Мўғил татар қиссаси 23-қисм
Категориялар
Full Description
- Мўғул татар қиссаси 23- қисм
- Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
- Мўғул-татар қиссаси
- Ўтган суҳбатимизда:
- Миср лашкарининг Ғазога отланиши
- Ғазо жанги
- Фаластин – ғалабалар диёри
- Ғазо ғалабасининг аҳамияти
- Мусулмонлар билан Акко салибчилари орасидаги тинчлик
- Китбуганинг мусулмонлар қаршисидаги аҳволи
- Ислом лашкарининг Айн-Жалут сари йўналиши
- Соримуддин Ойбекнинг мусулмонларга йўллаган элчиси
- Ислом лашкари муқаддимасининг Айн-Жалутга тушиши
- Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Мўғул татар қиссаси 23- қисм
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Мўғул-татар қиссаси
Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.
Ўтган суҳбатимизда:
– Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг фатвоси;
– Қутуз ва амирларнинг мўғулларни қаршилаб олиш борасидаги фикрлари;
– Акко муаммоси;
– Мусулмон қўшиннинг покланиши кабилар мавзуимиз бўлган эди.
Миср лашкарининг Ғазога отланиши
Қутуз раҳимаҳуллоҳ мўғулларга қарши жанг қилиш қарорини берган, Фаластинга бориб жанг қилишга бел боғлаган эди. Миср лашкари бир жойга жамланди, сўнгра Фаластин сари одимлай бошлади. (18 - х). Бу ҳодиса 658 ҳ.с. шаъбон ойининг бошлари / 1260 м.с. июлнинг ўрталарига тўғри келган, яъни бу йўлчилик ёзнинг жазирама иссиқ кунларида, Синонинг қурғоқ саҳроси орқали бўлган эди[1].
Мусулмон лашкар шимоли-шарққа, Сино томонга, сўнгра Синонинг шимоли бўйлаб Ўртаер денгизи соҳили қаршисидан Ғазогача саҳро узра йўл юришди.
"Парвардигоро! Биз сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони, амаллардан эса ўзинг рози бўладиганини насиб этишингни сўраймиз! Парвардигоро! Бизларга бу сафаримизни енгил қилгин! Узоқлигини яқин қил! Парвардигоро! Сен сафаримизда йўлдош, аҳлимизда эса халифасан! Парвардигоро! Бизни сафар машаққатларидан, сафарда қайғули кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлишидан ва молу аҳлимизга зиён заҳмат етишидан ўзинг асрагин".
Йўл ўта машақатли эди. Мусулмон жангчилар сабрла Табук ғазотини ёдга олдилар. Ҳақиқатан бу ғазот айни Табук ғазотидаги қийинчиликларни хотирлатарди. Табук ғазоти ҳам жазирама иссиқ кунларда, Мадинада иқтисодий танглик замонида, узун саҳро орқали бўлган сафар ва ўша замондаги энг қувватли Рум давлатига қарши бўлган жанг эди. Бу сафарги жангда ҳам мусулмонлар худди шундай жазирама кунларда, саҳро орқали юриш, иқтисодий танглик дамлари ҳамда ер куррасидаги баҳайбат ва қувватли Мўғул давлатига қарши бўлаётган эди. Тарих такрорланмоқда, фақат Табук кунида мусулмонлар Рум лашкарини топмаган ва жанг содир бўлмаган эди. Аммо бу ғазотда мўғуллар мусулмонларни кутиб турарди.
Қутуз раҳимаҳуллоҳ мусулмон лашкарнинг сафларини тартиблашга киришди, зеро олдинда буюк жанг бор. Мусулмон лашкар мўғул қўшинидан бир бўлагига дуч келса ҳам жанг қилишга тайёр турарди. Қутуз лашкарнинг бошига етук қўмондон Рукнуддин Бейбарсни тайин қилди. Уни лашкарнинг олдинги сафларига қўйилишидан мақсад, биринчи зарбада мўғулларни ер тишлатиш эди. Мўғулларнинг оз қисмини бўлсада биринчи зарбада енгилиши мусулмон лашкарнинг руҳиятини кўтарарди. Қутуз лашкарнинг олдинги сафига энг кучли жангчилар гуруҳини қўйиш билан бирга, бу гуруҳни лашкардан ажратди ва уни анча олдинда юришига амр қилди. Бу эса мўғул разветкачиларининг кўзини шамғалат қилиш учун қилинган эди, тоинки мўғуллар бу гуруҳни кўриб, мусулмон лашкари шу экан деб, шунга яраша ҳаракат қилган вақтда орқадаги асосий қўшин қақшатқич зарбани бериши учун эди. Қутузнинг бу режаси мўғулларнинг хаёлига ҳам келмади.
