Фажр ва Аср намозларининг фазилати ҳақида келган ҳадислар боби
Категориялар
Full Description
Фажр ва Аср намозларининг фазилати ҳақида келган ҳадислар боби
﴿ باب ما جاء في فضل صلاة الصبح والعصر ﴾
من كتاب رياض الصالحين
] Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي [
Абу Абдураҳмон Насафий
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2009 - 1430
﴿باب ما جاء في فضل صلاة الصبح والعصر﴾
من كتاب رياض الصالحين
« باللغة الأوزبكية »
أبو عبد الرحمن النسفي
تحرير: شمس الدين درغامي
2009 - 1430
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على نبينا محمد و على آله و أصحابه و من تبعهم بإحسان إلى يوم الدين.
Азиз ва муҳтарам биродарлар, ушбу дарсда Риёзус-солиҳийндаги (Бомдод ва аср намози ҳақидаги боб)да зикр қилинган ҳадисларни қисқача шарҳлашга киришамиз. Аллоҳ таъолодан барчамизга фойдали илм ато этиб, солиҳ амаллар қилишга муваффақ қилишини сўраб қоламиз.
عن أبي موسى رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: من صلى البردين دخل الجنة. متفقٌ عليه.
البردان: الصبح والعصر.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтишларича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким бардайн намозларини адо қилса, жаннатга киради”,-деган эканлар. (Муттафақун алайҳ)
Бардайн намозларидан мақсад: бомдод ва аср намозларидир.
Шарҳ:
Ибни Аллон ушбу ҳадисни шарҳлар эканлар шундай дейдилар: “Бомдод ва аср намозлари беш маҳал ўқиладиган намозларнинг энг улуғи саналиб, жума куни эса янада улуғроқ бўлади.
“Жаннатга киради”,-деган жумлани икки хил тушуниш мумкин:
Биринчиси: “Жаннатга азобдан нажот топган кимсалар қаторида киради”,-деган маънода. Азобдан нажот топганлар гуноҳи кабираларни қилмаган, ёки қилсалар ҳам улардан тавба қилган, ёки тавба қилмасаларда Аллоҳ уларнинг гуноҳи кабираларини кечириб юборган кимсалардир.
Иккинчиси: “Гуноҳларига яраша дўзахда азоблангандан сўнг жаннатга киради”,-деган маънода. Демак ушбу ҳадисда бу икки намозни адо қилган кишилар мусулмон ҳолда вафот этиб, умрлари гўзал хотима билан якунланишига ишора қилинмоқда. Зеро, жаннатга фақат мусулмон ҳолда вафот қилган кишиларгина киради.[1]
Азиз ва муҳтарам биродарлар, ушбу ҳадисдаги бардайн сўзи салқинда ўқиладиган икки намоз маъносида ишлатилиб, булардан бомдод ва аср намозлари кўзда тутилмоқда. Чунки уларнинг бири; яъни, бомдод намози кун аввалидаги салқинда адо этилса, иккинчиси бўлмиш аср намози кун охиридаги салқинда адо этилади. Пешин намозини эса Абу Барза розияллоҳу анҳунинг ҳадисида зикр қилинишича “ҳажир”,- деб аталади. Чунки у туш пайтидаги иссиғда адо қилинади. Араб тилида ал-ҳа'жироту деб қуёш заволдан оғишидан то аср яқинигача бўлган вақтга айтилади.[2] Маълумки ушбу вақт куннинг энг иссиқ вақти ҳисобланади.
Шунингдек бомдод ва аср намозларини “асрайн”, яъни, “икки аср намози”,- деб ҳам аталади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу иккала намозни ўз вақтида адо қилишга васият қилганлар. Буни эса Фазола ал-Лайсий ривоят қилганлар. Имом Муслим Жундуб ибн Суфёндан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намози ҳақида шундай дейдилар: “مَنْ صَلَّى الصُّبْحَ فَهُوَ فِي ذِمَّةِ اللهِ، فَلَا تَخْفِرُوا اللهَ فِي ذِمَّتِهِ”. Яъни: “Ким бомдод намозини адо қилса, Аллоҳнинг зиммасида (яъни, унинг ҳимоясида) бўлади. Шундай экан Аллоҳнинг ҳимоясида бўлган кишига хиёнат қилманглар”.
