Марҳабо мўминлар баҳори, обидлар фурсати қиш фасли
Категориялар
Full Description
- Қиш нафаси:
- Шариатни рўёбга чиқаришнинг баракаси:
- Кўча-кўйдаги лойлар:
- Қийинчиликда таҳоратни мукаммал тарзда адо этишнинг фазилати:
- Қаттиқ совуқ пайтларда пешин намозини олдинги вақтида адо этиш:
- Намозда оғизни ёпиб олишнинг ҳукми:
- Қўлқоп кийиш:
- Оловга қараб намоз ўқиш:
- Жазони амалнинг жинсидан бўлиши (Қилмиш қидирмиш):
- Салқин ғанимат:
- Ёмғир сўраш:
- Тавба ва истиғфорни кўпайтириш ёмғир ёғишига сабаб бўлади:
- Юлдузларга қараб ёмғир сўраш:
- Юлдузларга қараб ёмғир сўрашнинг ҳукми:
- Шамол эсганда нима дейилади:
- Шамолни сўкманглар!
- Момақалдироқ бўлганда нима дейилади:
- Булутли ва ёмғир ёғаётган пайтда нима дейилади:
- Ёмғир ёғаётган пайтда дуо қайтарилмайди:
- Ёмғир ёғиши асносида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъллари:
- Ёмғир керагидан ортиқ ёққанда ва ундан қўрқилганда нима дейилади:
- Ёмғир ёғмаслиги қаҳатчилик дегани эмас:
- Чўкиш:
- Ухлаш олдидан оловни ўчириб ётиш:
- Иситмани сўкишдан қайтарилгани:
- Қиш фаслида шариати исломиянинг саховати намоён бўлади:
- Қиёмат аломатларидан:
- Фазилатли амаллар ва зикрларга ҳарис бўл:
- Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Марҳабо мўминлар баҳори, обидлар фурсати қиш фасли
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
АҲМАД ФАРУҚ
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
Нашрга тайёрловчи: Шамсуддин Дарғомий
2012 - 1434
فصل الشتاء غنيمة العابدين
« باللغة الأوزبكية »
أحمد فاروق
مترجم: أبو عبد الله الشاشي
مراجعة: شمس الدين درغامي
2012 - 1434
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Умар разияллоҳу анҳу деди: "Қиш — обидлар фурсатидир". (Абу Наъим ривояти, исноди саҳиҳ).
Ибн Ражаб деди: "Қиш мўминнинг баҳоридир, зеро мўмин банда унда тоат бўстонида кезади, ибодат майдонида сайр этади, унда тоатлар енгиллаган амал боғида қалбини поклайди".
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: "Қиш хуш келибди! Унда барака нозил бўлади, кечалар намоз учун узайиб, кундузлар рўза учун қисқаради".
Қиш нафаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Дўзах Парвардигорига шикоят қилиб: "Эй, Раббим, ўзимни ўзим еб қўяётирман", – деди. Шунда Оллоҳ унга икки карра: қишда бир карра ва ёзда бир карра нафас ростлашга изн берди. Бу сизлар (йилнинг бу икки фаслида) дуч келадиган энг жазирама иссиқ ва энг изғирин совуқ ўшандандир". (Бухорий ва Муслим, Молик ва Ибн Можа ривояти).
Ҳадисдаги "замҳарир" сўзидан мурод, изғирин совуқ демакдир. Ибн Ражаб айтади: "Дунёнинг қаттиқ совуғи, жаҳаннам замраҳири деб айтилади". Бу эса, қўрқиб, ундан паноҳ тилашни вожиб қилади.
Мўминлар бу дунёдаги неъмат ва азобдан бўлган нарсалар билан охиратдаги жаннат ва дўзахни эсга оладилар. Изғирин совуқни ҳис этган одамларнинг хаёлига жаҳаннам замҳарири (дўзахнинг шиддатли совуғи) келиб, у унинг шарридан Раббиларидан паноҳ сўрашни вожиб қилади. Оллоҳ таоло жаннат аҳлини сифатлаб шундай дейди: "Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар". (Инсон: 13-оят).
Шариатни рўёбга чиқаришнинг баракаси:
Оллоҳ таоло деди: "Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтиш- лари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир". (Рум: 41-оят).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: "Экин ва мевалардаги тақчиллик, гуноҳ-маъсиятлар сабабидандир".
