×
Мақолада Тавҳид-ал-асмо вас-сифат ва унинг хусусиятлари баён қилинади.

Тавҳид-ал-асмо вас-сифат

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2011 - 1432

﴿ توحيد الأسماء والصفات ﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم بن عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2011 - 1432

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:

Тавҳид-ал-асмо вас-сифат

Юқорида тавҳиднинг икки бўлаги: тавҳид-рубубия ва тавҳид-улуҳия билан танишган эдик.

Бу тавҳид юқорида зикри ўтган икки тавҳидни том маънода тушуниш учун жуда муҳим, айни чоғда юқорида зикр қилинган тавҳиднинг ҳар иккисини ўз ичига оладиган парвардигорнинг гўзал исмлари ва олий сифатлари борлиги, яъни тавҳид бўлакларининг учинчиси бўлмиш тавҳид-асмо ва сифат билан бақадриҳол танишамиз.

Тавҳид –рубубияга далолат қилувчи асмо-сифатлар Оллоҳ таолонинг Роб-Оллоҳ, холиқ-яратувчи, молик-барча мулк соҳиби, деган исмларидир.

Парвардигорнинг Оллоҳ, Ғофир-мағфиратли, Раҳийм-раҳмли, тавваб-тавбаларни қабул қилувчи-каби гўзал исмлари тавҳид-улуҳияга далолат қилади.

Бундан кўриниб турибдики, демак тавҳид-рубубия ҳамда тавҳид-улуҳиянинг ҳар иккаласи тавҳид-асмо ва сифат зимнига дохил бўлади. Бинобарин Оллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва олий сифатларини ўрганиш жуда муҳим ҳамда шарафли илмдир. Зеро бирон нарса ёки кимсани яхши кўриш, унга нисбатан ҳосил бўлган шуурнинг бир тури ҳисобланади.

Парвардигорнинг гўзал исмлари ва олий сифатларини борлигини билган шахс ҳеч бир муболағасиз Оллоҳни ҳақиқий таниган ҳисобланади. Чунки аҳли-суннат эътиқодида ҳеч ким парвардигорни бу дунёда кўра олмайди. У зотнинг зоти ва моҳияти тўғрисида фикр юритиш эса бидъат-залолатдир. Шу боис, бу дунёда кўзга кўринмайдиган Оллоҳни таниш учун энг афзал йўл: У зотнинг гўзал исмлари ва олий сифатларини билишдир. Ойша онамиз меърож кечасида жаноб росулуллоҳ ﷺ‬ парвардигорини кўрган деган киши хато қилибди. У зот парвардигорни кўрмаганлар. Бунга далил ушбу ояти каримадир-дердилар. {Кўзлар унга ета олмас, у кўзларга етар! у меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир}.

Қалб тўрида мустаҳкам ўрнашган Оллоҳнинг маърифати албатта ҳар бир мўминни у зотнинг муҳаббатига ва у зот азобидан қўрқишга чорлайди.

Асмо-сифатларнинг ҳар бири қалб ва юриш-туришга катта таъсир қилади. Аммо асмо-сифатларнинг қалбга бўлган таъсирини тавҳидни билган-Оллоҳни таниган кишигина билади, холос. Масалан Оллоҳ таолонинг "Ас-самеъ" –"эшитувчи", "Ал-басир"- "Кўрувчи"-деган исми-сифати, Парвардигорнинг коинотда содир бўлаётган барча нарсаларни кўриб, билиб турувчи эканига далолат қилади. Мана шу икки сифатнинг самараси тил, қўл, оёқ , қўйингки, барча аъзоларни Оллоҳ ризоси йўлида ҳаракатланадиган, иймонга пур аъзоларга айлантириб қўяди.

Натижада юзда ҳаё, қалбда Оллоҳни улуғлаш пайдо бўлади. Ҳаёли инсон ғолибан ножўя ишларга қўл урмайди.

