МУСУЛМОН БОЛАНИНГ ОДОБ-АХЛОҚИ
Категориялар
Манба
Full Description
- Мусулмон боланинг одоб-ахлоҚИ
- Озодалик.
- Ҳикоя
- Ейиш одоби
- Қуйидагилар ана шу одоблар жумласидандир:
- Ҳикоя
- Ўқувчининг уйидаги одоби
- Шундай экан сен у ерда чиройли ахлоқ ва гўзал одоб билан қуйидагиларга амал қилиб яшашинг керак:
- Ҳикоя
- Ўқувчининг мактабдаги одоби
- Мана шу оилада бахтиёр ва суюкли бўлишинг учун қуйидаги насиҳатларга амал қилишинг зарур:
- Ҳикоя
- Кўчада юриш одоби
- Шунинг учун сен қуйидаги насиҳатларга қулоқ солишинг керак:
- Ҳикоя
- Ота-она учун фарзанд нима қилиши керак
- Она фазли
- Ота фазли
- Уларга сен нима қилмоғинг лозим
- Ҳикоя
- Ҳаётимизнинг кўп ўринларида ошкоралик намоён бўлади.
Мусулмон боланинг одоб-ахлоҚИ
Озодалик.
Эй ўғлон, агар жисминг ўсиб улғайишини, баданинг соғлом бўлишини, ақлинг ўткир ва қалбинг хушнуд бўлишини истасанг, қуйидаги насиҳатларга қулоқ сол:
1. Қишда ҳар ҳафтада камида икки марта иссиқ сув билан, ёзда эса ҳар куни бир марта совуқ сув билан ҳаммом қил.
2. Ухлашдан аввал ва уйқудан турганингдан кейин юзинг, қўлларинг ва оёқларингни юв. Доим беш вақт намозни ўз вақтида ўқи. Чунки намоздан олдин таҳорат қилиш бир кунда бир неча маротаба шу аъзоларнинг тоза бўлишига сабаб бўлади.
3. Одамлар олдида кўзинг, қулоғинг ёки бурнингни ўйнаб кавламагин. Чунки бу амал шу аъзоларга зарар беради ва одамларни сендан нафратлантиради. Агар уларни тозаламоқчи бўлсанг, тоза дастрўмол билан артиб тозалагин.
4. Одамлар олдида тишларингни кавлаб тозалама ва тирноқларингни олма. Чунки бу ҳам одамларни сендан нафратлантиради.
5. Ухлашдан олдин ва уйқудан турганингдан кейин мисвок ва тиш чўткалари билан тишларингни тозалаб ювгин. Чунки овқат қолдиқлари милк ва тишларга озор ва зарар бериб, оғизнинг ҳидини бузади.
6. Бозорларда айланиб юрадиган сотувчилардан бирон нарса сотиб олсанг ювгин. Чунки улар у нарсаларни тайёрлаётганларида тозаликка эътибор бермайдилар ва уларни чанг ва пашшалардан эҳтиёт қилмайдилар.
7. Юз сочиқ, тиш чўтка, ухлайдиган крават, ёстиқ, ёпинчиқ ва тароқ каби нарсалар алоҳида сеники бўлишига ҳаракат қил, уларни сендан бошқа одам ишлатмасин.
8. Сувни тоза ва соф ҳолида ич, ариқ сувини фақат тиндирилганидан кейин ич.
9. Юзингга, таоминга ёки ичадиган ичимлигинга пашша қўнишидан эҳтиёт бўл. Чунки у кўпинча ўзида баъзи касалликларнинг микробларини олиб юради, ана шуларни сенга олиб келиши мумкин.
10. Одамларниннг кўзида ҳурматли бўлишинг учун кийимларингнинг тозалигига ва кўринишингнинг чиройли бўлишига эътибор бер.
11. Зарарли ҳашоратлар бўлмаслиги учун сен яшайдиган уйнинг тоза бўлишига ҳаракат қил.
12. Сен ухлайдиган хона ҳавоси тозаланиб туриши учун қуёш нурлари кириб турадиган тарафда бўлсин.
13. Мактаб қуроллари ва сен уйда ўйнайдиган ўйинчоқларингнинг тозалигига риоя қил. Шунда уларнинг кўркамлиги сақланиб, кўриниши чиройли бўлади. Қўлларинг ёки кийимларингни сиёҳ билан кир қилиб булғама.
14. Доимо покиза жойларда ўйна ва сайр қил.
Ҳикоя
Бир кичкина бола уйининг олдида турган эди. Унинг ёнидан ҳолва сотувчи ўтиб қолди. ҳолваси кир-ифлос бўлиб, у ҳолвасини пашша ва чанглардан эҳтиёт қилмас эди. Бола ундан бир тангага ҳолва сотиб олиб еди.
Бир неча кундан кейин унда безгак касали аломатлари пайдо бўлди ва отаси уйга доктор чақириб келди. Кўп савол-жавоблардан кейин доктор унинг касали ҳолва ейишдан келиб чиққанини билди. Уни даволаш учун безгак касалликлари шифохонасига олиб боришга буюрди. Оиласи қийналиб, отаси уни даволашга кўп пуллар сарфлаганидан кейин у касалхонада бир ой ётиб касалидан тузалиб чиқди.
Ейиш одоби
Эй ўғлон, ейишнинг бир қанча одоблари бўлиб, сен албатта уларга бўйсунишинг, шунда сенинг соғлигинг яхшиланиб жисминг қувватли бўлади. Ақлинг ўткирлашиб, ҳар хил касал ва оғриқлардан саломат бўласан.
Қуйидагилар ана шу одоблар жумласидандир:
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳолда ейишдан олдин қўлларингни юв.
2. Ўртадаги идишдан овқатланаётганингда ўз олдингдан олиб егин, бошқалар олдидаги нарсаларга қарама ва ҳожатингдан ошиғини ема.
3. Овқат ейишдан олдин Аллоҳнинг номини айтиб “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб айтгин ва еб бўлганингдан кейин “Алҳамду лиллаҳиллазий атъамани ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлим минни вала қувваҳ” – маъноси - “Мен тарафидан ҳеч қандай куч қувватсиз шу таомни менга таом қилиб берган ва у билан мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин” деб Унга мақтовлар айт.
4. Ўзинг ёмон кўрадиган таомни бошқаларни ҳам ундан нафратлантирадиган сўзлар билан ёмонлама.
5. Овқат яхши ҳазм бўлиши учун уни яхшилаб чайна.
6. Оғзингни овқат билан тўлдириб олма ва оғзингда овқат бор пайтда гапирма.
7. Бир ҳил овқат билан кифоялан ва ошқозонинг тўлиб кетгунгача овқат ема. Агар шундай қилсанг, овқат ҳазм бўлиши қийин бўлади, касал бўлиб қолишинг мумкин.
8. Айланиб юрадиган сотувчиларга ўхшаган яхши қилинганлиги ва покизалиги ишончли бўлмаган овқат ва ичимликларни тановул қилма.
9. Агар мадраса ошхонасида ўтирсанг, тўполон қилма ва ўз насибангдан кўпроқ овқат ейишга уринма.
10. Агар ошхона хизматчисидан пиёла, қошиқ ва салфетка (қўл сочиқ) каби бирон нарса сўрамоқчи бўлсанг, мулойимлик ва ўртача овоз билан сўра.
11. Овқат еб бўлганингдан кейин албатта қўлларингни ва оғзингни юв ва тишларингнинг тозалигига эътибор бер.
Ҳикоя
Бир ўқувчи касал бўлиб қолди ва унинг касали қаттиқлашди. Кейин доктор келиб унинг касалини текшириб кўргач, у овқат ва ҳолвалардан ҳаддан зиёд кўп еб қўйганлиги натижасида ошқозони ишдан чиқиб, соғлиги ёмонлашганини билди.
Тасодиф доктор шу ўқувчининг қўлида пуллар билан тўла ҳамённи кўриб қолиб унга деди:
- Агар сенга бошқа яна шунча миқдорда пул берсам, шу ҳамёнга сиғдира оласанми?
- Унга ичидагидан ортиқ пул сиғдириш мумкин эмас.-деб жавоб берди ўқувчи.
- Куч билан сиғдир.
- У қимматбаҳо ҳамён. Йиртилиб кетишидан қўрқаман.
Шунда доктор деди:
- Билгинки, эй ўғлон! Сенинг ошқозонинг ҳам шу ҳамёнга ўхшашдир. Агар қорнингга сиғадиганидан ошиғини есанг, ҳар хил касаллар ва оғриқларга чалинасан.
Ўқувчининг уйидаги одоби
Эй ўғлон, уйинг сен учун энг азиз макондир. Сен унда ҳаёт кунларингни ўтказасан. Унда сен уларнинг яхшиликларидан фойдаланадиган ота-онанг, сени яхши кўрадиган ва сен учун яхшиликларни орзу қиладиган оила-аъзоларинг яшашади. Сен у ерда ухлайсан, ўйнайсан, дам оласан, овқат ейсан ва чой ичасан.
Шундай экан сен у ерда чиройли ахлоқ ва гўзал одоб билан қуйидагиларга амал қилиб яшашинг керак:
1. Мактабдан қайтганингда, ухлашдан олдин ва уйқудан турганингда оила аъзоларингга салом бер.
2. Ота-онангга итоат қил, ўзингдан катта акаларинг, опаларинг ва бошқа қариндошларингни ҳурмат қил ва ўзингдан кичкиналарга меҳрибон бўл.
3. Агар уйда хизматкорлар бўлса, уриб сўкиш билан уларга озор берма. Агар улардан бирон нарса сўромоқчи бўлсанг, мулойимлик билан сўра.
4. Уй жиҳозларини, уйдаги суратларни, электр қўнғироқларни ва сув жўмракларини ўйнама, девор ва ўриндиқ ва кўрпачаларни кир қилма. Уларга бўр ёки қалам билан чизма. Агар уйда боғ бўлса, дарахт шохлари ва гулларни синдирма.
5. Копток тепиб, кўп бақириб ёки югириб уйдагиларга ҳам, қўни-қўшниларга ҳам озор берадиган ва уйдаги нарсаларга зарар берадиган ўйинларни уйнинг ичида ўйнама. Мактабдан қайтганингда кийимларингни илгакка осиб қўй ва уларни қидириб вақтингни бекор кетказмаслигинг учун китобларингни ўзинг биладиган жойга қўй.
6. Дарсларингни тайёрлаш учун бир вақтни таъйин қил ва ўша вақтда бошқа нарсага чалғима.
7. Қўшниларинг ва уларнинг болаларига нисбатан одобли бўл. уларни кўрганингда салом бер. Уларга мулойимлик ва одоб билан муомала қил.
8. Агар уйга бирон меҳмон ота-онангни зиёрат қилиб келса ва сен унга салом бермоқчи бўлсанг, юз қўлларингни ва кийимингни тозалаб, одоб билан унинг олдига бор.
9. Товуқ, қуён, мушук ва шуларга ўхшаш уй ҳайвонларига озор берма.
Ҳикоя
Бир кишининг иккита боласи бор бўлиб, улар уй жиҳозларини ўйнашга одатланиб қолишган эдилар. Курсиларни ерда судраб юришар ва уйда копток ўйнашарди. Натижада копток деразага тегиб, уни синдирарди ва идишларни ерга ағанатарди. Баъзида ота-оналари уларга насиҳат қилишса улар бу одатларини ташлашар эди. Кейин яна шу ҳолатга қайтиб олишарди. Уларнинг отаси ҳар йили ёзда денгиз бўйида дам оларди. Ёз фасли бўлгач, болалари оталаридан:
- Қачон денгизга борамиз? - деб сўрадилар.
- Сизлар уй жиҳозларига кўп талофат етказдинглар. Энди мен ҳар йили ёзда дам олишга сарфлайдиган пулни уларни тузатишга ишлатаман. Сизлар эса шу қилмишларинг сабабли бу йил ёзнинг жазирама иссиғида дам оласизлар - деди оталари.
