×
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: Жалолиддин Мангубердининг мўғул қўшинларидан қочиши; Мўғулларнинг Афғонистон диёрини босиб олиши; Мўғулларнинг Мерага шаҳрини эгаллаши; Ҳижрий 618 йилда мўғулларнинг Аббосийлар хилофатига ҳужум қилишдаги тараддуди; Мўғулларнинг Табризга ҳужум қилишдан бош тортишларининг сабаби; Мўғулларнинг Доғистон, Чеченистон ва Россиянинг жануби-ғарбини эгаллаши;

 Мўғул татар қиссаси 6- қисм

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

 Ўтган дарсимизда:

–        Мўғулларнинг Нишопур шаҳри ва унинг халқини яксон қилиши;

–        Ҳирот шаҳри вайрон ва унинг халқини йўқ қилиниши;

–        Хоразм диёрига мўғуллар босқини;

–        Жалолиддин Хоразмшоҳ сийрати;

–        Балқ жанги;

–        Қобул жанги;

–        Қобул (Парвон) жангидан тушган ғаниматлар устидаги ихтилоф сабабидан мусулмонларнинг бўлиниб кетиши, каби мавзуларни гаплашган эдик.

 Мангубердининг қочиши

Ўша кунларда мусулмонлар Раббиларининг синов юборишини унутдилар. Мусулмонлар мана шундай парокандалик ҳолатида турган вақтда, Чингизхон мусулмонлар устига лашкар тортди, лашкарнинг бошида эса, бу сафар ўзи эди. Ғазна ва Қобилда ғалабага эришган мусулмонлар бунинг гувоҳи бўлишди. Бироз олдин нусрат узра турган бўлсалар, энди эса, сафлари озайган, қўшиннинг қалбига қўрқув оралаб, кўнгиллари чўккан ва маънавиятлари чил-парчин бўлган эди. Жалолиддин Мангуберди лашкарининг ўта кучсиз ҳолатга тушганини кўриб, Чингизхон қўшинидан чекина бошлади. Жангни қолдиришга киришиб, маъракадан тисарилди, лекин Чингизхон унга йўл бермади. Жалолиддин Мангуберди илгари отаси қилган иш –давлатдан давлатга, шаҳардан шаҳарга кўчишни– бошлади, ҳатто бора-бора Покистоннинг чегарасига етиб қолди. Покистон чегараси ва Покистонни кесиб ўтиб, Покистон билан Ҳиндистонни ажратиб турувчи Ҳинд дарёсига етиб келди[1]. Шу ерда Ҳинд дарёсидан ўтиб, Ҳиндистонга киришни қарор қилди, ҳолбуки, унинг Ҳиндистон билан алоқаси жуда ёмон эди, лекин бу Чингизхонга йўлиқишдан кўра яхшироқ эди. Соҳилда кема йўқ эди, кутишга мажбур бўлди. Шу он тўсатдан Чингизхон лашкари билан етиб келди, қочай деса, ортида дарё, кема эса бир неча кунда келади, урушишдан бошқа чора йўқ. Икки тараф орасида қўрқинчли ва даҳшатли жанг бошланди, бундан олдин содир бўлган жангларнинг барчаси, бу жанг олдида гўё ўйин бўлиб қолди. Қонли жанг уч кун тинимсиз давом этди. Иккала гуруҳдан ҳам қурбонлар тўлиб кетди, мусулмонлар сафида ўлганлардан Ҳирот шаҳрининг амири Маликхон ҳам бор эди[2]. Ёдингизда бўлса, бундан олдинги жангдан кейин Сайфиддин Буқроқ билан ғанимат талашиб, хусумат чиқарган ва оқибатта Сайфиддин Буқроқ армиясини олиб, Жалолиддиндан ажралиб кетган эди[3]. Маликхон ўлдирилди, дунёдан бирор нарсага эга бўлмади, ҳатто қўлидаги қиличини ҳам қабрга олиб кета олмади. Тўплаган мол-дунёси ўлимни бир лаҳзага-да кечиктира олмади, лекин мусулмонларга бор кучи билан ёрдам берган ҳолатда ўлиш қаерда-ю, уларнинг ўртасида фитна чиқариб, мағлубиятига сабаб бўлиб ўлиш қаерда?!

