Мўғил татар қиссаси 01-қисм
Категориялар
Full Description
Мўғул татар қиссаси 1-қисм
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Оллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!»[1]
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир»[2]
«Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Оллоҳ) ишларингизни ислоҳ қилади ва гуноҳларингизни кечиради. Ким Оллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди»[3]
Ислом тарихини ўрганиш ва тарихда ўтган воқеа ва ҳодисалардан ибрат олиш мақсадида суҳбат қуриб, суҳбатимизни доктор Роғиб Сиржонийнинг дарсларидан фойдаланган ҳолда олиб борамиз. Ҳижрий VII-аср, мелодий XIII-асрларда ислом оламида содир бўлган воқеалар, "Мўғуллар тарихи бошланишидан, тор-мор қилингунигача бўлган ҳодисалар", суҳбатимиз мавзуси- дир.
Тарих ибратларга бой бўлиб, Оллоҳ таолонинг халқлар устида жорий қилган қонунларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир. Ислом уммати тарихда кўп ҳодисалар гувоҳи бўлди, унинг энг аянчлиларидан бири мўғулларнинг ислом умматига бало бўлиб келгани, Ислом диёрларини вайрон қилганидир.
Тарихни ўрганишнинг аҳамияти
Оллоҳ таолонинг ер юзида ўзгармас қонунларни жорий қилганлиги, инсонларга бўлган раҳматидандир. Мана шу қонунлар сабабидан инсонларнинг ҳаёти давом этиб, сақланиб келади ва халқлар ҳаёт мобайнида шу қонунларга таянади. Агар ҳар бир замон ва маконда ўзига хос қонунлар бўлмаганида, инсонларнинг ҳаёти мураккаблашиб кетган ва барча ҳосил бўлган тажрибалар йўқолган бўлар эди. Лекин Оллоҳнинг фазли марҳамати билан ҳосил бўлган тажрибалар йўқолмайди, ҳаётимизда кеча содир бўлган ҳодиса бугун такрорланади, бугун содир бўлгани эса эртага қайтарилади ва мана шундай қиёматгача давом этади. Шу ўринда ислом тарихи ва ундан бошқа тарихларни ўрганишнинг аҳамиятини англашимиз мумкин бўлади. Содир бўлган воқеава ҳодисалар доим такрорланиши билан бирга, бир-бирига айнан ўхшаш суратда юзага келади. Зотан, ер куррасида янги содир бўлган нарсанинг ўзи йўқ. Тарихни ўрганар эканмиз, олдин бўлиб ўтган бирон ҳодисани ҳозирги кунимиздаги ҳодиса билан бир хиллигини билсак, биз унинг оқибати нима билан якун топишини осонгина хулоса қилишимиз мумкин бўлади. Агар бу ҳодиса ғалаба ва мувофақият билан тугаган бўлса, биз ҳам шу йўлдан давом этиб нусратга эришишимиз, аксинча мағлубият ва мувофақиятсизлик билан якун топган бўлса, ўтганларнинг хатосини такрорламаслик учун, бу йўлдан узоқ бўлмоғимиз лозим бўлади. Шу тариқа тарихни ўрганиш, тарихни тартибга солади ва уни тирилтиради. Тарихни овуниш учун ёки университетлардагина ўрганиш ярамайди, балки воқеъликда амал қилиш учун ўрганишимиз лозим бўлади. Бу суратда тарихни ўрганиш, аниқ мақсадга қаратилган бўлиб, бу мақсад, ундаги ибратни баҳс этишдан иборатдир. Оллоҳ таоло китобида шундай марҳамат қилади:
"Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир"[4]
