Қиёматнинг катта аломатлари (2)
Категориялар
Full Description
Қиёматнинг катта аломатлари (2)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Биринчи хутба
Барча ҳамдлар Оллоҳга хосдир. Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимиз- нинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ ﴾
«Ҳой мўминлар, Оллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!». (Оли Имрон: 102).
﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً ﴾
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Раббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир». (Нисо: 1).
﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾
«Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Оллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Оллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди». (Аҳзоб: 70-71).
Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Оллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.
Сўнг ...
Биз ўтган жумада Қиёматнинг катта аломатлари ҳақида гапирар эканмиз, Маҳдий ва Дажжлол мавзусига тўхталган эдик.
Қиёматнинг катта аломатларидан яна бири, Ийсо алайҳиссаломнинг замона охирида тушишидир.
Яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирганлик- ларини гумон қилдилар ва уларнинг гумонларини насронийлар тасдиқлаб, уни дин ва эътиқод қилиб, бўйинларига хочни осдилар. Оллоҳ таоло уларнинг бу гумонларини чиппакка чиқариб, Ийсо алайҳиссаломни яҳудийлар ўлдирмаганлари, аксинча, Оллоҳ таоло уни осмонга танаси ва руҳи билан бирга кўтаргани ва кўрганларни бундан шуҳбалантириб қўйганини баён қилиб айтди:
﴿ وَمَا قَتَلُوهُ وَمَا صَلَبُوهُ وَلَكِنْ شُبِّهَ لَهُمْ وَإِنَّ الَّذِينَ اخْتَلَفُوا فِيهِ لَفِي شَكٍّ مِنْهُ مَا لَهُمْ بِهِ مِنْ عِلْمٍ إِلَّا اتِّبَاعَ الظَّنِّ وَمَا قَتَلُوهُ يَقِينًا ● بَلْ رَفَعَهُ اللَّهُ إِلَيْهِ وَكَانَ اللَّهُ عَزِيزًا حَكِيمًا ﴾
«Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос Албатта, Ийсо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Оллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир. Оллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир». (Нисо: 157, 158).
Сўнгра, Оллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломнинг замона охирида Ерга қайта тушиши ва Оллоҳ ўлими учун айирган вақт келгунича Ер юзида қолишига ҳам ишора қилиб ўтди:
﴿ وَإِنْ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ إِلَّا لَيُؤْمِنَنَّ بِهِ قَبْلَ مَوْتِهِ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكُونُ عَلَيْهِمْ شَهِيدًا ﴾
«Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат Кунида эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур». (Нисо: 159). Бу, Қуръондаги хабарлардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса анчагина тафсилотли хабарларни берганлар. Зеро Оллоҳ азза ва жалланинг Ийсо алайҳиссаломни нозил қилиши, уммат учун раҳмат, мусибатлари учун кушойишдир. Чунки Дажжол фитнаси кучайиб, мўминларнинг ҳоли танг бўлган пайтда Оллоҳ таоло бандаси ва расули Ийсо алайҳиссаломни нозил қилади. У, хабарларда айтилганидек, Дамашқ шаҳрининг шарқида жойлашган Оқ Минорга эгнида варс ва заъфарон бўёқлари билан бўялган кийим билан, фаришталарнинг икки қаноти устига қўлларини қўйиб тушади.
Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ: «Дамашқда Умавий Жомеъсининг шарқий тарафидаги минорадан бошқа Оқ Минор деб аталган минора йўқ», – деди.
Ийсо алайҳиссалом ўрта қомат: на новча ва на пакана, оқ қизил рангда, сарвиқомат, сочлари ўрилмаган ва сув тегмаган бўлсада сув қатралари томаётгандек. У бошқалардан кўра Урва ибн Масъуд Сақафий разияллоҳу анҳуга ўхшаб кетади.
