×
Ушбу мақолада "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимасининг нафий ва исбот услуби нималарга далолат қилиши баён қилинади.

Шаҳодат калимасидаги нафий ва исбот

﴿ النفي والإثبات في كلمة التوحيد ﴾

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2011 - 1432

﴿ النفي والإثبات في كلمة التوحيد ﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم بن عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2011 - 1432

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир раҳманир роҳим

Шаҳодат калимасидаги

нафий ва исбот

Шаҳодат калимаси икки қисмдан иборат бўлиб:

Биринчиси: нафий ёхуд инкор этишдир. Бу "Ла илаҳа", яъни ёлғиз Оллоҳдан ўзга барча "худо"лар ибодатини рад қилишни ўз ичига олган биринчи қисмдир.

Иккинчиси: барча ибодат ва сиғинишлар фақат ёлғиз Оллоҳ учун бажо келтирилиши шартлигини ифода қилувчи қисмдир. Бу "Иллоллоҳ", яъни барча ибодатга ҳақли зот ягона Оллоҳ таоладир, деган маънони ифода этади.

Ҳақиқатда барча ибодатга ҳақли зот ёлғиз Оллоҳдир. Оллоҳ қалблар Унга талпинадиган, ризосига интиладиган зотдир. У зотга бандалари ҳожатмандликларида ҳам, бошларига мусибат тушганда ҳам дуо-илтижо қиладилар. Бинобарин махлуқотлардан бирини "Илоҳ" деб, сиғиниш ёки улардан мадад тилашлар табиий хилқатга ҳамда "Ла илаҳа иллоллоҳ" калимаси ўз ичига олган маънога бутунлай хилофдир. Ўйлаб кўринг, ожиз бир махлуқ "худо" ёки худога шерик бўлиши мумкинми?!

Парвардигориолам Ўзининг якка-ю ёлғиз Тангри эканлигига гувоҳликни ана шу муборак шаҳодат каламаси орқали ифодалади. У зотнинг ягона Илоҳ эканини фаришталар ҳамда бандаларидан аҳли илмлари ҳам айнан шу калима орқали билдирдилар. "Ла илаҳа илоллоҳ"нинг ҳақ калима эканига гувоҳлик бердилар. Оллоҳ таола айтади: «Оллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат соҳибидир». (Оли Имрон 18).

Демак, шаҳодат калимаси васф этган ва кўрсатган маъноларни пухта ўрганиб, унинг тақозосига амал қилган ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри-соғлом ақида ҳисобланади. Зеро, шаҳодат калимаси ихлос - айтувчисини Оллоҳга ширк келтиришдан сақловчи калимадир.

Калима-и шаҳодатни тилда айтиб, тақозосига амал қилган ҳар бир инсон куфр ва ширк ботқоғидан отилиб чиқади ва энг олий бахт-Ислом бахтига эришади.

Калима-и шаҳодатни чин юракдан айтган ҳар бир инсон уни талаффуз қилиши билан мўмин-мусулмонлар сафига қўшилади.

Калима-и шаҳодат: ҳар бир мусулмон учун қиёмат куни - Оллоҳ таоланинг ҳузурида мусулмонлигига ҳужжат бўлади.

Калима-и шаҳодат, мусулмонларнинг моллари, жонлари ва шаънларини ҳимоя қилгувчи калимадир.

Саҳиҳ хабарларда жаноб Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг айтган энг афзал сўзлари: "Ла илаҳа иллоллоҳ, ваҳдаҳу ла шарика лаҳ" калимасидир, деб марҳамат қилганлар.

Ана шу муборак "Ла илаҳа иллоллоҳ" шаҳодат калимаси яратувчилик ва илоҳлик сифатларини ёлғиз Оллоҳ таолага исбот қилади.

Яратиш ва сиғиниш Оллоҳ таолонинг хос ҳаққидир. Шу боис, шаҳодат калимасининг маъносини англаб, илму-басира ила унга амал қилган ва ушбу калимани чин юракдан айтиб, сўзларини амаллари тасдиқлаган зотлар албатта Оллоҳ таоло ваъда қилган жаннатга, Оллоҳ ризосига сазовар бўлурлар.

* * *