Имом Муслим қилган яна бир ривоятда Расулуллоҳ алайҳис-солату вас-салом шундай дейдилар: “فَإِنَّهُ مَنْ يَطْلُبْهُ مِنْ ذِمَّتِهِ بِشَيْءٍ يُدْرِكْهُ، ثُمَّ يُكِبُّهُ عَلَى وَجْهِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ”. Бунинг маъноси эса қуйидагича: “Чунки Аллоҳ кимни ўз аҳдидан бирон нарса сабабли истаса, уни албатта тутиб олади. Сўнг уни юз тубан қилиб дўзахга ташлайди”.[3] Жарир розияллоҳу анҳунинг ҳадисида ривоят қилинишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўлин ойга қараб: “Сизлар албатта Парвардигорларингизни худди мана шу ойни кўргандек кўрасизлар. Уни кўришда бир-бирларингизга тиқилишмайсизлар. Агар қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал бирор намозни қолдирмай адо қилишга кучларингиз етса, шундай қилинглар”,-дедилар. Сўнг: (وسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ قَبْلَ طُلُوعِ الشَّمْسِ وَقَبْلَ غُرُوبِهَا)[4],- оятини ўқидилар. Яъни: “Ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг — намоз ўқинг!” Жарир розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадиси бомдод ва аср намозларига шошилиш ва уларни ўз вақтларида адо қилиш фазилатини баён қилиб, бу орқали қиёмат кунида Аллоҳ таъолони кўриш неъматига эришилажагига далолат қилмоқда.
Бу иккала намозда кечки ва кундузги малоикалар жамланганлиги учун ҳам уларни алоҳида зикр қилиб ўтилди. Бу эса: (إن قرآن الفجر كان مشهودًا)[5],-деган оятнинг маъносидир. Яъни: “Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир”.[6]
وعن أبي زهيرٍ عمارة بن رويبة رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: لن يلج النار أحدٌ صلى قبل طلوع الشمس وقبل غروبها يعني الفجر والعصر. رواه مسلم.
Абу Зуҳайр Умора ибн Рувайба розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод ва аср намозларини назарда тутиб: “Қуёш чиқиши ва ботишидан олдинги намозларни адо қилган кимса ҳаргиз дўзахга кирмайди”,-деганларини эшитдим. (Муслим ривояти)
Шарҳ:
Ибн Аллон роҳимаҳуллоҳ Риёзус-солиҳийн шарҳида шундай дейдилар: “Мана шу вақтлардаги намозларни адо қилган киши дўзахга кирмайди. Бу эса ҳар бир кишига вожиб бўлган вуруди жаҳаннамга яъни унга тушишга зид эмас, чунки вуруд азобланиш учун дўзахга киришдан ўзга нарсадир. Вуруди жаҳаннам ҳақида Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди:
(ثُمَّ لَنَحْنُ أَعْلَمُ بِالَّذِينَ هُمْ أَوْلَى بِهَا صِلِيًّا. وَإِنْ مِنْكُمْ إِلَّا وَارِدُهَا كَانَ عَلَى رَبِّكَ حَتْمًا مَقْضِيًّا. ثُمَّ نُنَجِّي الَّذِينَ اتَّقَوْا وَنَذَرُ الظَّالِمِينَ فِيها جِثِيًّا)
Яъни: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Биз ўзимиз унга (яъни жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни яхшироқ билгувчидирмиз. Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз.”[7] Ушбу ҳадисда ҳам худди олдинги ҳадисда ўтганидек қуёш чиқишидан илгари ўқиладиган намоздан бомдод намози ва ботишидан аввалги намоздан аср намози кўзда тутилмоқда. Ваҳоланки бу икки вақт бомдод ва аср намозларига ҳам, бошқа нафл намозларга ҳам эҳтимоли бор. Бу иккаласини алоҳида зикр қилинишининг боиси шуки; бомдод намози ширин уйқуга кетиш вақтида ўқилади, аср намози эса кундалик юмушларни охирига етказиш, савдо-сотиқ билан шуғулланиш ва кечки овқатни тайёрлаш билан банд бўлиш вақтида адо қилинади. Шуларнинг ҳаммасига қарамасдан уларни ўз вақтларида адо қилиш кишининг ялқовликдан холи эканига ва тоат-ибодатларни севишига далолат қилади. Унинг бу иккаласини ўз вақтида адо қилишидан бошқа фарз намозларни ҳам ўз вақтларида адо қилиши келиб чиқади, балки бу икки намозга риоя қилган киши бошқаларига янада қаттиқроқ риоя қилади. Шу сабабли Аллоҳ таъолога ибодат қилиш йўлида уйқу ва унинг лаззати, тижорат ва унинг фойдаларини тарк қилган кишиларни Аллоҳ таъоло мақтаб шундай дейди: (كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ). Яъни: “Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар”.[8] Ва яна айтадики:
(فِي بُيُوتٍ أَذِنَ اللَّهُ أَنْ تُرْفَعَ وَيُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ يُسَبِّحُ لَهُ فِيهَا بِالْغُدُوِّ وَالْآَصَالِ رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَار)
«У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган (Қиёмат) кунидан қўрқурлар».[9] Бу каби инсонлар гуноҳи кабираларни ҳам, одамлар ҳақларига тегишли гуноҳи сағираларни ҳам қилмасликка арзийдилар. Бордию гуноҳ қилиб қўйсалар ундан тавба қилишади. Аллоҳга тегишли содир қилган гуноҳи сағиралари эса кечириладида, шу сабабли бундай кимсалар ҳаргиз дўзахга кирмайдилар”.[10]
وعن جندب بن سفيان رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من صلى الصبح فهو في ذمة الله فانظر يا ابن آدم، لا يطلبنك الله من ذمته بشيءٍ. رواه مسلم.
Жундуб ибн Суфён розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтишларича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бомдод намозини адо қилса, Аллоҳнинг зиммасида (яъни Унинг ҳимоясида) бўлади. Эй одамзод, қарагин, Аллоҳ ўз зиммасидан бирор нарса сабабли сени истамасин”,-деган эканлар. (Муслим ривояти)
Шарҳ:
Ушбу ҳадис кимда-ким бомдод намозини ихлос билан адо қилса, Аллоҳ таъолонинг ҳимоясида бўлишига далолат қилмоқда. Бомдод намозида ширин уйқудан уйғониш ва совуқ кунларда таҳорат қилиш каби қийинчиликлар бўлганлиги сабабли уни кўпинча иймони холис кишигина ўз вақтида адо этади. Шунинг учун ҳам уни ҳадисда алоҳида зикр қилиб ўтилди. Шу боис уни адо қилган киши Аллоҳнинг ҳифзу-ҳимоясига сазовор бўлади. Унинг ҳисобини эса Аллоҳнинг ўзи қилади. Яъни унинг риё каби махфий амаллари бўлмаса, қилинган мана шу ваъдага албатта эришади. Ихлосли кишига ажру-савоблар бериб, гуноҳкор кишини ўзининг адолати билан жазолайди, ёки ўз фазли билан унинг гуноҳларини кечириб юборади.[11] Ибн Аллон роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳадиснинг бошқа ривоятида “Ким бомдодни жамоатда ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади”, -дейилган.[12] Шундан сўнг ҳадис шарҳини: “Эй Одам фарзанди, шундай экан тафаккур қил ва ҳоли шундай бўлган кимсага бирон нарсада қарши чиқишдан эҳтиёт бўл”,[13]-дейишлик билан якунлайдилар.
وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: يتعاقبون فيكم ملائكةٌ بالليل، وملائكةٌ بالنهار، ويجتمعون في صلاة الصبح وصلاة العصر، ثم يعرج الذين باتوا فيكم، فيسألهم الله - وهو أعلم بهم - : كيف تركتم عبادي ؟ فيقولون: تركناهم وهم يصلون، وأتيناهم وهم يصلون. متفقٌ عليه.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: “Сизларнинг ораларингизда кечки фаришталар кундузги фаришталар билан кетма-кет ўрин алишиб турадилар. Улар бомдод ва аср намозларида жамланадилар. Кейин ораларингизда тунаганлари осмонга кўтарилишади. Шунда Аллоҳ уларни билатуриб: “Бандаларимни қандай ҳолда қолдирдинглар?”-деб сўрайди. Фаришталар эса: “Уларни намоз ўқиган ҳолларида қолдирдик ва уларга намоз ўқиган ҳолларида бордик”,-деб жавоб беришади”. (Муттафақун алайҳ)
Шарҳ:
Яъни бир тўда фаришталарнинг ортидан иккинчиси келади. Кейин биринчи тўда иккинчисининг ортидан яна қайтиб келади. Ибни Абдил-Барр роҳимаҳуллоҳ: “Кетма-кет келиш фақат икки тўда ёки икки киши орасида бўлади. Яъни бир марта биринчи тўда келадида иккинчиси унинг ортидан келади”,-дейдилар.