Ийсо алайҳиссалом ҳақиқат учун жанг қилаётган ва Дажжолга қарши жанг қилиш учун тайёрланаётган Оллоҳ тарафидан кўмак берилган гуруҳ олдига тушади. Бомдод намозининг вақти киради ва мусулмонлар саф тортишганида Ийсо алайҳиссалом тушади. Имом уни танийди ва орқага тисарилиб, Ийсо алайҳиссаломнинг олдинга ўтиб, имом бўлиб намоз ўқишини хоҳлайди. Бироқ, Ийсо алайҳиссалом унинг кураклари орасига қўлларини қўйиб: Олдинга ўтиб, намоз ўқинг! Бу такбир (иқомат) сиз учун айтилди! – дейди. Жамоат ўз имоми билан намоз ўқийди. Ийсо алайҳиссалом имомнинг орқасида намоз ўқийди. Бу – уммат учун фахрдир. Умматнинг оддий солиҳ кишиларидан бирининг орқасида пайғамбарнинг иқтидо қилиб намоз ўқиши, катта фахрдир!
Ийсо алайҳиссалом қиладиган биринчи иш, Дажжол билан юзма-юз келишдир. Ийсо алайҳиссалом Ерга тушгач Байтул Муқаддас сари йўл олади. Чунки, Дажжол у ерда мусулмонларни қамал қилган бўлади. Ийсо алайҳиссалом дарвозаларни очишга буйруқ беради. Дарвозалар очилади. Дажжолнинг орқасида маҳаллий қилич ва қалқонлар билан қуролланган етмиш мингта яҳудий бўлади. Ийсо алайҳиссалом Дажжолга нигоҳ ташлаши биланоқ Дажжол сувга тушган туз янглиғ эриб, орқасига тумтарақай қочади. Ҳадисда келтирилишича, Ийсо алайҳиссалом унинг орқасидан қувади ва Луддиш–Шарқий дарвозаси олдида унга етиб, қатл қилади. Одамларга найзасидаги Дажжол қонини кўрсатади ва Оллоҳ таоло яҳудийларни мағлубиятга учратади.
Дажжолнинг Ийсо алайҳиссаломни кўргач эриб кетишининг сири, Оллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга бир ҳид беради ва у ҳиднинг бўйини ҳис этган кофир ўлади. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Нувос ибн Самъон разияллоҳу анҳу ривоят қилган узун ҳадисда шундай дейилган: «У (Ийсо алайҳиссалом)нинг нафасининг ҳидини ҳис этган ҳар бир кофир, ўлади». (Имом Муслим, 7560).
Ийсо алайҳиссалом унга тегмаса ҳам нафасининг ҳиди билан танҳо ўлиши мумкин эди. Лекин, Ийсо алайҳиссалом унинг танҳо ўлишини хоҳламайди, аксинча, бу махлуқ афсонаси ва фитнасига якун ясаш учун, ўз қўли билан ўлдиради. Одамлар ўлдирилгани ва ўлимига шоҳид бўлишса, Дажжолнинг кучсиз, заиф, мағлуб махлуқ экани, даъвоси ҳам сохта ва ёлғон эканига ишонч ҳосил қилишади.
Етук ҳикмат эгаси, қилган ишларидан сарҳисоб қилинмайдиган Оллоҳ таоло Дажжолни Ийсо алайҳиссалом қўлида ҳалок қилганидан сўнгра, Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқишини хоҳлади. Бу ҳақда алоҳида гаплашамиз. Бироқ, Ийсо алайҳиссаломнинг Ер юзига тушиш мақсадларидан бири, Яъжуж ва Маъжужларни ҳам йўқ қилишдир. Ийсо алайҳиссалом бундан кейин асосий вазифаси – Оллоҳнинг шариати – Ислом динини ҳоким қилиш, одамларни Роббул оламийннинг шариатига бўйинсундириш, узоқ асрлар давомида Уммат танасини чиритаётган адаштирувчи ғоя ва сохта динларни илдизи билан қуритишга бел боғлайди.
Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зот номига онт ичиб айтаманки, орангизга Марям ўғли адолатли ҳакам бўлиб нозил бўлади. У хочларни парчалайди, чўчқани ўлдиради, урушни йўқ қилади –Имом Муслимнинг ривоятида эса: жизя–солиқни бекор қилади – Бойлик кўпайиб кетади, ҳатто, биров уни олмай қўяди. (У кунларда) битта сажда дунё ва дунёдаги нарсалардан кўра яхшироқ бўлиб қолади», – дедилар. (Имом Бухорий, 3448).
Ийсо алайҳиссаломнинг хочни парчалашининг зикр қилиниши, ўша пайтда сохта насроний динининг устунлиги ва чор атрофга ёйилганидан даракдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оллоҳ у (Ийсо алайҳис- салом)нинг замонида Исломдан бошқа барча халқларни йўқ қилади», – деганлар. (Абу Довуд, 4326).