Доктор Сиржоний маълум қилишича, жангнинг тўртинчи куни, иккала тараф талофатнинг кўплигидан жангни вақтинчага тўхтатади. Икки гуруҳ ҳам жанг ҳисоботига киришади. Мана шу вақтинчалик тинчлик вақтида, Ҳинд дарёси соҳилига кема келиб қолади, Жалолиддин илгари отаси қилганидек, фурсатдан фойдаланган ҳолда зудлик билан қочиб қолишга қарор қилиб, хос кишилари ва яқинларини олиб кемага минади. Ҳинд дарёсини кесиб ўтиб, Ҳиндистон ўлкасига етиб олади[4]. Дарёнинг ғарбий соҳилида мўғуллар билан бирга мусулмон давлатлар, шаҳар ва қишлоқларни, шунингдек, у ердаги фуқароларни аскарий ҳимоясиз ҳолатда тарк қилади. Мўғуллар оддий фуқаро билан ҳарбий аскар орасини ажратмас эди, устига-устак икки мағлубият натижаси ўлароқ, Чингизхоннинг қалбида юзага келган қаттиқ нафрат, адоватни қўшимча қилсак, бундан сўнг, у Жалолиддин ташлаб қочган халқнинг бошига неқадар қора кунларни солишини хулоса қилиб оламиз...

Бу воқеани доктор Муҳаммад Саллабий Ибнул Вардийдан нақл қилиб, шундай баён қилади: Бу мувофақиятсиз жангда Жалолиддин мўғуллар сафини ёриб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб олди, у ва унинг қўшинидан баъзилар мўғуллар исканжасидан қочишга муваффақ бўлдилар. Лекин у Ҳинд дарёсига юзланиб қолиб, жон ҳолатда оти ила дарёга қараб сакради, 20 зироъ кўтарилиб, дарёнинг асосий қисмидан ўтган, шу тариқа дарёнинг шарқий томонига кесиб ўтишга муваффақ бўлган эди[5]. Армиясидан катта миқдори қатл қилинган, дарёнинг шарқий соҳилига ўтмоқчи бўлганларининг кўпчилиги сувга ғарқ бўлган эди. Хоразм армиясидан 4 минг аскар ўз жонларини дарёнинг шарқий қирғоғига ўтиб қутқарган эди, худди қабрдан қўпорилган нушур аҳлидек, оч ва ялонғоч эдилар[6], – деб ёзади Насавий. Жалолидднинг етти ёш ўғли асирга тушди, Чингизхон болани отасининг кўз ўнгида ўлдирди. Жалолиддин соҳилга яқинлашганда соҳилнинг қарама-қарши томонида онаси, она бир синглиси ва аёлини кўрди, улар: Оллоҳ сени парча-парча қилсин, бизни ўлдир, бизни асирликдан қутқар дер эдилар, шунда у буйруқ қилди, яъни дарёга ўзларини отишга буйруқ қилди, оқибатта улар дарёга ғарқ бўлишди, бу улкан бахтсизлик ва нодир суратдаги офат эди[7].

Жалолиддин Мангуберди Ҳинд дарёси бўйида ҳижрий 618 йил 30 рамазон/мелодий 1221 йил 24 ноябр куни бўлган жангда мағлубиятга учради[8].       

 Афғонистон  ишғоли

Чингизхон мусулмонлар диёрига одатдагидан зиёда, қаттиқроқ ва бор ғазабини сочди. Шаҳарлар орасида Чингизхоннинг лашкари мағлуб бўлган Ғазна шаҳри қаттиқроқ жафо чекиб, улкан азоб-уқубатга гирифтор бўлди. Шаҳарнинг эркакларини битта қолдирмай ўлдирди, аёлларини асир, қул қилди ва бутун шаҳарга ўт қўйди. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ– айтганидек, "Бу шаҳар гўё куни-кеча обод бўлмагандек, томлари йиқилиб, ҳувиллаб қолган вайронага айланган эди"[9]. Айтишлик ўринли бўлган сўзлардан, Чингизхон шаҳар аҳли ичидан Жалолиддин Мангубердининг фарзанд- ларини тутиб олган эди, уларни ҳаммасини сўйишга буюрди. Ёрдамсиз ташлаб кетилган милионларча халқ тотган аччиқ аламни, Жалолиддиннинг ўзи ҳам тотган эди[10].