Ўқувчининг мактабдаги одоби
Эй ўғлон, мактаб сенинг иккинчи уйингдир. Сен у ерда ҳаётингнинг энг гўзал соатларини ўтказасан, у ерда ўқувчи биродарларинг ва ўқитувчи оталарингдан ташкил топган оила билан яшайсан.
Мана шу оилада бахтиёр ва суюкли бўлишинг учун қуйидаги насиҳатларга амал қилишинг зарур:
1. Уйқудан эрта тур. Шунда таҳорат олиб намоз ўқишга, тоза кийимларингни кийишга, китобларинг ва ўқув қуролларингни олишга шунингдек ўз вақтида мактабга боришга улгурасан.
2. Биродарларинг билан табассум билан кўриш. Биринчи бўлиб уларга салом бер ва уларни ўзларига ёқадиган исмлари билан чақир.
3. Сафда турганингда ва синфга кетаётганингда шовқин қилиб гапирма.
4. Ўқитувчи синфга кирганда унга салом бериш учун ўрнингдан турма, ўтириб салом бер. Чунки бу исломга зид ишдир. Кейин жим қулоқ солиб ўтир.
5. Савол ёки жавоб бермоқчи бўлсанг, ўнг қўлингни кўтар. Агар ўқитувчи сенга рухсат берса, ўрнингдан туриб жавоб бер.
6. Овозингни баланд кўтариб шовқин қилма. Ҳар бир дарс оралиғидаги қисқа танаффусда синфдан чиқиб кетиб қолма.
7. Катта танаффусда эса ўртоқларинг билан соғлигингга ва ахлоқингга зарар бермайдиган ўйинлари ўйна. Хатарли ўйинларни ўйнама. Овозингни баланд кўтариб бақирма. Бирон кишини сўкма ёки у ёмон кўрадиган лақаб билан уни чақирма.
8. Сенга ёрдам берган барча ўртоқларингга ва мактаб ишчиларига раҳмат айт. Чунки бу одобинг гўзаллигига далолат қилади ва сенга уларнинг муҳаббатини оширади.
9. Ўқув қуролларингни эҳтиёт қил, уларни тоза тут ва китоб жавонингга тартиб билан қўй. Шунда керак пайтда уларни чиқариб олишинг осон бўлади.
10. Мактабни ва ундаги жиҳозларни ҳудди уйингни ва ундаги жиҳозларни эҳтиёт қилганингдек эҳтиёт қил. Деворларга ёзма, сув жўмракларини очиқ қолдирма, дераза ойналарини синдирма ва партага қалам билан чизма.
11. Сенга берилган ҳар бир вазифани ўз вақтида бажар. Бугунги ишни эртага қолдирма. Чунки ҳар бир куннинг ўз амали бор.
12. Мактабдан одамлар сендан рози бўлган ҳолда қайтгин. Шунда Аллоҳ сендан рози бўлади ва сенга ҳаётингда саломатлик ва баракотни беради.
Ҳикоя
Бир ўқувчи мактабга кеч қолиб келишга одатланиб қолди. Ўқитувчи эса куннинг охирида уни қамаб қўйиб жазолар эди. У кўп кеч қолавергач, ўқитувчи кеч қолиб келса уни ҳайдаб юборадиган бўлди. Натижада у уйда ўқиган нарсасини тушунмайдиган бўлиб қолди. Чунки у уй вазифасининг шарҳини ўқитувчисидан эшитмасди. Синфдошларининг биронтасидан сўраса, унга жавоб беришмас эди. Чунки у ўқувчилар ва ўқитувчилар орасида одобсиз деб танилган эди.
Кетма-кет икки марта имтиҳондан йиқилгач, мактабдан ҳайдалди. Ҳар сафар отаси уни мактабга олиб кириб қўйса, ахлоқи ёмонлиги ва дарсларга доимий равишда қатнашмаслиги сабабли мактаб уни ҳайдаб юбораверди. Тўсатдан унинг отаси ўлиб қолди ва у бутунлай мактабдан узилди. Кейин ёмон болаларга қўшилиб, уларнинг йўлига кириб кетди. Онасининг эса уни тарбиялашга кучи етмасди. Уни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Натижада у ўзига ейишга нарса топа олмай қолиб кўчаларда оёқ кийимларни мойлаш билан кун кечиришга мажбур бўлди.
Ҳар сафар мактабни аъло баҳоларга битирган синфдошларидан биронтасини кўриб қолса, йиғлаб, фойда бермайдиган вақтда пушаймон бўлар эди.
Кўчада юриш одоби
Эй ўғлон, кўчада кўп одам юради. Уларнинг баъзилари пиёда, баъзиси машинага минган, бири шошилган ва бошқаси шошмасдан секин кетаётган, улардан баъзиси ёши катта бўлса, бошқаси кичкина. Агар сен уларнинг орасида юрсанг, ўзингни ва бошқаларни йўл озорларидан сақлашга мажбурсан.
Шунинг учун сен қуйидаги насиҳатларга қулоқ солишинг керак:
1. Тиқин кўчада кетаётганингда пиёдалар йўлакчасида юр.
2. Агар бирон дўстинг ёки қариндошингни кўриб қолсанг ва у билан кўришмоқчи бўлсанг, йўлнинг ўртасида у билан узоқ турма.
3. Агар кўчада ўртоқларинг билан кетаётган бўлсанг, энига бир саф бўлиб кўчани тўлдириб олманглар, чунки йўл ёлғиз сизлар учун эмас.
4. Агар бир ожиз ёки заиф киши йўлдан ўтказиб қўйишликни сўраб сендан ёрдам сўраса, унга ёрдам бер. Бу бечора билан юришга уялма.
5. Кўчада кетаётганингда китоб ўқиш билан машғул бўлма, ён-атрофга кўп аланглама. Тижорат дўконлари ёки ўйингоҳлар олдида кўп туриб қолма.
6. Юрганингда шошилиб тез ҳам юрма, жуда секин ҳам юрма, ўртача юргин ва доимо олдинга қара.
7. Машинага ёки бирон бир маркабга минган бўлсанг ҳам йўлда кетаётганингда овқат ейишинг одобдан эмас.
8. Йўлда ётган тошни оёғинг билан тепма ва сотувчилар дўконларининг эшикларига осиб қўйган молларни ўйнама.
9. Агар сен велосипед ёки машинага минган бўлсанг, кўчанинг ўнг томонидан юр.
10. Юриб кетаётган трамвайга минишга ёки ундан тушишга уринма.
11. Агар йўлдан адашиб қолсанг ёки биродаринг жойини билмай қолсанг, одоб билан ён-атрофдагилардан сўра.
12. Агар бирон кишига билмасдан озор етказиб қўйсанг, масалан унга туртилиб кетсанг ёки қўлидан бирон нарсани тушириб юборсанг ёки унинг оёқ кийимини босиб олсанг, ундан мулойимлик билан кечирим сўра.
13. Ўзинг танимайдиган одамнинг юзига узоқ тикилиб турма ва ногиронларни-заифларни масхара қилма.
Ҳикоя
Бир ота ўғлига мактабга трамвайда бориб келиши учун йўл ҳақи бериб турар эди. Бир куни нафси бу ўқувчини трамвайнинг пулига холва сотиб олиб пиёда қайтгин деб васваса қилди. У уйга қайтаётганида баъзи ёмон болаларнинг трамвай орқасига осилиб кетаётганларини кўриб, бу ҳам уларга ўхшаб трамвайга осилиб олди. Трамвай тез кетаётган эди. Тўсатдан чипта текширувчи уни кўриб қолди. Бола қўрқиб кетиб ўзини ерга отди. У юз-қўли билан ерга йиқилиб, кийимлари йиртилди. Китоблари сочилиб кетди. Юзи, билаклари ва оёқлари шикастланиб хушидан кетди. Кейин тез-ёрдам машинаси келиб уни шифохонага олиб кетди. У шифохонада бир неча кун қолиб, бутунлай соғайгандан кейин уйига қайтди. Қайтиб бундай иш қилмасликка аҳд қилди.
Ота-она учун фарзанд нима қилиши керак
Эй ўғлон, ота-онанг сенга энг яқин, сени энг кўп яхши кўрадиган ва сенга жуда меҳрибон инсонлардир. Улар сенинг ҳаётга келишинг сабабчиларидир. Сенга ғамхўрлик қилиш, тарбиялаш ва сени барча озорлардан сақлашда уларнинг жуда ҳам катта хизматлари бор.
Она фазли
1. Онанг сени тўққиз ой қорнида кўтарган ва шу вақт орасида кўп оғриқ ва қийинчиликларни бошидан ўтказган. Кейин сени туғишда ва эмизишда кўп қийналган.
2. У сенинг жисминг ва кийимларингнинг тозалигига эътибор берар эди. Сени эмизганда тепангда узун тунларни бедор ўтказар эди.
3. У сенга қандай ейиш, ичиш, юриш ва ўйнашни ўргатган, сен ўшанда буларнинг биронтасига кучи етмайдиган бир ожиз бола эдинг. Сенга оғриқ берган нарса уни оғритар эди, сени хурсанд қилган нарса уни хурсанд қилар эди.
Ота фазли
1. Отанг ҳар куни кўчага чиқиб, қийналиб меҳнат қилиб, сенга керакли таом, кийим, ўйинчоқ ва бошқа нарсаларни сотиб олиб келар эди.
2. Сен улғайгач, у сени мактабга юборди. Сенинг таълим олишинг учун кўп пул сарфлади.
3. Агар касал бўлсанг, сени даволаш учун доктор ва соғайишинг учун дори олиб келар эди.
Уларга сен нима қилмоғинг лозим
1. Уларга итоат қил, яхши кўр ва уларнинг насиҳатларига амал қил.
2. Уларнинг олдида одоб билан ўтир, улар сенинг ҳузурингга келсалар, ўрнингдан тур ва уларнинг овозидан овозингни баланд кўтарма.
3. Улар қувватли вақтларида улар хурсанд бўладиган ишларни қил. Агар қувватлари кетиб ишга яроқсиз бўлиб қолсалар, зиммангдаги уларнинг баъзи ҳақларини адо этишинг учун улар муҳтож бўладиган барча нарсаларда уларга ёрдам бер.
4. Улар сенга қаттиқлик қилсалар, уларга қўпол гапирма. Чунки улар фақат сенинг фойдангни хоҳлашади.
5. Эрталаб турганингда ва кечқурун ётишингдан олдин, уларни кўрганингда уларга салом бер.
6. Уларни ғазаблантирадиган нарсалардан йироқ бўл. Уларнинг узун умр кўришларини яхши кўр. Шуни орзу қил. Чунки улар улар ҳам сенинг саломат бўлишингни ва умринг узун бўлишини орзу қилардилар.
7. Уларга озор етишига сабабчи бўлма. Яъни одамлар билан уришма ва уларнинг ота-оналарини сўкма. Акс ҳолда улар ҳам ота-онангни сўкадилар.
Ҳикоя
Бир уйга ўт кетди ва уйда яшовчиларнинг ҳаммаси қочиб чиқишди. Фақат бир кичкина гўдак бола қолиб кетди. У хоналарнинг бирида ухлаётган эди. Она боласи ётган жойга олов яқинлашаётганини кўргач, қўрқиб кетди ва ўзига тегаётган оловларга парво қилмай ўша хонага отилиб кириб боласини олиб чиқишга уринди. Лекин чиқолмай қолди. Шу вақт етиб келган ўт ўчирувчилар ўтни ўчиришди ва она-болани қутқаришди. Ана, кўрдингми, она ўз фарзанди учун ўзини ўтга уришдан ҳам қайтмас экан.
Кичкинанинг ўзидан каттани ҳурмат қилиши ва каттанинг
ўзидан кичкинага меҳрибончилиги
Эй ўғлон, ўзингдан ёши катта кишиларга ҳурматда ва ўзингдан кичкиналарга меҳрибон бўл. Шундай қилсанг, қариб-кексайганингда сенга меҳрибонлик қиладиган ва ожиз бўлиб қолганингда сенга раҳм қиладиган кишиларни учратасан. Албатта кичикнинг ўзидан каттани ҳурмат қилиши ва каттанинг ўзидан кичкинага меҳрибонлик қилиши гўзал ахлоқлардан.
