×
Савол: Мен ўзим Украинада ишлаб чиқариш заводида ишлаб келаман. Сиз Ўзбекистонда хижобга қарши кураш кетмоқда, деб таъкидлагансиз. Илтимос, саволимга жавоб берсангиз. Масалан, аёл киши заводда ҳижоб билан ишга борди, у иш қоидаларини бузган ҳолда турли ускуналар билан ишлашига тўғри келади, агар кийган кийими орқасидан бирор кор-ҳол бўлса, ким жавоб беради? Шундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, тиббиёт ва бошқа соҳаларда. Жавоб учун олдиндан раҳмат.

    Ҳижобли аёл қандай ишлайди?

    ﴿كيف تعمل المرأة المحجبة؟﴾

    [Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

    Шайх Обидхон қори Собитхон ўғиллари

    Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

    2010 - 1431

    ﴿كيف تعمل المرأة المحجبة؟﴾

    « باللغة الأوزبكية »

    الشيخ عابد خان قاري بن ثابت

    مراجعة: شمس الدين درغامي

    2010 - 1431

    بسم الله الرحمن الرحيم

    Савол: Мен ўзим Украинада ишлаб чиқариш заводида ишлаб келаман. Сиз Ўзбекистонда хижобга қарши кураш кетмоқда, деб таъкидлагансиз. Илтимос, саволимга жавоб берсангиз. Масалан, аёл киши заводда ҳижоб билан ишга борди, у иш қоидаларини бузган ҳолда турли ускуналар билан ишлашига тўғри келади, агар кийган кийими орқасидан бирор кор-ҳол бўлса, ким жавоб беради? Шундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, тиббиёт ва бошқа соҳаларда. Жавоб учун олдиндан раҳмат.

    Абдулло.

    Жавоб: Ислом дини қоидаларига кўра оила боқиш, ишлаб пул топиш аёл кишининг вазифасига кирмайди. Оила тебратиш, аёли ва фарзандларини моддий таъминлаш эрнинг зиммасига юклатилган. Аммо вазият тақозоси билан ва муносиб шароитлар яратилган ўринларда аёл кишининг ишлаши тақиқланмайди. Бугунги кунда ҳижобли аёлларнинг ишлашига тўсқинлик қилаётганлар, уларни иш ўринларидан маҳрум этаётганлар Исломга қарши бўлган тузумлар ва шасхлардир.

    Аёлларнинг иш шароитлари

    Ислом дини аёл кишининг ҳуқуқларини яхшироқ ҳимоя этгани сабабли уни меҳнат қилиш мажбуриятидан озод қилган аммо унга тақиқ киритган эмас. Аёл киши уйда туриб бажариладиган ишда ишлаши ёки уйдан ташқарида аёл-қизлар билан бирга адо этиладиган ишларда эри билан келишган ҳолда қатнашиши жоиз. Маҳрам эркаклар билан бирга ишлашига ҳам Исломда ҳеч қандай монелик йўқ.

    Муслима аёл бегона эркаклар ичида фитна ва шубҳага сабаб бўладиган ҳолатларда ишламайди. Уйдан ташқарида бўлганда шаръий ҳижобида бўлади. Боқувчисиз аёл ҳам шу қоидаларга риоя қилган ҳолда меҳнат қилиши мумкин.

    Аёл киши оилада ҳам, зарурат бўлганда ташқарида ҳам ўзига муносиб меҳнат билан шуғулланади. Аммо бу сўз касб-кор турлари икки жинсга ажратиб берилган, дегани эмас.