Байҳақий мурсал санад билан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Истаганинг каби бўл, қандай ёндошсанг, ўшандай ёндашиласан"[11], яъни "ҳукм қилганинг каби жазо оласан".    

Чингизхоннинг ўта юксак орзуси ушалган эди. Рўёбга чиқиши осон бўлмаган бу орзу – Афғонистонни маҳв этилиши эди. Афғонистонни истело қилиниши, нафақат Чингизхонни, балки барча босқинчи мустабидларнинг орзуси эди. Афғонистонни босиб олиниши, ислом умматини йиқитиш йўлидаги жиддий аҳамиятга эга бўлган қадам эди. Афғонистоннинг эгалланиши, бир қатор сабабларга кўра, ислом уммати учун ўта хатарли, душманлар учун ўта эътиборли эди, жумладан:

Биринчидан: Афғонистоннинг ҳужумга имкон бермайдиган тоғли ҳудуд эканлиги, бу эса душманга кучли табий ғов бўлиб, қўшни давлатларга киришни қийинлаштирар эди. Афғонистон бўйсундириладиган бўлса, Покистон, Эрон, ундан сўнг Ироқ каби қўшни давлатларни босиб олиш осонлашар эди.   

Иккинчидан: Афғонистоннинг муҳим стратегик мавқеи, у Осиёнинг ўртасида жойлашгандир. Афғонистон қўлга киритилса, бутун минтақаларни 360° бурчак остида, яъни ҳамма томонни бемалол кузатиш имконига эга бўларди. Бу билан Покистон, Эрон, Россия ва Ҳиндистонни назорат қила оларди, шунингдек, у Хитойга ҳам яқин эди. Афғонистон эгалланса, бутун Осиёга ҳукм юргизиш арзимаган иш бўларди.

Учинчидан: Афғонистоннинг тоғли табиати унинг халқига бошқа ўлкалардаги халқларга берилмаган салобат, қатъийлик ва қувватни берган эди.

Тўртинчидан: Халқининг исломга ўта юксак мойиллиги ва бошқалардан фарқли, мислсиз жиҳодий руҳдан баҳрамандлиги. Улар осонлик билан жон бермас, таслим бўлмас эди. Бу уларнинг мўғуллар устидан қозонган ғалабаларида ҳам исбот бўлди. Шу кунгача барча мусулмон жангчилар жангларда мўғуллардан енгилиб келди, илк бор мўғуллар Афғонистонда мағлубиятда гирифтор бўлди. Улар икки марта енгилган эди. Афғонистоннинг қўлга киритилиши, "анти муслим" қуввати учун улкан мувофақият саналар эди.         

Бешинчидан: Бу ҳодиса ислом умматининг маънавиятига даҳшатли тарзда салбий таъсир кўрсатган, мўғулларнинг маънавиятига эса, жуда катта ижобий таъсир этган эди. Афғонистон мўғуллар учун ўта хатарли бекат бўлиб, унинг босиб олиниши, нафақат Афғонистон аҳлига, балки умумий суратда бутун ислом умматига ўта жиддий ва салбий таъсир кўрсатган эди[12].

Шундай қилиб, мўғуллар ҳижрий 617/мелодий 1220 йилда Хитойдан бошлаб, Қозоғистонга, сўнгра Ўзбекистон, Туркманистон, Афғонистон, Эрон, Азарбайжон, Арманистон, ундан сўнг Грузияга кириб борган эди. Бу аччиқ ҳақиқат барча тарих китобларида собит бўлгандир. Мўғуллар бир йилнинг ичида ислом оламининг улкан шарқий қисмини эгаллаган эди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.... 