Кичикнинг ўзидан каттага ҳурмати қуйидаги насиҳатларга амал қилиш билан бўлади:
1. Автобус, троллейбус ёки трамвайда ўтирган бўлсанг ва тик туришга ожиз кишини кўрсанг, сендан даражаси паст бўлса ҳам ўрнингдан туриб унга жой бер.
2. Сен танийдиган ёши улуғ кишиларни учратиб қолсанг, биринчи бўлиб салом бер.
3. Акаларингни ва сендан катта биродарларингни ҳурмат қил. Шунда улар сенга меҳрибон бўлишади ва сени яхши кўрадилар. Агар сенга яхшилик қилсалар, уларга "Жазаакаллоҳу хорон", деб раҳмат айтишни унутма.
4. Агар уйда хизматкорлар бўлса, уларга юмшоқ гапир, қўпол гапирма. Уларнинг оталарини сўкма ва уларни урма. Чунки улар ҳам сенга ўхшаган одам.
5. Жамоат жойларига киришда ёки чиқишда чиройли дидли ва одобли бўлишга ҳаракат қил. Кексалар ва аёллар билан тиқилишма, йўл бўшагунча бироз кутиб тур.
Каттанинг ўзидан кичикка меҳрибонлиги
1. Ўзингдан кичик укаларинг ва сингилларингга меҳрибон бўл. Ҳолва ёки ўйинчоқларни уларга бермасдан, ўзингники қилиб олма. Уларнинг жаҳлини чиқарма ёки улар билан жанжаллашма.
2. Кичкина укаларингни жинларни ҳикояларига ўхшаш даҳшатли ҳикоялар билан қўрқитма.
3. Агар кичик укаларингнинг дарсларига ёрдам беришга кучинг етса, ёрдам бер.
Ҳикоя
Исмоил одобли ўқувчи, у кичик укаларини ва синггилларини яхши кўради. Уларга меҳрибонлик қилади. Уларни ҳурсанд қиладиган ишларни қилади. Улардан ёши катта бўлишига қарамасдан улар билан бирга ўйнайди.
Кунларнинг бирида синглиси қўғирчоғи билан кичкина аравага ўтириб, ундан уларни уйнинг боғида сайр қилдириши учун аравани тортишини сўради. У рози бўлиб аравани торта бошлади. У синглисининг ҳурсандлигидан шод эди. Онаси бу ҳолни кўриб унга:
- Эй Исмоил, синглинг ҳурсанд бўладиган ишни қилишинг жуда чиройли иш. Бу аканинг вазифасидир- деди.
Фақирларга эҳсон қилиш
Эй ўғлон, камбағал ҳам сенга ўхшаган инсон. Уни ҳам очлик ва чанқоқлик қийнайди, совуқ ва иссиқ унга ҳам озор беради. У сен муҳтож бўладиган ҳаёт воситаларида сенга ёрдам беради. Шунинг учун сен унга яхшилик қилмоғинг ва унга меҳрибонлик қилишинг вожибдир. Аллоҳ сенинг бу қилган эҳсонинг эвазига яхши мукофот билан тақдирлайди:
“Сизлар нимани эҳсон қилсангиз, Аллоҳ уни эвазига сизларни мукофот билан тақдирлайди.”
Қуйидаги ишлар фақирларга эҳсон қилиш жумласидандир:
1. Камбағалларнинг болаларига илм ва касб-хунар ўргатиш учун бепул мактаблар очиш.
2. Уларнинг касалларини даволаш учун шифохоналар очиш.
3. Етимлар, ожизлар, заифлар ва ногиронларга бошпана бериш учун мискинлар уйини очиш.
4. Уларга моллар, кийим-кечаклар ва таомлар садақа қилиш.
5. Уларнинг ишга қодирларига иш топишда кўмаклашиш. Токи у ўғрилик каби зарарли ишларни қилишга мажбур бўлмасин.
6. Камбағални камбағаллиги учун камситма. Чунки камбағаллик уят эмас.
Биз аввало камбағал қариндошларимизга эҳсон қилишимиз чиройли бўлади. Чунки қариндошлар бизнинг яхшилигимизга бошқалардан кўра ҳақлироқдир.
Ҳикоя
Бир бойнинг катта боғи бор бўлиб у ҳар йили камбағалларга бу боғнинг меваларидан бир қисмини садақа қилар эди. У ўлгунча шу одатида давом этди. Кейин ўғиллари оталаридан боғни мерос қилиб олгач, камбағалларга эҳсон қилишдаги оталарининг одатига зид иш қилишни хоҳладилар. Меваларни йиғиб олиш вақти келганида камбағаллар уларни кўрмаслик мақсадида меваларни териб олиш учун боғга тунда боришни мақсад қилдилар.
Лекин, Аллоҳ улар етиб боришларидан олдин боғни ёқиб юбориш билан уларни жазолади. Кейин улар бир-бирларига мана бу ниятимизнинг ёмонлиги ва камбағалларни насибаларидан маҳрум қилмоқчи бўлганимиз учун бизга Аллоҳ тарафидан бўлган жазо деб яна аввалги оталарининг одатига қайтдилар.
Ҳайвонларга меҳрибонлик
Эй ўғлон, ҳайвонлар кўп нарсаларда инсонга фойдалидир. Инсон унинг гўштини ейди, сутини ичади, териси ва жунидан кийимлар қилади, бир жойдан бошқа жойга боришда унга минади. У деҳқоннинг ёрдамчиси ҳамдир; ерини ҳайдаб беради, суғориш чарҳпалакларини айлантиради ва оғир юкларини ва йиғилган ҳосилини кўтаради.
Шунинг учун биз унга мулойимлик билан муомала қилишимиз керак. Чунки у ҳам ҳис қилади ва унинг ҳам жони оғрийди. Лекин гапира олмайди.
Қуйидагилар унга мулойимлик қилиш жумласидандир:
1. Унга етарли озуқа беришимиз.
2. Унинг озуқасининг, баданларининг ва жойларининг тозалигига эътибор беришимиз.
3. Устига оғир юклар ортишимиз ва узоқ соатлаб тўхтовсиз ишлатишимиз каби тоқатидан ошиғини унга мажбурламаслигимиз.
4. Уни уриб, ўйнаб, боласидан ажратиб олмаслигимиз.
5. Етарли вақт уларга дам беришимиз ва касал бўлса даволашимиз.
6. Сўйиладиганларини чиройли сўйишимиз.
Аллоҳ таоло айтади:
“Аллоҳ ҳайвонларни сизнинг фойдангиз учун яратди. Унда сизлар учун иссиқлик ва манфаъатлар бордир.”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Бир аёл бир мушукни очликдан ўлгунча қамаб қўйди, унга овқат ҳам бермади, қўйиб ҳам юбормади. У аёл шу мушук туфайли дўзахга кирди.
Ҳикоя
Бир бола уйидаги хоналардан бирига кирди ва у ерда ухлаб ётган мушукни кўриб эшикни бекитди. Кейин мушукнинг орқасидан қувиб қўлидаги калтак билан уни ура бошлади. Мушук эса бир жойдан бошқа жойга сакрар эди. Натижада у хонадаги идишлардан бирини синдирди.
Бола ғазабланиб шафқатсизларча мушукни ура бошлади. Мушукнинг жони оғриб, бутун кучини тўплаб туриб болага қаттиқ ҳужум қилди ва унинг юзини юмдалаб олди.
Бола шошилиб эшикка борди ва бақириб ёрдам сўраб эшикни очди. Мушук эса бундан фойдаланиб қочиб кетди. Шу билан бола умрбод юзи тиртиқ бўлиб қолди.
Ота-онага яхшилик қилиш
1. Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи ва саллам ривоят қилинадики: У киши дедилар:
“Икки хотин бирга эдилар. Улар билан болалари ҳам бор эди. Бўри келиб улардан бирининг ўғлини олиб кетди. Шунда улардан бири дугонасига деди:
- Бўри сенинг ўғлингни олиб кетди.
- Йўқ, бўри сенинг ўғлингни олиб кетди- деди иккинчиси унга.
Кейин улар Довуд алайҳис-саломга ҳукм сўраб боришди. У болани уларнинг ёши каттароғига деб ҳукм чиқариб берди. Бу ҳукмга қониқмаган аёллар Довуд алайҳис-саломнинг ўғли Сулаймон алайҳис-саломнинг олдига бориб отаси чиқарган ҳукмни ва ўзлари бундан қониқмаганликларини айтдилар. Шунда Сулаймон алайҳис-салом уларга дедилар:
- Пичоқ олиб келинглар, болани тенг ярмидан иккига бўлиб, бир бўлагини сенга, бошқасини шеригингга бераман.
Шунда улардан ёши кичикроғи:
- Аллоҳ ўзи сизга раҳм қилсин бундай қилманг, бола уники,-деди.
Сулаймон алайҳис-салом эса болани шу сўзни айтган ёши-кичик аёлга деб ҳукм чиқарди. У болани сўяман деганда, аёлларнинг қайси бири болани ҳақиқий муҳаббат билан яхши кўришини синаб кўрмоқчи бўлганди. Шунда ҳақиқий онанинг раҳм-шафқати маълум бўлди. У болани аяб, уни ўлдиришидан кўра даъво қилаётган одамга беришини афзал кўрган аёлдир.“
2. Бир киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳузурига келиб отаси молини олиб қўяётганидан шикоят қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга отасини чақириб келишни буюрди. Отаси келди. У ҳассага суяниб қолган кекса чол эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан бу ишининг сабабини сўраганларида:
- Мен бақувват бўлган вақтимда бу ўғлим заиф эди. Мен бой бўлган вақтимда у камбағал эди. Мана энди бугунга келиб, у бақувват бўлган пайтда мен заифман, бой бўлган пайтда мен камбағалман. У эса мендан молини қизғанаяпти,- деди чол.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга раҳмлари келиб ўғлига:
- Сен ҳам молинг ҳам отангники, - дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу киши отаси қариб, заифлашиб қолган чоғида ҳаётий эҳтиёжига зарур бўлган молни ундан қизғаниб шикоят қилиб келганини маъқул топмадилар. Ҳолбуки мана шу ота у кучли ва ишлашга, мол топишга қодир бўладиган даражага етгунича емай-ичмай унинг тарбиясига молларини сарфлаб, у роҳат-фароғатда ўтиши учун бутун куч-тоқатини ишлатиб машаққат чекар эди. Мана шу ишлардан кейин фарзанд отасидан молини қизғаниши тўғри бўладими?!
Эй ўғлон, атрофингга қара ва ота-оналарнинг ўз фарзандларига қилган ишларини фикр қил. Ана шунда ота-онанг сени тарбиялаш ва сени касаллардан даволатишда бошларидан кечирган қийинчиликларни билиб оласан.
Онанг сени тўққиз ой қорнида кўтарган вақтида қанча-қанча аламларни тортди. Ва қанча-қанча аламларни бошидан ўтказди. Сени эмизиш, сени ювиб тараш, иссиқ-совуқдан сени ҳимоя қилишда у бечора қанча-қанча кеча ва кундузларни машаққатда ўтказди.
Сен улғайгач, сенга қандай эмаклаш, қандай юриш, қандай ейиш ва ичиш, қандай гапириш, барча-барчасини ўргатди. У ҳар куни сен учун таом ва чой тайёрлайди. Кийимларингни ювади. Сенга ётиш учун жой солади. У сени кўриб кўзи қувонади, қалби шодланиб орзу-умидларга чўмади.
Отанг эса ишлаб Аллоҳ берган ризқни топиш учун ҳар куни уйидан чиқиб кетади. Сенинг роҳатингни ўйлаб қийналади, меҳнат қилади. Сенинг ейишинг, ичишинг, кийинишинг, турар жойинг ва таълим олишинг учун мол жамғаради. У сени яхши кўради ва сени ҳаётингда ютуқларга эришиб, ишларингда муваффақият қозониб яшашингни кўришлигидан кўра кўпроқ бирон нарсани яхши кўрмайди.
