×
Қиёмат куни ҳар бир шахсга тааллуқли ўта муҳим кунлиги боисидан, ҳар хил исмлар билан номланди. У куннинг шиддатидан огоҳлантирилди.

Қиёмат кунининг номлари

﴿ أسماء يوم القيامة ﴾

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

Абдулқаюм Абдулғаффархон ўғли

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2010 - 1431

﴿ أسماء يوم القيامة ﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم بن عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2010 - 1431

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир раҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين والعاقبة للمتقين ولا عدوان إلا على الظالمين والصلاة والسلام على سيدنا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين وبعد:

Қиёмат кунининг номлари

Исмнинг кўплиги, ўша нарсанинг улуғлигига ва аҳамиятли нарса эканига далолат қилади. Дунё охирлаб, Одам атодан тортиб то сўнгги инсонгача ҳамма қайтадан тирилтирилиб, барча халойиқ бир майдонда тўпланадиган даҳшатли кун – қиёмат кунидир. Қиёмат куни ҳар бир шахсга тааллуқли ўта муҳим кунлиги боисидан, ҳар хил исмлар билан номланди. У куннинг шиддатидан огоҳлантирилди. Дарҳақиқат, У кун шиддатидан ҳар ким ўз жони билан овора бўлади. Қуёшни нури сўниб, салобатли тоғу тошлар дош беролмасдан эланган қум сингари майдаланиб, ер кафтдек теп-текис бўлиб қолади. Бу воқеа аниқ содир бўлади. Ана шу кунда бир қатра сувдан яралган инсоннинг ҳоли не кечишини бир тасаввур қилинг-а! У ўзини қўярга жой тополмасдан, оёғи куйган товуқ мисоли питирлаб қолади. Нотавон инсон юрак ҳовучлаганча ўзини у ёнга уради, бу ёнга уради ва ниҳоят у кунда Оллоҳ раҳматидан ўзга нарса наф бермаслигига яна бир бор амин бўлади. Қиёмат кунига ишонмаган бетавфиқларни кўзлари мошдек очилади. Мол-давлат, шон-шуҳрат ва мансаб энди ҳеч кимга фойда беролмайди. Ота-она боласини, болалар ота-онасини ташлаб қочади. Ҳар ким ўзим, ўзим.. деб вой-дод қилади. Ана шу шиддатли куннинг номи: Қиёматдир.

Қиёмат кунининг Қуръони каримда ворид бўлган исмлари куйидагилардир:

Ас-соат. Бу ҳақда Оллоҳ таоло бундай дейди: {Албатта (қиёмат) соати келгувчидир. У ҳақда шак-шубҳа йўқдир}. (Ғофир 59).

Явмул-баъс - қайта тирилиш куни. Оллоҳ таоло айтади: {Илм ва имон ато этилган зотлар айтдилар: "Аниқки, сизлар Оллоҳ ёзиб қўйганидек тирилиш кунигача турдинглар. Бас, мана шу тирилиш Кунидир. Лекин сизлар билмас эдинглар}. (Рум 56).

Явмид-дийн - жазо куни. Оллоҳ таоло айтади: {Ҳамду-санолар бутун оламлар хожаси, меҳрибор ва раҳмли, жазо кунининг эгаси – подшоҳи Оллоҳ учундир}. (Фотиҳа).

Явмул-ҳасрат - ҳасрат-надомат куни. Оллоҳ тоала айтади: {(Эй Муҳаммад), сиз уларни (яъни Макка мушрикларини) барча иш битирилиб ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан- қиёматдан қўрқитинг!}. (Марям 39).

Ад-дарул-охираъ - охират диёри. Оллоҳ таоло айтади: {Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир)}. (Анкабут 64).

Явмуд-танад - ўзаро нидо қилув куни. Оллоҳ таола айтади: {Эй қавмим, ҳақиқатда мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирига) нидо қилиб қоладиган КУНдан қўрқурман}. (Ғофир 32).