Абул Олия айтади: "Ким ер юзида Оллоҳга осийлик қилса, ер юзида бузғунчилик қилибди. Чунки ер ва осмоннинг ислоҳ бўлиши тоат-ибодат билан бўлади. Шунинг учун Ибн Можа Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ерда жорий қилинган битта ҳад, ер аҳли учун 40 кун ёққан ёмғирдан яхшироқдир". (Албоний ҳасан деган), бунга сабаб агар ҳадлар жорий қилинса, одамлар ёки уларнинг аксари ёхуд барчаси ҳаром ишлардан тўхтайди. Модомики гуноҳ-маъсиятлар тарк қилинар экан, осмону ердан баракотлар ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Оллоҳ таоло нақадар рост сўзлади: "Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар". (Моида: 66-оят).
Келинг, Оллоҳнинг шариатини уйларимиз ва ўзларимизда жорий қилайлик, шояд юртимизда унинг самарасини кўрсак. Оллоҳим, Ўзинг муяссар қил!
Кўча-кўйдаги лойлар:
Қиш фаслида кўча-кўйда лой, балчиқ кўпайиб, либосларга тегади ва баъзиларнинг қалбига шубҳа олиб киради. Айтамизки, кийимларга теккан бу лойларни ювиш шарт эмас, чунки унинг асли покдир. Абдурраззоқ "Мусаннаф"ида (93–96 рақам билан) бир қатор тобеинлардан ривоят қилади: "Улар ёмғирдаги сув ва лойни кечиб, масжидга кирар ва намоз ўқир эдилар". Айни сўзни шайхул-ислом Ибн Таймия ҳам айтганлар.
Қийинчиликда таҳоратни мукаммал тарзда адо этишнинг фазилати:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Оллоҳ у билан хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага кўрсатма берайми?" деганларида, саҳобалар: "Ҳа, кўрсатма беринг", дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал тарзда адо этиш, масжидга қадамни кўпайтириш ва намоздан кейин намозни кутишдир. Мана шу риботдир (марғуб бўлинган нарса)", – дедилар. (Муслим ривояти).
Қозий Иёз айтади: "Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал олишдаги машаққат — қаттиқ совуқ, жасаднинг алами ва шунга ўхшаш нарсалар билан бўлади".
Ибн Ражаб айтади: "Дунёнинг қаттиқ совуғи жаҳаннам совуғини эслатади, ваъда қилинган бу аламни мулоҳаза қилиш, сувнинг аламини сездирмайди".
Масала: Шайх Ибн Усаймин баъзи намозхонлар ҳақида гапириб: Улар таҳоратда қўлларини ювиш асносида енгларини комил шимармайдилар, бу эса ўз навбатида билакнинг бир қисмини ювилмасдан қолишига олиб келади, ана у ҳаромдир ва шундай қилса таҳорат дуруст бўлмайди. Балки либоснинг енгини тирсакдан юқорига кўтариб, кейин кафт билан бирга тирсакларни ҳам ювиш керак, чунки ўша таҳоратнинг фарзларидан ҳисобланади, – деган эканлар.
Масала: Таҳорат учун сувни иситишнинг зарари йўқ.
Ибнул Мунзир айтади: "Ибодатни қулайлаштириш мақсадида сувни иситиб, совуқлигини кетказиш, мазкур савоб ҳосил бўлишини тўсмайди". Зеро динда беэътиборлик ҳам, ғулув кетиш ҳам йўқ. Шариат бизни машаққатга буюрмайди.
Қаттиқ совуқ пайтларда пешин намозини олдинги вақтида адо этиш:
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилиб деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совуқ қаттиқ бўлса, намозни эрта ўқирдилар. Агар иссиқ қаттиқ бўлса, намозни совутардилар (яъни аввалги вақтидан кечиктирардилар)". (Имом Бухорий "Ал-адаб" да ривоят қилган, Албоний саҳиҳ деб қайд қилган).
Мунавий "табкир" ҳақида айтади: "Яъни пешин намозини эрта ўқирдилар. Эртадан мурод, уни аввалги вақтида ўқирдилар".
