Муҳаррам ойи ва Ошуро куни
Категориялар
Full Description
Муҳаррам ойи ва Ошуро куни
] ўзбекча [
فضل عاشوراء وشهر الله المحرم
[اللغة الأوزبكية ]
Муаллиф: Абу Тоййиб
عبد الله أبو طيب مؤلف:
Муҳаррир: Шамсиддин Дарғомий
مراجع: شمس الدين درغامي
Риёз шаҳри Рабва маҳалласи диний тарғибот бўлими
المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض
1429 – 2008
Муҳаррам ойи ва Ошуро куни
Бутун мақтовлар оламлар раббиси Аллоҳга хосдир. Унга ҳамду саноларимизни йўллаймиз, Унинг Ўзидан мадад сўраймиз, Ундан гуноҳларимизга мағфират тилаймиз. Нафсларимизнинг ёвузликлари-ю амалларимизнинг ёмонларидан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ кимники ҳидоят қилар экан, бас, уни адаштиргувчи йўқдир. Кимники адаштирар экан, бас, ортиқ уни ҳидоятга йўллагувчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва пайғамбаридир...
Мусулмон кишининг ҳаётдаги олий мақсади, барча ғам-ташвиши унинг яратилишидан кўзланган асосий ғояни рўёбга чиқаришдан иборат бўлмоғи керак. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Унинг ризоси ва неъматига эришиш ҳамда ғазаби ва азобидан нажот топишдир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:
"Мен инсонлар ва жинлар тоифасини фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим!" (Зориёт сураси, 56-оят)
Бинобарин, мусулмон киши Аллоҳ таоло томонидан буюрилган ишларни баҳоли қудрат амалга ошириш, қайтарилган ишлардан эса ҳазар қилиш орқали мудом Парвардигорига ибодатда бўлар экан, яратган Эгасига янада кўпроқ яқинлик ҳосил қилиш учун Аллоҳ таборака ва таоло томонидан белгиланган махсус ибодат мавсумларини ҳам ғанимат билади.
Аллоҳ таоло маълум кунларни тоат мавсумлари этиб тайинлар экан, бу мавсумларнинг фазилати, ҳурмати ва муқаддаслигини бошқа вақтлардан зиёда қилди. Бундай мавсумларда солиҳ амалларга бел боғлайдиган соҳибҳиммат бандаларнинг даражалари оширилади, ҳасанотлари зиёда қилинади ва иншоаллоҳ улар дунёю охиратда бахту саодатга эришадилар. Аксинча, уларнинг ҳурматини оёқ ости қилиб, маъсиятлар ботқоғига ғарқ бўлувчи ғофил кишиларнинг жазолари эса, наъувзу биллаҳ, ёмон бўлади.
Тоату ибодат учун бебаҳо бўлган ана шундай мавсумлардан бири эшикларимизни қоқиб турибди. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг муҳаррам ойидир. Келинг, унинг ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қилайлик, унда нафл рўза, нафл ибодат ва солиҳ амалларни кўпайтиришга енг шимарайлик, унинг қатларида жойлашган садаф ичра дурдек қимматли ва улуғ кун – Ошуро кунини ғанимат билайлик.
Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло томонидан қон тўкиш ҳаром қилинган дея эълон қилинган тўрт ойнинг бири бўлиб, халифаи одил Умар разияллоҳу анҳу томонларидан исломий йилноманинг биринчи ойи қилиб белгиланган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
"Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлару Ерни вужудга келтирган куни Ўз ҳузуридаги китобда (ёзиб қўйганидек) ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу тўғри Диндир. Бас, у ойларда (маъсиятлар қилиш ва уларнинг ҳурматини бузиш билан) ўз жонларингизга зулм қилмангиз!" (Тавба сураси, 36-оят)
"Ҳаром" сўзи араб тилида “тақиқланган” ва “муқаддас қилинган” деган маъноларни англатади. Ҳаром қилинган ойлар - зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари бўлиб, уларнинг аввалги учтаси кетма-кет, ражаб ойи эса орадан беш ой ўтгандан кейин келади.
Бухорий ва Муслим Абу Бакра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
"Албатта замон Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кундаги ҳолатидек айланиб чиқди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) жумодо ва шаъбоннинг орасидаги Музарнинг ражабидир". (Бухорий ривоятлари, 3167-ҳадис; Муслим ривоятлари, 1679-ҳадис)
Ҳадисда ражаб ойини "Музарнинг ражаби" деб аталишининг боиси шуки, Музар қабиласи ражаб ойининг ҳурматига бошқалардан кўра кўпроқ риоя қилар, бу ойнинг улуғлигини сақларди. Шу сабаб, ражаб ойи "Музарнинг ражаби" деган ном билан машҳур бўлган.