Шунинг учун сен ота-онангга итоат қилишинг ва уларга яхшилик қилишинг керак. Чунки Аллоҳ Қуръонда уларга яхшилик қилишни ўзининг тавҳиди билан ёнма-ён зикр қилган:
“Роббингиз ёлғиз Унгагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди”.
Ота-онага яхшилик қилишнинг аввали уларга итоат қилишдир. Чунки улар болаларини зарарли нарсага буюрмайди. Агар улар касал бўлиб қолсалар, уларни давола, агар ожизланиб камбағал бўлиб қолсалар, уларга пулдан ёрдам қил. Одамлар ота-онангни сўкмасин десанг, сен уларнинг ота-оналарини сўкма. Уларга мулойимлик билан гапир. Уларнинг сўзидан сиқилма. Агар тирик бўлишса, уларга узоқ умр сўраб, вафот этишган бўлсалар, раҳмат сўраб уларнинг ҳаққига дуо қил. Бу сени тарбия қилганликлари ва ёшлигингда меҳрибон бўлганликлари эвазига уларга мукофот бўлади.
Одамларни ҳурмат қилиш
1. Шом подшоларидан бири Айҳам ибн Жабала Каъбани тавоф қилаётган эди. Бир саҳройи араб бехосдан унинг чўпонининг бир четини босиб олди. Жабаланинг жаҳли чиқиб, кўчманчи арабга тарсаки туширди. Кўчманчи араб Халифа Умар розияллоҳу анхуга шикоят қилди. Умар унга қасос олинсин деб ҳукм чиқарди. Шунда Жабала деди:
- Мен шоҳ бўлсам, у бир оддий одам бўлса, бу қандай қилиб мумкин бўлади?
- Ислом сизларнинг ўртангизни баробар қилган, - деди халифа Умар розияллоҳу анху
- Менга бир кеча муҳлат бер, мен бу иш ҳақида ўйлаб кўрай - деди Жабала.
Кечаси бўлганида Жабала Умар розияллоҳу анхунинг қасос олишидан қўрқиб қочиб кетди.
Бу ҳикоятдан кўриниб турибдики, Айҳам ибн Жабалани кибр ва одамларга нисбатан ҳурматсизлик саҳройи арабни уришга мажбур қилди. Ваҳоланки у жазолашга арзигулик жиноят қилмаган. Лекин Умар ўзи у билан элга танилган адолатни ва ислом буйруқларига бўйсунган ҳолда ҳуқуқда одамларнинг ўртасида тенгликни яхши кўргани учун мартабада ундан паст бўлса ҳам, ўзгаларни ҳурмат қилишга бу шоҳни мажбур қилиш учун саҳройи арабга ундан ўчини олиб беришни тўғри деб топди.
2. Маъмуни Аббосий даврида қозилар раиси Аксам ибн Яҳё деди:
- Мен Маъмуннинг қасрида у билан ухлаётган эдим. У чанқаб қолди. Мени уйғониб қолмасин деб сув олиб келадиган хизматчини чақиришни истамади. Кейин кўрсам у оёқ учида юриб сув турадиган жойга борди. Ҳолбуки сув билан унинг етадиган ўрни орасидаги масофа узоқ эди. У сув ичди. Кейин бармоқларининг учида юриб орқага қайтди. Мен ухлаётган жойга яқинлашганда мени уйғотиб юбормаслик учун ўта эҳтиёткорлик билан қадам ташларди. Ниҳоят жойига етиб келиб ётди.
Мана бу ҳикоятда кўриниб турибдики, Маъмун салтанатнинг нуфузи ва ўзининг подшоҳлигига қарамасдан ўзгаларни кўп ҳурмат қилар эди. Шунинг учун у мусулмонларнинг халифаси бўлиш билан бирга халқнинг қалбига энг яқини эди. Одамларни ҳурмат қилиш дегани, бу сен уларни дилозор сўзлардан ва сенинг уларда бўлгани каби уларнинг ҳам сенда ҳақлари бор деб эътиқод қилишингдир. Агар шундай қилсанг, сизларнинг орангизда бирдамлик алоқалари кучайиб, муҳаббат омиллари зиёда бўлади, сизлар бахтли инсонлар бўлиб яшайсизлар.
Қуйидаги одобларга риоя қилиш ҳам одамларни ҳурмат қилиш жумласидандир:
1. Саломни ошкора бер ва кўришганда табассум қилиб, очиқ чеҳралик бўл. Чунки юзни буриштириш ва кибр сенга бўлган одамларнинг нафратини оширади.
2. Ўзинг учун яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр ва ўзинг учун ёмон кўрган нарсани одамларга ҳам ёмон кўр. Агар автобус ёки трамвайда ўтирган бўлсанг, ўзингга етарли жойдан ошиғини банд қилма. Чунки бошқа одамни ёнингда ўтиришидаги ҳаққидан маҳрум қилиб қўясан.
3. Сенга гапираётган одамга овозингни баланд кўтарма. Агар улар ота-онанг, ўқитувчинг каби сендан ёши ва даражаси катта бўлган киши бўлса, сенга гапираётган пайтда унинг сўзини бўлма.
4. Ўзингнинг ёки машинангнинг овози билан ёки тез юришинг билан одамларни безовта қилма. Чунки йўлда ёш болалар, заифа аёллар, ожиз чоллар бор. Сенинг бу қилмишинг уларга озор беради.
5. Камбағални камбағаллиги учун таҳқирлаш ва бечораҳол ёки ногирон ёки баданида айби бор инсонларни масхара қилма. Балки уни мубтало қилган нарсадан сени саломат қилганлиги эвазига Аллоҳга шукр қил.
6. Бирон кишини у ёмон кўрадиган лақаб билан чақирма. Дўстларинг ва тенгдошларинг учун лақаблар ўйлаб топма. Чунки бу уларнинг ҳис туйғуларига озор бериш демакдир.
Аллоҳ таоло ўзининг ушбу сўзида кўп одобларни зикр қилди:
“Эй иймон келтирганлар, (сизлардан бўлган) бирқавм (бошқа) бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин-эҳтимолки, (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёлларга (масхара қилиб кулмасинлар)-эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар!”
Чиройли муомала
Ислом кучайиб Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига Маккани забт этишга рухсат бергач ва ўзига озор берган мушриклар устидан ғалаба қозониб Маккага кирган вақтида уларга:
- Эй қурайш, мени сизларга нима қилмоқчи деб ўйлайсизлар?-дедилар набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Яхшилик қиласиз деб ўйлаймиз! Сиз олийжаноб биродаримизсиз ва олийжаноб биродаримизнинг ўғлисиз,- дейишди улар.
- Боринглар, сизлар озодсизлар,- дедилар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олийжаноблиги, кечиримлилиги ва гўзал муомалали эканларини кўргач исломга кирдилар.
Мана бу ҳикоятдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшга юмшоқлик билан муомала қилдилар. Ҳолбуки улардан ўч олишга қодир эдилар. Чунки улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва саҳобаларга қаттиқ озор бериб уларни ватанларидан ҳайдаб чиқарган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга қилган гўзал муомалалари одамларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб Аллоҳнинг динига киришларига сабаб бўлди.
Гўзал муомала: Бу сен одамларга сабр-тоқат, одоб ва юмшоқлик билан муомала қилишинг, уларнинг ёмонликларини кечириб, яхшиликларига раҳмат айтишинг ва уларга ёрдам бериб улардан зарарни даф этишинг учун бор кучингни сарфлашингдир.
Қуйидаги нарсалар гўзал муомала жумласидандир:
1. Тижоратчи одам одамлар билан муомала қилганда омонатли бўлиши. Яъни ёлғон гапирмайди, хиёнат қилмайди, уларга очиқ чеҳрада бўлади ва уларни чиройли қарши олади.
2. Ҳунарманд одамлар берган буюртмаларни пухта қилмоғи ва уларга ваъда қилган вақтига риоя қилиши керак.
3. Табиб касалларга мулойим бўлсин. Уларга ғамхўрлик қилсин, кўп ҳақ сўраб уларни қийнаб қўймасин ва камбағалларнинг касалларига эътибор бериб уларни бепул даволасин.
4. Бажариш вақти келганда ҳар ким ўз зиммасидаги бурчни кечиктирмасдан бажарсин, чунки бу нарса одамлар кўз олдида унинг қадрини кўтаради.
5. Ўқувчи мактабда ўртоқларига нисбатан одобли бўлиши, улардан ўзини катта тутмаслиги ва улардан биронтасига озор етказмаслиги керак.
6. Ҳар бир инсон қўшнисига нисбатан одобли бўлиши, уни ҳурмат қилиши, касал бўлса, уни бориб кўриши, кўринмай қолса, унинг ҳолидан сўраши, ундан бирон нарсани қарзга олган бўлса, уни ўз вақтида қайтариб бериб, бу яхшилиги эвазига унга раҳмат айтиши керак.
7. Инсон ўзига фикрда қарши бўлган одам билан юмшоқлик ва мулойимлик билан мунозара қилсин. Чунки бу нарса унинг қалбини юмшатади.
Аллоҳ таоло Мусо билан Ҳорунга Фиръавн билан гаплашиш хусусида васият қилиб шундан дейди:
“Унга юмшоқ сўз гапиринглар. Шояд панд насиҳат олса ёки қўрқса..”
8. Сен ёмонликни яхшилик билан даф қил. Чунки бу нарса душманингни дўстга айлантиради. Аллоҳ таоло айтади:
“Яхшилик билан ёмонлик баробар эмас. Сиз ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаринг. Шунда сиз билан унинг ўртасида адоват бўлган инсон гўёйинки яқин дўстдек бўлиб қолади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Сизларнинг менга энг суюклироғингиз энг ахлоқи гўзалроғингиздир.
Зиёрат қилиш одоби
Муҳаббатни оширадиган ва дўстликни мустаҳкамлайдиган сабаблардан бири байрамларда, дам олиш кунларида табриклаш баҳонаси билан, сафарга бормоқчи бўлганда ёки сафардан келганда, касал бўлганда ўзаро бир-бирини зиёрат қилиб туришдир.
Зиёрат қилишнинг риоя қилиниши керак бўлган одоблари бор.
Улар жумласидан:
1. Зиёрат қилиш учун муносиб вақт танлагин. Бу ухлаш, овқатланиш ёки бошқа нарса билан машғул бўлинадиган вақт бўлмасин.
2. Агар зиёрат учун маълум вақт таъйин қилинган бўлса, унга риоя қил. Ундан эрта ҳам, кеч ҳам борма.
3. Агар бирон уйга кирмоқчи бўлсанг, уй эгасидан рухсат сўра. Гарчи уй эгаси сенга энг яқин киши бўлса ҳам. Чунки ривоятларда келганки:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан:
- Онамнинг олдига кириш учун ҳам изн сўрайманми?- деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Ҳа!- деб жавоб бердилар.
- Мен онамга хизмат қиламан. Нима, мен ҳар сафар онамнинг олдига киришимга рухсат сўрайманми?- деди.
- Онангни яланғоч ҳолатда кўришни истайсанми?- дедилар набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Йўқ!- деди у.
- Ундай бўлса, руҳсат сўраб кир!- дедилар.
Агар уйда ҳеч ким бўлмаса ёки уйдагилар киришга рухсат беришмаса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига амал қилган ҳолингда қайтиб кет:
"Агар сизлардан биронтангиз уй эгасидан уч марта киришга руҳсат сўраса ва унга руҳсат бермаса, қайтиб кетсин".
4. Уйга кираётганингдан сени қарши олаётган кишига салом бер.
Аллоҳ таоло деди:
“Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то руҳсат сўрамагунингизгача ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар. Энди агар у (уйларда) ҳеч кимни топмасангизлар, у ҳолда то сизларга рухсат берилмагунгача у (уйларга) кирмангиз! Агар сизларга “қайтинглар!” дейилса, (яъни киришга рухсат беришмаса), қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган амалларингизни билувчидир.” (Нур сураси: 27,28)
5. Уйга кираётганингда йўлингда сенга дуч келган нарсалардан кўзингни ерга қаратиб ўтгин. Ўтирган пайтингда уй жиҳозлари ёки деразаларига кўп қарама. Шунингдек ўзингга лойиқ жойда ўтир.