Ибн Қудома "Муғний"да шундай дейди: "Иссиқ ва булутли пайтлардан бошқасида пешин намозини аввалги вақтида ўқишнинг мустаҳаб эканлигида бирор хилофни билмаймиз".
Термизий айтади: "Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ва улардан кейинги аҳли илмлар ихтиёр этган нарсадир, зеро намоздан қасд қилинган нарса хушуъ ва қалбнинг ҳузуридир, қаттиқ совуқ ва қаттиқ иссиқ намозхонни машғул қиладиган нарсалар жумласидандир".
Намозда оғизни ёпиб олишнинг ҳукми:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда садлдан (матони боғламасдан эгнига ташлаб олишдан) ва эркак киши оғзини тўсган ҳолатда намоз ўқишидан қайтардилар". (Абу Довуд ривояти).
Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: "Намозда сабабсиз юзни тўсиб олиш макруҳдир". Садлга келсак, уламолар бу борада ихтилоф қилишган, улардан баъзилари уни исбол каби кийимни ерга тушириб кийиш деганлар. Бошқалари эса, кийимни устига ташлаб, уни қўллари билан ўраб олади ва шу ҳолатда рукуъ ва сажда қилади. Худди ҳозирги кундаги чопон, куртка, плаш, костюм сингари енги бор кийимларни енгига қўлини киргизмасдан елкасига ташлаб олганга ўхшаш. Яна бир гуруҳ уламолар садл — бу эркак киши кийимни осилтириб олади ва олдини боғламайди, дейдилар. Агар олдини боғлаб олса, садл бўлмайди, дейдилар. (масалан чопонга ўхшаш тикилган кийим).
Қўлқоп кийиш:
Қўлқоп кийган ҳолда намоз ўқиш жоиздир, бу имом Шофеъийнинг икки қавлидан бири бўлиб, Нававий ҳам шундай деган. Имом Муслим ривоят қилган: "Етти суяк (аъзо) билан сажда қилишга буюрилдим", ҳадисини далил қилиб, қўллар очиқ бўлиши керак, қўлқоп кийиб намоз ўқиш мумкинмас, дейилган қавлга келсак, тиззалар ҳам ўша етти аъзо жумласидан, шунингдек улар ёпилган ҳолатда намоз ўқилади. Шундай экан, бу далилга ҳожат йўқ.
Шайх Ибн Жибрин айтади: "Намозда эркаклар-у аёлларнинг қўлқоп кийишлари жоиз, чунки совуқ ва бошқалар сабабли унга эҳтиёж туғилади".
Оловга қараб намоз ўқиш:
Ибн Аби Шайба Ибн Сириндан ривоят қилади: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тандирга ёки печкага қараб намоз ўқишни кариҳ санардилар". (Фатҳ 1/629).
Шайх Абдуллоҳ Қоръовий айтади: "Печкаларни ёки печкани намозхонларнинг ёки намозхоннинг олдига қўйилиши ва улар унга қараб намоз ўқиши икки юздан макруҳдир: биринчидан, оловга сиғинувчи оташпарастларга ўхшашлик жиҳатидан бўлса, иккинчидан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозхонни диққатини чалғитувчи бирор нарсага юзланиб намоз ўқишидан қайтариқлари жумласига кириб қолишидандир". (Ал-ажвибатул-муфийда 47).
Шайхул-ислом айтади: "Мушриклар қиладиган ибодатлар ва бошқа амалларнинг барчаси ниятга кўра ё куфр, ё маъсият жумласидан бўлади. Шунинг учун мусулмонлар мушриклар қасд қилган нарсани ният қилмасалар ҳам ўша амалларга йўл очилишидан тўсиш ва буни эртароқ олдини олиш жиҳатидан қайтарилади". (Ал-иқтизо 64).
Жазони амалнинг жинсидан бўлиши (Қилмиш қидирмиш):
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан марфуъ бўлган саҳиҳ ҳадисда: "Қайси бир қавм молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан ёмғир тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди". (Ибн Можа ривояти, Албоний ҳасан деган).
Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилади: "Қайси бир қавм закот бермай қўйсалар, Оллоҳ улардан ёмғирни тўхтатиб қўяди". (Ҳоким ривояти, Албоний саҳиҳ деган).
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ "лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар", оятининг тафсирида айтади: "Ер ҳайвонлари дейдиларки: гуноҳларингиз сабабидан биздан ёмғир тўхтатиб қўйилди".
