×
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: –Айн-Жалут жангидан олдин мўғулларнинг мусулмонлар устидан ғолиб бўлиш сабаблари; – Дамашқнинг мўғуллардан озод қилиниши; – Дамашққа Нажмуддин Абу Бакр ибн Суннийнинг қози этилиши; – Шомнинг мўғуллардан озод қилиниб, Миср билан бирлашиши; – Қутузнинг Шомга амирлар тайин қилиши; – Айн-Жалут маъракасининг самаралари;

Мўғул татар қиссаси 25- қисм

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Мўғул-татар қиссаси

Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Ўтган суҳбатимизда:

– Довулчилар гуруҳининг жанг майдонидаги ўрни;

– Айн-Жалут маъракасининг бошланиши;

– Мўғул қувватининг Айн-Жалут водийсига тамоман кириши;

– Мўғул лашкарининг қуршовда қолиши;

– Қутузнинг жанг майдонига кириши;

– Мўғул қўмондони Китбуганинг ўлдирилиши;

– Мўғулларнинг мағлубияти ва Айн-Жалутдан қочиши;

– Қутуз раҳимаҳуллоҳ Ислом мезонида кабилар мавзуимиз бўлган эди.

Айн-Жалут жангидан олдин мўғулларнинг мусулмонлар устидан ғолиб бўлиши сабаблари

Бутун оламга катта ўзгариш киритган Айн-Жалут жангидан олинадиган дарс ва ибратлар беҳисобдир. Ўша кундаги мусулмонларнинг, айниқса Малик Музаффар Сайфуддин Қутузнинг ҳар бир қадами, чизган режаси узундан узоқ шарҳларга лойиқдир. Айн-Жалут жангида ер юзида бузғунчилик ва ваҳшийликлар сиёсатини қўллаб келаётган мўғул лашкари тор-мор қилинди. Оллоҳ таоло бузғунчиларнинг ишини ўнгламайди. Мўғул истибдоди узоқ йиллар, яъни 40 йилдан ортиқ муддат муттасил мусулмонлар устидан ғолиб бўлиб келди. Бу даврда мусулмонлар қаҳр, жабр-зулм ва қаттиқ босим остида яшадилар. Мусулмонлар ўнлаб, ҳатто юзлаб жангларда мағлубиятга учрадилар. Кун келиб, бу жабр-зулм, хорлик ва истибдодга Айн-Жалут маъракасида нуқта қўйилди. Мусулмонлар улкан ғалабага эришдилар. Оллоҳ таоло марҳамат қиладики,

"Бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз"[1]

Ушбу ўринда иккита савол туғилиши мумкин, у иккисининг ҳам ечими бир.

Биринчи савол: нима учун мўғул лашкари Ислом умматга ғолиб бўлди? Ҳолбуки, мусулмонлар яхши, афзал уммат эдику! Гарчи Ислом уммати ўз манҳажига хилоф иш тутсалар, зиммаларидаги вожиботлардан узоқлашиб, қосирлик қилсалар ҳам, охир-оқибат барибир Ислом уммати эдику! Шундай экан, нима учун Оллоҳ азза ва жалла бузғунчи мўғулларни Ислом умматига ғолиб қилди?

Иккинчи савол: нима учун мўғул лашкари собиқ жангларда мусулмонлар устидан ғалабага эришдилар-у, Айн-Жалут жангида мағлубиятга учрадилар? Ҳолбуки, мўғул лашкари ўша ўша эдику! Нима сабабдан ўтган жангларда ғолиб бўлиб келган қўшин, Айн-Жалут жангида ғаройиб суратда батамом ҳалокат узра юз тутди?

