Истиғфорнинг фазилати
Категориялар
Full Description
Истиғфорнинг фазилати
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Акрам Ҳасан
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2013 - 1434
فضل الإستغفار
« باللغة الأوزبكية »
أكرم حسن
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2013 - 1434
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: سمعتُ رسول الله صلي الله عليه و سلَّم يقول: «والله إِنِّي لأسْتَغْفِرُ الله وَأَتُوبُ إِلَيْهِ فِي الْيَوْمِ أَكْثَرَ مِنْ سَبْعِينَ مَرَّةً». رواه البخاري.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Оллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтиб, тавба қиламан», – деганларини эшитдим. (Имом Бухорий ривояти).
وعن الأغرِّ بن يسار المزنيِّ رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلي عليه وسلَّم: «يَا أيُّها النَّاسُ، توبوا إلى الله واستغفروه، فإنِّي أتوب في اليَوْم مائة مرَّة». رواه مسلم.
Ал-Ағарр ибн Ясор ал-Музаний разияллоҳу анҳу ривоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй инсонлар, Оллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтинглар. Зеро, мен ҳам бир кунда юз марта тавба қиламан», – дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Дастлаб биринчи ҳадисни ривоят қилган Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳақида қисқача cўзлаб, у зот билан танишиб чиқамиз.
Машҳур саҳобий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг жоҳилиятдаги исми Абдушамс ибн Сахр ад-Давсий эди. Исломни қабул қилгандан сўнг, Пайғамбаримиз Абдураҳмон деб ўзгартириб қўйганлар. Абу Ҳурайра ушбу саҳобийнинг куняси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай чақирар эдилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳижратнинг еттинчи санасида "Хайбар ғазоти" бўлган йилда мусулмон бўлган. Нисбатан кеч мусулмон бўлган бўлса ҳам, саҳобалар орасида энг кўп ҳадис ривоят қилган Абу Ҳурайрадир. Бунга сабаб Расулуллоҳ Абу Ҳурайранинг ёдлаш қобилиятини сайқалланишига алоҳида дуо қилган эканлар. Пайғамбаримизнинг дуолари баракотидан, у бирор ҳадисни Расулуллоҳдан эшитса, дарров ёдлаб олар эди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз билан уч йилдан кўпроқ суҳбатда бўлган, жами 5374 та ҳадис ривоят қилган. Имом Бухорий ўзининг саҳиҳ тўпламида Абу Ҳурайра ривоят қилган 446 та ҳадисни келтирган.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилган саҳоба, тобеин ва аҳли ҳадисларнинг сони 800 тадан ортиб кетади.
Абу Ҳурайра нафақат ҳадис илмида ном чиқарган, ҳатто жанг майдонларида ҳам кўп жонбозликлар кўрсатган. Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифалик даврида муртадлар билан бўлган жангларда иштирок этган.
Абу Ҳурайра Пайғамбаримиздан кейин 47 йил умр кўрган. Ҳижрий 57-санада, 78 ёшида Мадинаи-Мунавварада вафот этган ва Бақеъ қабристонига дафн қилинган.
Ҳадиснинг шарҳи:
Инсон модомики ҳаёт гаштини суриб, тириклик неъматидан баҳраманд бўлар экан, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини, то сўнгги палласига қадар ғанимат билиб, Оллоҳга тавба қилиб қолиши, кўплаб истиғфор айтиб олиши лозим ва лобуддир.
Дарҳақиқат, Қуръони каримда ҳам тавба ва истиғфорга тарғиб қилувчи оятлар жуда кўп ўринда келган.
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган бу икки ҳадис ҳам мўминнинг ҳаётида тавба ва истиғфорнинг нақадар муҳим эканлигига далолат қилади.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда бирор амални қилишга алоҳида урғу берилган бўлса, албатта бу ўша амалнинг муҳимлигига ва шариатда таъкидланганлигига далолат қилади.
Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасам ичиб бир кунда етмиш мартадан кўп истиғфор айтишини бизга хабар бераяптилар. Ваҳолангки, Расулуллоҳ аввалги-ю кейинги, барча гуноҳлари мағфират қилинган маъсум зотдир.
Ал-Ағарр ибн Ясор ривоят қилаётган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз: «Эй инсонлар, Оллоҳга тавба қилинглар ва унга истиғфор айтинглар. Зеро мен ҳам Оллоҳга бир кунда юз марта тавба қиламан», – демоқдалар.
Уламолар бу икки ҳадис инсонга тавба қилиш вожиб эканлигига далолат қилади, деганлар.