Жизяни йўқ қилишга келсак, бунинг маъноси, илк хаёлга келганидек, китоб аҳлидан солиқларни бекор қилиш ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга ўзгартиш киритиш, дегани эмас. Аксинча, у яҳудий ва насронийлардан жизя талабида бўлмайди: улар ё мусулмон бўлишади ёки уруш бошланади.
Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ айтди: «(Ҳижрий) 741 йилда мусулмонлар минорани оқ тош билан қайта қурдилар. Унинг маблағини эса ўрнидаги минорани ёқиб юборган насронийлардан олинган солиқ билан қопладилар. Шояд бу, пайғамбарликнинг зоҳирий аломатларидан бири бўлса ажаб эмас. Чунки Оллоҳ таоло бу минорани Ийсо алайҳиссалом нозил бўлиб чўчқаларни ўлдириши, хочларни парчалаши ва китоб аҳлидан жизяни қабул қилмаслиги: ё мусулмон бўлишлари ёки қатл этилишлари учун насронийларнинг маблағлари билан қурилишини ирода қилган бўлиши мумкин».
Ийсо алайҳиссалом бошқа кофирлардан ҳам жизя олмайди.
Ҳой мусулмонлар, Ийсо алайҳиссалом Ер юзига нозил бўлганидан сўнгра қирқ йил яшайди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга издош бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатни жорий қилади. У, янги шариат олиб келмайди. Чунки (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган) Ислом – динларнинг хотимаси ва Қиёмат кунигача бекор бўлмай давом этадиган диндир. Ийсо алайҳиссалом бу умматнинг раҳбарларидан бири ва Ислом мужаддидларидан бўлади. Унинг осмондан нозил бўлиши пайғамбар бўлиш учун эмасдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб ўтганларидек, ўзларидан кейин биронта ҳам пайғамбар келмайди. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга: «Агар Мусо тирик бўлса эди, Менга издош бўлишдан бошқа чораси қолмас эди!» – деганлар. Яъни, у ҳам одамлар ичида Ислом шариатини жорий қилар, намозни Каъбага юзланиб ўқир, ҳаж ва умра қилар эди.
Ҳой мусулмонлар, Оллоҳ таоло Ийсо алайҳиссалом ҳукм қилган пайтда башариятга фаровонлик ва тарихида кўрмаган осуда ҳаётни инъом қилади. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ушбу ҳадисга қулоқ беринг: «Ийсо ибн Марям умматим ичида хочларни парчалайдиган, чўчқани бўғизлайдиган, жизяни бекор қиладиган, садақани тарк этиб қўй-у туяларга ошиқмайдиган адолатли ҳакам бўлади. Ўзаро нафрату адоватлар кўтарилади. Заҳарли ҳайвонлардан заҳар кучи тортиб олинади. Ҳатто, чақалоқ қўлини илоннинг оғзига тиқса, зарар қилмайди. Қизча урғочи шерга озор берса ҳам, у зарар бермайди. Бўрилар қўй сурувлари ичида гўё сурувнинг ити каби юришади. Тинчлик, Ер юзини сув идишни тўлдирганидек қоплайди. Ҳамманинг гапи битта бўлади ва Оллоҳгагина сиғинилади. Урушлар тўхтайди. Қурайшнинг мулки тортиб олинади. Ер юзи кумуш хондек бўлиб, Одам алайҳиссалом замонидагидек ўсимликларини ундиради ва бир бош узумга бир неча кишининг қорни тўяди. Бир дона анорга бир неча кишининг қорни тўяди. Ҳўкиз фалонча пулга сотилса, отни бир неча дирҳамга сотиб олинади». (Ибн Можа, 4077).
Нававий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Бойликлар кўпайгани, орзуларнинг озлиги, эҳтиёж қолмагани ва Қиёматнинг яқинлашганини билганлари боис, одамлар туяларга эътибор бермай қўядилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ривоят қилган: «Масиҳдан кейинги ҳаётга муждалар бўлсин! Осмонга буюрилади ёмғирлар ёғдиради. Ерга рухсат берилади ўсимликлар унади, ҳатто силлиқ тош устига уруғ сочилса униб чиқади. Биров арслон олдидан ўтса ва илон устини босса, зарар бермайди. Ўзаро қурумсоқлик, ҳасадгўйлик ва нафрат қолмайди».