Бу икки саволга саҳобий жалил амирул-муъминин Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳаётидан жавоб топамиз. У киши буюк "Қодисия жанги"да ислом лашкарига сардорлик қилган Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳуга қуйидагича хитоб қилади: "Сени ва аскарларингни ҳарқандай ҳолатда Оллоҳдан тақво қилишга буюраман, зеро, Оллоҳдан тақво қилиш душманга қарши тайёрланишнинг энг афзали ва ҳийланинг энг кучлисидир. Сени ва ёнингдагиларни душманингиздан кўра гуноҳингиздан эҳтиёткор бўлишингизга чақираман, чунки гуноҳ сизлар учун душманга қараганда хафвлироқдир. Мусулмонлар душманлари устидан уларнинг Оллоҳга қилган маъсиятлари сабаб нусратланадилар. Шундай бўлмаса, бизнинг уларга қувватимиз етмаган бўларди, чунки биз улардан оз ҳамда тайёргарлигимиз уларникидай эмас. Бордию маъсиятда улар билан баробар бўлсак, улар биздан қувватда устунлик қилади. Фазилатимиз ила нусратга эришмасак, қувватимиз билан уларни енголмаймиз. Билингларки, сафарингизда қиладиган ишларингизни билиб турадиган Оллоҳ азза ва жалла томонидан сақлаб турувчи фаришталар бордир, шундай экан улардан ҳаё қилинглар! Оллоҳнинг йўлида бўлган ҳолларингда Оллоҳга маъсият қилманглар! Душманимиз биздан ёмонроқ, шунинг учун бизга ғолиб бўлолмайди, деманглар! Қанчадан қанча қавмлар устидан улардан ёмонроқ бўлганлар ғолиб бўлишди. Аҳли китоб Бани Исроил Оллоҳнинг ғазабини келтирувчи амалларни қилганларида мажусий кофирлар улар устидан ғолиб бўлдилар.

Улар (Бани Исроилни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ҳовли-жойларни оралаб кездилар. Бу адо қилингувчи ваъда бўлди[2]"[3].

Яъни Умар разияллоҳу анҳунинг сўзи, мўғуллар мусулмонлардан ёмонроқ, шунинг учун ҳаргиз мусулмонлар устидан ғолиб бўлолмайди ёки яҳудийлар мусулмонлардан ёмонроқ, демак улар ҳам мусулмонларга ҳукмрон бўлолмайди ёки мажусийлар ёки насронийлар ва бошқалар мусулмонлар устидан ҳукм юргизувчи бўлолмайди, деган сўзимизга равшан жавобдир. Яҳудийлар аҳли китоб эдилар, бироқ улар ер юзида бузғунчилик қилиб, Оллоҳнинг ғазабига сабаб бўлган маъсиятларни қилдилар ва Оллоҳ азза ва жалланинг шариъатидан узоқлашдилар, шунда Оллоҳ уларнинг устига оловга сиғинувчи мажусийларни ҳукмрон қилди. Ҳолбуки, яҳудийлар мажусийлардан яхши ва афзал уммат эди.

Умар разияллоҳу анҳунинг бу мактуби нақадар гўзал. У агар мусулмонлар гуноҳ ва маъсият ишларни қилсалар, мағлуб бўлиб, кофирлар уларга ҳукмрон бўлишига ишора қилмоқда. Агар улар Оллоҳга тақво қилсалар ва Раббилари ва унинг Расули йўлидан юрсалар, ғолиб бўлиб келган ҳарқандай душманни енгадилар. Улар душманларидан кучли бўлганлари, ададларининг кўплиги, тайёргарликнинг зўрлиги билан нусратга эришмайдилар, балки улар Раббиларига боғланганлари ҳамда душманлари эса оламлар Раббисидан узоқ бўлганлари учунгина душманлари устидан нусратга эришадилар. Мана шу ўринда нима учун 40 сана давомида мўғулларнинг мусулмонлар устидан ғолиб бўлиб келганлиги ва айнан шу мўғул лашкари Айн-Жалутда мусулмонлардан енгилганининг сабабини фаҳмлаймиз. Шунингдек, тарих ва воқеликда жуда кўплаб ҳодисалардаги ўхшашлик ва такрорланишни англаймиз.