Салқин ғанимат:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қишдаги рўза, салқин (роҳатли) ғаниматдир". (Имом Аҳмад ривояти, Албоний ҳасан деган).
Хаттобий айтади: "Салқин ғанимат — осон, қулай ғанимат дегани, чунки қишда рўзадор киши чанқоқдан қийналмайди".
Ибн Ражаб айтади: "Салқин ғанимат дейилишига сабаб, жангу жадалсиз, қийинчилик ва машаққатсиз ҳосил бўлишидир. Ғанимат соҳиби бу ғаниматга машаққатсиз, осон эришади".
Шундай экан, ушбу ғаниматни, хоссатан душанба, сешанба ёки ёруғ кунлар "айёмул бийз" ва шу каби фазилатли кунларни бой бермагин.
Ёмғир сўраш:
Истисқо — қаҳатчилик дамларида Оллоҳ таолодан Унга ҳамду сано айтиб, Ундан истиғфор сўраб, намоз билан ёмғир ёғдиришини сўрашдир. Қурғоқчилик, қаҳатчиликнинг сабаби Оллоҳнинг буйруқларига хилоф иш қилинишидир. Тоат эса баракотга сабаб бўлади,
"Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик". (Аъроф: 96-оят).
Тавба ва истиғфорни кўпайтириш ёмғир ёғишига сабаб бўлади:
"Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Оллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Оллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!" (Нуҳ: 10–13).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларидан: "Эй Оллоҳ! Бизга фойдали бўлган, ўт-ўланларни ўстирадиган, зарар етказмай- диган ва кеч эмас, тезда келадиган мўл-кўл ёмғир ёғдир". Ҳадис ровийси Жобир айтади: "Осмон (булут) уларни ҳамма томондан ўраб олди". (Абу Довуд ривояти, Албоний саҳиҳ деган).
Имом Шофеъий деди: "Имом намоз ўқиб ёмғир сўраганидек намоз ўқимасдан ҳам ёмғир сўрайди...".
Шайхул-ислом айтади: "Расулуллоҳ соллал- лоҳу алайҳи ва саллам қилганлари каби жума хутбаси ва шунда ўхшаш ҳолатларда ротиба намозлари ортидан ёмғир сўраб дуо қилиш жоиздир".
Юлдузларга қараб ёмғир сўраш:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Умматим ичидаги тўрт иш жоҳилият ишларидан ҳисобланиб, умматим уни ҳеч тарк қилмайди: бойлик билан ғурурланиш, насабларга тил теккизиш, юлдузларга қараб ёмғир сўраш ва гўяндалик (навҳагарлик)", дедилар. (Имом Муслим).
Бу ўриндаги ёмғир сўрашликдан ирода қилинган нарса, ёмғир келишини ва ёмғирнинг ўрнини ой манзилларига нисбатлашдир.
Зайд ибн Холид разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияда кечаси ёмғир ёғган куни тонг намозини ўқиб бердиларда, инсонларга юзланиб: "Роббингиз нима деганини биласизларми?" – дедилар. Улар: Оллоҳ ва Расули биздан кўра яхшироқ билади, деганларида: "Оллоҳ шундай деди: "Бандаларимнинг айримлари Менга мўмин ва (айримлари) Менга кофир бўлиб тонг оттирдилар. Бизга Оллоҳнинг фазли ва марҳамати билан ёмғир ёғди, деганлар Менга мўмин ва юлдузларга кофир бўлди. Аммо, "Бизга фалон ва фалон буржлар сабабли ёмғир ёғди", – деганлар эса, Менга кофир ва юлдузларга мўмин бўлдилар", – деб жавоб бердилар. (Муттафақун алайҳ).
Юлдузларга қараб ёмғир сўрашнинг ҳукми:
1- Ислом миллатидан чиқарувчи куфру акбар. Агар юлдузларни ўзларича тадбир қилувчи, ёмғир ёғишининг ҳамма сабаби улар деб эътиқод қилса ёки юлдузларга қараб ғайб илмини биламан деб даъво (жазм) қилса, миллатдан чиқади.
2- Ҳаром. Унга қатъий алоқаси йўқ, лекин гумон қилади, ҳодисаларни билишда уни олдинга қўяди. Бу эса, мунажжимларга қўл келади.