Ғазо жанги
Рукнуддин Бейбарс раҳимаҳуллоҳ 658 ҳ.с. 8 шаъбон / 1260 м.с. 26 июл куни Миср ҳудудларидан ошиб, Фаластин ерларига кирди[2]. Мусулмон лашкарининг асосий қисми йўлда эди. Бейбарс Фаластин ерларига кириши билан Ғазодан 30 км жанубда жойлашган Рафаҳ, сўнгра унинг шимолида жойлашган Хон-Юнус ва Дайр ал-Балаҳ[3]дан ўтиб, Ғазога яқинлашиб қолди. (19 - х) Шундагина мўғуллар Рукнуддин Бейбарснинг лашкарини кўришди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ гумон қилганидай улар мусулмон лашкарининг бори шу, деб тахмин қилдилар ва Ғазодаги мўғул лашкари бошқа шаҳарлардаги мўғуллардан мадад ҳам сўрамай уларни қарши олишга киришди. Ғазода мусулмон лашкари билан Байдер бошлиқ мўғул қўшини ўртасида тўқнашув содир бўлди[4]. Маълумингизки, мусулмон лашкарининг муқаддимаси анча кучли, Ғазодаги мўғул гуруҳи эса нисбатан кучсиз эди. Мўғул қўмондони Китбуга ва асосий мўғул лашкари эса бироз олисда - марказий ҳарбий лагерда, яъни Ғазодан 300 км узоқда Ливан ерларида жойлашган Бақоъ водийси – Баълабаккада[5] эди[6]. Барча шарт-шароитлар мусулмонлар фойдасига хизмат қилаётган, кичик бўлсада ғалаба нишоналари кўринаётган эди. Воқеъда ҳам Рукнуддин Бейбарс бошлиқ қўшин Ғазодаги мўғуллар устидан ғалаба қозонди, уларнинг бир қисмини ўлдирди, қолганлари шимолга қочиб қолишди[7]. Шимолга қочганлари Китбуганинг ёнига етиб келиб, Ғазодаги аянчли мағлубиятлари ва мусулмон лашкарининг шимол тарафга қараб келаётгани хабарини беришди.
Мўғул армияси эсанкираб енгилди. Уларни нима эсанкиратди?! Уларни тасодифий ҳужум, ёки пухта ҳарбий режа довдиратмади, балки уларга мусулмонларнинг жон-жаҳдлари билан, ортга қайтмай жанг қилишлари янгилик бўлганди.
Мусулмонлар динлари, ватанлари, шарафлари ва номусларини сақлаш учун кураш бошлаган эди. Мўғуллар йилларча мусулмонларнинг қўрқиб қочишларига гувоҳ бўлиб келар, мусулмон бошлиқларидан доимо қуллуқ ва мулозаматни топар эди. Ҳа! Уммат заифлашиши мумкиндир, бироқ ўлмайди, улардан кимлардир ғанимларга қуллуқ қилса, бошқалари Оллоҳнинг амри келгунга қадар динни ва умматни ҳимоя қилиб борадилар.
"Саҳиҳайн"да ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: "Умматимнинг бир тоифаси ҳақ узра зоҳир бўлиб қолаверади, то қиёмат уларга қарши чиққанлар ҳам, ёрдамсиз қўйганлар ҳам – уларга ёрдам беришда ёки улар билан бирга туришда қосирлик қилганлар ҳам – зарар етказолмайди". "Улар қаердалар, ё Расулуллоҳ?", деб сўралганда: "Улар Шомда", деб жавоб берганлар[8].
Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, "Улар қаердалар, ё Расулуллоҳ?", деб сўралганда: "Улар Байтул-Мақдисда ва Байтул-Мақдиснинг атрофида", деганлар[9]. Байтул Мақдис Фаластинда, унинг атрофи эса Фаластин ва Шом ерларидир.
Фаластин – ғалабалар диёри
Ғазо жанги, сўнгра Айн-Жалут жанглари байтул Мақдис ва Фаластин халқига бошқа жанглардан кўп ҳам фарқ этмасди. Оллоҳ таоло Фаластин ерларини мусулмонлар учун буюк ғалабалар макони қилгандир, буни тарихга шунчаки назар солган киши ҳам кўра олади. Тўғри бу жойларда ҳам енгилиш ва мағлубиятлар рўй берган, лекин бу ерларда мусулмонлар қийинчиликка дуч келган замонларда буюк ғалабалар юз берган.