Умматнинг мажолсиз заифлиги, баъзида ғарбга, баъзан эса шарққа тобе бўлганини руҳан тушкун, ҳайбатини йўқотган, баъзан қолоқ, баъзида нўноқликда айбланиб хўрланган, тирноқ остидан айб қидирилиб унга ҳар хил лақаблар ёпиштирилганини, қонимизга ташналарни дўст тутилаётгани, мусулмон диёрларини вайрон, хароб қилаётганлар билан ҳамкорлик қилингани, мусулмонларни ўз юртларидан қувғин қилаётганларга садоқат билан ёндошаётгани, иқтисодларини синдираётганларга мадад бераётганлари, қўйингки хиёнатнинг барча турини кўрсангиз; буюк ислом умматининг душманлари назарида ҳеч бир қийматга эга бўлмай қолгани, яҳуд ва салибчилар ёки сигирга сиғиниб юрган бутпарастлар ҳам уларга золимона босимлар ўтказа олаётганининг сабабини кўрасиз. Ҳа, уммат Оллоҳдан узоқлашди, Уни унутди, амрларига хилоф қилди, қайтарганидан тийилмади. Оллоҳнинг назаридан тушган уммат устига Оллоҳнинг ўзи яҳудий, салибий, ҳиндус, атеист ва бошқа золимларни келтириб қўйгандир. Буларнинг барчасига гувоҳ эканмиз, тушкунликка тушиб, ноумид бўлиш эмас, балки тарихдан ибрат олиб, нажотимиз унинг қўлида бўлган зот Оллоҳ таолога қайтиш ва атрофдагиларни бундан воқиф қилиб қайтариш, амал қилиш лозим бўлади. Зеро, тарих ўз-ўзини такрорлайди. Минг йилларча тарихнинг бу қоидаси ўзгармади, ўзгармайди ҳам. Ҳақ ва ботил орасидаги кураш то қиёмат давом этади. Оллоҳнинг марҳамати ва саодатига лойиқ кишилар тарихдан тўғри хулоса қилишга муяссар бўладилар. Оллоҳ барчамизни ўшалар сафидан қилсин.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Оллоҳ бандасининг тавбаси билан, кимсасиз саҳрода озиқ-овқати ортилган туяси қочиб кеган кишидан ҳам кўпроқ хурсанд бўлади. (тасаввур қилинг) Туяни топишдан умиди узилгач, ноумид бўлиб бир дарахт соясига бориб (ўлимини кутганича) ётиб олди. Бир вақт қараса, туяси олдида турибди. Унинг тизгинидан тутганича қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан тили адашиб: «Эй Парвардигор! Сен бандамсан, мен роббингман», деб юборди[4]. (Оллоҳ бандасининг тавба қилишидан ана шу кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади)".

Кўриб турганингиздек ғалаба ёки мағлубиятнинг асоси тақводир. Агар мусулмонлар Раббиларига боғлансалар нусратга эришадилар, Ундан узоқлашганда эса мағлубиятга дучор бўладилар. Оллоҳ таоло бирор кишига зулм қилмайди, лекин инсонлар ўзларига зулм қилурлар. Оллоҳ таолодан динимизга гўзал суратда қайтаришини ҳамда Ислом ва мусулмонларга азизлик ва нусрат беришини сўраймиз.

Дамашқнинг мўғуллардан озод қилиниши

Айн-Жалут жангида улуғ ғалабага эришган Қутуз ва унинг лашкари ўз олдларига қўйган мақсадлари энди бошланди, десак ҳам бўлади. Мўғуллар Шомнинг бошқа шаҳарлари Дамашқ, Ҳимс, Ҳалаб ва бошқа жойларида ҳали ҳукмрон эди. Шунингдек мўғуллар, Ироқ, Туркия, Форс ва бошқа Ислом мамлакатларда тарқалиб кетган эди. Ислом ўлкалари мўғуллардан тамоман тозаланмасдан ёзнинг жазирама иссиғида Сино саҳросини кесиб ўтган, саноқсиз шаҳидлар берган, мислсиз аламлар чекиб, жароҳатлар олган Ислом лашкари ва қаҳрамон Қутузнинг кўнгли хотиржам бўлмаслиги аниқ эди.