 Мерага шаҳри ишғоли

Мўғуллар ҳижрий 618 сананинг бошларида мусулмон Мерага шаҳрига лашкар тортди[13]. Бу минтақа Азарбайжоннинг шарқий ҳудудида жойлашган эди. Ажабланарли жойи, шаҳарнинг бошлиғи муслима аёл эди[14], нима учун мусулмонлар бундай таҳликали, нозик вақтда давлат бошқарувини аёл кишига топшириб қўйишган экан? Мамлакатда бошқарувга яроқли эркак киши қолмаганмикан? Хуллас, мўғуллар шаҳарни ўраб олишди, унинг атрофига манжаниқларни ўрнатишди ва мусулмон асирлар воситасида жангни бошлади. Мусулмон асирлар Мерагани ишғол қилишга киришди, улар дунёда озгина муддат яшаш илинжида мусулмон биродарларини ўлдира бошладилар[15]. Агар бу асирлар Мерагадаги биродарларини ҳимоя қилиб, мўғулларга қарши чиқишганида эди, ҳеч бўлмаганда оз бўлсада баъзи мусулмонлар нажот топган бўлар эди. Лекин саҳиҳ тушунча-ю соғлом дунёқараш йўқлиги кўзларни кўр қилган эди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ....       

Мўғуллар Мерага шаҳрига ҳижрий 618 йил 4 сафар куни/мелодий 1221 йил 6 апрел куни кирдилар ва унинг халқини бошида қилич юрғиздилар[16]. Ибнул Асир айтганидек, улардан беадад ва беҳисоб даражада инсонларни қатл қилдилар, ўзларига керакли ва олиб кетишга қодир бўлган нарсаларни талон-тарож қилдилар, олиб кета олмаганларини бир жойга тўлаб, ўт қўйдилар[17]. Ҳатто баланд тепалик баробар қимматбаҳо ипакни келтириб, ўт қўйишди. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ– айтади: "Бир мўғул хотин мусулмон хонадонга киради ва ундаги эркак, аёл ва болалардан иборат жамоани ўлдиради, улардан биронтаси унга қаршилик қилмайди. Ва Мерага халқининг биридан ўз қулоғи билан эшитганини шундай ҳикоя қилади: Битта мўғул 100 та мусулмон эркак бор сўқмоққа кирди, уларни битта-биттадан ҳаммасини қатл қилди, бирон киши унга қўл кўтармади. Инсонлар шу қадар хорликка гирифтор бўлиб, ўзларини на кўпчилик ва на озчиликдан ҳимоя қила олардилар... Оллоҳ азза ва жалладан хорликдан паноҳ тилаймиз"[18].

 Мўғилларнинг Аббосийларга ҳужум қилишдаги тараддуди

Бундан сўнг, 618 ҳ.с ларда мўғуллар Ироқнинг шимолида жойлашган Арбил шаҳрига юруш қилишни режа қилдилар[19]. У Ироқдаги Мосул шаҳри билан чегарадош шаҳардир. Арбил шаҳри ва унинг ғарбида жойлашган Мосул шаҳри аҳолисининг қалбларини қўрқув чулғаб олган эди. Арбил ва Мосул халқининг баъзилари мўғуллар йўлига тўғаноқ бўлмасликни ўйлади. Аббосийлар халифаси Носир Лидийниллаҳ мўғуллар Арбил шаҳридан воз кечиб, Боғдодга қараб юруш қилишидан қўрқувга тушиб, сергак бўла бошлади. У Арбил ва Ироққа қарашли бошқа шаҳарлардаги мусулмонларни мўғулларга қарши оёққа туришга чақирди. Аббосийлар  армияси тайёргарликка киришди. Халифа Носир Лидийниллаҳ юз минглаб мўғул лашкарига қарши бор-йўғи 800 кишинигина тўплай олди![20]       