Мусулмонлар Фаластин ва Шом ерлари: Ажнадин, Бейт-Шеан ва Ярмукда Рум императорлигига қарши; Ҳиттин, Табария ва Байтул Мақдисда салибчиларга қарши; Ғазо, Айн-Жалут ва Бейт-Шеанда мўғулларга қарши қаттиқ ва аччиқ жанглар олиб борди. Бундан сўнг мусулмонлар Акко, Асқалон, Ҳайфа ва бошқаларда салибчиларга қарши; Аккода французларга қарши; турли даврларда ва хоссатан 1936 м.с. да 4 йил давомида инглизларга қарши жанглар олиб борди. Шунингдек, бу ерларда яҳудларга қарши жанглар давом этмоқда, Оллоҳнинг изни билан яҳудларнинг ҳалокати бу муборак ерларда юз беради. Бу орзу ёки тахмин эмас, балки набавий башоратдир, имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: "То мусулмонлар яҳудларга қарши урушмагунларича қиёмат қоим бўлмайди. Шунда мусулмонлар уларни ўлдирадилар. Яҳудлар ҳатто тош ва дарахт ортига яшириниб олишади. Шунда тош ва дарахт: "Эй мусулмон, эй Оллоҳнинг бандаси, ортимда яҳудий бор, кел, уни ўлдир", дейди. Фақат ғарқад (ундай демайди), чунки у яҳудларнинг дарахтларидан"[10].
Ғазо ғалабасининг аҳамияти
Мусулмонлар Ғазода мўғуллар устидан нусратга эришдилар, гарчи бу ғалаба жузъий бўлсада муҳим аҳамият касб қиларди. Баъзи тарихчилар Ғазо жангини кўп ҳам эътиборга олмаса, баъзилари мутлақо аҳамият бермайдилар! Ҳолбуки, бу жанг мусулмонлар тарихидаги энг муҳим маъракалардандир[11]. Унинг аҳамияти кўп сондаги мўғулларнинг қатл қилингани, Ғазонинг муҳим стратегик жойлиги ва бошқа ҳарбий масалалар жиҳатидан эмас. Унинг аҳамияти мусулмонлардаги руҳий тушкунликнинг бартараф бўлганидадир. Мусулмонлар "Енгилмас" деб ном олган мўғулларнинг тумтарақай қочишларига кўзлари билан гувоҳ бўлдилар. Мусулмонларнинг руҳияти бағоят кўтарилди, "кимнингдир мўғуллар енгилибди, дегани қулоғингга чалиниб қолса, ишонма!" каби эл оғзида достон бўлган чўпчаклар бекорга чиқди. Ўз ўринда бу воқеа узоқ йиллардан бери мағлубият кўрмаган мўғул армиясига салбий таъсир қилди. Зоҳиран тор доирадаги ушбу устунлик буюк маънавият ғалабаси эди.
Мусулмонлар билан Акко салибчилари орасидаги тинчлик
Мусулмонлар Ғазодаги ғалабадан кейин, шимол тарафга Ўртаер денгизи бўйлаб йўналди. Қутуз ўз лашкари билан ислом шаҳарларидан бирин-кетин ўтиб борар эди. Улар Асқалондан, сўнгра Яфа[12]дан ўтиб, шимолга юришни давом эттирди. Тулкарм[13] шаҳрининг ғарбидан ўтиб, Ҳайфа шаҳрига етиб келишди. У ердан салиб амирлиги қўл остидаги Акко шаҳрига йўл олишди. (19 - х)
Қутуз Акконинг ташқарисида Акко қўрғонига лагер қурди. У салибийларни илгариги тинчлик аҳдларида турган ёки турмаганини билишни истади. Шу боис мусулмон амирлардан иборат делегацияни Аккога йўллади. Қутуз ва Акко салибий амирлари ўртасида элчилар воситасида мулоқот бошланди. Салибийлар мусулмон амирларни чиройли қаршилаб олишди ва икки тараф ҳам илгариги аҳдларида содиқликларини таъкидлашди. Зиёратлар бир неча бор такрорланди. Ҳатто иккала тараф ҳам вазият барқарор эканидан хотиржам бўлдилар. Сўнгра Қутуз мўғулларни қаршилаш мумкин бўлган муносиб жойни танлаб, йўлга чиқишга қарор қилди[14].