Дорул-қарор - қароргоҳ диёри. Оллоҳ таоло айтади: {Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матодир. Албатта охиратгина қароргоҳ диёридир}. (Ғофир 39).

Явмул-фасл - ҳақ билан ботил ўртаси ажраладиган кун. Оллоҳ таоло айтади: {Мана шу сизлар ёлғон деб ўтган (ҳақ билан ботил) ажраладиган Кундир}. (Саффот 21).

Явмул-жамъ - тўпланиш куни. Оллоҳ таоло айтади: {(Барча) қишлоқ –шаҳарлар онаси – пойтахти (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун ва (келишида) шак-шубҳа бўлмаган тўпланиш кунидан огоҳлантиришингиз учун Биз сизга мана шундай арабий Қуръонни ваҳий қилдик. (У Кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир}. (Шуро 7).

Явмул-ҳисоб - ҳисоб-китоб куни. Оллоҳ таоло айтади: {Бу сизларга ҳисоб-китоб (яъни қиёмат) Куни учун ваъда қилинадиган нарсалардир}. (Сод 54).

Явмул-ваъйид - азоб-уқубат ваъда қилинган кун. Бу кун азоби кофир ва мушриклар учун хосдир. Оллоҳ таоло айтади: {Бу (кофирларга) азоб ваъда қилинган КУНдир!}.(Қоф 20).

Явмул-хулуд, яъни: мангу, абадул-абад қоладиган Кун. Бу кун Парвардигор мўмин-мусулмон бандаларига: {Унга (яъни жаннатга) тингч-омон кирингиз! Бу (Кун) мангу (қоладиган) Кундир}-дейдиган Кундир.(Қоф 34).

Явмул-хуруж - қабрдан тирилиб чиқиш куни. Оллоҳ таоло айтади: {У Кунда улар (барча халойиқ) у даҳшатлди қичқириқни ҳаққи-рост эшитурлар. Бу (қабрлардан тирилиб) чиқиш Кунидир}. (Қоф 42).

Ал-воқеа - қиёмат воқеаси. Оллоҳ таоло айтади: {Қачон Воқеа – Қиёмат воқе бўлса, у воқе бўлган чоғда бирон ёлғон сўзловчи бўлмас}. (ал-Воқеа 1-2). Келиши аниқ бўлган кун кун-Қиёмат куни воқе бўлгач Оллоҳ шаънига турли бўлмагур ёлғон-яшиқ сўзларни тўқиб юрган кимсалар, ёлғон гапиришга ҳеч мажол ҳам, мадор ҳам тополмасдан қоладиган даҳшатли Кундир.

Ал-Ҳааққа - аниқ рўй бергувчи. Оллоҳ таоло айтади:{Аниқ рўй бергувчи (яъни қиёмат). Ўша рўй бергувчи нимадир? (Эй Муҳаммад), сиз аниқ рўй бергувчининг нима эканлигини қаердан билурсиз?}. (Ал-Ҳааққа 1-2). Ал-Ҳааққа сурасида шоҳиди бўлганингиздек "Ал-Ҳааққа", яъни "Яқин рўй берувчи" калимаси уч бор такрорланди. Бу Қуръон балоғатларидан биридирки, Парвардигориолам бу услуб билан Қиёмат куни нақадар муҳим кунлигини таъкидланмоқда. Шунингдек мазкур сурада қиёматнинг илми ва қачон бўлиши ёлғиз Парвардигорнинг ўзига маълумлиги ҳам таъкидланади.

Ат-томматул-кубро - катта бало куни. Оллоҳ таоло айтади: {Бас, қачон катта бало (қиёмат куни) келганида...}. (Ван-назиъат 34).

Ас-сооххаъ, яъни даҳшатдли қичқириқ. Оллоҳ таоло айтади: {Бас, қачон (қулоқларни) кар қилувчи (даҳшатли қичқириқ) келганда...}.(Абаса 33).

