Иймон билан Исломнинг фарқи
Категориялар
Full Description
- Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
- Ибн Ражаб ҳанбалий унга: мўмин учун бу дунёнинг ўткинчи роҳати, у учун ваъда қилинган охиратдаги туганмас роҳат олдида ҳеч нарсамас. Шу боис, мўмин киши бу дунёдан кўра охират учун кўпроқ ҳаракат қилади. Аммо кофирга келсак, унинг оқибати дўзах эканлиги учун, у бу дунёни жаннатдир, деб яшайди-деган эканлар.
Иймон билан исломнинг фарқи
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2012 - 1433
﴿ الفرق بين الإسلام والإيمان ﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2012 - 1433
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين.
Иймон билан ислом орасидаги фарқ
Уламоларимиз иймон билан ислом борасида жумладан шундай деганлар: Иймон билан Ислом бир ўринда зикр қилинса, улардан ҳар бири ўз маъносини ифода қилади, яъни Иймон: қалбий эътиқодларни, Ислом эса ташқи амалларни ифода қилади.
Аммо Иймон билан Ислом алоҳида зикр қилиниб, Иймон ёки Ислом алоҳида шумулий бир суратда келса, у ҳолда иймонга ҳам, исломга ҳам барча амаллар дохил бўлаверади. Бошқача таъбир билан айтганда: Иймон Ислом арконларига тегишли ташқи амалларни, Ислом ҳам Иймонга тегишли бўлган ички-қалбий эътиқодни ўз ичига олади. Лекин у иккаласи бир-биридан умум ва хосликда фарқлидир, яъни Иймон мутлақ зикр қилинганда, унга Ислом арконларига тегишли бўлган амалларнинг барчаси киради. Аммо Ислом мутлақ зикр қилинганда, ҳар доим ҳам иймон арконлари бўлмиш қалбий эътиқодлар Ислом доирасига киравермайди. Сабаби, баъзан иймонсиз киши тил учида исломга тегишли ташқи амалларнинг дастлабкиси бўлмиш: "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасини айтиши мумкин.
Бинобарин, амаллардан ажралган ҳолда танҳо шаҳодат калимасини айтиш билан кифояланган киши тўғридан-тўғри жаннатга кириши Қуръони каримнинг бирон бир оятида зикр қилинмаган.
Аммо бу бобда чуқур диққатга сазовар бўлган нарсалардан бири шуки; дин холис Оллоҳнинг ўзигагина қилиниб, барча ибодатлар фақат Оллоҳга қилиниши билан бир ўринда зикр қилинган Ислом ҳамда солиҳ амаллар билан бир ўринда зикр қилинган Иймон бири-биридан ажралмас битта маънони англатади. Бу эса худди Оллоҳ таолонинг ушбу: {Албатта Оллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир}, {(Эй Муҳаммад), уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни тиловат қилинг – у қавмига (бундай) деган эди: "Эй қавмим агар сизларга (орангизда узоқ йиллар яшаб) турганлигим ва Оллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен Оллоҳнинг Ўзига суяндим - таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаётган ишларингиз ўзларингизга махфий бўлиб қолмасин (яъни бемалол, ошкор иш тутаверинглар, мен парво қилмайман). Сўнгра менга нисбатан (хоҳлаган) ҳукмларингизни ижро этаверинглар ва менга муҳлат ҳам берманглар. Бас, агар (менинг қилган панд-насиҳатимдан) юз ўгирар экансизлар, мен сизлардан (унинг учун) бирор ажр – ҳақ сўраганим йўқ. Мен ажр-савобни фақат Оллоҳдан (сўрайман). Ва мен Унга бўйинсунувчи-мусулмонлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)"}, (Юнус 71-72) ва {Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас, (унинг "дин"и Оллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир} (Оли Имрон 85) –деган сўзларига ўхшайди.
Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур ояти-карималарда ислом бу: Оллоҳ таоло ундан бошқа динни қабул қилмайдиган дин эканлиги ҳамда исломдан мурод, Оллоҳга том маънода бўйинсуниш экани баён қилинди. Лекин мазкур оятларда фақат мусулмонман-деган сўз учун жаннатга кириш боғлиқлиги баён қилинмади.