Қутуз Акко минтақасини тарк қилишга шайланган замон делегация сафида бўлган мусулмон амирлардан бири Акко амирлигининг ўта заиф ҳолатда экани ва улар мусулмонларнинг аҳдларидан хотиржамлиги ҳамда жангга тайёргарлиги йўқлиги, агар уларга тўсатдан ҳужум қилинса, мусулмон ўлкани насронийлардан озод қилиш мумкинлигини сўзлади. Бу мусулмон шаҳар 166 йил олдин босиб олинган эди. Амир Қутузга "Бу мустамлака шаҳарни озод қилиш фурсати", деди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ унга жавобан "Биз аҳдларга хиёнат қилмаймиз!" деди[15]. Ҳа, Қутуз ҳақиқий нусрат сабабларини топган эди. Оллоҳнинг шариъатига эргашиш, аҳдларга вафо қилиш шу сабаблар жумласидандир. Аҳдларга риоя қилиш шариъатимиз асосларидандир.
"Эй мўминлар, ақдларга (ўзаро келишган битимларга) вафо қилингиз!"[16]
Имом Термизий ва Абу Довуд раҳимаҳумаллоҳ Амр ибн Абаса разияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у киши деди: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: "Кимнинг бошқа бир қавм билан аҳдномаси бўлса, у ниҳоясига етгунигача ёки у қавм аҳдни бузганини билмагунича аҳдномани бузмасин!"[17]
Китбуганинг мусулмонлар қаршисидаги аҳволи
Қутуз Аккони ортда қолдириб, олдиндаги жанг учун муносиб жой кўзлаб жануби-шарққа томон йўл олди. Айни вақтда лашкарбоши Китбугага Ғазодаги мағлубият хабари етиб келди. У бу машъум хабарни эшитиб, қаттиқ ғазабнок бўлди. Бу минтақада мўғулларнинг илк бор енгилиши эди. У дарҳол қўшин ҳозирлаб, жанубга Фаластин сари йўлга отланди. У турган жой, яъни Бақоъ водийси билан Фаластиннинг шимоли, яъни Ливан-Фаластин чегараси орасидаги масофа 100 км атрофида эди. Одатда бу масофани лашкар икки ёки уч кунда босиб ўтарди. Бироқ Китбуга бу масофани бир ойдан ортиқроқ муддатда босиб ўтди. Фаластин ерларида жангга отланган рижолларни эшитиб, қалбига қўрқув кирган, у ерларга боришга юраги бетламай қадами оғирлашган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "бир ойлик масофадан (душманларим қалбига тушажак) қўрқув билан нусратландим"[18], деб хабар берганлар. Бу қўрқувни Оллоҳ ўз душманларининг қалбига жо қилгандир, "Мен кофир бўлган кимсаларнинг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар", деб ваҳий қилган эди"[19].
"(Илоҳлигига) ҳеч қандай ҳужжат-далил келмаган нарсани (яъни жонсиз бутларни) Оллоҳга шерик қилганлари сабабли кофирларнинг дилларига қўрқув солажакмиз"[20].
Оллоҳ таоло, беҳисоб лашкар қалбига – Оллоҳ йўлида жанг қилувчи мусулмон лашкарни қаршиларида кўргани замон – қўрқувни туширади. Бу мусулмонлар билан кофирлар ўртасидаги барча жангларда кузатилган ва бундан кейин ҳам кузатиладиган, ўзгармас ҳақиқатдир.
Китбуга Ливан тоғлари бўйлаб юриб, Фаластинга унинг шимоли-шарқидан ва Голан тепалигининг ғарбидан кирди. Сўнгра Урдун дарёсини кесиб ўтиб, шарқий Жалиле[21] минтақасига кирди. У бу минтақага Ғазодаги ҳодисадан хабар топганидан бир ой ўтгандан кейин етиб келган эди. Мўғулларнинг бу минтақага етиб келганидан хабар топган мусулмон разветкачилар бу ҳақда Қутузга хабар берди[22].