Дарҳақиқат, Ислом лашкари июл ойида Сино саҳросини кесиб ўтиб, Ғазода мўғуллар билан жанг қилган, сўнгра Фаластиннинг жанубидан шимолига томон босиб ўтиб, Аккога етиб борган, сўнгра Айн-Жалутга қараб ортга қайтган эдилар. Айн-Жалутда мўғуллар билан катта тўқнашувдан кейин, Бейт-Шеанда уларнинг қолган қисми билан ҳам жанг қилди ва ғалаба қозонди.

Қутузнинг бундан кейинги қадами бевосита Дамашқ бўлди. Лашкар бир муддат ҳам дам олмасдан шимолга Дамашқ сари отланди. Айн-Жалут билан Дамашқ орасидаги масофа тахминан 150 км эди. Мўғулларнинг катта мағлубиятидан унумли фойдаланиш, уларнинг қайта оёққа туришига йўл қўймаслик, зудлик билан ёндош мусулмон шаҳарларни ҳам улардан озод қилиш айни муддао эди. Агар вақтни бой берилса, Хитой, Мўғулистон, Европа, Форс ва бошқа жойлардан мўғулларга мадад келиб, ўзларини тиклаб олиши мумкин эди. Моҳир саркарда Қутуз раҳимаҳуллоҳ Дамашқни мўғул гуруҳларидан тозалаш сари одим қўйди. У Айн-Жалутда мўғул лашкарининг биттаси ҳам тирик қолмаганини яхши биларди. Яъни Дамашқдаги мўғулларга Айн-Жалут фожиаси хабари етиб бормаган. Қутуз раҳимаҳуллоҳ 658 ҳ.с. 27 рамазон / 1260 м.с. 12 сентябр якшанба куни Табарияга келди ва Дамашқ аҳлига Айн-Жалут жангидаги улкан ғалаба муждасини ўз ичига олган мактуб билан элчи жўнатди[5]. Бу хабар Дамашқдаги вазиятни остин-устин қилиб юборди. Мусулмонлар маънавияти қанчалар юксалса, мўғулларники эса шунча тушди. Мўғулларнинг босими остида бирор ҳаракат ва қаршилик қилмасдан жимгина юрган мусулмонларга нусрат хабари келиши билан ўзларини ҳимоя қилишга киришдилар. Баъзилар насронийлардан ўч олишга бел боғладилар, уларнинг жойларини ва канисаларини вайрон қилиб, бир қанча насронийларни қатл қилдилар[6].

Бу мактуб 658 ҳ.с. 27 рамазон / 1260 м.с. 12 сентябр якшанба кечаси етиб борган эди[7]. Дамашқда катта қўзғолон, инқилоб бошланди, мўғулларнинг бир қисми ўлдирилди, бир қисми асир олинди ва яна бир қисми шимол томонга қочиб қолишди. Халқ ўша ночор халқ, мўғуллар ҳам ўша мўғуллар! Лекин Айн-Жалутдан келган хушхабар вазиятни буткул ўзгартирган эди. Айн-Жалутдаги намуна натижасида халқ қаршилик қилиш, ҳимояланиш ва Оллоҳ йўлида жанг қилишга қодир эканини англади. Ҳукуматни бошқариб турган мўғулларнинг умуман ҳайбати қолмади ва инқилобчиларга қарши туришга тоқат қилолмади. Дамашқ бир неча лаҳзалар ичида мўғуллардан озод қилинди[8]. Мўғуллар Дамашқни босиб олганига 7 ойу 10 кун бўлган эди[9].

Қутуз раҳимаҳуллоҳ 30 рамазон куни, яъни мактуб келганидан уч кундан кейин Дамашққа келганида шаҳарда битта ҳам мўғул қолмаган эди.