Аммо мутлақ зикр қилинган иймон эса қалбдаги эътиқод, тил билан талаффуз қилиш ва қалбу тилдаги иймон тақозо қилган амалларни аъзолар билан рўёбга чиқаришни талаб қилади. Шу боис, Қуръони-каримнинг жуда кўп оятларида мутлақ иймон-қалбий ва зоҳирий барча эзгу амалларни ўз ичига олган, аммо ўша амаллар билан бир ўринда зикр қилинмаган- иймон сабабли жаннатга кириш баён қилинган. Оллоҳ таоло айтади: {(Эй инсонлар) Парвардигорингиз тамонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу Оллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлиб, уни ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Оллоҳ улуғ фазлу-марҳамат соҳибидир}. (Ҳадид 21).
Аммо қачон иймон билан ислом бир ўринда зикр қилинадиган бўлса, у ҳолда иймондан мурод қалбий эътиқодлар-амаллар, исломдан мурод эса зоҳирий-ташқи амаллар бўлади. Чунки имом Бухорий Муслимлар ривоят қилган Жаброил ҳадисида жаноб Росулуллоҳ ﷺ ислом ва иймоннинг арконлари ҳамда эҳсон ҳақида хабар бериб, шундай деганлар: Ислом "Ла илаҳа иллоллоҳ. Муҳаммадур Росулуллоҳ" шаҳодат калимасини аймоғингиз, намозни тўкис адо этмоғингиз, закотни ато этмоғингиз, Рамозон рўзасини тутмоғингиз ҳамда йўлига қодир бўлсангиз Байтуллоҳни ҳаж қилмоғингиздир-дедилар.
У киши: рост айтдингиз-деди. Биз у кишининг сўраши ва бир вақтнинг ўзида тасдиқлашидан ажабландик. У менга иймон ҳақида хабар беринг?-деди.
Росулуллоҳ ﷺ: Иймон Оллоҳга, фаришталарига, (самовий) китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоғингиздир"-дедилар.
У киши: рост айтдингиз. Энди менга Эҳсон ҳақида хабар беринг? –деди.
Росулуллоҳ ﷺ: "Оллоҳга гўёки кўриб турганингидек ибодат қиласиз, гарчи сиз у зотни кўрмасангизда у зот сизни албатта кўриб турур"-дедилар.
У киши кетиб, бир оз муддат турганимдан сўнг Росулуллоҳ ﷺ менга: "эй Умар, сўровчи кимлигини билдингизми?-дедилар. Мен: Оллоҳ ва унинг росули билувчироқдир-деб жавоб бердим. Жаноб Росулуллоҳ: "у сизларга дин амалларингизни таълим бериш учун келган Жаброил эди"-дедилар. (Имом Муслим).
Имом Муслим Абу Ҳурайра tдан ривоят қилган бошқа бир ривоятда жаноб Росулуллоҳ ﷺ иймон арконларидан бири қиёмат кунига иймон келтиришга: ўлгандан сўнг қайта тирилиш ҳам киришини билдириб, деганлар: "Иймон: Оллоҳга, фаришталарига, китобларига, У зотга рўбарў бўлишга, пайғамбарларига ва сўнгги қайта тирилишга ҳамда қадарнинг ҳаммасига иймон келтирмоғингдир"-иймон келтирмоғингдур.
Имом Аҳмад ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Ислом, зоҳирий-ташқи амалалар, иймон эса қалбдаги (эътиқодлардир)", –деганлар.
Саҳиҳ ҳадисда жаноб Рлсулуллоҳ ﷺ: "Жасадда, агар у тузалса, бутун жасад тузаладиган, мабодо у бузулса бутун жасад бузуладиган бир тишлам гўшт бор. Ҳа... у қалбдир"-деганлар.
Абу Ҳурайра t: қалб аъзоларнинг қироли, қолган аъзолар эса унинг лашкарларидир. Агар қирол тузук бўлса, лашкарлар ҳам тузалади. Бордию қирол бузилса, лашкарлари ҳам бузилади-деганлар.
Уламоларимиздан бир Суфён ас-Саврий роҳимаҳуллоҳ: ўтмишдаги уламоларимиз бир-бирларига ушбу калималар битилган мактубларни йўллашар эканлар: кимда-ким қалбини тузатса, Оллоҳ унинг ошкоролигини тузатади. Кимда-ким Оллоҳ билан ўзининг орасини ислоҳ қилса, Оллоҳ у билан одамлар орасини ислоҳ қилур. Кимда-ким охират ҳаёти учун амал қилса, унинг бу дунёдаги ишларига Оллоҳнинг Ўзи кифоя қилувчидир. (Ибн Абуд-дунё/ ихлос).