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадисини нақл қилган: «Оллоҳ Ийсо алайҳиссалом замонида Масиҳуд Дажжолни ҳалок қилади. Ер юзига осудалик ҳукмрон бўлиб, шерлар туялар билан, йўлбарслар моллар билан, бўрилар эса қўйлар билан юради. Болалар илонлар билан ўйнайди ва илонлар уларга зарар бермайди». (Имом Аҳмад, 9259).
Севимли биродар, шояд сиз Ерга нозил бўлиши учун нега айнан Ийсо алайҳиссалом танланган? – деб савол беришингиз мумкин. Бунинг жавоби шудир: Уламолар бу ҳақда айрим ҳукмларни чиқаришга ҳаракат қилишган. Шулардан бири яҳудийларнинг Уни ўлдиргани ҳақидаги хурофотни бекор қилиш. Шунинг учун Ийсо алайҳиссалом замона охирида Ер юзига тушади ва уларнинг раҳбари бўлган Дажжолни қатл этади.
Ҳукмлардан яна бири, насронийларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг осилгани ҳақидаги хурофотларни бекор қилиш. Бугунги кунда башариятни залолатга етаклаётган ва Оллоҳ қабул қилмайдиган дин эканини баён қилиш учун Ийсо алайҳиссалом замона охирида насронийларнинг хочларини парчалайди ва чўчқа зотини қириб ташлайди. Насроний эътиқоди билан ўлган одам жаҳаннам аҳли бўлади. Оллоҳ таоло айтди:
﴿ وَمَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ الْإسلام دِينًا فَلَنْ يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الْآخِرَةِ مِنْ الْخَاسِرِينَ ● كَيْفَ يَهْدِي اللَّهُ قَوْمًا كَفَرُوا بَعْدَ إِيمَانِهِمْ وَشَهِدُوا أَنَّ الرَّسُولَ حَقٌّ وَجَاءَهُمْ الْبَيِّنَاتُ وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ ● أُوْلَئِكَ جَزَاؤُهُمْ أَنَّ عَلَيْهِمْ لَعْنَةَ اللَّهِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ ●خَالِدِينَ فِيهَا لَا يُخَفَّفُ عَنْهُمْ الْعَذَابُ وَلَا هُمْ يُنْظَرُونَ ● إِلَّا الَّذِينَ تَابُوا مِنْ بَعْدِ ذَلِكَ وَأَصْلَحُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ● إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا بَعْدَ إِيمَانِهِمْ ثُمَّ ازْدَادُوا كُفْرًا لَنْ تُقْبَلَ تَوْبَتُهُمْ وَأُوْلَئِكَ هُمْ الضَّالُّونَ ● إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَمَاتُوا وَهُمْ كُفَّارٌ فَلَنْ يُقْبَلَ مِنْ أَحَدِهِمْ مِلْءُ الْأَرْضِ ذَهَبًا وَلَوْ افْتَدَى بِهِ أُوْلَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ وَمَا لَهُمْ مِنْ نَاصِرِينَ ﴾
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Оллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир. Иймон келтириб, пайғамбарнинг ҳақ пайғамбар эканлигига гувоҳ бўлишганидан кейин ва уларга далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган кимсаларни Оллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Оллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди. Уларнинг жазоси — устларига тушажак Оллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънатидир. Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчилардир ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди. Магар шундан (яъни куфрларидан) кейин тавба қилиб, ўзларини ўнгласалар (Оллоҳ гуноҳларини мағфират қилур). Чунки Оллоҳ мағфират қилгувчи, меҳрибондир. Албатта иймон келтирганларидан кейин кофир бўлган, сўнгра куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларнинг қилган тавбалари ҳаргиз қабул қилинмайди. Ана ўшалар ҳақ йўлдан тойилгувчилардир. Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси Ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас». (Оли Имрон: 85-91).
Ҳукмлардан яна бири, Ийсо алайҳиссалом инсондир ва у ҳануз тирикдир. Тупроқдан яралган махлуқнинг Ер куррасидан бошқа жойга дафн этилиши мумкин эмас. Ажали яқинлашгач Оллоҳ таоло уни Ер юзига дафн этилиши учун нозил қилади.
