Қиёмат кунига иймон келтирмоқ
Категориялар
Full Description
Қиёмат кунига иймон келтирмоқ
﴿ الإيمان باليوم الآخر ﴾
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2010 - 1431
﴿ الإيمان باليوم الآخر ﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2010 - 1431
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир раҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين و العاقبة للمتقين و لا عدوان إلا على الظالمين والصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و صحبه أجمعين و بعد:
Қиёмат кунига иймон келтирмоқ
Қиёмат кунига иймон келтирмоқ аҳли суннат вал-жамоатнинг энг муҳим ақидаси ҳамда иймон арконларининг биридир. Қиёмат куни ёхуд охират кунига иймон келтиришнинг самараси; ҳар бир махлуқотнинг ибтидо ва интиҳоси бўлгани каби бу дунёнинг ҳам ниҳояси-охири борлигига, бир кун келиб бу дунёнинг фоний бўлишига ва барча халойиқ маҳшарда тўпланиб ҳар ким ўз амалига яраша мукафот ёки жазо олгач, жаннатийлар абадий жаннатга қадам қўйишларига, дўзахийлар эса мангу дўзахга қулашларига чин юракдан иймон келтирмоқликдир.
Қиёмат кунига иймон келтириш; мўминларнинг ҳақиқий иймонига далолат қилувчи ғайбий нарсалардан бирига иймон келтириш билан амалга ошади. Қиёмат куни ҳам, унда содир бўладиган воқеалар ҳам ҳақ ростдир. Қиёмат куни даҳшатидан гўдаклар чолларга айланади. Бунинг хабари Қуръони каримда келди.
Қиёмат куни Қуёшнинг нури сўнади. Денгизларнинг суви олов бўлиб ёнади. Юлдузлар тўзиб кетади. Осмон ёрилиб, ернинг қозиғи бўлмиш осмон ўпар салобатли тоғлар парчаланиб кетади. Ер гуё қўлнинг кафтидек теп-текис саҳрога айланади. Ер ёрилиб қабрдагилар қайтадан тирилади.
Даҳшати дилларни ларзага келтирган бу кун-Қиёмат кунида бир қатра сувдан яралган заиф инсон ўзини қўярга жой топалмай паришон бўлади. У Кун даҳашатидан ҳар ким дунёдаги ота-она, бола-чақа ва яқинларини, бойликларини ташлаб қочади. Ҳар ким ўз жони билан овора бўлиб қолади. Ўша кунда дўст деганлар душманга айланади, магар тақво йўлин тутганларнинг дўстлиги самимийлигича қолади.
Қиёмат кун ажиб шиддатли кундир,
Анинг қаттиқлиги аз ҳад фузундир.
У куннинг ҳайбатидан бешаку райб,
Бўлур кўк пора-пора, тоғу туз ғайб.
Замин афтоди барча кўҳи сангин,
Бўлур Ҳақ хашмидин чун пашми рангин.
Ўшал шиддатга еру кўк қилмаса тоб,
Начук тоқат қилур бир қатрои об.
Бўлар ҳам ғам хурдони зебо,
Далилим "яжъалул вилдана шийбо".
Бўлур душман бир-бирига дўст деганлар,
Магар тақво йўлида ғам еганлар...
Сўфи Оллоёр.
Қиёмат кунига иймон келтириш иймон арконларидан биридир. Қиёмат кунига иймон келтириш ҳар мўмин зиммасидаги фарзлардан бири экани Қуръони-карим ҳамда саҳиҳ ҳадисларда батафсил баён қилинди. Ўз ўрнида ана шу хусусда келган далиллардан баъзиларини зикр қиламиз.
Парвардигор Қуръони аъзиму шаънда: {Албатта Аллоҳга, охират кунига ишонган ва яхши амаллар қилган зотларга Парвардигорлари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфи-хатар, ғам-андуҳ йўқдир}-деб хабар беради. (Бақара 62). Аллоҳ таоло айтади: {Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, Ҳақ динига эътиқод қилмайдиган аҳли китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган ҳолларида ўз қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича жанг қилингиз!}. (Бақара 29).