Оллоҳ таоло қуръоннинг учдан бир қисмини қиссалардан иборат қилдики, бу билан мусулмонлар, ўтган умматлардаги Оллоҳнинг қонунларини ўрганишлари ва бу қонунларнинг собит, барқарор эканини билишлари, воқеа содир бўлишидан олдин унга таёргарлик кўра билишлари ва ундан фойда олишлари учундир. Бунга ҳар бир қиссани чуқур ва атрофлича тафаккур қилганимизда эришамиз. Асосий кўзланган мақсад ҳам шудир,
"Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг"[5]
Мўғул ҳодисаси ва ҳозирги кунимиз
Тарихдан сўз борар экан, тарихий саналар аҳамияти ва шу билан бирга эътибордан четда қолаётган ҳижрий сана ҳақида бироз тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб билдик. Исломий тақвим ёки ҳижрий сана, мелодий 638 йилда ҳазрати Умар разиаллоҳу анҳу томонидан жорий этилгандир. Ушбу тақвим қамарий тақвим бўлиб, ойнинг ҳаракатига асосланган. Умар разиаллоҳу анҳу ўша даврда амалда бўлган тақвимлар ўртасида юзага келган зиддиятларни бартараф қилиш мақсадида бу тақвимни жорий қилган эди. Тақвимнинг бошланиш нуқтаси сифатида, пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилган йилнинг боши, Муҳаррам ойининг биринчи куни танланган. Биринчи ҳижрий сананинг биринчи куни мелодий, яъни григорян тақвими ҳисобида 622 йил 16 июлга тўғри келади. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари эса, григорян тақвимининг 622 йили сентябр ойига, яъни ҳижрий робиъул аввал ойига тўғри келган эди. 12 қамарий ой, 1 кун фарқ бўлиши эҳтимоли билан тахминан 354 кунни ташкил қилади, шамсий санадан бир йилда 10 ёки 11 кунга камдир. Ҳижрий сана мелодий сананинг қайси кунларига мувофиқлигини ёки бунинг аксини кўрсатиб берадиган компютер программалари етарлича ишлаб чиқилган.
Биз имкон қадар баъзилар учун янада тушунарли бўлсин, деган мақсадда ҳижрий саналарни тахминан мелодий қайси санага мувофиқлигини айтиб кетишни лозим деб топдик.
Ҳижрий VII-аср, мелодий сана ҳисобида XIII-асрда мусулмонлар тарихида, балки ер курраси тарихида ўта муҳим ҳодисалар рўй берди. Яъни ер юзида янги, даҳшатли ва мудҳиш бир куч юзага келди ва бу куч таьсирида умумий тарзда дунёда ва хос тарзда ислом ерларида катта ўзгаришлар содир бўлди, бу куч мўғул давлатининг кучи эди. Мўғуллар қиссаси барча ўлчовларда ҳайратомуздир. Қиссада арзимаган сондаги мўғул халқининг заиф ҳолдан кучли ва кучли ҳолдан заиф ҳолга ўтишига жуда оз вақт кетганлиги, бунинг барчаси хаёл, бўлиши мумкин эмас, дейишимизга сабаб бўлиши мумкин. Лекин, Оллоҳ таоло бир давлатни азиз ва қудратли, бошқасини эса, хор қилади.Тарихда, инсонлар ва тарих назарида жуда оз саналган халқлар яшаб ўтди, биринчи гал Оллоҳ таоло уларни хор қилган бўлса, бошқа сафар азиз ва қудратли қилди. Мана шундай, Оллоҳ таоло хоҳлаганини азиз ва хоҳлаганини хор қилади. Мулк ёлғиз унинг қўлидадир. Албатта у барча нарсага қодир зотдир.