Банда қуръон ва ҳадисда ворид бўлган буйруқларни бажарса, Оллоҳ ва расулига итоат қилган бўлади. Зеро, дунё ва охиратдаги барча яхшилик Оллоҳ ва расулига итоат қилишдадир. Ушбу ҳадисда келганидек ҳар куни Оллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтиш билан киши Расулуллоҳнингсуннатларига эргашган бўлади.
Тавба қилган киши гуноҳлардан тийилиши, аввал қилган мункар амалларга яқин йўламаслиги тавбанинг шартларидандир.
Шак-шубҳа йўқки, қуруқ тили билан Оллоҳдан мағфират сўрасаю, аммо дилида маъсиятга мойил бўлиб, амалда гуноҳ ишларни бажараверса, бундай тавбадан фойда йўқдир. Балки бу амали билан гуноҳ устига гуноҳга ботиб, динни оёқ ости қилган бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Энди қандай қилиб унинг тавбаси қабул бўлсин, унинг ўзи гуноҳ устида бардавом турса?! Қандай қилиб унинг тавбаси қабул бўлсин, ваҳолангки зино, рибо, зулмда давом этаётган бўлса?!
Тавба қилиб, истиғфор айтиш, Оллоҳдан мағфират сўраш демакдир. Банданинг ҳаётида истиғфорнинг таъсири ўта катта аҳамиятга эгадир. Оллоҳ таоло Нуҳ сурасида шундай марҳамат қилган:
﴿ فَقُلۡتُ ٱسۡتَغۡفِرُواْ رَبَّكُمۡ إِنَّهُۥ كَانَ غَفَّارٗا ١٠ ﴾ [نوح: 10]
«Бас, Раббингизга истиғфор айтинг, албатта У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, - дедим». (Нуҳ сураси, 10-оят).
Истиғфорнинг луғавий маъноси мағфират-гуноҳларнинг кечирилишини сўрашдир. "Астағфируллоҳ" ёки "Эй Оллоҳ, ўзинга тавба қилдим", деб тили билан айтишидир.
Агар юқоридаги оятга амал қилиб, истиғфор айтсангиз, Оллоҳ қандай мукофотлар ато этиши қуйидаги оятларда баён этилган:
﴿ يُرۡسِلِ ٱلسَّمَآءَ عَلَيۡكُم مِّدۡرَارٗا ١١ ﴾ [نوح: 11]
«Оллоҳ осмондан устингизга кетма-кет баракали ёмғирни ёғдиради». (Нуҳ сураси, 11-оят).
﴿ وَيُمۡدِدۡكُم بِأَمۡوَٰلٖ وَبَنِينَ وَيَجۡعَل لَّكُمۡ جَنَّٰتٖ وَيَجۡعَل لَّكُمۡ أَنۡهَٰرٗا ١٢ ﴾ [نوح: 12]
«Ва сизга молу мулк ва бола чақангизни (кўпайтириб) мадад беради ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни беради». (Нуҳ сураси, 10-оят).
Муфассирлар бу ояти кариманинг тафсирида ушбу қиссани келтирадилар:
Ҳасан Басрий ўз шогирдлари давраси ўтирганида бир одам келиб қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Шунда Ҳасан Басрий у одамга кўп истиғфор айтишни тавсия қилибди. Бир оздан сўнг бошқа киши келиб, камбағалликдан, учинчи одам эса бефарзандликдан нолибди. Улуғ тобеин буларга ҳам кўп истиғфор айтишни насиҳат қилибди.
Шунда мажлисда ўтирган Рабеъ ибн Субайҳ исмли киши Ҳасан Басрийга қараб: «Ҳузурингизга уч хил масалада сизга шикоят қилиб келганларнинг ҳаммасига бир хил жавоб бердингиз-а?» - деб савол қилади. Шунда илмда, тақвода ва зоҳидликда машҳур ва маъруф бўлган Ҳасан Басрий юқорида келтирилган оятларни ўқиб берган эканлар.
Мазкур оятда ҳаёт фаровонлиги, ризқнинг мўл-кўл бўлиши ва кўзлар қувончи бўлган фарзандларнинг бисёр бўлишида истиғфорнинг аҳамияти катта эканига ишора қилинмоқда.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1- Пайғамбаримизни кўп истиғфор айтувчи бўлганликлари.
2- Истиғфор айтишни одат қилган киши Пайғамбаримизнинг бир суннатига эргашаётганлиги.
3- Истиғфорнинг банданинг ҳаётида катта аҳамият касб этиши.
4- Истиғфор ва ризқнинг бир-бирига боғлиқлиги.