ҳайдалар эди. Шунда рўзаси келиб, уни суғорди ва қондирди» (Табароний тафсирида келтирган).

Ҳой одамлар! Қани, ушбу ойда Раҳмон таоло ҳузуридаги нарсаларга харидор бўлувчи ким бор?! Унинг жаннатларда тоат-ибодат қилувчилар учун ҳозирлаб қўйган неъматларига рағбат қилувчи ким бор?!

Ким жаннатларга эга бўлишни истаса, сусткашликни қўйсин, тун зулматида Қуръон нури сари қўзғолсин, рўзани рўзага уласин! Умр ўткинчи, ҳақиқий ҳаёт дорул-омонда, Аллоҳ ҳузурида!

Иккинчи табақадаги рўзадор шундай кишики, дунёда Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсадан рўза тутади – тийилади. Бошини ундаги барча аъзолари билан бирга, қорнини унинг ичидаги барча аъзолари билан бирга асрайди, авайлайди. Ўлимни ёдга олади, охиратни истайди, дунё зеб-зийнатларини тарк қилади. Унинг ийдул-фитри (рўза ҳайити) Парвардигорига йўлиққан ва Унинг дийдорига мушарраф бўлиш ила шодликка тўлган кунда бўлади.

Ким Аллоҳнинг амри билан дунёда шаҳватларидан рўза тутса-тийилса, эртага жаннатда уларга тўла-тўкис эришади. Ким Аллоҳдан бошқа барча нарсадан рўза тутса, унинг ҳайит байрами Унга рўбарў бўлган кундадир: «Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, бас, албатта, Аллоҳ (белгилаган мукофот ва жазо) фурсати шак-шубҳасиз келувчидир. У эшитувчи, билувчидир» (Анкабут: 5).

Эй тавба қилувчилар, бугун нафс-ҳаво шаҳватларидан рўза тутинг, У зот билан учрашув кунида ийдул-фитрга етишасиз!

Эй Парвардигор! Ботинимизни Ўзингга ихлос билан гўзал қилгин. Амалларимизни Расулингга эргашиш ва унинг одоблари билан одобланиш ила зийнатли қилгин.

Эй Парвардигор! Бизларни ғафлатларимиздан уйғотгин, ҳалокат жарликларидан қутқаргин. Гуноҳлармизни ўчиргин. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўн иккинчи суҳбат

Қуръон тиловатининг иккинчи тури ҳақида

Азиз биродарлар! Бешинчи суҳбатимизда Қуръон тиловати икки турга бўлиниши ҳақида айтиб, улардан бир тури – лафзини тиловат қилиш ҳақида сўз юритган эдик.

Қуръон тиловатининг иккинчи тури – унинг аҳкомларини тиловат қилиш, яъни хабарларини тасдиқлаш, ҳукмларига эргашиш, буйруқларини қилиш ва қайтариқларидан тийилиш маъносидаги тиловатдир.

Қуръоннинг нозил қилинишидан кўзда тутилган энг катта ғоя ҳам тиловатнинг айни шу туридир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу Қуръон (барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган муборак Китобдир» (Сод: 29).

Шунинг учун ҳам салафи солиҳларимиз Қуръонни ўрганишар, уни тасдиқлашар, ҳукмларини мустаҳкам ақида ва содиқ ишонч билан татбиқ қилишар эди. Абдурраҳмон ибн ас-Суламий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизга Қуръон ўқитган Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқа зотлар айтишардики, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўн оят таълим олсалар, ўша оятларни ва улар ўз ичига олган илм ва амални пухта ўрганмагунларича бошқасига ўтмас эканлар. Улар: «Биз Қуръонни, илм ва амални бирга ўрганганмиз», деб айтишарди».

Инсоннинг саодатга эришуви ёки бадбахтликка юз тутиши тиловатнинг мана шу турига қараб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубҳасиз қаттиқроқ ва давомлироқдир» (Тоҳа: 123-127).

Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарда Ўзининг пайғамбарларига ваҳий қилган ҳидоятига ва улар ичида энг улуғи бўлган Қуръони азиймга эргашган кишиларнинг ажру савобларини ва ундан юз ўгирган кимсаларнинг жазоларини баён қилди. Унга эргашган кишиларнинг савоби – мукофоти шуки, улар йўлдан озмайдилар ва бахтсиз бўлмайдилар. Йўлдан озмаслик ва бахтсиз бўлмаслик дунёю охиратдаги комил ҳидоят ва саодатни ўз ичига олади. Ундан юз ўгирган ва унга амал қилишдан кибр қилган кимсаларнинг жазоси дунёю охиратдаги бахтсизлик ва залолатдир. Ундай кимса танг-бахтсиз ҳаёт кечиради, дунё ҳаётида давомий ғам-ташвиш ичида, осойишталик билмай, на саҳиҳ ақида ва на солиҳ амал билан ўтади: «Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179). Қабрида ҳам танг-торликка дучор бўлади, қабри уни шундай қаттиқ қисадики, қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Охиратда эса кўзи кўр ҳолда тирилтирилади. «Уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборурмиз» (Исро: 97). Улар дунёдалик пайтларида кўзлари ҳақни кўришдан кўр, қулоқлари ҳақни эшитишдан кар, тиллари ҳақни сўзлашдан соқов эди: «Улар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас сен ҳам ўз амалингни қилавер, бизлар ҳам албатта ўз амалларимизни қилгувчидирмиз», дейишди» (Фуссилат: 5). Аллоҳ таоло охиратда ҳам уларни дунёда қандай бўлган бўлсалар ана шундай ҳолат билан жазолайди, Унинг шариатини қандай зое қилишган бўлса, уларни ҳам ўшандай зое қилади: У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан» (Тоҳа: 125-126).

«(Мана шу уларнинг қилмишларига) яраша жазодир!» (Набаъ: 26).

«Ким яхшилик билан келса, бас унинг учун (қилган яхшилигидан) яхшироқ (мукофот бўлур). Ким ёмонлик билан келса, бас, ёмонликлар қилган кимсалар фақат ўзлари қилган ёмонликлари билангина жазоланадилар» (Қасас: 84).

Имом Бухорий Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач бизга юзланиб: «Бу кеча сизлардан ким туш кўрди?» деб савол берардилар. Бирор киши кўрган тушини хикоя қилса, «ма ша-аллоҳ» деб қўярдилар. Кунлардан бирида: «Сизлардан бирор киши туш кўрдими?» деб сўрадилар. Биз: Йўқ, дедик. Шунда Ўзлари шундай дедилар: «Мен ўтган кечада икки кишини тушимда кўрдим. Улар келиб қўлимдан олиб мени муқаддас ерга олиб чиқишди... Шунда чалқанчасига ётган бир кишининг ёнига етиб бордик. Яна бир киши унинг бошида (кафтни тўлдирадиган) бир тош билан унинг бошини уриб пачоқлаб турибди. Ҳар қачон уни урганда тош думалаб кетади. Бориб то тошни олиб келгунча, ётганнинг боши тузалиб яна ўз ҳолига қайтади. Урувчи тошни келтиргандан сўнг яна уради. «Бу ким?» деб сўрадим. Улар: «Юринг, кетамиз» дейишди. Охирида уларга айтдим: «Бу кечада мени айлантириб сайр қилдирдингиз. Энди кўрган нарсаларимнинг хабарини менга баён қилинг!» Улар: «Хўп», дейишди. «...Сиз кўрган боши пачоқланаётган киши шундай кимсаки, Аллоҳ унга Қуръонни таълим берган. У эса, кечқурунлари Қуръонни четга суриб ухлаган. Кундузи унга амал ҳам қилмаган. Қиёмат кунигача мана шундай азобланади... Мен Жибрил, бу эса Мийкоилдир...» дедилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул-вадоъда одамларга хутба қилиб дедилар: «Шайтон бу ерингизда (Макка, Мадинада) унинг ўзига сиғиниб ибодат қилишингиздан умидини узди. Аммо энди у сизлар тарафингиздан сизлар арзимас деб ўйлаб, эътибор бермайдиган ишларга ҳам рози бўлади, эҳтиёт бўлинглар! Мен сизларга маҳкам ушласангиз ҳаргиз адашмайдиган нарсани – Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатини қолдирдим » (Ҳоким ривояти, исноди саҳиҳ).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуръон қиёмат куни инсон қиёфасида гавдаланади. Қуръонни ёдлаган, бироқ унинг буйруқларига хилоф қилган бир кишини олиб келинади. Шунда Қуръон унга қарши даъвогар бўлиб: «Эй Парвардигор, мени унга кўтартирдинг. У нақадар ёмон кўтарувчи бўлди, мен белгилаган ҳад-ҳудудларга тажовуз қилди, фарзларимни зое қилди, мен маъсият деган ишларни қилди, мен буюрган тоат-ибодатларни қилмади», дейди. Унга қарши ҳужжатлар олиб келаверади, ҳатто унга: «Бу одам сенинг ихтиёрингда», дейилади. Шундан сўнг унинг қўлидан ушлаб дўзахга томон олиб кетади ва уни юзи билан дўзахга қулатади» (Ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да келтирган).

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуръон фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир» (Имом Муслим ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қуръон шафоат қилувчидир ва унга шафоат қилишга изн берилгандир. Ким унинг ортидан юрса, у уни жаннатга етаклайди. Ким уни орқага қўйса, у уни дўзахга қараб ҳайдайди».

Эй Қуръон унинг рақиби бўлган бечора! Ўз рақибингга айлантириб олган кишингдан қандай қилиб шафоат истайсан?! Қиёмат куни рақибларидан шафоат кутувчиларнинг ҳолига вой бўлсин!

Эй Аллоҳнинг бандалари! Мана Аллоҳнинг Китоби, у олдингизда тиловат қилиниб, эшитилиб турибди. У шундай Қуръонки, агар бирон забардаст тоққа нозил қилинганда эди, сиз уни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетганини кўрган бўлар эдингиз. Ана шундай Қуръонни эшитувчи қулоқлар, ундан ёшланувчи кўзлар, ундан қўрқувчи қалб қани?! Қуръоннинг буйруқларига бўйсуниш қаерларда қолди?! Шундай ҳолда яна ундан шафоат кутамиз?! Қалблар тақводан холи харобазорга айланган, уларни гуноҳлар зулмати қоплаб олган, на кўради, на эшитади! Қанчалаб марталар бизлар учун Қуръон оятлари тиловат қилинади, дилларимиз тош қотган, балки тошдан-да қаттиқ! Рамазон ойи неча марталаб келиб кетмоқда, аҳволимиз эса бахтсиз кимсаларнинг ҳолидан фарқсиз! Ёшларимиз ўйин-кулгидан, кексаларимиз ғийбат-шикоятдан бўшамайди! Аллоҳнинг жарчисини эшитганда унинг чорловига лаббай деб жавоб берган, Унинг оятлари тиловат қилинганда қалблари қўрқувдан титраган зотлардан нақадар узоқлашиб кетдик!

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қуръон ўқувчи киши тунлари одамлар ухлаганда (тиловати билан), кундузлари одамлар еб-ичган пайтларда (рўзаси билан), одамлар кулганларида йиғиси билан, одамлар қориштириб юборганда парҳези билан, одамлар гапга шўнғиганда сукути билан, одамлар кибр қилганда хушуъси билан, одамлар хурсанд бўлганда маҳзунлиги билан ажралиб туриши лозим».

Эй нафсим! Солиҳ зотлар тақво билан нажот топдилар, ҳаққа етишдилар. Тун қоронғулигини тўшади, уларнинг нурлари юлдузларнинг нуридан-да чароғон. Тунлари зикр билан тараннум қилдилар, ҳаётларини шу билан обод қилдилар. Диллари зикрга фориғ бўлди, кўзёшлари терилган маржонларга ўхшайди. Саҳарлар уларнинг нурлари билан ёришди. Мағфират тортиқлари улар учун энг яхши қисмат бўлди. Улар рўзаларини лағв-беҳудаликдан асрадилар, тунлари зикрлар билан хушуъ қилдилар. Ҳолингга вой бўлсин эй нафс, қадамим тойилмасидан туриб манфаатли бўлган ишга кўзингни очсанг бўлмайдими?! Бепарволик билан, ҳавога эргашиб фурсатларни бой бердинг, энди қолганини бўлса ҳам қўлдан чиқарма, вақтни ғанимат бил!

Азиз биродарлар! Имконият қўлдан кетмасидан туриб Қуръонни ёд олинг. Унинг ҳудудларини сусткашлик ва осийлик қилмасдан муҳофаза этинг. Билингки, у жазо кунининг Эгаси ҳузурида сизнинг фойдангиз ё зарарингизга гувоҳлик беради. Аллоҳнинг ушбу буюк неъматига шукр бажо келтириш уни ортга ташлаш билан бўлмайди! Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни риоя қилиш унинг ҳукмларини масхара қилиш билан бўлмайди! «У кунда бу золим қўлларини (бармоқларини тишлаб надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди. Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди. Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир. Пайғамбар айтди: «Эй Парвардигорим, дарҳақиқат менинг қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк қилиб (ундан юз ўгирдилар)». Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Парвардигорингизнинг Ўзи етарли етакчи ва ёрдамчидир» (Фурқон: 27-31).

Эй Парвардигор! Китобингни ҳақиқий тиловат қилишимизга Ўзинг муваффақ этгин. Бизларни у сабабли нажот ва саодатга эришганлардан қилгин. Унинг лафзи ва маъноларини ўз ўрнига қўйишимизга, ҳад-ҳудудларини муҳофаза этишимизга, ҳурматини риоя қилишимизга муваффақ этгин. Бизларни илмда мустаҳкам бўлган, Қуръоннинг муҳкам ва муташобиҳ оятларига иймон келтирган, хабарларини тасдиқлайдиган, ҳукмларини ижро қиладиган кишилардан қилгин.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўн учинчи суҳбат

Қуръон тиловати одоблари ҳақида

Азиз биродарлар, тиловат қилаёатганингиз, тинглаётганингиз, ёд олаётганингиз ва ёзаётганингиз мана бу Қуръон бутун оламларнинг ва сизларнинг Роббингиз, аввалгилару кейингиларнинг тангри бўлмиш Аллоҳнинг каломидир. Бу Қуръон Унинг мустаҳкам арқони, тўғри йўлидир. У муборак эслатма ва ёрқин нур бўлиб Аллоҳ таоло Ўзига хос сифатда уни сўзлаган, муқарраб фаришта Жибрил ал-Аминга уни талқин қилган у ўз ўрнида уни огоҳлантирувчилардан бўлиши учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларига соф араб тилида олиб тушган. Аллоҳ таоло Қуръонни бандалар улуғлаши ва эҳтиром қилишлари учун улуғ сифатлар билан васфлаган. Аллоҳ таоло айтади: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган.» (Бақара: 185)

«(Эй Муҳаммад), Сизга тиловат қилаётганимиз бу қисса Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир.» (Оли Имрон: 58)

«Эй одамлар, сизларга Парвардигорингиздан ҳужжат келди. Биз сизларга равшан нурни нозил қилдик.» (Нисо: 174)

«Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизлар китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур-Очиқ Китоб келдики, Аллоҳ у сабабли Ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва Ўзи изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри йўлга ҳидоят қилур.» (Моида: 15,16)

«Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа бўлмаган Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) нарсаларни тасдиқловчи ва (шариат ҳукмларидан иборат) муфассил Китобдир.» (Юнус: 37)

«Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва иймон келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни, Қуръон) келди.» (Юнус: 57)

«(Ушбу Китоб) сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун, ҳикмат соҳиби ва (ҳамма нарсадан) хабардор зот — Аллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилинган бир Китобдир.» (Ҳуд: 1)

«Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз.» (Ҳижр: 9)

«Дарҳақиқат, Биз сизга етти такрорланувчини (яъни, етти оятдан иборат бўлган, ҳар бир ракаат намозда такрорланадиган «Фотиҳа» сурасини) ва Улуғ Қуръонни ато этдик. Сиз кўзларингизни Биз у (кофирлардан айрим) тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга (яъни, уларнинг молу давлат, шаъну шавкатларига) тикманг! Уларнинг (иймонсизликлари) устида ғамгин ҳам бўлманг! Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни мудом камтар-тавозеъли бўлинг!)» (Ҳижр: 87,88)

«Сизга — ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни — Қуръонни нозил қилдик.» (Наҳл: 89)

«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг ҳам «хуш-хабари»ни берур). (Исро: 9, 10)

«Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур.» (Исро: 82)

«Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар»(Исро: 88)

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас, Балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик. (У) ерни ва юксак осмонларни яратган зот томонидан нозил қилингандир.» (Тоҳа: 2-4)

«Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли - Буюкдир.» (Фурқон: 1)

«Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад), сиз (охират азобидан) огохлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди. Албатта (Қуръон ҳақидаги хабарлар) ўтганларнинг китобларида ҳам бордир. Ахир (Қуръон ҳақида) Бани Исроил олимлари ҳам билишлари (Макка мушриклари) учун (Қуръон ҳақиқатан Аллоҳ томонидан нозил бўлганига) оят-далил эмасми?!» (Шуаро: 192-197)

«(Қуръонни осмондан) жинлар олиб тушганлари йўқ. Улар учун бунинг имкони йўқ ва улар бунга қодир ҳам эмаслар.» (Шуаро: 210,211)

«Йўқ у (яъни Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур.» (Анкабут: 49)

«(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир. (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилаётган нарса) фақат у тирик бўлган кишиларни огоҳлантириши учун ва кофирлар устига Сўз — азоб ҳақ бўлиши учун (нозил қилинган) бир эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир.» (Ёсин: 69,70)

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир.» (Сод: 29)

«Айтинг: «Ўша (яъни мен сизларга етказган мана шу сўзлар) улуғ бир хабардир.» (Сод: 67)

«Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб-Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари – баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар – мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилувчи бўлмас.» (Зумар: 23)

«Албатта ўзларига Эслатма — Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз у азиз — мустаҳкам ҳимояланган Китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) Ҳаким ва Ҳамид зот томонидан нозил қилингандир.» (Фуссилат: 41,42)

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни — Қуръонни ва на иймонни (яъни унинг ҳақиқат-моҳиятини) бил­ардингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри йўлга етаклайсиз.» (Шўро: 52)

«Дарҳақиқат у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул — Маҳфузда) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобдир)» (Зухруф: 4)

«Ушбу (Қуръон барча) одамлар учун (равшан) кўрсатмалардир ва аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.» (Жосия: 20)

«Улуғ Қуръонга қасам» (Қоф: 1)

«Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки, — ҳолбуки бу (қасам) агар билсангизлар шак-шубҳасиз улуғ-катта қасамдир — албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир! Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар.» (Воқеа: 75-80)

«Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. (Лекин айрим инсонларнинг диллари тоғнинг тошидан ҳам қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари ҳам таъсир қилмас). Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз.» (Ҳашр: 21)

Аллоҳ таоло Жинлар ҳақида шундай деди: «(ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз».» (Жин: 1,2)

«Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул-Маҳфуздаги (яъни ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришдан сақланган-ҳимояланган Лавҳдаги) Буюк қуръондир.» (Буруж: 21,22)

Мана шу биз нақл қилган ва талайгина нақл қилмай қолдирганимиз улуғ сифатлар Қуръоннинг буюклиги, уни улуғлаш кераклиги, тиловат қилинаётганда муносиб одобда бўлиш ва уни ўқиётганда ҳазил ва ўйин-кулгидан узоқ туриш лозимлигига далолат қилмоқда.

Қуръон тиловати одобларидан Аллоҳ таолога нийятни холис қилиш, чунки Қуръон тиловати улуғ ибодатлар жумласидан бўлиб унинг фазилати айтиб ўтилди. Аллоҳ таоло айтади: «Бас (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга — У зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!» (Ғофир: 14). Зумар сурасининг 2- оятида эса: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис килган ҳолда ибодат қилинг!» дейди. Баййина сурасининг 5- оятида эса: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир.» деб марҳамат қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қуръонни худди камоннинг ўқи каби тезлатадиган кечга сурмайдиганлар келиб қолишидан олдин Қуръонни тиловат қилинглар, у билан Аллоҳ азза ва жалланинг Юзини умид қилинглар" Аҳмад ривояти. “Тезлатадиган"нинг маъноси, Қуръоннинг ажрини нақд бўлишини хоҳлайдилар, у билан обрў, пул ва сарпо каби дунёвий эвазни кўзлайдилар. “Кечга сурмайдиган"нинг маъноси, тиловат ажрини Охиратга қўймайдилар.

Қуръон тиловати одобларидан уни маъноларини тушунадиган, ўқиётган оятлари ҳақида тафаккур қиладиган уйғоқ қалб билан ўқиш. Ана шунда қалби титрайди ва унга Аллоҳ хитоб қилаётганини ҳис қилади, чунки Қуръон Аллоҳнинг каломидир.

Қуръон тиловати одобларидан: Уни таҳоратли ҳолда ўқиш. Чунки бу Аллоҳнинг каломини улуғлашдир. Киши Қуръонни жунуб ҳолатда ўқимайди, агар сувга эга бўлса ғусл қилади, агар сув йўқлиги ё касаллик сабабли уни истеъмол қилишдан ожиз бўлса таяммум қилади. Жунуб одам агар Қуръонни мақсад қилмаса Қуръонга мувофиқ сўзлар билан Аллоҳ таолога дуо қилса бўлаверади. Масалан, «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилувчилардан бўлиб қолдим» (Қуръонда Юнус алайҳиссалом тилидан айтилганга ўхшаш), «Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта Сенгина барча яхшиликларни ато этгувчисан!» (ربنا لا تُزغْ قُلوبَنا بعد إذْ هَدَيتْنَا) каби.

Қуръон тиловати одобларидан: Уни нопок ерларда, унга қулоқ тутилмайдиган йиғинларда ўқилмайди, чунки бундай жойларда ўқиш уни хорлаш бўлади. Шунингдек ҳожатхонада ҳам ўқилмайди, чунки бу жой Қуръон Карим учун нолойиқдир.

Қуръон тиловати одобларидан: Қуръон ўқишдан аввал Аллоҳ таолодан шайтоннинг васвасасидан паноҳ тилаш. Аллоҳ таоло: (Эй мўмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта қувилган — малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин! деб буюргани ва шайтон уни ўқишига ёки қироатни тамомига етказишига тўсқинлик қилмаслиги учун шундай қилинади. “Бисмиллаҳ" айтишга келсак, агар суранинг орасидан ўқиётган бўлса “бисмиллаҳ"ни айтмайди, сура аввалидан ўқиса айтади. Фақат “Тавба" сурасининг бошида уни айтмайди. Чунки мусҳафда шундай келган. Саҳобалар розияллоҳу анҳум Қуръонни китоб шаклига келтираётган пайтларида ушбу сура алоҳида сурами ёки “Анфол" сурасининг давомими деб ўйланиб қолишган ва ушбу суралар ўртасини “бисмиллаҳ" билан ажратишмаган. Шубҳасиз, бу ижтиҳод воқеъга мувофиқдир. Чунки агар “бисмиллаҳ" суранинг аввалида нозил бўлса эди, у албатта Аллоҳ таолонинг сақлаши билан сақланиб қолар эди: “Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақловчимиз" (Ҳижр: 9).

Қуръон тиловати одобларидан: Муттафақун алайҳи бўлган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисга биноан Қуръон ўқиётганда овозни чиройли қилиш ва тараннум этиш: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло Қуръонни баланд товуш билан гўзал овозда ўқиётган Пайғамбарни тинглагандек бирон нарсани тингламаган». Бухорий ва Муслим ривоятларида келган ҳадисда Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шом намозида “Ат-Тур" сурасини ўқиётганларини эшитдим. У зотдан кўра чиройлироқ овозли ёки қироатли бирон кишини кўрмадим. Агар Қуръон тиловат қилаётган кишининг атрофида унинг овозидан озорланадиган ухлаётган ёки Қуръон тиловат қилаётган бирон киши бўлса, унга халақит қиладиган ёки озор берадиган даражада овозини кўтармайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни масжидга чиқдилар, одамлар овозларини чиқариб намоз ўқишарди, шунда дедилар: «Намоз ўқувчи Роббига муножот қилади, у қилаётган муножотига қарасин, сизлардан бирингиз бошқангизга овозини чиқар(иб халақит бер)масин» (Молик Муваттоъда ривоят қилган, Ибн Абдилбар ҳадисга саҳиҳ деб ҳукм қилган).

Қуръон тиловати одобларидан: Қуръонни тартил билан ўқиш. Аллоҳ таоло айтади: «Қуръонни тартил билан (яъни дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил: 4) Қуръонни шошмасдан, дона-дона қилиб ўқийди, чунки бу ўқувчига унинг маъноларини тааммул қилишга, ҳарфлари ва лафзларини тўғри талаффуз қилишга ёрдам беради. Саҳиҳул Бухорийда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатлари ҳақида сўралганда “Чўзиб ўқирдилар" дея жавоб берди кейин “بسم الله الرحمن الرحيم" ни ўқидилар. “بسم الله" ни чўзардилар, “الرحمن" ни чўзардилар, “الرحيم" ни чўзардилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қироатлари ҳақида сўралганларида шундай жавоб қилдилар: “Оят-оят қилиб бўлиб ўқирдилар"بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِيمِ * الْحَمْدُ للَّهِ رَبِّ الْعَـلَمِينَ * الرَّحْمَـنِ الرَّحِيمِ الرَّحِيمِ * مَـلِكِ يَوْمِ الدِّينِ الدِّينِ" ҳар бир оятдан кейин тўхтаб ўқирдилар" (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар ривояти). Ибн Масъуд айтади: “Қуръонни қум сепгандек сепиб ҳам юборманглар, шеър каби шариллатиб ҳам юборманглар. Унинг ажойиботлари олдида тўхталинглар, қалбларни улар билан қўзғатинглар. Мақсадингиз суранинг охирига тезроқ етиш бўлмасин." Агар қироат баъзи ҳарфларни тушуриб қўйиш ёки идғом қилиш мумкин бўлмаган харфларни идғом қилиб юбориш каби халалликларга йўл қўймайдиган даражада тез бўлса зарари йўқ. Акс ҳолда бундай қилиш ҳаром, чунки у Қуръонни ўзгартириб юборишдир.

Қуръон тиловати одобларидан: Сажда оятини ўқиса, таҳоратли бўлса сажда қилади. Бунда вақтнинг эътибори йўқ, кеча бўлсин, кундуз бўлсин сажда қилаверади. Саждага бораётганда такбир айтади ва “Субҳана роббиял аъла" дейди сўнгра саждада ворид бўлган дуони қилади. Саждадан такбир айтмай туради, салом ҳам бермайди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай қилганлари ривоят қилинмаган. Аммо намозда бўлса, сажда қилганда ҳам саждадан турганда ҳам такбир айтади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу намозда ҳар тушганда (егилганда) ва турганда такбир айтарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар дер эди. (Муслим ривояти) Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, деди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар бир тушиш ва кўтарилишда, қиёмда ва ўтиришда такбир айтганлари кўрганман" (Аҳмад, Насоий ва Термизий ривояти у ҳадисни саҳиҳ санаган). Бу гап намоз саждаларини ҳам тиловат саждаларини ҳам ўз ичига олади.