Ал-азифаъ - яқин бўлгувчи. Қиёмат кунининг бу исми Қиёматнинг яқин қолганини билдиради. Оллоҳ таоло айтади: {Яқин бўлгувчи (қиёмат) яқин қолди. Унинг учун Оллоҳдан ўзга бирон очгувчи йўқдир}. (Ван-нажм 57-58).

Ал-қориаъ - қоқгувчи. Қиёмат кунининг бу номи, у Куннинг даҳшати кишилар дилини қаттиқ қоқиб, тилка-пора қилиб юборишини ифодалайди. Оллоҳ таола айтади: {Қаттиқ қоқгувчи (қиёмат). У қаттиқ қоқгувчи недур? (Эй инсон), қаттиқ қоқгувчи (қиёмат) нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?! У Кунда одамлар тузғиб юборилган парвоналар каби бўлиб қолурлар! (яъни қабрларидан чиқишиб, қиёмат даҳшатидан ўзларини ҳар ёнга уриб, тузиб кетадилар). Тоғлар эса тилитган жун каби (осмонда учиб юрадиган) бўлиб қолур. Бас, энди (у Кунда) кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўша (ҳар бир инсон) рози бўладиган – орзу қиладиган ҳаётда бўлур. Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил келса, унинг жойи "жарлик"дир. Унинг нима эканини қаердан ҳам билар эдинг?! (У) қизиган дўзахдир!}. (Ал-Қориъа 1-11).

Башарият яхши ва ёмонларга ажратиладиган, Худотарслар билан мункирлар элакдан ўтказиладиган кун-қиёмат Кунидир. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон ғалвирдан ўтказиладиган Кун-қиёмат куни қойим бўлишига яқин қолди. Лекин у Куннинг қачон бўлишини Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Қиёмат кунининг қачон қойим бўлиш илми Оллоҳга хослиги ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилди: {(Эй Муҳаммад), сиздан соат (яъни қиёмат) қачон воқе бўлади деб сўрайдилар. Айтинг: "Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соти келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни қиёмат) самоват ва ер учун жуда оғир бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан кўтилмаганда келур". Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: "Унинг билими фақатгина Оллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар буни билмайдилар"}. (Аъроф 187).

Қиёматнинг қачон қойим бўлиши ҳатто Оллоҳнинг суякли бандаси ва пайғамбари Муҳаммад алайҳис-саломга ҳам қоронғу эди. Унинг билми ва илми фақат Оллоҳнинг ўзига хосланган эди. Бинобарин жаноб Росулуллоҳ алайҳис-салом қиёмат ҳақида сўралган чоғларида Парвардигорнинг ушбу буйруғига мувофиқ жавоб қайтарар эдилар: {(Эй Муҳаммад), сиздан одамлар (қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. "У (соатни) билиш ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир" деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир}. (Аҳзоб 63).

Мушриклар ҳамда қиёмат кунининг ҳақлигига шак қилувчи кимсалар, у ҳақда Муҳаммад алайҳис-саломни тергов қилишар ва синаб кўрардилар. Ҳар гал қиёмат куни ҳақида сўралса, қандай жавоб бериш лозимлигини билдириб Оллоҳ таоло бундай деди: {(Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (ўша қиёмат) соатини қачон воқе бўлиши ҳақида сўрарлар. Сиз қаердасиз-у, уни зикр қилиб, эслаш (қаерда)? (яъни ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз. Уни билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар. Сиз фақат (қиёматдан) қўрқадиган кишиларни огоҳлантиргувчисиз, холос}. (Ан-Нозиёт 41-45).

Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳокимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жаноб Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қиёматнинг қачон қойим бўлишини ҳатто улул-аъзм пайғамбарлар ҳам билмаслиги ҳақида бундай хабар берган эдилар: "Исро кечаси Иброҳим, Мусо ва Ийсолар билан учрашдим. Улар ўзаро (қиёмат) соатни эсга олдилар. Сўнгра бу ишларни Иброҳимга ҳавола қилдилар. У киши: мен бу ҳақда ҳеч нима билмайман, деб елка қисдилар. Ундан сўнг Мусога қарашиб: қани сиз бу ҳақда нималар биласиз?-дейишди. Мусо ҳам мен бу ҳақда ҳеч билимга эга эмасман-дедилар. Навбат Ийсога келди. Ийсо пайғамбар: қиёматнинг қачон воқе бўлишини фақатгина Оллоҳ билур. Аммо Парвардигорнинг менга берган аҳдида Дажжол албатта чиқади; ўша вақтда менинг қўлимда икки шохча бўлади. Дажжол мени кўрган заҳоти қурғошин каби эриб кетади. Ана бундан кейин Оллоҳ таоло Дажжолни ҳалок қилур"-дедилар. (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривояти).

Қиёмат кунининг қачон қойим бўлиши ҳатто улул-аъзм пайғамбарларга ҳам номаъулум бўлгандан кейин, бу ерда баъзи бир мужтаҳидлар фикрича дунёнинг умри 7000 йил, деган ижтиҳодлари ҳақиқатдан узоқ эканлигида шубҳа йўқ. Зеро эътиқодий муҳим масалаларда заиф ҳадисдан ҳукм олинмайди. Дунёнинг умри етти минг йил деган уламоларимиздан бири Суютийга Ибнул-Қаййим ва Ибн Касирлар раддия ёзганлар. Жумладан Ибнул-Қаййим "Ал-Манар-ал-Муниф" китобида, дунёнинг умри етти минг йил деб ворид бўлган ҳадислар мавзу-тўқима ҳадислар экани баёнида куллий қоидаларни келтириб бундай деганлар:

"Ҳадисларнинг заиф ёки мавзу эканини билдирувчи қоидалардан бири: ҳадиснинг Қуръон баёнига зид келишидир. Бунга яққол далил: дунёнинг умри етти минг йилдир, дейилган ҳадисдир. Биз ҳозир етти мингинчи йилда турибмиз. Бордию дунёнинг умри етти минг йил деган сўз тўғри бўлганда, у ҳолда қиёматнинг қойим бўлишига 251 йил қолган бўларди. Унда бу нарса ҳаммага маълум бўлиб қоларди". (Манар-Ал-муниф 80-бет).

Инбнул-Қаййим 800-ҳижрий йилда, аниқроғи 751- ҳижрий йили вафот этганлар.

Ибн Касир "Ан-ниҳоя фил-фитан" китобида:

Бани Исроил ва аҳли китоблар китобида дунёнинг қолган умри 1200 йилдир деб чегараланган. Буни кўпчилик уламоларимиз хато деганлар. Дарҳақиқат уламоларимизнинг сўзлари ҳақиқатга яқиндир. "Дунё охират жумаларидан биридир" ва шунга ўхшаш бошқа дунё умрини чегаралаб келган ҳадисларнинг биронтаси санад жиҳатдан тўғри-соғлом эмасдир-деганлар. (ан-Ниҳоя 1/15).

Имом Қуртубий айтади: жаноб Росулуллоҳ алайҳис-салом хабар берган фитна ва ҳодисалар албатта воқеъликда содир бўлади. Бироқ қиёмат мана шу вақтда бўлади, деб тайин бир вақтни айтиш учун қатъий далиллар лозим. Хусусан қиёматнинг қачон қойим бўлиши ҳеч кимга маълум эмас. Қайси йил, қайси ойда бўлиши номаълум. Аммо Қиёмат жума кунининг Оллоҳ Одам алайҳис-саломни яратган соати-охирги соатида бўлади-дейилган хабарлар ҳам ворид бўлган. Лекин қайси жума куни бўлишини ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Шунга кўра қиёмат аломатларининг қай бири қай вақт воқе бўлишини тайин айтиш ноўриндир. Воллоҳу аълам". (Тазкира 628).