×
Мақолада Таҳриф таътил тамсил такйиф калималарининг маъноси баён қилинади.

Таҳриф таътил тамсил такйиф калималарининг маъноси

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2011 - 1432

﴿ معنى التحريف والتعطيل والتمثيل والتكييف ﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم بن عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2011 - 1432

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:

Таҳриф лафзининг маъноси

Таҳрифнинг луғавий маъноси: ўзгартириш ва буришдир.

Шаръий маъноси эса: калимани асл маъносидан бошқа маънога ўзгартириш ва буришдир.

Таҳриф икки қисмга бўлинади:

1) таҳрифул-лафз, лафзни ўзгартириш.

2) таҳрифул-маъно, маънони ўзгартириш.

Биринчи қисм: Таҳрифул-лафз, яъни лафзнинг ўзгартирилиши тўрт кўринишдан иборат:

А) Лафзга қўшимча киритиш.

Б) лафзни қисқартириш.

В) эъробли ҳаракатни ўзгартириш.

Г) эъробсиз ҳаракатни ўзгартириш.

Таҳрифул-лафз мисоллари жуда кўп. Шулардар бири:

} وكلَّم الله موسى تكليمًا {

- {Мусога Оллоҳнинг Ўзи (бевосита) гапирди} - оятидир. Муҳаррифлар (Оллоҳу) лафзидаги замма ҳаракатини фатҳага ўзгартириб (Оллоҳа) деб, Оллоҳ таолонинг сўзлаш-калом сифатини инкор этмоқчи бўлганлар.

Иккинчи қисм: таҳрифул-маъно, яъни маънони ўзгартиришдир. Бу хил ўзгартиришда, калима ўз сурати-шаклида қолади. Бироқ, лафзга умуман бошқа маъно берилади. Таҳрифул-маънога энг катта мисол:

} الرحمن على العرش استوى {

- {(Оллоҳ) Ўз аршига кўтарилган Раҳмондир} - оятидир. Муҳаррифлар: Оллоҳ таолонинг юқорида, аршнинг устида эканини рад этган ҳолда, ўзларининг фикрларини қувватлаш мақсадида "استوى" – яъни кўтарилди, ўрнига "استولى" - яъни, эгаллади, феълининг маъносини бердилар. Бунинг ўша учар муҳаррифлар ўзларининг "таҳриф" ларини таъвил - деб атаб олганлар.

Умуман олганда эса, таҳрифнинг ҳар икки қисми ҳам "таҳриф"-"ўзгартириш"дир. Уларнинг ўзлари айтаганларидек "таъвил" эмасдир. Таҳрифул-лафзнинг ёмон жиҳати: унда ҳам лафз, ҳам маъно ўзгаради. Таҳрифул-маънонинг ёмон жиҳати: муҳаррифлар бу қисм ўзгартиришни ўз олдиларидан "таъвил" деб атаганлари учун, улар ҳаволарига тўғри келмаган ва улар ўзларининг "чўмчуқ" мияларига сиғдиролмаган кўп феълларнинг маъносини ўзгартиришларидир.

Таътил лафзини маъноси

Таътилнинг луғавий маъноси: ташлаб қуймоқ, тарк этмоқдир. Оллоҳ таоло айтади: {Зотан, қанчадан-қанча золим-кофир бўлган ҳолларида, Биз ҳалок қилган, бас, томлари (йиқилиб) ҳувиллаб қолган қишлоқ-шаҳарлар, (қанча) ташландиқ қудуқлар ва юксак (лекин кимсасиз) қасрлар бордир}. (Ҳаж 45).

Таътилнинг шаръий маъноси: Оллоҳ таолонинг исму сифатлари ва афъолларини ташлаб, унинг маъноларини бекор қилиш билан У зотни муқаддас камолатидан маҳрум қилишдир.

Асмо-сифат бобида "таътил" калимаси истеъмол қилинганда, Оллоҳни барча ёки баъзи бир исму сифатларидан маҳрум қилиш - ўша асмо-сифатларни ташлаш тушунилади.

Такйиф лафзининг маъноси

Такйифнинг луғавий маъноси: бирон нарса ёки кимсани ҳеч бир нарсага ўхшатмасдан туриб, унинг ўзига муайян шакл ёки ҳолатни исбот қилишдир.

Бунга мисол: Рофизийларга етадиган Ҳишомия тоифаси Оллоҳ таолога муайян ҳолатни бериб шундай деганлар: Оллоҳнинг бўйи билан эни бир хилдир.

Оллоҳ таоло бизларни бундай қавли баддин сақласин!

Тамсил лафзининг маъноси

Тамсилнинг луғавий маъноси: бир нарсани бошқа бирига ўхшатмоқ, тенглаштирмоқдир.

Тамсил билан такйиф ўртасидаги фарқ шуки: такйиф бир нарсани бошқа бирон нарсага ўхшатмасдан, унинг ўзига муайян бир шакл бериш, тамсил эса, бир нарсанинг ўзи ёки сифатини иккинчи нарсага ўхшатиш ёки тенглаштиришдир.

Асмо-сифат бобидаги аҳли суннат вал-жамоатнинг ақидаси: Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда хабар берилган Оллоҳнинг исм ва сифатларининг ҳаммасини ҳеч бир таҳриф, таътил, такйиф ва тамсилсиз исбот қилиш шарт. Чунки, Оллоҳ таоло исм ва сифатларининг ҳеч бирида махлуқларига ўхшаш эмас. Шунинг учун, Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган Оллоҳнинг исм ва сифатларини У зотнинг ўз мақомига лойиқ ҳолда исбот қилинади.