Ислом лашкарининг Айн-Жалут сари йўналиши
Қутуз раҳимаҳуллоҳ Носира шаҳридан ўтиб, жануби-шарққа то "Айн-Жалут водийси", деб аталган минтақага тезроқ етиб олишга ҳаракат қилди[23]. Айн-Жалут водийси тахминан икки шаҳар: жанубдан Набулус билан шимолдан Бейт-Шеан шаҳарларининг ўртасида жойлашган минтақа эди. Ҳозирги кундаги Жанин[24] минтақасига жуда яқин жойдир. Жанин минтақасида бундан бир неча асрлардан кейин Фаластин мужоҳидлари билан яҳудийлар ўртасида катта жанг рўй берган бўлиб, унда мусулмонлар ғоят матонатла сабр қилдилар ва 500 дан ортиқ шаҳид бердилар. Бу водийнинг ўрни беназир бўлиб, Ҳиттин минтақасидан 65 км жанубда жойлашган. Маълумингизки, бу минтақада 583 ҳ.с. / 1187 м.с.да, яъни бундан 75 йил олдин улуғ Ҳиттин жанги юз берган эди. Шунингдек, Айн-Жалут водийси бундан 6 аср олдин буюк баҳодирлар Холид ибн Валид ва Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳумолар бошчилик қилган улуғ Ярмук жанги содир бўлган Ярмук минтақасидан 60 км ғарбда жойлашгандир.
Қутуз раҳимаҳуллоҳ Айн-Жалут водийсини жанг учун энг қулай ва муносиб макон деб билди. Зеро, бу водий ясси майдон бўлиб, тахминан ҳамма томондан ўрта баландликдаги адирлар билан ўралган, фақат шимолий томонигина очиқ эди. Яъни худди тақасимон кўринишда бўлиб, атрофдаги адирлар бута ва дарахтлардан иборат чакалакзор эди. Бу эса мусулмон лашкарни чакалакзорга яшириш ва катта-катта пистирмалар қўйиш ҳамда водийнинг ўртасида мўғул лашкарини қуршаб олиш имкони берар эди.
Китбуга келмасдан бурун Қутуз раҳимаҳуллоҳ бу водийга етиб келди ва лашкарини тартиблади. Водийнинг очиқ томони, яъни шимолий қисмига Рукнуддин Бейбарс бошчилигидаги энг кучли гуруҳни жойлаштирди. Қутуз бутун қўшинни водийнинг шарқ, ғарб ва жануб томонидаги чакалакзорларга беркитди. У лашкарни 658 ҳ.с. 24 рамазон / 1260 м.с. 9 сентябр пайшанба куни тартиблаб бўлди. Маълумингизки, Бадр жанги, Макка ва Андалус фатҳлари рамазон ойига тўғри келган эди.
24 рамазон кечаси, Ислом уммати ҳарбий кучлари билан Мўғул ҳарбий кучлари ўртасида даҳшатли кураш юз беришига саноқли соатларгина қолган. Китбуганинг лашкари манманлик, ғурур ва мутакаббирлик билан мусулмонлар томон келарди.
"Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйдилар ва жуда катта кетдилар"[25].
Мўғул лашкари Бейт-Шеаннинг ғарбидан ўтиб, жанубга – ўзларини интиқлик билан кутиб, сафларини тартиблаб турган мусулмон лашкари тарафга –, яъни Айн-Жалутга йўналди.
Қутуз раҳимаҳуллоҳ Айн-Жалут водийсида турган дамда Фаластин халқидан шаҳар ва қишлоқлардан мусулмонларнинг катта гуруҳи аскарлар сафига келиб қўшилди. Яқинда ҳақиқий жанг бўлишига ишончлари комил эди. Бу ихтиёрий кўнгилли жангчилар мўғулларнинг бир гуруҳи Фаластинга келиб, унинг шимолидан жанубига қараб тўлиқ эгаллаган ва ниҳоят Ғазони ҳам босиб олган кезларда қаерда эдилар? Бундан олдин улар қаерда ўтирган эдилар? Ҳозир қаердан чиқиб келдилар? Яқин тарихда мухлис бошлиқлари бўлмаган бу халқ, бир томондан Қутуздай мухлис бошлиқдан таъсирланса, иккинчи томондан эса юқорида зикр қилганимиз маънавий ғалабадан илҳомланарди, десак янглиш бўлмайди. Бундан олдин динга хизмат, Ислом қадрини олий қилишни истаган содиқ мўминларнинг аксарияти эргашишга салоҳиятли, ўрнак бўлишга лойиқ, мухлис йўлбошчи йўқлиги боис қўл қовуштириб ўтиришдан бошқа чора топмасди.