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу ривоятида жаноб Росул Акрам соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Жаброил фаришта иймон, ислом ва эҳсон ҳақида сўраган эди. Иймон нималардан иборат экани жавоби зимнида жаноб Росулуллоҳ алайҳис-салом Қиёмат кунига иймон келтиришни ҳам зикр қилган эдилар.
Мазкур далилларга биноан Қиёмат кунига иймон келтириш иймон арконларининг бири ҳисобланади. Бинобарин, Қиёмат кунига ишонмаган киши мўмин эмас.
Қиёмат кунига иймон келтириш юқорида айтганимиздек ғайбий нарсаларга иймон келтиришнинг биридир. Бу эса мўминлар Аллоҳни кўрмасдан туриб, У зотга иймон келтирганлари каби Қиёмат кунининг ҳақлигига ҳам иймон келтирмоқликлари вожибдир. Қиёмат кунига иймон келтириш ғайбий нарсага ишонишни ўз ичига олганлиги сабабидин Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтириш фарзлигини баён этган ояти-карималарда Қиёмат кунига иймон келтириш ҳам зикр этилади. Аллоҳ таоло айтади: {Юзларингизни Машриқ ва мағриб томонга бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймоникелтиришингиз яхшиликдир}. (Бақара 177). Аллоҳ таоло айтади: {Бу (ҳукм)дан фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчи бўлган киши панд-ибрат олур}. (Талоқ 2).
Қуръон сураларига диққат қилган киши нафақат ҳар бир сурада, балки ҳар бир саҳифада Қиёмат кунининг ҳақлиги, у кунда бериладиган улкан ажри-савоблар ёки аксинча гуноҳларга яраша бериладиган азоб-уқубатлар ўз ифодасини топганига гувоҳ бўлади.
Зотан Ислом тасаввурида ҳаёт тушунчаси нафақат фоний дунёдан, балки асосан ундан кейинги мангу ҳаётни ифода этади. Ҳар бир мўминга қиёматдаги мангу ҳаётини кенглиги осмонлару ерларча келадиган жаннатда давом эттириш Парвардигор томонидан ваъда қилинган. Бу янглиғ башар кўнгилига кечмаган жаннатдаги турли ноз-неъматлар фақат мўмин бандалар учун муҳайё этилгандир. Аллоҳ таоло айтади: {(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир}. (Ҳадид 21).
Бошқа бир тоифа, яъни Аллоҳга ва қиёмат кунининг ҳақлигига ишонмайдиган кофирлар, мушриклар ва шаккоклар эса абадий дўзах оташига гирифтор бўлурлар. Аллоҳ таола айтади: {У кунда Биз жаҳаннамга "тўлиб битдингми?" –дермиз, у эса"яна қўшимча борми?"-дер}. (Қоф 30).
Мазкур ояти каримада бу ўткинчи ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсаларнинг қиёматдаги кўргуликлари баён этилмоқда.
