×
Мақола фарзанд тарбияси ҳақида айниқса қиз фарзандни тарбия қилиш фазилати ҳақида баҳс юритади.

Фарзанд тарбияси

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

Акбар Ҳасан

Муҳаррир: Шокир Собир

2011 - 1432

﴿ تربية الأولاد ﴾

« باللغة الأوزبكية »

أكبر حسن

مراجعة: شاكر صابر

2011 - 1432

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:

 Фарзанд тарбияси

عن عائشة رضي الله عنها قالت: دخلتْ عليَّ امرأةٌ ومعها ابنتان لها تسأل، فلم تجد عندي شيئًا غَيْرَ تمرةٍ واحدةٍ, فأعطيتها إيَّاها، فقسمتْها بَيْنَ ابنتيها ولَمْ تأكل منها, ثم قامتْ فَخَرَجَتْ, فدخل النَّبيُّ صلى الله عليه وسلَّم علينا, فأخبرتُه فقال: «مَنِ ابْتُلِيَ مِنْ هَذِهِ الْبَنَاتِ بِشَيْءٍ فَأَحْسَنَ إِلَيْهِنَّ كُنَّ لَهُ سِتْرًا مِنَ النَّار».

Ойша розияллоҳу анҳо ушбу ҳадисда шундай ривоят қиладилар: «Олдимга бир аёл иккита қизини еталаб, олиб кириб, бирор нарса беришимни сўради. Уйда бир дона хурмодан бошқа нарса тополмай, ўша хурмони бўлса ҳам у аёлга бердим. У аёл ўзи емасдан, хурмони иккига бўлиб, қизларига узатди-да, ўрнидан туриб чиқиб кетди. Набий саллаллоҳу алайҳи вассаллам уйга кирганларида бўлган воқеани у кишига айтиб бердим. Шунда у зот: «Кимнинг қиз фарзандлари бўлиб, уларга яхши муомала қилса, бу қизлар унга дўзах оташидан қалқон бўлади», - дедилар. (Муттафақун алайҳи). Ҳадиснинг арабча матнида,

«مَنِ ابْتُلِيَ مِنْ هَذِهِ الْبَنَاتِ».

калимаси ишлатилгандир. Уламолар: бу ерда «убтулия» калимаси «қиз фарзанд билан мусибатланса» маъносида эмас, балки «кимга қиз фарзанд тақдир қилинган бўлса», ёки «кимга қиз фарзанд ато этилган бўлса» маъносидадир, деганлар. Аввал ҳадис ровийси Ойша розияллоҳу анҳо билан танишамиз. Ойша розияллоҳу анҳо пайғамбаримизнинг суюкли аёли эдилар. Оталарининг исми Абу Бакр ибн Абу Қуҳафа Усмон ибн Омирдир. Онаси Умму Руммон бинти Уваймир ибн Абдушамс ибн Аттобдир. Умму Руммон жоҳилият даврида биринчи турмуш ўртоғи Ҳорис ибн Сухайр ал-Аздий вафот етгандан сўнг, Абу Бакр никоҳига ўтган. Абу Бакр даъвати билан исломни қабул қилган. Абу Бакрдан уммул мўминин Ойша розияллоҳу анҳо билан Абдураҳмон ибн Абу Бакрни кўрган. Ҳижратнинг олтинчи йили вафот этган. Ҳадича розияллоҳу анҳо вафот этиб, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳога уйланганларидан сўнг Ойша онамизни ўз никоҳларига олганлар. Росулуллоҳ уйланган аёлларнинг Ойшадан бошқа ҳаммаси, аввал турмуш қурган эди, фақат Ойша онамиз бокира бўлганлар. Ойша Росулуллоҳга аёллари ичида энг суюклиси эди. Саҳобалар: Ё Росулуллоҳ, одамлар ичида кимни кўпроқ яхши кўрасиз? - деганларида, «Ойшани», - деб жавоб берганлар. Эркакларданчи? - деб сўрашганида, «Отасини», - деган эканлар. Ойша розияллоҳу анҳо фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмини кенг эгаллаганлиги тарихда маълум ва машҳурдир.

Ойша онамизни Росулуллоҳ ҳаётлик даврида мунофиқлар томонидан қилинган туҳматдан пок эканлиги Аллоҳ таоло томонидан тасдиқланган. Ва бу борада оятлар нозил қилинган. Саҳобалар бирор диний масалада ечим топа олишмаса, Ойша розияллоҳу анҳога мурожаат қилишган. Айниқса, Росулуллоҳнинг шахсий ҳаётига боғлиқ масалалар Ойша онамиздан кўпроқ ўрганилган.

Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамизни ҳужрасида ва Ойша онамизнинг қўлида жон берганлар ва шу муборак ҳужрага дафн қилинганлар. Ойша онамиз Росулуллоҳ билан саккиз йилу беш ой бирга яшаганлар. Росулуллоҳ вафот этганларида Ойша онамиз 18 ёшда бўлган.