Қутуз ва Миср лашкарининг Дамашққа келиши

Қутуз раҳимаҳуллоҳ 30 рамазон / 15 сентябр чоршанба куни Дамашққа келиб, ҳарбий лагерини ўрнатди, сўнгра 2 шавволда Дамашққа кирди[10]. Йўл атрофига безаклар осилган, эркак, аёл ва болалар пешвоз чиқиб қаҳрамон малик Музаффарни кутиб олдилар. 40 йилдан бери мусулмонлар бу қадар севинмаган, хурсанд бўлмаган эдилар. Ҳа, бу ҳақиқий хурсандчилик эди!

"(Эй Муҳаммад), айтинг: «Оллоҳнинг фазлу марҳамати ва раҳмат-меҳрибонлиги билан – мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир»[11]

Бу шодлик - Оллоҳ динининг нусрати, бу дунё лаззатларидан ҳеч бирига қиёслаб бўлмайдиган Исломнинг олий ва мусулмонларнинг азиз бўлиш хурсандчилиги, буюк шодлик эди.

Мумлуклар лашкари Дамашққа кирди ва юртга ҳақиқий омонлик берилди, ҳатто насроний ва яҳудийларнинг жонию молига ҳам тўлиқ омонлик берилди.

Дамашққа Нажмуддин Абу Бакр ибн Суннийнинг қози этилиши

Қутуз раҳимаҳуллоҳ Дамашққа мўғуллар қози этиб тайин қилган Ибн Закийни мансабидан четлатиб, унинг ўрнига Нажмуддин Абу Бакр ибн Суннийни қози этиб тайинлади[12]. Янги қози мусулмонлар ва насронийлар орасидаги келишмовчиликлар устида ҳукм чиқарди ва ихтилофларга чек қўйди. Бу ҳукмга кўра бирорта насронийга мусулмон ўлкада зулм қилинмади. Ҳолбуки, насронийлар мўғуллар даврида мусулмонларнинг бошига не-не кулфатларни солган эди!

Шомнинг мўғуллардан озод қилиниб, Миср билан бирлашиши

Қутуз раҳимаҳуллоҳ Дамашққа келган куннинг эртасига рамазон ҳайити бўлиб, бу байрам мусулмонларга 40 йилдан бери ўтган байрамларнинг энг улуғи, нафақат рамазон ҳайити, шу билан бирга нусрат ва тамкин билан қўшалоқ байрам бўлган эди.

"кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Оллоҳнинг сўзигина олий сўздир. Оллоҳ қудратли, ҳикматлидир"[13]

Қутуз вақтни бой бермасдан Ислом лашкари муқаддимасини Рукнуддин Бейбарс бошчилигида Шомнинг бошқа шаҳарларини ҳам мўғуллар исканжасидан озод қилиш мақсадида қочиб қолган мўғуллар ортидан юборди. Бу Ислом лашкари Ҳимсга етиб келди ва мўғулларнинг ҳарбий лагерига ҳужум қилишди, мўғуллар саросимага тушиб, ҳовлиққанларича қочиб қолишди. Вазият бутунлай алмашган эди. Мусулмонлар минглаб биродарларини асирликдан озод қилдилар ва мўғулларнинг ортидан тушиб, аксариятини қиличдан ўтказдилар ва қолганларини асир олдилар. Мўғуллардан тирик қолганлари бошпанасиз, қувғинда қолдилар. Ҳа, Ҳимс ҳам қисқа фурсат ичида озод қилинди[14]. Сўнгра Ислом қуввати Ҳалаб томон отланди. Мўғуллар, ҳуркиб ўзига тешик ахтарган сичқон мисоли шаҳардан қочиб қолишди. Мусулмонлар уларнинг кетидан тушиб, бир қисмини ўлдирдилар ва яна бир қисмини асир олдилар. Оллоҳ таоло кўз очиб юмгунча бир ҳолатни иккинчи ҳолатга ўзгартириб қўйди. Мусулмонлар Шом[15] диёрини бир неча ҳафталар ичида мўғуллардан озод қилишди. Шом янгидан мусулмонлар қўлига кирди[16]. Оллоҳ азза ва жалладан шу кунларда Шомнинг қалби Сурияда бўлаётган қирғинларни ҳам мусулмонлар фойдасига ҳал қилиб, Шом ва бошқа Ислом ўлкаларини ҳамиша озод ва иззатда бўлишини сўраб қоламиз.