Муфассирлар "Бас, у ойларда ўз жонларингизга зулм қилмангиз!"ояти каримасига: "Бу ойларда гуноҳ ишларни қилмангиз, уларнинг ҳурматини бузмангиз, уларда ҳаром қилинган ишларни ҳалол қилиб олмангиз, акс ҳолда ўзларингизга зулм қилган бўласизлар", - дея маъно берадилар. Гарчи гуноҳу маъсиятлар ҳар қандай вақтда ҳам ҳаром ва қабиҳ саналса-да, аммо мазкур тўрт ойнинг зиёда ҳурмати туфайли уларда содир қилинган гуноҳларнинг жазоси, даҳшати ва жирканчлиги бошқа ойлардагидан кўра шиддатлироқ бўлади.
Ушбу ойлар Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган сара ойлар сирасига киради. Уларда қон тўкиш, уруш-юришлар қилиш Иброҳим алайҳиссалом даврларидан бери ҳаромдир. Имом Табарий юқорида келтирилган ояти кариманинг тафсирида Қатода раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги сўзларни нақл қиладилар: "Дарҳақиқат Аллоҳ таоло Ўзининг махлуқотларидан энг сара ва мумтозларини танлаб олди. Малоикалардан ҳам одамийлардан ҳам энг афзалларини элчиликка саралаб олди. Каломдан Ўзининг зикрини олий қилиб сайлади. Замин юзидан масжидларни ортиқ қилди. Ойлардан рамазонни ва уруш ҳаром қилинган ойларни танлаб олди. Кунлар ичидан жумъа кунини муфаззал қилди. Барча тунлардан Қадр тунини афзал этди. Бас, Аллоҳ улуғлаган нарсаларни сиз ҳам улуғланг! Зеро, ақл ва идрок соҳиблари қошида нарсаларнинг улуғлиги уларнинг Аллоҳ томонидан улуғланишига кўрадир". (Табарий тафсири, Тавба сураси, 36-оят)
Муҳаррам ойининг фазилати
Муҳаррам ойи арабий-исломий ойларнинг аввалгиси ва уруш ҳаром қилинган муқаддас тўрт ойнинг биридир. Рамазондан кейин тутиладиган рўзаларнинг энг афзали ҳам муҳаррам ойида тутилган рўза эканлиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: "Рамазондан кейин рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир, фарз намозидан кейинги энг афзал намоз эса тунги намоз - таҳажжуд намозидир". (Саҳиҳи Муслим, 1163-ҳадис)
Мулло Али Қори айтадилар: "Ҳадис зоҳиридан муҳаррам ойининг барча кунида рўза тутиш мурод қилингани тушунилади". (Мирқотул-мафотиҳ шарҳу мишкотил-масобиҳ).
Бироқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазондан бошқа бирон-бир ойнинг мукаммал рўзасини тутмаганликлари собит бўлганлиги туфайли юқоридаги сўзлардан муҳаррам ойида тўлиқ эмас, балки кўп рўза тутишга тарғиб қилиш назарда тутилганлиги ойдинлашади. Демак, муҳаррам ойида нафл рўзани кўпайтириш ҳадисда баён қилинган фазилатга биноан мустаҳаб саналган амаллардан экан.
Ҳадисда бу ойнинг "Аллоҳнинг муҳаррам ойи" дея Аллоҳ номига қўшиб зикр қилиниши ҳам унинг нечоғли улуғлиги ва шарафига далолат қилади.
Ошуро куни ва унда рўза тутишнинг фазилати
Ошуро куни муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. У кунда рўза тутиш бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: "Арафа кунида тутилган рўза бир йил олдинги ва бир йил кейинги гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан. Ошуро кунининг рўзаси эса - Аллоҳдан умид қиламанки - бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлажак". (Муслим ривоятлари, 1162- ҳадис)
Биргина куннинг рўзаси билан йил бўйи қилинган гуноҳларнинг ўчириб юборилиши Парвардигоримизнинг бизларга нисбатан нечоғли марҳаматли Зот эканлигидан даракдир. Бироқ, Ошуро кунининг рўзаси туфайли ҳосил бўладиган каффорат фақат йил давомида қилинган кичик гуноҳларни ўз ичига олади. Кабира, яъни катта гуноҳларнинг кечирилиши учун эса алоҳида тавба қилиш зарур.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги ҳадисни шарҳлаб, қуйидаги сўзларни айтадилар: “Арафа кунининг рўзаси барча кичик гуноҳларга каффорат бўлади. Шунга биноан, ҳадиснинг мазмуни қуйидагича: Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси кабира гуноҳлардан ташқари бир йил олдинги ва бир йил кейинги барча гуноҳларга каффорат бўлур”.
