×
Ушбу байтларда сиз азизлар қуръонни риё учун ёдлаб юрганларни қоралаб бундай қилмишни нақадар ёмонлигини баён қилади.

Ким агар роҳат талабдур,
ғафлат ичра ётмасун,
Бўлмағур ишларга ақл-у,
фикрини ишлатмасун,
Нафсини асло текин
томоқликға ўргатмасун,
Кўнглиға ҳирс-у тамаъ
осорини йўллатмасун,
қорилар қуръон ўқуб,
бас эмди пулға сотмасун,
Бу қилиқ бирла ўзини
ўт ичиға отмасун!

* * *

Ҳақ каломини тиловат,
давлат эрмасму анга?
Ўқубон топган савоби,
роҳат эрмасму анга?
Ёки мундоғ хосиятлар,
ҳожат эрмасму анга?
Рўзада қуръонпурушлик
одат эрмасму анга?

* * *
Кўп киши қуръон ўқур,
оқча олишға жуплашуб.
Ёки дам солмоқ учун
оғриқ кишига суфлашуб.
Бу тижоратдин олурлар
мол-у дунё тўплашуб,
Орамиздан йўқ қилайлук,
бу расмни кўплашуб.

* * *
Ҳақ таоло нозил этгандур,
ўқуб, билмоқ учун,
Билмаганларға анинг
ҳукми айтилмоқ учун,
Ундаги сўзларға лойиқ -
-лаб амал қилмоқ учун,
Келдиму ё, хатм айлаб,
пулға сотилмоқ учун?!

* * *
Тангриға тоат қилишда,
ким амал қилса риё,
Ҳақ ризосидин бўлак,
қалбида бўлса муддао,
Ушбу қилган тоати
ўз жониға бўлгай бало,
Ул кишиға рўзи Маҳшар
бўлғуси қаттиғ жазо!

* * *
Ҳақ деди Қуръон ийордим,
ўқунгиз обдон уни,
Бу жаҳон бойлиғин излаб,
сотмангиз орзон уни!
Энг улуғ неъмат - будур,
билмайди кўп инсон буни.
Икки дунёда муаззиз,
қадрини билгон уни.


* * *
Кўп тубанлашдик мусул-
-монлар тутиб қуръонни хор.
Кетди биздан ҳама ерда
шаън-у иззат, эътибор.
Тутмайин Қуръон йўлин
бўлдик балоларға дучор.
Эмди ибрат бирла кўз
очиб, бўлайлик ҳушёр!

* * *
Сурайи «Ёсин» тушуб-
-дурму биза бемор учун?
ҳам «Таборак» сураси,
келганмуди мозор учун?
Ўзга оятлар яна
инганмуди туммор учун?
Тангри биздан рози эрмас
бадқилиқлар бор учун!

* * *
Хатмдин сўнг пул улашмоқ,
мустафодин қолдиму?!
Ёки бу иш чаҳор ёр-у
босафодин қолдиму?!
Ўйла-ки, ё солиҳ салаф -
мусаффодин қолдиму?
Бу тубанлик ёки ҳеч бир
ақли расодин қолдиму?!

* * *
Ким риёлик қори бўлса,
бор анга қаттиғ азоб!
Бу сўзим ёлғон эмасдур,
дедим аз рўйи Китоб.
Ҳар киши оқил эрурса,
қилсин риёдин ижтиноб,
Токи, расво бўлмасун,
Ҳақ қошида Рўзи ҳисоб.

* * *

Бу каломуллоҳ ҳамадин,
олийдур эй, бе уёт!
Паллага солганда ундан,
енгил келган коинот.
Қадрини билгай унинг,
ким истаса роҳ-у нажот.
Мақсадинг пул эрса, кандоғ –
– дур тиловатлиғ салот?!

* * *
Ҳақ каломин сотқали,
эмди уёл Аллоҳдин!
Иззат-у давлатни сен,
иста улуғ даргоҳдин.
Ҳеч киши навмид эмас,
ул марҳаматлиғ Зотдин,
Ҳимматингни паст тутиб,
бўлмағил гумроҳдин!

* * *
Ўқума эй, қори ҳаргиз,
пул ва ё ифтор учун!
Мақтаниб ужб-у риёдин,
фазлингни изҳор учун.
Мақсадинг шуҳрат эрса,
қийналма кўп такрор учун,
Яъни ҳозирланма ҳар
масжидда бир бозор учун!

* * *
Ўйласак, холис эмасдур,
ўқуғон қуръонимиз.
Қайда бор Қуръонни ҳукми -
- ға амал қилғонимиз?
Пул билан обрў экан
бизнинг бузуқ виждонимиз,
Оқибат қандоқ бўлур
кўнгилдаги иймонимиз?!
* * *

Қори бўлмоқдин ғараз
Ҳақнинг сўзин сотмоқмудур?!
Бир – бириға луқма ташлаб,
тош каби отмоқмудур?!
Касб-у шуҳрат қилғали ё,
ўзни кўрсатмоқмудур?!
Масжид-у Қуръон талошиб,
фитна қўзғотмоқмудур?!

* * *
Қайси қори бўлса бу
Қуръон қошида бе адаб,
Бўлғуси хор ўлмоғиға,
ул адабсизлик сабаб.
Икки дунёда анга
Тангри қилар қаҳр-у ғазаб,
Доимо таъзим этар
Қуръонни, ким роҳат талаб.

* * *
Оқибат хор бўлғуси
Қуръонни хор этган киши.
Эътибори қолмагай,
бе эътибор этган киши.
Ҳар амалда обрўйини
ихтиёр этган киши.
Эл-у юрт олдида ўзни
бахтиёр этган киши.

* * *
Ҳар киши холис тиловат
қилса Қуръонни мудом.
Топқуси ул банда икки
дунёда аъло мақом.
Ҳомил-у ҳам омил-у
Қуръон учун дўзах ҳаром.
Ўз каломида буни
айтган Худойи ло яном.

* * *

Холисона қорилар
ота-аносин қўллагай.
Рўзи Маҳшарда аларни
жаннат ичра йўллағай.
Оби Кавсардин нечанинг
ҳалқумини ҳўлағай.
Бу саодат қайда онга,
ул-ки Қуръон пуллағай!

* * *
Фарҳатийдек қулларингға,
эй Худованди Ажалл.
Ҳиммат-у тавфиқ ато қил,
айласин холис амал.
Етмасин аъмолиға,
ужб-у риёлардин халал.
Ўртада қуръон талошиб,
қилмасун ғавғо-жадал.

* * *
Қорилар қуръон уқуб,
бас эмди пулға сотмасун!
Бу қилиқ бирла ўзини,
ўт ичиға отмасун!
30. 07. 1946 – йил. Ғулжа.