Сўнгра Қутуз энг улуғ масалани ҳал қилишга киришди. Бу масала Шом ва Мисрни қайтадан бирлаштириш режаси эди. Шом Мисрдан 648 ҳ.с. Солиҳ Нажмуддин Айюб вафотидан сўнг ажралиб кетган ва улар ўртасида тўлиқ ўн йил давомида кескин ихтилоф ва келишмовчиликлар давом этиб келган эди. Бу ислом ўлкаларини Қутуз янгидан бирлаштириб, бир бутун давлатга айлантирди. Мусулмонлар бахтиёр онларни бошдан кечира бошладилар[17].

Шомга амирлар тайинлаш

Қутуз шаҳарларга волийлар тайин қилишни бошлади. У доҳийлигидан баъзи Айюбий амирларни ўз мансабларига қайтарди. Қутуз энди уларнинг хиёнатларидан қўрқмас, чунки улар Қутуз ва унинг лашкарига тенглашадиган кучга эга эмаслигини яхши биларди. Қутуз Ҳимс амирлигини Ашроф Айюбийга тақдим қилди. У бир пайтлар мўғуллар билан иттифоқдош бўлган, лекин кейин надомат қилиб, тавба қилган ва мусулмонлар сафига қайтган эди[18].

Ҳалаб амирлиги Алоуддин ибн Бадруддин Луълуъга берилди[19]. Маълумингизки, унинг отаси Мосулнинг амири Бадруддин Луълуъ мўғулларга ўта садоқатли киши эди. Унинг оламдан ўтганига кўп бўлмаган эди. Аммо унинг ўғли Алоуддин эса, Қутузни ва мусулмонларни қўллади ва унга садоқатли бўлди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ қора ҳарфлар билан битилган отанинг тарихини ўғлига ғов қилмади.

Бу ўриндаги нозик нуқта, Қутуз Рукнуддин Бейбарсга агар Ҳалабни мўғуллардан озод қилсанг, волийлигини сенга бераман, дея ваъда берган эди. Лекин Бейбарс Ҳалабни озод қилганда, юқорида зикр қилганимиздек Алоуддинга берди. Бу эса Рукнуддиннинг Қутузга нисбатан адоватига сабаб бўлди. Қутузнинг озгина эътиборсизлик ила ваъдасида турмагани ўз ҳаётига зомин бўлди![20]

Қутуз ҳар бир кишини қудратига яраша муомала қилиб, Ҳамаҳ амирлигини ўз эгасига, яъни Айн-Жалут жангида мусулмонлар томонида туриб жанг қилган амир Мансурга топширди[21]. Китбугани ўлдирган амир Жамолуддин Оқушни Фаластин ва Ғазога волий этиб тайинлади[22]. Дамашқни Аламуддин Санжар Ҳалабийга берди[23]. Шу тариқа Шомдаги вазият барқарорлашди ва Исломнинг шавкати ортди. Яҳудий ва насронийларнинг мусулмонларга таҳдид солишга мажоли ҳам қолмади.

Шом шаҳарларига волийларни тайин қилиш ва мамлакатда тартиб ўрнатиш учун 25 кун атрофида вақт кетди. Султон Қутуз раҳимаҳуллоҳ 658 ҳ.с. 26 шаввол / 1260 м.с. 11 октябр душанба куни Мисрга пойтахт Қоҳирага бир қатор сиёсий ишларни тартиблаш ва идора қилиш мақсадида йўлга отланди[24].

Ортга бир назар қилсак, Қутузнинг ҳокимият тепасига келганига атиги 11 ой бўлган эди, холос. Чунончи у 657 ҳ.с. 24 зулқаъда куни / 1259 м.с. 19 ноябрда тахтга ўтирган эди. Мана ҳозир 658 йил шавволнинг охирида Қоҳирага қайтаяпти.