6. Гапираётганингда ўрта овоз билан гапир. Фойдали сўзлар билан чеклан.
7. Узоқ ўтирма. Чунки уй эгасининг бошқалар билан ҳам ваъдаси ёки унинг қиладиган ишлари бордир.
8. Касал кўришга борганингда ҳам узоқ ўтирма ёки кўп гапириб уни қийнаб қўйма. Унинг олдида фақат уни хурсанд қиладиган ва хотиржам қиладиган сўзларни гапир.
9. Ўзингдан зериктириб, малоллантирадиган даражада кўп зиёрат қилма. Ёки бутунлай алоқани узиб қўядиган даражада зиёратни камайтириб юборма.
10. Сени зиёрат қилишга келган кишининг юзига очиқ табассумли бўл. Унинг олдига меҳмонларга қўйиладиган нарсалардан қўй ва кетаётганида уни эшиккача кузатиб қўй.
11. Зиммангдаги вазифани бажарган ҳолда ва орадаги дўстликни сақлаб қолиш учун сени зиёрат қилган кишини сен ҳам зиёрат қил.
Вақтни тежаш
Аҳмад тиришқоқ ўқувчи эди. Унинг отаси вафот қилди ва унга мактабни тамомлашга ёрдам бўладиган ҳеч нарса қолдириб кетмади. У ўқишни ташлаб бир савдогарнинг уйида ишчи бўлиб ишлай бошлади. Бўш вақтларида кечки мактабга бориб таълим оларди. У мана шундай давом этиб ниҳоят ҳуқуқшунослик шаҳодатномасини олди. Шундан кейин у тижоратчининг хизматини ташлаб ҳимоячи-адвокат бўлиб ишлай бошлади. У тиришқоқлиги ва ёш умрини зое қилмаганлиги боис ҳеч қанча вақт ўтмасдан обрўси кўтарилиб, номи ҳамма ёққа машҳур бўлди.
Бу йигит вақтнинг қадрини билиб, уни яхшилик ва фойда келтирадиган жойларга сарфлагани учун ҳаётий ютуқларга эришди. Агар у баъзи нодонлар қилганидек бўш вақтини ўйин-кулгига сарфлаганида, ҳеч ким уни танимасдан камбағал ҳолда ҳаёт кечирган бўларди.
Масалан, сафар қилмоқчи бўлган киши поезднинг кетиш вақтига риоя қилмаса, қанча фойдали ишлари бекор бўлгани ҳолда бошқа поездни кутиши билан вақти бекор кетади.
Деҳқон одам ўз вақтида ерига экинни экмаса, қўшнилари ҳосилни йиғиштираётганларини кўрганда пушаймон қилади.
Мана шундан кўряпсанки, вақтни тежаш дегани уни фойдали ўринларга сарфлаш демакдир. Яъни сен вақтингни тартибга солишинг ва ҳудди ўзингга қадрли бўлган нарсаларингдан эҳтиёткорлик билан фойдаланганингдек ундан ҳам чиройли фойдаланишинг керак. Балки сен молингдан кўра кўпроқ вақтингни қизғанишинг керак. Чунки ўтган озгина умр ҳеч қачон қайтиб келмайди.
Қуйидаги нарсалар ҳам вақтни тежаш доирасига киради:
1. Ҳар бир ишни ўз вақтида қил. Чунки ким бир ишни бошқа вақтга қолдирса, унинг ишлари кўпайиб кетади. Натижада уларни пухта қилолмайди.
2. Ҳар бир амал учун алоҳида вақт белгилашинг керак бўлади. Чунки вақтнинг амалсиз ўтиши умрнинг бефойда кетишидир.
3. Ўйнаш ва дам олиш учун алоҳида вақт ажрат. Чунки бир кунда бир соат ўйнаш ғайрат-шижоатни янгилайди ва ишлашга қувватни зиёда қилади.
4. Уйда бефойда ишлар билан шуғулланиб ёки кўчада болалар билан бекорчи гапларни гаплашиб ёзги каникулни бекор ўтказма. Балки унда ҳам кўнгилга хурсандчилик бўладиган масалан ҳайвонот боғига ёки музейга бориш, футбол ўйнаш ёки одоб-ахлоққа ва ақл-заковатга фойдали бўлган ойнома ва китобларни ўқиш сингари ишлар билан машғул бўл.
5. Компютердан ўз ўрнида фойдалан, бутун умрингни компютер ўйинларини ўйнаш билан ўтказма.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Беш нарсадан аввал беш нарсани ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, касал бўлишингдан олдин соғлигингни, камбағал бўлишдан олдин бойлигингни, машғул бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни, ўлишингдан олдин тириклигингни".
Тежамкорлик
Алийга отасидан катта бойлик мерос бўлиб қолди. Шу бойлик эвазига Алий ва унинг оиласи отасидан кейин ҳам яхши ҳаёт кечиришда давом этдилар. Лекин у ўзини кўрсатишга ва бойларга ўхшашга ишқибоз эди. Шунинг учун у қимматбаҳо машина сотиб олди, чиройли қасрдек ҳовлида яшай бошлади, ўйин-кулгуларга берилиб кетди. Натижада киримидан кўра кўпроқ сарфлай бошлади.
Унинг қўлида мана шу нарсаларга ишлатадиган пули қолмагач баъзи банклардан қарз ола бошлади. Ҳатто унинг бўйнида қарзлари кўпайиб кетиб қўл остидаги нарсаларни битта-битта сота бошлади. Ниҳоят унинг қўлида ҳеч нарсаси қолмади. Унинг ёмон тасарруфи туфайли оиласига кўп хорлик етди.
Мана шу бечора оилага ишининг оқибатини ўйламаган, замоннинг ўзгариб туришини ва ҳаётдаги кутилмаган ҳодисаларни ҳисобга ола билмаган оила бошлиғи жиноят қилди. Натижада оиланинг иши хорлик ва камбағаллика бориб етди. Агар сарф-ҳаражатда ўртамиёна бўлиб, бошқалардан қарз олмаганида ўзи ҳам, оиласи ҳам роҳат-фароғатда ва тинч-хотиржамликда яшаган бўларди.
Тежамкорлик: Инсон мол сарфлашда ўртамиёна бўлишидир. Яъни кунларнинг кутилмаган ҳодисаларини ҳисобга олмасдан киримининг ҳаммасини сарфлаб юбормасин, ўзи ва оиласига жуда хасислик ҳам қилмасин. Мол жамлашга муҳаббат қўйиб уларни таом, кийим, турар жой ва даволанишлардаги ҳақларидан маҳрум қилмасин. Агар шундай қилса, оиласи уни ёмон кўриб қолиб унинг ўлимини орзу қиладиган бўлиб қолишади.
Қуйидаги нарсаларга бўйсуниш тежамкорликка ёрдам берадиган ишлардандир:
1. Ҳаражатнинг ҳар бир эшиги учун ўзига муносиб миқдор белгила.
2. Мусибатлар пайтида сарфлаш учун киримнинг маълум бир қисмини жамғариб қўйишга эътибор бер.
3. Ортиқча дабдабаларга ҳаражатни кўпайтириб юборма. Масалан машиналар сотиб олиш, ўйингоҳларни кўп зиёрат қилиш, янги чиққан кийим ва бошқа шу каби нарсаларнинг кетидан қувиш ва ҳкз.
4. Сенинг табақангдан олий бўлган бойларга ўхшашга ҳаракат қилма. Чунки Аллоҳ таоло инсонларни баъзисини баъзисидан устун бўлган табақалар қилиб яратган.
5. Аллоҳнинг сенга берган неъматининг қадрини билишинг учун ҳаётда сендан даражаси паст бўлган кимсаларга назар сол.
6. Сабабларинг қанча бўлмасин қарз олма. Чунки қарз олишга ўрганиб қолган киши ўзига камбағаллик ва ғам эшикларини очган бўлади.
7. Ўзингдаги ошиқча пулларни агар ишлатиб юборишдан қўрқсанг биронта омонатдор кишига бериб қўй. Чунки пулнинг қўлингга яқин бўлиши ундан фойдаланишни сенга осон қилади.
Ҳикоя
Бир қавм ўзлари тўлашлари керак бўлган хун ҳақини (ўлдирилган одамнинг ўрнига бериладиган пул) ёрдам сўраб Убода ибн Қайс розияллоҳу анхунинг олдига келдилар. Уни ўз боғида ерга тушган меваларни йиғиб, яхшисини ёмонидан ажратиб юрганини кўрдилар. У киши ишларини тугатгач, уларнинг мақсадлари ҳақида сўрадилар ва уларга сўраган нарсаларини бердилар. Шунда улардан бири унга деди:
- Биз сизни боғда қилаётган ишларингизни кўрганимизда, саҳийлигингиздан шубҳаланган эдик.
- Сизлар кўрган нарса - менинг молимга бўлган ҳирсим - сизнинг мақсадингизни амалга оширишимга ёрдам берган нарсадир,- деб жавоб берди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу сўзида тежамкорликни тарғиб қилган:
“(Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, маломат ва надоматда қоласиз.”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Тежамкор бўлган одам камбағал бўлмайди".
Шижоат ва жасорат
Бир йигит денгиз қирғоғида кетаётиб бир тўда одамларни денгизга қараб ишора қилиб: “Одам чўкяпти, ёрдам беринглар! Ёрдам беринглар!” деб бақираётганларини кўрди. Кейин улар ишора қилган тарафга қаради. У ерда бир киши гоҳ сувнинг бетига қалқиб чиқиб, гоҳ сув остига чўкиб кетарди. Ниҳоят унинг қувати заифлашди. Турганлар йиғлаб, бир-бирларига қарадилар. Гўё улар бу кишини қутқариш учун ўз ҳаётини хатарга соладиган бир улуғ шижоатли одам ҳақида бир-биридан сўраётгандек эдилар.
Тўсатдан бу йигит денгизга ўқдек отилиб ташланди ва сузиб кетди. Ниҳоят чўкаётган одамнинг олдига етиб бориб, унинг орқа томонидан сувга шўнғиди. Бир лаҳза ўтмасданоқ, улар сув юзига қалқиб чиқдилар. Одамлар бу шижоатли йигитнинг ҳимматидан ҳайратланиб ва чўкаётган одамнинг қутулганидан хурсанд бўлиб такбир айтдилар. Йигит қирғоққа етиб келгач улар унга раҳмат айтиш ва уни табриклаш учун олдига келдилар.
Чўкаётган одамни қутқариб қолган бу йигит шижоатли ҳисобланади. Чунки шижоат дегани вазифани бажариш йўлида довюраклик билан хатарга муқобил чиқишдир. Баъзида у жасорат деб номланади. Чунки у қўрқмасдан хатарга боришликдир.
Қуйидаги ишларда шижоат намоён бўлади:
1. Агар бир кишини ёнғиндан ёки чўкишдан ёрдам сўраётганини эшитсанг ва сен бунга қодир бўлган ҳолда уни хатардан қутқаришга шошилсанг, сен шижоатли одам бўласан. Чунки сен ёрдам бера оладиган ва қодир бўлган кишилардан ёрдам сўраётган заиф инсонга нисбатан ўз вазифангни бажардинг, жисмингга етадиган зарардан қўрқмадинг.
2. Агар бир ўғрини ўғирлик қилаётганини кўрсанг ва уни ушлаб, жазосини олиши учун керакли жойга топширсанг, сен шижоатлисан. Чунки сен мол ўғирланишидан сақлаш йўлида ўзингга етадиган ўғрининг озорига парво қилмадинг.