Бундан бошқа турли ҳукмлар ҳам бўлиб, уларнинг тўғрироғини Оллоҳ таолонинг ўзигина билади.
Имом Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтди: «Ийсо алайҳиссаломнинг Оллоҳнинг осмонга муборак танаси ва руҳи билан кўтарилган, ҳануз ўлмаган, ўлдирилмаган, осилмаган бандаси эканига, унинг замона охирида нозил бўлиб Дажжолни ўлдириши, хочни парчалаши, чўчқа зотини қириши, жизяни бекор қилиши, Исломнигина (дин деб) қабул қилишига ҳамда унинг нозил бўлиши Қиёматнинг аломатларидан эканига кўплаб далиллар бор». (Фатво ва рисолалар девони, 1/433).
Оллоҳ таолодан ошкора ва хуфёна фитналардан сақлашини тилаймиз.
Ушбу сўзимни тугатар эканман Оллоҳ таолодан гуноҳларимизни кечиришини сўрайман.
Иккинчи хутба
Оллоҳ таолога берган эҳсонлари учун ҳамду санолар бўлсин.
Сўнг ...
Қиёматнинг катта аломатларидан бири, юқорида ишора қилиб ўтилганидек, Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқишидир. Яъжуж ва Маъжужлар сонини Оллоҳ таолонинг ўзигина биладиган, Одам алайҳиссаломнинг зурриётидан ва кучли, бошқа халқлар қаршиларида уруш қила олмайдиган икки халқдир. Уларнинг кўзлари кичик, юзлари чўзинчоқ, табиатлари ғализ экани хабарларда тавсифланган. Улар ҳозир ҳам бор бўлиб, чиқишларига тўғон ғов бўлиб турибди. Бу тўғонни бузғунчилик қилган Яъжуж ва Маъжужлар билан, бошқа одамлар ўртасини тўсиб туриши учун солиҳ қирол Зулқарнайн бунёд этган. Бу тўғоннинг қаерда жойлашгани аниқ бўлмасада, Оллоҳ таолонинг қуйидаги оятига кўра, Машриқ томондадир:
﴿ حَتَّى إِذَا بَلَغَ مَطْلِعَ الشَّمْسِ ﴾
«У, қуёш балқадиган жойга етиб келгач ...». (Каҳф: 90).
Тайинланган вақт келиб Қиёмат яқинлашгач, Яъжуж ва Маъжужлар катта суръат билан тўдалашиб чиқиб келадилар ва уларга бирон кимса қарши тура олмайди. Улар одамлар орасига тарқалиб, Ер юзида фасод ёяди. Бу ҳодисалар сурга дам уришга яқин қолганида, дунё барбод бўлиб, Қиёмат яқинлашганида содир бўлади.
Оллоҳ таоло Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқиши, Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлиши ва Дажжолни ўлдиришидан сўнгра бўлишини хоҳлади. Оллоҳ таоло уларнинг даракларини Каҳф сурасида ҳикоя қилди: Зулқарнайн Ер юзидаги саёҳати давомида икки тоғни ва уларнинг этакларида эса гаплари тушунилмайдиган халқларни кўрди. Улар Яъжуж ва Маъжужлардан келаётган зарарлардан шикоят қилишиб, уларнинг бузғунчилиги билан ўзлари орасида тўғон қуриб беришни талаб этишди. Зулқарнайн уларнинг талабларига лаббай деб жавоб берди:
﴿ حَتَّى إِذَا بَلَغَ بَيْنَ السَّدَّيْنِ وَجَدَ مِنْ دُونِهِمَا قَوْمًا لَا يَكَادُونَ يَفْقَهُونَ قَوْلاً ● قَالُوا يَاذَا الْقَرْنَيْنِ إِنَّ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ مُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ فَهَلْ نَجْعَلُ لَكَ خَرْجًا عَلَى أَنْ تَجْعَلَ بَيْنَنَا وَبَيْنَهُمْ سَدًّا ● قَالَ مَا مَكَّنَنِي فِيهِ رَبِّي خَيْرٌ فَأَعِينُونِي بِقُوَّةٍ أَجْعَلْ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَهُمْ رَدْمًا ● آتُونِي زُبَرَ الْحَدِيدِ حَتَّى إِذَا سَاوَى بَيْنَ الصَّدَفَيْنِ قَالَ انفُخُوا حَتَّى إِذَا جَعَلَهُ نَارًا قَالَ آتُونِي أُفْرِغْ عَلَيْهِ قِطْرًا ● فَمَا اسْطَاعُوا أَنْ يَظْهَرُوهُ وَمَا اسْتَطَاعُوا لَهُ نَقْبًا ● قَالَ هَذَا رَحْمَةٌ مِنْ رَبِّي فَإِذَا جَاءَ وَعْدُ رَبِّي جَعَلَهُ دَكَّاءَ وَكَانَ وَعْدُ رَبِّي حَقًّا ● وَتَرَكْنَا بَعْضَهُمْ يَوْمَئِذٍ يَمُوجُ فِي بَعْضٍ وَنُفِخَ فِي الصُّورِ فَجَمَعْنَاهُمْ جَمْعًا ﴾