Ҳадисдаги “Сизларнинг ораларингизда”,-деган жумладан намозхонлар ёки умум мусулмонлар назарда тутилмоқда. Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ жумҳур уламолардан нақл қилишларича ушбу фаришталардан мурод инсон амалларини ёзиб борадиган фаришталар экан. Аммо имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ бу фикрга қўшилмайдилар ва: “Менимча бу фаришталар номаи аъмолларни ёзадиган фаришталар эмас. Чунки номаи аъмолларни ёзадиган фаришталар бандани тарк этиши ва кечки номаи аъмолларни ёзадиган фаришталар кундузги номаи аъмолларни ёзадиган фаришталардан ўзга эканлиги ҳадисларда нақл қилинмаган. Бордию улар номаи аъмолларни ёзадиган фаришталар бўлганда Аллоҳ таъолонинг: “Бандаларимни қандай ҳолда қолдириб келдингизлар”,-деган сўроғида бандаларнинг бошқа ҳолларини қўйиб уларни тарк қилиб келган ҳолларидан сўраш билан кифоя қилинмасди”,-дейдилар. Ибн Аби Жамра роҳимаҳуллоҳ айтадилар: Ушбу ҳадисда охирги амал ҳақида сўралишлиги амаллар хотимасига қараб эътиборга олинишига далолат қилади. Бу ҳадисда Аллоҳ таъолонинг ушбу оятида зикр қилинган бандалар ҳақида сўралмоқда. Аллоҳ таъоло айтадики: (إِنَّ عِبَادِي لَيْسَ لَكَ عَلَيْهِمْ سُلْطَانٌ)[14] “Аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат —ҳукмронлик йўқдир”.[15] Фаришталарнинг мўминлар орасида жамланишлари Аллоҳнинг мўминларга қилган иззат-икроми ва меҳрибонлигидандир. Зеро Аллоҳ уларнинг мўминлар орасида жамланишларини ҳам, улардан ажралишларини ҳам улар Парвардигорларига тоат-ибодат қилиш учун жамланган вақтда қилди. Мана шу ҳолда фаришталар уларнинг фойдасига ўзлари кўрган эзгу амаллар билан гувоҳлик беришади. Аллоҳ таъолонинг фаришталардан бандалари ҳақида сўраши ҳақиқий бўлиб, у фаришталарга нисбатан худди мусулмонларнинг амалларини - Ўзи ҳаммаларининг аҳволларини била туриб - ёзишга буюргани каби ибодат саналади.[16]
وعن جرير بن عبد الله البجلي رضي الله عنه قال: كنا عند النبي صلى الله عليه وسلم، فنظر إلى القمر ليلة البدر فقال: إنكم سترون ربكم كما ترون هذا القمر، لا تضامون في رؤيته، فإن استطعتم أن لا تغلبوا على صلاةٍ قبل طلوع الشمس، وقبل غروبها فافعلوا. متفقٌ عليه.
وفي روايةٍ: فنظر إلى القمر ليلة أربع عشرة.
Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик. Шунда ой тўлишган кечада ойга қарадиларда: “Сизлар Парвардигорларингизни худди мана шу ойни кўргандек албатта кўрасизлар. Уни кўришда бир-бирларингизга тиқилишмайсизлар. Агар қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал бирор намозни қолдирмай адо қилишга кучларингиз етса, шундай қилинглар”,-дедилар”. (Муттафақун алайҳ)
Бошқа бир ривоятда: “Ўн тўртинчи кеча ойга қарадилар”,-деб ривоят қилинган.