Халифа Носир Лидийниллаҳда фақат халифанинг ташқи кўринишигина қолган эди. Аббосийлар армиясининг қўмандони Музаффаруддин бу оз сондаги қўшин билан мўғулларга қарши жанг қила олмаслиги аниқ эди. У мўғулларнинг юз мингларча қўшинини кўрган заҳоти ортга чекинишдан ўзга чора топмади. Бироқ жуда ғаройиб ҳодиса юз берди, мўғуллар бу чекинишни хийла деб ўйладилар. Бу арзимаган сондаги армия буюк ислом лашкарининг муқаддимаси бўлиши керак, деб тасаввур қилдилар. Чунки буюк Аббосийлар хилофатининг қўшини 800 аскардан ошмаслиги ақлга сиғмайдиган иш эди. Мўғуллар урушни қолдиришга қарор қилиб, улар ҳам ортга чекиндилар. Аббосийлар хилофатининг донғи бутун оламга етганида шубҳа йўқ эди. Шунинг учун, хилофатининг имкониятлари мўғуллар қалбига қўрқув солган эди.  

Аббосийлар хилофати, бошқа умматлар қаршисида жуда узун тарихи ва буюк ютуқлари билан ажралиб турар эди. Мўғул давлати бор-йўғи бир неча ўн йиллардан бери ер юзида пайдо бўлиб, ғолиблик байроғини кўтариб келаётган, Аббосийлар хилофати- нинг тарихи эса, 500 йилдан зиёдроқ эди. Шунинг учун ҳам, мўғуллар Аббосийларнинг имкониятларини керагидан ортиқча баҳолади ва хилофатга бевосита бостириб киришга ботинолмади. "Қатлиом" деган жангга киришди, муносиб вақтда уруш очиш, Ироқни танг аҳволга солиб қўйувчи шиддатли зарбалар бериш, узоқ вақт қамал қилиб заифлаштириш, Ироқнинг атрофидаги амирликлар билан тил бириктиришга қарор қилдилар. Мана шу сабабларга кўра, мўғуллар Ироқнинг умрини яна бир неча йилларга чўзиш учун ортга чекиндилар...

 Табриз мўғул ҳужумидан қутулиши сабаби

Мўғуллар Табризнинг амири Ўзбек ибн Паҳлавон билан тузган келишувини бузишни қасд қилиб, Эрондаги Табризга қараб йўл олишди. Лекин кутилмаганда бу фикрларидан қайтишди. Ўша кунларда шаҳарга Шамсуддин ат-Тоғроий исмли янги бошлиқ волийлик қилаётган эди[21]. Бу киши –раҳимаҳуллоҳ– динни ва дунёни яхши билувчи мужоҳид инсон эди. У киши –раҳимаҳуллоҳ– одамларни Оллоҳ йўлидаги жангга ҳозирлик кўришга чақирди, уларнинг қалбларида зўравонликка қарши туриш туйғусини жонлантирди, фаолиятсизлик ва кучсизликнинг оқибатидан огоҳлан- тирди, уларга олдиндан назарий жиҳатдан билган, бироқ амалий суратда мутлақо татбиқ қилмаган нарсаларини таълим берди[22]. Шунингдек, инсон вақти-соати келмагунича ҳаргиз ўлмаслиги, унинг ризқи ва ажали дунёга келишидан илгари битиб қўйилганини ўргатди. Улар мўғулларга қуллуқ қилсалар ва уларнинг олдида тиз чўксалар ҳам мўғуллар уларни тинч қўймаслиги, мусулмонлар фақатгина қўлларига қиличу қалқон олиб ўзларини ҳимоя қилмаса, ер куррасида уларни ҳимоя қилувчи бошқа куч йўқ эканлигини англатди.     