Мана шулар Қуръон тиловатининг баъзи одоблари, уларга риоя қилинглар, ҳарис бўлинглар ва уларга амал қилиш билан Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматини умид қилинглар.

Парвардигоро, бизларни ҳурматли нарсаларингни улуғлайдиганлардан ва Жаннатинг меросхўрларидан қилгин. Бизни, ота-оналаримизни ва бутун мусулмонларни афв эт эй раҳмлиларнинг Раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўн тўртинчи суҳбат

Рўзани бузувчи нарсалар ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло айтади: «Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан (яъни, тонг ёруғлиги тун қоронғулигидан) ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло рўзани бузувчиларнинг асл-асосларини баён қилди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз суннатларида буни комил суратда зикр қилдилар.

Рўзани бузувчилар етти турлидир:

Биринчи: Жимоъ, яъни жинсий алоқа бўлиб, бу рўзани бузувчи нарсаларнинг энг каттаси ва гуноҳи каттароғидир. Рўзадор киши жимоъ қилиши билан рўзаси – хоҳ фарз бўлсин, хоҳ нафл бўлсин – бузилади. Агар Рамазоннинг кундуз кунида, рўза фарз бўлган ҳолида жимоъ содир бўлса, қазо билан биргаликда оғир каффорат – бир мўмин қулни озод қилиши лозим бўлади. Агар тополмаса, икки ой сурункали равишда, ўртада бир кун ҳам қолдирмай рўза тутиши лозим. Фақат икки ҳайит ва ташриқ кунлари каби шаръий узр ёки касаллик ва сафар каби ҳиссий узр бўлган ҳолдагина ўртада ўша кунлари рўза тутмаслиги мумкин. Ўртада бир кун бўлса-да узрсиз рўза тутмаса, каффорат рўзасини яна бошидан бошлаб тутиши лозим бўлади. Агар икки ой пайдар-пай рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмишта мискинга таом – ҳар бирига 510 грамм ўлчовида яхши буғдой (ёки гуруч) бериши лозим. «Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинишича, бир киши Рамазонда аёли билан қўшилиб қўйиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда фатво сўраганида у зот: «Қул озод қила оласанми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. «Икки ой бирин-кетин рўза тута оласанми?», дедилар. У: «Йўқ», деди. «Унда олтмишта мискинга таом бер», дедилар. «Саҳиҳайн»да ушбу ҳадис батафсил келтирилган.

Иккинчи: Бўса олиш, силаб-сийпаш, истимно (онанизм, капаки) каби йўллар билан ихтиёрий равишда маний (сперма) тўкиш. Чунки, бу нарса рўзада сақланиш шарт бўлган шаҳват жумласига киради. Ҳадиси қудсийда айтилганидек: «Таоми, шароби ва шаҳватини Мени деб тарк қилади» (Имом Бухорий ривояти). Аммо маний тўкмасдан бўса олиш ва тегиниш рўзани бузмайди. «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида хотинларини қучоқлар ва ўпар эдилар. Лекин у зот сизларнинг ичингизда ўз шаҳватига тўла эга бўлган киши эдилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

«Саҳиҳ Муслим»да айтилишича, Умар ибн Аби Салама Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Рўзадор ўпса бўладими?», деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундан сўра», деб Умму Салама розияллоҳу анҳога ишора қилдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилардилар, деб айтди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аммо мен ичларингизда Аллоҳдан энг тақво қилувчироқ ва қўрқувчироғингизман», дедилар.

Лекин рўзадор ўпиш ё қучиш билан маний тўкиб қўйишидан хавф қилса ёки бу нарса уни шаҳватини жиловлай олмай жимоъ қилишга олиб келиб қўйишидан қўрқса, у ҳолда рўзасини бузилишдан сақлаб қолиш учун ўпиш ва шу кабилар унинг ҳаққида ҳаром бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилувчи кишини истиншоқни муболағали қилишга (яъни бурунга чуқур сув олишга) буюриб, фақат рўзадор бўлса, ичига сув кетиб қолмаслиги учун ундай қилмасликка буюрганлар.

Эҳтилом (яъни шаҳвоний туш) ёки хаёлга келтиришнинг ўзи билан маний тўкилган ҳолда рўза бузилмайди. Чунки, эҳтилом рўзадорнинг ихтиёрисиз содир бўлади, хаёлга келиб амалга ошмаган иш эса кечирилгандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло умматимнинг кўнглига келган нарсаларини – модомики у нарса амалга ошмаган ёки уни гапирмаган бўлса – кечирди» (Муттафақун алайҳ).

Учинчи: Ейиш ёки ичиш, яъни оғиз ё бурун йўли орқали ҳар қандай озуқанинг ичга кириши. Аллоҳ таоло айтади: «То тонгдан оқ ип қора ипдан (яъни, тонг ёруғлиги тун қоронғулигидан) ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187).

Бурунга дори томизиш ҳам ейиш-ичишга ўхшагандир. Лақит ибн Сабра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «...Рўзадорлигингдан бошқа пайтда истиншоқни муболағали қил (яъни бурунга чуқур сув ол)» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти).

Аммо ҳидлаш билан рўза бузилмайди. Чунки, ҳид қоринга кирадиган модда эмас.

Тўртинчи: Ейиш ва ичиш маъносидаги нарсалар бўлиб, улар иккита:

1) Рўзадорга қон қуйиш. Масалан, кўп қон кетиши натижасида қонсизланган кишига қон қуйиш билан унинг рўзаси бузилади. Чунки, таом ва ичимлик билан озуқаланиш ҳам аслида ўзи қон ҳосил бўлиши учун эди, қон қуйиш билан ҳам айни шу иш содир бўлган бўлади.

2) Ейиш-ичишнинг ўрнини босадиган озиқлантирувчи нина-уколлар қабул қилган кишининг рўзаси бузилади. Гарчи улар ҳақиқатан ейиш-ичиш бўлмаса-да, ейиш-ичиш маъносида бўлиб, уларнинг ҳукми собит бўлади. Аммо озиқлантирмайдиган укол хоҳ тери остига, хоҳ томирга қилинган бўлсин, ҳатто унинг ҳароратини-таъмини томоғида ҳис қилса ҳам, рўзаси бузилмайди. Чунки у ейиш-ичиш ҳам эмас, унинг маъносида ҳам эмас, шунинг учун уларнинг ҳукми собит бўлмайди. Ейиш-ичишдан бошқа нарсанинг таъмини томоқда ҳис қилишнинг эътибори йўқ. Шунинг учун фуқаҳоларимиз айтишганки: Агар бир киши оёғи остига заққум (ғоят аччиқ мевали ўсимлик) суртган бўлса, унинг таъмини томоғида топса-да рўзаси очилмайди....

Бешинчи: Ҳижома (зулук ёки банкачалар каби тиббий йўл) билан қон олдириш. Шаддод ибн Авс ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қон олувчи кишининг ҳам, қон олдирувчининг ҳам рўзаси бузилади». (Аҳмад, Абу Довуд ривояти. Имом Бухорий: «Бу хусусда шундан саҳиҳроқ ҳадис йўқ», деган). Бу имом Аҳмад ва кўпчилик ҳадис аҳлининг мазҳабидир. Қон топшириш ҳам қон олдириш маъносидадир. Шунга кўра, фарз рўза тутган киши баданга ҳижоманинг таъсири каби таъсир қиладиган суратда ортиқча қонини топшириши жоиз бўлмайди. Фақат ўта зарурат ҳолатида, кимдир унинг қонига муҳтож бўлса, рўзадор киши қон топшириши мумкин. Шунда ҳам ўша кунининг рўзаси очилган бўлади ва кейин қазосини тутади. Аммо бурун қонаши, йўтал ёки бавосил (геморрой) туфайли, шунингдек тиш олдириш, жароҳатнинг ёрилиши, қон таҳлили, укол санчиш оқибатида қон чиқиши билан рўза очилмайди. Чунки, бу ҳижома ҳам, унинг маъносида ҳам эмас, баданга ҳижома каби таъсир ҳам қилмайди.

Олтинчи: Қасддан қусиш, яъни ошқозондаги нарсани оғиз орқали чиқариб ташлаш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ихтиёрсиз қусган кишига қазо лозим эмас. Қасддан ҳаракат қилиб қусса, рўзасининг қазосини тутиб берсин» (Абу Довуд ва бошқалар ривояти, саҳиҳ ҳадис). Қасддан қусиш қорнини сиқиш ёки томоғини қўл билан сиқиш каби ҳаракатлар билан ёки кўнгил айнитадиган бирон ҳидли нарсани ҳидлаш билан ёки жирканч бирон нарсага қараш билан қасддан қусиш бўлсин, фарқсиз, рўзаси очилади. Ихтиёрсиз равишда ҳосил бўлган қусишнинг зарари йўқ. Ичдан қусиқ қўзғолганда уни тўсмаслик керак, чунки бу инсонга зарарлидир.

Еттинчи: Ҳайз ва нифос қони келиши. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар ҳақида сўзларканлар, шундай дегандилар: «Аёл киши ҳайз кўрганида намоз ўқимайди, рўза тутмайди, шундай эмасми?!» (Муттафақун алайҳ). Аёл киши ҳайз ёки нифос қонини кўриши билан рўзаси бузилади. Куннинг аввалида бўладими, охиридами, ҳатто кун ботишига бир лаҳза қолган бўлса ҳам рўзаси бузилган ҳисобланади. Бироқ, агар ичида қон кўчганини сезса-ю, қон кун ботганидан сўнггина келса, унинг рўзаси дуруст саналади.

Рўзадор – агар рўзаси фарз, каффорат, назр каби фарз рўза бўлса – ушбу рўзани бузувчи нарсаларни истеъмол қилиши ҳаромдир. Беморлик ва сафар каби шаръий узри бор киши бундан мустасно. Зеро, ким бирон фарз амални бошлаган бўлса, орада саҳиҳ бир узр чиқиб қолмаса, уни тамомига етказиши лозим. Рамазоннинг кундуз кунида мазкур рўзани бузувчи нарсаларни узрсиз қилган киши ўша куннинг қолган қисмини рўза билан тамомига етказиши ва кейин шу куннинг қазосини ҳам тутиб бериши керак бўлади. Узрли киши эса фақат қазосини тутади. Аммо нафл-ихтиёрий рўза тутган киши ҳеч қандай узрсиз ҳам рўзасини бузиши мумкин, лекин охирига етказиши афзал.

Азиз биродарлар! Тоат-ибодатларни муҳофаза этинг, маъсият ва ҳаром ишлардан сақланинг. Еру осмонларни яратган Зотга ёлвориб дуолар қилинг. Унинг фазлу марҳамати эпкинларига қучоқ очинг, зеро У ҳисобсиз марҳамат соҳибидир. Билингки, бу дунёда сиз учун фақат Хожангизнинг тоатида ўтказган фурсатларингиз фойдага қолади. Шундай экан, фурсатни ғанимат билинг, зиён вақти кирмасидан фойда қилишга уриниб қолинг.

Эй Парвардигор! Бизларни вақтларни ғанимат билишга, уларни солиҳ амаллар билан ўтказишга муваффақ этгин.

Эй Парвардигор! Фазлу марҳаматингни бизлардан дариғ тутма, бизларга афву мағфират либосларини кийдиргин.

Эй Парвардигор! Бизларни қулайликларга муссар этгин, оғирлик ва машаққатлардан узоқлатгин, дунёю охиратда гуноҳларимиздан ўтгин.

Эй Парвардигор! Бизларни пайғамбаримизнинг шафоатларига насибадор айлагин, у зотнинг ҳовузларидан қондиргин.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўн бешинчи суҳбат

Рўзанинг бузилиши шартлари, рўзани бузмайдиган ва рўзадор учун жоиз бўлган ишлар ҳақида

Азиз биродарлар! Юқорида санаб ўтилган рўзани бузувчи нарсалардан ҳайз ва нифосдан бошқалари – яъни жимоъ, ўпиш ва қучиш билан маний тўкилиши, ейиш-ичиш ва шу маънодаги нарсалар, қон олдириш ва қусиш билан рўза бузилиши учун рўзадор киши ушбуларни билиб туриб, унутмаган ҳолда, ўз ихтиёри билан қилган бўлиши керак. Демак, бунда учта шарт топилиши лозим:

Биринчи шарт: Билиб туриб қилган бўлиши. Агар билмай қилса рўзаси бузилмайди.

Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» (Бақара: 286).

«Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир». (Аҳзоб: 5).

Шаръий ҳукмни билмасдан, бирон нарсани рўзани бузувчи эканидан бехабар ҳолда қилиб қўйса ёки вақтни билмасдан, ҳали тонг отмади ё кун ботди деб ўйлаб еб қўйса-ю, тонг отиб қолган ёки кун ботмаган бўлса, бу ҳолатларда унинг рўзаси бузилмайди. «Саҳиҳайн»да Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» ояти нозил бўлганида у иккита: оқ ва қора ип-арқонни олиб, ёстиғининг остига қўйди. Сўнг оқ ва қора ипларни ажратадиган пайтга қадар еб-ичди ва оғзини бекитди. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, қилган ишини айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оятда зикр қилинган оқ ипдан мақсад кундуз ва қора ипдан мақсад кеча эканини тушунтирдилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Адий тонг отиб кетганидан кейин ҳам то ипларнинг ранги ажраладиган вақтгача еб-ичган эди. Бироқ у ҳукмни билмагани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни рўзасининг қазосини тутишга амр этмадилар.

«Саҳиҳ Бухорий»да Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида булутли кунда оғзимизни очдик, сўнг қуёш кўриниб қолди». Асмо розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни рўзаларининг қазосини тутишга буюрганларини айтмаган. Чунки улар вақтни билмаган эдилар. Агар қазосини тутишга буюрган бўлганларида албатта буни нақл қилинган бўларди. Масала ғоят муҳим бўлгани учун айтилмай қолиб кетиши мумкин эмасди. Шайхулислом Ибн Таймия «Рўзанинг ҳақиқати» номли рисоласида айтади: Мазкур ҳадисни ривоят қилувчиларидан бири – Ҳишом ибн Урва отаси Урвадан нақл қилишича, улар қазосини тутишга буюрилмаган эканлар. Лекин рўзадор ҳали кун ботмаганини билганидан сўнг еб-ичишдан тўхтаб, кун ботишини кутиб туради.

Шунга ўхшаш, агар тонг отганидан кейин ҳали тонг отмади деган хаёлда еб-ичса, кейин тонг отиб кетганини билиб қолса, унинг ҳам рўзаси дуруст бўлади. Чунки у вақтни билмаган эди. Зотан, Аллоҳ таоло ейиш-ичиш ва жимоъга тонготар пайти аниқ бўлгунича рухсат берган. Мубоҳ ва рухсатли ишни қилган одам қазога буюрилмайди. Лекин, еб-ичиб турган ҳолида кун ботмагани ёки тонг отиб кетгани аниқ бўлиб қолса, оғзидаги нарсани чиқариб ташлайди ва оғзини бекитади. Чунки бу одамдан узр йўқолди.

Иккинчи шарт: Унутмаган, эсида бор бўлиши. Агар унутиб қилса рўзаси дуруст саналади ва қазоси лозим бўлмайди. Бунга далил Бақара сурасидаги: «Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама!» (286) ояти ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким рўзадор ҳолида унутиб еса ёки ичса, рўзасини охирига етказсин. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичирибди» (Муттафақун алайҳ).

Рўзасини охирига етказишга буюрганликлари унинг рўзаси дуруст эканига далил бўлади. Унутиб еган-ичганни Аллоҳ едириб-ичирибди, деганликлари унга ҳеч қандай жазо йўқлигига далил бўлади. Лекин қачон эсига тушиб қолса ёки эслатилса, дарҳол оғзидагини ташлайди ва оғзини бекитади. Чунки унинг узри кетди. Рўзадорнинг еб-ичиб турганини кўрган киши уни огоҳлантириши керак бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир». (Моида: 2).

Учинчи шарт: Ўз ихтиёри билан қилиши. Агар мажбурланса рўзаси дуруст саналиб, қазо лозим бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло мажбурий равишда куфр калимасини айтган, бироқ қалби иймон билан хотиржам бўлган кишидан кофирлик ҳукмини олиб ташлади: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир» (Наҳл: 106).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло умматимдан хато, унутиш ва мажбурланган нарсаларини кечди» (Ибн Можжа ва Байҳақий ривояти).

Агар бир киши фарз рўза тутган аёлини жинсий алоқага мажбурласа, у аёлнинг рўзаси дуруст бўлиб, қазо лозим бўлмайди. Рўзаси нафл бўлса ва эрининг ҳузурида унинг изнисиз тутган бўлса ундай эмас.

Рўзадорнинг димоғига унинг ихтиёрисиз чанг, тутун каби нарса кирса ёки оғиз ва бурнини чайганида беихтиёр ичига сув кетиб қолса, унинг рўзаси дуруст бўлиб, қазо лозим бўлмайди.

Рўзадор кўзига дори қуйса ёки сурма қўйса, унинг таъмини томоғида ҳис қилса ҳам рўзаси очилмайди. Чунки бу нарсалар емак-ичмак ҳам, унинг маъносида ҳам эмас. Қулоққа дори томизиш ва жароҳатга малҳам қўйиш ҳукми ҳам шундай.

Шайхулислом Ибн Таймия «Рўзанинг ҳақиқати» рисоласида айтади: «Биламизки, Китобу Суннатда мазкур нарсалар рўзани бузишига далолат қиладиган бирон нарса келмаган. Демак, улар рўзани бузувчилардан эмаслиги маълум бўлади... Зеро, рўза мусулмонларнинг ому хослари билиши зарур бўлган дин ишларидандир. Агар мазкур ишларни Аллоҳ ва Расули рўзада ҳаром қилган ва улар билан рўза бузиладиган бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни албатта баён қилишлари вожиб бўлар ва зикр қилсалар саҳобалар у зотдан эшитиб, умматга етказган бўлар эдилар. Аҳли илмлардан биронтаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда на саҳиҳ, на заиф, на муснад, на мурсал ҳадисни нақл қилмаганликларидан у зот бу ҳақда айтмаганликлари маълум бўлади. Сурма ҳақида ривоят қилинган – яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқу олдидан хушбўйлантирилган сурма суришга буюрдилар ва: «Рўзадор бундан сақлансин», дедилар – ҳадиси заифдир, уни Абу Довуд ривоят қилган ва: «Менга Яҳё ибн Маийн бу ҳадисни мункар деб айтди», деган... Уммат билишга муҳтож бўлган ҳукмларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умумий равишда баён қилишлари ва уммат уларни нақл қилиши чорасиз, зарурийдир. Бу нарса бўлмаган экан, демак бу диндан эмаслиги маълум бўлади».

Таомни тотиб кўриб, ютиб юбормасдан тупуриб ташласа, шунингдек хушбўйлик ва бухур (хушбўй тутатқи) ҳидласа рўзаси очилмайди. Лекин бухурнинг тутунини ичига чуқур тортмаслиги лозим. Чунки ундан кўтариладиган айрим моддалар ошқозонига етиб бориши мумкин. Таҳоратда оғиз ва бурун чайқаш билан рўза очилмайди, бироқ бунда сувни қаттиқ тортмаслик керакки, ичга сув ўтиб кетиш хавфи бор. Лақит ибн Сабра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таҳоратни мукаммал қил, бармоқларинг орасига тахлил қил (сув етказ), рўзадорлигингдан бошқа пайтда истиншоқни муболағали қил (яъни бурунга чуқур сув ол)» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти, Ибн Хузайма саҳиҳ деган).

Мисвок билан тиш тозалаганда рўза очилмайди, балки у кундузида ҳам, бошқа пайтда бўлгани каби суннатдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимга – ёки одамларга – қийин қилиб қўйишдан қўрқмасам эди, уларни ҳар бир намоз олдидан мисвок тутишга буюрган бўлар эдим», деганлар (Муттафақун алайҳ). Бу рўзадорлар учун ҳам, бошқалар учун ҳам, барча вақтларга умумийдир. Омир ибн Рабиъа розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни рўзадор ҳолларида саноқсиз марта мисвок ишлатганларини кўрганман» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривояти).

Рўзадор тишларини маъжун (паста) билан тозаламагани маъқул, чунки у тупуги билан бирга ичига ўтиши хавфи бор, мисвок ўзи кифоя қилади.

Рўзадор иссиқ ва ташналик шиддатини ўзидан енгиллатиш мақсадида сув ва бошқа нарсалар билан салқинланиши жоиз. Саҳобалардан бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арж деган жойда рўзадор ҳолларида ташналик ё иссиқдан бошларига сув қуяётганларини кўрганини ривоят қилган (Имом Молик ва Абу Довуд ривояти). Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рўзадор ҳолида кийимни ҳўллаб устига ташлаб олган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг тошдан йўнилган ҳовузи бор эди, рўзадор ҳолида исиб кетса унинг ичига тушиб оларди, валлоҳу аълам унинг ичида тўла сув бўларди. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ: «Рўзадор оғзини чайқаса ва салқинланса зарари йўқ», деган. Ушбу сўзларни Имом Бухорий «Саҳиҳ»да келтирган.

Азиз биродарлар! Аллоҳга онгли равишда ибодат қилиш учун У зотнинг динини ўрганинг. Зеро, биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлмас. Аллоҳ кимга яхшилик истаса уни динда фақиҳ-олим қилиб қўяди.

Эй Парвардигор! Бизларни динимизда фақиҳ қилгин, унга амал қилишга муваффақ қилгин, бизларни унда собитқадам қилгин, мўмин ҳолимизда вафот эттиргин, солиҳ бандаларингга қўшгин.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўн олтинчи суҳбат

Закот ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло айтади:

«Улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир» (Баййина: 5).

«Намозни тўкис адо этинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ва (бечора мискинларга хайру саҳоват қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат Куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар. Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Муззаммил: 20).

«Сизлар одамларнинг моллари ичида зиёда бўлиб (қайтиши) учун берган судхўрлик-фойдахўрликдан иборат бўлган пул-молларингиз (яъни совға-саломларингиз) Аллоҳ наздида зиёда (савоб) олишингизга сабаб бўлмас. Аллоҳнинг юзини — розилигини истаб ато этган закотдан иборат бўлган нарсаларингиз, бас ана ўша (закот бергувчи кишилар ажру-савобларини) бир неча баробар қилиб олгувчилардир» (Рум: 39).

Закотнинг фарз ва вожиблиги ҳақида бошқа оятлар ҳам кўп. «Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом бешта (асос) устига қурилган: Аллоҳни ягона деб билиш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, Рамазонда рўза тутиш ва ҳаж қилиш».

Закот Ислом рукнларидан бири ва унинг улкан биноларидандир. У Аллоҳнинг Китобида кўп ўринларда намозга боғлаб келтирилган. Мусулмонлар унинг фарзлигига қатъий иттифоқ қилганлар. Ким унинг фарзлигини билиб туриб инкор қилса, кофир бўлиб, Исломдан чиқади. Ким уни беришга бахиллик қилса ёки бирон қисмини қисиб-қимтиб қолса, жазо ва иқобга дучор бўлувчи золимлардан бўлади.

Закотни тўртта нарсадан бериш вожиб:

Биринчи: Ердан чиқувчи дон-дун ва ҳосиллардан. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ қилингиз! Инфоқ қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган — паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ беҳожат ва ҳамду санога лойиқ зотдир» (Бақара: 267).

«Мевалаганда мевасидан енглар, ўрим-терим кунида (бечора-мискинларга) ҳаққини беринглар ва исроф қилманглар! Албатта, У исроф қилувчиларни севмас» (Анъом: 141). Молдаги энг катта ҳақ закотдир..

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Осмон (яъни ёмғир суви) суғорган ёки умуман суғорилмайдиган нарсаларда ушр (ўндан бир), суғориладиган нарсаларда ушрнинг ярми (йигирмадан бир)дир» (Имом Бухорий ривояти).

Бунда закот вожиб бўлиши учун нисобга – яъни беш васаққа етган бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дон-дун ва ҳосилдан то беш васаққа етмагунича садақа бериш лозим эмас» (Имом Муслим ривояти). Бир васақ – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соълари билан ўлчаганда олтмиш соъ, бир соъ – яхши буғдой ҳисобида 2040 грамм тенг. Демак, дон-дун ва ҳосилнинг нисоби – 300 соъ, яъни 612 килога тенг бўлиб, ундан камига закот лозим эмас.

Меҳнатсиз суғорилган экинларнинг закоти ушр, меҳнат билан суғорилган экинларнинг закоти ушрнинг ярмидир. Мевалар, полиз экинлари, тарвуз ва шу кабиларга закот лозим эмас. Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Полиз экинларида садақа лозим эмас». Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Олма ва шу кабиларда садақа лозим эмас». Чунки улар дон ҳам, ҳосил ҳам ҳисоб қилинмайди. Лекин сотилиб, пули бир йил айлангунича турса, унга закот лозим бўлади.

Иккинчи: Чорва ҳайвонлари – яъни туя, сигир ва қўй-эчки йил бўйи ёки йилнинг кўп қисмида яйловда боқилса ҳамда соғин ва насл олиш учун сақланса, нисобга етгач ундан закот бериш лозим бўлади. Туяда нисобнинг энг ками бешта, сигирда ўтизта, қўй-эчкида қирқтадир. Уйда боқиладиган чорва ҳайвонларига закот лозим эмас. Агар тижорат учун, олди-сотди ва пул айлантириш учун бўлса, хоҳ яйловда боқилсин, хоҳ уйда емлаб боқилсин, тижорат моли ҳисобланиб, тижорат молининг нисоби бўйича закот бериш вожиб бўлади.

Учинчи: Тилла ва кумушдан. Аллоҳ таоло айтади:

«Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг! У кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилур)» (Тавба: 34-35).

Босиб ётишдан мақсад – Аллоҳ йўлида сарф қилмасликдир. Аллоҳ йўлида сарф қилишнинг энг каттаси – закотга сарф қилишдир. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир тилла ва кумуш эгаси уларнинг ҳаққини – яъни закотини – адо этмаса, қиёмат куни ўтдан бўлган тамға қилиниб, уни жаҳаннам оловида қиздирилиб, у кишининг биқинига, пешонасига, орқасига босилади. Совуб қолса, яна қайтадан (қиздириб) олиб келинади, миқдори эллик минг йилга тенг бўлган бир кунда, то бандалар ўртасида ҳукм қилиб бўлингунча (шундай қилинади)».