Қуръон ва суннатда хабари келган Оллоҳнинг асмо-сифатларининг биронтаси ташланмайди, маъноси ўзгартирилмайди, бирон махлуқ У зотга ўхшатилмайди ва У зотга муайян шакл ёки ҳолат берилмайди. Чунки, Оллоҳ таоло Қуръонда ёки саҳиҳ ҳадисда пайғамбари орқали Ўзининг гўзал исмлари ва юксак сифатлари борлиги ҳақида хабар берган. Лекин Қуръон ёки суннатда Оллоҳ таоло Ўзининг шакли ёки ҳолати тўғрисида хабар бермаган. Шунга асосан, Оллоҳ таолонинг шакл-сурати ва ҳолати тўғрисида фикр юритиш бидъатдир.

Ўтмиш уламоларимиздан бири имом Молик роҳимаҳуллоҳдан Оллоҳ таолонинг Ўз аршига кўтарилиши тўғрисида сўрашганда, у киши бир муддат бошларини хам қилиб ўтирганларидан сўнг, шундай жавоб берган эканлар: "(Оллоҳнинг Ўз аршига) кўтарилгани маълум. Қай ҳолатда кўтарилгани эса номаълум. (Оллоҳнинг Ўз аршига кўтарилганига) иймон келтириш вожиб, бу ҳақда сўраш эса аслида бидъатдир".

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ асмо-сифат бобида ўзидан кейингилар учун бир улуғ қоида қўйганлар. Бу қоида: Оллоҳ таолонинг исм ва сифатлари Қуръон ва саҳиҳ суннатда қандай келган бўлса, унга ўз маъноси берилишидир.

Ушбу икки қоидага амал қилиш аҳли суннат эътиқодидандир. Зеро, Оллоҳ таоло Қуръони каримда, У зотга бирон махлуқ ҳеч бир важҳдан ўхшамаслиги ҳақида хабар бериб, дейди:

} ليس كمثله شيء وهو السميع البصير {

- {У зотга бирон нарса ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир}. (Шўро 11).

} وتوكل علي الحي الذي لا يموت {

- {Ва ўлмадиган тирик зотга таваккул қилинг}. (Фурқон 58).

} الله لا إله إلا هو الحي القيوم لا تأخذه سنة ولا نوم {

- {Оллоҳдан ўзга тангри йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас}. (Бақара 255).

Имом Бухорий ва Муслим ривоятида жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Парвардигоримиз таборака ва таоло ҳар тун дунё осмонига кечанинг охирги уч қисмидан бири қолган пайтда тушиб: "кимки Менга дуо қиладиган бўлса, дуосини ижобат қилурман. Кимки Мендан сўраса, унга (ҳожатини) берурман. Кимки Мендан мағфират этишимни сўраса, уни мағфират қилурман" - дер, деб Оллоҳ талонинг юқоридан пастга тушиш сифатини исбот қилганлар. (Бухорий 1145).

Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривоятида жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Оллоҳ халойиқнинг қазо-қадарини битиргач, Аршнинг устидаги Ўзининг ҳузуридаги китоб (лавҳул-маҳфуз)га: "Албатта Менинг раҳматим, ғазабимдан ғолибдир - деб ёзиб қўйган" - дедилар. (Бухорий 3194).

Абу Мусо Абдуллоҳ бин Қайс ал-Ашаърий розиаллоҳу анҳу: биз жаноб Росулуллоҳ билан бир ғазотда бирга эдик. Биз бирон тепаликка кўтарилсак ёки бирон водийга инсак такбир айтиб (Оллоҳ Акбар деб), овозизимни кўтарар эдик. Шунда жаноб Росулуллоҳ бизга яқин келиб: "Ўзларингизни қийнамангиз! Сизлар кар ёки ғоиб зотни чорламаяпсиз. Балки эшитиб, кўриб туривчи зотга дуо қилмоқдасизлар" - деб, сўнг: "Эй Абдуллоҳ бин Қайс, сенга жаннат хазинасидан бўлган бир калимани ўргатамайми? У: Ла ҳавла вала қуввата илло биллаҳ" дир, дедилар. (Бухорий 6610).

Бу ҳадисда Оллоҳ таолонинг кўр ёки ғойиб-йўқ бўлувчи, деган сифати нуқсонлардан поклиги ифодаланган.

Имом Муслим ривоятида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Оллоҳ ухламас. Зеро, У зотга ухлаш лойиқ эмасдир" - деб, оятул курсида баён қилинганидек, Оллоҳни мудроқ ёки уйқу олмаслигини таъкидлаганлар.

Хуллас: аҳли суннат вал-жамоатнинг асмо-сифат бобидаги эътиқоди: Қуръон ва саҳиҳ суннатларда ворид бўлган исму сифатларни ҳеч бир тараддудсиз ва таҳрифу тамсилсиз Оллоҳ таолога исбот қилиш экан. Ана шунда, Оллоҳ таолога барча гўзал исмлари ва юксак сифатлари исбот қилинади. Шунингдек, Оллоҳнинг исму-сифатлари зинҳор махлуқотларидан биронтасига ўхшамайди.