У киши давом этадилар: "Арафа кунининг рўзаси икки йилга, Ошуро кунининг рўзаси эса бир йилга каффорат бўлади. Шунингдек, кишининг намоздаги "омийн"и фаришталарнинг "омийн"ига тўғри келиб қолса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади... Мазкурларнинг ҳар бири гуноҳларнинг ўчирилиши учун хизмат қилади. Шу ишларни амалга ошириш орқали кишининг кичик гуноҳлари ўчирилади. Бордию унинг на катта ва на кичик гуноҳлари бўлмаса, у ҳолда мазкур амаллар туфайли у кишига қўшимча ҳасанотлар ёзилади ва даражалари оширилади. Агарда ўша одамнинг битта ёки ундан ортиқ катта гуноҳи мавжуд бўлса, Аллоҳ таолодан мазкур амал сабабли ўша кабира гуноҳларининг жазоси енгиллатилишини умид қиламиз". (Шарҳул-Муҳаззаб, 6-жилд)
Ошуро куни шу қадар юксак даража ва аҳамиятга эга эканлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ тиришардилар, унинг савобини ҳосил қилиш учун у кунни жиддият билан излаб, ҳисоб-китобини қилиб пойлардилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган мана бу ҳадис ҳам шунга далолат қилади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўза тутиш бошқа пайтлардан муфаззал қилинган кунларнинг ҳеч бирини Ошуро кунидагидек ва мана шу ой, яъни рамазон ойидагидек астойдил излаганларини кўрмадим". (Саҳиҳи Бухорий, 2006-ҳадис)
"Астойдил излаш" дея ўзбекчага ўгирганимиз бу сўзнинг ўрнида ҳадисда арабча "таҳаррий" сўзи ишлатилган бўлиб, у бирон-бир нарсани синчиклаб ўрганиш, тадқиқ қилиш, изланиш олиб бориш, қасд қилиш, излаш, ахтариш маъноларини англатади. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ҳадисдаги "таҳаррий қилардилар" иборасига изоҳ берар эканлар: "...унинг савобига эга бўлиш учун ва у кунга рағбат қилиб, уни қасд қилардилар", - деган сўзларни айтадилар. (Фатҳул-Борий, 4-292)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунининг рўзасини фақат ўзлари тутибгина қолмай, балки бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилардилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунида, яъни (муҳаррамнинг) ўнинчи кунида рўза тутишга амр қилдилар". (Термизий ривоятлари; Албоний "Саҳиҳи сунани термизий"да 755-рақам билан бу ҳадиснинг саҳиҳлигини қайд қилганлар)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ошуро кунида рўза тутиб, саҳобаларни ҳам бу кунда рўзадор бўлишга буюришларининг сабаби Имом Бухорий томонидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда баён қилинади.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрганларида, улардан: “Бу қандай кун?” деб сўрадилар. Улар жавоб беришди: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган”. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, ундай бўлса, сизлардан кўра кўпроқ мен Мусога (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, - дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар". (Бухорий ривоятлари, 1865-ҳадис)
Муслим ривоятларида "Бу шундай яхши кундирки..." деган жумла ўрнида: "Бу шундай улуғ кундирки, унда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн билан унинг қавмини сувга чўктирган", дейилади.
"Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган",деган сўзга Муслим ривоятларида: "Бас, шу боис Мусо Аллоҳ таолога шукрона тарзида бу кунда рўза тутган. Шул сабаб, бизлар ҳам бу кунда рўза тутамиз", - деган қўшимча илова қилинган.
Бухорийнинг бошқа бир ривоятларида ҳадисдаги "одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар", деган лафзбошқачароқ ифода қилинади: "Шунда (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳобларига шундай хитоб қилдилар: Сизлар Мусога улардан (яҳудийлардан) кўра ҳақлироқсизлар, бас, бу кунда рўза тутинг!"
Ўнинчи кунга қўшиб тўққизинчи кунда ҳам рўза тутишнинг мустаҳаблиги ҳақида
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунида рўза тутиб, бошқаларни ҳам шунга буюрганларида, у кишига: “Ё Расулаллоҳ, бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун”, - дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Келгуси йил келса, иншоаллоҳ, тўққизинчи кунни (ҳам) тутамиз”, - дедилар. Бироқ, келаси йил келгунча Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар". (Муслим ривоятлари, 1916-ҳадис)
Имом Нававий айтадилар: "Имом Шофеий ва у кишининг асҳоблари, Имом Аҳмад, Исҳоқ бин Роҳавайҳ ва бошқаларнинг сўзларига кўра, ўнинчи кунга қўшиб тўққизинчи кунда ҳам рўза тутиш мустаҳаб кўрилади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи кунда рўза тутганлар ва тўққизинчи кунда ҳам рўза тутишни ният қилганлар".