Ойша онамизнинг фазилатларидан яна бири мўминларга берилган енгиллик, яъни, сув йўғида таяммум қилиш ояти Ойша онамиз сабабли нозил бўлганидир. Ойша онамиз ҳижрий 57 санада рамазон ойининг ўн еттинчи кунида, Мадина мунавварада отмиш олти ёшида вафот этган ва Бақеъ қабристонига дафн қилинган. Ойша онамиздан икки минг икки юз ўнта ҳадис ривоят қилинган. Бундан 316тасини имом Бухорий ва имом Муслим ўз саҳиҳ тўпламида келтирган.

Ҳадиснинг шарҳи, муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи Ойша онамиздан ажойиб қиссани келтираяпти. Ойша онамиз ўз уйларига иккита қизчасини етаклаб олган бир бечора аёлнинг кириб келганини ва камбағал бўлганлиги сабаб бирор нарса беришини сўраганлигини айтяптилар. Ҳадисга эътибор қаратинг: «уйимда бир дона хурмодан бошқа нарса топилмаганидан шуни бердим». Кимнинг уйида? Сарвари коинот Муҳаммад мустафо соллоллоҳу алайҳи вассалламнинг энг суюкли аёлининг уйида.

У аёл хурмони Ойша онамиздан олиб иккига бўлиб, иккита қизига едирибди, ўзи эса емабди. Набий алайҳис-салом Ойша онамизнинг уйларига кирганларида, Ойша онамиз ўзида таассурот қолдирган ушбу ажойиб воқеани у зотга айтиб берибдилар. Пайғамбаримиз бу воқеани эшитиб, кимки иккита қизли бўлса, уларнинг тарбиясини ўрнига қўйиб, яхши қилса, уларга молидан оғринмасдан инфоқ қилса, шу ожиза қизларига қилган яхшилиги, уни дўзах ўтидан сатр қилишини айтмоқдалар. Дарҳақиқат, эркак киши аёлларга инфоқ қилади. Аёлар ожиза, заифа бўлганликлари боис уйда ўтирадилар ва уй ишлари, ҳамда болалар тарбияси билан шуғулланадилар. Аллоҳ таоло қуръони каримнинг Нисо сурасида шундай дейди:

{الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ ..} [النساء: 34]

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан баъзи хусусиятларда ортиқ қилгани ва эркаклар ўз оилаларига, ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир». (Нисо сураси, 34-оят).

Тарихдан маълумки, жоҳилиятда араб мушриклари аёлларининг ой куни яқинлашиб қолса, бир чоҳ кавлаб қўяр эди. Агар фарзанд ўғил туғилса, уни олиб қолар, агар қиз туғилса, уни ўша олдиндан кавлаб қўйган чоҳга олиб бориб, тириклайин ташлаб, устидан тупроқ тортиб юборар эди. Ислом бундай ваҳшийликка қаттиқ қарши турди. Ўз фарзандларини ўғил, қиз деб ажратишни Аллоҳ берган неъматга ношукурлик, деб уқтирди. Бунга ҳам кифоя қилмасдан, кимки иккита қизли бўлиб, буларга яхши эътибор берса, дўзах ўтидан нажот топиш ҳақида хуш хабар берди. Ҳозирги замонамизда ҳам ўғил туғилса хурсанд бўлиб, қиз туғилса хафа бўладиган, аёлига кўп жафо берадиганлар ҳам учраб туради. Айнан шунга ўхшаш бўлиб ўтган бир воқеани муҳтарам ўқувчиларга фойдадан холи бўлмас, деган мақсадда, қуйида келтираман:

Яқинда масжидимиз аҳлидан бўлган бир амаки намоздан сўнг масжидимиз супасида ғамгин ўтирганини кўриб қолдим. Олдига яқинлашиб, салом бердим ва ёнларига секин ўтирдим-да, ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг: Тобингиз яхшими, бирор жойингиз оғримаяптими, кайфиятингиз йўқ кўринади? - деб сўрадим.