Шарҳ:
Бир гуруҳ саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтиришган эди. Шунда у зот тўлин ойга қараб: “Сизлар Парвардигорларингизни худди мана шу ойни кўргандек кўрасизлар”,-дедилар. Ҳадисда фақат мўминларга хитоб қилинмоқда, чунки кофирлар Аллоҳ таъолони кўришдан тўсилгандирлар. Ушбу ҳадис қиёмат куни мўминлар Аллоҳ таъолони кўришларини исбот қилади. Аллоҳ таъолони кўриш жаннат аҳлига бериладиган неъматларнинг энг буюгидир. Имом Муслим ва бошқалар Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: “Жаннат аҳли жаннатга киришганда Аллоҳ таборака ва таъоло: “Ортиқча яна бирон нарса хоҳлайсизларми?!”-деб сўрайди. Улар: “Бизнинг юзларимизни ёруғ қилмадингми? Бизларни жаннатга киргизиб, дўзахдан нажот бермадингми?”-дейишади. “Шунда Аллоҳ ҳижобни кўтаради. Ҳолбуки улар учун Парвардигорларига қарашдан кўра суюклироқ бирор нарса берилмаган”,-дейдилар”.[17] Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақида шундай дейди: (وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاضِرَةٌ إِلَى رَبِّهَا نَاظِرَةٌ). Яъни: “У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир”.[18]
И з о ҳ. Дарҳақиқат, аҳли жаннат учун Парвардигорнинг дийдорига етишдан суюклироқ бирон нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам Яратганга боқар эканлар, уларнинг юзлари янада яшнаб, мунаввар бўлиши табиий ҳолдир. Саҳиҳул-Бухорийда ворид бўлган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: “Албатта сизлар яқинда Парвардигорингизни худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек очиқ-аён кўрурсизлар”.[19]
Аллоҳ таъоло яна айтадики: (كَلَّا إِنَّهُمْ عَنْ رَبِّهِمْ يَوْمَئِذٍ لَمَحْجُوبُونَ). Яъни: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорларидан тўсилгувчидирлар”.[20] Яъни Парвардигорнинг дийдорига етиш уларга ҳеч насиб қилмагай. Демак, гуноҳга ботган, тажовузкор кимсалар Парвардигорларидан тўсиладиган бўлсалар, Парвардигорларига бўйинсунадиган, тақволик мўминлар Ундан тўсилмай, У зотни албатта кўришга сазовор бўладилар. Аллоҳ таборака ва таъоло яна айтадики:
)لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا الْحُسْنَى وَزِيَادَةٌ وَلَا يَرْهَقُ وُجُوهَهُمْ قَتَرٌ وَلَا ذِلَّةٌ أُولَئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ هُمْ فِيهَا خَالِدُون) .[21]
Яъни: “Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир. Уларнинг юзларини на қаролик ва на хорлик қоплар. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар”.
وعن بريدة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من ترك صلاة العصر فقد حبط عمله. رواه البخاري.
Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким аср намозини тарк қилса, унинг амали беҳуда кетади”,-дедилар”. (Бухорий ривояти)
Шарҳ:
Намоз ислом рукнларининг иккинчисидир. Аллоҳ таъоло уларни вақтларида адо қилишга буюриб, улар орасидан аср намозига риоя қилишни алоҳида таъкидлаб ўтганлиги кўпчиликка маълум. Аллоҳ таъоло айтадики: (حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى), яъни: “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар”.[22] Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу намозга тарғиб қилиб: “Кимда-ким бардайн намозларини адо қилса, жаннатга киради”,-дедилар. Аср намозини қазо қилган кишига эса таҳдид қилиб: “Ким аср намозини тарк қилса, унинг амали беҳуда кетади”,-дедилар. Азиз биродарлар, шундай экан барча намозларни вақтларида адо қилишга сайи-ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Чунки ҳаммамиз узоқ сафарга охират сафарига отланяпмиз. Ушбу сафарга лозим бўлган озуқаларимиз жудда оз. Озуқаларнинг энг афзали эса Аллоҳдан тақво қилишдир.
