×
Ушбу мақолада қуйидагилар баён қилинади: 1- Насиҳатнинг маъноси ва унинг қуръон ва ҳадисдаги намуналари 2-Жарир ибн Абдуллоҳнинг бу борадаги аҳди паймони ҳақида келган ҳадис шарҳи 3- Ҳадислар ва умуман мақоладан олинадиган асосий фоидалар баёни

    Дин насиҳатдир

    [Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

    Акрам Ҳасан

    Муҳаррир: Шамсуддин Дарғомий

    2013 - 1434

    الدين نصيحة

    «باللغة الأوزبكية»

    أكرم حسن

    مراجعة: شمس الدين درغامي

    2013 - 1434

    Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

    Насиҳат ҳақида.

    Муаллиф раҳматиллоҳи алайҳи «насиҳат боби» номли бу бўлимда мўминлар бир-бирлари билан оға-ини эканликлари, ҳар доим бир-бирларига насиҳат қилиб туришлари лозимлиги борасида ворид бўлган қуръони карим оятлари ва ҳадис шарифлардан баъзиларини келтиради.
    Насиҳат дегани бошқаларга «ақл» ўргатиб, бўлса-бўлмаса бировларнинг ишига аралашиб, хунук кўриниш дегани эмас. Насиҳатнинг маъноси киши ўз биродарига яхшиликни раво кўриши, уни даъват қилиши, унга ҳақни ўргатиши ва тўғри йўлни кўрсатишидир.

    Дарҳақиқат пайғамбар алайҳис-салом: «Дин насиҳатдир», - деганлар.

    Уч маротаба қайтариб, «Дин насиҳатдир», - деганларида саҳобалар: «Кимга, ё расулуллоҳ?» - дедилар.

    «Аллоҳга, унинг китобларига, пайғамбарларга, мусулмонларнинг пешволарига ва оммаларигадир», - деб жавоб берганлар.

    Насиҳатнинг акси макр, ҳийла, алдаш ва хиёнатдир.

    Муаллиф ушбу бобни уч оятнинг шарҳи билан бошлайди.

    Биринчи оят:

    ﴿إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ ﴾

    Маъноси: «Албатта, мўминлар бир бирлари билан оға-инидирлар».

    Агар мўминлар ҳақиқатда бир-бирлари билан ака-ука бўлсалар, уларда бу биродарлик ўз самарасини бериши керак.

    Дарҳақиқат, мўминлар Аллоҳ қуръонда таърифлаганидек бир-бирлари билан ака-ука бўлишлари лозим ва лобуддир.


    Бу ака-укалик диний биродарликдир. Дин биродарлиги насаб биродарлигидан устун туради. Агар насабда қариндошлик бўлсаю, лекин дин бўлмаса, бундай қариндошликнинг қадри ҳам бўлмайди.

    Шунинг учун Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳис-салом «Аллоҳга нидо қилиб: ўғлим менинг аҳлимдандир, албатта, сенинг мени аҳлимни сақлашга берган ваданг ҳақ», - деганида, «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у, унинг қилгани яхши иш эмас», - деб жавоб берган. Ҳуд сураси, 46-оят.

    Мўмин мусулмонлар тили, ирқи, ранги қандай бўлишидан қатъий назар, ер юзининг турли бурчакларидан бўлсаларда, ака-укадирлар. Шунга биноан улар бир-бирларига насиҳат қиладилар, яхшиликка чақирадилар.

    Энди иккинчи оятда эса пайғамбарлар отаси Нуҳ алайҳис-саломнинг ўз қавмига қилган даъватидаги сўзи келтирилаяпти:

    ﴿وَأَنْصَحُ لَكُمْ وَأَعْلَمُ مِنَ اللَّهِ مَا لا تَعْلَمُونَ﴾

    «Сизларга насиҳат қиламан ҳамда Аллоҳдан келган ваҳий орқали сизлар билмайдиган нарсаларни билурман». Аъроф сураси, 62-оят.