Қиссадаги воқеалар, ундаги кўрсаткичлар, қатл қилинган қурбонларнинг, аскарларнинг ва хиёнат- ларнинг сони муболаға даражада ҳайратланарлидир. Қиссанинг яна ажабланарли ери, ундаги воқеа ва ҳодисалар, бугунги кунимизда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга айнан ўхшашлигидадир. Гўёки, Оллоҳ таоло бизга ўзининг ер юзида жорий қилган қонунларининг собитлиги ва тарихнинг такрор- ланишидаги ҳақиқатни баён қилишни хоҳлаган- дек.Тарихни баҳс этар эканмиз, мозийдаги бир қанча ҳодисаларнинг, ҳозирда уммат дуч келаётган ҳодисаларга ўхшашлигини топамиз. Уни кўриб чиқмоқчи бўлган қиссамиз, яъни "мўғуллар қиссаси"нинг мисолида кўришимиз мумкин, ҳозирги кунимизда ҳам уммат учун ўта муҳим бўлган ҳодисалар, "мўғуллар қиссаси" юз берган айни минтақаларда ва айни шаклда содир бўлмоқда. Оллоҳ таоло ҳижрий VII-аср, яъни мелодий XIII-асрда уммат ўз бошидан кечирган воқеа ва ҳодисаларни, бугунги кун ҳижрий XV-аср, яъни мелодий XXI-асрда дуч келаётган воқеаларнинг айнан такрори қилди. Орадан VIII аср ўтса ҳам, ҳодисалар бир хилдир. Бугун ўша ҳодисалар Афғонистонда, Ўзбекистонда, Ироқда, Фаластинда, Эронда ва бошқа ислом диёрларида такрорланмоқда... Мўғуллар воқеасини ўрганувчи киши, ҳозирги кун билан тарих орасини боғлай олади ва шунингдек, Оллоҳ азза ва жалланинг халқлар устида ва ер юзида жорий қилган қонунларини фаҳмлай олади. Бу дарсларимизда ҳар бир воқеага атрофлича, муфассал киришни мақсад қилмадик, агар ҳар бир воқеани муфассал баҳс қилсак, жуда чўзилиб кетиши эътибори билан, воқеалардаги ибрат ўринларини ва уларни замонамизда содир бўлаётган ҳодисаларга ўхшаш жиҳатларини баҳс қиламиз, қисқача мағлубият ва ғалаба сабабларини таҳлил қиламиз, иншааллоҳ. Янада кенгроқ маълумот олишни истаганлар исломий кутубхоналарга мурожат қилишлари мумкин. Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тавфиқ сўраймиз ва бу ажиб қиссадаги ҳар бир калима ва ҳарфларидан барчамизни фойдалантиришини илтижо қилиб қиламиз....
Олам Мўғуллар дунё саҳнасига чиққанда
Мўғуллар ҳижрий VII-асрнинг бошларида кучайиб, оёққа тура бошлади. Буни фаҳмлаш учун ўша замонда ва ўша пайтда ер юзида ўз таъсирини ўтказа оладиган қандай кучлар борлигига назар солишимиз керак бўлади. Ўша замонда ер куррасида иккита асосий ҳукмрон кучлар бор эди. Унинг биринчиси: ислом уммати бўлса, иккинчиси: салибчилар эди.
Ислом Мўғуллар дунё саҳнасига чиққанда
Буларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтсак, ўша вақтда ислом умматининг ҳудуди, тақрибан дунёнинг ярмига тенг келар эди. Ислом мамлакатларининг чегараси шарқдан Хитойдан бошланиб, Осиёдан ўтиб Африканинг бир қанча ўлкаларига, ғарбдан Европа ва Андалусгача етган эди. Ҳудуд ниҳоят катта, лекин афсуслар бўлсинки, ўша даврда ислом оламининг аҳволи майдонининг кенглиги, нуфусининг кўплиги, молиявий, қурол-аслаҳа, илм-маърифат жиҳатдан бўлган имкониятлари кенг бўлишига қарамай, ўта аянчли бир ҳолатда эди. Чунки ислом уммати ичида авжга чиққан фитналар, бўлинишлар юзага келган, катта ислом шаҳарларининг сиёсий аҳволи кескин ёмонлашган эди. Ажабланарлиси, ҳижрий VI-асрнинг охирларида қувватли, ғолиб, бир бутун ва бош бўлган ислом уммати арзимаган 20-30 йил ичида шундай ачинарли ҳолатга тушишидир. Оллоҳ таолонинг қонуни жорийдир,