Зайниддин ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ ўзларининг Фатҳул-Борий китобларида шундай дейдилар: “Баъзи фарзларни тарк қилиш ва баъзи ҳаром амалларни қилиш билан кишининг амали беҳуда кетиши ҳақида Иймон китобида батафсил тўхталиб ўтдик. Салафларнинг ва умматнинг кўпчилиги шу фикрда бўлиб, шу ҳақида ворид бўлган ҳадисларни қандай келган бўлса худди шундай таъвилсиз тушуниш кераклигини айтишганини ва амал мутлақ зикр қилинганда унга иймон калимаси кирмаслиги, балки ундан аъзоларнинг амаллари кўзда тутилишини баён қилдик. Мана шу билан салафларнинг фикрлари Хаворижларнинг фикрларидан фарқ қилади, чунки Хаворижлар: “Кабира гуноҳ қилган кишининг иймони ҳам амали ҳам беҳуда кетади ва бу билан у дўзахда абадий қолади”,-дейишган. Бу эса нотўғри фикрдир. Кейинги уламолардан кўплари салафларнинг фикрларига мувофиқ бўлмай шу ва шунга ўхшаш ҳадисларни ҳар хил таъвил қилиб, турли-туман такаллуфларни юзага келтиришган. Уларнинг баъзилари: “Аср намозини тарк қилиш ўша кунги амални бекор қилиб юборади”,-дейишган бўлса, бошқа бировлари: “Ўша тарк қилган намози бекор бўлиб, унинг ажридан маҳрум бўлади”,-дейишган. Буни Ибн Абдул-Барр роҳимаҳуллоҳ зикр қилган. Бу энг заиф фикр бўлиб, уни зикр қилишдан ҳеч фойда йўқ. Баъзилар эса бу ҳадисни бир намозни то вақти чиққунча қасдан тарк қилган киши кофир ва муртад бўлишига йўйишган. Бу фикр эса ҳадисдаги аср намозини атайин зикр қилинишидан келиб чиқадиган фойдадан холи, чунки бу фикр эгаси бошқа намозларни тарк қилишга ҳам худди шундай ҳукм чиқаради.[23] Шу билан Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳнинг гапларига якун ясаб Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг ушбу ҳадисга берган шарҳларига эътиборингизни жалб қиламиз. У зот Саҳиҳул-Бухорийнинг шарҳи бўлмиш Фатҳул-Борий китобида шундай дейдилар: “Аммо жумҳур уламоларга келсак, улар ушбу ҳадисни таъвил қилишиб, унинг таъвилида бир неча фирқаларга бўлиниб кетишган. Улардан баъзилари тарк қилиш сабабини таъвил қилган бўлсалар, баъзилари амалнинг беҳуда кетишини таъвил қилишган. Яна баъзилари ҳадисда зикр қилинган амалдан қайси амал кўзда тутилаётганини таъвил қилишган. Ушбу таъвиллар қуйидагича:
1) Ушбу ҳадисдан аср намозини фарзлигини инкор қилган ҳолда тарк қилган ёки фарзлигини тан олгану, бироқ уни ўқиган кишини масхара қилиб, менсимаган одам кўзда тутилмоқда.
Бу таъвилга қуйидагича рад берилган: “Саҳобий ушбу ҳадисни аср намозини эриниб тарк қилиш маъносида тушунган холос. Шунинг учун ҳам уни тезда адо этишга буюрган. Маълумки саҳобаларнинг шариат аҳкомларига бўлган тушунчалари кейингиларнинг тушунчаларидан авло ва афзалдир.
2) Ушбу ҳадисдан аср намозини эриниб тарк қилган киши кўзда тутилмоқда, бироқ бу ҳадисдаги таҳдид уни тарк қилишдан қаттиқ тақиқлаш оҳангида қилинган бўлиб, унинг зоҳири мақсад қилинмаяпти. Бу худди “Зинокор зино қилаётганда мўмин ҳолда зино қилмайди”[24],-деган саҳиҳ ҳадисга ўхшайди.
3) Баъзилар: “Бу мажозут-ташбеҳ тарзида келган. Яъни аср намозини тарк қилган киши гўё амали беҳуда кетиб қолган одамга ўхшаб қолади”,-дейишган экан.
4) Баъзилар: “Бунинг маъноси унинг амали беҳуда кетишга яқин қолади, деган маънода”,-дейишган.