Демак, иймон арконларига қалбдан ишониб, иймон тақозо қилган қалбий ва зоҳирий-ташқи амалларни мудом бажарадиган кишилар, ана ўшалар мўмин-мусулмондирлар.
Энди шаҳодат калимасини айтганлар масаласига келсак, улар Ислом динини қабул қилган мусулмонлардир. Аммо бундай кишиларни мўминлардир, деб бўлмайди. Чунки мўмин васфига эга бўлиш учун иймон тақозо қилган қалбий ва зоҳирий амалларнинг барчасини тўкис бажариш шарт. Шу боис, Оллоҳ таоло шаҳодат калимасини айтган аъробийларнинг иймон келтирдик, деган даъволари нотўғри, балки улар энди мусулмон бўлганликлари баёнида: {Аъробийлар: "Иймон келтирдик"-дедилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: "Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар "Мусулмон" бўлдик, денглар, (чунки ҳали-ҳануз) иймон дилларингизга кирган эмасдир. Агар сизлар Оллоҳга ва унинг пайғамбарига итоат этсангизлар, у зот сизларга (қилган яхши) амалларингиздан бирон нарсани камитмас. Албатта Оллоҳ таоло мағфиратли, меҳрибондир}. (Ҳужурот 14).
Саъд бин Абу Ваққос t айтадилар, жаноб Росулуллоҳ ﷺ бир неча кишига ўлжадан тақсимлаб бердилар. Лекин улар орасидан у менга жуда ёқиб турган, айни пайтда ҳали ўлжа олишга улгурмаган бирини ташлаб кетдилар. Шунда мен: Эй Росулуллоҳ, нега анавига ўлжадан бермадингиз, мен уни мўмин, деб ўйлайман-деган эдим, Росулуллоҳ: мусулмон эмасми? –дедилар. Мен шу гапимни уч бор такрорладим, Росулуллоҳ ҳам нуқул: мусулмон эмасми?- деб жавоб берардилар. Сўнгра дедилар: "ҳолбуки мен бу ўлжани ўзим яхши кўрган кишига Оллоҳ уни дўзахда юз тубан қилишидан қўрқанлигимдан (бермасдан) уни бошқага бераман". (Бухорий ва Муслим).
Мазкур ояти-каримада зикр этилган аъробийлар Пайғамбар u ҳузурларига ўлжалардан олиш учун келган эдилар. Аъробийлар мўминмиз, дедилар. Лекин Оллоҳ таоло ҳали-ҳануз иймон дилларига кирмаганлигини билдирди. Бироқ улар мусулмон бўлганликлари учун ажри-савоб оладилар ва уларнинг мусулмончилиги уларни мунофиқ ва кофирликдан чиқаради-деганлар.
Бир киши Абу Зарр t дан иймон ҳақида сўрайди. У киши савол берган кишига ушбу оятни тиловат қиладилар: {Юзларингизни Машриқ ва Мағриб тамонга буришингиз яхшилик эмас; балки Оллоҳга, охират кунига, фаришталарга, Китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр тоқат қилгувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва на ўшалар асл тақводордирлар}. (Бақара 177).
Шунда сўровчи: мен сиздан яхшилик ҳақида сўрамадим-деди. Абу Зарр t унга: буни қарангки, бир киши жаноб росулуллоҳ ҳузурига келиб, худди сиз сўраган нарсани сўраган эди. Росулуллоҳ унга мен сизга тиловат қилиб берган оятни ўқиб берган эдилар, у ҳам росулуллоҳ ﷺ га мен сиздан яхшилик ҳақида сўрадим, деган эди-я.
Жаноб Росулуллоҳ унинг норозилигини пайқаб, унга: "Мўмин: яхши амал қилса, ўша амали унга шодлик бағишлаб, унинг савобидан умидвор бўлган, бордию бирон ёмон ишни қилиб қўйса, ўша қилмиши уни хафа қилган ва ёмонлик оқибатидан қўрққан кишидир"-деган эдилар.