"Бу кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз"[6]
Ўша пайтда ислом олами бир неча бўлакларга бўлиниб кетган бўлиб, улар орасида биринчиси ва энг каттаси Аббосийлар халифалиги эди, лекин минг афсуслар бўлсинки, ҳижрий VII-асрнинг бошларига келиб жуда заиф ҳолатга тушди. Аббосийлар халифалиги анчагина қадимги халифалик бўлиб, ҳижрий 132 йил, яъни тахминан мелодий 750 йилда Умавийлар давлати ағдарилгандан кейин хилофатни қўлга олган, ҳижрий VII-аср, яъни мелодий XIII-аср бошларида тақрибан 500 йиллик умри бўлган ва Боғдодни ўзига пойтахт қилиб олган халифалик эди. Сўнгра ҳижрий VII-аср бошларида Аббосийлар халифалиги анча заифлашди, ҳатто ҳақиқий суратда ҳукмронлик қила олмай қолди, фақатгина Ироқнинг ўртаси ва атрофигагина ҳукми ўтарди. Ироқнинг атрофида мустақиллигини эълон қилмасада, воқеъликда халифаликдан мустақил бўлган ўнлаб амрликлар бор эди. Ўша замонда Аббосийлар халифалигининг фақат номи қолган эди. Ҳозирги кундаги Британия қироллиги каби, Аббосийлар халифалигининг ҳам фақат тарихий рамзигина қолган эди. Аббосийлар ислом оламида 500 йил ҳукм қилиб келган бўлсада, айни даврда Ироқнинг ўртаси ва жанубий қисмигагина ҳукмронлик қилаётган эди. Ироқда, Аббосийлар халифалигида бани Аббосдан бўлган халифалар биринма-кетин алмашиб, халифа деган буюк исмга эга бўлиб келар, лекин ўша пайтда хоҳласалар ҳам бу буюк исмга ҳечам лойиқ эмасдилар. Чунки уларнинг бутун дарди хаёли дунё тўплаш, ўзининг чегараланган ҳудудида султонлигини мустаҳкамлашдан иборат эди. Ўзларининг вазифаларига ҳоким сифатида саҳиҳ назар билан қарамадилар, ҳокимнинг масъулиятларидан бўлган давлатнинг тинчлигини, омонлигини сақлаш, аскарларини қувватлаш, халқнинг маиший ҳаётини яхшилаш, мазлумларга ҳақларини бериб, золимлардан ўч олиш, Оллоҳнинг бандаларидаги ҳукмини қоим қилиш, маъруфга буюриб, мункардан қайтариш, исломга таалуқли бўлган барча нарсаларни ҳимоя қилиш, қалблар ва сафларни бирлаштиришни хаёлларига ҳам келтирмадилар. Бутун хоҳишлари мумкин қадар узоқ вақтлар халифа бўлиб турса, бас, ундан сўнг тахтни фарзандларига мерос қилиб қолдирса.... Шунингдек, мол-дунё жамғаришга, тонггача чўзиладиган базму-жамшид, тантаналар қилишга, куй, мусиқа, чалғу асбобларини тинглашга ҳирс қўйган эдилар. Ўша кундаги ҳокимларнинг аҳволи, ислом умматининг ҳокимига ярашадиган ҳаёт у ёқда турсин, авомдан бўлган оддий кишиларнинг соғлом ҳаёт тарзига ҳам тўғри келмасди. Халифанинг на ҳайбати ва на иззати қолганди.... Бу ҳижрий VII-аср, яъни мелодий XIII-аср бошларидаги Аббосийлар халифалигининг аҳволи эди.