    Яъни, сизларни алдагувчи ёки адаштиргувчи эмасман.Лекин сизларга холис насиҳат қилувчиман.

    Учинчи оят эса Аллоҳ таолонинг Ҳуд алайҳис-салом ҳақидаги қавлидир:

    ﴿وَأَنَا لَكُمْ نَاصِحٌ أَمِينٌ﴾

    «Мен сизларга ишончли насиҳат қилгувчиман». Аъроф сураси, 68-оят.

    Хулоса шуки, ҳар қандай ҳолатда ҳам мўмин киши ўз биродарларига яхшиликни раво кўриши, улар хато қилганда тўғри йўлни кўрсатиши, насиҳат қилиши, диний биродарлигини кўрсатиши иймон самараларидандир.

    Саҳиҳ Муслимда келган ҳадисда Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга намозни тўла-тўкис адо этишга, закотни ҳақдорларга беришга ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга байъат бердим», - дедилар.

    Аввал Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳаёти билан қисқача танишамиз.

    Жарир ибн Абдулло ал-Бажалий Бажила қабиласининг саййиди, кунялари Абу Амр. Тўлиқ исмлари Жарир ибн Абдуллоҳ ибн Жобир ибн Малик ибн Наср ибн Хузайма. Ҳижратнини ўнинчи йили исломни қабул қилган. Мадинага келганида расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам хутбада саҳобаларга: «Ҳозир сизларга Яманнинг энг яхши одами кириб келади. Унинг юзида подшолар сиймоси кўриниб туради», деб турганларида юз элликка яқин одами билан Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий кириб келган.

    Жарир розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз ҳузурига кирганида уни расулуллоҳ жуда ҳурматлаган. «Қавмининг ҳурматли кишиси келса, уни ҳурмат қилинглар», - деган.

    Пайғамбаримиз Жарир ибн Абдуллоҳни Ямандаги Зул-Калъо ва Зу-Роиъен қабилаларини фатҳ қилиш учун жўнатган. Шу ердаги яманликлар каъбаси бўлиб қолган Хасъам қабиласидаги Зул-Ҳолса бутини синдирган.

    Ироқ фатҳида кўп жасорат кўрсатган. Тустар ва Ҳамадон фатҳларида Абу Муса Ашъарийга мадад бўлиб келган.

    Ибн Асир келтиришича, машҳур саҳобий Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий ҳижрий 51 санада Макка яқинидаги Қадид қишлоғида вафот этган. Айрим манбаларда ҳижрий 54 санада вафот этганликлари айтилади.

    Жарир ибн Абдулоҳни жуда ҳам гўзал, хушсурат киши эди. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу уни: «Умматнинг Юсуфи», - деб таърифлаган.

    Жарир розияллоҳу анҳудан уч юздан кўп ҳадис ривоят қилинган.

    Ҳадиснинг шарҳи

    Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳу расулуллоҳга учта нарсага байъат берганликларини айтмоқдалар.

    Биринчиси: намозни тўла-тўкис адо этиш;

    Иккинчиси: закотни ҳақдорларга бериш;

    Учинчиси: ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга.

    Бу уч амалдан фақат биринчиси ёлғиз Аллоҳга хос ибодатдир. Иккинчи амал Аллоҳ билан бандалар ўртасида муштарак ибодат. Учинчи амал эса фақат бандаларга қаратилгандир.

    Жарир ибн Абдулллоҳ розияллоҳу анҳу байъат берган амалларнинг биринчиси намозни қойим қилиш, тўла-тўкис адо этмоқдир.

    Бунинг маъноси банда намозини мукаммал суратда, ўз вақтида адо қилишини, намоздаги фарз ва вожибларини тўлиқ бажариб, суннат ва мустаҳабларини ҳам қолдирмасликни ўз ичига олади.

    Хоссатан, эркаклар учун намозни масжидда жамоат билан ўқиш намозни қойим қилишга киради. Зеро, жумҳур уламолар беузр жамоатни тарк қилган кишининг ўқиган намозини саҳиҳ деган бўлсаларда, беузр жамоатга чиқмагани учун гуноҳкор бўлади, деганлар.