Парвардигорнинг "ал-карим" –"фазли-саховат соҳиби", "ал-муҳсин"- "яхшилик қилувчи" ва "ар-раҳим"-"раҳимли зот"-деган асмо-сифатлари мўмин киши қалбида Оллоҳдан умид қилишни пайдо қилади. Бандани Оллоҳ таоло фазли-марҳамати ва эҳсонидан умид қилиши ортиб борган сайин, Оллоҳни таниши ортиб бораверади.

Парвардигорнинг "العظيم" энг буюк ва "الكبير" энг катта каби асмо-сифатларини билган ақли роса ҳар бир инсон, ўз-ўзидан ана шу энг катта ва буюк зот Оллоҳга хорлигини изҳор этади, унга бўйинсунади ва у зотга ибодат қилади. Зеро Оллоҳдан у зотнинг асмо-сифатларини биладиган олим бандалари кўпроқ қўрқур. Оллоҳ таоло айтади: {Оллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур. Шак-шубҳасиз, Оллоҳ қудратли, мағфиратлидир}. (Фотир 28).

Шу оятга асосланган ҳолда уламоларимиз, олимлар уч қисмга бўлинади-деганлар.

Улардан биринчи қисми: Оллоҳни танийди, бироқ у зотнинг фармонини билмайдиган олимлардир.

Иккинчи қисми: Оллоҳ буюрган нарсаларни билади-ю, аммо у зотнинг ўзини танимайдиган олимлардир.

Учинчиси қисми: Оллоҳ таолонинг ўзини ҳам, у зотнинг буйруғу қайтариқларини ҳам биладиган роббоний олимлардир.

Демак, ҳақиқий роббоний олим Парвардигорнинг яратувчи, ризқ берувчи, ўлдириб-тирилтувчи, тавбаларни қабул қилувчи, бандаларига яхшилик қилувчи, бандаларининг барча амалларини кўриб-этишиб турувчи, бандаларидан хоҳлагинини раҳматига олувчи, улардан истаганини азобловчи, тўғри йўлга бошловчи ҳам, улардан истаганини адаштирувчи ҳам Оллоҳ эканини билиб, У зот буйруғига итоат қилиб, қайтариқларидан қайтган ҳолда ҳаёт кечирадиган мусулмондир.

Инсонга Яратувчисини таниши, унга ўз отасини танишидан-да муҳимроқдир. Парвардигорнинг асмо-сифатларини билмаган кимсалар, эртами кечми ўзларини ҳам унитишларида ҳеч шак-шубҳа йўқ. Оллоҳ таоло айтади: {(эй мўминлар), сизлар Оллоҳни унутиб қўйган (яъни У зотнинг амр-фармонларига итоат этмаган), бас (шундан кейин) Оллоҳ уларга ўзларини ҳам униттириб қўйган (яъни ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир!}. (Ҳашр 19).

Дарвоқе, Оллоҳ таоло гўзал исмлари борлиги Қуръони-каримнинг Ал- Исро, Тоҳа ва Ҳашр сураларида баён этилган.

Аъроф сурасида Оллоҳ таоло: {Оллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар)}-дейди.

Ал-Исро сурасида {(Эй Муҳаммад), айтинг: "Оллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон – Меҳрибон, деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир}, (Ал-Исро 110)

Тоҳа сурасида: {Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ. Фақат унинг ўзи бордир. Унинг учун гўзал исмлар бордир}-дейди. (Тоҳа 8).

Ҳашр сурасида эса: {У – Оллоҳ яратувчидир, (йўқдан) бор қилгувчидир, (барча нарсага) сурат-шакл бергувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир}-деб, Оллоҳ таоло ўзининг гўзал исмлари борлиги тўғрисида хабар бермоқда.