Қуйидаги ишларда ҳам шижоат намоён бўлади:
1. Вабога қарши курашиш: агар одамларнинг орасида юқумли касаллик тарқалса, табиблар ва уларнинг ёрдамчилари унга қарши кураш олиб борадилар. Касаллар билан аралашиб юрадилар. Натижада ватан фарзандларини қутқариш йўлида уларнинг ҳаёти хатарга юзма-юз келади.
2. Ёнғинга қарши курашиш: агар бирон уйда ёки дўконда ёки корхонада ёнғин содир бўлса, ўт ўчирувчилар келиб тирик қолган жонларни ва молларни ёнғин озоридан қутқарадилар.
3. Тинчликни муҳофаза қилиш: давлатдаги тартибни сақлаш ходимлари, яъни миршаблар одамларга ҳужум қилиб ноҳақ уларнинг молларини тортиб оладиган ўғри ва қароқчилардан шаҳар ва қишлоқларни ҳимоя қиладилар. Агар уларнинг шижоати бўлмаганда ҳамма жойда бошбошдоқлик бўлиб, шаҳарлар тартиби бузиларди.
4. Жангда қатанашиш: мужоҳид аскарлар қонли жангларда қатнашиш учун борадилар ва ўз бурчларини адо этиш учун ўз ҳаётларини ўлимга рўбарў қиладилар.
Ошкоралик
1. Иброҳим алайҳис-салом улғайгач, қавмини ўзлари қўллари билан ўйиб ясаган бутларга сиғинаётганларини кўрди. Шунда у отаси ва қавмидан:
- Нима учун зарар ҳам, фойда ҳам келтиролмайдиган ушбу бутларга сиғиняпсизлар?- деб сўради. Улар унга бир маъқул жавоб беришмагач, улар қараб дедилар:
- Бу бутларга сиғиниш куфр ва залолат. Сиғинишга лойиқ бўлган зот ёлғиз Аллоҳ.
Ва бутларга қарши исён қилиб, уларни майда-майда қилиб синдириб ташладилар. Шундан кейин бўлган уларнинг ғазаби ва уни ўтга улоқтирилишига парво қилмадилар.
2. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳис-саломни одамларга башоратчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборгач, у зот маломатчилар маломатидан қўрқмасдан ўз қавмини жоҳилиятда сиғиниб келган олиҳалари бўлмиш бутларини ташлашга чақирдилар. Ҳақни ошкора айтишда, уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақиришда давом этдилар. Улар эса пайғамбар алайҳис-саломга душманлик қилиш, озор етказиш, унга аҳмоқларини гиж-гижлаш ва унинг асҳобларига азоб беришни қўймасдилар. Бу қаршиликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ҳақда собит туришларини ва озорларга сабрларини зиёда қиларди. Ниҳоят Аллоҳ уларни исломга ҳидоят қилди. Улар сиғинаётган бутлар бекор бўлди.
Албатта Иброҳим алайҳис-салом отаси ва қавмига айтган гаплари, унинг ҳақ деб эътиқод қилган нарсасини ҳимоя қилиши, ўзига етаётган озорларга парво қилмаслиги ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бутларга сиғинишни қоралашлари, улар фойда ҳам, зарар ҳам бера олмаслигини айтишлари ва уларга сиғинишни куфр ва залолат деб айтишлари, қавмининг ғазабига, ундан нафратланишларига ва уларда қариндошлиги бўла туриб унга озор беришларига парво қилмаганлари ошкоралик ва маънавий шижоат намуналаридандир.
Ошкоралик - шижоатнинг бир туридир. У инсон ўзи ҳақ деб эътиқод қилган нарсани очиқ айтишидир ва фикрини очиқ айтиши унга олиб келадиган ҳокимлар ғазаби ёки одамларнинг норозиликлари ёки дўстларининг койишларидан қўрқмаслигидир.
Ҳаётимизнинг кўп ўринларида ошкоралик намоён бўлади.
1. Агар бир ўқувчи бошқасини мени урди деб ёки нарсамни олиб қўйди деб туҳмат қилса, сен унинг ёлғон гапираётганини билиб турган бўлсанг, кейин мактаб директори олдида тўғри гувоҳлик бериб, айбсиз ўқувчини туҳматдан қутқарсанг, шижоатли инсон бўласан.
2. Агар бир мункар иш кенг тарқалган бўлса, кейин олимлар ёки ёзувчилардан бири чиқиб гоҳ рўзномаларда ёзиб, гоҳ мавъизалар қилиш билан шу ёмон одатни ташлашга тарғиб қила бошласа, у ҳақни қўллаб, уни олий қилаётган очиқ гапирувчи кишидир.
3. Агар ҳокимларнинг халққа зулми кенг ёйилган бўлса, кейин унинг ичида ҳокимларни ҳаққа чақирадиган, унга ўз халқига адолат қилишни насиҳат қиладиган ва халқнинг ҳуқуқини талаб қиладиган қўрқмас киши чиқса ва шундан кейин ўзига етадиган тазйиқ ва озорлардан қўрқмаса, бу одам очиқ гапириш ва шижоат билан сифатланган ҳақ ёрдамчиларидан бўлади.
Итоат
Яъни Аллоҳга, пайғамбарига, мусулмон раҳбарларга, ота-онага ва ўқитувчиларга итоат.
Эй ўғлон, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизни меҳнат қилишдан ожиз бўлган камбағалларга яхшилик қилишга яъни зарурий бўлган ҳожатини қоплайдиган даражада ёрдам беришга буюрди. Чунки агар биз унга шу нарсани бермасак, эҳтимол у бизга ҳужум қиладиган ўғрига айланиб кетар ёки юқумли касалликлар билан касалланиб натижада бизнинг соғлигимизу ҳаётимизга хатарга айланиб кетар.
Яна Аллоҳ бизни таҳоратга, намозга, рўза тутишга, ҳажга, тўғри сўзлашга, омонатга вафо қилишга ва бундан бошқа ишлар ва улуғ ахлоқларга уларда катта фойдалар бўлгани учун буюради ва инсонга унда яхшилик бўлмаган нарсалардан қайтаради.
ДАН ходими бўлган милиционар кўчада ҳаракат қтлаётган машина ҳайдовчиларини кўча ҳаракати қоидаларига бўйсунган ҳолда юришларини буюради. Чунки ана шундай қилинсагина кўчада тартиб интизом бўлади ва одамлар хатарлардан саломат қоладилар.
Ота-она ўз фарзандига мактабга эрта боришни ва йўлда ўйнамаслигини насиҳат қилади. Агар уларнинг насиҳатига бўйсунмаса, вақти бекор кетади ва мактабга кеч қолади. Натижада мактаб директори ёмон баҳо қўйиш ёки ўқишдан ҳайдаб юбориш билан уни жазолайди. Охир оқибат ундан тенгдошлари ўзиб кетиб, келажакда ундан яхшироқ инсон бўладилар.
Устозлар ўқувчиларни дарсга қулоқ солишга ва вазифаларни ўз вақтида бажаришга ўргатади. Ким уларга бўйсунса, муваффақиятга эришиб, пешқадам бўлади. Ким бўйсунмаса, пушаймон бўлиб, ҳаммадан орқада қолади.
Эй ўғлон, итоат — бошлиқнинг буйруғига бўйсунишга ва унга амал қилишга шошилишдир. Чунки сендан ёши каттароқ ёки илми кўпроқ ёки мартабаси олийроқ бўлган одам сенга ва бошқаларга фойдаси кўпроқ бўлган нарсани яхшироқ билади.
Демак, сен Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мусулмон раҳбарларининг яъни ота-онанг, устозларинг, ҳоким ва амирларнинг буйруқларига бўйсунишинг керак. Чунки улар агар бир нарсада фойда ва яхшилик бўлсагина унга буюрадилар. Агар бир нарсада озор зарар бўлсагина ундан қайтарадилар.
Аллоҳ таоло айтади:
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга, пайғамбарига ва ўзингиздан бўлган мусулмон раҳбарларга итоат этинглар.”
Икки Ҳикоя
1. Нуҳ алайҳис-саломнинг ўзига бўйсунмайдиган бир ўғли бор эди. Нуҳ алайҳис-салом кема ясаб унга ўзи ва Аллоҳга иймон келтирган кишилар минган пайтда четда турган ўғлини чақириб дедилар:
- Эй ўғлим, биз билан бирга кемага мин. Кофирлар билан бирга бўлма. Чунки яқинда Аллоҳ уларни тўфон билан сувга ғарқ қилади.
- Баланд тоғга чиқиб оламан, у мени чўкишдан қутқаради,- деди ўғли отасига.
Отаси унга насиҳат қилиб дедилар:
- Эй ўғлим, Аллоҳга иймон келтиргин. Билгинки, шу кемага минган кишилардан бошқа ҳеч ким чўкишдан омон қолмайди.
Қайсар ўғил отасига бўйсунмасликда давом этди. Натижада на бирон тоғ ва на бирон киши уни сақлаб қола олди. У чўкканлар билан сувга ғарқ бўлди. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб, унинг раҳматидан ҳайдалди.
2. Иброҳим алайҳис-саломнинг ўзига бўйсунадиган ўғли бор эди. У Исмоил алайҳис-саломдир. Бир куни отаси тушида ўғли Исмоилни сўяётганини кўрди ва буни Аллоҳ тарафидан уни сўйишга бўлган буйруқ деб билиб уни ўғлига айтди. Ўғли бетоқат ҳам бўлмади ва отасига итоатсизлик ҳам қилмади. Балки унга деди:
- Эй дадажон, сизга буюрилган нарсани бажаринг, Аллоҳ хоҳласа, мени сабр қилувчилардан топасиз.
Иброҳим алайҳис-салом уни сўйиш учун ётқизиб, бўйнига пичоқни қўйган пайтда Исмоил алайҳис-саломни тақдирлаш учун Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломга тўхташни буюрди. Чунки Исмоил алайҳис-салом ҳар доим Аллоҳнинг буйруқларига сабр билан итоат қилар ва отасининг айтганларини чиройли бажарар эди. Аллоҳ Иброҳим алайҳис-саломга бир қўчқор берди. Ва Иброҳим алайҳис-салом уни ўғли ўрнига қурбонлик қилиб сўйди.
Омонат
Эй ўғлон, агар сен мактаб ховлисидан бирон нарса топиб олсанг, у сенинг қўлингдаги омонатдир. У сенинг мулкинг эмас. Агар сен эгасини қидириб топиб, унга нарсасини қайтариб бериш учун мактаб директорини олдига борсанг, сен “амин” – яъни омонатга вафодор инсон бўласан. Сени мактаб директори, устозлар, ўқувчилар яхши кўрадилар. Ва сени амин – омонатли деб атайдилар. Худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларида амин - омонатдор деб номланганлари каби. Агар сен эгасини қидирмасдан уни ўзингники қилиб олсанг, сен хоин бўласан. Эҳтимол эгаси тасодифан уни сенда кўриб қолиб, сени ундан ўғирлаб олган деб ўйлар ва одамларнинг орасида сени хоин - ўғри деб гап тарқатар. Мана бунда сенинг келажагинг ва шарафингга катта зарар бўлади.
Агар бирон инсон мол, зеб-зийнат ёки китоблар каби бирон нарсани сенга омонатга қўйса, у нарса сенинг бўйнингда омонат ҳисобланади. Агар сен уни эҳтиёт қилиб, соғ-саломат сақлаб берсанг, сен ишончга сазовор бўласан. Агар сен ундан бирон нарсани камайтирсанг ёки унинг бирон ерига нуқсон етказсанг ёки эгасининг рухсатисиз уни ўзингга хос фойдага ишлатсанг ёки уни сўраб келса, сен уни инкор этсанг, сен одамларнинг орасида хиёнат қилувчи деб таниласан ва ҳеч ким сенга бирон нарсани омонатга қўймайди.
Агар бир киши сенга ўз сирини омонат деб айтса ва сен уни ҳеч кимга айтмасдан сир сақласанг, сен сирларни сир сақловчи омонатли одам бўласан. Агар сен ўша сирни одамлар орасида фош қилиб юборсанг, сен сир сақлай олмайдиган-сир эгасига хиёнат қилган одам бўласан.