Хулоса шуки; иймон қачон мутлақ зикр қилинса, унга Ислом амаллари ҳам киради. Ислом мутлақ зикр қилинганда эса, унга иймон дохил бўлмайди. Аммо яхши амаллар билан бирга зикр қилинган ислом билан, мутлақ зикр қилинган иймон бир хил маънони ифода қилади. Ана шунда ислом дейилганда иймон ҳам назарда тутилади. Бунинг мисоли Оллоҳ таолонинг ушбу қавлидир: {Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Оллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?! (Ахир) Иброҳимни Оллоҳ ўзига дўст тутган}. (Нисо 125). {Йўқ, ким яхшилик қилган ҳолида мусулмон бўлса, унинг учун Оллоҳ ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу-хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар}. (Бақара 112).
Мазкур ҳар иккала ояти-каримада Ислом билан биргаликда "яхшилик" ҳам зикр қилиниб, ана шундай яхши амалларни қилган мусулмон, ҳақиқий мўмин ва у учун жаннат ваъда қилинганлиги билдирилмоқда. Чунончи қиёматда хавфу-хатардан йироқ бўлганлар, аҳли жаннатдирлар. Худди шундай Оллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтириб, яхши амал қилган мўминлар ҳам ана шу амаллари сабабли аҳли жаннатдирлар. Оллоҳ таоло айтади: {Албатта иймон келтирган зотлар, яхудий бўлганлар, насронийлар ва собиийлар (улардан) қайсилари Оллоҳга, охират кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга парвардигорлари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир}. (Бақара 62).
Ўтмиш уламоларимиздан бири Ҳасан ал-Басрий роҳимаҳуллоҳ иймоннинг асли қалбда бўлиб, аъзолар амали эса иймонинг вожиб, мустаҳаб ва камоллари экани ҳақида шундай деганлар: Иймон орзу қилиш ёки зийнатланиш эмас, балки у қалбда мустаҳкам жойлашиб, уни амаллар тасдиқ этган нарсадир.
Демак, солиҳ-яхши амалларнинг ҳаммаси иймонга киради. Лекин иймонга кирадиган амаллар бир-бирдан тафовут қилади. Улардан вожиблари ҳам, мустаҳаблари ҳам, камолиётлари ҳам бордир. Иймоннинг вожибларини тарк қилиш куфрдир. Иймонга кирадиган иймон бўлаклари ҳадисида зикр этилган иймоннинг мустаҳаб ёки камолиётларини тарк қилиш эса иймон камайишига сабаб бўлади. Иймонга тааллуқли бўлиб кимда-ким уни тарк қилса кофир бўлиб қолиши мумкин бўлган ташқи амаллардан бири намоздир.
Қалбдаги иймон ҳақиқий иймонми-йўқми, буни амаллар тасдиқлайди.
Имом Бухорий ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Иймон олтмиш неча бўлакдан иборатдир. Ҳаё ҳам иймон бўлагидан биридир", имом Муслим ривоятида эса: "Иймон олтмиш ёки етмиш неча бўлакдан иборатдир. (Унинг) энг олий бўлаги: Ла илаҳа иллоллоҳ-шаҳодат калимасини айтмоқ. Энг қуйиси эса йўлдан (одамларга) озор берадиган нарсаларни олиб ташламоқдир. Ҳаё ҳам иймон бўлагининг биридир"-деб, марҳамат қилганлар. Кўриб турганингиздек иймон бўлаклари ҳадиси ҳам қалбдаги иймонни ташқи амаллар тасдиқлашига далил-ҳужжатлардан биридир.
Дарҳақиқат, Оллоҳ жалла-жалалуҳга иймон келтириш – ишониш Оллоҳ таолонинг бандаларига инъом қилган неъматларининг энг олийси ва энг афзалидир. Зотан у зот бандаларидан хоҳлаганини ҳидоят қилиб, улардан хоҳлагинини адаштириб қўйгувчи ва ўзи хоҳлаган кимсаларни ўзининг энг олий неъмати – иймон неъматидан маҳрум қилур. Оллоҳ таоло айтади: {Бугун сизларга динларингизни комил ва неъматимни тўкис қилиб бердим. Ва сизлар учун Исломни дин деб, танладим}. (Моида 31).
Иймон неъмати; умрни разилликдан поклаб, ҳаётга қут-барака бағишлайди.
Иймон неъмати; мўминнинг қалбини бу ўткинчи-алдамчи дунё гўзалликларидан Оллоҳнинг розилиги ва охират ҳаётига боғланишдек юксак даражасига кўтаради.