3- Мубоҳ. Ёмғирнинг ёғишида ҳисоб-китоб йўли ва ундан бошқа идрок этиш билан билган йўл орқали унга зарурий алоқаси бор. (Ибн Таймия "Фатава" (25/168–177), Ибнул Қоййим "Мифтаҳ дарус-саъад" (2/201)).
Шамол эсганда нима дейилади:
Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шамол эсганда: "Парвардигоро! Мен Сендан бу шамолнинг, ундаги нарсанинг ва у билан юборилган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Унинг, ундаги нарсанинг ва у билан юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман", дердилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Шамолни сўкманглар!
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Шамол Оллоҳ таолонинг раҳматидандир, у раҳмат ва азоб олиб келади. Агар шамолни кўрсангиз, уни сўкманглар! Лекин, сизлар Оллоҳдан унинг яхшилигини сўранглар ва Оллоҳдан унинг ёмонлигидан паноҳ сўранглар!" – дедилар. (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Шамол сўкишдан қайтарилди, чунки у бўйсундирилди ва ўшанга яратилди ҳамда раҳмат ва азоб олиб келишга маъмур бўлди.
Момақалдироқ бўлганда нима дейилади:
Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳумо момақалдироқ овозини эшитса, гапидан тўхтаб қолар ва "Момақалдироқ ҳам У зотга (Оллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар)", оятини ўқиб, сўнгра айтарди: "Бу таҳдид Ер аҳли учун ўта қаттиқдир". (Имом Бухорий "Ал-адаб ал-муфрад" китобида ривоят қилган. Имом Нававий санадини саҳиҳ мавқуф деган).
Булутли ва ёмғир ёғаётган пайтда нима дейилади:
Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмонда кичик бир булутни кўрсалар, намозда бўлсалар ҳам амални тарк қилиб, сўнгра: "Павардигоро! Унинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман", дердилар. Агар ёмғир ёғса, "Оллоҳим! Фойдали ёмғир эт", дердилар. (Абу Довуд ривояти, санади қовий).
Имом Бухорийнинг ривоятида: "Оллоҳим! Манфаатли ёмғир эт", дердилар.
Бухорий ва Муслимнинг ривоятида: "Оллоҳнинг фазли ва раҳмати билан бизга ёмғир ёғди", дердилар.
Ёмғир ёғаётган пайтда дуо қайтарилмайди:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Икки ҳолатда дуо қайтарилмайди: азон вақтида ва ёмғир ёғаётганда". (Ҳоким ривояти, Албоний ҳасан деган).
Мунавий айтади: "Яъни дуо, раҳмат тушиб турган вақтда камдан-кам қайтарилади".
Ёмғир ёғиши асносида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъллари:
Анас разияллоҳу анҳу деди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эканимизда ёмғир ёғди, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимларини очдилар, ҳатто ёмғир унга (баданларига) тегди. Биз: Эй Оллоҳнинг расули, нимага бундай қилдингиз? – дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Чунки у Раббисидан яқинда келган", – дедилар. (Муслим ривояти).
Ёмғир керагидан ортиқ ёққанда ва ундан қўрқилганда нима дейилади:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга ўхшаш ҳолатда шундай дер эдилар: "Оллоҳим! Бизнинг устимизга эмас, атрофларга ёғдир. Парвардигоро! Қир-адирларга, водийлар ичкарисига ва дарахтзорларга ёғдир!". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ёмғир ёғмаслиги қаҳатчилик дегани эмас:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ёмғир ёғмаслиги қаҳатчилик эмас, балки ёмғир ёғиб, ердан бирор нарса ўсиб-унмаслиги қаҳатчиликдир". (Муслим ривояти). Нававий деди: "Ҳадисда келган "ас-сана" сўзидан мурод қаҳатчиликдир".
Чўкиш:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Шаҳидлар беш (тоифа инсонлар)дир...", улар орасида чўкиб ўлганларни ҳам зикр қилдилар. (Бухорий ривояти). Чўккан деганда, сувга чўкиб ўлганлар назарда тутилган. (Нававий шарҳи).
Буни мавзуимизга алоқадор жойи, қиш фаслида сел ва сув тошқини кўпаяди, ҳадисдан истифода қилароқ агар чўкиб ўлган киши динда, салоҳиятда ва ҳусни ҳолда бўлса, унинг шаҳид бўлганлиги умид қилинади.