Тилла ва кумуш хоҳ пул шаклида бўлсин, хоҳ қуйма ёмби шаклида бўлсин, хоҳ зеб-зийнат шаклида бўлсин, хоҳ булардан бошқа кўринишда бўлсин, барчасидан закот бериш вожиб. Чунки олтин-кумушдан закот бериш вожиблигига далолат қилувчи далиллар умумий, тафсилоти келмаган. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қизи билан бирга келди. Қизининг қўлида бир жуфт ғализ-қўпол тилла билагузук бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Буларнинг закотини берасанми?», деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. «Аллоҳ шуларни деб қиёмат куни сенга ўтдан бўлган билагузук кийдиришини истайсанми?», дедилар. Шунда у билагузукларни ечиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига қўйди ва: «Улар Аллоҳ ва Расули учун», деди (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Термизий ривоятлари, «Булуғул-маром»да: «исноди кучли», дейилган).

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузуримга кириб, қўлимда кумуш узукларни кўрдилар ва: «Бу нима?», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, сиз учун зийнатланай деб қилдим», дедим. «Закотини берасанми?», дедилар. «Йўқ» дедим ёки шунга ўхшаш сўз айтдим. «Шунинг ўзи сенга дўзахга кифоя қилади», дедилар (Абу Довуд, Байҳақий, Ҳоким ривоятлари).

Тилладан закот бериш вожиб бўлиши учун у 20 динор миқдоридаги нисобга етган бўлиши керак. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йигирма диноринг бўлмагунича сенга ҳеч нарса вожиб эмас», деганлар (Абу Довуд ривояти). Динордан мурод – вазни бир мисқолга, яъни 4,25 граммга тенг бўлган исломий динордир. Шунда тилланинг нисоби 85 граммга тенг бўлади.

Кумушдан закот вожиб бўлиши учун у 5 уқия миқдоридаги нисобга етган бўлиши керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш уқиядан камига садақа вожиб эмас», деганлар. Бир уқия 40 исломий дирҳамга тенг, шунда нисоб 200 исломий дирҳам бўлади. Бир дирҳам 0,70 мисқолга тенг эканини ҳисобга олсак, кумушнинг нисоби 140 мисқол, яъни 595 граммдир.

Тилла ва кумушдан қирқдан бир миқдори закотга чиқарилади.

Қоғоз пулларга ҳам закот вожиб бўлади, чунки улар кумуш ўрнида деб ҳисоб қилинади. Кумушнинг нисобига етса улардан ҳам закот берилади.

Тилла, кумуш ва қоғоз пуллар хоҳ нақд бўлсин, хоҳ бировлар қўлида насия бўлсин, уларга закот вожиб. Шунга кўра, эгасининг қўлида бўлмаган, қарзга берилган пул, шунингдек, сотилган ё ижарага берилган ёки шу каби нарсаларнинг пулидан закот вожиб бўлади. Ҳар йили ўз молининг закотига қўшиб унинг ҳам закотини беради ёки пул қўлига теккунича закотини кечиктириб, ўтган барча йилларникини бир қилиб беради. Агар пули камбағал-ночор одамда ёки қарзини қайтаришни пайсалга солиб келаётган, ундириб олиши қийин кимса қўлида бўлса, то пулини қайтариб олмагунча унга закот вожиб бўлмайди. Пул қўлга теккач, фақат ўша йилнинг закотини беради, ўтган йиллар учун закот бермайди.

Тилла ва кумушдан бошқа металларга – агарчи улардан кўра қимматбаҳо бўлса ҳам – закот вожиб эмас. Фақат тижорат учун ушлаб турган бўлса, тижорат моли ҳисобида закот чиқаради.

Тўртинчи: Тижорат молидан, яъни пул айлантириш ва тижорат қилиш мақсадида ушлаб турган кўчмас мулк, ҳайвонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, автомашиналар ва бошқа нарсаларнинг йил бошидаги баҳосини ҳисоблаб, қирқдан бири қийматида закот беради. Уларнинг қиймати ўзи сотиб олган баҳосига тенг бўладими, ортиқ ё кам бўладими, бунинг эътибори йўқ. Баққоллар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа майда-чуйда нарсалар билан савдо қилувчилар катта-кичик барча молини яхшилаб ҳисоблаб, закотини чиқаришлари лозим. Агар аниқ ҳисобини олишнинг имкони бўлмаса, эҳтиётини қилиб, зиммаларидаги мажбуриятдан хориж бўлишлари лозим.

Кишига шахсий эҳтиёжи учун керак бўладиган озиқ-овқат, уй жиҳозлари, тураржой, ҳайвонлар, автоулов ва кийим-кечаклар учун закот берилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишига қули ёки от-уловида закот лозим эмас», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ижарага бериш мақсадида олинган кўчмас мулк, автомашина каби нарсаларга закот бериш вожиб эмас. Уларнинг ижара ҳақидан келган пул бир йил ўтгач, ўзи мустақил равишда ёки шу турдаги бошқа пулларга қўшилиб нисобга етган бўлса, унга закот вожиб бўлади.

Азиз биродарлар! Молларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб адо этинг. Чунки бу сиз учун зиён эмас, аксинча, соф фойдадир. Закоти лозим бўлган барча нарсаларни диққат билан ҳисобини чиқаринг. Аллоҳдан инфоқ қилган нарсангизни қабул қилишини ва қолган нарсаларингизга барака беришини сўранг.

Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўн еттинчи суҳбат

Закот олишга ҳақдор кишилар ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба: 60).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ўзининг илми, ҳикмати, адли ва ва раҳмати тақозосига кўра закот бериладиган ўринларни ва уни олишга ҳақдор бўлган кишиларни баён қилди ва уларни мазкур саккиз турга чеклади. Закотни шу ўринларга сарфлаш фарз ва лозим эканини, ушбу тақсим Аллоҳнинг илми ва ҳикмати билан содир бўлганини, ундан тажовуз қилиш ва закотни бундан бошқа ўринларга сарфлаш жоиз бўлмаслигини, зеро Аллоҳ таоло бандаларининг манфаатларини яхши билувчи ва ҳар бир нарсани ўз ўрнига ҳикмат билан қўювчи Зот эканини баён қилди. «Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!» (Моида: 50).

Биринчи ва иккинчи тур: Фақирлар ва мискинлар, яъни на нақд пули, на мунтазам ойлик маоши, на юриб турган касб-ҳунари, на етарли ҳосили, на биров зиммасида вожиб бўлган нафақаси орқали ўзи ва оиласининг тирикчилигига етарли нарсага эга бўлмаган кишилар. Уламолар айтишган: Бу турдаги кишиларга закотдан ўзлари ва оилаларига кейинги йилги закот вақти келгунича бир йилга етарли нарса берилади. Камбағал киши уйланишга муҳтож бўлса, уйланишига етарли маблағ берилади. Камбағал толиби илмга керакли китоблар сотиб олиши учун берилади. Ойлик маоши оила тебратишга етмаётган кишига етарли бўлиши миқдорида берилади.

Аммо оиласига етарли маблағи бўлган кишига ўзи сўраса ҳам закотдан берилмайди. Балки унга ўзи учун ҳалол бўлмайдиган нарсани сўраши жоиз бўлмаслиги ҳақида насиҳат қилинади ва огоҳлантирилади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан бир киши сўранишда давом этавериб, ҳатто Аллоҳ азза ва жаллага юзида бир парча ҳам эти бўлмаган ҳолда йўлиқади» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким пул кўпайтириш мақсадида одамларнинг молларидан сўраса, хоҳ оз сўрасин, хоҳ кўп сўрасин, чўғни сўраётган бўлади» (Имом Муслим ривояти).

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу мол кўзни яшнатувчи, тотли нарсадир. Ким уни нафси тўқлик билан олса, унда барака берилади. Ким уни нафси очлик билан олса, унга ўша нарсада барака берилмайди, у худди еб тўймайдиган одамга ўхшаб қолади. Юқоридаги (яъни, берувчи) қўл пастдаги (яъни, олувчи) қўлдан яхшидир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир банда сўраниш эшигини очаркан, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади» (Имом Аҳмад ривояти).

Агар бой-камбағаллиги номаълум, бироқ кўринишидан бойга ўхшаб турган бир шахс закот сўраб келса, унга аввал бой ва куч-қувватли, касб-корли одам закот олиши жоиз эмаслигини айтиб қўйиб, сўнгра закотдан бериш мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига икки киши садақот сўраб келишганида у зот уларга назар солиб, куч-қувватли эканларини кўрдилар ва: «Истасангиз бераман, бироқ бой, куч-қувватли ва касб-кор қилиб турган одамга садақотдан насиба йўқ», дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Учинчи тур: Омили закот бўлган – яъни, закотни йиғиш, сақлаш ва тарқатишга волийлар (яъни, давлат) тарафидан тайин қилинган кишилар. Уларга агарчи бой бўлсалар ҳам, ишларига яраша ҳақлари закотдан берилади. Аммо бирон шахс томонидан унинг закотини тақсимлашга вакил қилинган кишилар омили закот ҳисобланмайдилар ва закотдан олишга ҳақли бўлмайдилар. Агар закотни ҳақдорларига тарқатишда кўнгилли равишда, омонатдорлик билан ҳаракат қилса, ажрда шерик бўлади. Имом Бухорий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ўзига буюрилган нарсани тўла-тўкис ва кўнгилдан чиқариб ижро этадиган – ёки ато этадиган – ва буюрилган одамга етказиб берадиган омонатли мусулмон хазинабон икки садақа қилувчининг биридир (яъни садақа қилувчи билан баробардир)». Агар кўнгилли равишда тарқатмайдиган бўлса, унинг хизмат ҳақини мол эгаси ўз молидан беради, закотдан эмас.

Тўртинчи тур: Кўнгиллари исломга ошно қилинувчи кишилар. Улар ҳали иймонлари заиф ёки ёмонлик қилишларидан хавф бўлган кишилар бўлиб, иймонларини кучайтириш ёки ёмонликларини даф қилиш агар шу билан амалга ошса, уларга закотдан берилади.

Бешинчи тур: Мукотаб – яъни маълум тўлов эвазига озод қилинишга келишилган қуллар ўзларини шу билан озод қилишлари учун уларга закотдан берилади. Бирон қулни сотиб олиб озод қилиш, мусулмон кишини асирликдан қутқариш учун ҳам закотдан сарфлаш мумкин.

Олтинчи тур: Қарздор бўлиб қолган кишилар. Улар икки хил:

Биринчи: Қавм-қабилалар ўртасини ислоҳ қилиш ва фитна оловини ўчириш учун катта тўловни ўз бўйнига олиб, қарздор бўлиб қолган киши. Унга мусулмонлар ўртасини тузатиш, улар орасида фитна, адоват ва нафрат тарқалишининг олдини олишдек олижаноб ишга рағбатлантириш мақсадида қарзи миқдорида закотдан берилади.

Қабиса ал-Ҳилолий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен тўловни бўйнимга олиб (қарздор бўлиб қолдим ва) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига садақотдан сўраб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақот моли келгунича кутиб туринг, ундан сизга беришни буюрамиз», дедилар. Кейин айтдилар: «Эй Қабиса, сўраниш фақат уч кишига ҳалол бўлади: тўловни бўйнига олиб қарздор бўлиб қолган, садақотдан олгач, шу билан сўрашдан тўхтайдиган кишига...» (Имом Муслим ривояти).

Иккинчи: Ўзининг шахсий эҳтиёжи учун қарздор бўлиб қолган ва тўлашга пули йўқ бўлган киши. Унга – гарчи қарзи кўп бўлса ҳам – закотдан қарзини тўлашга етарли миқдорда берилади ёки қўлига берилмасдан, қарзини тўлаб юборилади. Чунки, шу билан мақсуд ҳосил бўлади.

Еттинчи тур: Аллоҳ йўлида, яъни ҳамият ва таассуб қилиб эмас, фақат Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши йўлида олиб борилаётган жиҳодга сарф қилинади. Мана шу ниятда жиҳод қилаётган мужоҳидга жиҳодга кифоя қилгудек маблағ закотдан берилади ёки Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчилар учун қурол-аслаҳа ва керакли ашёлар сотиб олишга ишлатилади.

Саккизинчи тур: Йўловчи мусофир сафари асносида қўлидаги пул-моли тугаб қолган бўлса, гарчи ўзи бой бўлса ва қарз бериб турадиган одам топган бўлса ҳам, унга ўз диёрига етиб олишига етарли миқдорда пул закотдан берилади. Лекин, бир киши пулим тугаб қолса закотдан оламан деган ниятда озгина пул билан сафарга чиқиши жоиз эмас. Чунки, бу ўзи ҳақдор бўлмаган нарсани олиш учун ҳийла қилиш бўлади.

Кофирга закот берилмайди, фақат кўнгли исломга ошно қилинувчи кишилардан бўлса бериш жоиз.

Ўзига етарли даражада тижорати ё касб-ҳунари ё маоши ё ҳосили ё нафақаси борлиги туфайли закотдан беҳожат кишига закот берилмайди, фақат омили закот ёки Аллоҳ йўлидаги мужоҳид ёки ўртани тузатиш учун қарздор бўлиб қолган одам бўлса, бериш мумкин.

Киши ўз зиммасидаги бирон вазифани закот ҳисобидан ўтамайди. Меҳмонни закот ҳисобидан зиёфат қилиб кузатмайди, нафақа бериши лозим бўлган аёли ё бошқа яқин кишисига нафақа ўрнига закотдан бермайди.

Аёлига ва бошқа (ота-онаси ва фарзандлари каби) яқинларига вожиб нафақадан ташқари закот бермайди. Бироқ, аёлининг ёки ота-онаси ё бошқа қариндошининг тўлай олмаётган қарзини закотидан тўлаб қўйса бўлади.

Нафақа бериши вожиб бўлмаган қариндошларига закот бериши мумкин.

Аёл киши закотини эрига қарзини ўташи ёки бошқа ишлари учун бериши жоиз.

Аллоҳ таоло закотга ҳақдорликни умумий васфларга боғлаб қўйдики, ким шу васфларга дохил бўлса закотга ҳақдор бўлаверади. Шунга кўра, бирон киши ҳақдорликдан фақат нас ёки ижмоъ билангина чиқади.

«Саҳиҳайн»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг аёли Зайнаб ас-Сақафийя ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни садақа қилишга буюрдилар. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, сиз садақа қилишга буюрдингиз. Менда зеб-зийнатлар бор, уларни садақа қилай десам, Ибн Масъуд садақамга энг лойиқ кишилар унинг ўзи ва фарзанди эканини айтаяпти», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ибн Масъуд тўғри айтибди, эринг ва фарзандинг садақа қилишингга энг лойиқ кишилардир», дедилар.

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Камбағалга қилинган садақа садақадир, қариндошга қилинган садақа садақа ва силаи раҳмдир» (Насоий, Термизий, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоятлари).

Камбағал қарздор кишидан қарзни кечиб юбориб, шуни закотга ният қилиш жоиз эмас. Чунки, закот – олиш ва беришдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир» (Тавба: 103). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган садақани фарз қилди». Камбағалдан қарздордан қарзни соқит қилиш дегани олиш ҳам, қайтариш ҳам эмас. Чунки камбағалнинг зиммасидаги нарса у тасарруф қила олмайдиган ғоиб қарз бўлиб, у тасарруф қила оладиган нақд молнинг ўрнига ўтмайди. Қарз кўнгилда нақд пулдан кўра камроқ ва пастроқ деб кўрилади. Буни унинг ўрнига ўтказиш паст нарсани яхши нарса ўрнига ўтказишдек бўлиб қолади.

Агар закот соҳиби бир одамни закот аҳлидан деган гумонда унга закотини берса-ю, кейин ундай эмаслиги маълум бўлса, ўша берган закоти кифоя қилади. Чунки, у қўлидан келганича Аллоҳдан тақво қилди. Аллоҳ бирон жонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилмайди.

«Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши (бугун тунда) садақа қиламан деди... Сўнг у садақасини бир бойнинг қўлига тутқазди. Эртасига одамлар: «Бойга садақа қилинибди», деб гапирдилар. У: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, мен энди бойга садақа қилибман», деди. Шунда (тушида) биров келиб: «Бойга садақа қилганингга келсак, балки у шу билан ибратланиб, Аллоҳ ўзига берган нарсалардан инфоқ қилар», деди». Имом Муслим ривоятида: «Сенинг садақанг қабул қилинди», дейилади.

Маън ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Отам бир неча динорни садақа қилиш учун чиқариб, масжиддаги бир одам олдида қолдирди. Сўнг мен уни олиб, уйга келтирдим. Шунда у: «Аллоҳга қасамки, мен сени кўзда тутмаган эдим», деди. У билан талашиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордик. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Язид, сиз нима ният қилган бўлсангиз, шунга эришдингиз. Эй Маън, олган нарсангиз сизга бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Азиз биродарлар! Закот то Аллоҳ белгилаган ўринларга берилмагунича мақбул бўлмайди. Шунинг учун уни ўз ўрнига беришга ҳаракат қилинг, шундагина зиммангиздан хориж бўласиз, молларингизни поклаб оласиз, Парвардигорингизнинг амрини адо этган бўласиз ва садақотингиз мақбул бўлади. Аллоҳ Ўзи муваффақ қилсин.

Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин


Ўн саккизинчи суҳбат

Бадр жанги ҳақида

Азиз биродарлар! Ушбу муборак ойда Аллоҳ таоло буюк Бадр урушида мусулмонларга мушрик душманлари устидан ғалаба ато этди ва бу кунни «Фурқон (ажралиш) куни» деб атади. Чунки, шу куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз пайғамбарини ва мўминларни ғолиб, кофир ва мушрикларни мағлуб қилиш билан ҳақ ва ботил ўртасини ажратди. Бу воқеа ҳижрий иккинчи йилнинг Рамазон ойида бўлиб ўтди. Мазкур урушнинг сабаби шу бўлдики, Абу Суфён Қурайш карвонига бош бўлиб, Шомдан Маккага қараб йўлга чиққанлиги хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоқларига етгач, у зот асҳобларини карвонни қўлга киритиш учун отланишга чақирдилар. Чунки, Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминларга нисбатан уруш ҳолатида бўлиб, ўртада сулҳ йўқ эди. Улар мўминларни мол-мулкларидан маҳрум этиб, ўз диёрларидан қувиб чиқаришган, уларнинг ҳақ даъватлари йўлида асосий тўғаноқ бўлиб туришар, шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари уларнинг карвонларини қўлга олишга ҳақли эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч юз ўндан ошиқ асҳоблари билан икки от ва етмишта туяда йўлга отландилар. Улардан етмиш киши муҳожирлар, қолганлари ансорлар эди. Улар карвонни қасд қилган бўлишиб, урушни мақсад қилмаган эдилар. Лекин Аллоҳ албатта амалга ошиши керак бўлган ишни (яъни, мусулмонларнинг ғалаба қозонишлари, кофирларнинг мағлуб бўлишларини) амалга ошириш учун ва Ўзи ирода қилган иш рўёбга чиқиши учун улар билан душманларини ўртада ҳеч қандай ваъдалашувсиз бир жойга келтириб қўйди. Абу Суфён мусулмонларнинг чиққанларидан хабар топгач, Қурайшни ўз карвонларини ҳимоя қилишга чорлаб чопар йўллади ва одатий йўлдан воз кечиб, денгиз соҳили бўйлаб юриб, қутулиб кетди. Қурайшга чопар етиб келгач, улар зодагонлари бошчилигида аёллари билан минг чоғли киши йўлга отланишди. Уларда юзта от ва етти юзта туя бор эди. «Ўз диёрларидан (яъни, Маккадан) кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир (ўраб олгувчидир)». (Анфол: 47). Ўзлари билан қўшиқчи аёлларни ҳам олишган, улар мусулмонларни ҳажв қилиб қўшиқлар айтишарди. Абу Суфён Қурайшнинг йўлга чиққанидан хабар топгач, уларга ўзининг қутулиб кетганини хабар бериб ва уларни ҳам урушмасдан ортларига қайтиб кетишларини маслаҳат бериб чопар юборди. Улар урушсиз ортга қайтишдан бош тортишди. Абу Жаҳл деди: «Ортга қайтиш йўқ, Бадрга етиб бориб туялар сўямиз, одамларимизга таомлар едириб, ароқлар ичирамиз. Арабларга донғимиз кетиб, биздан бир умр ҳайиқадиган бўлишади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг чиққанини эшитгач, асҳобларини йиғиб, уларга маслаҳат солдилар ва: «Аллоҳ таоло менга икки тоифанинг бирини, яъни карвонни ёки лашкар (устидан ғалаба)ни ваъда қилди», дедилар. Муҳожирларлан бўлган Миқдод ибн Асвад ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ азза ва жалла сизни нимага буюрган бўлса, ўшани қилаверинг. Аллоҳга қасамки, биз Бану Исроил Мусога айтганидек: «Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз», (Моида: 24) демаймиз. Балки, сиз билан ёнма-ён, елкама-елка туриб жанг қиламиз», деди. Шундан сўнг ансорларнинг Авс қабиласи раиси Саъд ибн Муоз туриб деди: «Ё Расулуллоҳ, балки сиз ансорлар ўз диёрларидан ташқарида сизга ёрдам бермасликка ўзларини ҳақли деб кўришларидан қўрқаётгандирсиз. Мен сизга ансорлар номидан гапириб айтаманки, истаган томонингизга юринг, истаган кишингиз билан алоқа қилиб, истаган кишингиздан алоқани узинг, молларимиздан истаганингизча олиб истаган кишингизга беринг. Биздан олганларингиз қолдирганларингиздан кўра бизга яхши. Қай бир ишга амр қилманг, биз сизга тобеъмиз. Аллоҳга қасамки, бизларни Ғамдоннинг Барк деган жойигача бошлаб борсангиз ҳам сиз билан бораверамиз. Агар бизни денгизга рўбарў қилиб, унинг ичига шўнғисангиз, биз ҳам сиз билан шўнғиймиз. Бизни эртагаёқ душман қаршисига олиб чиқишингизни ҳам ёмон санамаймиз. Биз уруш пайти сабр-матонатли кишилармиз. Умид қиламизки, ҳали биздан хурсанд бўласиз». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлар розияллоҳу анҳумнинг сўзларидан хурсанд бўлдилар ва: «Отланинглар, мен сизларга хушхабар бераман, Аллоҳга қасамки, мен қавмнинг ҳалокат ўринларини кўриб тургандекман», дедилар. Шундан сўнг у зот Раҳмоннинг лашкари ҳамроҳлигида йўлга тушиб, Бадр қудуқларидан энг яқин бир қудуқ олдига тушдилар. Ҳаббоб ибн Мунзир ибн Амр ибн Жамуҳ номли саҳоба: «Ё Расулуллоҳ, шу жойни маъқул деб кўрасизми? Бу Аллоҳ сизни шу ерга тушишга буюрган, ундан олдинга ҳам, орқага ҳам кўчиш мумкин бўлмаган жойми ёки бу ерга тушиш сизнинг шахсий фикрингиз ва уруш стратегиясими?», деб сўради. «Йўқ, бу шахсий фикрим ва уруш стратегияси», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ундай бўлса, ё Расулуллоҳ, бу ер маъқул жой эмас. Менимча, душманга энг яқин бўлган сув (қудуқ) олдига тушсак-да, орқадаги қудуқларни кўмиб ташласак, сўнг ўша ерга бир ҳовуз қилиб сув тўлдириб олсак, шунда биз сув ича оламиз, улар ичиша олмайди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг бу фикри маъқул келди ва юришда давом этиб, Бадрнинг Мадинага яқин тарафидаги ал-Удватуд-Дуня деган жойига тушдилар, Қурайш эса Макка тарафига яқин жойлашган ал-Удватул-Қусво деган ўринга тушди. Аллоҳ таоло шу куни тунда ёмғир ёғдириб, бу ёмғир мушрикларга қаттиқ машаққат келтирди, улар лойга ботиб, юролмай қолишди. Мусулмонлар тушган жой қумлоқ бўлгани учун ёмғир уларга қумни қотириб, ерни уларга қулай ва қаттиқ қилиб қўйди. Мусулмонлар жанг майдонидан юқорироқдаги бир тепалик устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун чодир тикиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирларидан тушиб келиб, асҳобларининг сафларини текисладилар, бўлажак жанг майдонида юриб қўллари билан мушрикларнинг ҳалок бўладиган ўринларини кўрсатиб: «Бу – иншоаллоҳ – фалончининг ҳалокат ўрни, бу эса фалончининг ҳалокат ўрни», дер эдилар. Мушриклардан биронтасининг ўлими у зот кўрсатган жойдан бошқасида бўлмади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ва Қурайшга назар солиб, Аллоҳ таолога шундай дуо қилдилар: «Эй Парвардигор! Мана бу Қурайш ўзининг бор кибру ғурурлари билан отланиб, Сенга қарши уруш қилиш ва пайғамбарингни ёлғончига чиқариш учун келиб турибди. Эй Парвардигор! Сендан Ўзинг менга ваъда қилган нусратингни сўрайман. Эй Парвардигор! Берган ваъдангни рўёбга чиқаргайсан. Эй Парвардигор! Мен Сендан аҳдинг ва ваъдангни ўртага қўйиб сўрайман. Эй Парвардигор! Истасанг Сенга ибодат қилинмайдиган бўлади. Эй Парвардигор! Агар бугун мана шу жамоат ҳалок бўлса, Сенга ибодат қилинмайди». Мусулмонлар Парвардигорларидан нусрат ва мадад сўраб илтижолар қилдилар. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнииг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар», деб ваҳий қилган эди. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир. (Эй кофирлар), мана шу сизларнинг (жазоингиздир), бас, тортаверинглар. Кофирлар учун яна дўзах азоби ҳам бордир» (Анфол: 12-14).

Шундан сўнг икки гуруҳ бир-бири билан тўқнашди ва уруш бошланиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирда, ёнларида Абу Бакр ва Саъд ибн Муоз қўриқлаб туришар, у зот Парвардигордан мадад ва ғалаба сўраб дуо қилишда давом этардилар. Орада бир оз ўзларини йўқотгандек ҳолат (яъни ваҳий тушиш ҳолати) юз берди. Сўнг «Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар: 45) деган оятни ўқиганча чиқиб келдилар, асҳобларини жангга ундадилар ва: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, бугун қай бир киши улар билан жанг қилиб, сабр қилган, ажр умид қилган ва ортга чекинмай, фақат олға борган ҳолда ўлдирилса, Аллоҳ уни албатта жаннатга киргизади», дедилар. Шунда Умайр ибн Ҳимом ал-Ансорий деган саҳобий ўрнидан турди, қўлида еб турган бир неча хурмолар бор эди, у деди: «Ё Расулуллоҳ, кенглиги еру осмонларча бўлган жаннатгами?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар. У: «Ваҳ, ваҳ, ё Расулуллоҳ, мен билан жаннатга киришим ўртасида фақат мени ўшалар ўлдиришигина бўлса, мана шу хурмоларимни еб тугатгунимча бўлган ҳаёт ҳам мен учун жуда узунлик қилади», деди-да, хурмоларни улоқтириб, ўзини жангга урди ва шу жангда ўлдирилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сиқим тупроқ ёки майда тош олиб, қавмга қараб сепиб юбордилар. Шунда улардан бирортаси ҳам қолмай ҳаммасининг кўзига тупроқ кирди ва ҳаммаси кўзи билан овора бўлиб қолди. Бу Аллоҳ азза ва жалла тарафидан у зотга берилган бир мўъжиза бўлди.

