Муҳаммадур росулуллоҳ
Категориялар
Full Description
"Муҳаммад росулуллоҳ" шарҳи
﴿شرح شهادة أن محمد رسول الله﴾
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2011 - 1432
﴿شرح محمد رسول الله﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2011 - 1432
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين و العاقبة للمتقين و لا عدوان إلا على الظالمين والصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و صحبه أجمعين و بعد:
Муҳаммадур росулуллоҳ
"Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг бири-биридан ажралмас икки қисм бор. Яъни шаҳодат калимаси: "Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур росуллоҳ", деган икки қисмдан иборатдир. Биз юқорида икки қисмдан иборат шаҳодат калимасининг биринчи қисми: "Ла илаҳа иллоллоҳ" билан танишдик. Энди эса ушбу калиманинг "Муҳаммадур Росулуллоҳ"- қисми билан танишамиз.
"Муҳаммадур Росулуллоҳ"- калимасининг ўзбекча маъноси: Муҳаммад ﷺ Оллоҳнинг пайғамбари" -демоқдир.
Кимда-ким "Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммад Росулуллоҳ", яъни "Ҳеч қандай (ибодатга ҳақли) илоҳ йўқ, магар Оллоҳгина бордир. Муҳаммад Оллоҳнинг пайғамбаридир"-калимасини маъносига тушуниб айтадиган бўлса, у албатта Муҳаммад rнинг барча амру-фармонига бўйинсуниб, у зот Оллоҳ тарафидан келтирган хабарларни тасдиқ этади. У зот қайтарган барча қайтариқлардан қайтади. Бошқача таъбирда айтганда: шаҳодат калимасини айтган кишининг лисони ҳоли: мен қалбим тўридан тилимга чиққан сўзни тасдиқ этиб айтаманки, албатта Муҳаммад ﷺ Оллоҳнинг бандаси ҳамда инсу жинга гувоҳлик бергувчи, жаннатдан хушхабар, дўзахдан огоҳлантиргувчи, Оллоҳ динига даъват қилгувчи чироқ мисоли нур таратувчи бўлиб юборилган пайғамбардир.
Ислом динининг аҳкомларини билиш ва тушуниш учун ягона йўл – пайғамбарларга мурожаат қилишдир. Мусулмон бўлиш учун эса пайғамбарлар хотами бўлмиш Муҳаммад rнинг пайғамбарлигига иймон келтириш шарт. Бинобарин шаҳодат калимасининг ҳар иккала қисми бир-биридан ажралмас яхлит бир калима саналади.
"Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммад Росулуллоҳ" шаҳодат калимасини чин юракдан айтиб, унинг ҳақлигини эътиқод қилиш, тақозосига сўз ва феълда амал қилиш билан амалга ошади.
Шаҳодат калимасини тил учида айтишнинг ўзигина ҳақиқий мусулмон бўлишлик учун кифоя қилмайди. Ла илаҳа иллоллоҳ Муҳаммадур Росулуллоҳ калимасини айтиб мусулмон бўлган киши бу калима тақозосини албатта амалда ҳам кўрсатиши шарт.
Амалда кўрсатиш эса: пайғамбар йўлини тутиш, у зотга барча ишларида тўлиқ итоат қилиш, у зот суннатларини бош устига қўйиб қабул қилиш ҳамда барча тоат-ибодатларни у зот кўрсатмаси асосида бажаришлар билан ҳаётга татбиқ қилинади. Оллоҳ таоло итоати У зот юборган пайғамбарга итоат қилиш орқали амалга ошиши ҳақида Моида сурасида қуйидагича хабар берилган: «Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Оллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ».[1] Оллоҳ таоло айтади: «Оллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз! Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Оллоҳ бундай динсизларни севмас».[2]
"Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммад Росулуллоҳ"- шаҳодат калимаси одамларни дўзах азобидан қўтқарувчи муборак калимадир.
"Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммад Росулуллоҳ"- шаҳодат калимаси одамларни зулуматдан нурга чиқарувчи улуғ калимадир.
"Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммад Росулуллоҳ"- шаҳодат калимаси Тавҳид калимасидир.
"Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммад Росулуллоҳ"- шаҳодат калимаси мусулмон билан кофир ўртасини ажратадиган – иймон калимасидир.
"Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммад Росулуллоҳ"- шаҳодат калимаси ихлос калимасидир.
"Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммад Росулуллоҳ"- шаҳодат калимаси, яъни "Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Оллоҳгина бордир. Муҳаммад Оллоҳнинг пайғамбаридир"- калимасини одамларга еткизган Оллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад rга бўйинсуниш фарзлигини билдиручи калимадир. Оллоҳ таола айтади:«Оллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга бўйинсунингиз! Энди агар (итоатдан) бош тортсангиз, у ҳолда (билингизки), пайғамбаримиз зиммасида фақат (Бизнинг ваҳийлармизни сизларга) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос. Оллоҳ – ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Бас, мўминлар ёлғиз Алоҳга таваккул қилсинлар – суянсинлар!».[3]
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло Муҳаммад rни пайғамбарлар сўнггиси, Қуръони-каримни самовий китоблар охиргиси этиб танлади. Сўнгги пайғамбари Муҳаммад ﷺ рисолатини ўтган рисолатларда учрамаган бир қанча хусусиятлар билан хослади. Бандалари учун Исломни дин этиб танлади.
Амаллар, тоат-ибодатларнинг Оллоҳ даргоҳида мақбул бўлиш шарти: Оллоҳга ва Унинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад rга иймон келтиришдир. Бинобарин Оллоҳнинг бирлигини тан олиб, бироқ Муҳаммад rга иймон келтирмаган кимсалардан ҳеч бир амал қабул этилмайди.
Бизларни Ислом динига ҳидоят қилиб, мусулмонлардан айлаган Оллоҳ субҳанаҳу ва таолога беҳад ҳамду-санолар бўлсин!
* * *