Демак қиёмат кунига иймон келтирган мусулмон билан, У куннинг ҳақлигига ишонмаган кофир ва мушрикларнинг йўли бир-бириникидан тубдан фарқ қилади. Биринчи тоифа тутган йўл мангу фароғатга олиб боради. Иккинчи тоифанинг йўли эса йўловчиларини жаҳаннам қаърига бошлайди. Бинобарин бу ўткинчи ҳаёти дунёда ҳақиқий мусулмон билан кофиру мушрикларнинг юриш-туришлари ўртасида ер билан осмончалик фарқ юзага келади. Негаки, қиёмат кунига ишонган ҳар бир мўмин ҳали катта қиёмат бўлмасдан олдин ҳар бир шахсга хос бўлган қиёмат – ўлим тадоругини кўради. Мўмин киши бу дунёда ҳеч бир банда дунёни устуни бўлмаслигига чин ишонган ҳолда охират озуқасини ғамлайди. Парвардигорнинг: {Озуқа тўплаб олингиз! Энг яхши озуқа Аллоҳдан қўрқишдир!} (Бақара 197)- деган амрига бўйинсунади. Мусулмон кишининг Аллоҳга ва қиёмат кунига бўлган иймони, уни фоний ва оний ҳаётни мудом эзгу амаллар билан ўтказишга тарғиб қилади. Бинобарин, Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган ҳар бир инсон амалларини ердаги торози-ўлчовлар учун эмас, балки осмон ўлчовига нигоҳ ташлаб ўткинчи дунёдан кейинги мангу ҳаёт учун амал қилади. Ҳаёти дунёдалик чоғидаёқ қиёмат куни ҳар бир яхши амали учун мукофот, ёмон амаллари учун эса жазо борлигини билгани ҳолда қадамини фақат яхшилик сари босадиган кишига айланади. Жисман бу дунёда юрсада, мўмин киши ўзини гуё жаннатда юргандек ҳис этади. Ана шу ҳиссиёт ва иймон мўминни бақадриҳол эзгу амаллар қилишга чорлайди. Ҳар бир қилаётган ишида Аллоҳ ризосини кўзлайди. Буюк Зот-Қиёмат кунининг подшоҳи Аллоҳ таолонинг аламли азобидан қўрқинч ҳар бир мусулмонни ёмон ишлардан тияди. Ислом тарбиясини олган мусулмон қаерда истиқомат қилишидан қатиий назар Ислом қонунларига тамоман амал қилишга ҳаракат қилади. Шахс тарбиясига эътиборни қаратган Ислом қонунлари чегара билмайдиган, жой танламайдиган Роббоний қонунлардир. Шу боис, Ислом диёрида намоз ўқиган намозхон мусулмон ғарбга борсада, шарқга кетсада намозини тарк қилмайди. Ўз диёрида ҳазар қилган ҳаром ишлардан бошқа диёрларда ҳам сақланади. Шу боис, Ислом дастуридек инсон фитратига мос олий дастурни тузиш у ёқда турсин, Ислом қонунига ўхшашроқ қонунни ўзига қанчалик зўр бермасин то қиёмат қадар на бир шахс ва на бир давлат тузишга қодир эмасдир.
Асрлар оша башарият томонидан тузилган қонунларга узлуксиз ўзгартиришлар киритилмоқда. Ана шунинг ўзи башар томонидан тузилган қонунларнинг заифлигига очиқ ойдин далилдир. Бунинг муқобилида башарият табиатига мос ҳолда тузилган Роббоний қонун эса мана ўн тўрт асрдирки, ҳеч бир заҳаланмасдан келмоқда.
Башарият томонидан тузилган қонунларда инсонларни жиноятлар учун қўйилган азоб-уқубатдан қўрқитиш билан кифоялинади. Ислом қонунида эса жиноятчи бирон бир ҳийла билан мабодо бу дунёда жазосини олмасада, албатта қиёмат куни жазосини аниқ олиши таъкидланади. Шунинг учун бу дунёдаги жавобгарликдан қўрққан ҳолда жиноятга қўл урмаган киши билан жиноятни қиёматдаги азобдан қўрқиб тарк этган киши орасида ер билан осмончалик фарқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: {Ҳар бир жон ўзи қилган яхши амалларни ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олисларда қолиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)!}. (Оли Имрон 30).
* * *
Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмаган ҳамда охиратдаги оғир ҳисоб-китобни инкор этган кимсалар, ана ўшалар фоний дунёда бор орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун тиш-тирноғи билан ҳаракат қилишади. Ундоқ кимсаларнинг ягона мақсадлари мол-дунё тўплаш бўлади. Уларни ана шу мақсадларига ғов бўлганлар, уларнинг ашаддий душманларидир. Ачинарлиси шуки, уларга қарата: ҳой биродар, ўзингга хос бўлган биринчи қиёматингга яқин қолди. Энди дунё фитналарига алданманг, ҳадеб мол-дунёга ҳирс қўймасдан, охират тодоругини ҳам кўринг!-дейилса: {Балки инсон олдинда (келгуси ҳаётида ҳам) фисқу-фужур қилмоқни истаб: қиёмат куни қачон ўзи?-деб сўрар}. (Қиёмат 5-6). Яъни бу хилдаги кимсалар қиёматнинг ҳақлигига, ўлимдан кейин қайта тирилиш, ундан кейин барча яхшию ёмон амаллар учун савоб-жавоб қилинишга ишонмаслар. Ҳолбуки Қуръони каримда қиёмат албатта келажаги, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобнинг аниқ ва ҳақлиги баён қилингандир. Аллоҳ таоло айтади: {(Айтинг, эй Муҳаммад): "Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир}. (Тағобун 8).