Мушриклар гуруҳи мағлуб бўлиб, ортга чекинди, мусумонлар уларнинг ортидан қувиб ўлдиришар ва асир олишарди. Шу куни улар етмиш мушрикни ўлдириб, етмиштасини асир олдилар. Ўлдирилганлардан йигирма тўртта катта-катта шахсларнинг жасади Бадр қудуқларидан бирига ташланди. Абу Жаҳл, Шайба ибн Рабиъа, укаси Утба ва унинг ўғли Валид ибн Утба ҳам улар ичида бор эди. «Саҳиҳул Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага юзланиб, мазкур тўрт кимса ҳақида дуоибад қилган эдилар. Аллоҳни гувоҳ қиламанки, мен уларнинг жасадларини қуёш тиғида бузилиб ётганини кўрдим, кун қаттиқ иссиқ эди.

«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанги куни Қурайш пешволаридан йигирма тўрттасининг жасадини Бадрдаги ифлос қудуқлардан бирига ташлаттирдилар.

Бир қавм устидан ғалаба қозонганларида у ерда уч кун турардилар. Бадрда туришларининг учинчи куни туяларини эгарлатиб миндилар, сўнг юра бошладилар, асҳоблари у кишига эргашдилар. Қудуқнинг лабига бориб турдилар ва уларни номма-ном чақириб: «Эй Фалончи Фалончи ўғли, эй Фалончи Фалончи ўғли, Аллоҳ ва Расулига итоат қилганингизда ўзингизга яхши бўлармидикан?! Биз Раббимиз бизга ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдик, сизлар ҳам Раббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билдингизми?!» дея бошладилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, жонсиз жасадларга гапираяпсизми?!» деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг сўзларимни улар сизлардан кўра яхшироқ эшитиб туришибди», дедилар.

Асирлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига маслаҳат солдилар. Саъд ибн Муоз деди: «Бу Аллоҳ таоло мушриклар бошига солган биринчи зарба эди, урушда эркакларни қириб ташлаш мен учун уларни асир олишдан кўра яхшироқ эди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар: «Менинг фикрим – ҳар биримизга имкон берсангиз уларнинг бўйнига қилич урсак, Алий Ақилнинг бўйнига урсин, мен фалончи қариндошимнинг бўйнига урай, чунки улар Қурайшнинг пешволари ва зодагонлари».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар: «Улар қариндош-уруғларимиз. Менинг фикримча, улардан фидя (тўлов) олсак, бу биз учун кофирларга қарши куч-қувват бўларди. Шояд, Аллоҳ уларни ҳам Исломга ҳидоят қилиб қўйса».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фидя олиш ҳақидаги маслаҳатни қабул қилдилар. Улардан кўпчилиги минг дирҳамдан тортиб тўрт минг дирҳамгача фидя тўлаб қутулишди. Баъзилар Мадиналик болаларга ўқиш ва ёзишни ўргатиб қўйиш эвазига жонларини қутқаришди. Айримларнинг фидяси Қурайш қўлидаги мусулмон асирларни бўшатиш бўлди. Айрим ашаддий дилозорларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қатл қилдирдилар. Айримларни эса ҳеч қандай тўловсиз ҳам бўшатиб юбордилар.

Ушбу Бадр ғазотида Аллоҳ таоло озчилик гуруҳга кўпчилик устидан ғалаба ато этди. «Сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир» (Оли Имрон: 13).

Озчилик гуруҳ ғолиб бўлди. Чунки улар Аллоҳнинг динида туриб, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун, Унинг динини мудофаа қилиб жанг қилдилар, шу боис Аллоҳ уларга ғалаба ато этди.

Эй мусулмонлар! Сизлар ҳам динингизни барпо этинг, душманларингиз устидан ғалабага эришасиз.

«Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда до­имо (кураш — жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!» (Оли Имрон: 200).

Эй Парвардигор! Бизларга Ислом билан нусрат бергин, бизларни унинг ансор-ёрдамчиларидан ва унга даъват қилувчилардан қилгин, то Ўзингга йўлиққунимизча унда барқарор қилгин.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўн тўққизинчи суҳбат

Макканинг фатҳ этилиши ҳақида

Азиз биродарлар! Ислом ғолиб бўлиб, байроғи баланд кўтарилган Бадр ғазоти ушбу муборак ойда бўлгани каби омонлик диёри бўлмиш Маккаи Мукарраманинг фатҳ этилиши ҳам ҳижратнинг саккизинчи йилида айни шу Рамазон ойида амалга ошди. Аллоҳ таоло бу муборак шаҳарни мана шу улуғ фатҳ орқали ширк чангалидан қутқариб, ширк ўрнига тавҳид, куфр ўрнига иймон, зўравонлик ўрнига Ислом ўрнаган диёрга айлантирди, унда ширк бут-санамлари синдирилиб, Ягона Қудратли зотга ибодат қилиниши эълон қилинди.

Ушбу улуғ фатҳнинг сабаби шундай бўлди: Олтинчи йили Ҳудайбийяда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Қурайш ўртасида тузилган сулҳ шартномасига кўра, қай бир қабила Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳди-иттифоқига киришни истаса унга кирадиган, ким Қурайшнинг аҳдига киришни истаса унга кирадиган бўлган, Хузоъа қабиласи Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иттифоқига, Бану Бакр қабиласи эса Қурайш иттифоқига кирди. Бу икки қабила ўртасида эски адоватлар бор эди. Бану Бакр фурсатни ғанимат билди ва Хузоъанинг сулҳга ишониб ғафлатда қолганидан фойдаланиб, уларга хиёнаткорона ҳужум қилди. Қурайш ўз иттифоқчилари бўлмиш Бану Бакрга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иттифоқчилари бўлмиш Хузоъага қарши махфий равишда қурол-яроғ ва аскар билан ёрдам қилди. Хузоъадан вакиллар келиб, Бану Бакр ва Қурайшнинг қилмишларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бохабар қилдилар.

Қурайш ўзининг бу иши билан аҳдни бузганини ва бу ўзи учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англагач ташвишга тушиб қолди ва раислари Абу Суфённи сулҳ аҳдини мустаҳкамлаш ва унинг муддатини узайтириб келиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юборди. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақда гапирганида у зот бирон нарса деб жавоб қайтармадилар. Сўнг Абу Суфён Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бу ишга кўндиришларини илтимос қилди, лекин бу ҳаракати ҳам натижасиз тугади. Сўнг Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу билан гаплашиб кўрди, фойдаси бўлмади. Ундан: «Эй Абул Ҳасан, нима маслаҳат берасиз?», деб сўраган эди, ҳазрат Алий: «Сизга фойдаси тегадиган бирон нарсани кўрмаяпман. Лекин сиз Бану Кинонанинг саййидисиз, одамлар орасини бир айланиб улардан ҳимоя истаб кўринг-чи», дедилар. «Бунинг фойдаси тегади деб ўйлайсизми?», деди. «Йўқ, лекин сиз учун бундан бошқа бирон маслаҳат кўрмаяпман», дедилар. Абу Суфён одамлар орасида айланиб, улардан ёрдам сўради, сўнг Маккага қайтиб кетди. Маккага келгач, Қурайш ундан: «Қандай хабар келтирдинг?», деб сўрашди. У деди: «Муҳаммад ҳузурига бориб гаплашдим. Худо ҳаққи, бирон нарса деб жавоб қайтармади. Кейин Абу Бакр ва Умар ҳузурларига бордим, ҳеч қандай натижа чиқмади. Кейин Алийга бордим, у менга одамлар орасида айланиб улардан ҳимоя сўрашни маслаҳат берди», деди. «Бунинг фойдаси тегдими?», деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Шўрингга шўрва тўкилгур, бу одам (яъни Алий) сенинг устингдан кулибди», дейишди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини урушга ҳозирлик кўришга буюрдилар. Уларга мақсадларини очиқ айтдилар, атрофдаги қабилаларни ҳам жангга сафарбар қилдилар. «Эй Парвардигор, Қурайшдан хабарлар йўлини тўсгин, токи биз уларни ғафлатда қолдирайлик» деб дуо қилиб, ўн минг чоғли лашкар ҳамроҳлигида Мадинадан чиқиб, йўлга отландилар. Мадинага Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни волий қилиб қолдирдилар. Йўлда Жуҳфа деган жойга етганларида амакилари Аббос аҳли-оиласи билан бирга мусулмон бўлиб, ҳижрат қилиб келаётган экан, келиб қўшилдилар. Абвоъ деган жойда амакиваччалари Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб ва аммаваччалари Абдуллоҳ ибн Аби Умайя келиб қўшилдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг исломларини қабул қилдилар, Абу Суфён ҳақида: «У Ҳамзанинг ўрнини босади деб умид қиламан», дедилар.

Макка яқинидаги Марруз-Заҳрон деган жойга етганларида лашкарга буюриб ўн мингта гулхан ёқтирдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни қўрқчиларга бош қилиб қўйдилар, амакилари Аббос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хачирларини миниб Қурайшга хабар етказадиган одам излаб кетди. Зеро, Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан омонлик сўраб келса, омонлик диёри Маккада уруш бўлмай қолар эди. У йўлда бора туриб, Абу Суфён ибн Ҳарб билан Будайл ибн Варқонинг гаплашиб турганлари устидан чиқди. Абу Суфён: «Бугунгидек кўп гулханли кечани кўрмаганман», деса, Будайл: «Бу Хузоъа қабиласининг гулхани бўлса керак», деган эди, у: «Йўқ, Хузоъа бундан анча оз», деди. Аббос Абу Суфённинг овозини таниб, уни чақирди. У: «Нима гап, эй Абул Фазл?», деб сўради. «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг асҳоблари», деди Аббос. «Нима қилсак экан?» деди Абу Суфён. Аббос: «Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юринг, сизга омонлик тилаб бераман», деб, Абу Суфённи у зот ҳузурларига олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй бечора Абу Суфён, сизга бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билиш фурсати етмадими?!», дедилар. У деди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз нақадар ҳалим, олижаноб ва қариндошларни риоя қилувчи кишисиз. Мен тушуниб етдимки, агар Аллоҳдан ўзга илоҳ бўлганида ҳозир ўзи кифоя қилган бўларди». «Менинг Аллоҳнинг Расули эканимни билиш фурсати етмадими?!», дедилар. Абу Суфён ўйланиб туриб қолган эди, Аббос унга: «Ҳой, ҳолингга вой бўлгур, Исломни қабул қилсанг-чи», деди. Шундан сўнг Абу Суфён шаҳодат калимасини айтиб, Исломни қабул қилди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённи водийнинг бир четига тургиздириб, мусулмон лашкарларни унинг ёнидан юриб ўтишга буюрдилар. Қабилалар ўз байроқлари остида юриб ўта бошлади. У ўтиб бораётган ҳар бир қабила ҳақида сўрар, Аббос улар ҳақида маълумот бериб турар эди. Жуда катта бир гуруҳ ўтиб бораётганда Абу Суфён: «Булар кимлар?» деб сўради, «Булар ансорлар жамоаси, байроқ кўтарган киши уларнинг бошлиғи Саъд ибн Убода», деди. Абу Суфённинг рўпарасига етиб келганда Саъд: «Эй Абу Суфён, бугун қирғинбарот уруш куни, бугун Каъбада уруш қилиш ҳам ҳалол бўлади», деди. Улар ортидан кичик бир жамоа ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтдилар. Бу жамоа байроғи Зубайр ибн Аввом қўлида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Суфённинг ёнидан ўтаётганларида у Саъднинг сўзларини у зотга айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саъд бекор айтибди, аксинча, бугун Аллоҳ Каъбани улуғ қиладиган ва унга ёпқич кийдириладиган кундир», дедилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқни Саъддан олиб, унинг ўғли Қайсга берилишига буюрдилар, байроқ ўғлининг қўлига берилиши у Саъддан бутунлай олиб қўйилмаганини англатади, деб фикр қилдилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлга отланиб, Маккага фотиҳ бўлиб, Аллоҳнинг нусрати ва мадади билан кириб бордилар. Аллоҳ азза ва жаллага тавозеъ қилганларидан бошларини эгиб олган, пешоналари эгарга теккудек бўлиб борар ва: «Дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ — ғалаба ато этдик» (Фатҳ: 1) оятини такрор-такрор ўқир эдилар. Лашкарнинг бир қанотига Холид ибн Валидни, иккинчи қанотига Зубайр ибн Аввомни бош қилиб юбордилар ва: «Ким масжид ичига кириб олса, у омонда, ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса, у ҳам омонда, ким ўз уйига кириб, эшини бекитиб олса у ҳам омонда» деб жар солдирдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлда давом этиб, ал-Масжидул-Ҳаромга етиб бордилар ва уни туяга минган ҳолда тавоф қилдилар. Каъба атрофида уч юз олтмишта бут-санам бор эди, қўлларидаги камон билан уларни туртиб йиқитар, «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир» (Исро: 81), «Ҳақ – Қуръон келди (ва ботил-динсизлик йўқ бўлди.) Энди ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас» (Сабаъ: 49), дер эдилар. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ичига кирдилар. Унинг ичида суратлар бор эди, уларни ўчиртириб юбордилар, сўнг у ерда намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлгач, унинг ичида айланиб юриб, Аллоҳга такбир ва таҳлиллар айтдилар. Сўнг Каъба эшигига келиб турдилар. Қурайш Каъба олдида туриб, у зот ўзларига нима ҳукм қилишларини кутиб туришарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшикнинг икки чеккасидан ушлаб туриб айтдилар: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир ва У барча нарсага қодир. Аллоҳ ваъдасини рост этди, бандасини ғолиб қилди ва гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилди. Эй Қурайш жамоси, Аллоҳ сизлардан жоҳилият такаббурлигини ва ота-боболарни улуғлашни кетказди. Инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдан яралган: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни танишинглар учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13). Эй Қурайш жамоаси, мени сизларга нима муомала қилади деб ўйлайсизлар?» Улар: «Яхшилик умид қиламиз, сиз олийжаноб биродарсиз, олийжаноб кишининг ўғлисиз», деб жавоб беришди. «Мен сизларга Юсуфнинг ўз ака-укаларига айтган гапини айтаман: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир» (Юсуф: 92). Боринглар, барчангиз озодсиз», дедилар.

Фатҳнинг иккинчи куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида туриб, хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай дедилар: «Дарҳақиқат, Маккани Аллоҳ ҳаром (ҳурматли) қилган, одамлар эмас. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳеч бир киши учун унда қон тўкиш, унинг ўт-ўланларини юлиб-синдириш ҳалол бўлмайди. Агар бирон кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унда жанг қилганини баҳона қил(иб қон тўкмоқчи бўл)са, айтингларки, Аллоҳ Ўз Расулига изн берди, сизларга изн бермади. Менга ҳам фақат куннинг маълум соатидагина изн берди. Бугун унинг ҳурмати кеча қандай бўлса ўшандай ҳолига қайтди. Ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказиб қўйсин». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳалол қилинган соат Фатҳ куни кун чиққанидан бошлаб аср намози пайтигача бўлган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада ўн тўққиз кун турдилар, шу кунлар мобайнида намозларни қаср қилиб ўқидилар, рўза тутмадилар, чунки сафар ниятида эдилар. Тавҳидни ва Ислом устунларини мустаҳкамлаш, иймонни ўрнатиш ва одамлардан байъат олиш билан машғул бўлдилар. «Саҳиҳул Бухорий»да Мужошиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен фатҳдан сўнг укамни ҳижратга байъат қилдириш учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳижрат аҳли ундаги (ажрлар)ни олиб кетдилар. Лекин мен у билан Ислом, иймон ва жиҳодга байъат қиламан» дедилар».

Ушбу очиқ-равшан фатҳ-ғалаба билан Аллоҳнинг нусрати тугал бўлди, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирдилар, Аллоҳнинг шаҳри Аллоҳни ягона деб билиш, Расулини тасдиқлаш ва Китобини ҳоким қилиш эълон қилинган исломий шаҳарга айланди, давлат мусулмонлар қўлига ўтди, ширк емирилиб, унинг зулматлари парчаланиб кетди.

Аллоҳ буюкдир! Унинг Ўзига ҳамду-санолар бўлсин! Бу Аллоҳ таолонинг то қиёмат бандаларига ато этган фазлу марҳамати бўлди.

Эй Парвардигор! Ушбу буюк неъматинг шукронасини адо этишимизга Ўзинг муваффақ айла. Барча замон ва барча маконларда ислом умматига ғалабалар ато эт.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Йигирманчи суҳбат

Нусрат ва ғалабанинг ҳақиқий сабаблари ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ мўминларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Бадр, Аҳзоб, Фатҳ, Ҳунайн ва бошқа ғазотларда уларга Ўз нусратини ато этди. Нусрат ва ғалаба ато этиш ҳақидаги ваъдасига вафо қилди:

«Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган» (Рум: 47).

«Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз. У Кунда золим-кофир ким­саларга узру баҳоналари фойда бермас ва уларга лаънат бўлур, уларга энг ёмон жой — дўзах бўлур» (Ғофир: 51,52).

Аллоҳ уларни ғолиб қилди, чунки улар Унинг динини барпо қилишган ва у барча динларга ғолиб бўлган, уни маҳкам ушлаганлар барча умматлар устидан ғолиб эди: «У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 33).

Аллоҳ уларни ғолиб қилди, чунки улар ғалабанинг ҳақиқий сабабларини – моддий сабабларини ҳам, маънавий сабабларини ҳам барпо қилишган, Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларига амал қилиб, Унинг ҳидояти ва қўллаб-қувватлаши остида юриб, душманлар қаршисида матонат кўрсатиб тура олган эдилар:

«(Куфрга қарши курашда) сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар. Агар (бугун — Ухудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди» (Оли Имрон: 139,140).

«Бу кофир қавмни қувишда сусткашлик қилмангиз! Агар қийналаётган бўлсангизлар, улар ҳам сизлар қийналганингиздек қийналмоқдалар. (Шу билан бирга) сизлар Аллоҳ томонидан улар умид қилмаган нарсани (яъни савобни, шаҳидлик неъматига муяссар бўлишни, қолаверса, ғалаба қозонишни) умид қилмоқдасизлар-ку?! Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 104).

«Бас (эй мўминлар), сизлар (у кофирларга қарши жанг қилаётганингизда ҳаргиз) сусткашлик қилмангиз ва ўзларингиз устун-ғолиб бўлган ҳолларингизда (уларни) ярашга ҳам чақирмангиз! Аллоҳ сизлар билан биргадир ва У ҳаргиз қилган амалларингизни(нг савоб-мукофотини) камайтирмас. Албатта бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар сизлар иймон келтирсангизлар ва тақво эгалари бўлсангизлар У зот сизларга ажр-мукофотларингизни берур ва сизлардан мол-дунёларингизни сўрамас» (Муҳаммад: 35,36).

Мана шундай қўллаб-қувватлашлар остида улар қудрат, матонат ва жиддийлик билан турдилар ва Парвардигорларининг амрига бўйсуниб, куч-қувватнинг барча турларидан – ҳам ички руҳий қувват, ҳам ташқи ҳарбий қувватдан керакли улушга эга бўлдилар: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Аллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур» (Анфол: 60).

Аллоҳ уларни ғолиб қилди, чунки улар Унинг динига ёрдам берган эдилар: «Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)». (Ҳаж: 40,41).

Мазкур икки оятда Аллоҳ таоло Ўзига ёрдам берадиган кишиларни ғолиб қилишга қатъий ваъда берди ва буни ҳам лафзий, ҳам маънавий таъкид билан таъкидлади. Лафзий таъкид шуки, оятда қасам лафзи яширинган, яъни у «Аллоҳга қасамки, албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур» маъносидадир, шунингдек لَيَنْصُرَنَّ (ғолиб қилур)даги ل (лом) ва ن (нун) ҳарфлари таъкидни ифодалайди. Маънавий таъкид шуки, «Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» дегани – Аллоҳ субҳанаҳу асло заифлашмайдиган кучли ва енгилмас қудратлидир, Унинг қаршисига чиқувчи ҳар қандай куч-қудрат заифлик ва хорликка айланади, деган маънони англатади. «(Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)» ояти мўмин кишига унинг назарида ғалаба узоқлашиб кетган пайтда барча ишларнинг оқибати ягона Аллоҳнинг измида экани, У истаган нарсасини ўзининг ҳикмати тақозосига кўра ўзгартиришга қодирлигини эслатиш билан уни собитқадам қилади.

Мазкур икки оятда мўминларни ғалабага сазовор қиладиган сифатларнинг ҳам баёни келганки, мўмин киши ерда ғолиб бўлганидан сўнг мана шу сифатлар билан сифатланади, ғалаба уни кибр, зўравонлик ва фасодга ундамайди, балки Аллоҳнинг динида қувват ва саботини яна-да зиёда қилади.

Биринчи сифат: Ер юзида ғолиб қилишлик фақат ягона Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиш рўёбга чиққанидан кейингина амалга ошади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Маккада кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир». (Нур: 55).

Банда гап-сўзларида ҳам, амалларида ҳам, истак-ҳоҳишларида ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзига бандаликни адо қилса, улар билан Аллоҳнинг юзидан бошқа нарсани қасд қилмаса, уларни одамлар ичида обрў қозониш, мақтов эшитиш, мол-дунёга эришиш истагида қилмаса, махфию ошкор, қийинчилигу енгилчилик ҳолатларида мана шу холис ибодатида давом этса, Аллоҳ таоло уни ерда ғолиб қилади. Демак, ерда ғолиб бўлиш учун юқоридаги сифатга эга бўлиш – Аллоҳнинг ўзига, биронтасини Унга шерик қилмасдан ибодат қилиш лозим бўлади.

Иккинчи сифат: Намозни барпо қилиш, яъни уни талаб қилинганидек кўринишда, шартларини, рукнларини, вожибларини ўрнига келтириб, сўнг ундаги мустаҳаб амалларни ҳам мукаммал бажариб, тўла-тўкис адо этиш, таҳоратни чиройли қилиш, рукуъ, сужуд, қиём, қуъудларни ўрнига қўйиш, намоз вақтларига, жумъа ва жамоат намозларига риоя қилиш, хушуъга – яъни қалб ҳозирлиги ва аъзоларнинг хотиржамлигига эътибор қаратиш лозим бўлади. Чунки, хушуъ намознинг руҳи ва мағзидир. Хушуъсиз намоз жонсиз жасаддек гап. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Бир банда намоз ўқийди, унга намозидан фақатгина ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярми ёзилади» (Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Учинчи сифат: Закотни адо этиш, яъни уни ҳақдорларга чин кўнгилдан рози бўлиб, камитмасдан, тўла-тўкис, бу билан фақат Аллоҳнинг фазли ва ризосини истаб беришлик: «Закотни (ҳақдорларга) ато этадилар», бу билан ўзларини поклайдилар, молларини тозалаб оладилар, камбағал-мискин ва эҳтиёжманд биродарларини фойдалантирадилар. Закот олишга ҳақли кишиларнинг баёни ўн еттинчи суҳбатда ўтди.

Тўртинчи сифат: Амри маъруф – яхшиликка буюриш: «Яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)». Аллоҳ ва Расули буюрган барча вожиб ва мустаҳаб амаллар маъруф-яхшилик ҳисобланади. Улар Аллоҳнинг шариатини жонлантириш, Унинг бандаларига яхшилик қилиш, Унинг раҳмати ва розилигига эришиш учун яхшиликка буюрадилар. Мўмин киши мўмин кишига нисбатан чор-атрофи бир-бирини жипс тутиб турувчи бинога ўхшайди. Мўмин киши ўзи учун Парвардигорининг тоатида туришни яхши кўргани каби мўмин биродарига ҳам буни яхши кўриб илинади. Ҳақиқий иймон ва тасдиқдан келиб чиқиб амри маъруф қилувчи киши ўзи буюраётган ишни ўзи ҳам албатта қилади. Чунки у ўша ишнинг нақд ва келажакдаги фойда ва самараларига ишонч ва қаноат ҳосил қилгани учун ҳам унга буюради.

Бешинчи сифат: Наҳий мункар – ёмон ишлардан қайтариш: «Ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)». Аллоҳ ва Расули қайтарган, ибодат, ахлоқ ва муомалотга тааллуқли катта ва кичик гуноҳ ишларнинг ҳаммаси мункар-ёмон иш саналади. Улар Аллоҳнинг динини асраш, Унинг бандаларини ҳимоя қилиш, фасод ва уқубат сабабларидан сақланиш учун ҳам улардан қайтарадилар.

Амри маъруф ва наҳий мункар умматнинг инқирозга юз тутмаслиги, азиз-мукаррам ҳолда, хоҳиш-ҳаволарга берилмай ва турли-туман йўлларга сочилмай, бирдамликда қолиши учун зарур бўлган иккита кучли устуни ҳисобланади. Шу боис амри маъруф ва наҳий мункар ҳар бир муслим ва муслима учун қўлидан келганича миқдорда қилиши шарт бўлган диний фаризалардан саналади: «Ораларингиздан яхшиликка даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон: 104,105).

Амри маъруф ва наҳий мункар бўлмаса эди, одамлар турли-туман фирқалар бўлиб, тирқираб кетишар ва ҳар бир фирқа ўз олдидаги нарса билан хурсанд бўлиб юраверар эди. Умматнинг бошқа умматлардан афзал бўлишининг сабаби ҳам амри маъруф ва наҳий мункардир: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир». (Оли Имрон: 110).

Ўтган умматлар уни тарк қилиш билан лаънатга дучор бўлишди: «Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!» (Моида: 78,79).

Аллоҳ йўллаб қўйганидек сабот, матонат ва моддий куч-қувватга эга бўлиш билан бир қаторда мазкур бешта сифат қачон рўёбга чиқса, шунда Аллоҳнинг изни билан ғалабага эришилади. «(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар» (Рум: 6,7). Шунда уммат учун унинг хаёлига ҳам келмаган Аллоҳнинг нусратлари ёғилади.

Аллоҳнинг ваъдасига ишонган мўмин киши аниқ биладики, моддий қувватлар ҳар қанча кучли бўлмасин, уларни яратган ва пайдо қилган Аллоҳнинг куч-қудрати олдида ҳеч нарса эмас. Од қавми ўз куч-қудрати билан мағрур эди, дунёда биздан кўра қудратли ҳеч ким йўқ, дейишарди. Аллоҳ таоло деди: «Энди Од (қабиласига)га келсак, бас улар Ер юзида ноҳақ кибр-ҳаво қилдилар ва «Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?» дедилар.— Ахир улар ўзларини яратган зот — Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадилар-ми?! — Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар. Бас, уларга мана шу ҳаёти дунёда расво-хор қилгувчи азобни тотдириб қўйиш учун нахсли-шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса шак-шубҳасиз янада расвороқ — хор қилгувчироқдир ва уларга (ўзлари сиғиниб ўтган бутлари томонидан ҳеч қандай) ёрдам берилмас» (Фуссилат: 15,16).