Нававий давом этадилар: "Шояд, ўнинчи кунга қўшиб тўққизинчи кунда ҳам рўза тутилишининг сабаби ўнинчи куннинг ўзида рўза тутиш билан яҳудийларга ўхшаб қолмаслик учун бўлса керак. Зеро, ҳадисда шунга ишора бор". (Шарҳу саҳиҳи муслим: 4-жилд, 267-268-саҳифалар)
Ҳофиз Ибн Ҳажар айтадилар: "Баъзи аҳли илмлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Саҳиҳи муслим”да келган "Агар келаси йилгача яшасам, албатта тўққизни тутаман", деган сўзлари ҳақида шундай дейдилар: Бу сўз иккита маънога далолат қилади. Биринчиси, Пайғамбар алайҳиссалом бу билан ўнинчи кунни тўққизинчи кунга кўчирмоқчи бўлганлар. Иккинчиси эса, Ул зот бу сўзлари билан рўза тутишда тўққизинчи кунни ўнинчи кунга қўшишни ирода қилганлар. Бироқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсаларни баён қилишдан илгари дорул-бақога риҳлат этганлари боис, эҳтиёт юзасидан ҳар икки кунни тутмоқ лозим бўлади". (Фатҳул-Борий, 4-294)
Юқоридагилардан шу нарса ойдинлашадики, Ошурога қўшиб Тосуъо (тўққизинчи кун) рўзасини ҳам тутиш хуш кўрилади. Бунинг ҳикмати борасида уламолардан келган ривоятларнинг энг кучлиси Ошуро кунида яҳудий ва насронийларга мухолиф йўл тутишдир.
Бироқ, уламолар сўзларига кўра, ёлғиз Ошуро кунида рўза тутиш ҳам жоиздир. Ёлғиз Ошуро кунида рўза тутган одам ҳам, иншоаллоҳ, хадисда башорат берилган мукофотга эришади, деб умид қиламиз. Негаки, "Муҳаррам ойида тутиладиган нафл рўзаларнинг энг таъкидлиси ва аниғи Ошуро кунидир. Ундан кейинги ўринда Тосуъо туради. Балки, у Ошурога эргашади. Агарда бир киши: “Нима учун Ошуро муҳаррам ойи рўзаларининг энг таъкидли куни?” - деса, унга жавобимиз шундай: Бунга сабаб шуки, у кунда Аллоҳ таоло Мусо ва унинг қавмига нажот берди ва Фиръавн билан унинг қавмини сувга ғарқ қилди... Баъзи уламоларга кўра, ўнинчи куннинг ўзида рўза тутишнинг бирон-бир кароҳияти йўқ, лекин бундай қилинса, мукаммал ажрга эга бўлинмайди". (Ибн Усаймийн, "Аш-шарҳул мумтиъ" 6-469, 471)
Бошқа бир тоифа аҳли илмлар эса “Ошуро кунида аҳли китобларга мухолиф бўлиш ундан бир кун олдин ва бир кун кейин, жами уч кун рўза тутиш билан ҳосил бўлади”, деган фикрни илгари сурадилар ва бу фикрларига дастак сифатида пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтирадилар: "Ошуро рўзасини тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф бўлинглар: ундан бир кун олдин ва бир кун кейин рўза тутинглар". Бироқ, Албоний "Заъийфул-жамиъис-сағийр ва зиядатуҳу"да 3506-тартиб билан бу ҳадиснинг заифлигини қайд этганлар. Валлоҳу аълам...
Аллоҳим!.. Барчаларимизни ҳақ сўзни эшитиб, унга эргашувчилардан қил! Ўзинг улуғлаган нарсаларни улуғлагувчилардан қил! Барчамизни Ўзингнинг тоату ибодатингга боғлагин! Ибодат йўлларини бизга осон қил! Барчамизни гўзал ҳаёт билан ҳаётлантир! Амалларимизнинг хотимасини хайрли эт! Бандачилик билан содир қилаётганимиз катта-кичик гуноҳларимизни мағфират суви ила покла!..
Аллоҳим!.. Қаршисида зулматлар ҳам нурафшон бўлган, у сабабли дунёю охират ишлари тартибга тушган Юзингнинг нури ила бизга ғазабинг ҳалол бўлишидан ёхуд қаҳринг устимизга тушишидан паноҳ сўраймиз!
Аллоҳим!.. То рози бўлгунингча сенга ҳамду саноларимиз бўлсин!
Ва ахиру даъваана анил-ҳамду лиллааҳи роббил-ааламийн!..