Ухлаш олдидан оловни ўчириб ётиш:
Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Мадина аҳлидан бўлган бир кишининг уйи кечаси ёниб кетди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилганда, у зот: "Албатта олов сизларнинг душманларингиздир. Қачон ухламоқчи бўлсангиз, уни ўчириб ётинглар", дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ухлаётган пайтингизда уйларингиз- да оловларни ёқилган ҳолда қолдирманглар", деб айтдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: "Қайтариқнинг ҳикмати ўт тушишидан қўрқишдир. Қайтариқни ухлашдан олдинга чекланишининг сабаби, аксарият ҳолатда ғафлат юзага келишидандир. Бундан қачон ғафлат юзага келса, қайтариқ ҳосил бўлиши истинбот қилинади".
Бундан ухлаш вақтида печкани ёниб турган ҳолатда қолдиришдан қаттиқ огоҳ бўлиш истифода қилинади, ўша ҳолатдаги ҳодисалар махфий эмас, шундай экан эҳтиёткор бўлиш керак.
Иситмани сўкишдан қайтарилгани:
Жобирдан разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соибнинг ҳузурига кириб: "Эй Умму Соиб, сенга нима бўлдики, титраяпсан?" деганларида, Умма Соиб: "Иситма сабабли титраяпман. Оллоҳ бу иситманинг баракасини кетказсин", деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Иситма касаллигини сўкманглар. Чунки босқон темир зангини кетказганидек, иситма ҳам одам болаларининг хатосини кетказади", дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисда иситмани сўкишдан қайтариқ ва ўкиниб, норози бўлишнинг кариҳ амал экани ва иситма хатоларга каффорат бўлиши баён қилинмоқда. Бу ҳадиснинг мавзуимизга муносабати равшан, зеро қишда иситма билан оғрийдиганлар сони ортади.
Қиш фаслида шариати исломиянинг саховати намоён бўлади:
Булар жумласидан, эҳтиёж туғилганда икки намоз орасини жамлашга, маҳсига масҳ тортишга ва Оллоҳ ундаги ҳаражни кўтарган бошқа ишларга рухсат бўлади. Бу шариат Ҳакийм, Хобийр, Латийф ва Алийм зот томонидан тушурилган бўлиб, барча замон ва маконга муносиб келади.
"Бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади". (Ҳаж: 78-оят).
Қиёмат аломатларидан:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "То ғишт ва тошлардан бўлган уйлар (шаҳарлардаги уйлар) қолмасдан, фақат жундан бўлган уйларгина (саҳро ва даштлардаги уйлар) қоладиган ёмғир одамлар устига ёғмагунича Қиёмат қоим бўлмайди". (Имом Аҳмад ривояти. Шайх Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ деган).
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Осмондан ёмғир ёғмай, ердан ўсимлик ўсиб-унмай қолмагунича Қиёмат қоим бўлмайди". (Аҳмад ривояти, санади саҳиҳ. Ибн Касир санадини жаййид деган).
Бу икки ҳадис орасида қарама-қаршилик йўқ, чунки қиёмат аломатлари бир вақтда бўлмайди, балки юз бериши жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Биринчи ҳадис маълум вақт ва ҳолатда юз берадиган ҳодисага далолат қилса, иккинчи ҳадис ҳодисанинг бошқа бир вақтда юз беришини англатади, валлоҳу аълам.
Фазилатли амаллар ва зикрларга ҳарис бўл:
Имом Нававий айтади: "Билгинки, кимга фазилатли амаллардан бирор нарса етиб келса, унинг аҳлидан бўлиб қолиш учун ҳеч бўлмаса бир марта бўлса ҳам амал қилиб қолиши керак. Уни бутунлай тарк қилмасдан, қўлидан келгунича амал қилсин, зеро Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизларни бирор ишга буюрсам, кучларингиз етганича адо этинглар", деганлар. (Муттафақун алайҳ).
Зикр ва амалларни тадаббур, тафаккур билан, қалб, тил ва аъзолар билан қилишга ва ниҳоят мақсад, тўкис ажр ҳосил бўлишига ҳарис бўлгин.
Валлоҳу таъала аълам...