    Одамзод учун фойдали касб-кор ва ҳалол меҳнатнинг турлари кўп ва улар Исломда “мана бу аёлларники, мана бу эркакларники", деб белгиланмаган. Масалан, ҳатто қассобчилик, овчилик, темирчилик, ўт ўчирувчилик, жангчилик каби ишларни ҳам бирор оят ёки ҳадис билан аёллар учун ҳаром, деб айтилмаган. Аёл киши отган ёки сўйган ҳайвон ҳаром бўлмайди. Душман уйига бостириб кирса аёл киши ўзининг ва болаларининг ҳимояси учун қўлига тушган нарса билан ҳужумга ўтади. Расулуллоҳ замонларида саҳобийя аёллар ҳам зарур ўринларда жиҳодларда иштирок этишган.

    Демак, агар кучи етса лозим бўлган пайтда аёл киши ҳар қандай юмушни бажариб кетавериши мумкин. Бунга унинг ҳижоби халақит бермайди. Аммо бу каби ишлар Исломдан аввалги замонлардан бери асосан кучли жинс вакиллари - эркаклар вазифаси сифатида танилиб келган. Ҳозир ҳам шундай. Ҳатто мусулмон бўлмаган жамиятлар ва халқларда ҳам бу каби ишларда асосан эркаклар кўзга ташланади. Бу Ислом динининг тақсимоти эмас, балки табиий тақсимотдир.

    Мусулмонларда ҳам қадимдан одат бўлган тартиб шуки, аёл киши дуч келган ишда эмас, балки ўзининг аёллик хилқатига, жисмоний имкониятларига мувофиқ келадиган ишларда фаолият кўрсатади. Оғир ишларни аёлларга ташлаб қўйишни эркаклар ўзига эп билмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ва Фотима разияллоҳу анҳумолар ўрталарида ишларни тақсим қилганларида Фотимaга уй ишларини бажаришни, Алига уйдан ташқаридаги ишларни топширганлар.

    Шунга асосланиб олимлар аёл киши учун уй ишлари билан машғул бўлиш, фарзанд тарбияси билан шуғулланиш зарурроқ ва фойдалидир, деб хулоса қилишган.

    Меҳнатни ташкил қилиш борасида Ислом динининг талаби аёлнинг дину эътиқодига, шарму ҳаёсига, соғлигига номуносиб муҳитдан ҳимоя қилиниши ва меҳнатига яраша тўлиқ ҳақ тўланишидир. (Айрим жамиятларда аёллар ҳанузгача эркаклар билан баробар иш ҳақи олишга эришмаганлар).

    Мўмина аёл эркакларнинг назари ва таъқиби остида ёки аёллик ҳурматини сақлай олмайдиган шароитда ишлай олмайди. Эркаклар зиммасидаги вазифалардан бири шуки, улар ишловчи аёллар учун муносиб шароитларни муҳайё қилишлари лозим.

    Маълумки эркакларнинг ўзлари бирор ишга киришишдан аввал ишнинг ҳамма томонларини ўрганадилар. Танлаш ҳуқуқидан яхши фойдаланадилар. Иш танлаб, ишламасдан ҳам юраверадилар. Бу жиҳатдан аёллар ҳам эркаклар билан тенгдирлар. Ақлли ва уддабурон эркаклар аёлларнинг бу ҳуқуқларини таъминашга ҳаракат қилишлари керак.

    Саволда “масалан" деб ҳижобли аёлнинг заводга ишга боргани тилга олинган. Аммо ҳаётга қарасангиз, бошқа нарсани кўрасиз. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳижобли аёлларни завод тугул ундан берироқдаги ишларга ҳам яқин йўлатишмаяпти. Аксинча, ишларидан ҳайдашаяпти. Кўчада юришга ҳам қўйишмаяпти. Давлат “зиёли"лари кўчада кетаётган ҳижобли аёлни кўриб қолсалар, ўзлари кўп гапирадиган маънавиятни ҳам, маданиятни ҳам унутадилар. Ақлларини йўқотиб, салкам жазавага тушадилар.

    Агар саволда Украина ҳақида гап кетаётган бўлса, биз у ердаги мусулмон аёлларга бўлган сиёсатни яхши билмаймиз. Аммо ўша ерда ўзбек қочқинларига бўлаётган қама-қамалардан хабаримиз бор.