Агар бир тижоратчини тарозидан урмасдан бирон нарса камайтирмай бераётганлигини кўрсанг, билгинки у омонатга вафодор тижоратчидир. Ҳамма одам уни яхши кўриб унинг олдига келадилар ва унинг номи шаҳарда машҳур бўлади. Агар бошқа тижоратчини тарозидан уриб қолаётганини кўрсанг, билгинки у хоиндир. Албатта одамлар унинг бу қилмишини билиб у билан олди-сотди қилмай қўядилар. Натижада унинг моли касод бўлиб, унга одамларнинг ишончи ва муҳаббати йўқолади.
Эй ўғлим, омонат бу одамлар ҳуқуқини ҳимоя этишдир. У кўп ишларни ўз ичига олади: улар жумласидан вожиб амалларни бажариш, сенга топширилган ишларни эгалари йўқлигида пухта қилиб қилишинг, қўшни қўшнисининг сирини сир сақлаши, доктор касалларнинг сирини сир сақлаши, инсон билмайдиган нарсаси ҳақида сўралчса, билмайман дейишлиги, тижоратчи яхши мол баҳосида пул олганида ёмон мол сотмаслиги ва агар сотиб олувчи ёши кичкина бўлса ёки нархни билмаса, молларнинг нарҳини кўпайтирмаслиги.
Омонатдор деб сифатланишнинг фойдаларидан.
Одамлар омонатдор одамга ишонадилар. Уни ҳурмат қиладилар ва у билан олди-сотди қилишни яхши кўрадилар. Шунинг учун ўз кийимлари ва озуқаларини омонат билан танилган тижоратчилардан сотиб олиб, хоин-ёлғончи тижоратчилардан ҳеч нарса сотиб олмайдилар. Натижада уларнинг насибаси камбағаллик ва ҳаётда муваффақиятсизлик бўлади.
Аллоҳ таоло айтади:
“Аллоҳ сизларни эгаларига омонатларни адо этишларингни буюради.”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Сенга омонат топширган кишига омонатни адо эт ва сенга хиёнат қилган кишига хиёнат қилма!"
Ҳикоя
Бир камбағал одам бойларнинг биридан садақа сўради. Бой унга бир чақа бермоқчи бўлиб, сезмаган ҳолда чўнтагидан бир тилла танга чиқариб унга берди. Бу камбағал омонатга вафодор одам эди. Шунинг учун бойнинг орқасидан югуриб бориб унга деди:
- Эй ҳожам, сиз менга тилла танга бердингиз, эҳтимол бу янглиш бўлгандир.
Бой бу камбағал кишининг омонатдорлигидан ҳайратланиб, чўнтагидан бошқа бир тилла тангани чиқарди ва унга деди:
- Омонатдорлигинг ва тўғри сўзлигинг мукофоти учун мана бу тилла тангани ҳам ол!
Ростгўйлик, содиқлик
Эй ўғлим, агар сен дўстингдан янги олган кийимининг нархини сўрасанг ва у сенга сотиб олган нархини тўғри айтса, у тўғри сўздир. Агар унинг нарҳига озгина бўлса ҳам қўшиб айтса, у ёлғончидир. Агар сенга бир дўстинг ваъда қилиб ваъдасида қатъий турса, у ваъдасига содиқдир. Агар ваъдасида қатъий турмаса, у ёлғончидир. Агар устоз бир ўқувчига уйда масала ечиб келишни топширса, у дангасалик қилиб бошқа ўқувчининг дафтаридан масала ечимини кўчириб олса ва устозига масалани ўзим ечдим, деса у ёлғончидир.
Агар мактаб директори бир ўқувчини гувоҳлик бериш учун чақирса ва у ўзининг энг қадрдон дўстининг зиёнига бўлса ҳам ҳақни айтса, у тўғри сўздир. Агар гувоҳлик беришда бирон нарсани қўшса ёки камайтирса у ёлғончидир.
Мана шу мисоллардан кўраяпсанки эй ўғлим, тўғрилик - сўз ёки амалнинг ҳақиқатга тўғри келишидир. Сен мактабга бормаслик учун ёлғондан ўзингни касал қилиб кўрсатишинг ёки билмайдиган нарсанг ҳақида хабар беришинг ёки ёлғон гапираётганини била туриб бировни ёлғон гапиришига индамай қараб туришинг буларнинг барчаси ёлғончиликдир.
Тўғри сўзлаш фойдаларидан: инсон одамларнинг муҳаббатини ва ишончини қозониши. Шунинг учун ростгўй ўқувчини ота-онаси ҳам, устозлари ҳам яхши кўрадилар. Одамлар ростгўй тижоратчи билан олди-сотди қилишни афзал кўрадилар. Тўғрисўз хунарманднинг олдига борадилар ва унинг номи машҳур бўлиб кетади. Агар ростгўйлик бўлмаганда халқларнинг аҳволи бузилиб кетиб, тарих, жўғрофия ва шунга ўхшаш китобларда етиб келган хабарларга одамларнинг ишончи йўқолган бўлар эди. Ростгўйлик инсонни омонат, очиқлик ва ваъдага вафо қилиш каби кўп фазилатлар билан сифатланишга чақиради.
Аллоҳ таоло айтади:
“Эй иймон келтирган кишилар, Аллоҳдан тақво қилинглар ва солиҳлардан-тўғри сўзловчилардан бўлинглар.”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Мунофиқнинг аломати учта: агар гапирса ёлғон, гапиради, ваъда қилса, ваъдасида турмайди ва унга омонат қўйилса, хиёнат қилади".
Ҳикоя
Искандария шаҳрида болалар чўмилиш учун денгизга тушдилар. Ва ўзлари билан олиб келган коптокни сувда ўйнай бошладилар. Улар коптокни сувга отиб, орқасидан сузиб мусобақа ўйнардилар. Тўсатдан улардан бири чарчаб қолиб “қутқаринг, чўкаяпман!” деди. Улар уни қутқариш учун бир-бирлари билан мусобақалашиб келганларида у кулиб:
- Мен сизларни масхара қилаётган эдим. Мен моҳир сузувчиман. Сизларнинг ичингизда сузишда менга бас келадигани йўқ,- деди.
Иккинчи куни ҳам одатларига кўра сувда копток ўйнадилар. Улар ўйнаётганларида кечаги дўстларининг “қутқаринглар, чўкаяпман!” деб бақираётганини эшитдилар. Болалар у ўтган куни қилганидек, бугун ҳам бизни масхара қиляпти деб ўйлаб, унинг сўзига парво қилмадилар. Натижада у сувга чўкиб, ўз ёлғонининг қурбони бўлган ҳолида ўлди.
Тилни эҳтиёт қилиш
Эй фарзанд, сен қалбингдаги нарсаларни ифодалаб беришинг, сени хурсанд қиладиган ва сенга озор берадиган нарсаларни айтишинг ва фойдали ишлар қилиб, зарарли нарсаларни даф қилишда бошқалар билан ҳамкорлик қилишинг учун Аллоҳ сени бошқа жонзотлардан гапириш билан устун қилди. Сен тилингни эҳтиёт қил. Шунда одамлар орасида суюкли бўласан.
Одамлар орасида суюкли бўлиб яшашинг учун қуйидаги насиҳатларга амал қилишинг керак:
1. Доим тўғри сўзлашга одатлан. Чунки одамлар ёлғончи деб танилган кимсалар билан муомала қилишни ва уларнинг сўзига қулоқ солишни хоҳламайдилар.
2. Агарчи сендан даражаси кичик бўлса ҳам, одамларга гапирганда уларни ҳурмат қилишга одатлан. Чунки ўзингдан обрўси паст кишиларни камситишга тилинг ўрганиб қолса, ўзингдан улуғ кишиларга нисбатан ҳам одобинг ёмонлашади ва одобинг камлигидан узр сўрашга мажбур бўласан.
3. Дўстларингга сўкиш, ҳақорат ва улар ёмон кўрадиган лақаблар билан ҳазл қилишдан йироқ бўл. Чунки бу қабих сўзлар тарбиянг ёмонлигига ишорадир.
4. Бирон кишини ўзи йўқлигида у эшитишни хоҳламайдиган нарса билан уни эслама. Чунки ким одамларнинг айбини қидирса, одамлар ҳам унинг айбини қидирадилар.
5. Одамлар бир-бирлари билан хусуматлашиб ораларига адоват тушиши учун уларнинг орасида фасод тарқатадиган чақимчи бўлма.
6. Шарманда қилиб, айбларини ҳаммага ёйишни хоҳлаб одамларнинг сирларини фош этма.
7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари доим қулоғингда турсин: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз гапирсин ёки жим турсин".
Ҳикоя
Бир куни бир амир отбоқаридан аччиқланди. Аммо у юмшоқ кўнгилли бўлгани учун ходимларидан бирини чақириб деди:
- Бу отбоқарни ҳақорат қил!
Ходим унга чиройли одоб ва камтарлик билан шундай деди:
- Эй ҳожам, мени бу ишдан озод қилишингизни сиздан ўтиниб сўрайман. Чунки мен тилим қабиҳ сўзларга одатланиб қолишидан қўрқаман.
Амир унинг чиройли жавобидан хурсанд бўлиб унга мукофот беришга буюрди.
Ожиз одамларга меҳрибонлик қилиш
Эй фарзанд, Аллоҳ уларга куч-қувват ва тан-соғлик ато этган ёки мол-дунё ва шон-шуҳрат берган кишиларга мана шу неъматлар эвазига Аллоҳга шукр бажо қилишлари учун ожиз ва заиф кишиларга ёрдам беришлик ва қашшоқ-муҳтожларга ҳамдард бўлишлари вожиб бўлади.
1. Агар ота-онанг ёшлари улғайиб сенга муҳтож бўлиб қолсалар, уларга меҳрибонлик кўрсат ва уларга эҳтиёжларини қондирадиган даражада пул бериб тур. Чунки улар ҳам сенинг бахтли бўлишинг учун ўзларини кўп ҳаёт лаззатларидан маҳрум этганлар.
2. Агар автобусда бўлсанг ва одам кўп бўлса, бирон кекса, касал, заиф кимса ёки бир аёл келиб ўтиришга жой топа олмаса, сен ўрнингдан туриб уларга жой бер.
3. Агар сенинг хизматкоринг бўлса, унга тоқатидан ортиқ иш юклама, ҳақоратлаб ва хорлаб унга озор берма, уни етарли овқат ейишидан маҳрум этма ва уни қамаб уриб азоблама.
4. Агар уйда уй ҳайвонлари бўлса, уларни аъзоларини кесиб ўйнама ва уларга етарли таом ва сув бер.
Ожизларга меҳрибонлик — олийжанобликдир
1. Агар сен болалари ва топган пули оиласи ва болаларининг озуқасига, уларнинг кийимига ва турар жойларига етмайдиган бир камбағал одамни кўрсанг, сен унга ёрдам қўлини чўзишинг ва болаларнинг тарбиясида унга кўмаклашишинг керак. Чунки агар болалари яхши тарбия олмаса, улар одамларнинг молларини ўғирлайдиган ва уларни ўлдирадиган ўғри ва жиноятчи бўлиб кетадилар.
2. Агар сен бир оиланинг бошлиғи (отаси) ўлиб, боқувчиси йўқлигини ва аввалда азиз бўлиб, кейин хорланиб қолганини билсанг, қўлингдан келганини уларга ҳаёт эҳтиёжларини қондирадиган нарса билан ёрдам беришинг керак.
3. Агар сен бир одамнинг чўкаётганини ёки ёнаётганини ёки унга бир ваҳший ҳайвон ҳужум қилаётганини эшитсанг ва сен унга ёрдам беришга қодир бўлсанг, сен эвазига ҳеч қандай мукофот ва раҳмат кутиб ўтирмай унга ёрдамга шошилишинг керак.