Қиёмат кунига иймон келтириш борасида Ҳулаймий роҳимаҳуллоҳ жумладан бундай дейди: охират кунининг зикри Қуръони каримда икки важҳга кўра такрорланади. Биринчи важҳ, ҳаётий дунёнинг охирги лаҳзаси борасида кетади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар беради: {(Эй Муҳаммад), улар сизлардан тоғлар (қиёмат кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: "Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур. Сўнгра (ерни) теп-текис қилиб қўюрки; унда на чуқурни ва на дўнгликни кўрурсиз}. (Тоҳа 105-107). Яъни ҳали ҳисоб-китоб ва амалларга яраша жазо ва мукофотлар берилишдан олдин бўладиган даҳшатли воқеалар бўлиши керак. Ана шу ҳодисалардан бири: тоғларнинг эланган қумга айланиши ва ернинг қўл кафтидек теп-текис бўлиб қолишидир. Иккинчи важҳ, охират кунининг дастлабки соатлари борасидадир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: {(Қиёмат) соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурулгувчи эдилар!}. (Рум 56).
Кофир ва жиноятчи кимсалар Қиёмат кунининг аввалги соатидаги даҳшатли ҳодисаларга гувоҳ бўлишлари биланоқ, бундан кўра қабрдаги азоб-уқубат яхшироқ ва авлороқ эди-ку! Биз дунёда ҳам, қабримизда ҳам бир соатдан ортиқ қолмадик-ку!-деб қасам ичурлар. Ана бу хилдаги кимсалар ҳақиқатда дунёдалик чоғларида ҳам ростдан ёлғонга, тўғри йўлдан залолатга бурулгувчи бўлганлар. Энди начора, улар қилмишларига яраша жазоланишлари лозим, аммо қиёматда улар гирифтор бўладиган азоб-уқубат қабрдаги азоб-уқубатдан бир неча ҳисса ортиқ ва шиддатли бўлиши аниқ. Бунинг далили Фиръавн ва унинг хонодонига қабрда кўндаланг қилинаётган азобнинг қиёмат куни зиёда қилинишидир. Аллоҳ таоло айтади: {Бас, Аллоҳ у (иймон келтирган киши) ни уларнинг ёмон макри-ҳийлаларидан сақлади ва Фиръавн хонодонини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб бир) оловдикрки, улар эртаю кеч кўндаланг қилиниб (кўйдирилурлар). (Қиёмат) соати қойим бўладиган КУНда эса (дўзах фаришталарига): "Фиръавн хонодонини энг қаттиқ азобга киритинглар! (дейилур)}. (Ғофир 45-47).
* * *
Иймон арконларидан бир бўлмиш қиёмат куни юракни қинидан чиқариб юборадиган даражада даҳшатли, башар тасаввурига келмаган ҳодисалар рўй бериши ҳақ ва шубҳасиздир. Бу ҳақиқатни У Куннинг Қуръони каримда зикр этилган номларидан билиш мумкин.
Қуръони-каримда қиёмат куни ва У Кундаги ҳодисаларнинг қайта-қайта, ҳар хил кўринишда такрорланишининг ўзи; У куннинг ҳақлигига ишониш жуда муҳим эканига яққол далилдир. Қиёматнинг Қуръонда зикр этилган ҳар бир номи ўзига хос, алоҳида бир ҳодисага диққатни жалб этади.