Фиръавн Миср мулки ва остидан оқиб ўтувчи анҳорлари билан кибр-ғурурга берилган эди, Аллоҳ таоло уни худди ўзи мақтанганига ўхшаш сувга ғарқ қилиб юборди, унинг мулкини эса унинг наздида хор ва ўз мақсадини очиқ баён қила олмайдиган кимса деб кўрилган Мусо ва унинг қавмига олиб берди.

Қурайш ўзининг куч-қудрати ва зўрлиги билан гердайган, зодагонлари бошчилигида ўз диёрларидан, яъни Маккадан Бадрга қараб кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва: «Ортга қайтиш йўқ, Бадрга етиб бориб туялар сўямиз, одамларимизга таомлар едириб, ароқлар ичирамиз, арабларга донғимиз кетиб, биздан бир умр ҳайиқадиган бўлишади» деб кибру-ҳаво қилишган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари томонидан шармандали мағлубиятга дучор бўлишди, жирканч жасадлари Бадр қудуғига улоқтирилди, то қиёмат одамлар тилида заифлик ва хорлик тимсолига айланишди.

Биз мусулмонлар ҳозирги кунда ҳам агар ғалаба сабабларини қўлга келтирсак, диний мажбуриятларимизни адо этсак, ўзгаларга қарам эмас, балки намунага айлансак, тобеъ эмас, балки йўлбошчига айлансак, замонавий ҳарбий воситаларни астойдил эгалласак, шак-шубҳасиз, Аллоҳ таоло худди аждодларимизга берганидек шонли ғалабаларни бизларга ҳам беради. Аллоҳ ваъдасининг устидан чиқувчи, бандасини ғолиб қилувчи ва гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилувчи Зотдир. «(Бу, яъни мўминлар зафар топиб, кофирлар мағлуб бўлиши) Аллоҳнинг йўли — қонуни бўлиб, илгари ҳам ўтгандир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз» (Фатҳ: 23).

Эй Парвардигор! Бизларни ғалаба, азизлик ва улуғлик сари етказувчи ҳамда Исломнинг юксалиши ва куфрнинг хорланишига олиб келувчи нусрат сабабларини Ўзинг бизларга муҳайё этгин, Сен Саховатли ва Карамли Зотсан.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин. Йигирма биринчи суҳбат

Рамазон ойининг охирги ўн куни фазилатлари ҳақида

Азиз биродарлар! Мана Рамазон ойининг охирги ўн куни хам кириб келди. Бу кунлар ўзига хос хусусиятлар, фазилатлар ва кўпдан-кўп яхшиликлар ва ажрларга эгадир.

Бу кунларнинг хусусиятларидан бири шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда бошқа кунлардан кўра кўпроқ амал қилиб қолишга ҳаракат қилар эдилар.

«Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида бошқа кунлардагидан кўра кўпроқ ибодат қилардилар».

«Саҳиҳайн»да келган хадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунлик бошланса белларини боғлар, тунларини ибодат билан бедор ўтказар ва аҳли-оилаларини уйғотардилар».

«Муснад»да келган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалги йигирма кунда кечалари намоз ҳам ўқирдилар, ухлардилар ҳам. Охирги ўн кунлик бошланса енгни шимариб, белни (ибодатга) боғлардилар».

Ушбу ҳадислар охирги ўн кунликнинг фазилатига далолат қилади, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа кунларга қараганда бу кунларда кўпроқ ибодат қилардилар, намоз, Қуръон тиловати, зикр, садақа ва бошқа ибодатлар билан машғул бўлардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам белни боғлардилар, яъни намоз ва зикрга холи бўлиш учун аёлларидан четланардилар. Чунки у зот бу тунларнинг улуғлигидан ва иймон-ишонч ҳамда савоб умидида бедор бўлинса, Аллоҳ ўтган гунохларни кечирадиган Қадр кечасини талаб қилган ҳолда, қалблари, тиллари ва барча аъзолари билан бу тунларни қироат ва зикр билан бедор ўтказардилар. Аммо Оиша розияллоҳу анҳонинг: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тонггача қоим бўлганларини билмайман», деган сўзлари, фақат намоз билан тунни бедор ўтказишга нисбатандир. Охирги ўн кунлик кечаларида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр, тиловат, намоз, саҳарлик ва булардан бошқа ибодатлар билан бедор бўлардилар. Юқоридаги ҳадисларни шундай жамласа бўлади, валлоҳу аълам.

Охирги ўн кунликнинг фазилатига далолат қиладиган амаллардан яна бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли-оилаларини уйғотишларидир. Бу муборак кечаларни ғанимат билиб, уни зикр, намоз ва бошқа ибодатлар билан ўтказиш учун аҳли-оилаларини уйғотардилар, чунки бу кунлар Аллоҳ таоло берган бир имкониятдир. Оқил киши берилган бу қимматли имкониятни қўлдан бермай, ўзи ва аҳли-оиласи учун фойда олмоғи зарур, чунки бу кунлар саноқли, ўткинчидир. Банда бу кунларда Аллоҳ таолонинг фазлига сазовор бўлиб, бу билан икки дунё саодатини қўлга киритиши мумкин.

Афсус надоматлар бўлсинки, кўпчилик мусулмонлар бу қимматли кунларни ўзларига фойдасиз ишлар билан, кечаларни лаҳв-ботил нарсалар билан ўтказиб, таҳажжуд вақти келганда эса уйқига ғарқ бўлиб ўзлари учун кўп яхшиликларни ўтказиб юбормоқдалар. Балки бу йилдан сўнг келгуси Рамазонга етиб бормаслар. Шайтон уларни алдаб, Аллоҳнинг йўлидан тўсиб, ўзининг макр-хийласи билан уларни ўйнатаётганини билсинлар. Аллоҳ таоло деди: «Аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат —ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)» (Ҳижр: 42). Оқил киши Аллоҳни қўйиб, душманлигини билиб туриб шайтонни ўзига дўст қилиб олмайди, зеро бу ақл ва иймонга зиддир. Аллоҳ таоло деди: «Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст турурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал ўринбосардир» (Каҳф: 50). «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур» (Фотир: 6).

Бу ўн кунликнинг хусусиятларидан яна бири – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда эътикоф ўтирардилар.

Эътикоф – Аллоҳ азза ва жалланинг тоатига холи бўлиш учун масжидни лозим тутишдир. Бу Аллоҳ таолонинг Китоби ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ила собит бўлган суннатлардандир.

Аллоҳ таоло деди: «Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирдилар, саҳобалар хам У Зот билан бирга ва вафотларидан кейин хам эътикоф ўтирдилар. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг аввалги ўн кунида эътикофга кирдилар, сўнг ўртадаги ўн кунда эътикоф қилдилар, сўнг бундай дедилар: «Мен аввалги ўн кунликда (Қадр) кечасини қидириб эътикоф қилдим, сўнг ўртадаги ўн кунликда эътикоф қилдим, сўнг менга айтилди: У (Қадр кечаси) охирги ўн кунликда, қайси бирингиз эътикоф қилишни яхши кўрса, эътикоф қилсин» (Муслим ривояти).

Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар Рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф қилдилар. Ундан сўнг рафиқалари ҳам (рамазон ойининг охирги ўн кунида) эътикоф қилар эдилар». (Бухорий, Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар Рамазон ойи ўн кун эътикоф қилар эдилар. Вафот этган йиллари эса йигирма кун эътикоф қилдилар» (Бухорий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф қилар эдилар, бир йил эътикоф қилмадилар, келгуси йил келганда эса йигирма кун эътикоф қилдилар» (Аҳмад, Термизий ривоятлари).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилмокчи бўлсалар, бомдод намозини ўқиганларидан сўнг эътикоф қилинадиган ерга кирар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо (эътикоф қилишга) рухсат сўраган эдилар, рухсат бердилар, бир чодир қўйилди. Ҳафса ҳам ўзи учун рухсат сўрашни Оишага айтди, У рухсат олиб берди, яна бир чодир қўйилди, буни кўрган Зайнаб хам чодир қўйдирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам чодирларни кўриб:« Бу нима?» деб сўрадилар. Оиша, Ҳафса ва Зайнабнинг чодирлари, дейишди. « Бу билан яхшиликни хоҳлашибдими? Бузиб ташланглар, кўрмайин», дедилар ва Рамазонда эътикофни тўхтатдилар-да, Шаввол ойининг аввалги ўн кунида эътикоф қилдилар» (Бухорий, Муслим ривоятлари).

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Эътикофнинг суннат эканида бирон-бир уламонинг хилоф қилганини билмайман».

Эътикофдан мақсад – масжидларнинг бирида Аллоҳнинг фазли, ажр-мукофоти ва қадр кечасини топиш мақсадида тоат-ибодатга холи бўлиш учун одамлардан узилишдир. Шунинг учун эътикофда ўтирувчи зикр, қироат, намоз ва ибодатлар билан машғул бўлмоғи ҳамда фойдасиз дунё сўзларидан сақланмоғи лозим. Софийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисга кўра аҳли-оиласи ёки бошқалар билан бир оз мубоҳ сўзларни гаплашса зарари йўқ: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофда эканликларида кечаси кўргани келиб гаплашиб ўтирардим. (Уйимга) кетиш учун ўрнимдан турганимда, У Зот хам мен билан турар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Эътикофдаги кишига жимоъ қилиш ва унинг дебочаси бўлмиш ўпиш, шаҳват билан ушлаш харомдир. Аллоҳ таоло деди: «Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187). Аммо масжиддан баданининг бирон аъзосини чиқарса зарари йўқ. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилган пайтларида ҳужрага бошларини киритар ва мен ҳайзли ҳолатимда бошларини ювиб қўяр эдим» (Бухорий ривояти). Бошқа бир ривоятда: «бошларини тарар эдим» (Муттафақун алайҳ).

Масжиддан бутун бадани билан чиқишлик эса уч турлидир.

Биринчи: Эҳтиёж юзасидан хамда шаръий жихатдан чиқиш лозим бўлган ишлар. Қазои хожат, таҳорат, жанобат ва бошқа сабаб билан ғусл қилиш ва ейиш, ичиш каби зарур ишларни агар масжидда бажаришнинг иложи бўлмаса ташқарига чиқиб қилиш жоиз, масжидда бажариш имкони бўлса жоиз бўлмайди. Масалан, масжид ичида таҳоратхона бўлиб, шу ерда таҳорат ва ғусл қилиш имкони бўлса ёки таомини масжидга олиб келувчиси бўлса масжиддан чиқишга эҳтиёж қолмайди.

Иккинчи: Ибодатлар жумласидан бўлган, аммо унга вожиб бўлмаган ишлар учун чиқиш. Масалан: касални зиёрат қилиш, жанозага қатнашиш ва шу каби ишлар. Бундай ҳолларда масжиддан чиқмайди, илло, агар эътикофга киришдан аввал шуни шарт қилган бўлса жоиз. Мисол учун: бирон яқини касал бўлса ва уни зиёрат қилишни яхши кўрса ёки вафот этиб қолишидан қўрқса, эътикофнинг аввалида шуни шарт қилган бўлса зарари йўқ.

Учинчи: Эътикофга зид бўлган ишлар учун чиқиш. Масалан, олди-сотти қилиш, аёли билан қўшилиш ва эркалаш каби ишлар. Бундай ишлар эътикофни бузиши ва унинг мақсадига зид бўлгани учун қилмайди, гарчи аввалида шарт қилган бўлса ҳам.

Охирги ўн кунликнинг хусусиятларидан яна бири шуки, унда минг ойдан ҳам яхши бўлган Қадр кечаси бор.

Азиз биродарлар! Бу кунларнинг фазилатларини англаб ғанимат билинг, фурсатни бой бериб қўйманг, чунки бу вақтлар бебаҳо ва яхшиликлари очиқ-ойдин дамлардир.

Эй Парвардигор! Дину-дунёмизнинг салоҳияти бўлган ишларга бизларни муваффақ эт. Оқибатимизни гўзал, борар жойимизда азиз қил. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират эт.

Пайғамбаримизга, у кишининг оилаларига ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин.


Йигирма иккинчи суҳбат

Охирги ўн кунликда ва Қадр кечасида кўпроқ ибодатга тиришиш ҳақида

Азиз биродарлар! Бу муборак ўн кунликда Қадр кечаси бордир. Аллоҳ таоло бу кечани бошқа кечалардан шарафлироқ қилиб, унинг фазилати ва мўл-кўл яхшиликларини бу умматга инъом қилди. Бу кечанинг фазилати хақида Ўзининг Азиз Китобида марҳамат қилиб шундай деди: «Очиқ-равшан Китобга — Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантирувчи бўлдик. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир. Дарҳақиқат Биз (башариятга пайғамбарлар) юборувчи бўлдикки, (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган раҳмат-меҳрибонликдир. Албатта Унинг Ўзигина (барча нарсани) эшитувчи, билувчидир. Агар ҳақиқий ишонувчи бўлсангизлар (ўша сизларнинг Парвардигорингиз) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг ҳам Парвардигоридир. Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи (ҳақ)дир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Сизларнинг Парвар­дигорингиз ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг Парвардигори ҳам (Унинг Ўзидир)» (Духон: 3-8).

Бу кечанинг яхшиликлари, баракотлари ва фазилатларининг кўплигидан уни Аллоҳ таоло Муборак кеча деб васф қилди.

Унинг баракотларидан бири – бу муборак Қуръон мана шу кечада нозил қилинганидир. Аллоҳ бу кечани «У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур», деб васф қилди, яъни Лавҳул-маҳфуздан бандаларга тааллуқли бўлган ризқ, ажал, яхшилик, ёмонлик ва бошқа пухта-аниқ ишлар ажратиб олинади. «Пухта-аниқ иш(лар)» - камчилик-нуқсон ва беҳудалик бўлмаган Аллоҳ таолонинг мукаммал, аниқ-равшан амрлари бўлиб, бу Қудратли ва Билувчи Зотнинг қадаридир. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир». (Қадр:1-5) “Қадр" шараф, улуғлик ёки тақдир ва қазо маъносидадир. Чунки Қадр кечаси шарофатли улуғ кеча бўлиб, унда Аллоҳ таоло йил давомида бўладиган ишларни қазо қилиб, Ўзининг ҳикматли ишларини ихтиёр этади. «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир»- яъни фазилатда, шарафда, ажр-мукофотнинг кўплигида. Шунинг учун хам ким Қадр кечасини иймон-ишонч ва савоб умидида бедор ўтказса ўтган гунохлари кечирилади.

«У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар»- Малоикалар Аллоҳ таолонинг бандаларидан бири бўлиб, эрта-ю кеч Унинг ибодатида қоимдирлар: «Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар.

Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар».(Анбиё:19-20)

Фаришталар Қадр кечасида яхшилик, барака ва раҳматлар билан Ерга тушадилар, « ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар», шараф ва фазилатларининг зиёдалиги учун Жаброил алайҳис-салом алоҳида зикр қилинди. « У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир» яъни Қадр кечаси унда дўзахдан озод этилувчиларнинг ва азобидан саломат бўлувчиларнинг кўплиги учун, мусулмонларга хар қандай хавфдан омонликдир. « У (кеча) то тонг отгунча...» яъни Қадр кечаси, тундаги амаллар интиҳосига етадиган тонгнинг отиши билан тугайди.

Бу сурадан Қадр кечасининг бир қанча фазилатлари маълум бўлади.

Биринчи фазилат: Аллоҳ таоло бу кечада башариятнинг ҳидояти ва икки дунё саодати бўлмиш Қуръонни нозил қилди.

Иккинчи фазилат: «(Эй Муҳаммад), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз?» сўзидаги сўроқ, улуғликга далолат қилади.

Учинчи фазилат: Қадр кечаси минг ойдан хам яхшидир.

Тўртинчи фазилат: Фаришталар яхшилик, барака ва раҳматни олиб тушадилар.

Бешинчи фазилат: Бандалар Аллоҳ азза ва жаллага тоат-ибодат билан қоим бўлиб, азоб ва иқобдан саломат қолувчиларнинг кўплигидан Қадр кечаси омонликдир.

Олтинчи фазилат: Аллоҳ таоло Қадр кечасининг фазли хақида Қиёматга қадар тиловат қилинадиган комил бир сура нозил қилди.

Қадр кечасининг фазилати хақида, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Кимки Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида намозда қоим бўлса, унинг аввалда қилган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳи).

«Иймон билан» ва «савоб умидида» сўзларидан мурод яъни Аллоҳга ва Қадр кечасида савоб умидида намозда қоим бўлганлар учун У Зот хозирлаб қўйган ажр-мукофотга иймон келтирган холда деганидир. Бу савоб, Қадр кечасини бўлганини билган ва билмаганлар учун баробар хосил бўлади, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам савобни хосил бўлишида билишни шарт қилмаганлар.

Лайлатул-Қадр Рамазондадир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни шу кечада нозил қилган ва Рамазон ойида нозил бўлганини хабарини берган: « Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик » (Қадр:1)

(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз».(Бақара:185)

Бу билан Қадр кечаси Рамазонда экани маълум бўлди. Қадр кечаси ўтган умматларда хам бўлган ва бу умматда хам то Қиёмат Кунига қадар бўлади. Абу Зар розияллоҳу анҳу дедилар: «Эй Росулуллоҳ, Қадр кечаси Рамазондами ёки бошқа ойдами? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: «Рамазон ойида». Абу Зар розияллоҳу анҳу: «Пайғамбарлар борида бўлиб, улар вафот этиши билан у хам кўтариладими ёки Қиёматгача бўладими?» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам: «Қиёматгача бўлади». (Ҳадис) Лекин фазилати ва ажр-мукофоти, жума кунининг фазилати ва бошқа фазилатлар билан хослангани, каби мана шу умматгагина хосдир валлоҳу аълам, валиллаҳил-ҳамд.

Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунидадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қадр кечасини охирги ўн кундан изланглар». (Муттафақун алайҳ)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қадр кечасини охриги ўн куннинг тоқ кечаларидан изланглар» (Бухорий ривояти) деган сўзларига кўра, жуфт кунлардан кўра тоқ кунлардалиги, тоқ кунларнинг хам охирги етти кундалиги яқинроқдир, бунга Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси далолат қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бир нечталари тушларида Қадр кечасини охирги етти кечадалигини кўрдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларнинг тушларингиз охирги етти кечага мувофиқ келганини кўрмоқдаман. Кимки Қадр кечасини изламоқчи бўлса, охириги етти кечада изласин» — дедилар. (Муттафақун алайҳ) Имом Муслим қилган ривоятда: «Уни охирги ўн кунликдан изланглар, агар сизлардан бирингиз заифлик қилса ёки ожиз бўлса, қолган етти кечада (уйқуга) мағлуб бўлмасин».

Охирги етти кечанинг тоқларининг эҳтимолга яқинроғи 27- кечадир. Бунга Убай ибн Каъбнинг ҳадиси далолат қилади: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни туришга буюрган кеча қайси кечалигини биламан. У 27- кечадир» (Имом Муслим ривояти).

Қадр кечаси хар йили муаййан бир кечага хосланмайди, балки кўчиб юради, бир йил 27-кечада бўлса масалан, кейинги йил 25-кечада бўлади, албатта бу Аллоҳнинг иродаси ва ҳикматига кўрадир. Бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари далолат қилади: «Уни қолган тўққизинчи кечадан, қолган еттинчи кечадан, қолган бешинчи кечадан изланглар». (Бухорий ривояти) Фатҳул-борийда айтилган: « Энг саҳиҳ сўз шуки, (Қадр кечаси) охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида ва у кўчиб юради».

Аллоҳ таоло Қадр кечасини бандаларидан яширганлиги, уларга раҳмати туфайлидир, зеро бу фазилатли кечанинг талабида намоз, зикр, дуо каби ибодатларни кўпайтириб, Аллоҳ таолога қурбат ва савобни зиёда қилиб оладилар. Яна ким бу кечанинг талабида тиришиб, унга харис экани ёки дангасалик қилиб бепарво бўлганини ажратиш учун имтихон тариқасида яширгандир.

Ким нимага харис бўлса, шунга тиришади, унга етиш ва қўлга киритиш йўлидаги машаққатларга парво қилмайди.

Аллоҳ таоло Ўзининг айрим бандаларига Қадр кечасини аломатлари билан билдириб хам қўяди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қадр кечасининг аломатини кўрдилар, яъни у кечанинг тонгида сув ва лойда сажда қилаётган эканлар. Дархақиқат ўша кеча ёмғир ёғиб, бомдод намозида сув ва лойда сажда қилдилар.

Азиз биродарлар! Қадр кечасида эшиклар очилади, (Аллоҳнинг) суюкли бандалари Унга яқинлашади, илтижолар эшитилади, жавоблар қайтарилади, амал қилувчиларга буюк ажрлар ёзилади. Қадр кечаси минг ойдан яхшидир, унинг талабида тиришинглар. Юқоридаги сўзлар уни излашга кўмакдир. Ғафлатдан сақланинглар, ғафлатнинг оқибати азобдир.


Йигирма учинчи суҳбат

Жаннат васфи ҳақида

(Аллоҳ бизларни унинг аҳлидан қилсин)

Азиз биродарлар! Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсоннинг хаёлига ҳам келмаган неъматлар билан тўлиб-тошган жаннатга шошилингиз. Аллоҳ таоло айтади:

«Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): унинг остидан дарёлар оқур, мевалари ва соялари боқийдир. Бу тақво билан ўтган зотларнинг оқибати-келажагидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир» (Раъд: 35).

«Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (яъни бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад: 15).

«Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар» (Бақара: 25).

«(Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур. Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва ўзи кумушдан (ясалган бўлса-да нафислигидан) шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар. (Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар — (жаннатлардаги) салсабил деб аталадиган чашма би­лан суғорилурлар. Уларнинг устида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйларсиз. У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни кўрурсиз» (Инсон: 14-20).

«(Улар) олий жаннатда бўлиб, у жойда бирон беҳуда сўз эшитмаслар. У жойда оқар булоқ бордир. У жойда баланд сўрилар ва (булоқ бўйига) қўйиб қўйилган қадаҳлар, тизиб қўйилган ёстиқлар ва тўшалган гиламлар бордир» (Ғошия: 10-16).

«Албатта Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур» (Ҳаж: 23).

«Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир» (Инсон: 21).

«(Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўтирурлар)» (Ар-Раҳмон: 76).

«Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар» (Инсон: 13).

«Албатта тақводор зотлар (У Кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар. Улар бир-бирларига рўбарў бўлган ҳолларида ипак-шойидан либослар кийиб (ўтирурлар). Мана шундай! Яна Биз уларга оҳукўз ҳурларни жуфти ҳалол қилиб қўйгандирмиз. Улар у жойда тинч-хотиржам бўлган ҳолларида (хизматкорлардан) барча мева-чевани чақирурлар» (Духон: 51-55).

«Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-ҳуррам бўлган ҳолларингизда жаннатга кирингиз!» Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар. Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир. Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар» (Зухруф: 70-73).

«У (жаннат)ларда шундай кўзларини (бегона эркакларга қарашдан) тиювчи (қиз)лар борки, уларга (жаннат аҳлидан) илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! Улар (софлик ва оқликда) гўёки ёқут ва маржондирлар» (Ар-Раҳмон: 56-58).

«У (жаннат)ларда хушхулқ ва гўзал юзли (аёл)лар бордир. Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?! (Улар) чодирларда асралган ҳурлардир» (Ар-Раҳмон: 70-72).

«Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 17).

«Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир. Уларнинг юзларини на қаролик ва на хорлик қоплар. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар» (Юнус: 26).

Жаннат ва унинг неъматлари васфида бундан бошқа-да оятлар кўп.

Бу хусусда бир қатор ҳадислар ҳам келган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз: «Ё Расулуллоҳ, бизга жаннат ҳақида сўзлаб беринг, у қандай қурилган?», деб сўрадик. Айтдилар: «Бир ғишти олтин, бир ғишти кумуш, лойи мушк, майда тоши инжу ва ёқут, тупроғи заъфарондир. Унга кирган киши ноз-неъмат ичида бўлади, машаққат кўрмайди, абадий яшайди, ўлмайди, кийимлари эскирмайди, ёшлиги йўқолмайди» (Аҳмад, Термизий ривояти).

Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бу киши хутба қилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг шундай дедилар: «Аммо баъд, дунё кетишини эълон қилди ва шошганича кетди, ундан фақат идишнинг тагида бир-икки томчи сув қолгани каби озгинаси қолди. Сизлар бу ердан заволи йўқ бўлган ҳовлига кўчиб ўтасизлар. Шудай экан, ҳузурингизда бўлган энг яхши нарсалар билан кўчиб ўтинг. Бизга айтилганки, жаннат (эшикларидан) икки тавақасининг ораси қирқ йиллик йўлдир. Шундай бир кун келадики, у тиқилинчдан тўлиб тошади» (Имом Муслим ривояти).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатнинг саккизта эшиги бор: Улардан бири «Райён» деб номланиб, ундан фақат рўзадорлар кирадилар» (Муттафақун алайҳ).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳой, чин дилдан жаннатга интилувчилар борми?! Зеро, жаннатнинг ўхшаши йўқдир. Каъбанинг Парвардигорига қасамки, у порлаб турган нурдир, силкиниб турган райҳондир, қуриб қўйилган қасрдир, оқиб турган анҳордир, пишиб етилган ҳосиллардир, соҳибжамол ва кўркам жуфтиҳалолдир, саноқсиз либослардир, саломатлик диёрида абадий туришдир, мева-чева ва ям-яшил (боғлардир), олий ўринлардаги неъматлардир», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, биз унга чин дилдан интилувчимиз», дейишди. «Иншоаллоҳ денглар», дедилар. Улар: «Иншоаллоҳ», дейишди (Ибн Можа, Байҳақий, Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатда Аллоҳ Ўз йўлидаги мужоҳидларга тайёрлаб қўйган юзта даража бор. Ҳар икки даража оралиғи ер билан осмон оралиғичадир. Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли тепаларидаги хона аҳлларини худди сизлар машриқ ёки мағрибда уфққа ботаётган ёрқин юлдузни кўриб турганинглар каби кўриб турадилар. Бу ўрталаридаги тафовут сабаблидир». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бу пайғамбарларнинг манзилларими? Бошқалар унга эриша олмайдиларми?», деб сўрашди. «Йўқ! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, улар Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаган кишилардир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатда шундай хоналар борки, ичидан ташқариси, ташқарисидан ичкариси кўриниб туради. Аллоҳ у хоналарни таом едирган, мудом рўзадор бўлган ва кечалари одамлар ухлаб ётганда намоз ўқиган зотларга тайёрлаб қўйгандир», дедилар (Табароний ривояти).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда мўмин киши учун кенглиги олтмиш мил бўлган ғовак марвариддан қилинган чодир бордир. Мўминнинг барча жуфтлари ўша чодир ичида бўлиб улар бир-бирларини кўрмаган ҳолларида уларга навбати билан айланиб юраверади» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган жамоа кишилари ўн тўрт кунлик ой суратида, улардан кейин кирадиганлар эса кўкдаги энг ёрқин юлдуз суратида бўладилар. Улар ҳожат чиқармайдилар, бавл қилмайдилар, бурун қоқмайдилар ва тупурмайдилар. Тароқлари тиллодан, терлари мушкдан ва оловдонлари мушк дарахтидандир ва жуфтлари оҳу кўз ҳурлардир. Хулқлари бир кишининг хулқида, Одам алайҳиссаломнинг суратларида бўйлари олтмиш зироъ бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳллари унда еб-ичадилар. Лекин тупурмайдилар, бавл қилмайдилар, ҳожат чиқармайдилар, бурун қоқмайдилар». «Унда еган таомлари нима бўлади?», деб сўралди. «Кекирик ва мушк ҳиди каби тер бўлади. Тасбеҳ ва ҳамд айтишга худди нафас олгани илҳомлангандек илҳомланадилар», дедилар (Имом Муслим ривояти)

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, аҳли жанатнинг ҳар бирига ейиш-ичиш, жимоъ ва шаҳватда юз кишининг қуввати берилади. Қазои ҳожатлари териларидан мушкдек тер бўлиб чиқиб кетиб, қоринлари кичрайиб қолади» (Имом Аҳмад, Насоий ривоятлари).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан биттангизнинг жаннатдаги камонининг ипи ёки қамчисининг ўрни дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир. Агар жаннат аҳлидан (ҳурларидан) бир аёл ер юзига қиё боқса, чор-атрофни ёритиб хуш бўйга тўлдириб юборарди. Унинг бошидаги рўмоли дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир» (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда бир бозор бор, жаннат аҳллари бу бозорга ҳар жума куни борадилар. У ерда шимол шамоли эсиб юзлари ва либосларига тегади. Шунда улар янада чиройлироқ бўлиб кетадилар. Аҳллари ёнига қайтсалар, улар ҳам ҳусн-чиройда зиёдалашган бўладилар. Шунда аҳллари уларга: «Аллоҳга қасамки, биз кўрмагандан бери ҳусн ва чиройда зиёда бўлиб кетибсизлар», дейди. «Аллоҳга қасамки, сизлар ҳам биз кўрмагандан бери ҳусн ва чиройда зиёда бўлиб кетибсизлар», дейди жаннат аҳли» (Имом Муслим ривояти).

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннат аҳли жаннатга кирганларида бир фаришта: «Сизлар ҳеч касал бўлмасдан, доим соғ-саломат юрасизлар. Сизлар мангу тирик бўлиб, асло ўлим кўрмайсизлар. Сизлар ҳамиша навқирон бўлиб, сира қаримайсизлар. Сизлар абадий неъматда бўлиб, ҳеч қийналмайсизлар», деб нидо қилади. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзи маъносики: «Уларга: қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир, деб нидо қилинур» (Аъроф: 43)» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одамзотнинг хаёлига ҳам келмаган нарсаларни ҳозирлаб қўйдим», деди. Истасангиз: «Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда: 17) оятини ўқинг» (Муттафақун алайҳ).

Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга киргач бир фаришта: «Эй жаннат аҳли, Аллоҳнинг сизларга бир ваъдаси бор, уни муҳайё қилмоқчи!» деб нидо қилади. Шунда улар: «Яна қандай ваъда? Ахир Аллоҳ бизнинг мезонимизни оғир қилиб, юзларимизни ёруғ қилмадими?! Бизларни жаннатга киргизиб, дўзах ўтидан қутқармадими?!» дейдилар. Кейин парда кўтарилади ва улар Аллоҳга қарайдилар. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ уларга бундан-да севимлироқ ва қувончлироқ бирон неъматни бермагандир» (Имом Муслим ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоятида: «Шундан сўнг Аллоҳ таоло жаннат аҳлига: Сизларга розилигимни тушираман ва ундан кейин сизларга асло ғазаб қилмайман, дейди» (Имом Муслим ривояти).

Эй Парвардигор! Бизларни жаннатларингда абадий қолдиргин, уларда бизга Ўз розилигингни туширгин, Сенинг Юзингга боқиш лаззатига ва Сен билан учрашиш завқу шавқига муваффақ этгин.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин. Йигирма тўртинчи суҳбат

Аҳли жаннатнинг васфи ҳақида

Азиз биродарлар! Жаннат ва унинг ичидаги ноз-неъматлару шод-хуррамликлар васфидан бохабар бўлдингиз. Аллоҳга қасамки, амал қилувчилар у учун амал қилишига, мусобақалашувчилар унинг йўлида мусобақалашишига, инсон бутун умрини фақат унга етиш учун сарф қилишига ва бошқа барча нарсалардан бутунлай юз ўгиришига арзийди. Хўш, унга олиб борувчи йўл қайси, қандай амаллар билан унга етишиш мумкин? Аллоҳ таоло севикли пайғамбарига нозил қилган оятларда бу ҳақда баён қилган:

«Парвардигорин­гиз томонидан бўлгуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз! (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган, — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон: 133-135).

Мазкур оятларда жаннат аҳлининг бир неча сифатлари баён қилинди:

Биринчи сифат: «Тақводор — парҳезкор зотлар эса албатта боғлар ва чашмалар устидадирлар» (Ҳижр: 45). Улар Роббиларидан тақво қилувчи – қўрқувчи зотлардир. Яъни, У зотга тоат қилиб ва унинг савобини умид қилиб У буюрган ишларни қиладиган ҳамда У зотга тоат қилиб ва Унинг азобидан қўрқиб У қайтарган нарсалардан тийиладиган ва шу билан Унинг азобидан сақланиш сабабларини бажо келтирадиган кишилардир.

Иккинчи сифат: Яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган кишилар. Улар закот, садақа ва нафақаларни ўз ўринларига берадилар, жиҳод ва бошқа яхшилик ўринларига яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам инфоқ-эҳсон қиладилар, яхшиликлар сероб ва мол-дунёлари кўпайган кунларда бахиллик ва молни яна-да кўпайтириш иштиёқи уларни инфоқдан тўсиб қолмайди, шунингдек бошларига келган қийинчилик ва оғир кунларда молга бўлган эҳтиёж уларни инфоқдан тўсиб қолмайди.

Учинчи сифат: Ғазабларини ичига ютадиган кишилар. Улар ғазаб келган пайтда унинг тизгинини қўйиб юбормайдилар, ғазаб сабабли бировларга тажовуз ва адоват қилишдан ўзларини тиядилар.

Тўртинчи сифат: Одамларнинг хато-камчиликларини афв этадиган кишилар. Улар ўзларига зулм ва тажовуз қилиб қўйган кимсаларни афв этадилар, ўч олишга қодир бўла туриб ўз шахсиятлари учун ўч олмайдилар. «Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади» оятида шунга ишора борки, афв қилиш унинг ортидан яхшилик ва ислоҳ вужудга келган пайтларда мақтовли сифат бўлиб, афв қилиш билан тажовузкор кимса ўз гуноҳида яна-да зиёда бўладиган ҳолларда у мақтовли сифат бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилувчиларни севмас» (Шуро: 40).

Бешинчи сифат: «(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган, — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир». Нолойиқ ишдан мурод – ноҳақ одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайти орқага қочиш, зино, ўғирлик каби гуноҳи кабиралардир. Ўзига зулм қилиш – бундан кўра умумийроқ маънода бўлиб, катта ва кичик гуноҳларни ўз ичига олади. Улар мана шундай ҳолатларга тушиб қолганларида ўзлари осий бўлаётган Зотнинг буюклигини эсга олиб, Ундан қўрқадилар, Унинг мағфирати ва раҳматини эсга олиб, унга эришиш сабабларини қилишга саъй-ҳаракат қиладилар. «Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур» оятида ишора борки, улар мағфиратни Аллоҳдан ўзгасидан талаб қилмайдилар, чунки гуноҳларни ёлғиз Унинг ўзи мағфират қилади.

Олтинчи сифат: Улар билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Улар қилаётган ишларининг гуноҳлигини, ўзлари осий бўлаётган Зотнинг буюклигини, Унинг мағфирати нечоғли яқинлигини билган ҳолларида унда давом этмайдилар, балки ундан тийилишга ва ундан тавба қилишга шошиладилар. Гуноҳларда била туриб қаттиқ туриш кичик гуноҳларни ҳам катта гуноҳларга айлантириб қўяди, киши бора-бора катта-катта гуноҳлардан ҳам тап тортмайдиган бўлиб қолади. Бу эса хатарли оқибатларга олиб боради.

Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақловчи кишилардир. Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир. Улар (яъни мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилувчи кишилардир. Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар». (Мўминун: 1-11).

Ушбу ояти карималар жаннат аҳли васфларидан бир неча васф-сифатни ўз ичига олган:

Биринчи васф: Мўминлар – яъни, Аллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирган, иймонлари сўзда ҳам, амалда ҳам қабул ва бўйсунишни келтириб чиқарган кишилар.

Иккинчи васф: Улар намозларида хушуъ қилувчи, яъни қўрқув ва умид билан бўйин эгувчи кишилардир. Қалблари ҳозир, аъзолари сокин, намозда турганларида ўзларини Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида турганликларини, У зотга Унинг каломи билан хитоб қилишаётганини, Унинг зикри билан Унга қурбат-яқинлик ҳосил қилишаётганини, дуолар қилиш билан Унга илтижо қилишаётганини билиб, ҳис қилиб турадилар, зоҳиру ботинларида Унга хушуъ қиладилар.

Учинчи васф: Улар лағвдан – фойдасиз ва бирон яхшилиги бўлмаган, беҳуда сўз ва амаллардан юз ўгирувчи кишилардир. Улар жиддий ва матонатлари кучли бўлганидан қимматли вақтларини бефойда нарсаларга сарфламайдилар. Намозларини хушуъ билан муҳофаза этганлари каби вақтларини ҳам беҳуда зое бўлишдан асрайдилар. Бефойда нарсалардан юз ўгириш уларнинг сифатларидан бўлар экан, энди зарарли нарсалардан юз ўгиришлари албатта аниқдир.

Тўртинчи васф: Улар закотни адо қилувчи кишилардир. Закотдан мурод – молдан берилиши вожиб бўлган закот бўлиши ҳам мумкин, ёки бўлмаса нафсларини поклаб-тозалайдиган ҳар қандай сўзу иш бўлиши ҳам мумкин. (Чунки, «закот» луғатда «покланиш» маъносини англатади).

Бешинчи васф: Улар авратларини ҳаромдан – яъни, зинодан ва баччавозликдан сақловчи, бундай қабиҳ қилмишни Аллоҳга маъсият ва хулқий-ижтимоий тубанлик деб биладиган кишилардир. Авратни сақлаш маъноси бундан кўра умумийроқ нарсаларни ҳам ўз ичига олиши, кўзни тийиш ва қўл билан тегинишдан сақланиш маъноларига ҳам далолат қилиши мумкин.

«Энди ким шундан ўзгани истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир» ояти «махфий одат», «капаки», «онанизм» деб аталувчи, манийни сунъий йўл билан чиқаришнинг ҳаромлигига далил бўлади. Чунки, бу жуфти-ҳалоли ва қўл остидаги чўрисидан бошқа билан бўладиган ишдир.

Олтинчи васф: Улар ўзларига ишонилган омонатларга ва ўзгаларга берган аҳду паймонларига риоя қилувчи кишилардир. Ишониб топширилган ҳар қандай сўз, иш ва нарса омонатдир. Биров сизга сирини ишониб айтган бўлса, у сизга омонат қўйибди, ким сизнинг олдингизда кишилар назари тушишини истамайдиган бирон ишни қилган бўлса, у сизга омонат қўйибди, ким сизга молини ишониб топширган бўлса, у сизга омонат қўйибди. Аҳд – инсон бошқа бировга берган ваъдадир, Аллоҳга назр қилиш ва одамлар орасида жорий бўлган аҳдлашувлар, келишув ва шартномалар ҳам шу жумладан. Жаннат аҳли ўзлари билан Аллоҳ ўртасидаги, шунингдек ўзаро одамлар ўртасидаги аҳд ва омонатларни адо этишга риоя қиладилар.

Еттинчи васф: Улар барча намозларини вақтида адо этувчи, уларга бепарво қараб, зое ва қазо қилишдан сақловчи кишилардир. Улар намозларни ўз вақтида, мукаммал кўринишда, барча шартлари, рукнлари ва вожиблари билан адо этадилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аҳли жаннатнинг биз нақл қилгандан бошқа ҳам кўп-дан кўп васфларини зикр қилган, токи жаннатга етишишни истаган кишилар ўша сифатлар билан сифатлансинлар.

Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ҳам ривоят қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким илм излаб йўлга тушса, шу сабабли Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсага сизларни йўллаб қўяйми?» Саҳобалар: «Ҳа, йўлланг, ё Расулуллоҳ», дейишди. «Қийин пайтларда таҳоратни комил қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва бир намоздан сўнг кейинги намозни кутиш», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қай бирингиз таҳорат олса ва таҳоратини тўлиқ-комил қилса, сўнг: «Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» деб айтса, унинг учун жаннатнинг саккиз эшиги очиб қўйилади. ҳалиги банда уларнинг хоҳлаганидан (жаннатга) киради» (Имом Муслим ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Ким муаззиннинг сўзларини чин дилдан қайтарса, у жаннатга киради» (Имом Муслим ривояти).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда у учун бир уйни бино қилади» (Муттафақун алайҳ).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Беш вақт намозни Аллоҳ бандаларга фарз қилди. Қай бир киши улардан бирортасини зое қилмай, ҳақларини камситмай адо этса, Аллоҳнинг зиммасида уни жаннатга киритиш аҳди бордир» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзини жаннатга олиб кирадиган амал ҳақида сўраганида у зот айтдилар: «Кўп сажда қил, чунки сен Аллоҳга бир бор сажда қилсанг, у сабаб Аллоҳ сени бар даража юксалтириб, битта хато-гуноҳингни ўчиради» (Имом Муслим ривояти).

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмон банда бир кеча-кундузда фарздан ташқари ўн икки ракъат нафл намоз ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб қўяди» (Имом Муслим ривояти). Ўн икки ракъатдан мурод – пешиндан олдинги тўрт ва кейинги икки ракъат, шомдан кейинги икки ракъат, хуфтондан кейинги икки ракъат ва бамдоддан олдинги икки ракъат намозлардир.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтдилар: Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга киргизадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган амални менга айтиб берсангиз» деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, жуда улуғ нарса ҳақида сўрадинг, лекин Аллоҳ кимга бу амалларни енгил қилса, албатта улар жуда енгилдир. Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қиласан ва унга бирон нарсани шерик қилмайсан, намозни барпо қиласан, закотни ўтайсан, Рамазонда рўза тутасан ва қодир бўлсанг ҳаж қиласан», дедилар (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатда «Райён» деб аталувчи бир дарвоза бор. Шу дарвозадан рўза тутувчи кишилар киради. Улардан бошқа ҳеч ким бу ердан кира олмайди. Уларнинг ҳаммалари кириб бўлгандан сўнг дарвоза ёпилади ва ҳеч ким у ердан киритилмайди» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умра кейинги умрагача ўртадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Муттафақун алайҳ).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг учта қизи бўлса, уларни паноҳига олиб, меҳр-шафқат кўрсатиб, парвариш қилса, унга албатта жаннат вожиб бўлади». «Ё Расулуллоҳ, иккита бўлса-чи?», деб сўралди. «Иккита бўлса ҳам», дедилар. Ровий айтади: «Агар: «Битта бўлса-чи?», деб сўралса: «Битта бўлса ҳам» десалар керак эди» (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннатга энг кўп киритадиган хислат ҳақида сўралган эди: «Аллоҳдан тақво қилиш ва чиройли хулқ», деб жавоб бердилар (Термизий, Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннат аҳли учта: адолатли, садақа қилувчи ва тавфиқли султон; юмшоқ кўнгил, қариндошларига раҳмдил киши; иффатли, ўзини пок тутувчи, серфарзанд мусулмон» (Имом Муслим ривояти).

Азиз биродарлар! Юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифлар жаннатга эришиш истагида бўлган кишиларга аҳли жаннат амалларидан кўпларини баён қилиб беради.

Аллоҳ таоло бизни ҳам, сизни ҳам мана шу йўлларни тутишга маяссар айласин ва улар узра собитқадам қилсин. Зеро, У Саховатли ва Соҳибкарам Зотдир.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Йигирма бешинчи суҳбат

Дўзах васфи ҳақида (Аллоҳ ундан паноҳ берсин)

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида бизларни дўзахдан огоҳлантирган, бизга раҳм қилганидан, дўзахга тушиб қолишимиздан эҳтиёт қилганидан унинг ичида бўлган, даҳшатидан жигарлар тилка-пора бўлиб, юраклар ёриладиган анвои азоблари ҳақида хабар берган. Бу ҳақда келган оят ва ҳадисларга қулоқ тутинглар, сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Парвардигорларингизга қайтинглар, Унга тавба қилиб қолинглар. Аллоҳ таоло айтади:

«Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 131).

«Албатта Биз кофирлар учун занжиру кишанларни ва (дўзах) алангасини тайёрлаб қўйгандирмиз!» (Инсон: 4).

«Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб кўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф: 29).

Аллоҳ таоло иблисга хитоб қилиб айтган: «Магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (Тўғри йўлдан оздира олурсан). У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз, жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозадан уларнинг бир тўдаси кирур» (Ҳижр: 42-44).

«Кофир бўлган кимсалар тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганларида, унинг дарвозалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларига): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар – Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деганларида улар: «Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар» (Зумар: 71).

«Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу! Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳанграшидек) бир ўкирик-фарёдини эшитурлар. У ғазабдан бўлиниб-парчаланиб кетгудек бўлур» (Мулк: 6-8).

«У кунда азоб уларнинг устиларидан ҳам, оёқларининг остидан ҳам ўраб олур ва (Аллоҳ) айтур: «Қилиб ўтган амалларингизнинг жазосини тотинглар!»» (Анкабут: 55).

«Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган “соябонлар", остларидан хам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!» (Зумар: 16).

«Чап томон эгалари... Чап томон эгалари (бўлмоқ), не (бахтсизлик)дир! (Улар дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида; ва на салқин, на фойдали бўлмаган қора тутундан иборат «соя» (ос­ти)дадирлар» (Воқеа: 41-44).

«(Жиҳодга чиқишдан) қолган мунофиқлар Аллоҳнинг пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни истамадилар ҳамда (бир-бирларига): «Бу иссиқда урушга чиқманглар», дедилар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар улар англай олсалар, жаҳаннам оташи янада иссиқроқир»» (Тавба: 81).

«Унинг нима эканини қаердан ҳам билар эдинг?! 11. (У) қизиган дўзахдир!» (Қориа: 10,11).

«Албатта жиноятчи-осий кимсалар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. 48. Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): «Дўзах азобини тотиб кўринглар!» (дейилур)» (Қамар: 47,48).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сақарнинг нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз. У (бирон кофирни) қолдирмас — қўймас (балки куйдириб ҳалок қилур)! (У беш юз йиллик масофадан) инсонларга яққол кўриниб тургувчидир» (Муддассир: 27-29).

«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

«Дарвокеъ, у (жаҳаннам ҳар томонга ҳар бири) қасрдек, худди сариқ туяларга ўхшаган учқунларни отиб турур!» (Мурсалот: 32,33).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур» (Иброҳим: 49-50).

«Ўшанда (яъни дўзахга ташланганларида) улар бўйинларида кишан ва занжирлар билан қайноқ сув томонга судралурлар, сўнгра оловда ёндирилурлар» (Ғофир: 71,72).

«Кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлиб, у (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур. Улар учун темир гурзилар бордир. Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): «Ўт азобини тотиб кўрингиз», (дейилур)» (Ҳаж: 19-22).

«Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта дўзахга киритажакмиз. Қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 56).

«Албатта (дўзахнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахти гуноҳкорнинг таомидир. (У таом) мисоли қайноқ сувнинг қайнаши каби қоринларда қайнайдиган эритилган (доғланган) ёғдир!» (Духон: 43-46).

У дарахт ҳақида айтади: «Дарҳақиқат у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар» (Соффат: 64,65).

«Сўнгра албатта сизлар, эй (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумроҳлар! Шак-шубҳасиз (жаҳаннамнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахтидан егувчи — ундан қоринларингизни тўлдиргувчидирсизлар. Сўнг унинг устига қайноқ сувдан ичгувчи, (ичганда ҳам) ташна-тўймас туялар каби ичгувчидирсизлар! Мана шу уларнинг жазо (Қиёмат) Кунидаги «зиёфат»ларидир!» (Воқеа: 51-56).

«Аниқки, Биз золим — кофирлар учун алангалари дўзахиларни ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб кўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!» (Каҳф: 29).

«Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир» (Иброҳим: 16,17).

«Албатта жиноятчи кимсалар (яъни кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолгувчидирлар. Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлгувчидирлар! Уларга Биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилгувчи бўлдилар. Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни тезроқ жонимизни олcин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди» (Зухруф: 74-77).

«Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборурмиз» (Исро: 97).

«Албатта, куфр йўлига кириб, жабру зулм қилган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз кечирмайди ва зинҳор ҳақ йўлга ҳидоят қилмайди. Магар уларни жаҳаннам йўлига равона қилур ва улар у жойда абадий қолажаклар. Бу Аллоҳга осондир» (Нисо: 168,169).

«Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар. Юзлари оловда айлантириладиган – куйдириладиган кунда, улар: «Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар» (Аҳзоб: 64-66).

«Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар» (Жин: 23).

«(Эй инсон), чил-парчин қилгувчи нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?! (У) Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур! Албатта (у кофирлар) узундан-узун устунларга (занжирлар билан) боғлаб қўйилган ҳолларида олов уларнинг устида қопланиб қолгувчидир!» (Ҳумаза: 5-9).

Дўзах ҳақида, унинг давомий аламли азоблари васфида бундан бошқа-да оятлар кўп.

Бу ҳақда келган ҳадисларга қулоқ тутинг:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ёқаётган бу ўтларингиз дўзах ҳароратининг етмишдан бир бўлагидир. «Аллоҳга қасамки, бир бўлаги ҳам етарди, Ё Расулуллоҳ», дейилди. «Дўзах ўти ўша ҳолатига олтмиш тўққиз баробар кучайтирилгандир ва ҳар бири ўшанча ҳароратдадир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, тўсатдан гумбурлаган товуш эшитилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биласизларми, бу нима?», дедилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билгувчироқ», дедик. «Бу – бундан етмиш йил олдин дўзахга отилган тош эди. У ҳозиргача дўзахга тушиб борарди, энди тубига етди», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу хутба қилиб деди: «Бизларга зикр қилинишича, дўзахга бир тошни ташлаб юборилади ва у етмиш йилда ҳам унинг қаърига етолмайди, Аллоҳга қасамки ўша дўзах инсонлар билан тўлдирилади, бундан ажабланаяпсизларми?!» (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар заққумдан бир томчиси бу дунёга томиб кетса, дунё аҳли ҳаётини бузиб юборарди. Энди емиши заққум бўлган кимсанинг ҳоли не кечаркин?!» (Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоятлари).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дўзах аҳлининг энг азоби енгили бир кишики, унинг бир жуфт оёқ кийими ва унинг иплари ўтдан бўлиб, шу билан унинг мияси худди қозон қайнагандек қайнаб туради. Мендан кўра қаттиқроқ азоб тортаётган ҳеч ким бўлмаса керак деб ўйлайди, ҳолбуки у энг енгил азобда бўлади» (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дўзах аҳлидан бўлган, дунёда ҳисобсиз ноз-неъматлар берилган киши олиб келиниб, дўзахга бир ботириб олинади-да, ундан: «Эй одам боласи, (дунёда) бирон яхшилик кўрдингми? Сенга бирон неъмат берилган эканми?» деб сўралади. У: «Аллоҳга қасамки, йўқ эй Роббим», дейди. Кейин жаннат аҳлидан бўлган, дунёда турли машаққатларни бошидан ўтказган киши олиб келиниб, уни бир марта жаннатга киргизиб чиқарилади-да сўнгра ундан: «Эй одам боласи (дунёда) бирон бир машаққат кўрганмидинг? Бошингга бирон бир қийинчилик тушганмиди?, деб сўралади. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки Эй Роббим, ҳаргиз машаққат кўрмадим ва бошимга бирон қийинчилик ҳам тушмади», дейди» (Имом Муслим ривояти). Яъни, дўзах аҳли дунёда кўрган барча неъматларни унутиб юборади, жаннат аҳлининг эса дунёда бошидан ўтказган барча машаққати эсидан чиқиб кетади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни азоби энг енгил бўлган дўзахийдан: «Ердаги нарсаларнинг ҳаммаси сеники бўлганида, бу азобдан қутулиш учун уларни берган бўлармидинг?» деб сўрайди. У: «Ҳа», дейди. Шунда: «Мен сендан Одамнинг пуштикамарида эканингда бундан кўра анча енгил нарсани – Менга ширк келтирмаслигингни истаган эдим, сен эса Менга ширк келтиришдан бошқасини хоҳламадинг», дейди (Муттафақун алайҳ).

Ибн Мардавайҳ Яъло ибн Мунядан ривоят қилади: «Аллоҳ таоло дўзах аҳли учун бир булутни яратади, булут устларига келганда уларга: «Эй дўзах аҳли, тиланг тилагингизни, сўранг сўровингизни», дейди. Улар булутни кўриб, дунёдаги булутлар ва улар ёғдирадиган ёмғирларни эслашади ва: «Эй Парвардигор, сув сўраймиз», дейишади. Шунда улар устига кишан ва занжирлар ёғдириб, кишанларига кишан, занжирларига занжир зиёда қилади, ўтнинг алангасини оширадиган чўғлар туширади».

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши жаннатга кирмайди: ароққа муккасидан кетган одам, қариндошлар билан алоқани узган киши ва сеҳрни тасдиқловчи кимса. Ким ароққа муккасидан кетиб ўлса, Аллоҳ таоло унга «ғувта» анҳоридан ичиради». «Ғувта нима, ё Расулуллоҳ?», деб сўралди. «Фоҳишаларнинг (фаржи) жинсий аъзосидан оқиб чиқувчи суюқлик, уларнинг фаржи ҳидидан дўзах аҳли озорланади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Маст қилувчи ичимлик ичадиган кимсага жаҳаннам аҳли баданидан оқиб чиқувчи тер ё қон-йирингларни ичиришга Аллоҳ таолонинг аҳди бордир» (Имом Муслим ривояти).

«Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яҳуд ва насороларга: «Нима истайсизлар?» дейилади. Улар: «Ташна бўлдик Парвардигор, бизга сув бер», дейишади. «(Сувга) тушавермайсизларми?!» деб уларни жаҳаннамга олиб келинади. (Жаҳаннамнинг бир-бирини ютиб юбораётган алангаси) уларга тўлқинланаётган саробдек кўринади ва улар ўзларини дўзахга отадилар».

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тасаввур қилинг, эллик минг йил тик оёқ устида турган, на бир бор таом, на бир қултум сув ичмаган, ташналикдан томоқлари таққиллаб, очликдан ичлари буралиб кетган одамларни дўзахга олиб борилади ва қайнаб турган булоқдан ичирилади».

Эй Парвардигор! Бизларга Ўзинг дўзахдан нажот бергин, шармандалик ва ҳалокат диёридан Ўзинг қутқаргин, Ўз раҳматинг билан бизларни тақводор зотларнинг диёрида жамлагин.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Йигирма олтинчи суҳбат

Дўзахга тушиш сабаблари ҳақида

Азиз биродарлар! Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида ва Расулининг тили билан дўзахга тушиш сабабларини баён қилиб, бизни улардан сақланиш ва эҳтиёт бўлишга чақирди. Ушбу сабаблар икки турлидир:

Биринчи тур: Соҳибини диндан чиқариб, дўзахда абадий қолишига боис бўлувчи сабаблар.

Иккинчи тур: Қилувчисини фосиқликка етаклайдиган ва шу билан дўзахга абадий бўлмаган ҳолда тушишига боис бўлувчи сабаблар.

Биринчи турга кирувчи сабаблардан бир нечасини айтиб ўтамиз:

Биринчи сабаб: Аллоҳга ширк келтириш, яъни У зотга рубубияти, улуҳияти ёки исм ва сифатларида бошқа бировни шерик қилиш. Ким Аллоҳ билан бирга ёки алоҳида бирон яратувчи бор деб эътиқод қилса ёки Аллоҳдан ташқари ҳам ибодатга сазовор бошқа бирон илоҳ бор деб ишонса ёки Аллоҳга ибодат қилиш билан бир қаторда бошқа бировга ҳам сиғинса ва ибодат турларидан бирортасини унга қилса ёки кимдадир худди Аллоҳда бўлганидек илм, қудрат, буюклик ва бошқа сифатлар борлигини эътиқод қилса, у Аллоҳга ширк келтирган бўлади ва ширкнинг бу тури катта ширк ҳисобланиб, у билан дўзахда абадий қолиб кетади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).

Иккинчи сабаб: Аллоҳ таолога ёки Унинг малоикалари ё китоблари ё пайғамбарларига ёки охират кунига ёки Аллоҳнинг қазо ва қадарига кофир бўлиш. Ким шулардан бирортасини ёлғон санаб ё тан олмай инкор қилса ёки бу ҳақда шак қилса, у одам кофир бўлиб, дўзахда абадий қолади. Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай, кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо: 150,151).

«Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар. Юзлари оловда айлантириладиган – куйдириладиган кунда, улар: «Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар. Яна улар: «Парвардигоро, дарҳақиқат бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйисундик, бас улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар. Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин», дедилар» (Аҳзоб: 64-68).

Учинчи сабаб: Исломнинг рукнлари бўлмиш бешта фарздан бирортасини инкор қилиш. Ким Аллоҳни ягона деб билиш ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига гувоҳлик бериш фарз эканини ёки беш вақт намознинг ё закотнинг ё Рамазон рўзасининг ё ҳажнинг фарзлигини инкор қилса, у одам кофир бўлади. Чунки у Аллоҳ ва расулини ёлғончи санаган, мусулмонларнинг ижмоъ-иттифоқларини инкор қилган бўлади. Шунингдек, ким ширкнинг ё ноҳақ одам ўлдиришнинг ё зинонинг ё баччавозликнинг ё маст қилувчи ичимлик ичишнинг ё шу каби ҳаромлиги Китобу Суннатда очиқ баён қилинган нарсаларнинг ҳаромлигини инкор қилса, у ҳам кофир бўлади, Аллоҳ ва Расулини ёлғончи қилган бўлади. Аммо Исломга янги кирган одам ушбу нарсалардан бирортасини билмай инкор қилса, уни кофир дейилмайди, балки унга бунинг куфр экани тушунтирилади, шундан кейин ҳам инкор қилса кофир бўлади.

Тўртинчи сабаб: Аллоҳ таолони ёки Унинг динини ёки пайғамбарини истеҳзо – масхара қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз» (Тавба: 65,66).

Бешинчи сабаб: Аллоҳ таолони ё Унинг динини ё пайғамбарини ҳақорат қилиш ва сўкиш, уларни камситувчи ва обрўсизлантирувчи сўзлар билан тилга олиш.

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким Аллоҳ ва Расулини сўкса, у зоҳиран ва ботинан кофирдир, бунинг ҳаромлигини билиб қилсин ё ҳалол санаб қилсин, фарқсиз. Асҳобларимиз айтишган: «Ҳазиллашиб сўксин ё жиддий сўксин, фарқи йўқ, кофир бўлади». Бу қатъан тўғри сўздир. Исҳоқ ибн Роҳавайҳдан нақл қилинган: «Мусулмонлар ижмоъ қилганларки, ким Аллоҳни ё Расулини сўкса ёки Аллоҳ нозил қилган нарсалардан бирортасини рад қилса, уни Аллоҳ нозил қилганига иқрор бўлса ҳам, кофир бўлади». Бошқа пайғамбарларни сўкишнинг ҳукми ҳам худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўкиш ҳукмида бўлади. Кимда-ким Қуръонда номи келган ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида пайғамбар экани зикр қилинган бирон пайғамбарни сўкса, унинг ҳукми ҳам юқоридаги кабидир».

Пайғамбарлардан бошқа бирор кишини сўкиш билан агар пайғамбарни сўкишни кўзда тутса, масалан пайғамбарнинг саҳобаларини сўкиш билан пайғамбарни ҳақоратлашни мақсад қилса, – чунки саҳобалар пайғамбарнинг йўлини тутган бўлади – ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан бирортасини бузуқлик билан туҳматласа, бу кимса аниқ кофир бўлади. Чунки, бу Пайғамбар шаънларига қилинган ҳақорат ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Ана ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг (яъни нопок эрлар ва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни жаннат неъматлари) бордир» (Нур: 26).

Олтинчи сабаб: Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилиш. Ким Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқа бирон нарсани ҳақиқатга яқинроқ ёки халқларга фойдалироқ деган эътиқодда ёки уни Аллоҳнинг ҳукми билан баробар кўриб ёки у билан ҳукм қилиш жоиз деб санаб, ўша билан ҳукм қилса, у кофир бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44). Шунингдек, ким Аллоҳдан бошқанинг ҳукми Аллоҳнинг ҳукмидан яхши ёки у билан тенг деб эътиқод қилса ёки у билан ҳукм қилишни жоиз санаса – гарчи у билан ҳукм қилмаса ҳам – кофир бўлади. Чунки у Аллоҳнинг ушбу сўзини ёлғон санаган бўлади: «Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!» (Моида: 50).

Еттинчи сабаб: Мунофиқлик, яъни дилида кофир бўлгани ҳолда одамларга сўзи ёки феъли билан ўзини мусулмон қилиб кўрсатиш. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!» (Нисо: 145). Ушбу турга мансублик аввалгилардан кўра ёмонроқ, шу боис уларнинг жазоси ҳам қаттиқроқ, улар дўзахнинг энг тубида бўладилар. Чунки уларнинг куфри ўз ичига куфрни ҳам, алдовни ҳам, Аллоҳни, Унинг оятларини ва пайғамбарини масхаралашни ҳам жамлаган. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтади:

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир. Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз — ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар. Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар», дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўмин бўламизми?» — дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар. Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади. Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади» (Бақара: 8-15).

Мунофиқликнинг бир талай аломатлари бор. Жумладан:

1) Гарчи ўзини одамларга мўмин деб кўрсатса ҳам, кўнглида Аллоҳ нозил қилган нарса ҳақида шак-шубҳада бўлиш. Аллоҳ таоло айтади: «Балки фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар. Чунки улар ўз шубҳаларида иккиланиб юрадилар» (Тавба: 45).

2) Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини ёмон кўриш. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди. Қачон уларга «Аллоҳ нозил қилган Китобга ва пайғамбар ўгитларига келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз» (Нисо: 60,61).

3) Исломнинг ва мусулмонларнинг ғалабасини ёқтирмаслик, уларнинг мағлубиятидан қувониш. Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизга бирон яхшилик (ғалаба ёки ўлжа) етса, бу уларни хафа қилур. Агар сизга (Уҳуд жангида бўлганидек) бирон мусибат етса: «Ишнинг олдини олибмиз», дейишиб, хурсанд бўлган ҳолларида юз ўгириб кетурлар» (Тавба: 50). Аллоҳ таоло айтади: «Ҳой (мўминлар), сизлар уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизларни суймайдилар. Сизлар ҳамма китобларга иймон келтирасизлар-у (улар сизларнинг китобингизга иймон келтирмайдилар). Сизларга йўлиққанларида: «иймон келтирдик», дейишади. Ўзлари холи қолишганда эса сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли бармоқларини тишлайдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга): «Шу адоватларинг билан ўлиб кетинглар!» — деб айтинг! Албатта Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билувчидир. Агар сизларга бирон яхшилик тегса, бу уларни хафа қилади. Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизлар­га ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилувчидир» (Оли Имрон: 119,120).

4) Мусулмонлар ўртасида фитна чиқишини ва улар ўртасида бўлинишлар бўлишини исташ ва шунга ҳаракат қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Агар улар сизларнинг орангизда чиққанларида ҳам, сизларга фақат ортиқча зиён бўлган ва ўрталарингизда сизларни фитнага солиш учун югуриб-елиб юрган бўлур эдилар ҳамда ораларингизда уларга қулоқ солувчилар ҳам (топилган) бўлур эди. Аллоҳ золим кимсаларни билувчидир» (Тавба: 47).

5) Ислом душманларини ва куфр йўлбошчиларини яхши кўриш, уларни мақташ, уларнинг Исломга зид фикрларини ёйиш. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни (яҳудийларни) дўст тутган кимсаларни (мунофиқларни) кўрмадингизми? У (мунофиқлар) сизлардан (яъни мусулмонлардан) ҳам, улардан (яъни яҳудийлардан) ҳам эмасдирлар! Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида («Бизлар мусулмонлармиз», деб) қасам ҳам ичурлар» (Мужодала: 14).

6) Мўминларни масхаралаш ва уларнинг ибодатларини айблаш. Аллоҳ таоло айтади: «Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордир» (Тавба: 79).

7) Мўминларнинг чақириқларига кибр-ҳаво билан қараш. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрар», дейилса, албатта улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз» (Мунофиқун: 5).

8) Намозга ялқовлик қилиш ва уни оғир санаш. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.— Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўювчидир.— Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо: 142). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мунофиқлар учун энг оғир намозлар хуфтон ва бамдод намозларидир» (Муттафақун алайҳ).

9) Аллоҳ ва Расулига озор бериш. Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг орасида пайғамбарга озор берадиган ва «у (яъни, пайғамбар) қулоқ тутувчи (яъни, эшитган нарсасига ишонаверадиган киши)» дейдиган кимсалар бордир. Айтинг: (Ҳа, у) сизлар учун яхшилик бўлган нарсага қулоқ тутувчи, Аллоҳга иймон келтирувчи, мўминларга ишонадиган ва сизларнинг орангиздаги иймон келтирган зотлар учун раҳмат-марҳамати бўлган зотдир. Аллоҳнинг пайғамбарига озор берувчи кимсалар учун эса аламли азоб бордир» (Тавба: 61). Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир. Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб: 57,58).

Ушбу айтиб ўтганларимиз мунофиқларнинг айрим аломатлари бўлиб, биз уларни мўмин биродарларни улардан огоҳлантириш ва нафсларни улардан поклаш учун зикр қилдик.

Эй Парвардигор! Бизни мунофиқликдан Ўзинг асрагин, Ўзингни рози қиладиган кўринишда иймонни рўёбга чиқаришимизга бизни муваффақ этгин.

Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Йигирма еттинчи суҳбат

Дўзахга тушиш сабабларининг иккинчи тури ҳақида

Азиз биродарлар! Аввалги суҳбатимизда дўзахга тушиш сабабларидан биринчи тури – яъни, унда абадий қолишга сабаб бўлувчи сабаблардан бир қанчасини айтиб ўтган эдик. Бугунги суҳбатимизда Аллоҳнинг мадади билан мазкур сабабларнинг иккинчи тури –қилувчисини фосиқликка етаклайдиган ва дўзахга абадий бўлмаган ҳолда тушишига боис бўлувчи сабаблардан бир қанчасини зикр қиламиз.

Биринчи сабаб: Ота-онага оқ бўлиш, яъни уларга нисбатан зиммасида вожиб бўлган яхшилик қилиш, борди-келди қилиш каби ишларни тўхтатиб қўйиши ёки сўзу амалда уларга озор-азият етказиши.

Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)(Исро: 23,24).

«(Биз инсонга буюрдикки), Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!» (Луқмон: 14).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч кишига Аллоҳ жаннатни ҳаром қилди: ароққа муккасдан кетган кимсага, ота-онасига оқ бўлган кишига ва оиласи (хотини, қизи ва опа-сингиллари)даги бузуқликка рози бўладиган даюсга» (Имом Аҳмад ва Насоий ривоятлари).

Иккинчи сабаб: Қариндошлари билан алоқани узиш, уларга нисбатан ўз зиммасида вожиб бўлган баданий ва молиявий ҳақ-ҳуқуқларни тўхтатиш. «Саҳиҳайн»да Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошлари билан алоқасини узган одам жаннатга кирмайди».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошлик алоқаси ўрнидан туриб, Аллоҳ азза ва жаллага: «Мен алоқани узишдан Сендан паноҳ тиловчи мақомида турдим», деди. «Хўп, сени боғлаган одамни (Ўзимга) боғлашимга ва сени узган одамни (Ўзимдан) узишимга рози бўласанми?!», деди. «Ҳа, эй Роббим!», деди. «Унда шу нарсани сенга ато этдим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Истасангиз мана бу оятни ўқинглар: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар Ерда бузғунчилик қиласизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муттафақун алайҳ).

Афсуски, бугунги кунда кўпчилик мусулмонлар ота-она ва қариндош-уруғлар билан алоқалар узилиб кетишига бепарво қарашади ва бунга қариндошлари улар билан борди-келди қилмасликларини баҳона қилишади. Бироқ, бу гап узр ўрнига ўтмайди. Чунки, киши фақат ўзига қилинган алоқага жавобан алоқа қилса, унинг бу алоқа қилиши Аллоҳ учун бўлмай, фақат ўзига қилинган яхшиликка мукофот тариқасида қилинган иш бўлиб қолади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда силаи раҳм қилган одамдир» (Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор, мен уларга алоқа қиламан, улар мендан алоқани узишади. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қилишади. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қилишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар ўзинг айтаётганингдек бўлсанг, гўёки сен уларга қайноқ кул едиряпсан экан (яъни, улар оғзига чўғ солинган одам каби алам-оғриққа дучор бўлишади) ва модомики шу ҳолда давом этар экансан, улар қаршисига Аллоҳ тарафидан бир ёрдамчи (фаришта) сен билан бирга бўлаверади» (Муслим ривояти).

Киши агар ўзи билан алоқа қилмайдиган қариндошлари билан алоқани боғласа, унинг оқибати мақтовли бўлади, қариндошлари ҳам – Аллоҳ уларга яхшилик истаган бўлса – у билан алоқа қила бошлайдилар.

Учинчи сабаб: Судхўрлик.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз! Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз» (Оли Имрон: 130-132).

Аллоҳ таоло тарафидан насиҳат ва огоҳлантириш етганидан кейин ҳам яна судхўрликка қайтган кишиларни Аллоҳ таоло дўзахда абадий қолишлари хабарини берди:

«Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга парвардигоридан мавъиза — насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни Ўзи хоҳласа афв қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 275).

Тўртинчи сабаб: Етимларнинг молини ейиш ва уларни суиистеъмол қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10). Етим деб отаси вафот этган балоғатга етмаган фарзандга айтилади.

Бешинчи сабаб: Ёлғон гувоҳлик бериш. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ёлғон гувоҳлик берувчи кишининг қадами то Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилмагунича жилмайди» (Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилиб: «исноди саҳиҳ» деган). Ёлғон гувоҳлик бериш – ўзи билмаган нарсасини (биламан деб) гувоҳлик бериш ёки воқеъга хилоф ўлароқ гувоҳлик беришдир. Зеро, гувоҳлик фақат шоҳиднинг билган нарсаси билангина бўлиши керак. Ҳадисда келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига: «Қуёшни кўраяпсанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. «Ана шундай (равшан билган) нарсага гувоҳлик бер, бўлмаса қўй», дедилар.

Олтинчи сабаб: Порахўрлик. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахда» (Табароний ривоят қилган, ровийлари маъруф ва ишончли. «Ат-Тарғиб ват-Тарҳиб»да айтилган). «Ан-Ниҳоя» соҳиби айтади: «Ботил устида ёрдам берадиган кишига (пул) берувчи киши пора берувчи бўлади, уни олувчи эса пора олувчи бўлади. Аммо, ҳақни қарор топтириш ёки зулмни даф қилиш учун берилган нарса бунга кирмайди».

Еттинчи сабаб: Ёлғон қасам ичиш. Ҳорис ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким биродарининг молини фожир қасам билан тортиб олса, дўзахдан жойини тайёрлайверсин» (Аҳмад, Ҳоким ривоятлари). Ёлғон қасам билан даъво қилиб, бировнинг ҳаққини қўлга киритиб оладими, ёки зиммасида бўлган бировнинг ҳаққини ёлғон қасам ичиб тониб юборадими, фарқсиздир.

Саккизинчи сабаб: Одамлар ўртасида илмсизлик ёки зулм билан ҳакамлик қилиш. Бурайда ибн Ҳасиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қозилар уч турли бўлиб, биттаси жаннатда, иккитаси дўзахда бўлади. Жаннатда бўладигани шундай кишики, ҳақни билиб, шу билан ҳукм қилган. Яна бир киши ҳақни билиб туриб, ҳукмда зулм қилган, у дўзахдадир. Яна бир киши одамларга ўзи билмаган нарсаси билан ҳукм қилган, у ҳам дўзахдадир» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоятлари).

Еттинчи сабаб: Раиятга (яъни қўл остидаги фуқароларга) хиёнат қилиш, уларга холис муносабатда бўлмаслик, ишларда уларнинг манфаатларини ҳисобга олмаслик.

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ бир қавмга раҳбар қилиб қўйган банда уларга хиёнат қилган ҳолда ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Муттафақун алайҳ).

Бу эса кишининг ўз аҳли-оиласига раҳбарлигини ҳам, султоннинг ўз салтанати остидагиларга бўлган раҳбарлигини ҳам ўз ичига олади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом (давлат бошлиғи) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида роъия ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мулкида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Ҳар бирингиз роъий ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз» (Муттафақун алайҳ).

Ўнинчи сабаб: Инсон ёки ҳайвон каби жонзотлар суратини тасвирлаш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир мусаввир дўзахдадир. (Аллоҳ таоло) унга ўзи тасвирлаган ҳар бир суратча жонни яратади, сўнг (ўшалар) уни азоблайдилар» (Имом Муслим ривояти).

Имом Бухорий ривоятида: «Ким бир суратни тасвирлаган бўлса, ўшанга жон киритмагунча Аллоҳ унга азоб бераверади, у эса асло унга жон кирита олмайди».

Дарахтлар, ўсимликлар каби Аллоҳ яратган ўсиб-унадиган нарсаларни тасвирлаш кўпчилик уламолар фикрида зарарсиздир. Айрим уламолар шуларни тасвирлашни ҳам ман қилганлар. Чунки, «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: Менинг яратганим каби яратмоқчи бўлган кишидан кўра золимроқ ким бор?! Бир заррани яратиб кўрсинлар ёки битта дон ё арпани яратиб кўрсинлар!»

Ўн иккинчи сабаб: Эркаклар бўлсин, аёллар бўлсин, ейиш-ичишда тилла ва кумуш идишларни ишлатиши. «Саҳиҳайн»да Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кумуш идишда ичадиган киши қорнига жаҳаннам ўтини симираётган бўлади». Имом Муслим ривоятида: «Тилла ва кумуш идишда еб-ичадиган киши қорнига жаҳаннам ўтини симираётган бўлади».

Азиз биродарлар! Вақтимиз тиғиз бўлганидан дўзахга тушиш сабабларининг баъзиларинигина эслаб ўтиш билан кифояландик, бу ҳақдаги кенгроқ маълумотларни билиш учун “Гуноҳи кабиралар" ва бундан бошқа шу мавзуда ёзилган китобларга мурожаат қилингиз. Охират диёрида зафарга эришай десангиз дўзахга тушиш сабабларидан эҳтиёт бўлинг. Билингки, дунё тезда тугаб битувчи озгина матодир. Парвардигорингиздан охирги нафасингизгача ҳақда собитқадам қилишини ва охиратда Ўзининг инъомига мушарраф қилган мўмину мўминалар қаторида қилишини сўранг.

Эй Парвардигор! Бизларни ҳақда собитқадам қилгин. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Йигирма саккизинчи суҳбат

Фитр закоти ҳақида

Азиз биродарлар! Муборак Рамазон ойи ҳам сафар тараддудига тушди, ундан бир неча саноқлигина кунлар қолди. Қай бир киши уни чиройли ўтказган бўлса, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтсин ва Ўз даргоҳида мақбул айлашини сўрасин. Ким бепарволик билан ўтказган бўлса, Аллоҳга тавба қилсин ва камчилиги учун узр айтсин. Зотан, жон танда бор экан, узр ва тавба мақбулдир.

Биродарлар! Аллоҳ таоло ушбу ойнинг хотимасида, ҳайит намозидан илгари фитр (яъни, рўзадан чиқиш) закотини адо этишга буюрган. Ушбу суҳбатимизда фитр закотининг ҳукми, ундан кўзда тутилган ҳикматлар, унинг тури, миқдори, вожиб бўлиш ва бериш вақти ҳамда жойи ҳақида сўз юритамиз.

Ҳукми: Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга фарз қилгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани фарз қилган ёки буюрган бўлсалар, унинг ҳукми Аллоҳ фарз қилган ва буюрган нарсанинг ҳукмида бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир. Зеро) Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ» (Нисо: 80).

«Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).

«Пайғамбар сизларга нимани олиб келган бўлса, уни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир» (Ҳашр: 7).

У катта-кичик, эркак-аёл, озоду-қул бўлсин, барча мусулмонга фарздир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондаги фитр закотини бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида мусулмонлардан қулига ҳам, озод кишисига ҳам, эркагига ҳам, аёлига ҳам, каттасига ҳам, кичигига ҳам фарз қилдилар» (Муттафақун алайҳ).

Қориндаги ҳомилага вожиб эмас, бироқ ихтиёрий берилса зарари йўқ. Амирул муъминийн Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳомиладан ҳам фитр закоти берардилар. Киши ўзи учун, шунингдек қарамоғидаги аёли ва бошқа яқинлари учун – агар улар ўзлари беришга қодир бўлмасалар – беради. Агар қодир бўлсалар, ўзлари берганлари яхши, чунки бу мавзудаги хитоб ҳар бир кишининг ўзига йўналган. Фитр закоти ҳайит кунининг кеча ва кундузига етарли нафақадан ортиқча нарсаси бўлган кишига вожиб бўлади. Агар бир соъдан камроқ нарсаси бўлса ҳам бераверсин. Чунки, Аллоҳ таоло: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчидирлар» (Тағобун: 16) дейди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизларни бир ишга буюрсам, қодир бўлганингизча қилинг», деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ҳикмати: Унинг ҳикмати очиқ-равшан:

Камбағал-мискинларга эҳсон қилиш, кўнгилларига сурур бағишлаш, ҳайит кунлари уларнинг сўранишлари олдини олиш ва ҳайит барчага бирдек байрамга айланиши учун хурсандчиликда уларнинг бойлар билан шерик бўлишларини таъминлаш;

Саховатпешалик хулқи билан сифатланиш;

Рўзадор рўзасида йўл қўйган хато ва нуқсонлардан, лағв ва гуноҳларидан тозаланиши;

Рамазон рўзасини тўла-тўкис тутишга ва унда солиҳ амалларга муваффақ этганлик неъмати учун Аллоҳга шукрона изҳор этиш.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини рўзадор (рўза мобайнида йўл қўйган) лағв ва фаҳш сўзларидан покланиши ва мискинларга егулик бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан илгари адо қилса, у мақбул закотдир. Ким намоздан кейин адо қилса, у оддий бир садақадир» (Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари).

Жинси-тури: Фитр закоти инсонлар истеъмол қиладиган хурмо, буғдой, гуруч, майиз, пишлоқ ва бошқа озуқалардан берилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондан фитр (яъни рўзадан чиқиш) закотини бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа миқдорида фарз қилдилар» (Муттафақун алайҳ). Арпа ўша даврларда уларнинг озуқалари ҳисобланган. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида бир соъ таомни фитр закоти қилиб берар эдик. Таомимиз эса арпа, майиз, қуритилган қатик (пишлоқ ё қурут) ва хурмо эди» (Имом Бухорий ривояти).

Фитр закотини ҳайвонларнинг емишларидан бериш жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни инсонлар учун таом бўлсин деб фарз қилганлар, ҳайвонлар учун эмас.

Шунингдек, уни кийим-кечак, кўрпа-тўшак, идишлар ва инсонларнинг таомидан бўлмаган бошқа нарсалар шаклида чиқариш дуруст эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган нарсалардан ташқарига чиқилмайди.

Таомнинг қийматини бериш ҳам яхши эмас, чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишга мувофиқ эмас. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизники бўлмаган бир ишни қилса, у(нинг бу иши) мардуд (рад этилажак)» деганлар, бир ривоятда: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган бир ишни пайдо қилса, у мардуддир», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Таомнинг қийматини чиқариш саҳобалар розияллоҳу анҳум қилган ишга ҳам зид келади. Улар таомдан бир соъ чиқаришарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг суннатимни ҳамда мендан сўнг ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар», деганлар.

Фитр закоти муайян жинсдан фарз қилинган ибодатдир, уни бошқа жинсдан чиқариш, шунингдек белгиланган вақтдан бошқа пайт бериш унинг ўрнига ўтмайди. Қийматини чиқариш фитрни ошкор ибодатдан махфий садақага айлантириб қўяди. Чунки бир соъ таомни чиқарилса, бу мусулмонлар ўртасида катта-ю кичикка маълум бўлиб, унинг миқдори ва тақсимотига гувоҳ бўлинади. Қийматини чиқарилганда эса берувчи билан олувчи ўртасида махфий ҳолда қолиб кетади.