Шамсуддин –раҳимаҳуллоҳ–нинг саъй-ҳаракати натижаси ўлароқ Табриз аҳлининг қалбларида ҳамият, шавқ тўлқинланди, амирлари билан бирга юртнинг қўрғонини тузатиб, мустаҳкамладилар, шаҳар атрофига хандақлар қазидилар, қурол-яроқларини ҳозирладилар, баррикидалар ўрнатдилар, сафларни тартибладилар. Қавм Оллоҳ йўлида жангга шайланди. Мўғуллар шаҳардаги ҳолатдан, халқнинг исёнидан, ҳаммани Оллоҳ йўлида жангга отланганидан хабар топганларида нима қилди? Мўғуллар ўзларига исён кўтарганларни эшитиши заҳоти, ғазаб отига миниб, уларни битта қўймай қириб ташлаймиз, деб уларнинг устига лашкар тортдими? Йўқ, азизлар! Мўғуллар ҳайратомуз қарорга келдилар, бу қарор – Табриз шаҳрига кирмаслик, Оллоҳ йўлида жиҳод байроғини кўтарган қавмга қарши жанг қилмаслик эди. Оллоҳ таоло Табриз аҳли оз, мўғуллар сони кўп бўлсада, мўғулларнинг қалбига қўрқувни солди. Расулуллоҳ –саллоллоҳу алайҳи васаллам–  бир ойлик масофадан душманнинг қалбига тушадиган қўрқув билан нусратланган эдилар, шунингдек, Расулуллоҳ –саллоллоҳу алайҳи васаллам–нинг йўларидан юрадиган ҳар бир жамоа, бир ойлик масофадан душмани қалбига тушадиган қўрқув билан нусратланади. Жиҳод ҳали содир бўлмаган, қавм жиҳод босқичига етиб бормаган, фақат содиқ ният қилган, қўлларидан келгунча тайёргарлик кўришган эди ҳам, Раббоний ваъда рўёбга чиқди. Мусулмонларнинг тайёргарлик кўришларини ўзиёқ душманнинг қалбига қурқув солган эди. Бу унутилмас дарсдир,

"(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича тайёрлаб қўйингиз"[23]

Яъни имконингиз қадар тайёргарлик кўринг. Табриз халқи мўғул лашкарининг олдида қанча эди? Ёки ер билан яксон қилинган ислом давлатлари ва шаҳарларига нисбатан қанча эди?

"(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Оллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларин- гизни ҳамда улардан ташқари сизлар билмайдиган — Оллоҳ биладиган бошқа бировларни ҳам қўрқувга солурсизлар. Оллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга зулм қилинмаган ҳолда комил қилиб қайтарилур"[24]

Бу зулмат ичида порлаб турган нур эди. Оллоҳ таоло Шамсуддин ат-Тағроийни ўз раҳматига олсин, бу киши мусулмон Табриз шаҳрида динни янгилади.

Кинжа шаҳрида ҳам айни ҳодиса рўй берди, улар Оллоҳ йўлида жиҳодни эълон қилди ва унга тайёргарлик кўрди, Кинжа шаҳрига бирорта мўғул кирмади[25]. Бу тасодиф эмас, жиҳод байроғини кўтарган, унга тайёргарлик кўрган юртларга мўғуллар киришга журъат қила олмадилар. Такрор айтамиз булар тасодиф эмас, балки бу Оллоҳ таолонинг қонунларидан бўлган бир қонундир. Мусулмон шаҳарларнинг барчаси шундай қилганида эди, мўғуллар ва улардан бошқалар, мусулмонларнинг ерларига нажас оёқларини босмаган бўлар эди, валлоҳу аълам. Мусулмонлар бу шаҳарларни йиллар давомида ҳимоя қилиб келди, ададларининг кўплиги, иттифоқлиги, келишувчанлиги ва бошқалар сабабли эмас, балки содиқ жиҳод, покиза қонлар, мухлис, беғубор қалблар сабабидан сақлаб келди. Оллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайди, вафо қилмаслик бандалардан содир бўлади. Оллоҳ азза ва жалла инсонларга зулм қилмайди, лекин инсонлар ўзларига-ўзлари зулм қиладилар...