Тўғри, улар мунтазам армия каби кучли ва маҳоратли бўлмасаларда, лекин Оллоҳ йўлида бирор бир амал қилиб қолишга муштоқ эдилар. Бу иштиёқ жанг майдонида катта рол ўйнаши табиий ҳол. Қутуз улардан қурол-яроқ ташиш ва аскарларга хизмат ишларида фойдаланди. Шу билан бирга улар мусулмонларнинг қорасини кўпайтирар, бу эса ўз навбатида кофирлар қалбига қўрқув соларди. Ўшанда касаллиги ёки ожизлиги ёки қарилиги сабаб жанг ҳам, хизмат ҳам қилолмайдиган ожизлар, аёллар ва болалар қишлоқлардан Айн-Жалут водийси сари чиқиб келишган эди. Улар водийнинг атрофига тўпланиб, баралла баланд овозда такбир айтиб, мусулмон лашкарининг ҳаққига дуолар қилишарди. Қўллар, тиллар ва қалблар дуо билан банд, улар Исломга ва мусулмонларга нусрат сўраб, ширк ва мушрикларни хор бўлишини тилаб, оламлар Раббиси субҳанаҳу ва таолога илтижо қилишар эди[26].
Бу ҳодисалар 658 ҳ.с. 24 рамазон / 1260 м.с. 9 сентябр пайшанба куни, катта жанг олдидан юз берган эди.
Соримуддин Ойбекнинг мусулмонларга йўллаган элчиси
Яна шу куннинг ўзида, яъни жангдан бир кун олдин ғаройиб ҳодиса юз берди. Бу Оллоҳ таолонинг ишидир. Ислом лашкари Айн-Жалут водийсида турган замон Шом аҳлидан бир киши шошилинч Қутуз ва унинг атрофидаги амирлар билан зудлик билан кўришмоқчи эканини билдирди. У ўзининг Соримуддин Ойбекнинг элчиси эканини сўзлади. Соримуддин Ҳулагу Шом ерларига ҳужум қилганда асир тушган мусулмонлардан бири бўлиб, кейинчалик у мўғул лашкари сафида хизмат қилишни қабул қилган эди. Соримуддин мўғуллар сафида кўпгина жангларда иштирок этган ва ҳозир улар билан бирга Айн-Жалутга келаётган эди. Нафсига эргашиб мўғулларга ёрдам беришни қабул қилганми ёки пайтини пойлаб мусулмонларга ёрдам беришни қасд қилиб мажбурликдан уларнинг сафига қўшилганми, номаълум эди. Бу у билан Оллоҳ таоло орасидаги сирдир. Бизга маълум бўлгани у Айн-Жалут жангидан олдин қўлидан келгунича мусулмонларга ёрдам беришга қарор берган эди.
"Парвардигорингизнинг қўшинларини ёлғиз Унинг Ўзигина билур"[27].
Соримуддин Ойбекни Қутуз раҳимаҳуллоҳ ҳам, мусулмон амирлар ҳам танимас эдилар. Уни бу ўринга – мусулмонларга улкан хизматларни қилиши ва Оллоҳнинг нусрати мусулмонлар ўйламаган тарафдан келиши учун – олиб келган Оллоҳ таоло эди. Бундан олдин Аҳзоб ғазотида асосий нусрат сабабчиси Нуъайм ибн Масъудни олиб келгани каби Соримуддин Ойбекни бу ўринга келтирган Оллоҳ барча айбу-нуқсонлардан пок зотдир.
"Парвардигорингизнинг қўшинларини ёлғиз Унинг Ўзигина билур"[28].
Соримуддин Ойбекнинг элчиси учта маълумот билан келган эди:
Биринчи: Мўғул лашкари ҳар доимгидек қувватли эмас. Мўғул хони Мангухоннинг ўлимидан кейин Ҳулагу бир қисм қўшинни ўзи билан олиб, Табризга кетган, айни вақтда мусулмонлар қаршисидаги мўғул лашкари Шомга бостириб кирган аввалги ҳолатидан оз. Бу хабар жуда муҳим эди. Мўғул қўшини Шомга кирган ҳолатидан кам бўлса, уларнинг устидан ғалабага эришса бўлади, деб мусулмонлар руҳан тетиклашди.
Иккинчи: Мўғул лашкарининг ўнг қаноти, чап қанотига нисбатан қувватлидир. Бунга кўра мусулмонлар чап қанотни кучайтириши лозим эди. Бу ҳарбий маълумот ҳам ғоят муҳим эди.
Учинчи: Мўғуллар сафида Ҳимснинг амири Ашроф Айюбий ҳам бор. Бироқ у мўғулларга ёрдам бераётгандай кўриниш берса ҳам, аслида эса жангда мусулмонларга енгилиб беради[29].
Бу ўринга ислом лашкарининг ҳарбий таҳлилчилари ҳам жамланган эди. Улар бу хабарларнинг барчаси мўғулларнинг ҳийласи бўлишидан қўрқиб, бу мўғулларнинг навбатдаги найранги, улар бизни бу хабарларга алданиб, керакли тадбирни олмаслигимизни мақсад қилган, шундай экан огоҳлигимизни кўрайлик дедилар. Лекин амалда эса, бу маълумотларни ростдай эътибор қилиб, сафларни шунга кўра тартибладилар. Кейин Соримуддиннинг гаплари мутлақо рост экани маълум бўлди.