«То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди. Улар: «Эй Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?» дедилар. У (Зулқарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай. Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар». То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зулқарнайн): «(Босқонлар билан) дам уринглар», деди. Бас, қачон у (темир-терсакларни қиздириб) ўт қилгач (эритгач), деди: «Менга эритилган мис (ҳам) келтиринглар, уни (темир парчаларининг) устидан қуюрман. Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар». «Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у. У Кунда (Қиёматда, одамларни) бир-бирларига аралаш-қуралаш қилиб ташладик. Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик». (Каҳф: 93-99).
Оллоҳ таоло Зулқарнайн бунёд этган тўғоннинг Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқишлари олдида тўсиқ бўлганидан хабар берди:
﴿ فَمَا اسْطَاعُوا أَنْ يَظْهَرُوهُ وَمَا اسْتَطَاعُوا لَهُ نَقْبًا ﴾
«Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар». (Каҳф: 97).
Оллоҳ таоло бунинг Оллоҳнинг ваъдаси келгунича давом этишини ва вақти келгач уларнинг чиқишига рухсат беришини, ўша пайтда тўғоннинг бузилиши ва улар одамлар олдига чиқиб келишларидан хабар берди:
﴿ فَإِذَا جَاءَ وَعْدُ رَبِّي جَعَلَهُ دَكَّاءَ وَكَانَ وَعْدُ رَبِّي حَقًّا ﴾
«Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир». (Каҳф: 98).
Улар ўша пайтда денгиз тўлқинлари янглиғ тўдалашиб чиқиб келишади:
﴿ وَنُفِخَ فِي الصُّورِ فَجَمَعْنَاهُمْ جَمْعًا ﴾
«Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик». (Каҳф: 99).
Ҳой мусулмонлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз замонларида тўғоннинг кичик ҳалқача қисми тешилгани ҳақида хабар бердилар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Зайнаб Жаҳш қизи разияллоҳу анҳонинг қуйидаги ривояти бордир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида ҳузуримга қўрқиб кириб келдилар ва: «Ла илаҳа иллаллоҳ! Яқинлашган фалокатдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжуж тўғонидан шунча очилди», – деб бош бармоқ билан ёнидагисини ҳалқа қилдилар. Мен: ичимизда солиҳ инсонлар бўлса ҳам биз ҳалок бўлаверамизми? – деб сўрасам: «Ҳа, гуноҳ кўпайса», – деб жавоб бердилар». (Имом Бухорий, 3346).
Улар ўша кундан буён чиқиш учун тўғонни емирмоқдалар. Бугун тугаб уйларига кетсалар ва эртасига қайтиб келсалар, Оллоҳ таоло емирган жойларини аввалги ҳолатига қайтариб, аввалгидан кўра мустаҳкамроқ қилиб қўяди. Бу ҳолат уларнинг чиқиш вақтлари келгунича давом этади ва чиқиш вақтлари келганида тўғон бутунлай бузилади.
Биродарлар, Оллоҳ таоло бу умматни замона охирида мазкур одамлар билан мубтало қилади. Улар оддий одамлардек ҳаракат қилмайдилар, аксинча яшил ва қуруқ барча нарсани истеъмол қилаверишади. Уларнинг илк бир қисми Фаластиндаги чучук суви бўлган Табарийя кўли олдидан ўтиб, унинг сувини бир томчисини қолдирмай ичиб тугатади. Охиргилари етиб келгач: Бу ерда сув бор эди! – деб ҳайрон қолишади.