Миқдори: Фитр закотининг миқдори Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишлатган соъ бўйича бир соъ бўлиб, яхши буғдойнинг 480 мисқолига ёки 2 кило-ю 40 граммига тенгдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соъларини билишни истаган киши 2,40 кг яхши буғдой билан тўладиган бир идишни ўлчов қилиб олиб, шу билан бошқа нарсаларни ҳам ўлчаши мумкин.

Вожиб бўлиш вақти: Ҳайит оқшоми (яъни арафа куни) кун ботиш пайти бўлиб, ўша пайтда ҳаётда бор бўлган кишига вожиб бўлади. Шунга кўра, бир киши кун ботишидан бир неча дақиқа илгари вафот этса ҳам, унга фитр закоти чиқариш вожиб бўлмайди. Агар кун ботганидан бир неча дақиқа кейин вафот этган бўлса ҳам, унга вожиб бўлади. Агар чақалоқ кун ботганидан бир оз ўтгач дунёга келса, унга фитр закоти чиқариш вожиб бўлмайди, кун ботишидан бир оз олдин туғилса, унга вожиб бўлади. Унинг вожиб бўлиш вақти ҳайит оқшоми кун ботиш пайтига боғлангани учун ҳам фитр – яъни Рамазондан чиқиш-оғиз очиш закоти деб номланган, чунки бу Рамазоннинг тамом бўлиш вақтидир.

Бериш вақти: Уни беришнинг иккита вақти бор бўлиб, бири афзал вақти, иккинчиси жоизлик вақтидир.

Афзал вақти ҳайит куни тонг пайти, ийд намози ўқилишидан олдинги вақтдир. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида фитр (ийд) куни бир соъ таомни чиқарар эдик» (Муттафақун алайҳ). Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини одамлар намозга чиқишларидан олдин берилишига буюрдилар» (Имом Муслим ва бошқалар ривояти).

Шунинг учун фитр куни одамлар фитр закотларини чиқаришга улгуриб олишлари учун ийд намозини бироз кечиктириб ўқиш афзал ҳисобланади.

Жоизлик вақти эса ҳайитдан бир-икки кун олдин беришдир. «Саҳиҳул Бухорий»да Нофеъдан ривоят қилинади: «Саҳобалар фитр закотини ҳайитдан бир ёки икки кун аввал берар эдилар».

Уни ийд намозидан кейинга қолдириш жоиз бўлмайди. Агар узрсиз ийд намозидан кейинга қолдирса, мақбул бўлмайди, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф бўлган бўлади. Юқорида келган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳадисида айтилганидек: «Ким уни намоздан илгари адо қилса, у мақбул закотдир. Ким намоздан кейин адо қилса, у оддий бир садақадир» (Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари). Аммо бирон узр сабабли кечиктирса зарари йўқ. Мисол учун ийд куни кимсасиз жойда бўлиб, берадиган нарсаси ёки уни оладиган одам бўлмаса ёки бугун ийд экани хабари тўсатдан етса ва намоздан олдин фитр закоти чиқариш имкони бўлмаса ёки бировга унинг номидан чиқаришни тайинлаб қўйган бўлса-ю, у одам унутиб қўйган бўлса, ийддан кейин чиқарса ҳам зарари йўқ. Чунки бундай ҳолларда у маъзур саналади.

Фитр ҳақдор кишига ёки унинг вакилига намоздан аввал ўз вақтида етиб бориши лозим. Агар бировга беришни ният қилган бўлса-ю, у одамни ёки унинг вакилини учратолмаса, бошқа ҳақдорга бераверади, вақтидан кечиктирмайди.

Бериш ўрни: Фитр закотини чиқариш пайтида ўзи қаерда бўлса ўша ерда беради, яшаш жойи бўладими ё бошқа мусулмонлар диёрими, фарқи йўқ. Айниқса Макка ва Мадина каби фазилатли ўринларда ёки камбағаллари кўпроқ муҳтож ўринларда берилса яна яхши. Агар фитр закоти оладиган одам бўлмаган ёки унга ҳақдор бўлган кишиларни билмайдиган диёрда бўлса, ҳақдорлар бор жойда унинг номидан беришга бирон вакил тайинлайди.

Ҳақдорлар: Фитр закоти олишга камбағаллар ва қарзлари бўлиб, тўлашга қурби етмаётган кишилар ҳақдор бўладилар, уларга эҳтиёжларига яраша берилади. Бир кишининг фитр закотини бир неча фақирга бўлиб бериш, шунингдек битта фақир кишига бир неча кишининг фитр закотини бериш ҳам мумкин. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вожиб миқдорни белгилаб берганлар, кимга қанча беришни белгиламаганлар. Шунга кўра, агар бир жамоат ўзларининг ўлчанган фитрларини йиғиб, бир идишга солишса, кейин яна қайтиб ўлчамасдан ҳақдорларга шундан олиб тарқатишса шу ҳам кифоя қилади. Лекин олувчи кишига унга берилаётган фитрнинг миқдорини билмасликларини айтиб қўйишлари лозим, токи у ҳам билмасдан бошқа бировга ўзининг фитри ҳисобидан бериб юбормасин. Камбағал киши бировдан олган фитрни ўлчаб туриб ёки бераётган одамнинг ўлчови аниқлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда ўзининг ёки оиласидан бирор кишининг фитри ҳисобида бошқа бировга бериши ҳам жоиз.

Эй Парвардигор! Бизларни Сенинг тоатингни Ўзинг рози бўладиган кўринишда адо этишга муваффақ айлагин. Нафсларимизни, сўз ва ишларимизни поклагин, бизларни нотўғри ақида, сўз ва амаллардан Ўзинг асрагин, Сен Саховатли ва Соҳибкарам Зотсан.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Йигирма тўққизинчи суҳбат

Тавба ҳақида

Азиз биродарлар! Рамазон ойини гуноҳлардан Аллоҳга тавба қилиш билан, Унинг розилигига етказадиган амаллар воситасида Унга қайтиш билан хотималанг. Зеро, инсон борки, хато ва нуқсондан холи эмас. Ҳар бир одам фарзанди хатокор, хатокорларнинг яхшиси тавба қилувчилардир. Аллоҳ таоло Ўз Китобида ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз хитобларида Аллоҳга истиғфор айтиш ва тавба қилишга тарғиб қилганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «(Аллоҳ сизларга амр қилурки), Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар, шунда (У) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли мато (ризқ) билан баҳраманд қилур ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик (яъни, ажр — мукофот) берур. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда Мен сизларга Улуғ Кун (яъни, Қиёмат Куни) азоби етишидан қўрқаман» (Ҳуд: 3).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам худди сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий қилинмоқда. Бас сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз! Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари охиратга кофир бўлган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!» (Фуссилат: 6).

«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

«Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222).

Тавба ҳақида бундан бошқа ҳам оятлар кўп.

Ағар ибн Ясор ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилингиз ва истиғфор айтингиз! Албатта, мен бир кунда юз маротаба истиғфор айтаман» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан зиёдроқ истиғфор айтиб, тавбалар қиламан» (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ бандасининг тавбаси билан бир кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўладики, у кимсасиз саҳрода туясига озиқ-овқати ортилган ҳолда бораётганида туяси қочиб кетди. Туяни топишдан умиди узилгач, ноумид бўлиб бир дарахт соясига бориб ётиб олди. Бир вақт қараса, туяси олдида турибди. Унинг тизгинидан тутганича қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан тили адашиб: «Эй Парвардигор! Сен бандамсан, мен роббингман», деб юборди. (Аллоҳ бандасининг тавба қилишидан ана шу кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади)» (Имом Муслим ривояти). Аллоҳ таоло кечириш ва афвни яхши кўрганидан ва қочоқ бандаси Унинг ҳузурига қайтиб келишини истаганидан бандасининг тавбаси билан хурсанд бўлади.

Анас ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар одамзотнинг бир водий тўла тилласи бўлса, унинг икки водий бўлишини истаган бўларди. Унинг оғзини тупроқдан бошқаси тўлдира олмайди. Бироқ, Аллоҳ тавба қилган кишининг тавбасини қабул қилади» (Муттафақун алайҳ).

Тавба – Аллоҳнинг маъсиятидан Унинг тоатига қайтишдир. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барҳақ маъбуддир. Бандаликнинг ҳақиқати маъбудга муҳаббат ва таъзим билан эгилиб, хорлик изҳор қилишда кўринади. Агар банда тарафидан Парвардигоридан қочиш содир бўлса, унинг тавбаси У зотга қайтиш ва эшиги олдида қўрқиб қалтираб, бечораҳол бўлиб туриш билан бўлади.

Тавбани дарҳол қилиш лозим, уни кечиктириш, ортга суриш асло дуруст эмас. Чунки Аллоҳ ва Расули унга буюрганлар. Аллоҳ ва Расулининг барча буйруқлари тез ва тўхтовсиз амалга оширилиши даркор. Чунки банда кечиктириши оқибати унга нималар олиб келишини билмайди. Балки тавба қилишга улгурмасидан тўсатдан ўлим келиб қолар. Маъсиятда маҳкам туриш дилнинг қотиши, Аллоҳ азза ва жалладан узоқлашиш ва иймоннинг заифлашувини келтириб чиқаради. Зотан, иймон тоатлар билан зиёдалашиб, маъсиятлар сабабли камаяди. Маъсиятда маҳкам туриш бора-бора унга ўрганиб, одатланиб қолишга олиб келади. Нафс бир нарсага одатланиб қолса, ундан ажралиши қийин бўлади ва охир-оқибат маъсиятдан қутулиш оғир кечади. Шайтон ундан кўра каттароқ гуноҳлар эшигини унга очади. Шунинг учун аҳли илмлар айтадиларки, гуноҳлар куфрнинг элчисидир, инсон уларда босқичма-босқич ўтиб бориб, охирида динидан ажралиб қолади, Аллоҳ Ўзи асрасин.

Аллоҳ таоло буюрган тавба – насуҳ (холис) тавба бўлиб, у тавбанинг бешта шартини ўз ичига олган бўлади:

Биринчи: Тавба Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлиши ва Аллоҳни яхши кўриш, Уни улуғлаш, савобини умид қилиш ва азобидан қўрқишдан келиб чиққан бўлиши лозим. Дунё матосидан бирон нарсага эришиш учун ёки бирон кишига ёқиш мақсадида бўлмаслиги керак. Агар шундай бўлса, бундай тавба мақбул бўлмайди. Чунки у Аллоҳга тавба қилмаган, балки қасд қилган ғарази учун тавба қилган бўлади.

Иккинчи: Ўтган гуноҳи учун пушаймон ва хафа бўлиши, қани энди шу гуноҳни қилмаган бўлсам эди деб орзу қилиши, пушаймонлик уни Аллоҳга қайтишга ва Унинг олдида синиқлик билан туришга, ўзини шу гуноҳга етаклаган нафсини ёмон кўришга олиб келиши, тавбаси онгли равишда бўлиши лозим.

Учинчи: Гуноҳдан дарҳол тийилиши, агар гуноҳи ҳаром ишни қилиш бўлса ундан дарҳол тўхташи, гуноҳи бирон вожибни тарк қилиш бўлса дарҳол уни қила бошлаши лозим. Тавба қилиб туриб, яна ўша маъсиятда давом этиш ярамайди. Мисол учун, агар судхўрликдан тавба қилдим деса-ю, ўзи судхўрликда давом этаётган бўлса, унинг тавбаси дуруст саналмайди. Аксинча, унинг бу иши Аллоҳни ва Унинг оятларини мазахлашнинг бир тури бўлиб, уни яна ҳам Аллоҳдан узоқлаштиради. Ёки бўлмаса, жамоат намозига чиқмасликдан тавба қилиб туриб, яна жамаотга чиқмасликда давом этса, унинг бу тавбаси яроқли бўлмайди.

Агар маъсият одамларнинг ҳақларига тааллуқли ишларда бўлса, то ўша ҳақлардан хориж бўлмагунча тавба яроқли бўлмайди. Бировнинг молини тортиб олиш ёки инкор қилиш маъсияти бўлса, то ўша молни эгасига қайтармагунча – эгаси вафот этиб кетган бўлса, унинг ворисларига, ворислари бўлмаса, байтул-молга беради – тавбаси саҳиҳ бўлмайди. Агар молнинг эгасини билмаса, эгаси номидан уни садақа қилиб юборади, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни Ўзи яхши билувчидир. Агар маъсияти бир мусулмонни ғийбат қилиш билан бўлса, ўша гапини қайтариб олиши ва кечирим сўраши билан ёки унинг ғийбатини қилган мажлисда ўша кишининг яхши сифатларини айтиб мақташ билан ва унинг ҳақига истиғфор айтиш билан бўлади. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни кеткизади.

Бир гуноҳида давом этиб турган одам бошқа гуноҳидан тавба қилса, дуруст бўлаверади. Чунки амаллар бўлакларга бўлинади, иймон фарқли бўлади. Шундай бўлса-да то тавба қилувчилар барча гуноҳларидан тўла-тўкис тавба қилмагунларича тавбанинг мутлақ васфига ва тавба қилувчиларнинг мақтовли сифатлари ва олий даражаларига лойиқ бўлмайдилар.

Тўртинчи: Келгусида яна қайтиб гуноҳ қилмасликка азм қилиш. Чунки бу тавбанинг самараси ва тавба қилувчининг сидқидилдан тавба қилганига далилдир. Агар тавба қилдим деса-ю, маъсиятни қилишга азм қилса ёки тараддудланиб турган бўлса, тавбаси дуруст эмас. Чунки бу вақтинчалик тавба бўлиб, унинг эгаси қулай фурсат келиб қолса бемалол гуноҳ қилаверади ва бу унинг маъсиятни ёмон кўришига, гуноҳни тарк қилиб, Аллоҳнинг тоати сари қочишига далолат қилмайди.

Бешинчи: Тавбанинг қабул бўлиш вақти ўтмасидан туриб тавба қилиш керак бўлади. Вақти ўтганидан сўнг қилинган тавба мақбул бўлмайди. Тавба вақтининг ўтиши икки хил: ҳамма учун умумий ва ҳар бир киши учун хос бўлади.

Ҳамма учун умумийси қуёшнинг мағрибдан – ботиш тарафдан чиқишидир. Қуёш мағрибдан чиққан куни тавба вақти ўтган ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: Кутаверинглар! Биз ҳам кутгувчилармиз!» (Анъом: 158). Айрим оятлардан мурод – қуёшнинг ботиш тарафидан чиқишидир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай тафсир қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «То қуёш ботиш тарафидан чиқмагунича тавба мақбул бўлаверади» (Ибн Касир исноди ҳасан деган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қуёш ботиш тарафидан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади» (Имом Муслим ривояти).

Ҳар бир киши учун хос бўлгани – ажал келган пайтдир. Инсоннинг ажали етиб келиб, ўлими кўзига кўриниб қолган пайтда қилган тавбаси фойда бермайди ва мақбул бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо: 18).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло банданинг жони ҳалқумига келмай туриб қилган тавбасини қабул қилади» (Имом Аҳмад, Термизий ривоятлари).

Тавбада юқоридаги шартларнинг барчаси жамланган ҳолда у мақбул бўлади ва Аллоҳ таоло ўша гуноҳни ҳар қанча катта бўлса ҳам кечиради. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

«Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилувчи ва меҳрибон эканини топар-кўрар» (Нисо: 110).

Биродарлар! Ҳаётлик чоғингизда, ўлим тўсатдан келиб, улгурмай қолмасингиздан туриб Аллоҳга холис тавба қилиб қолишга шошилинг!

Эй Парвардигор! Ўтган гуноҳларимизни ўчириб юборадиган холис тавба қилишга бизларни муваффақ айла, бизларга енгилликларни муяссар айла, оғирликларни биздан узоқ қил, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.


Ўттизинчи суҳбат

Ой сўнгидаги амаллар ҳақида

Азиз биродарлар! Рамазон ойи охирлаб, сафари яқинлашиб қолди. У ушбу ой мобайнида қилган амалларингиз устида ё фойдангизга ё эса зиёнингизга гувоҳ бўлиб турибди. Қай бир киши солиҳ амаллар қилган бўлса, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтсин ва чиройли ажру-савоблар билан хушхабарлансин. Зеро, Аллоҳ таоло яхши амал қилган кишининг ажрини асло зое қилмайди. Қай бир киши ёмон амаллар қилган бўлса, Аллоҳга холис тавба қилсин. Зеро, Аллоҳ таоло тавба қилган кишининг тавбасини қабул этади.

Аллоҳ таоло ушбу муборак ой якунида сизларни Ўзига яна-да яқин қиладиган, иймонларингизга иймон, амалларингизга ҳасанотларни зиёда қиладиган ибодатларни машруъ қилди.

Юқорида батафсил айтиб ўтганимиз фитр закотини машруъ қилди.

Шунингдек ойнинг сўнгги куни кун ботганидан бошлаб то ийд намози ўқилганича Уни улуғлашимизни, яъни Унга такбир айтишимизни машруъ қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185). Такбир қуйидагича айтилади: «Аллоҳу акбар, аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, аллоҳу акбар, валиллаҳил ҳамд». Эркак кишилар масжидларда, бозорларда, уйларда Аллоҳнинг улуғлигини эълон қилиб, Унинг ибодати ва шукрини изҳор қилиб, овоз чиқариб такбир айтишлари суннатдир. Аёллар эса ичларида айтадилар. Чунки улар имкон қадар кўринмасликка ва овозларини махфий қилишга буюрилганлар. Одамларнинг Рамазон ойи сўнгида ҳамма жойларда Аллоҳни улуғлаб, Аллоҳнинг раҳматини умид қилиб, азобидан қўрқиб, баралла овозда такбир, ҳамд ва таҳлил билан уфқларни тўлдириб юборишлари нақадар гўзал ҳолат!

Аллоҳ таоло ҳайит куни ийд намози ўқишни бандаларига машруъ қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг эркагу-аёлига буни буюрдилар, у зотнинг буйруқларига итоат қилиш вожиб. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга итоат этингиз!» (Муҳаммад: 33). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни ҳам – бошқа вақт уйларида ўқиган намозлари улар учун яхши бўлса-да – ийд намозига чиқишга буюрдилар. Бу эса унинг таъкидига далилдир. Умму Атийя розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга болиға қизлар, чимилдиқ соҳибалари ва ҳайзли аёлларни ҳам фитр ва қурбон ҳайити намозига олиб чиқишга, ҳайзли аёллар намозгоҳдан четланиб туришига ва яхшиликда ҳамда мўминларнинг дуоларида ҳозир бўлишларига буюрдилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, баъзиларимизнинг жилбоби (ўранчиғи) йўқ» деган эдим: «Дугонаси жилбобидан кийдирсин», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин учтами, бештами, кўпроқми, тоқ хурмо еб олиш суннат. Анас розияллоҳу анҳу айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр куни бир неча хурмо емагунларича намозга чиқмас эдилар, уларни тоқ ердилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ожизлик ёки узоқлик каби узр бўлмаса, намозга яёв юриб чиқади. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ийдга яёв юриб чиқиш суннатдир» (Имом Термизий ривояти).

Эркак кишилар ўзларига оро бериб, энг яхши кийимларини кийиб чиқишлари ҳам суннатдир. «Саҳиҳул Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу бозорда сотилаётган ипак жуббадан биттасини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келди ва: «Ё Расулуллоҳ, шуни сотиб олсангиз, ийд кунлари ва ҳузурингизга элчилар келганда кияр эдингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Буни охиратда умуман насибаси бўлмаган одамгина кияди», дедилар. Буни фақат ипак бўлгани учунгина айтдилар. Эркак киши ипак кийим кийиши ва тилла тақиши жоиз эмас. Чунки бу иккаласи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эркак умматларига ҳаромдир.

Аёл кишилар ҳам ўзларига оро бериб чиқадилар, бироқ хушбўйланмайдилар, очиқ-сочиқ ҳолда чиқмайдилар. Чунки улар ўранишга буюрилганлар, зийнатларини кўрсатишдан ва хушбўйланиб чиқишдан қайтарилганлар.

Мўмин киши ийд намозини хушуъ ва дил ҳозирлиги билан адо этади, Аллоҳга кўп дуолар қилади, зикрлар айтади, раҳматини сўраб, азобидан паноҳ тилайди. Одамларнинг намозгоҳда тўпланишларини кўриб, қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида буюк ўринда тўпланишларини эсга олади, бу дунёда уларнинг ўртасидаги фарқларни кўриб охиратдаги буюк фарқланишни эсга олади. Аллоҳ таоло айтади: «(Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир» (Исро: 21).

Аллоҳнинг Рамазонга етказганлик ва ундаги намоз, рўза, тиловат, садақа ва бошқа тоат-ибодатларга муваффақ этганлик неъматларига кўп хурсанд бўлсин. Чунки бу амаллар дунёдан ва ундаги барча нарсалардан афзалдир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, Ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус: 58). Рамазонда иймон билан, ажр умидида тутилган рўза ва ўқилган тунги намозлар гуноҳлардан қутулиш ва уларнинг мағфират этилишига сабаб бўлади. Мўмин киши рўза ва тунги намозларни мукаммал адо этиши сабабли гуноҳлардан фориғ бўлганига хурсанд бўлади, иймони заиф киши эса ўзи учун оғир юк бўлиб кўринган рўзадан қутулганига хурсанд бўлади. Иккала хурсандчилик ўртасидаги фарқ еру-осмончадир.

Азиз биродарлар! Рамазон ойи ниҳоясига етган бўлса-да, мўмин банданинг амали то ўлгунча ниҳоясига етмайди.

Аллоҳ таоло айтади: «То сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда вафот этгач, унинг амали тўхтайди», деганлар, амалнинг тўхташ нуқтасини ўлим деб белгилаганлар.

Рамазон ойиинг рўзаси ниҳояланган бўлса, мўмин киши учун шу билан рўза ибодати бутунлай тамом бўлган бўлмайди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, рўза йил бўйи машруъ бўлиб қолаверади.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шавволдан олти кунни эргаштириб (рўза тутиб) қўйса, умрбод рўза тутгандек бўлади» (Имом Муслим ривояти).

Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар ойдан уч кун (рўза тутиш) ва Рамазон кейинги Рамазонгача – бу умрбод рўза демакдир» (Имом Аҳмад ва Муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: «Халилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ойда уч кун рўза тутишни, (кунда) икки ракъат чошгоҳ намозини ҳамда ухлашдан аввал витр намозини ўқишни менга васият қилдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бу уч кун ой тўлган кунлар – ойнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунлари бўлиши афзал бўлади. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Абу Зар, бир ойдан уч кун рўза тутмоқчи бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешинчи кунлари тутгин» (Имом Аҳмад, Насоий ривоятлари).

«Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Ўтган ва келгуси йил гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар, Ошуро куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлади», дедилар, душанба куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Бу мен туғилган кун ва мен пайғамбар қилиб юборилган кун», дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Рамазон ойидан кейинги энг афзал рўза қайси?» деб сўралганда: «Рамазон ойидан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи (ошуро) рўзасидир», деб жавоб берганлар (Имом Муслим ривояти).

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Рамазон ойидан бошқа бирон ойни тўла рўза билан ўтказганларини кўрмадим, бирон ойда Шаъбондан кўра кўпроқ рўза тутганларини ҳам кўрмадим».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга кўп эҳтимом берардилар» (Абу Довуддан бошқа барча беш имом ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) рўбарў қилинади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда рўбарў қилинишини хоҳлайман» (Имом Термизий ривояти).

Рамазон ойининг тунги намозлари ниҳоясига етган бўлса, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, тунги намоз йилнинг ҳамма кечаларида машруъ бўлиб қолаверади. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъллари ва сўзлари билан собитдир.

«Саҳиҳул Бухорий»да Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозда туравериб, оёқлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Бу ҳақда у зотга гапирилганда: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?!» дердилар».

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй одамлар, саломни ёйингиз, таом едирингиз, қариндошлар билан алоқа қилингиз, тунлари одамлар ухлаётганда намоз ўқингиз, жаннатга саломатлик ила кирасиз» (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фарз намозидан кейинги энг афзал намоз кечаси туриб ўқиладиган намоздир» (Имом Муслим ривояти).

Тунги намоз икки ракъат-икки ракъатдан ўқилади, тонг отиб қолишидан қўрқса бир ракъат билан витр қилади. Хоҳласа, тўртинчи суҳбатда айтилгани каби ўқийди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигоримиз таборака ва таоло ҳар кеча кечанинг охирги учдан бири қолган пайтда дунё осмонига тушади ва: «Менга дуо қиладиган одам бормики, унинг дуосини ижобат қилсам?! Мендан сўрайдиган одам бормики, унинг сўровини берсам?! Мендан мағфират сўрайдиган одам бормики, унинг гуноҳларини кечирсам?!», дейди» (Муттафақун алайҳ).

Фарзларга тобеъ бўлган нафл намозлари ўн икки ракъатдир: тўрт ракъат пешиндан олдин ва икки ракъат кейин, шомдан кейин икки ракъат, хуфтондан кейин икки ракъат ва бомдоддан олдин икки ракъат. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмон банда бир кеча-кундузда фарздан ташқари ўн икки ракъат нафл намоз ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб қўяди»

Бир лафзда: «Ким бир кеча-кундузда ўн икки ракъат намоз ўқиса, у учун жаннатда бир уй бино қилинади» (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида намозлардан кейин айтилувчи зикрларга ҳам буюрганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!» (Нисо: 103).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан салом берганларидан кейин уч бор истиғфор айтардилар ва: «Аллоҳумма антас-салам ва минкас-салам табарокта я зал-жалали вал-икром» дердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ҳар намоздан сўнг 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд, 33 марта такбир айтса, сўнг юзинчисида «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» деса гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса-да кечирилади» деганлар (Имом Муслим ривояти).

Биродарлар! Дунёда покиза ҳаётга эришиш, ўлимдан сўнг охират диёрида мўл-кўл ажрларга етишиш учун тоат-ибодатларни адо этишга ҳаракат қилингиз, гуноҳлардан тийилингиз. Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).

Эй Парвардигор! Бизларни иймон ва солиҳ амаллар устида барқарор қилгин, покиза ҳаёт ато этгин, охиратда солиҳлар билан жамлагин. Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Рамазон суҳбатларидан ёзмоқчи бўлганларимиз шу билан ниҳоясига етди. Аллоҳ таолодан ушбу амалимизни Ўзи учун холис, Унга яқинлаштирувчи ва бандаларига манфаатли қилишини, дунё-ю охиратда бизлардан Ўз карамини дариғ тутмаслигини, ихтилофли ишларда Ўз изни билан ҳаққа йўллашини сўраймиз. Зотан, У Ўзи истаган кишисини тўғри йўлга йўллайди.

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

29 муҳаррам 1396 ҳижрий йил.