5) Баъзилар: “Амалнинг беҳуда кетишидан мақсад амаллар Аллоҳга кўтариладиган ўша вақтда шу амалнинг ноқис бўлишидир. Гўёки ҳадисда зикр қилинган ушбу амалдан фақат намоз кўзда тутилмоқда. Яъни, аср намозини тарк қилган киши уни ўқиган кишиларга бериладиган ажрга эриша олмайди ва ўша вақтда қилиши керак бўлган амали (яъни аср намози) юқорига кўтарилмайди”,-дейишган.
6) Баъзилар: “Амалнинг беҳуда кетишидан мақсад унинг бекор бўлиб кетишидир, яъни маълум бир вақтгача қилган амалидан фойдаланишдан маҳрум бўлиб, кейинчароқ ундан фойдаланиши ҳам мумкин. Бу эса худди гуноҳлари савобларидан ошиб кетган кишининг ҳолига ўхшаб Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб қолади. Бордию уни кечирилса ҳам қилган амали Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб қолишининг ўзи ўша вақтдаги ажру-савобдан фойдаланишини бекор қилиш ҳисобланади. Агар гуноҳига яраша жазоланиб, сўнгра кечирилса ҳам худди шундай бўлади”,-дейишган. Бу маънони Абу Бакр ибнил-Арабий зикр қилганлар. Бу Иймон китобидаги Мўминнинг амали беҳуда кетишидан қўрқиши ҳақидаги бобда батафсил зикр қилинган. У киши сўзларининг хулосаси шуки оятдаги беҳуда бўлиб кетиш ҳадисдаги беҳуда бўлиб кетишдан бошқачароқ маънода.[25] Сунани Термизийнинг шарҳида шундай дейдилар: Амал ҳабата бўлиши икки қисмга бўлинади: биринчиси ҳабати исқот, бунинг маъноси куфр иймонни ҳам, бошқа савобларни ҳам беҳуда қилиб юборади,-деган маънода. Иккинчиси ҳабати мувозана, яъни гуноҳлар савоблардан оғир келганда савоблардан фойдаланишни то нажотга эришгунча бекор қилиб юборишидир. Бордию нажотга эришса, савобларининг мукофоти унга қайтиб келиши мумкин.
7) Баъзилар: “Ҳадисдаги амалдан мақсад у билан машғул бўлиш намозни тарк қилишга сабаб бўладиган дунё ишларидан биридир. Яъни асрни тарк қилган киши ўша қилган ишидан фойдалана олмайди”,-дейишган экан.
Бу фикр ва таъвилларнинг энг яқинроғи иккинчисидир. Яъни ушбу ҳадисдаги таҳдид аср намозини тарк қилишдан қаттиқ тақиқлаш оҳангида қилинган бўлиб, унинг зоҳири мақсад қилинмаяпти.[26] Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Пайғамбаримиздан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда: “Ким аср намозини тарк қилса, унинг амали беҳуда кетади”,-дейилган. Ҳолбуки фақат гуноҳи кабира бўлган амалларгагина амалнинг беҳуда кетиши билан таҳдид қилинади. Шунингдек аср намозини тарк қилиш бошқа намозларни тарк қилишдан кўра каттароқ гуноҳдир. Зеро у ўрта намоз бўлиб, Аллоҳ таъоло унга риоя қилиб, сақлашга буюрган. Бу ҳақида Аллоҳ таъоло: (حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِين)[27],-дейди. Яъни: “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар. Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар”. Аср намози биздан олдинги умматларга ҳам фарз қилинган, бироқ улар уни зое қилишган. Кимда-ким уни ўз вақтида адо қилиб юрса, унга икки марта ажр берилади. Сулаймон алайҳис-салом аср намозини қазо қилиб қўйишларига сабаб бўлган отларни нима қилганлиги кўпчиликка маълум.