Ислом оламидаги иккинчи бўлакни Миср, Шом, Ҳижоз ва Яман, деб тасаввур қилиш мумкин. Бу иқлимлар ҳижрий VII-аср, яъни мелодий XIII-аср бошларида Салоҳиддин Айюбийнинг неваралари бўлмиш Айюбийлар қўл остида эди. Бу ерлар "Ҳиттийн" ва "Ал-арок ал-холида" жангларида Салибчилар устидан ғалаба қозонилиб, мусулмонлар қўлига кирган эди. Лекин минг афсус, бу минтақадаги ҳокимлар, бу буюк инсон каби бўлмадилар, тахт талашишди ва бир бутун Айюбийлар давлатини кичик подшоликларга бўлиб олишди. Шом Мисрдан, Ҳижоз Ямандан ажралди, мустақил бўлди. Балки Шомнинг ўзи, бир неча амирликларга бўлиниб кетди. Ҳимс, Ҳалаб ва Дамашқдан, Фаластин Урдундан ажралиб чиқди. Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ Салибчилар қўлидан оғир машаққат, қаттиқ жадаллар ва кўп қонлар тўкилиши эвазига озод қилган бу ерлар, мусулмонлар ўртасидаги бундай хунук тафриқаланишдан кейин, яна янгидан Салибчилар қўлига ўтади. Ва лаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллаҳил алиййил азийм.
Ислом оламидаги учинчи бўлак, Мағриб ва Андалус ўлкаларидир. Бу ўлкалар ўша вақтларда муваҳҳидлар давлати амирининг қўл остида бўлиб, жуда кучли ва қудратли давлат эди. Шарқдан Ливиядан бошланиб ғарбдан Мағрибгача, шимолдан Андалусдан бошланиб жанубдан Африканинг ўртасигача ҳукм юргизар эди. Ҳижрий VII-аср бошларига келиб, секин-аста кучсизланиб, сўна бошлади. Ҳижрий 609, яъни мелодий 1212 йилда бўлиб ўтган "ал-Иқоб аш-Шаҳиро" жанги, муваҳҳидлар давлатига ҳал қилувчи зарбани берди, натижада бу улкан давлат қулади ва Андалус, Африка ва Мағрибга бўлиниб кетди.
Ислом оламидаги тўртинчи бўлак, бошқа давлатларга нисбатан жуда катта бўлиб, тақрибан ислом оламининг бутун шарқий қисмига ҳукмронлик қилган Хоразм давлати эди. Хоразм давлатининг майдони бепоён бўлиб, Осиёнинг катта ўлкаларини ўз ичига олган эди. Унинг ҳудуди, шарқдан Хитойнинг ғарбидан бошланиб, ғарбдан Эроннинг катта қисмларигача давом этган эди. Аббосийлар халифалиги билан узоқ ва чуқур келишмовчиликларга борган, улар ўртасида ҳисобсиз даражадаги фитна, иғволар юзага келган эди. Аббосийлар халифалиги билан, Салжуқийлар, Ғурийлар, Турклар ва бошқа мусулмонлар билан мунтазам жанглар олиб борар эди. Хоразм давлатининг нафақат атрофидагилар билан, ҳатто ўзининг ичидагилар билан ҳам муаммоси етарли эди.
Ислом оламидаги бешинчи бўлак, Ҳиндистон давлати эди. Ҳиндистон агарчи, ҳозирда ҳиндусларнинг ҳукмда бўлса-да, қадимдан ислом ҳукмида эди. У ерда узун асрлар давомида ислом ҳукм сурди, ўша пайтда Ғурийлар қўл остида эди. Сал олдин айтганимиздек, Хоразм давлати билан кўп ва такрор-такрор жанг қилиб турарди. Бу минтақа ҳақиқатан жуда беқарор ва бетартиб минтақа эди.