Амаки: Йўқ, ҳамма жойим соғ, алҳамдулиллаҳ. Лекин ҳозир ёшлик қилиб, ҳаётимда қилган хатойимга пушаймон бўлиб ўтирибман, - деди. Мен амакининг бу сўзидан кейин бирор нарса дея олмадим. Лекин амаки нима хато қилган экан-а, деган фикр дарров ҳаёлимдан ўтди. Амаки буни уққандек, ўз ҳикоясини бошлади. Аёлим учта қизимиздан сўнг, тўртинчи фарзандимизга ҳомиладор бўлиб, кўз ёриши яқин қолган кунлар эди. Ўртоқларим билан ҳафталик ўтиришимиз бор бўлгани сабаб, тез-тез кийиндим-да, эшик томон қараб юрдим. Шунда орқамдан етиб келган аёлим мунис кўзлари билан менга ялингансимон боқди-да: Дадаси, жон дадаси, бугун эртароқ келинг, жуда безовта бўлаяпман, - деди. Мен унинг сўзларига парво ҳам қилмай пойафзалимни кия туриб унинг дўмпайган қорнига бир нуқидим-да, ҳа нима, сен туғсанг фақат қиз туғасанда, деб уйдан чиқиб кетдим. Машинамга ўтириб ўт олдириб, энди юраман деб турсам, етти ёшли тўнғич қизим орқамдан шошиб чиқиб, йиғламсираб, аясининг уй ичида ётиб қолганини айтди. Дарров уйга қайтдим. Аёлим, менинг муштипарим, уйнинг ўртасида қорнини ерга берганча оғриқнинг зўридан нима деётганини ҳам билмай ётарди. Аста суяб турғиздим-да, зудлик билан туғруқхонага етказдим. Дарҳол докторлар уни олиб кириб кетишди. Қанча турдим билмайман-у, бироқ докторнинг: фарзандингиз ўғил экан, дегани ҳанузгача қулоғимда жаранглайди. Доктор менга гапни сабрдан бошлаб, хотинимнинг қорнига зарб билан урилгани сабаб, жигарбандим лат еб, ҳалок бўлгани билан тугатди. Шунда ўзимга келдим. Ҳали дунё юзини кўрмаган, ўзим узоқ йиллардан бери орзиқиб кутаётган жонимдан ширин фарзандимни, жигарбандимни жоҳиллигим сабабли ўлдириб қуйганимни ҳис қилдим...

Хуллас, биз уйга қайтдик. Орадан кунлар, кунлар ортидан ой ва йиллар ўтди. Аллоҳ менга кетма–кет уч ўғил берди. Рафиқам билан қизларни турмушга чиқардик, ўғилларни уйладик. Бу орада аёлим, менинг меҳрибон рафиқам, кўзларимга меҳр билан боқиб турадиган фариштам ҳаётдан кўз юмди. Шунча бирга яшаган бўлсак, бирор марта ҳам менга ўша машъум воқеани эслатмади. Мени ўз фарзандининг қотили эканлигимни айтиб, бирор марта ҳам қораламади. Ҳаммасини Аллоҳдан деб билди...

Ҳикоя шу ерга келганда амаким узоқ жим туриб, ҳаёлга берилиб кетди. Бироз кутгандан сўнг, сабрим тугаб: Уч ўғил кўрган бўлсангиз, яхши-ку, - дедим. Амаки: Ҳа, - деб чуқур хўрсинди.

- Бу ўғиллар менинг ўша гуноҳимга бу дунёда берилган жазо бўлса керак. Кенжа ўғлим ҳовлида мен билан бирга қолган. Деярли икки йилдан бери гаплашмаймиз. Набираларим ҳам отасининг таъсирида менинг хонамга киришмайди.

Катта ўғлимникига бир борсам, келиним ўғлимга: Дадангиз қачон кетарканлар? - деганини эшитиб қолдим. Шу-шу уларникига қадам босмайман.

Аммо қизларим, менинг маликаларим, кун ора келиб иссиқ овқатимдан хабар олиб туришади. Ўзлари кела олмаса ҳам, набираларимни жўнатади. Агар уйларига бориб қолсам, қўярга жой топиша олмайди. Бира-тўла кўчиб келишимни қайта-қайта сўрайдилар. Оналари билан бирга қурган уйни ташлаб кета олмаслигимни, оналарини ўша ерда ҳар куни дуо қилишимни баҳона қилиб, қайтаман. Баъзида ўғилларим ҳам қиз бўлиб қолмаган эканда, деб ўкинаман. Амаки ўз ҳикоясини давом эттираётганда масжидга менга нотаниш бир киши кириб келди. Амаки билан қучоқлашиб сўрашди ва: уйга кирсак, йўқ экансиз, қизингиз нарсаларингизни йиғиштираяпти. Қиш ичи биз билан турасиз, деб етаклаб олиб чиқиб кетди...

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар:

1- Росулуллоҳнинг уйларида бир дона хурмодан бошқа нарса топилмаганлиги.

2- Саҳобалар орасида бойлари бўлгани каби камбағаллари ҳам бўлгани.

3- Саҳобалар ўзлари муҳтож бўлсалар ҳам, ўзгаларни афзал кўришлари.

4- Қизлар ожиза бўлганликлари боис, уларга алоҳида эътибор бериш, уларнинг эҳтиёжлари учун инфоқ қилиш.

5- Қиз фарзандлар дўзах ўтидан тўсадиган парда бўлиши.