Шу тариқа мусулмонлар мўғуллар устидан ғалаба қозондилар.

Айн-Жалут маъракаси самаралари

Айн-Жалут жанги гарчи қисқа муддатда юз берган ва бир кунда ниҳоясига етган бўлсада, унинг самараларини қанчалар катта ва улуғ эканини тасаввурга сиғдириш қийин. Бу ўринда унинг самараларини тўлиқ ўрганиб чиқишга вақтимиз етмасада, енгил зикр қилиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб билдик. Бу мавзу таҳлилчилар учун ғоят аҳамиятлидир.

Биринчи самара: Оллоҳ таоло амридан йироқлашган мусулмонларнинг Оллоҳ азза ва жаллага қайтишлари. Мусулмонлар бу жангга ҳозирлик кўриш асносида, жанг пайтида ва ундан кейин Раббиларига қайтдилар. Улар Оллоҳга қайтганларида кўпчилик таҳлилчилар ҳақиқий мўъжиза, деб эътибор қилган нусрат рўёбга чиқди. Буни одамлар яхши тушуниб етдилар. Мусулмонлар Айн-Жалут маъракасидан сўнг, урушдаги ҳақиқат Оллоҳнинг амри асосига кўра бўлишини англадилар.

Иккинчи самара: Айн-Жалут ғалабаси узоқ вақтлардан бери уларни қийнаб келаётган руҳий тушкунликни бартараф қилди. Оллоҳ таолодан умидвор бўлиб, ноумид бўлмаслик шарт эканлигининг маъносини англадилар. Кофирлар қуввати ҳарқанча кучли бўлсада бир кун келиб завол топажагини тушуниб етдилар. Ва улар Оллоҳ таолонинг қуйидаги каломининг мағзини чақдилар,

"Сизни кофирларнинг юртларда (бир неъматдан иккинчисига шўнғиб) кезишлари алдаб қўймасин! (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у!"[25]

Мусулмонлар Оллоҳ таолонинг амрига қайтиб, Маҳдий ёки бошқанинг лашкарини кутмай, ўзлари нусратга эришишлари ва душманга ғолиб бўлишлари мумкинлигини аниқ идрок қилсалар, Оллоҳ таоло нусрат беради. Тавба сурасида Оллоҳ таолонинг мусулмонлар тилидан айтган сўзига диққат қилинг:

"Биз эса сизлар учун Оллоҳ сизларга Ўз даргоҳидан ёки бизнинг қўлимиз билан бир азоб етказишини кутмоқдамиз"[26]

Демак, мусулмонлар ўзлари ҳаракат қилиб, амал қилишлари лозим, сўнгра Оллоҳ таоло ўзи истаган бандаларига нусратини нозил қилади.

"Агар Оллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир"[27]

Валлоҳу таъала аълам....

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.



[1] Оли-имрон: 140

[2] Исро 5- оят.

[3] Сиржоний "Қиссатут-татар" (333, 334 - бет).

[4] Имом Муслим ривояти.

[5] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет).

[6] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет).

[7] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/402),

[8] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/402),

[9] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет).

[10] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (126 - бет).

[11] Юнус: 58

[12] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/405).

[13] Тавба: 40

[14] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет), Саллабий "ал-Мўғул" (365 - бет).

[15] Шом - Сурия, Ливан, Фаластин ва Урдунни ўз ичига олади.

[16] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/402).

[17] Саллабий "ал-Мўғул" (365 - бет), Сиржоний "Қиссатут-татар" (340, 341 - бет).

[18] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/401, 404), Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет).

[19] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/401, 404), Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет).

[20] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/404), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (128 - бет).

[21] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/401, 404), Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет).

[22] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (126 - бет).

[23] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/405), Мақризий "ас-Сулук" (1/518 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (126 - бет).

[24] Мақризий "ас-Сулук" (1/519 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (128 - бет).

[25] Оли-имрон: 196, 197

[26] Тавба: 52

[27] Юнус: 107