И з о ҳ: Аллоҳ таъоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:
(إِذْ عُرِضَ عَلَيْهِ بِالْعَشِيِّ الصَّافِنَاتُ الْجِيَادُ . فَقَالَ إِنِّي أَحْبَبْتُ حُبَّ الْخَيْرِ عَنْ ذِكْرِ رَبِّي حَتَّى تَوَارَتْ بِالْحِجَابِ . رُدُّوهَا عَلَيَّ فَطَفِقَ مَسْحًا بِالسُّوقِ وَالْأَعْنَاق )
Яъни: “Эсланг, унга (бир куни) кечки пайт гижинглаб тургувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди. Шунда у (ўша отларга маҳлиё бўлиб, кун ботиш олдида ўқийдиган намози қазо бўлгач,) деди: «Дарҳақиқат мен Парвардигоримни эслашдан (яъни ўқийдиган намозимдан қолиб) бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман. Ҳатто (қуёш ҳам) парда ортига беркинибди (яъни ботиб кетибди)! У (от)ларни менга қайтаринглар-чи! Бас у (қилич билан отларнинг) оёқ ва буйинларини «силаш»га киришди (ва уларни Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиб юборди).[28]
Яна бир саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким аср намозини қазо қилиб қўйса, гўёки бола-чақасидан ажраб қолибди”,-деган эканлар.[29]
Шу билан ушбу дарсни якунлаймиз ва Аллоҳ таъолодан намозларни ўз вақтларида, шариат буюргандек адо этишимизни насиб этишини ва уларни Ўз даргоҳида қабул қилишини сўраб қоламиз. Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “اللهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَ شُكْرِكَ وَ حُسْنِ عِبَادَتِكَ”[30],-деб айтган дуоларини айтиб қоламиз. Бу дуонинг маъноси: “Парвардигоро, менга Сени зикр қилиш, Сенга шукр қилиш ва Сенга гўзал ибодат қилишга мадад бергайсан”.
l ^ ;
[1] Далийлул-фа’лиҳийн, Ибн Аллан ал-Сиддийқий, 6/379.
[2] Тилбатут-талаба, Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, 1/135.
[3] Фатҳул-Борий, Ибни Ражаб, 4/100.
[4] Тоҳа: 130.
[5] Исро: 78.
[6] Ибни Баттолнинг Саҳиҳ Бухорийга берган шарҳидан, 3/250.
[7] Марям:70-72.
[8] За'рият: 17.
[9] Нур: 36-37.
[10] Далийлул-фа'лиҳийн, Ибн Аллон ал- Сиддийқий, 6/380-381.
[11] Файзул-Қадийр шарҳул-жомеус-соғийр, Абдурауф ал-Мунавий 6/165.
[12] Ҳадисда айтиладики: “Кимда-ким бомдод намозини жамоатда адо қилса, у Аллоҳнинг зиммасида (яъни ҳимоясида) бўлади. Кимки Аллоҳнинг зиммасига хиёнат қилса, Аллоҳ уни юз тубан қилиб дўзахга ташлайди”. Буни Табароний Абу Бакрадан ривоят қилганлар. Ҳайсамий эса ровийлари саҳиҳ ҳадисларнинг ровийлари деганлар. (Жомеул-аҳодисга қаранг: 20/484).
[13] Далийлул-фа’лиҳийн, Ибн Аллон ал- Сиддийқий, 6/381.
[14] Ҳижр:42.
[15] Фатҳул- Борий, Ибн Ҳажар, 2/330.
[16] Далийлул-фа’лиҳийн, Ибн Аллон ал- Сиддийқий, 6/382-383.
[17] Усулул-иймон, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, 1/72.
[18] Қиёмат: 22-23.
[19] Қуръоннинг ўзбекча изоҳли таржимаси, Алоуддин Мансур.
[20] Мутаффифун: 15.
[21] Юнус: 26.
[22] Бақара: 238.
[23] Фатҳул-Борий, Ибн Ражаб, 4/58.
[24] Ушбу ҳадисни Бухорий, Муслим ва Сунан соҳиблари ривоят қилишган.
[25] Изоҳ: Ушбу оятдан Аллоҳ таъолонинг: (وَمَنْ يَكْفُرْ بِالْإِيمَانِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ وَهُوَ فِي الْآَخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ),-деган ояти кўзда тутилмоқда. Бунинг маъноси қуйидагича: “Кимки иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетиши аниқдир ва у охиратда зиён кўргувчилар тоифасидандир.” (Моида: 5).
[26] Фатҳул-Борий, Ибн Ҳажар, 2/327.
[27] Бақара: 238.
[28] Сод: 31-33.
[29] Мажмуи фатово Ибн Таймия, 5/86.
[30] Ҳоким Мустадракда саҳиҳ иснод билан ривоят қилган, ҳадис рақами: 1010, 1838, 5194.