 Доғистон, Чеченистон ва Рус диёри жануби-ғарби ишғоли

Мўғуллар Табриз ва Кинжани тарк қилиб, Касбий денгизи соҳилидаги ҳозирги кундаги Азарбайжоннинг шимолий тарафида жойлашган Доғистон ва Чеченистонга (ўша вақтлар бу диёрлар Аллан, деб аталган) қараб юрдилар[26]. Ҳозирда Россиянинг исканжасида бўлган бу ўлкалардаги мусулмонларга Оллоҳ нусрат ва нажот берсин. Ушбу ўлкаларда ҳам мўғуллар одатларига кўра бузғинчилик ишларига киришди, бутун мамлакатни вайрон қилди. Йўлларида учраган аксарият одамларни қатл қилди. Мўғуллар босқинидан энг ашаддий жафо чеккан шаҳар, Доғистонда жойлашган, ҳозирги кунда уни ҳам Россия эгаллаб олган Шемахи шаҳри эди, – дейди доктор Сиржоний. Агар дунё харитасига назар солсангиз, ҳозирда Шемахи деган жой Азарбайжонда, шунингдек, Челябин вилоятида бор. Доктор Сиржоний балки ўша вақтлар Шемахи шаҳри Доғистонга қараганлигини қасд қилган бўлиши мумкин. Викепедияда Абул Муаййада Балхийнинг "Дунё ажойиботлари" номли китобидан нақл қилиб ёзилишича, "Шемахи – Арран (Аран) вилоятининг шаҳри бўлиб, жуда мустаҳкам жойдир. Унинг аҳолиси ҳайрон қоларли даражада динга мутаассибдирлар". 1222 йилда мўғул-татарларнинг узоқ вақт қамалидан кейин, босиб олинган ва вайрон қилинган. Арран эса, XIII-асрларда ҳозирги кундаги Ажарбайжоннинг ғарбида жойлашган Кафказ орти мамлакатига қараган бўлиб, Аббосийлар халифатига қарашли минтақа ҳисобланган".       

Мўғуллар бу юртлардаги насронийлар билан жанг қилди, мусулмонларга қилган жиноятлари, қирғинларини уларга ҳам қилди. Ҳижрий 618 йил/мелодий 1221 йилнинг қолган ойларида, Россия ерларининг ичкарисигача кирдилар[27]. Маълумингизки, Россиянинг ерлари жуда кенгдир. Ушбу санада мўғуллар Россиянинг жануби-ғарбий минтақаларини эгаллади. Ҳижрий 619 йил/мелодий 1222 йил мўғуллар мустамлакаларини сақлаб қолишга ҳаракат қилди ва ўша минтақаларда ҳокимиятини мустаҳкамлади. Ўша вақтлар мўғул давлати доирасига кирган мамлакатлар: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Покистон –унинг жанубий минтақаси Кармандан ташқари, у минтақага мўғуллар етиб бормаган–, бутун Афғонистон,  Эроннинг катта қисми –Исмоилиййа тоифаси қўл остида бўлган ғарбий қисми бундан мустасно–, Азарбайжон, насроний Арманистон, Грузия ва Россиянинг жануби-ғарбий минтақаси эди. Мўғул-татарлар бир йилу бир неча ойлар ичида дунёнинг мана шу минтақаларини эгаллаган эди. Ҳижрий 620 йил/мелодий 1223 йил Чингизхоннинг ҳукмронлиги Хоразм давлати ва унинг атрофига ёйилди ҳамда Россияга ҳужумлари давом этди. Ушбу йил мўғуллар Россияга юриш қилиш билан овора бўлишди[28]...   

 Валлоҳу таъала аъламу.... 

Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан унинг ер юзида жорий қилган қонунларини билдиришини, манфаатли бўлган илмни таълим бериб, таълим бергани билан фойдалантиришини ва тарихни бизларга ибрат қилишини сўраймиз, албатта у Оллоҳнинг қўлида ва у бунга қодир зотди.

 Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.



[1] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (137), Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/397)

[2] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/397)

[3] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/396-397)

[4] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/397)

[5] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (138)

[6] Шиҳобуддин Насавий "Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт тафсилоти" (85)

[7] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (138)

[8] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (137)

[9] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/398)

[10] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (138)

[11] Байҳақий ривояти (6119), Албоний заиф санаган (2369)

[12] Шайх доктор Роғиб Сиржоний "Қиссатут-татар"

[13] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/377), Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/105), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (123)

[14] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/377)

[15] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/377)

[16] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/377), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (124)

[17] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/377-378), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (124)

[18] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/378)

[19] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/378), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (124)

[20] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/379)

[21] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/382)

[22] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/382)

[23] Анфол – 60

[24] Анфол – 60

[25] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/383)

[26] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/105), Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/385-386)

[27] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/105)

[28] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/385-387)