Ислом оламидаги олтинчи бўлак, Форс минтақасининг ғарбий қисми, Осиёнинг ўртасида жойлашган кенг минтақа, ҳозирги кундаги Эрон бўлиб, Аббосийлар халифалигига ёнма-ён жойлашган эди. У шия тоифасининг энг хабисларидан бўлган Исмоилия тоифасининг қўл остида эди. Бу тоифа ақидада жуда кўп ихтилофларга борганидан, кўпчилик уламолар уларни исломдан тамоман чиқанлигига ҳукм қилишган, динни фалсафага аралаштириб юборган, асли мажусийларнинг авлодлари бўлган, зоҳирида исломни даъво қилиб, ботини мажусий бўлган, қуръон оятларини нафс-ҳаволарига биноан таъвил қиладиган, исломдаги кўпгина фарзларни ҳамда пайғамбар ва шариатни инкор қиладиган тоифадир. Улар салтанат ва мулк ортидан қувганлари сабаб, асосий эътиборларини қурол-аслаҳа, жанг ишларига, қалъа ва қўрғонлар бино қилишга, ҳамда армия ишларига қаратган эдилар. Улар энг хатарли ботиний тоифалар жумласидан ҳисобланади. Улар исломий шахсиятлар: халифалар, амирлар ва уламоларга жиноят ва тажовузлар содир этишар эдилар. Бу тоифа Ироқнинг шарқий қисмида ва Хоразм давлатининг ғарбий қисмида мавжуд бўлиб, бу икки давлатдан мустақил эди.
Ислом оламидаги еттинчи бўлак, Анадол минтақаси бўлиб, ҳозирги Туркиядир. Бу минтақада Салжуқийлар ҳукмрон эди. Уларнинг асли турклар бўлиб, мозийда буюк тарих ва катта жиҳодлар соҳибларидир. Ал-фазз Алп-Арслон раҳимаҳуллоҳ қўмандон бўлган даврларда анча қувватли ҳисобланган. Бу минтақа Византия императорлиги билан ёнма-ён жойлашгани сабаб, жуда хатарли ва жуда таъсирчан бўлиб, Ал-фазз Алп-Арслон раҳимаҳуллоҳнинг неваралари ҳукм юрғизган даврга келиб ўта заиф ва хор ҳолатга тушди.
Юқорида санаб ўтилган давлатларнинг ўша вақтда мавжудлиги, ислом олами Аббосийлар хилофати ҳукмига исмдагина кирганини англатади. Мулоҳаза қилсак, ўша замонда мусулмонлар ўртасида фитна-фасод жуда кенг тарқалган, жангу-жадал авжига чиққан, гуноҳ ва маъсиятлар кўпайган ва мусулмонлар дунёга шўнғиган эдилар. Инсонларнинг қалбларига кабиралар ўрнашиб кетган, ҳатто "палончи пистончига зулм қилибди, палончи пистончини ўлдирибди, палончи пистончини қонини тўкибди", каби гап-сўзлар ҳар томонда қулоққа чалиниб турарди, инсонларнинг қадр-қиймати қолмаган эди. Ким ёки қайси қавм шу ҳолатга тушар экан, бу ҳолат алмаштирилиши аниқ ва турган гапдир. Ислом олами бу шаҳарлардаги анави заиф кимсалар устига бир фожиа келишини кутарди, ҳатто улардан кейин бошқа мусулмон авлодлар келиб, Оллоҳнинг изни билан бу ҳолатни ўзгартириб, исломга ҳайбатни, хилофатга қувват ва ютуқни қайтаришини кутарди.
Бу ўша даврда ер куррасидаги биринчи куч, ислом умматининг кучи эди. Лекин афсуслар бўлсинки, узун тарих давомида ислом уммати эга бўлиб келган бу куч, ўша даврга келиб емирилиш, парчаланиш ва тарқалишга юз тутган эди.
Салибчилар Мўғуллар дунё саҳнасига чиққанда
Ўша вақтда ер юзидаги иккинчи куч, салибчилар кучи эди. Шу пайтлар уларнинг маркази ғарбий Европада бўлиб, у ерларда уларга тегишли кўплаб қалъа ва қўрғонлари бор эди. Ўша даврда Европалик салибчилар мусулмонлар билан тинимсиз жанглар олиб боришарди, Англия, Франция, Германия ва Италия насронийлари Миср ва Шомга қарши машҳур салиб юришини қилар, Испания, Партугалия ва Франция насронийлари Андалусдаги мусулмонларга қарши кўплаб жанглар уюштиришар эди.