Саҳиҳ хабарларда ҳам Оллоҳ таолонинг жуда кўп гўзал исмлари борлиги баён қилинган. Жумладан Абу Ҳурайра t ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬ умматини Оллоҳ таолонинг гўзал исмларини ёд олишларига чорлаб: "Оллоҳнинг тўқсон тўққиз – бири кам юз – исми бордир. Кимда – ким ана шу исмларни санаса (яъни Оллоҳнинг исмлари далолат қилган нарсага амал қилса) жаннатга кирур"- деганлар. (Бухорий 2736). Имом Бухорий китоб ар-риқоқда келтирган ривоятда эса: "Оллоҳнинг тўқсон тўққиз – бири кам юз – исми бордир. Кимда – ким ана шу исмларни ёд олса (яъни Оллоҳнинг исмлари далолат қилган нарсага амал қилса) жаннатга кирур. Оллоҳ (зоти ва сифатида) тоқдир, ( У зот Ўзининг зот ва сифатларида ягона) тоқ бўлишни яхши кўрур",-деганлар.

(Бухорий 6410).

Уламоларимиз" Оллоҳ таолонинг тўқсон-тўққиз исмиини санаса, жумласининг маъносида шундоқ деганлар: кимда-кми Оллоҳ таоонинг исмларини ёд олса ва унинг маъносига иймон келтириб, уни улуғлаб, унга қизиқиб, маъноларидан ибрат олган ҳолда санаса, ана шу киши жаннатга кирур.

Абу Наим Асбаҳоний роҳимаҳуллоҳ: "Оллоҳ таолонинг исмини санаса"- жумласидан мурод: Оллоҳнинг исмларини санаб чиқиш эмас, албатта. Балки санашдан мурод: ўша исмлар тақозосига амал қилиш, маъноларини тушуниш ва унга иймон келтиришдир-деганлар.

Абу Умар Толаманкий роҳимуллоҳ: Оллоҳ таолонинг асмо-сифатларини тўлиқ билиш, ўша исмларини айтиб дуо қилган дуогўй ва уни ёд олган кишининг пайғамбар ﷺ‬ хабар берган ажри-савобга эришиши; Оллоҳнинг асмо-сифатларини, ўша исмлар ўз ичига олган фойдалар ва у далолат қилган ҳақоиқларни билиш орқали амалга ошади. Мана шу нарсаларни билмаган киши Оллоҳ таоло исмларининг маъносини билган ва уни зикр қилгани билан у далолат қилган маънолардан фойланган ҳисобланмайди-деганлар. (Фатҳул-борий/даавот/ҳадис 6410).

Уламоларимиз: Оллоҳ таоло исмларининг саноғи у зотдан ўзгалар учун қоронғу. Бинобарин Оллоҳ таолонингг исмлари тўқсон тўққизтага чегараланган дейиш, нотўғридир. Бунга яққол далил Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббонлар ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬: "Илоҳим, албатта мен сенинг қулингман. Қулинг ва чўрингнинг боласиман. Мен сендан ўзингни атаган исмларинг ёки китобда (Қуръонда) нозил қилган ёки ўзинг махлуқотларингдан бирига ўргатган ё ўз ҳузурингдаги илм ғойбда хослаган барча исмларинг ҳаққи утинаман – илтижо қиламанки, сен ўзинг Қуръон-каримни қалбим баҳори айлагин! (яъни қалбимни Қуръон билан обод қил)-деб, дуо қилганларидир-деганлар.

Оллоҳ таолонинг сифати хусусида

Оллоҳ талонинг сифатларига уч турга бўлинади:

1) Сифати зотия. Мисоли: қўл, юз, кўз ва оёқлар.

2) Сифати маънавия. Мисоли: илм, қудрат, ҳаёт ва иродалар.

3) Сифати феълия. Бу сифатга юқоридан пастга эниш, кўтарилиш, яратиш ва ризқ беришлар киради.

Павардигор юксак сифатлар соҳиби ва У зотнинг сифатлари мутлоқо юксак сифатлар экани Қуръони-каримнинг икки сурасида ёритилган. Наҳл сурасида Оллоҳ таоло бу ҳақда шундай хабар берди: {Охиратга иймон келтирмаган кимсалар энг ёмон сифат эгаларидир. Оллоҳ эса энг юксак сифат-хислатлар соҳибидир. У қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир}. (Наҳл60).

Рум сурасида эса: {У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш – тирилтириш) У зотга жуда осондир. Осмонлар ва Ердаги юксак хислат-сифат (яъни Яккаю Ягоналик) Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир}- дейди. (рум 27).