    Яна намозни қойим қилиш дегани намозни хушуъ билан ўқимоқликдир. Хушуъ дегани қалбнинг сергак бўлиб туришидир. Намозхон нима деяётганини англаб, бажараётган амалларини ҳис қилиб туриши муҳимдир. Зеро уламолар хушуъсиз намозни руҳсиз жасадга ўхшатганлар.

    Тасаввур қилинг, намозга киришдингиз, лекин хаёлингиз бошқа жойда, фикрингиз тарқоқ, тилингиз эса ёдлаб олган нарсаларингизни такрорлаб қимирлаяпти, кўринишдан жисмингизгина намоз ўқияпти. Энди хаёлингизни бир жойга жамлаб, улуғ мақомда турганингизни ҳис қилсангиз, тепангизда осмонлару ерларнинг Холиқи, қиёмат кунининг Подшоси тургани кўз олдингизга келади. Ўзингизни арзимас, ҳақир нарса эканингизни қалбингизнинг ич-ичидан туясиз. Унга ёлворасиз, йиғлайсиз, Ўзи ўргатган калималар билан Уни зикр қиласиз, дуоларингизда Ундан ўз эҳтиёжларингизни сўраб У зотга яна ҳам яқинлашасиз.

    Намознинг асл моҳияти ва ҳикмати ҳам шудир.

    Ҳадисда Жарир ибн Абдуллоҳ закотни ўташга байъат берганини айтмоқда.

    Закотни ўз ўрнига бериш муҳтож кишиларни сўраб-суриштириб беришдир. Закотда Аллоҳнинг хаққи ва бандаларнинг ҳаққи бор, дедик.

    Аллоҳнинг хаққи дегани – Аллоҳ закотни фарз қилгани ва Ислом динининг учинчи устуни қилганидир. Бандаларнинг хаққи эса жамиятдаги муҳтож кишилар бой биродарларидан бу закотларни олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлайдилар. Шу билан жамиятда бироз бўлсада камбағалликка барҳам берилади.

    Ҳадиснинг охирида ровий ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга байъат берганлигини айтмоқда. Ҳадиснинг мавзуимизга алоқадор жойи ҳам шудир.

    Насиҳат қилинадиган кимса хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, хоҳ катта бўлсин хоҳ кичик, хоҳ қариндош бўлсин хоҳ бегона унга насиҳат қилишга байаът берганлигини айтмоқда.

    Айтишларича, Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий пайғамбаримизга ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга байъат берганидан кейин бир кишидан от сотиб олибди. Миниб кўрса, отнинг баҳоси у киши сотиб олгандан ҳам баландроқ кўринибди. Эгасини чақириб: отингни баҳоси бундан ҳам кўпроқ экан, деб яна пул қўшиб берибди. Яна миниб отнинг баҳоси яна кўпроқ деб билибди. Эгасини топиб, яна пул чиқариб берибди. Бу ҳолат уч маротаба такрорланибди.

    Ривоятларда келишича, отнинг эгасига чиқариб берган дирҳами икки юз дирҳамдан бошланиб, саккиз юз дирҳамга етибди. Чунки у пайғамбар алайҳис-саломга ҳар бир мўминга насиҳат қилишга байъат берган эди. Гарчи ўзининг зарарига бўлса ҳам отнинг соҳибига: отинг бундан ҳам кўпроқ туради, деб насиҳат қила олган, Росулуллоҳга берган байъатига содиқ қолган кишилардан эди.


    Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

    1. Саҳобалар ўзлари билан пайғамбар алайҳис-салом ўртасида бўлган ишларни айтиб қолдирганлиги.

    2. Намозда хушуънинг муҳимлиги.

    3. Закотга қодир кишилар муҳтожларни қидириб топишлари.

    4. Аҳд берган одам гарчи ўзининг зарарига бўлса ҳам аҳдини бажариши.