Европанинг ғарбидаги салибчилар гуруҳига қўшимча, оламда ундан бошқа салибчи гуруҳлар ҳам бор бўлиб, бу гуруҳларнинг адоватлари ислом умматига нисбатан ҳаддан зиёд даражада эди. Улар билан ислом уммати орасида жанглар ҳеч тўхтамасди. Салибчи гуруҳларининг машҳурларидан Британия император- лиги, шарқий Рум давлати, бошқача қилиб айтганда Византия, яъни Константинополь давлати бўлиб, шарқий Европага ҳукмрон эди, мусулмон Анадолнинг ғарб томонида жойлашган давлат ҳисобланарди. Византия давлати Ислом давлати билан тарихлар оша аччиқ урушлар қилиб келган, лекин айни вақтда заиф ҳолатга тушганлиги сабаб, ислом уммати ерларига киришга тоқати йўқ эди.
Салиб гуруҳларидан яна бири, Арманистон давлати бўлиб, Форснинг шимолида ва Анадолнинг ғарбида жойлашган эди. Туркиядаги Анадол минтақасидаги Салжуқийлар билан тинимсиз жанглар олиб боришарди.
Салиб гуруҳларидан яна бири, Курж мамлакати, ҳозирги Грузия давлати бўлиб, у ерда баъзи маҳаллий васанийлар, яъни бутпарастлар бўлса ҳам, ҳукумат насронийлар қўлида эди. Ислом уммати ва Хоразм давлатига қарши мунтазам равишда уруш олиб борарди.
Салибчилар ичида ўзлари оз бўлишига қарамасдан жуда хатарли саналган гуруҳлар бор эди, бунга сабаб, улар ислом оламининг Туркия, Фаластин ва Шом давлатларининг ичида жойлашганлиги эди. Ҳижрий V-аср 491йил, яъни мелодий 1098 йилдан бери Ислом олами ичида бош кўтариб келаётган бу салиб амирликларининг машҳурлари Антиохия, Акко, Тарабулус (Триполи), Байрут, Сайда ва бошқа минтақаларда бор эди.
Ҳижрий VI-аср, яъни мелодий XII-асрнинг охирлари ислом олами учун анча мувофақиятли, Салибчилар учун эса, анчагина ҳалокатли-мувофақиятсиз келди. Ҳижрий VI-асрнинг охирлари 583 йилда, яъни мелодий 1187 йилда Шомдаги "Ҳиттийн" жангида Салоҳиддин Айюбий роҳимаҳуллоҳ салибчилар устидан ғалаба қозонди, бундан 8 йилдан кейин, ҳижрий 591, яъни мелодий 1195 йилда "ал-арок ал-холида" жангида Муваҳҳидлар давлати бошлиғи ал-Мансур ал-Муваҳҳидий Андалус насоролари устидан ғолабага эришди. Бу икки буюк ғалабадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ҳижрий VII-аср бошларига келиб, мусулмонлар қаттиқ заифлашди. Қувватли дарви билан заиф даври орасида атиги 20 йил фарқ бор эди.
Бугунги суҳбатимизга шу ерда якун ясаймиз, кейинги суҳбатимизда мўғулларнинг Ислом уммати ерларига бошлаган ҳужумлари, ислом давлатининг қайси ҳудудларига биринчи бўлиб кирганлиги, ислом уммати мўғулларни қандай қаршилаб олгани ва шу кабиларни мулоҳаза қиламиз, иншааллоҳ.
Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан унинг ер юзида жорий қилган қонунларини билдиришини, манфаатли бўлган илмни таълим беришини, таълим бергани билан фойдалантиришини ва тарихни бизларга ибрат қилишини сўраймиз, албатта у Оллоҳнинг қўлида ва у бунга қодир зотдир.
"Ҳали мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Оллоҳга топширурман. Зеро, Оллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир"[7]