Ҳикоя
Бир бойнинг ўттиз йилдан кўпроқ унинг хизматида бўлган бир хизматчиси бор эди. Ниҳоят бу хизматчи ёши улғайиб ҳўжайинининг хизматига ярамай қолди. Шунда бойнинг болаларидан бири унга деди:
- Эй ота, нима учун биз мана бу фойдаси тегмайдиган кучсиз хизматчини ҳайдаб юбориб ўрнига ишлашга қодир кучли хизматчини олиб келмаймиз?
- Эй ўғлим, бу одам ёш ва қувватли бўлган вақтидан бери бизга садоқат ва омонат билан хизмат қилиб келди. У ёшлигингизда сизларни кўтариб юрар эди. Сизлар улғайгунча сизларга келган озорларни даф қилар эди. Мана энди қуввати кетиб ҳолсизланиб қолганда уни ҳайдаб юборишимиз одамгарчиликдан эмас. Мен яқинда сизларга унинг ишини бажарадиган қувватли ишчи олиб келаман. У эса боғдаги ҳужрасида яшайверади. Энди мен уни бизга омонат ва ихлос билан хизмат қилгани эвазига тақдирлаш учун бирон иш қилишга мажбур қилмайман- деди отаси ўғлига.
Саломлашиш одоби
Эй фарзанд, барча инсонларнинг олдида яхши деб саналган ва Ислом дини тарғиб қилган одоблардан бири — саломни ёйишдир. Чунки саломни ёйиш (яъни саломни кўп бериш) қалбларда ҳурсандчилик, хотиржамлик ва муҳаббатни пайдо қилади.
Сен одамларни неча бор кўрсанг, шунча улар билан саломлашишни ўзингга шиор қилиб ол, ислом одоби билан одоблан ва қуйидагиларга риоя қил:
1. Ухлашдан олдин, уйқудан турганингда, уйдан чиқаётганингда ва уйга кираётганингда ота-онангга ва оила аъзоларингга салом бер, уларнинг муҳаббатини қозонасан.
2. Агар уйда хизматчи бўлса, унга салом бер. Агар сендан олдин салом берса, унга алик ол. Шундай қилсанг, у сени яхши кўриб, сенга ихлос билан хизмат қилади.
3. Дуч келган маҳалладошингга салом бер ва очиқ юзли бўл, уларнинг ҳурматига ва қийинчилик вақтларида меҳр-муҳаббатига сазовор бўласан.
4. Агар бир мажлисга кирсанг, ўтирганларга салом бер. Уларнинг ҳар биттаси билан қўл бериб кўришма. Фақат уй соҳиби ёки мажлис бошлиғи билан кўришсанг кифоя. Кейин ўзингга муносиб жойга бориб ўтир.
5. Мактабда ўртоқларингга салом бер, уларни ҳурмат қил, улардан ўзингни катта олма ва мактаб директори ва устозларингга ҳар сафар кўрганингда уларга табассум ва чиройли одоб билан салом бер. Шундай қилсанг улар тарафидан ўз ишингга эътибор ва сенга ёрдам беришга хоҳиш-истак топасан.
6. Агар сенга биров салом берса, унга ундан ҳам гўзалроқ ёки ўшанга ўхшатиб жавоб бер.
7. Кичик каттага, турган ўтирганга ва миниб кетаётган юриб кетаётганга салом бериши одобдандир.
8. Ҳукм мажлисидаги қози, Қуръон ўқиётган, азон чақираётган ва овқат еяётган ҳамда шу каби бирон иш билан машғул бўлган одамларга салом берма.
9. Ота-онангдан бошқа бирон кишининг қўлини ўпма.
Ҳикоя
Аҳмад одобли ўқувчи, бир куни у иситмалаб касал бўлиб қолди ва то тузалгунигача ўрнидан туролмай ётди. Мактабдошлари ва қўшнилар уни кўриш учун уйга киришиб унинг соғайиб кетишини тилаб дуо қилишарди.
Отаси уни кўриш учун уйга келганлар ёки телефон орқали ўғлининг соғлиги ҳақида сўраганларнинг кўплигидан таажжубланиб уларнинг биридан сўради:
- Сен Аҳмаднинг дўстимисан, сен уни яхши кўрасанми?
- Ҳа!- деб жавоб берди у.
- Сенга унинг қайси ахлоқи ёқади?
- Унинг юзидан ҳамиша табассум аримайди, дўстлари билан чиройли одоб билан кўришади, биринчи бўлиб уларга салом беради, уларнинг саломига мулойимлик билан жавоб қайтаради, кўринмай қолган кишилар ҳақида сўрайди ва касалларни бориб кўради.
Шундан кейин отаси ўғли ўз одоби, мулойимлиги ва бошқалар билан чиройли мулоқотда бўлиши билан одамлар муҳаббатига сазовор бўлганини билди.
Гапириш одоби
Эй ўғлон, сен ҳожатларингни бажаришда ва ўз манфаъатларингни осон қилишда у билан одамларга гапиришинг учун Аллоҳ сенга тил бериб, бошқа жонзотлардан афзал қилди. Шунинг учун сен чиройли дид-фаросатга риоя қилган ҳолда ва тўла одоб билан тилингни фақат фойдали нарсаларга ишлатишинг керак.
Бунинг учун уйидаги нарсаларга риоя қилишинг керак:
1. Агар бир одамга гапирсанг, гапинг ўртача овоз билан гапир, яъни сен билан гаплашаётган одам ранжиб қолмаслиги учун овозингни керакли даражадан баланд ҳам паст ҳам қилма.
2. Ҳар бир киши билан даражасига қараб гаплашишга одатлан, ота-онанг, устозларинг ва бошлиқларинг билан гаплашганда тўла одобга риоя қил. Кичик укаларинг, уйдаги хизматчилар каби сен билан даражаси баробар кишилар билан юмшоқ ва мулойим бўлишга ҳаракат қил
3. Чиройли, осон, мақсадни ифода этувчи сўзларни танла ва одамлар сўзингдан малолланиб қолмасликлари учун кўп такрор қилма.
4. Гапирганда шошилма, қўлинг ва бошинг билан кўп ишора қилма. Сўзингни тинглашга мажбур қилиш учун сен гаплашаётган одамингни бирон аъзосини ушлаб олма.
5. Ўзинг ҳақингда ва ўзингдаги фазилатлар ҳақида гапирма. Чунки одамлар ўзини мақтаган одамларни ёмон кўрадилар.
6. Сергап бўлма ва сўзни фақат ўзингники қилиб олма. Чунки суҳбатдошинг сенга жавоб қайтара олмаслиги мумкин.
7. Сенга гапираётган одамни қўйиб бошқаси билан гаплашишга ёки китоб ва журнал ўқишга чалғиб кетма ва сўзини тамомлашидан олдин суҳбатдошингни гапини бўлма.
8. Агар суҳбатдошингнинг сўзидан бирон нотўғри нарсани топсанг, уни ёлғончига чиқариб ёки унга эътироз билдириб уни ҳижолат қилма. Чунки у озорлнади ва сени ёмон кўриб қолади ва эҳтимол сени сўкиб юбориши мумкин.
9. Агар биров сен биладиган ҳикоятни гапириб бераётган бўлса, унинг сўзини бўлиб қўймаслигинг учун у ҳикояни билишлигингни айтиб, уни ҳижолат қилма.
10. Агар бир жамоат ўзларига хос гапни гаплашаётган бўлса уларнинг гапига қўшилма. Фақат ўзлари сени суҳбатга таклиф қилишсагина, уларга бориб қўшил.
Ҳикоя
Подшоҳлардан бири ўз вазириникига меҳмонга борибди. Вазирнинг одобли, сўзи чиройли ўғли бор эди. Подшоҳ ўтиргач ўша болани ёнига ўтиргизиб ундан сўрабди:
- Менинг уйим чиройликми ёки отангникими?
- Қачон подшоҳ отамнинг уйида бўлса, албатта отамнинг уйи чиройли!- деб жавоб берибди.
Кейин подшоҳ унга бармоғидаги қимматбаҳо узукни кўрсатиб ундан сўрабди:
- Бу узукдан ҳам чиройлигини кўрганмисан?
- Ҳа! Узук тақилган қўл узукдан чиройли,- дебди бола.
Подшоҳ унинг ҳозиржавоблигидан таажжубланиб ундан сўрабди:
- Мендан кейин подшоҳ бўлишни истайсанми?
- Подшоҳнинг ўғли мендан кўра подшоҳликка ҳақлироқ - дебди бола.
Бу жавобдан подшоҳнинг шодлиги янада зиёда бўлиб, вазирнинг ўғлига берган тарбиясидан мамнун бўлибди.
Ўйнаш одоби
Эй фарзанд, ҳар бир инсон учун ишга сарфлайдиган вақти ва жисмининг қуввати, ақлининг фаолияти ва қалбининг софлиги янгиланиши учун спорт ва ўйинга сарфлайдиган алоҳида вақти бўлиши керак.
Спорт ўйинлари ўқувчиларнинг соғлиги ва ахлоқига кўп фойдаси бўлгани учун Таълим-тарбия вазирлиги унга алоҳида эътибор бериб, дарслик программаларида спорт ўйинлари учун ўқув соатлари ажратади. Унга хос ўйинларни ва ўқувчиларни у билан шуғуллантирадиган ўқитувчиларни тайинлайди. Бу вазирлик ҳар йили мусобақалар уюштириб, унда ютиб чиққанлар учун мукофотлар белгилайди.
Лекин ўйинларнинг фойдаси фақат қуйидаги одобларга риоя қилгандагина бўлади.
1. Ўйнамоқчи бўлган бола ўйин вақтида ўртоқлари билан гўзал ободлар ва улуғ ахлоқларга риоя қилган ҳолда ўйнаши керак.
2. Ўйин вақтида ҳазиллашиб ёмон сўзлар ва уятсиз гапларни айтмасин. Чунки ким ўйин вақтида тилини ёмон сўзларга ўргатиб қўйса, жиддий турган вақтларида ҳам ёмон сўзлар тилига келадиган бўлиб қолади.
3. Агар ўйнаётганлар икки гуруҳ бўлса, агар ютиб чиқса уни мазах қилиши, устидан кулиши учун бири бошқасини ўзига душман санамасин.
4. Ўйнаётганлардан бири бошқасига озор бериш, уни уриш, кийимини йиртиш ёки ерга йиқитишга ҳаракат қилмасин. Чунки ўйновчи арзимас деб санаётган бу ишлар баъзида ўта ачинарли натижалар билан тугайди.
5. Футбол ва баскетбол каби одатий ўйинларни ўйнасин.
6. Ҳар бир ўйинда ўзининг ва ўзи билан ўйнаётган болаларнинг кийимларини йиртиш ва кир қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлсин.
7. Овқат егандан кейин дарҳол ўйнамасин. Чунки бу нарса ошқозонга зарар қилади. Жисмни қийнаб қўяди.
8. Ўйновчи ўзини ўйин вақтида мактаб вазифаларини тайёрлашдан тўсиб қўядиган даражада чарчатиб қўймасин.
9. Қурол аслаҳа ёки гугурт каби уй жиҳозларига талофат етказадиган, копток каби дераза ойналарини ва чироқларни синдирадиган нарсаларни ўйнамасин.
10. Ўйин учун муносиб вақт танласин ва одамлар дам оладиган ёки ухлайдиган масалан пешин вақтига ўхшаган вақтларда ўйнамасин.
11. Шунингдек ўйин учун муносиб жой ҳам танласин. Одамлар ва машиналар ўтадиган кўчаларда ўйнамасин. Боғлар ва оқар сувларга яқин, боҳаво жойлар ўйин учун энг яхши жойлардир.
Ҳикоя
Бир бола серқатнов катта кўчада ўйнашга одатланган эди. Бир куни у ўйнаётган коптоги тез келаётган машина ҳайдовчисининг юзига бориб тегди. Машина йўлдан чиқиб, пиёдалар йўлакчасига чиқиб кетди. Кейин бориб бир дарахтга урилиб, олди пачоқ бўлди. Тезда милиционер етиб келди ва ўйнаётган болаларни ушлаб милиция бўлимига олиб борди. Кейин маҳкама машинага етган талофат учун боланинг отасига жарима тўлашга ҳукм чиқарди.