    Хоҳ аёл киши бўлсин, хоҳ эркак бўлсин, заводга ишга кираётганда аввал иш билан танишади ва ўзига маъқул келса, қўлидан келадиган иш эканига ишонч ҳосил қилса, ишлашга рози бўлади, бўлмаса ишламайди. Бу завод директори билан ишчи ўртасидаги масала. Муслима аёл ҳам ўзининг ҳуқуқ ва бурчларини яхши билади. Нима ишда ишлай олади, нима иш унга тўғри келмайди, ўзи яхши ажрата олади.

    Аёл ва қариндошлик ришталари

    Аёллар аслида ишлаш мажбуриятидан озод эканлар, уларнинг кўчадан кўра уйда бўлишлари тақвога яқинроқ экан, уларнинг ишламаса бўлмайдиган оғир шаротларга тушиб қолишларида кўпинча эркаклар ҳам сабабчи бўладилар. Чунки агар аёл кишининг эри бўлмаса, отаси бордир, акаси ёки укаси бордир, вояга етган эркак жиянлари бордир. Амакиси ёки тоғаси бордир. Бу саналган одамларнинг масалага қанчалик алоқаси бор экан, дея баъзилар ҳайрон бўлар. Аммо Ислом динида “силайи раҳм" деган (қариндошлик ҳақлари) фарз бор. Силайи раҳмни билмаган одам жаннатга кирмайди. Афсуски, мусулмонман деган жуда кўп ўзига тўқ одамлар буни амалда унутганлар. Агар ўзларининг туққан оналари бўлмаса, ёрдамга муҳтож аёл қариндошларининг муаммоларини асло ўзлариники билан баробар деб билмайдилар. Аслида эса эркаклар зиммасида оналаридан бошқа қариндош аёлларнинг ҳам анча ҳақлари бор.

    Аёл энг аввало суюкли турмуш ўртоғи. Унинг эри устида ҳақлари бор. Аёл - муҳтарама она. Унинг фарзандлари устидаги ҳақлари ҳаддан зиёда. Аёл яна дилга яқин жигар, яъни опа ёки сингил ҳам. У ўзининг укалари ва акалари ҳузурида оталари ва оналари каби қадри баланд инсон, ота-онадан қолган ноёб ёдгорлик. Аёл ўзининг ўғил жиянларига нисбатан нафақат хола ёки амма, балки она билан тенг ҳурматга сазовор инсон.

    عَنِ الْبَرَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الْخَالَةُ بِمَنْزِلَةِ الْأُمِّ".

    Баро ибн Озибдан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Хола она билан тенг мақомдадир". (Бухорий ва Термизий ривоятлари).

    عن علي وعبد الله أنهما نزلا… العمة منزلة الأب والخالة منزلة الأم . وروي ذلك عن عمر في العمة والخالة. (الألباني، إرواء الغليل، صحيح).

    “Умар, Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумлар аммани ота ўрнида, холани она ўрнида санар эдилар". (Абоний, Ирвоулғалил, саҳиҳ).

    Демак, мусулмонликда ўзи фарзанд кўрмаган аёл ҳам жиянлари учун она ва ота мақомида азиз саналади ва болалар устида шунга яраша ҳақи бўлади. Бу таълимот қайси тузумда бор? Ёки бунга одамлар қандай амал қилаяптилар? Кўпчилигимиз Исломнинг бир четини биламиз, бошқа томонларига аҳамият бермаймиз. Агар одамлар Исломни яхши билсалар, унга тўлиқ амал қилсалар, қариндошлик ҳаққини бажо қилиб юрсалар, аёлларни ҳеч қачон қийин шароитларга тушириб қўймайдилар. Аллоҳ ҳаммамизга аёллар ҳақини чиройли адо этишимизни, айниқса ҳижобли муслималарни ҳимоя қила олишимизни муяссар этсин.