Улар Ер юзига тарқалиб, фасод ёйишади. Мусулмонлар уларнинг шарридан қутилиш учун чорва моллари билан бирга қалъа ва шаҳарларига кириб олишади. Бир қалъа ёки шаҳарда битта одам қолса, Яъжуж ва Маъжужлардан бири: Ер аҳолисидан қутилдик! Энди само аҳли қолди! – дейди. Улардан бири фитна ўлароқ найзасини нишонга олган мисол осмонга отади. Найза қонга беланиб ерга тушади.
Одамлар Ийсо алайҳиссаломнинг олдига Яъжуж ва Маъжужлардан қутқариши учун боришади. Ийсо алайҳиссалом уларни қутқаришини тилаб Оллоҳга дуо қиладилар. Чунки у, дуодан бошқа чора топа олмайди. Оллоҳ таоло туя ва қўйларнинг бурнига тушадиган қуртларни уларнинг бўйинларига юборади ва у бир онда ҳаммасини бир одам ўлганидек қириб ташлайди. Мусулмонлардан бири: Ичингиздан бирон мард чиқиб, душман ҳолидан хабар олиб келмайдими? – деганида ўлишини аниқ ҳис этсада бир одам савоб умидида қалъадан тушиб, Яъжуж ва Маъжужларнинг ўлиб, бир-бирларининг устида қалашиб ётганини кўради. Бу ҳолатни кўргач: Муждалар бўлсин, Оллоҳ таолонинг ўзи душманларингизга кифоя қилибди! – дейди. Одамлар шаҳарлари ва қалъаларидан чиқиб, чорва молларини қўйиб юборишади. Ернинг ҳар бир қаричи лошлар билан қопланган ва ўликларнинг ҳидлари чор атрофга ёйилган бўлади. Ийсо алайҳиссалом бошқа бир марта дуо қилади. Оллоҳ таоло бўйни узун қушларни юборади ва улар лошларни олиб денгизга ташлайдилар. Кейин Оллоҳ таоло ёмғир ёғдиради ва Ерни худди ойнадек қилиб ювиб ташлайди.
Имом Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Яъжуж ва Маъжуж Одам алайҳиссалом зурриётидан бўлиб, замона охирида Шарқ тарафдан чиқади. Туркий миллатлар ҳам улардан бўлсада, улар тўғоннинг ташқи томонида қолганлар. Яъжуж ва Маъжужлар Узоқ Шарқ халқларидан бири бўлиб, замона охирида Дажжол чиқиб, Ийсо аалйҳиссалом нозил бўлганидан сўнгра Хитой ва унинг атрофидан чиқади. Чунки улар Зулқарнайн қурган тўғоннинг ичкарисида, турк ва татарлар эса ташқарисида қолишган. Улар Оллоҳ таоло уларнинг чиқишини хоҳлаган пайтида чиқиб, Ер юзига тарқалишади ва бузғунчилик ёйишади. Сўнгра Оллоҳ таоло уларнинг бўйинларига бир қуртни юборади ва уларнинг ҳар бири бир лаҳзада битта одам ўлганидек ёппасига ўлишади – Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис нақл қилинган – Улардан Оллоҳнинг пайғамбари Ийсо алайҳиссалом ва мусулмонлар ҳимояланишади. Чунки Яъжуж ва Маъжужлар, Дажжол чиққанидан сўнгра Ийсо алайҳиссалом замонида чиқиб келишади». (Фатво ва рисолалар девони, 5/357).
Оллоҳим, бизни ўз ватанимизда хотиржам қил! Уламоларимиз ва раҳбарларимизни ислоҳ айла!
Оллоҳим, эй раҳмлилар раҳимлиси, етакчилигимизни Сендан қўрқадиган, тақво қиладиган ва розилигингга эргашадиган бандалар қўлига бер!
Оллоҳим, бу умматга тўғри йўлларни кўрсат-ки, унда гуноҳкорлар хор бўлсин, савобли ишларга чорлансин, гуноҳлар таъқиқлансин!
Оллоҳим, қалбларимиз ҳидоятланадиган, тарқоқлигимиз бирлашадиган ва биздан фитналарни узоқлаштирадиган раҳматингни ёғдир!
Оллоҳим, Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлла! ...