Ҳижрий 658 йил 25 рамазон куни воқеалари
Рамазоннинг 24 куни ниҳоясига етди, аксар мусулмонлар кечани қиём, дуо, илтижо, умид билан бедор ўтказдилар. Бу кеча шу йилнинг энг улуғ кечаларидан эди. Чунки аввало бу кеча охирги ўн кунликнинг тоқ кечаси бўлса, иккинчидан Оллоҳ йўлидаги жангдан олдинги кеча эди. Тонг отганда ваҳший мўғуллардан милионлаб мусулмонлар қасоси олинажак. Оллоҳдан жанг майдонида собитқадамлардан айлашини сўраймиз!
Субҳ яқинлашди. Бомдод вақти ҳам кирди, мусулмонлар тонг намозини хушуъ билан адо этдилар, сўнгра сафларини тартиблай бошладилар. Тонг отди, қуёш ҳам ҳаялламасдан ҳар кунги ўзининг топшириғини бажариб, борлиққа нурини таратар эди. Бу кун осмонда ҳам, ер юзида ҳам байрам бўлган жума куни эди, шу билан бирга мусулмонлар учун буюк нусратга эришажаклари сабаб янада улуғ байрам бўлди.
658 ҳ.с. 25 рамазон / 1260 м.с. 10 сентябр жума куни Ислом тарихида мутлақо улуғ кун бўлгани учун барча мусулмонлар бу санани ёдларида сақлашлари лозимдир.
Қуёш чиқиб, оламни ёритганида мусулмонлар узоқдан водийнинг шимол тарафида мўғул лашкарини кўрдилар. Бутун оламга қирғин келтирган ваҳший мўғул лашкари водийга жуда яқин келди, водийнинг шимолий томони остонасида улкан ва баҳайбат мўғул лашкари тўхтади. Водийда бирор тирик жон кўринмасди. Барча мусулмонлар, ҳатто Рукнуддин Бейбарс бошлиқ лашкар муқаддимаси ҳам бу тонгда тепаликлар ортига беркинган эдилар.
Ислом лашкари муқаддимасининг Айн-Жалутга тушиши
Ислом лашкари Қутуз раҳимаҳуллоҳ тайин қилиганидек, унинг ишорасидан кейин Айн-Жалут водийсига мўғуллар қаршисига туша бошлади. Лашкарнинг кучли муқаддимаси бирдан тушмади, балки босқичма-босқич жангга кирди. Соримуддин Ойбек жанг майдонида мўғул қўмондони насроний Китбуганинг ёнида турарди. У Ислом лашкари муқаддимасининг жанг майдонига кириб келишини шундай васфлайди: тонг отиши билан ислом лашкари кўрина бошлади, унинг биринчи гуруҳи қизил ва оқ кийимда эди. Жанг майдонига биринчи бўлиб кирган гуруҳ соф ранглар: оқ ва қизил рангли либосда эди. Мусулмонларнинг ҳар бир гуруҳи ўзига хос либосда, яъни уст-бошлари, қилич ва қалқонлари ва отлари гўзал кўринишда эди.
Соримуддин Ойбек қонхўр Китбуга ҳақида гапириб, шундай дейди: буни кўрган Китбуга ва унинг атрофидаги мўғул лашкари эсанкираб қолди.
"Шунда бу инкор қилувчи довдираб қолди. Оллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди"[30]
Дарҳақиқат, у мусулмон лашкарини биринчи маротаба бундай кўринишда кўраётган эди. Бундан олдин у ҳамиша мусулмонларни қалъа ва қўрғонлар ортида қўрқиб, даҳшатга тушган ёки мўғулларни кўриб, ортига қарамай қочаётган ёки хор бўлиб бошларини мўғулларнинг қиличига тутиб турган ҳолатда кўравериб ўрганиб қолган эди. Аммо ҳозирчи, у довдираб қолди, у мусулмонларни бундай ҳайбатли кўринишда кўраман деб ҳечам ўйламаган, етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган эди. Китбуганинг қалбига қўрқув тушди, у Соримуддин Ойбекдан сўради: Эй Сорим! Бу ранг, бу гуруҳ кимники? Ҳақиқатан гуруҳ беназир кўринишда эди. Соримуддин Ойбек унга жавобан: Мамлуклар амирларидан бири, Сункар Румий гуруҳи, деди[31].