Иймон неъмати; бозордан харид қилинадиган ёки одамлар бир-бирига ҳадя қиладиган нарса эмас, балки у: Оллоҳга бевосита боғланиш, дуо-зикрлар, тоат-ибодатлар, Оллоҳга хорликни изҳор этиш билан ҳосил бўлади. Шу боис, бу каби улуғ неъмат-иймон неъматини Оллоҳ фақат ўзининг суйган бандаларига беради, холос. Оллоҳ таоло айтади: {Куфр йўлини тутган кимсалар: "Унга (Муҳаммадга) Парвардигори тамонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди", дейдилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: "Албатта, Оллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни гумроҳ қилур ва (Оллоҳга) ижобат-тавба қилган кишиларни ўз (динига) ҳидоят қилур"}. (Раъд 27).
Зотан, икки дунё саодати ва охиратдаги гўзал ҳаёт ҳам иймон билан эришилади. Чунки иймон; аҳли жаннатлар йўли, тўғри йўлдагиларнинг гулшани, қалбларининг унвони, руҳларининг софлиги ҳамда юзларининг нуридир.
Иймон бу: ожиз бандани парвардигориоламга яқинлаштирадиган дунёда мисли йўқ, энг олий неъматдир. Зеро, иймон сабабли киши жаннатга киради, мангу роҳат ҳаётига қадам босади. Иймон билан ҳар инсон ҳалокот чоҳи бўлмиш дўзахдан нажот топади.
Шу боис, иймон ҳақиқатини рўёбга чиқариш йўлида, унинг софлиги ва поклигига қаттиқ эътибор бериб, уни фойдали уғитлар билан таъминлаш обидларнинг матлаби, муваҳҳидларнинг ғоясидир.
Бинобарин иймон билан шаҳодат калимасининг нури мусулмонлар қалбида турли даража бўлади. Қалбдаги иймон мусулмонларнинг иймон даражаларига қараб и ўзаро тафовут қилади. Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Ақида Таҳовия" китобида бу ҳақда шундай деганлар: "Балки, "Ла илаҳа илллоллоҳ" калимасининг бандалар қалбларидаги нурининг тафовути Оллоҳдан ўзгага қоронғудир. Зеро "Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасининг нури кимнингдир қалбида қуёшдек, яна кимникидадир дур юлдуздек, яна бировникида эса катта оловдек бўлади. У нур кимнингдир қалбида нур таратгувчи чироққа ўхшаса, яна кимникидадир зўрға милтиллаб ёнаётган шам мисоли бўлади. Бу нурлар қиёмат куни уларнинг ўнг ва чап тамонларида қалбларидаги иймон ва тавҳидга яраша намоён бўлади". (Таҳовия).
Дарҳақиқат, қалбдаги иймон зиёдалашган- куч-қуввати ортган сайин турли шаҳват ва шубуҳотларни куйдириб юбораверади. Ҳатто иймони мустаҳкам банданинг қалбдаги иймон нури бор гуноҳ ва хатоларни куйдириб ташлаш даражасигача етади. Бу ҳол эса иймон ва тавҳид калимаси бўлмиш "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг маъносини англаб, уни чин юракдан айтиб, тақозосига амал қилган ҳақиқий мўминлар иймонидир. Бундай иймон эса, ўз соҳибини ҳар қандай йўлдан оздирувчи шайтонлардан қўриқлайдиган-ҳимоя қиладиган чинакам иймондир. Ана шундай иймон соҳиби ҳақида жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Ла илаҳа иллоллоҳ" калимасини Оллоҳ ризосини хоҳлаб айтган киши учун Оллоҳ дўзахни ҳаром қилгандир"-деганлар.
Дарҳақиқат, мустаҳкам иймон ҳар қандай кучни енга оладиган, хато-камчиликларни кечириб, ҳар қандай масалага ҳал топадиган кучдир. Зеро, ким иймонни мустаҳкам тутса, у тўғри йўлга бошлайдиган ҳақиқатдир. Жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Агар нур қалбга кирадиган бўлса, қалб кенгайиб, мунавварлашади"-дедилар. Шунда саҳобалар: буни аломати недур?- эй Росулуллоҳ-деб сўрадилар. У зот: "Жаннат сари қайтмоқ, алдамчи дунёдан узоқлашмоқ ва ўлим келмасдан бурун, унинг тадоругини кўрмоқликдир"-деб жавоб бердилар. (Муслим).