Мамлуклар бир-биридан ўзига хос ранглар билан ажралиб турарди. Ҳар бир гуруҳнинг ўз ранги бўлар, баъзиси оқ ва қизил бўлса, бошқаси кўк ва яшил, яна бошқаси янада бошқа рангда бўлар эди. Ўша ранг шу гуруҳга ишора қиларди, уларнинг Мисрдаги омборлари ва уйлари ҳам шу рангда бўларди. Бу ранглар орқали улар бир-бирларидан ажралиб турарди[32].
Қонхўр, золим мўғул қўмондонининг қалбига қўрқув солган гуруҳ ҳали ислом лашкари муқаддимасининг ҳаммаси эмасди. Ваҳший мўғул сардори ва мўғул лашкари қалбига кирган қўрқувни фақат қуйидаги ҳадис замирида шарҳлашимиз мумкин. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "бир ойлик масофадан (душманларим қалбига тушажак) қўрқув билан нусратландим"[33], деб хабар берганлар. Зеро нусрат фақат Оллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Уларнинг қалбларига бу қўрқувни жо қилган зот фақат Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодир.
Бир мунча замон ўтгандан сўнг иккинчи гуруҳ жанг майдонига тушди, улар сариқ либосда эди. Уларнинг савлатлари ва гўзаликларини таърифлаш қийин эди. Китбуга титраб кетди ва Соримуддиндан сўради: Бу кимнинг гуруҳи? Соримуддин деди: Бу яна бир мамлуклар амири, ливанлик ар-Рошид гуруҳи[34].
Сўнгра Рукнуддин Бейбарснинг қолган гуруҳлари жанг майдонига тушди. Ҳар бир гуруҳ бошқача рангда эди. Ҳар бир гуруҳ жанг майдонига тушганда Китбуга Соримуддиндан сўрар, у эса ўзидан тўқиб, асли бўлмаган турли номларни зикр қиларди. Бу билан у Китбуганинг Мамлуклар бениҳоя кўп экан, Миср, Шом ва бошқа жойдаги мамлуклар қуввати жамланибди, деб ўйлашини ва охир оқибат унинг қалбига қўрқув солишни қасд қилган эди.
Бундан сўнг жанг қандай кечди? Китбуга нима қилди? Мусулмонлар ғалабага эришдими? Мусулмонлар қандай талофат кўрди? Бу каби мавзуларни келаси дарсларимизда зикр қиламиз, иншааллоҳ.
Бу сўзларни айтарканман, ўзимга ва сизларга Оллоҳ таолодан мағфират тилаб қоламан.
Валлоҳу таъала аълам....
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
[1] Сиржоний "Қиссатут-татар" (298, 299 - бет).
[2] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2 - жилд, 1 - қисм, 313 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (121 - бет).
[3] Рус. Дейр эль-Балах.
[4] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2 - жилд, 1 - қисм, 313 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (121 - бет).
[5] Рус. Баальбек.
[6] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/401), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (122 - бет), Сиржоний "Қиссатут-татар" (301 - бет).
[7] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2 - жилд, 1 - қисм, 313 - бет), Мақризий "ас-Сулук" (1/516 - бет).
[8] Бухорий ва Муслим ривояти.
[9] Аҳмад ривояти.
[10] Бухорий: 6/75, Муслим: №2922.
[11] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (121 - бет).
[12] Ёки Яффа.
[13] Рус. Тулькарм.
[14] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (121, 122 - бет).
[15] Сиржоний "Қиссатут-татар" (305 - бет).
[16] Моида: 1
[17] "Саҳиҳу Аби Довуд": 2397; 2 / 528. "Саҳиҳу Сунанит-Термизий": 1285; 2 / 113 - 114.
[18] Бухорий: №2977.
[19] Анфол: 12
[20] Оли-имрон: 151
[21] Рус. Галилея.
[22] Сиржоний "Қиссатут-татар" (306 - бет).
[23] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (122 - бет).
[24] Рус. Дженин.
[25] Фурқон: 21
[26] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (122 - бет).
[27] Муддассир: 31
[28] Муддассир: 31
[29] Сиржоний "Қиссатут-татар" (312, 313 - бет).
[30] Бақара: 258
[31] Сиржоний "Қиссатут-татар" (316 - бет).
[32] Сиржоний "Қиссатут-татар" (317 - бет).
[33] Бухорий: №2977.
[34] Сиржоний "Қиссатут-татар" (317 - бет).