Умр бўйи фикру-зикри ўткинчи дунё ташвишлари, қорин қайғуси билан яшаш мўминни сифати эмас. Чунки мўмин киши бу дунёда нафсий шаҳватларию, бир олам орзу –ҳаваслари учун эмас, балки парвардигорининг ризоси учун яшайди. Қалб кўзи иймонла очилиб, ҳаётида олий жаноб йўл тутади. Ҳаёти дунёда парвардигорига боғланади. Қалб кўзи иймон билан очилган уламоларимиздан бири шайхул-Ислом роҳимаҳуллоҳ: Жаннатим қалбим экан, менга душманларим нима зарар етказа оларди. Сургун қилсалар, бу менга саёҳатдир. Ҳибс қилсалар, бу мен учун хилватдир. Ўлимим эса шаҳодат-деган эканлар.
Ислом оламига таниқли зоҳидлардан Иброҳим Адҳам роҳимаҳуллоҳдан шундай деганлари нақл қилинган: "Оллоҳга қасамки, агар шоҳлар ва шоҳ фарзандлари биз кечираётган роҳатни-иймон ҳаловатини билсалар эди, у учун бизларга қарши қилич кўтарган бўлардилар".
Мўмин киши ўзининг иймони сабабли ўтмишдаги солиҳ-мўмин зотларга нисбат қилинади ва қиёмат куни ҳам, жаннатда ҳам ўшалар билан бирга бўлади. Мўмин киши ўзининг иймони билан уларнинг сафига қўшилаётган тоифа анойи зотлар эмас. Улар пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлардан иборат Оллоҳнинг мақтовига сазовар бўлган тоифадир. Шунинг учун ҳақиқий мўминликни даъво қилган киши ўзидан илгари жаноб Росулуллоҳ ﷺ йўлларини маҳкам тутган сиддиқ ва шаҳидлар йўлини тутади. Ҳаёти давомида бақадриҳол ўша ҳақиқий мўминлар йўлини тутганларга дастак бўлади. Ана шунда у ҳам Оллоҳ таоло мақтаган: {Кимда-ким Оллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшлар Оллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар, ҳаққи-рост иймон эгалари, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир}-деган тоифага ҳамроҳ бўлади. (Нисо 69).
Аммо ҳақ-тўғри йўл-пайғамбар йўлини тарк этган аҳли фужурлар, Оллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳамда мўминларга қарши чиққан бадбахтлар эса башрнинг энг паст – энг натавонлари бўлмиш кофир ва золимларга нисбат қилинадилар. Бир ҳадиси муборакда жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Оллоҳ (бир кеча-кундузда) беш вақт намозни (адо қилишларини) бандаларига фарз қилди. Кимда-ким мана шу беш вақтлик намозни (тўкис) адо қилса, у учун бу намозлар нур, (мўминлигига) далил-ҳужжат ҳамда қиёмат куни (азобидан) нажот бўлур. Уни (тўкис) адо қилмаганлар учун эса намоз нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмас. Қиёмат куни эса ўша (намозни тўкис адо қилмаган) кимса Қорун, Фиръавн, Ҳамон ҳамда Убай бин Хлафлар билан бирга бўлур"-деб хабар берганлар.
Дунёдаги энг олий неъмат бўлмиш иймон неъматига эришган киши; албатта икки дунё нажоти, нусрат, Оллоҳ динида тўғри юриш ва ҳақ динни зоҳир ва ботинда маҳкам тутишдек бахтга эришган мўминдир. Оллоҳ таолонинг ўз авлиёларига бу дунёда нусрат бериб, уларни ерда адолат билан ҳукм юритувчи ҳокимлар қилиб қўйишининг сирри ҳам шундадир. Икки дунё саодати ваъда қилинган кишилар, Оллоҳнинг дўстлари-авлиёларидирлар. Оллоҳ таоло айтади: {Огоҳ бўлингизким, албатта Оллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Иймон келтирган ва (Оллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун ҳаёти-дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир}. (Юнус 62).
Асарларда келишича бир яҳудий киши Ибн Ражаб ҳанбалийга қараб: "Бу дунё мўминнинг ғамхонаси, кофирнинг жаннатидир", деган экан. Сиз билан менинг ҳолимга қараган одам буни тескарисини кўради. Буни қандай тушунса бўлади? Мана сиз яхши кийниб, покиза юрибсиз! Мен эса бир кўҳна дўзчиман-дебди.